Восит Аҳмад. Тўй ҳақида гаплашгандик… (ҳажвия)

Елкалари навбатма-навбат учиб, тинмай қаҳ-қаҳ отиб кулаётган эрини етаклаган аёл руҳий касалликлар шифохонаси бош ҳакими ҳузурига шошилди. У кира солиб йиғламсираганча ёлворди.
— Эримни тузатиб беринг, доктор. Яқинда тўй қилишимиз керак. Бу киши бўлса…
Бош ҳаким дам йиғлаётган хотинга, дам тинмай кулаётган эрга боқди-да:
— Қани ўтиринг, — деди.
— Ўтиролмайман, доктор, эрим бу аҳволда бўлса…
— Хўп, тик турганча айтинг-чи, нима гап ўзи?
— Кўриб турибсиз-ку доктор.
— Кўриб турибман. Лекин бу ҳолга бекордан-бекорга тушмагандир. Қаттиқ қўрққан ёки асаби қаттиқ бузилган. Ўта стресс ҳолатга тушган.
— Йўқ, доктор, тўй ҳақида бинойидек гаплашиб ўтиргандик.
— Бинойидек гаплашилса бунақа бўлмайди. Бир бошдан гапиринг-чи. Хасталикни даволашда бу жуда муҳим.
— Тўй харажатлари ҳақида суҳбатлашиб ўтиргандик-да, бирдан…
— Тўхтанг, тўхтанг, бир бошдан тўлиқ айтиб беринг.
— Ёмон майда гап экансиз-да, — дедию ўзича минғирлади. — Бу ернинг шифокорларини ҳам жинни дейишарди, тўғри шекилли. — Эшитинг бўлмаса, эрим ишдан келди. Мен айтган тўй харажатларини ҳам йўл-йўлакай олиб келибди, терлаб-пишиб кетган боёқиш.
— Хўш, хўш.
— Қорни очган экан. Овқат тайёр бўлмаганди. Чой сўраганди, қайнамаганини айтдим. Унгача тўй камларидан гаплаша бошладик.
— Ҳа, ҳа, қани-қани?
— Нима қани? Эл қатори қилинаётган янгича удумлар ҳақида.
— Аниқроқ қилиб айтинг.
— Аввал “спалний” ва гарнитур ҳақида гаплашдик. Ўзимизникини оламизми ёки хорижникини, шуни роса тортишдик.
— Хўш.
— Мен ютиб чиқдим. Хорижникини оладиган бўлдик. Кейин навбат “стенка”га келди. Эрим жа пишиқ-да, ўзимизнинг усталар ҳам яхши тайёрлашяпти, шундан олиб қўя қолайлик, дея роса ялинди.
— Рози бўлдизми?
— Ўлибманми, эл ичида шарманда бўлиб. Яна ютдим.
— Эрингизни ҳам ютиб юборибсиз-у, — деди доктор кўзлари аланг-жаланг бўлиб.
— Нима дедингиз?
— Ҳа, эътибор берманг.
— Кейин фотиҳа тўйидан гап очдим. Қирқта “коробка” қиламиз дедим.
— Ҳў-ҳў, жа оширворибсизу.
— Вой, нимага ошираман. Олт¬мишта, саксонта қилаётганлар бор, ахир. Эрим ўнтадан оширмайсан, деб туриб олди. Айюҳаннос солиб йиғлаб бердим. Рози бўлди. Бўлди-ю, қўллари қалтираб, у ёқ-бу ёққа аланглай бошлади, кўзлари олма-кесак терарди. Мен давом этдим, битта беш юз-олти юз минг сўмлик сўри оламиз дедим.
— Сўри? — бақириб юборди доктор ўрнидан турар экан.
— Нега бақирасиз? Эрим ҳам бақириб юборганди, мен қулоқ солмай давом этавердим. Унга катта хонтахта қўйиб, шоҳона дас¬турхон ясатамиз, дедим. Эрим бирдан қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди. Мен: устимдан куляпти деб, жаҳлим чиқса-да, гапимда давом этаверибман. Нима ҳақида гапирсам қаҳ-қаҳ отиб кулар, оёқларига шап-шап эткизиб уриб хохоларди. Шу орада кичик харжлар ҳақида ҳам гапириб ўтдим. Бунда ҳам катта қўйнинг тўши пишириб борилаётганини айтдим.
— Тўш-ш! — яна бақириб юборди доктор ва ўрнидан туриб нари кетди, унинг елкалари учиб атрофга аланг-жаланг боқа бошлади.
Аёл сўзида давом этарди:
— Телевизор, “дивиди”, кўрпа-тўшак, сочиқ, идиш-товоқ — ҳаммасини айтардиму, лекин эрим негадир ҳеч нарсада тортишмай, тинмай куларди. Ахири сабрим чидамай, мен сизга маймун ўйнатяпманми, деб юзига боқсам, кулишлари бошқача, кўзларида маъно йўқ. Кейин бу ёққа олиб келавердим. Тўй кунидаги харажатлар ва тўйдан кейинги ташвишларни ҳали гапириб улгурмаган эдим. Буларни ҳам айтишим керак-ку, ахир, доктор?
Аёл гапини тугатиб врачга қарадию қотиб қолди. У эрининг ёнига бориб олган. Улар бир-бирига тикилишиб қотиб-қотиб кулишар, бир-бирини қучиб-қучиб қўйишарди.
— Ҳой, ким бор, қаранглар, докторинглар жинни экан-ку.
Врачу ҳамширалар шошилиб киришиб, дам кулишаётган икки эркакка, дам савол назари билан ғоз турган аёлга боқишди.
— Эй, Худо, бор-йўғи тўй харажатлари ҳақида гапирдим, холос.
— Афсус… — бош чайқади шифокорлардан бири. — Уч қизи бор эди, иккитаси бўйи етиб қолувди, эссиз, чидолмапти-да.
— Бунчалар нозик бўлмаса, бу эркаклар?..