Усмон Азим. Куз кунлари, баҳор кунлари… (триптих – уч ҳикоя)

1. ИШХОНАДАГИ КЎРГАЗМА

Асрор Валиевич ишнинг одами. Бугунги юмушни эртага қўймай, жон–жаҳди билан тиришиб ишлайдиганлар тоифасидан. У идорасига келиб тақаладиган юзлаб муаммоларнинг калаваларини қўлида маҳкам ушлаб туради. Бу калава чувалиб–чувалиб, адо бўлгунга қадар зинҳор–базинҳор кўздан қочирмайди. Дастурланган аллақандай машинадай бир миёрда эринмай меҳнат қилади. Ҳамма нарсани эслайди, ҳамма нарсани билади, ҳамма нарсани назорат қилади. Унинг қўлидан ўтмай, бир парча қоғоз ҳам ташқарига чиқмайди. Калласи ҳам компьютернинг ўзи – керакли пайтда зарур рақамми, кўчирмами чиқиб келаверади. Бир минг тўққиз юз эллик учинчи йил мамлакатда экин майдони қанча бўлган? Асрор Валиевич шифтга қараб бироз ўйланади–да, сўнг қоғоздан қийналиброқ ўқиётган каби ҳар бир сўзни дона–дона айтишга тушади: ”Бир… миллион…” Фалончи завод қачон ишга тушурилган? Яна шифтга қарайди. ”Бир минг…” Фалончи йиғинда пистончи нима деган эди? Яна шифтга кўз тикади. ”Хўш, ёзинг..”Биз халқнинг манфаатини ўзимизнинг манфаатдан…” Уни яхши билмаганлар табло–мабло йўқми дегандай шифтга ҳам қараб қўядилар. Баъзилар китоб очиб, текшириб ҳам кўришган: ҳеч қандай хато йўқ! Рақамлар ҳам, кўчирмалар ҳам худди Асрор Валиевич айтгандай!
Айтишларича, Асрор Валиевич энгашган бошини илкис бир кўтарса, тепадаги кабинетларнинг полини бемалол тешиб чиқади. У ўша кабинетлардаги креслоларда ўтирса ҳам ярашади. Аммо ишга кўмилган бу одам, бошини кўтаришни хаёлига ҳам келтирмайди. Шундоқ ҳам ундан барча негадир чўчийди, тепадагилар эса ҳурмат қилади. Идораларда бепошна гапириш жонкуярликнинг намунаси сифатида расмга кириб кетаётган ҳозирги замонда ҳам, унга ҳеч ким овоз кўтариб гапиролмайди.
У ходимлари билан ҳам тенг муомила қилади. Овозини паcтлатмайди ҳам, баландлатмайди ҳам; бировни яқин ҳам олмайди, олислатиб ҳам юбормайди. Бу ўринда ҳам аллақандай машинага ўхшашлик сезилиб туради. Ишни дўндириб қўйдингми? Раҳмат. Расво қилдингми? Яна бир урин. Қўлингдан келмадими? Бошқа жойдан иш топишингга тўғри келади… Бировнинг ўртага тушмоғига ҳожат йўқ. Чунки бу тўнка ишдан бошқа ҳеч нарсани билмайди, ҳеч нарсани юзхотир қилмайди. Бундай вазиятда, айниқса, хушомадгўйларга қийин: раҳбарлар қўйнига кириб кетишнинг машқини олган бу кимсалар, янги ходимликларида Асрор Валиевичнинг ҳам иссиқ бағрига бир–икки талпиниб кўрадилар. Аммо ”акахон”нинг иссиқ бағри тугул, тафти уриб турадиган масофага ҳам етиб келолмай, бироз гангиб юришгач, ўзларга хос уддаборалик билан, фаолиятларига кенг майдон ахтариб, бошқа идорага ишга ўтиб кетадилар.
Асрор Валиевичнинг, айниқса, рангларни фарқлашда ажибтовур қобилияти бор. У ”бу кўк”, ”бу яшил” деб қўя қолмайди. У турфа нимрангларни, нимчоракрангларни ва ҳатто ниммингрангларгача кўради. Масалан, матоларнинг нусхаларини кўздан кечирар экан, “бу биз келишгандай яшил эмас”, “бу арғувон тус бўлиши керак эди”, “ҳаво ранг бундай бўлмайди” каби жуда кўп жуда қисқа, лекин заҳарханда танбеҳлар айтади. Тажрибали мутахассислар унинг танбеҳларини ортиқча мулоҳазаларсиз, тақдирнинг ҳукмидай қабул қилишади. Чунки Асрор Валиевич рангни сезишда тенгсиз эканлигини ичларида аллақачон тан олишган. Улар бир-бирларига ним табасссумда кўз уруштиришиб, ”қойил” дегандай бошларини сарак-сарак қилиб қўйишади, холос. Баъзан янгилардан бирортаси ишонқирамай, андаза нусхани пеш этиб қолган пайтлари ҳам бўлади. Бундай пайтларда Асрор Валиевич эътироз билдирмайди, фақат бу ҳақталабга — кўрга қарагандай — бир ачиниб назар ташлайди-да, “Ван Гог”ни чақиришларини сўрайди.
“Ван Гог”, идоранинг тан олинган қизиқчиларидан Шодмонбеков айтгандай, “сонда йўғу сифатда бор”лардан. Кам гап, одамови, сочлари елкасига тушган, бир қадар исқиртироқ кийиниб юрадиган бу одамнинг асл исми – Боқибек. Идорада у нима вазифада ишлашини ҳеч ким билмайди. Лекин бўш ўтирганини ҳам ҳеч ким кўрмаган. Шиор ёзадими-ей, банер ясайдими-ей, компьютерда сурат соладими-ей… Идорадаги ҳамма хоналарнинг дизайни ҳам шу “Ван Гог”нинг қўлидан чиққан. Бу хоналарнинг бирортасига иш билан кирган одам, “аммо… лекин… зўр-ку!..” қаблидаги сўзларни чайнаб, нимага келганини бир дам унутиб қўяди. Улардан баъзилари идораларини, ёки уйини худди шу йўсинда ясантирмоқчи орзусида, Боқибекни “аренда”га ҳам олишмоқчи бўлганлар. Аммо устаси фаранг уларнинг таклифини бош эгиб эшитгану, лекин ҳеч ёққа бормаган. Гапи ерда қолишга кўникмаган баъзилар қизишиб, катта-катта пул ҳам ваъда этишган. Боқибек тушунмагандай елка қисиб қўя қолган. “Бу болани қўйинглар, — деган гапи қайтмайдиганларнинг дунё кўрганларидан бири – пулга қизиқмас экан. Шунча пулни ваъда бериб турибмизу кўзи ялтирамади-я!” Боқибек баъзан беш-тўрт кун ишда кўринмай қолади. “Ичаяпти”, дейишади бу ёлғончи дунёда бирор-бир яхшилик рўй беришидан умидини узганлар; ҳали ҳам ғаройиб муъжизалардан умидворлар эса, у “сурат чизаётганидан” башорат қилишади. Ходимлар бўлимининг бошлиғи Муяссар Қодировнанинг қиёфаси эса бу кунлар жуда ўзгариб кетади: қовоғи осилади, ранги ўчади, ингичка лаблари янада ингичкалашади. Унинг юриш-туриши жангда ҳалок бўлган эри учун қасос ўтида ўртанаётган ёсуманними-ей, жодугарними-ей эслатади. У коридорда дуч келиб, ҳол сўраганларга, идорада тартиб қолмаганидан шикоят қилади. Сталин замонида бундай тартиббузар зараркундалар “турма”га тиқишганини телевизордан ўз қулоғи билан эшитганини аллақандай орзумандликда сўзлаб беради. Бизда эса!.. Идорада қизиқ воқеалар рўй бермаса, зерикиб қоладиганлар, Боқибекнинг шохи йўқлигини Муяссар Қодировнага эслатадилар. Бир парча қоғозга рапорт ёзиб, “катта”нинг олдига киришни маслаҳат берадилар. Муяссар Қодировна Ван Гогни шохли тарзда тасаввур этади, шекилли, бенажот қўл силтайди-да, жаҳлғайрат юришда, ўз хонасига йўл олади. Унинг бўзариб кетган юзи энди кўкимтир тус ола бошлаганини барча аниқ кўради. Шу идора ҳам ўлиб кетсин, Ван… Нима эди?… Ўша ҳам ордона қолсин! Нима, “катта”га рапорт ёзиб кирмаганми? Кирган. Бир эмас, бир неча марта кирган. Асрор Валиевич ўқиб кўргач, унинг кўзи олдида рапортни йиртиб, чиқинди қуттига ташлаган! Бечора Муяссар Қодировна унинг бу ишини англишмовчиликка йўйиб, гап сабабсиз уч кун ишга чиқмай, меҳнат интизомини қўпол тарзда бузган Боқибек ҳақида кетаётганини айтган. Гап нима ҳақида кетяпти? Асрор Валиевич ўз одатига кўра ҳис-туйғусиз – бирор-бир сўзга урғу бермасдан сўраган бўлса ҳам, жиркиниброқ гапиргани ҳар ҳолда сезилган. Меҳнат интизоми учун жон куйдириб турган содда Муяссар Қодировна буни пайқармиди! Боқибек-чи… Нормуродов… Ван Гўнгми… Ўша алкаш уч кундан буён… У охиригача гапиролмаган. Бошлиқнинг лабида зоҳир бўлган билинар-билинмас захарханда табассумга назари тушгач, миясида фикри бир дамда чалкашиб, ноқулай тортиб, сўздан тўхтаган. Сизга бир топшириқ бор, деган Асрор Валиевич. Муяссар Қодировна шоша-пиша қалам-дафтар олиб, ёзишга чоғланган. Хўш?.. Бундан буён Боқибек Нормуродовнинг устидан шикоят билан бу кабинетга кирманг. Нега? Ахир… Тушунмаган ишингизга аралашманг… Шу алкашни тушунмайдими? Тушунмайсиз. Боринг. Ван Гўнгларингиз билан шуғулланиб юраверинг. Ҳа, айтгандай одамларни таъқиб қилишни ҳам бас қилинг. Бу ер ЦРУ эмас, идора. Одамлар эркин ўтириб, эмин ишлаши керак…
Муяссар Қодировна ер билан битта бўлиб чиқиб кетган. Айниқса, бироз вақт ўтгач, Шодмонбековдай тилининг суяги йўқлар орқаваротдан унга ҳам “Ван Гўнг” деб лақаб қўйиб олганларини сезган. Булар Муяссар Қодировнанинг илдизи қаерга бориб тақалишини билмайдиларми? Билишади. Билиб туриб гапиришади. Умрида бирор китоб ўқимаган Муяссар Қодировна яна телевизорда эшитган Сталин замонини эслайди.

Хуллас, Асрор Валиевич йўқлагандан кейин Ван Гог кабинетга салом-аликсиз кириб келади. Бошлиқнинг имосидан сўнг, андазага ва бошлиқнинг эътирозига сабаб бўлган матога бир қур назар ташлайди-да, бош чайқайди. Бу ҳаракат – унинг қатъиян қарор чиқаргани. Асрор Валиевич Ван Гогни саволга тутади. Нима бўлган экан? Шу… Нима шу? Бу мато андазадигидай мовий эмас. Нега? Технология бузулганми? Йўқ. Нима бўлган? Бўёқни аяшган.
Бошлиқ Боқибекка жавоб беради-да, у билан баҳслашишга журъат этган ҳақталабга ўгирилади.Нима деди? Бўёқдан тежалган дедими? Жайдари тил билан айтилса, ўғирланган… Ҳақталаб нодон нимадир демоқчи бўлади. Аммо Вали Асрорович чилла аёзининг нафаси уфуриб турган бир қараш билан унинг тилини танглайига ёпиштириб қўяди. Сўнг аллақандай беҳис — ўша машина овозда бир текис гапира бошлайди: “Ё бу соҳанинг одами эмассиз, ё ишлашни билмайсиз, ё фирибгарсиз, ё фирибгарларнинг қўлида ўйинчоқсиз! Илтимос, эртага соат ўнда тахминларимнинг қайси бири тўғри эканлигидан мени ҳам хабардор этиб қўйинг… Хўш, энди навбатдаги масалага ўтамиз”…
Бутун мамлакат бўйлаб шох отган бу идорада иш тиғиз, ҳатто аллақандай залворли. Масъулиятнинг зилини барча хизматчилар елкасида ҳар дақиқада сезиб ишлашади. Бу ерда вақт ҳам аллатовур зич бир тарзда ўтади. Вазифани аниқ эканлигидан пайдо бўладиган қизғинлик бу ерда яралиб, идорадан ташқарига ловуллаб чиқади. Аммо барибир иш залвори одамларни толиқтиради. Шунда бир хилликка яна Ван Гог аллақандай ўзгача бир ранг киргазади.

Эрталаб ишга келган одамлар ишхонанинг фойеси ва коридорлари бирдан ўзгариб, ажибтовур тусга кирганини ҳис қиладилар. А!.. Деворларда расмлар… Ранго-ранг, турли-туман расмлар! Улар ўзга дунёлардан келган муъжизалар каби атрофга билинар-билинмас — аллақандай сирли мавжлар тараб турганини ҳамма бирдан сезади. Идоранинг бирор-бир ходими одатдагидай шошиб хонасига ўтиб кетолмайди. Суратлардан оқаётган мафтункор куч уларни беихтиёр тўхтатади. Ҳамма суратларни томоша қилишга тушади. “Жуда зўр экан!”, дейди кимдир, кимдир вақт топиб, музейларга бормаганидан афсусланади, кимдир жимгина “Қойил!” дегандай бош чайқайди. Коллежни битириб, бу идорага яқиндагина ишга келган ёшгина қиз — Жасмина фойега кирган заҳотиёқ, деворларга бир қарайди-да, бирдан қувончда ярқираб, “Вой!” деб юборади. Нафақа ёшидан ошиб, ишдан бўшатилишини қўрқибгина кутиб юрган Жўра Олимович эса “Бизлар ҳам юрган эканмиз” дейди, юзу кўзи ёришиб.У негадир тетик тортади. Бош ҳисобчи Жамила Ғафуровна эса, қип-қизил гуллар акс эттирилган натюрмортга тикилганча, кўзлари ёшланади. Аёл ёшларини билдирмай артаркан, қачонлардир унга совға қилинган қирмизи гулдастани эслайди. Гулдастанинг ранги шу қадар нафис, шу қадар жозибали эдиким, кейинчалик бирор-бир анвойи гул ўшанда туйган шавқини унга ҳадя этолган эмас. Кўнглида ҳозиргача ярали қонга менгзаб яшовчи гулларни ҳаётда ҳеч қачон учратолмади. Мана энди ўша гулдаста рамкага солинган мана бу суратдан, тирикликдан тирик бир аснода, унинг кўз олдида шовуллаб турибди…
Ходимлар ўзларини ҳамишагидай тутишга ҳаракат қилишади, аммо аниқ фикрлашдан бошқа ҳеч нарса йўлламайдиган бу ишхонада нимадир ўзгаргани шундоқ сезилиб туради. Топишнингми, йўқотишнингми, ёхуд соғинчнингми – армонли бир сурурнинг бўйи ҳавони тутган, бу ҳол кўнгилларни майда-чуйда ташвишлардан бирдам озод этиб, одамлар унутиб юборёзган ҳурликками-ей, чексизликками-ей – аллатовур кўнгил йўлига чорлаётгани тобора аён бўлиб боради.
Бу хатарни барчадан аввал, Муяссар Қодировна пайқайди.
— Иш вақти бошланди! – дейди у аллақандай расмий, бир қадар роботнинг овозини эслатадиган қуруқ товушда.
Ҳамма ўзига келади. Чунки деярли тириклик аломати сезилмайдиган бу овознинг оҳангида аллақандай пинҳон ваҳима бор эди. Бу овоз — темир мантиқли қонунларнинг, улуғвор идораларнинг, деразасиз мошиналарнинг, погонли одамларнинг – инсон тақдирини бир имо билан ҳал этадиган даҳшатли Қудратнинг шу ергача етиб келган оқаваси эканлигини ҳамма билади. Ходимлар азиз бир нимадан айрилиб қолаётгандай юраклари ачиб, суратларга яна бир қур назар ташлаган кўйи, негадир хижолат тортиб, хоналарига тарқашга ҳозирланадилар ва… бирдан тараддудланиб тўхтайдилар. Биров шоша-пиша қўлини кўксига қўяди, бировнинг юзида ясама кулгу жилваланади…
Фойега Асрор Валиевич кириб келади. У одатдагидай, ходимларнинг саломига йўл-йўлакай алик олганча, шиддат билан коридор тўрида жойлашган кабинети томонга йўналади. Аммо бир-икки қадам босгач, нимнигоҳи билан деворлардаги расмларни пайқайди-да, шиддати пасайиб, тўхтайди. “Адашмадимми?” деган аснода деворларга бетартиб осилган расмларга негадир гарангсираб қарайди… ва ўзгара бошлайди. У лаҳзада атрофидаги одамларни, ишхонани, ишхонага нима келганини, мартабасининг виқорини — ҳамма нарсани тамом унитади. Ҳатто – атрофдагиларга — ўзининг кимлигини ҳам эсдан чиқарётгандай туюлади. Ходимлар уни аллақандай бир тарзда ичидан нурлана бошлаганини ва ҳозир юракларни не ажиб кўйларга солган деворлардаги расмларга нимаси биландир ўхшай бошлаганини ҳис қиладилар. Асрор Валиевич, суратлардан кўз узмаган ҳолда, унга машинанинг олдида пешвоз чиқишга улгурмаган, шу сабабдан ортиқча шошиб, коридордан югургилаб чиққан ёрдамчисига – плашини ва портфелини ним беҳушлик янглиғ бир ҳолатда узатади-да, суратларни ютоқиб томоша қилишга тутинади. Қачонлардир ўлиб кетган азиз одамини ногаҳон тирик учратиб қолган каснинг карахт ҳайронлигига менгзаш бу ютоқиш уни бутун вужудини қамраб олган — у ҳадеб ютинади, бурни ва пешонасида реза тер пайдо бўлади.
Негадир жимлик чўкади. Асрор Валиевич бу жимликни ҳам сезмайди. Муяссар Қодировнани эса энди беихтиёр бошлиқни ҳаяжонланиб томоша қилишга тушган одамлар хавотирга солади. Улар негадир ҳозиргина суратга лолу ҳайронликда термулишгандай бошлиққа тикилиб қолишган эди. Хуллас, бу ерда ходимлар бўлими бошлиғининг фаҳми етмайдиган нимадир рўй бераётгандай… “Нима, раҳбар ҳайвонот боғидаги маймунмидики улар томоша қилишса!”, деб кучи етганича, ўйлайди аёл.
— Иш вақти бўлди! – дейди у энди қаътийлик билан.
Муяссар Қодировна бу гапини кўпроқ бошлиқ эшитишини хоҳлайди.
Аммо Асрор Валиевич эшитмайди.
Унинг овозини темир жаранги фақат ходимларни ҳушёр тортиради. Улар фойени қамраб олган — аллақандай нафис ва соғинчли бўйларга тўлган ҳавони тарк этгулари келмай, истар-истамайгина, икки тарафга шох отиб кетган коридорларга тараладилар. Бошлиқ эса картиналарни бирин-бирин томоша қиларкан, вақт ўтаётганини сезмайди. Ҳар кун эрталабки қисқа мажлисга кўниккан катта-кичик рабарчалар дафтарчалару ручкаларини ҳозирлаб, одатдагидай, Асрор Валиевичнинг қаъбулхонаси тарафига йўналадилар. Аммо бошлиқ ҳамон фойеда эканлигини кўришиб, аросатда тўхтаб қолишади. Муяссар Қодировна энди бу қуюшқондан чиқишга жиддий аралашмаса бўлмаслигини жону танига сингиб кетган теран маъсулият билан ҳис этади. У одамларга қўли билан “йўқолинглар” ишорасини қилади. Уларнинг ғойиб бўлганига ишонч ҳосил қилгач:
— Асрор Валиевич… – дейди юрак ютиб. – Асрор Валиевич…
Бошлиқ унга қайрилиб ҳам қарамайди. Фақат расмлардан кўз узмаган аснода, бутун вужуди билан оғриниб:
— Жим, — дейди. — “Жим”!..
У расмларни навбат билан, синчиклаб томоша қила бошлайди. Айниқса, бир картина рўпарасида узоқ ушланиб қолади.
… Булутсиз осмон. Ҳувуллаган дашту қир. Қип-ялонғоч. Ўту ўланни ёзу куз аллақачон янчиб, вақтга совуриб юборган. Бир четдан аҳён-аҳёнда ўтадиган машиналарнинг изи қолган жайдари тупроқ йўл. Йўлнинг четида бир қишлоқи чол невараси билан мошина кутиб ўтиришибди. Эгнида чопон. Бошида салла. Невараси ҳам чопонгинада. Улар жуда митти тасвирланган — ҳатто юзу кўзлари ҳам кўринмайди. Аммо уларнинг бу ушоқ тасвирларидан аллақандай интиқлик, интизорлик, шу билан бирга юракни орзиқтирадиган номаълумликнинг ҳавоси таралмоқда… Умри шу дашту қирларда ўтган чол неварасини қай тақдир сари бошламоқда? Улар қаерга кетяпти? Кимни кутишяпти? Уларнинг бошидан не савдолар кечади? Нечун бунчалар ҳасрат? Дала даштнинг сукунатига қоришган бу кексалигу ёшлик аллақандай чексиз қамровли қудратнинг чангалида нега бу қадар соме турибди? Тақдир уларни қайга учириб кетади?…
Бир пасдан сўнг Асрор Валиевич илкис безовталанади-да, кўзларини расмдан узолмай, бир қўлини ортига чўзиб, кўрлар каби ниманидир, бетоқат излашга тушади:
— Қани! – дейди у бесабрлик билан, — Қани!..
Муяссар Қодировна ҳеч нарсани тушунмай, лекин ташаббускор ходимга хос шижоат билан бошлиқ сўраётган нарсани муҳайё қилгани коридорга отилади. Аммо бу бемаънилик югуришининг муддаосини ўзини ҳам англамай, тўхтаб қолади:
— Асрор Валиевич! Нимани олиб келай?
Бошлиқ ўзига ўхшамай ғижинади:
— Қанақа “нима”?.. Ван Гогни топинг!
Илоё, шу Боқибой Ван Гўнг бўлмай адо бўлсин! Шунга шунча ваҳима-я! Юргандир-да бир очиқ лаҳатда, ипирисқи тортиб! У тартиб-интизомни писанд қилармиди! Ўзи хон, сояси майдон! Мушугини “пишт” деб бўлмаса! Ишдан ҳайдаб бўлмаса!..
Бу сўзсиз монолог Муяссар ҚодироВанинг аламли юрагидан бир “тиз” этиб, товушсиз отилади… ва шу заҳотиёқ ходимлар бўлими бошлиғининг кўзи Асрор Валиевич томон шарпасиз юриб келаётган Ван Гогга тушади. Вой, қуриб кетгур! Арвоҳга ўхшамай, баттар бўлгур! Осмондан тушдими?
— Топибсан! – дейди Ван Гогга аллақандай ҳаяжонланиб бошлиқ. – Жуда топибсан! Яйдоқ куз бўлгани ҳам яхши! Мезонлар учадиган пайтда, а?
— Сездингизми? – дейди Ван Гог кўзлари беозор нурланиб. – Албатта, мезонлар учиб юрибди-да!
Сўнг жиддий бир тарзда қўшиб қўяди:
— Буни кўрган кўради!..
Муяссар Қодировна ҳам картинага илк бор кўз ташлайди. Бу иккови уни масхара қилишяптими? Мезон қани? Жинни-пинни бўлиб қолишмаганми?
— Шамол-памол йўқ! – баттар қувонади Асрор Валиевич. – Мезонлар ҳавода беҳушгина сузиб юрибди…
— Ҳа-а!.. – дейди бошлиқнинг тушинаётгани маъқуллаб Боқибой. Кейин аллақандай ўйга толиб гапира бошлайди. – Бу картинани, шу… каттароқ қилиб чизиш керак эдими-ей! Ўшанда яна-да…
— Йўқ! – Кескин эътироз билдиради бошлиқ. — Шу ҳолида яхши! Умуман, тегинманг! Ўзи худо берган нарсалар бўлади! Бу картинани сизга худо берган! Тегманг! Бузасиз!
— Энди… – Сўз ахтариб каловланади Боқибой. – Янада… картинада ҳаво мўл бўлардими, деб ўйлаяпман-да…
— Э, дунёнинг ҳамма ҳавоси бор бу картинада…
— Шошманг-да… — Ван Гогнинг тилига яна сўз келмайди.
— Бу-за-сиз!
Боқибой кўнмай бош чайқайди. Асрор Валиевич негадир қувониб, Боқибойнинг елкасидан қучади:
– Юринг, ичкарида гаплашамиз! Юринг!..
Бошлиқ ажиб бир ортиқча ғайрату шижоатда, Боқибойни елкасидан қўйиб юбормай, уни кабинети томон бошлайди.
Муяссар Қодировна серрайиб қолади. Сўнг коридордан чиқиб келаётган, бош ҳисобчи Жамила Ғафуровнага кўзи тушади. У ходимлар бўлимининг бошлиғини кўрмагандай ўтади-да, тескари турганча, қирмизи гуллар чизилган картинани томоша қилишга тушади. Юзи кўринмаса-да, бош ҳисобчининг ҳаяжон гирдобида тўлғонаётганини, чуқур-чуқур нафас олганини; ҳатто зўриқишини босиб, бесас хўрсинишга ҳаракат қилётганини Муяссар Қодировна ҳис қилади ва ногоҳ унинг елкаси титраётганини ҳам кўради.
— Нима бўлди?
Муяссар Қодировна шошганча бориб, бош бухгалтернинг елкасига астагина қўл ташлайди:
— Нима бўлди?
Жамила Ғафуровна аллақандай карахтликда бурилиб, танимагандай унга қарайди. Кўзлари жиққа ёшга тўлган. Сўнг илкис ўзини қўла олиб, ёшларини шошиб артади:
— Ўзим… – дейди жилмайишга ҳаракат қилиб. – Ўзим…
Аммо ичини ўпириб келаётган ўкрик юзларини қийшайтириб юборади. У бош экканча, коридорга отилади.

Шу кун идорада маром бузилади.
Натижада, антиқа воқеалар рўй бера бошлайди.
Аввало, бу идора пайдо бўлганидан буён ўтказиладиган — нафас олиш каби одатий ҳолга айланиб қолган эрталабки йиғин – ўтмай қолади.
Қабулхонага одатдагидай биринчи бўлиб Шодмонбеков бош суқади ва ҳамишанги ҳазили билан котибага мурожааат қилади:
— Ёсуманхон, — дейди у кабинетга имо қилиб. — Кираверайликми?
Котибанинг пешонаси тиришади:
— Юз марта айтаман, Зафар Расулович, меня зовут Жас-ми-на!
Шодмонбеков ҳам юзинчи бор гапидан қайтмай, такрорлайди:
— Ўзбекчаси, “Ёсуман” бўлади-да, онажоним! Давлат тилида айтаяпман!
— Ну, что мне теперь делать? Родителларим ўрисча ўқиган…
— Майли, онам, майли… Фақат мустақил бўлганимизга ҳам, мана, йигирма йилча бўлиб қолди-ёв… Шу исмингизни ўзбекча қилиб, ёздириб олинг, тамом вассалом!
Котиба баттар тутоқади:
— “Ёсуман” деб ёзолмайман! У, ахир, ўзбекчасига, оказывается… Нақа… “Жодугар” дегани ҳам экан-ку!
Шодмонмонбеков хандон отиб, кулади.
— Ёсуман шунақа гул, онам. Унга қўнган ҳашорат қайтиб учолмайди. Ёпишади-қолади. Сеҳрлаб ташлайди. Худди сизнинг ўзингиз! Сизга ҳам бир кўзи тушган ишқингизда жодуланиб, адо бўлади! Сиз эса уларга ҳашоратга қарагандай ҳам қарамайсиз! Воҳ, қанча одам кўйингизда ҳашоратдай ўлиб кетди!.. Эҳ, Ёсуманхон! Ёсуманхон!.. – У яна Асрор Валиевичнинг кабинетига имо қилади: — Кираверайликми?
Жасмина постда тургани эсга тушгандай, бирдан жиддий тортади:
— Йўқ, – дейди у ва компьютерда қандайдир бир матнни жадал тера кетади. Бу – котибанинг “гап тамом, ҳазил тугади” дегани эканлигини ҳамма билади. Аммо эрталабки йиғинни бекор қилиш…
Шодмонбеков ҳам ҳазиллашишни унитади:
— Ҳозир… мажлис!
Жасмина вазиятнинг аҳамиятига мос сукунат сақлайди.
— Асрор Валиевич, — дейди у сўнг негадир қизишиб, — “Ҳеч кимни киргизманг”, деди! Мен: “Ҳозир пятиминутка”, сказала. “Ўзбекчани тушунмайсизми?” деди у киши… Ну, дался мне этот узбекский!..
Жасминаннинг бармоқлари негадир жуда жадал ишлай бошлайди.
Шодмонбеков нима бўлганини тушинолмай гарангсирайди. Ахир, бу идорада йигирма йилдан буён хизмат қилади. Худо берган иш кун шу йиғин билан бошланган. Бу йиғин кайфиятингу кўнглингга қарамасдан, “аввал мендан ўтиб ол, қолганини кўрамиз” йўсинида безрайиб, худди тақдирнинг тавқи лаънатидай нақ саккиз яримда йўлингни қароқчидай тўсади. Бунинг устига анаву Асрор Валиевич!.. На бир ҳазилни билади, на бир хуш гапни… Худди мошинанинг ўзи! Ундан кўра темир билан, тош билан мажлис ўтказган яхши!Ҳар ҳолда уларнинг кўзи йўқ. Бошлиқнинг кўзи! Бир совуқ қараса, музинг бир ҳафта эримайди!.. Энди қандай қилиб?…
Хоҳласа, ҳаммани гап билан ўтқизиб қўядиган, хоҳласа, мутойиба билан кўнгилларни баҳор қиладиган Шодмонбеков бирдан довдирайди:
— Мен… нима қилай?
Жасмина бирдан ишдан тўхтайди:
— Зафар Расулович… Как-то… нақа.. а? Не то!…
— Онам, ичкарида бирор одам борми?
Жасмина давлат аҳамиятдаги сирни ошкор этишга чоғлангандай чуқур нафас олади. Клавишларни ўзлари топиб ишлаётган бармоқлари кескин тўхтайди.
— Бор! – дейди у. – Бор! Ану… Как его… Ван Гог! Они так бес-се-дуют!… Шунақа гаплашишаяти-и-и!…
— А-а…
Шодмонбеков бирдан ниманидир фаҳмлайди. У дуч келмагани аллақандай ҳақиқат бу ишхонага оралаб қолганини, бу ҳақиқатни фақат ичкаридагилар – мажлисни бир тийин қилиб ўтирган Асрор Валиевичу суратлар осиб, фойени сеҳрли бир масканга айлантирган Ван Гог англашини; улар ҳозир бу англамоқнинг шавқида масту аласт суҳбат қураётганларини негадир юраклари орзиқиб тасаввур қилади. У Жасминанинг ҳам аллатовур хаёлланиб турганини кўради.
— Яхши бўлди-я, Зафар ака? — дейди қиз алланечук бўлиб. – Суратлар… Как хорошо!..
— Нимасини айтасиз!..
Шодмонбеков мана шу юрак орзиқиши етагида ўрнидан хаёлланиб туради-да, кўкси нотаниш — фарраҳли ҳавога тўлиб, фойега қараб жўнайди.
У суратлар осилган фойе ҳам мана шу нотаниш ҳаво билан тўлганлигини, бу ҳаво фойедан тошиб коридорга, хоналарга, кабинетларга – бутун ишхонага ва ҳатто хизматчиларнинг юракларига ҳам сочилиб бораётганини; ишхонанинг деворларидан ошиб ўтиб, тушнуксиз соғинч ва ҳазинлик сочганча, дунё бўйлаб таралиб бораётганини ҳам ҳис қилади.

Жасмина эса шу алланечук кайфиятда ўтириб қолади. Боши қушга айланиб, бехос учиб кетаётгандай калласини икки қўли билан маҳкам чанггаллайди. Кўзларини юмган тариқа, бор бўйича ўзига чўкиб, ўйга толади. Сўнг ногоҳ ёнғин хизматига фалокатдан хабар берадиган одам ҳовлиқишида шошилиб, телефон рақамларини тера бошлайди.
— Алло… Алло!.. Мени кечир!.. – дейди у ўртаниб телефонга. — Прости!.. Мен айбдорман!.. Нима? Встретимся? Кўришамизми? Қаерда?… Тушинарли! Могу! Бораман! Ҳозир жавоб оламан-да, югураман! Бегу, жоним! Бегу!…
У шошганча, ўрнидан туради-да, Асрор Валиевичнинг кабинетига қараб юради. Сўнг “э, нима бўлса, бўлар” қаблида қўл силтаб, коридорга, коридордан одамлар суратларни томоша қилётган фойега, фойедан — гўё йиқилиб тушётган осмонга кўзи тушгандай ваҳимада турган Муяссар Қодировнинг ёнидан югургилаб ўтганча — уни кутаётган, соғинаётган, ўртанаётган ташқарига йўл олади.

— Ниҳоятда қувондим, – дейди Асрор Валивич хонасида чир айланиб юрар экан. – Зўр! Бунақа бўлади деб ўйламаган эдим! Қойил! Фақат… у суратни бузманг!
Ван Гог бошлиқни танимайди. Бу сўзидан кўнгил бўйи уфуриб турган одам қайдаю, Асрор Валиевич қайда! Тўғри, Асрор Валиевич уни жуда ҳурмат қилишини, ҳатто меҳр билан ардоқлашини у ҳамиша сезиб, қадрлаб юрган, аммо унинг — ичидан қуёш чиқиб келаётгандай — порлаб туришини биринчи бор кўраяпти! Гўё қаршисида — самимият таратиб — кўнгилнинг ўзи сўзлаётгандай!
Ван Гог беозор жилмаяди:
— Йўқ… Мен сезиб турибман-да, агар…
— Мен ҳам сезиб турибман! — Асрор Валиевич ижодкорларда бўладиган қизғинликда унинг гапини шартта кесади. – У мукаммал сурат! Тушинаяпсизми? Му-кам-мал! Қош қўяман, деб, кўз чиқариб қўясиз!..
— Э!.. – Ван Гог ҳам илкис ўрнидан туриб кетади. – Чалалиги бор-да!..
— Бу асар, — Асрор Валиевич Ван Гогнинг қаршисига баҳс мавжида юриб келади, — мана шу чалалиги билан гўзал!..
Энди Ван Гог ҳам беихтиёр — қаршисида бошлиқ турганини тамом унитиб — қизишади:
— Тавба, чала асар ҳам мукаммал бўлар эканми?
Асрор Валиевич ҳам нимадир демоқчи бўлади, аммо бирдан жиддий тортиб, Ван Гогнинг кўзига тик қарайди:
— Ичмаймизми?.. – дейди у зўриқиброқ.- Йигирма йилдан буён ичмаганман. Аммо ҳозир… бир ўтирайлик!
Ван Гог яна юзида яна беозор жилмайиш пайдо бўлади.
— Майли, — дейди у бошлиқнинг гапидаги зўриқишни илғамагандай ва ташқарига қараб йўналади.
— Тўхта!
Асрор Валиевич бурчакдаги деворга ўратилган сейф ёнига шахдам юриб боради-да, аллақандай ғайрат билан мурватларни “шарақ”латиб бураб, эшикни очади. Бир пачка пул олиб, Ван Гогга узатади.
— Ол! – дейди у ғайрати қўзиб. – Бир ўтирайлик!.. Газак олишни ҳам унитма.
Ван Гог пулни олади-ю, негадир иккиланиб туради.
— Балки… – дейди бошлиқққа синовчангина назар ташлаб, — ташқарида, бирор пастқам жойда ўтирармиз…
Асрор Валиевич деразага – чексиз ташқари ҳувуллаб ётган тарафга негадир нохос чўчиб қарайди:
— Йўқ, — дейди у шошиб. Унинг юзида нимадандир чўчиш аломати бир зумгина “лип” пайдо бўлади. Аммо Асрор Валиевич унга ён босмайди: – Йўқ! Шу ерда ўтирамиз! Шу ерда!..
— Гап-пап бўлмайдими?
Бошлиқ “бўлса, бўлавермайдими” дегандай қўл силтайди.
Ван Гог негадир қувониб, чиқиб кетади.

Йиғиннинг бўлмаслиги ҳақидаги хабар ишхонага бир пасда тарқалади. Ишхона бугун жанг қилиш-қилмаслигини билмайдиган қўшиндай беқарор бир вазиятда туриб қолади. Гўё, қурол аслаҳа тайёр турибди, душман мўжалга олинган, аммо ўқ-дори етказиб берадиган аравалар карвони номаълум бир жойда қолиб кетгандай. Департаменту бўлим бошлиқлари мажҳул бир қиёфада коридорда санқишга тушадилар. Ҳар-ҳар жойда майда-чуйда суҳбатлар давраси пайдо бўлади. Аммо бир зум ўтиб, ҳамма фойега йиғилади. Бошқа ходимлар ҳам хоналардан бирин-кетин чиқиб келиб, суратларни томоша қилишга тушадилар.
— Ўртоқлар! Иш бошланди!
Аммо негадир Муяссар Қодировнанинг гапига эҳтимол илк бор ҳеч ким парво қилмайди. У намойишкорона тарзда бу тартиббузарларни рўйхат қила бошлайди. Маошидан чегириб ташлашсин, кейин билишади сурат томоша қилишни! Қовун қовундан ранг олади дейишади. Барча ходимлар шу калласи айниган Ван Гўнгнинг ишлашига ўтиб олса, нима бўлади? Ишхонанинг ишхоналиги қоладими? Дунё остин-устин бўлиб кетади-ку!.. Ана, бошланди!.. Ясан-тусандан бошқа нарсани билмайдиган бўйнинг узулгур Жасмина унга парво қилмай, югургилаб кўчага чиқиб кетди. Бир пас ўтиб, Ван Гўнг ҳам сирли жилмаганча, ўзининг бешарпа юришида кўчага сирғалиб чиқади…
Ва фойеда Муяссар Қодировнанинг ақлига сиғмайдиган сеҳрли ишлар рўй бера бошлайди. У аввал Шодмонбековнинг, сўнг Жўра Олимовичнинг оёқлари ердан узилиб, кетаётганини кўради. Аёл ақлдан озмадимми, деган хаёлда кўзларини очиб юмади. Аммо бирин-кетин бошқаларнинг ҳам ҳавога кўтарилаётгани фаҳмлайди. Муяссар Қодировна ҳам негадир ўзини ердан кўтаришга уринади. Аммо зил-замбил гавдасини ердан узиб бўлмаслигини пайқайди. Шу билан бирга бу парвозларнинг олдини олиш кераклигини, агар олинмаса, дунё тўс-тўполон гирдибодида адойи тамом бўлишини аниқ тасавваур қилади. Одам қушмас-ку, ахир! Идоранинг ишини ким бажаради? Охир-оқибат “кўзинг қаёқда эди, нега бунга йўл қўйдинг”, деб ундан сўрашади-ку! Тезроқ бу тартибсизликнинг олдини олиш керак. “Бир тош йиқилса, тоғ қулайди”, деб қайси бир шоирми, машойихми айтган-ку, ахир! У бор жон-жаҳди билан бақиради:
— Мен сизларга айтаяпман! Иш бошланди!
Ходимлар бўлимининг бошлиғининг овози бу сафар ниҳоятда ваҳимали ва қўрқинчли тарзда жаранглайди.
Биринчи бўлиб, оқсоқол Жўра Олимовичнинг ерга “тап” этиб тушади.
— Оббо!.. — дейди у. – Одам ҳам шунча нодон бўладими? Инсон, бу кўргазма ҳар кун бўлаётгани йўқ-ку! Худо шу ишхонага бир иноят қилиб, юборибди! Бу бўлса…
Жўра Олимович гапини тугатмай, анчадан буён кечираётган эҳтиёткор умргузаронлигидан ногоҳ тошқинлаб, жадал юришда хонасига чиқиб кетади.
Асабий бир сукунат фойени тутади. Оёқлари ердан узилган ходимлар бирдан Ернинг ториш кучини ҳис қиладилар ва уларнинг парвозлари сўлиш олиб, қовжираб — бирин-кетин ерга қайтиб туша бошлайди. Улар ходимлар бўлимининг бошлиғидан таралаётган қудратни ҳам бирдан ҳис қиладилар ва энди нима бўлишини кутган асно, қизариб-бўзариб кетган Муяссар Қодировнанинг қаршисида карахтланиб турадилар. Бироздан сўнг Жўра Олимович — тошқин юришда — фойега чиқиб келади-да, лолу ҳайронликдаги халойиқнинг кўзи олдида — унинг бу мисли кўрилмаган қилмишидан карахтланиб қолган Муяссар ҚодироВанинг қўлига бир варақ қоғоз тутқазади:
— Мана! Ариза! Шу идорада димиқиб ўлиб кетмасимдан, нафақага чиқиб олай! Ахир, дунёда кўнгил бор-ку! Дунё кенг-ку, ахир! Дунёни бунча тор қилиб юбордингиз! Нафас олиб бўлмайди-я!..
У Муяссар Қодировнадан шартта терс ўгирилади-да, картиналарни томоша қилишга тушади.
Аммо идораларда рўй бериб турадиган ҳар кунги кўнгил хираликлардан бири бўлмиш бу мажоранинг ғуборидан расмлар жозибасини бир пасда йўқотади. Уларни кўнгиллар билан боғлаб турган ришталар “чирс-чирс” узилиб кетаётганинии ходимлар шундоқ сезиб турадилар ва нохос уйқудан уйғонгандек, ғалати бир аҳволга тушадилар. Сўнг уят иш қилиб қўйган кас каби уялганнамо бир ҳолатда хоналарга аста-аста тарқала бошлайди. Ходимларнинг бу ҳол кетишидан эса Муяссар ҚодироВанинг руҳи кўтарилади. У ғолиб бир юришда бўшаб қолган коридордан, хонасига шахдам йўналади. Аммо қип-қизил гулдастани бағрига босганча, коридордан учиб келаётган Жасминага ногоҳ кўзи тушади-да, эси оқгудай бўлиб, тўхтаб қолади. У учаётган одамни биринчи кўриши эди. “Э, одамизот бу дунёда ивирсиб-ивирсиб, ўлиб кетади” дегучи эди раҳматли онаси. Бу гап Муяссар Қодировнинг қулоғига маҳкам ўрнашиб қолган. Шунинг учунми, аёл кўзларига ишонмайди ва бир ваҳима ичида ўзини четга олади. Жасмина эса ногоҳ пайдо бўлган бу тўсиқ ёнидан қанот қоқиб ўтганча, парвозини узмасдан, қабулхонага кириб кетади.

Жасминанинг тўсатдан учиб киришидан қабулхона ҳам бир сесканиб тушади-да, ҳушидан кетгудай бир алфозда лол қотиб қолади: телевизор телевизорлигини эсдан чиқаради, телефонлар жарангламайди; ҳатто хонага қамалиб қолган арига менгзаб мудом ғўнғиллаб турадиган музлатгичнинг ҳам ашуласи хаёлидан кўтарилади. Жамила эса уларга парво ҳам қилмасдан — уча-уча — қўлидаги қип-қизил гулдастани гулдонга қўяди. Гулнинг гулдонда барқ уриб туришига — қанот қоққанча — эркаланиб қарайди. Сўнг капалак монанд ҳавода бир-икки чарх уради-да, компьютер қаршисидаги креслога илкис қўнади. Ва бирдан мудом ишлаб турадиган компьютер юзи қоронғу тортиб турганини кўради. Аммо у компютернинг бу ҳоли ўзи билан боғлиқ эканлигини ҳис қилмайди.
— Черт! — дейди у учиб бориб, чироқ тугмани “шиқил”латиб кўрар экан. – Яна ток йўқ…
Шу пайт эшикдан Жамила опа кириб келади. У ҳорғин. Йиғи нуқси қолган юзу кўзлари шишинқирагандай…
— Асрор Валиевич?..
Жамила опанинг сўзи чала қолади.
Унинг кўзи гулдондаги гулларга тушади.
— Вой!..
Қайдандир бостириб келган бехос қувонч бош ҳисобчининг юзу кўзидан йиғи нуқсини бир лаҳзада ювиб кетади.
— Бу гуллар… қаердан?
Жасмина бахтиёр кулади:
— Подарили!.. Совға қилишди!..
Унинг гап-сўзи, бутун вужудидан ёғилиб келаётган шодиёна хурсандчилик бу гулларни ким тортиқ қилганини шундоқ айтиб туради.
— Қуллуқ бўлсин! – дейди Жамила опа ҳам ажиб бир бахтиёрлик ичида. – Худди ўзи… Ана у.. Фойедаги қизил гуллар солинган расмни кўрдингизми?
— Натюрмотними?
— Ҳа-ҳа!.. Ўшанинг худди ўзи… Ўша гуллар! Ўша!… Бу қиз қаёққа учиб кетяпсиз десам!..
— Қаерда кўрдингиз?
— Кўчада… Деразадан кўрдим! Билсам, қизил гулларни бу қиз ҳам соғинган экан-да!.. Жасмина, сиз бу гуллар қайси узоқлардан келганини билмайсиз!
Жамила опа бирдан ердан кўтарилади-да, мастона бир учишда гулларга энгашади. Кўзларини юмган тариқа, ҳидлайди. Юзларига гулларни оҳиста теккизиб силайди – эркалайди…
Шу пайт Муяссар Қодировна эшикда пайдо бўлади.
— Ярим соат ишда бўлмадингиз! — дейди у Жасминага юракларга ваҳима соладиган расмий оҳангда. – Тушунтириш хати ёзинг!
Жасмина ҳам, Жамила опа ҳам нохос ернинг тортиш кучи пайдо бўлганини, қанотлари эса қовжираб қолаётганини ҳис қилади. Улар суянчлари бирдан йўқолиб, осмону фалакдан ерга бор бўйларича – беаёв қулаб тушганиларини сезадилар.

Асрор Валиевич деразадан кўчага тикилиб турибди.
Кўчада куз. Сариғу қизғиш рангларда алангалаётган куз. Дарахтлардан тўкилаётган барглар бешамол ҳавода қалқиниб-қалқиниб ерга, кўчанинг икки четида қатор териб қўйилган машиналарнинг устига беозор қўнади. Йўловчи автомобилларнинг ортидан хазон тўзғиб қолади. Ишхонани ўраб турган кўм-кўк чимзорда ўрикнинг қирмизи барглари сочилган… Хазонрез! Дарахтларда, ҳавода, йўлкаларда, гулзорда — бутун дунёда хазон! Нақадар бу кузнинг ҳасрати улкан. Дунёнинг бор-будини — ҳар бир заррасигача — бу заъфарон сўлғинлик забт этгандай!
Асрор Валиевич деразадан кўчага неча йиллардан буён негадир илк бор қўрқмай қараяпти. У ҳатто кузнинг баҳайбат ғуссаси деразадан сизиб ўтиб, зимиллаб юрагига кираётганини ҳам пайқайди. Нима бўлса, бўлди! Қаршилик қилмайди. Майли, кирсин!.. Майли, унинг ҳам юраги хазон бўлсин! Ахир, бир кунгина юраги ихтиёрида яшаши мумкин-ку! Уни асир олиб кетиши мумкин бўлган дунёдан қанчалар яшириниб яшади. Қанчалар қочди. Қишнинг ҳам, баҳорнинг ҳам, ёзнинг ҳам, ҳатто мана шу суюкли кузнинг ҳам кўзига тик қарамади. О, бу жодугар фаслни у қанчалар яхши кўради! Аммо куз билан юракни очиб, жим суҳбат қилишдан қанчалар қўрқди! Чунки аниқ билади: куз уни кўнгли қумсаган томонларга олиб кетади. У шунча йиллар ўзини жиловлаб, кишанлаб қурган ҳаётидан мосуво бўлади! Кунпаякун бўлади ҳаёти!
У ичидаги тубсиз зиндонга ўзи ташлаган нарсанинг кучини яхши билади! Ҳар он унинг ҳамлага тайёр қувватини ҳам сезиб туради! Бироз эркини ихтиёрига берсанг, гирдобига тортади-кетади! Осмону ернинг фарқи қолмайди ўшанда! Сезгиларинг ўткирлашади. Дунё кўзингга алдоқсиз кўринади. Гўзалликлари, жилвалари, тошқинлари, фожеалари, меҳру муҳаббати; адолати ва адолатсизлиги; пастлиги ва юксаклиги; саёзлиги ва теранлиги билан қаршингда намаён бўлади. Сен эса бу кўринишнинг беаёв азобида тўлғонасан!
Унга қачонлардир бу азобдан халос этишга кўмак беришган. “Одам бўлиб яшаш” илмини ўргатишган. Ҳамма қатори кун кўриш лозимлигини уқтиришган ва гўё барча одамлар ўйнаб-кулиб яшаётган кўчага киритиб қўйишган. У ўшанда — бу кўчада Мунис борлиги учун — абадул-абад бахтиёр бўлдим, деб бутун руҳу вужуди билан ишонган.
Аммо барига куз сабаб…
Бундан йигирма йил аввал куз уни жоду айлаб, Муниснинг ортидан сарсон-саргардон эргаштирмаганмиди? О, ўша куз! Дарахтлардан бешамол ҳавога ихтиёрини ташлаб, узилиб-узилиб тушаётган, йўлкаларга бенажот чўзилиб ётган хазон япроқлар! Йўлканинг бошида хазонни босиб ўтишга журъат тополмаётгандай турган қиз… Куз минг жилвада тўлғонаркан, шу қизга рўбарў этган. Асрор эса ақлу ҳушидан айрилиб – ўзи ҳам тушинмайдиган кучнинг — уни учириб бораётган тақдирининг қанотлари чирсиллаб ёниб бораётганини илғаб турса ҳам — қаршилик қилишнинг иложини тополмаган. Умидини, мақсадини, жону жаҳонини бахшида этиб юбораверган. Аммо тақдир тинчгина ёниб кетавермас экан-да! Бурқсиб, чўғланиб, ғашланиб — кўнгилини кул тўзонига чўлғаб – кунларини хуфтон этганча, ортидан ит каби эргашиб келаверган. Бу таъқибнинг безовта ҳасрати уни бир лаҳза ҳам тинч қўймаган. У эса фақат ўша кузда учраган қиз кўзига тикилганча, қанчонлардир гарданига қўйилган мажбуриятни бор кучию иродаси билан бажаришга уринаверган. Шунинг учун ҳам уни чорлаб, ҳар дамда қайларгадир – кўнгилни маст-аласт этиб, ернинг қаъригами, етти қават фалакками — олиб кетгиси келиб турадиган дунёга тик қарашдан чўчиган. Айниқса, куздан кўзларини олиб қочган! Бу фасл сеҳргар! Қўйиб берсанг, инон-ихтиёрингдан бир зумда жудо қилади!
Аммо бугун бу ногоҳоний кўргазма, ўзини ўзи зўрлаб тиққан зиндонларидан уни бехос озод қилди! Мана, дунёга шундоқ тикка қараяпти! Нима бўлса, бўлар!… Бу Ван Гог деган даҳонинг ҳунарини қаранг! Тавба, ранглар ҳам шунақа ўртанадими? Бу суратларнинг қашисида ўтириб, фақат ўкириб йиғласанг! Вужудинг йўқолиб, нурга айланганча, ҳўнграсанг! Бунинг устига бу куз!…
Темир ирода билан ясагани — ҳаяжону жўшишлардан холе зиндоннинг темир эшиклари қулаб, юрак-бағри ҳурлик ҳавосида тўйиб нафас ола бошлаганини у яққол сезиб турибди! Нима, темир эшикларнинг тоқати тоқ бўлиб, қулашга баҳона излаб турганмиди ё?…

Эшикдан Ван Гог киради. Лабларида ўша беозор табассум. Қўлида қаппайган елимхалта. Аммо энди юриш-туришида қандайдир ишчанлик ва билинар-билинмас тантанаворлик бор. У — бошлиқнинг кабинетини беш қўлдай биладиган одамдай — кенгу мўл кабинетнинг тўридаги истироҳатхона эшигига имо қилади:
— Кирамизми?
Асрор Валиевич эса ичишни бетоқат кутаётган ароқхўр каби — хуррам кайфиятда — кафтларини бир-бирига ғайрат билан ишқалайди.
— Э,тезроқ бўл! Шу ерда оча қол!
Ван Гог қўлидаги елим халтани кабинетнинг бир тарафини эгаллаган кенгу мўл “мажлис” столнинг устига қўяди. У ёқ-бу ёққа қараб, Асрор Валиевичнинг столи устидаги газетани олади-да, столнинг бир четига дастурхон қаблида тўшайди. Халтачадан паласмасса идишларни чиқариб, бир зумда қопқоқларини очиб қўяди. Кейин қаердандир қўлида очқич пайдо бўлади. Сеҳрли халтадан чиққан консервалар ҳам ҳадемай елканли антиқа қайиқлар шаклига кириб, уларнинг ҳукмига ҳозиру нозирлик ҳолида турадилар… О! Ван Гог бундай ишларни қойил қилар экан-ку! Тажрибаси борлиги шундоқ кўриниб турибди. Шўр помидору бодиринг, колбаса, қоқланган балиқ, шпрот, кавоб… Бунинг устига, қисқа қадаҳсўз – “Қани! Қани!”га беҳад қизғин маъно киргизадиган қанча газаклар! Иштаҳани очиб, сабрни йўқотадиган муъжизалар! Бу тўйғуни у қачон туйган эди? Ҳа, йигирма икки йил аввал! Йигирма икки йил!…
— Тезроқ очсанг-чи!
Ван Гог бошлиқнинг бетоқат буйруғига парво ҳам қилмай, тўғри истироҳатхонага йўл олади-да, лаҳзада иккита пиёла кўтариб чиқади.
— Қадаҳингиз ҳам йўғ-а!..
— Бўл!..
Ван Гог халтачадан ниҳоят шишани олади.
— Ўзимизники. Лекин зўр!
Пиёлаларга Ван Гог аниқ ҳаракатлар билан ароқни қуяди.
— Аммо лекин қойил! – дейди бошлиқ кимгадир тақлид қилиб. – бу ишда ҳам аълочи экансан!
Ван Гог эса қўрқинчли бошлиқнинг бу бола қилиқларига парво ҳам қилмайди:
— Қани!
— Ичдим!..
Асрор Валиевич ногаҳон байрамга дуч келиб қолган бола каби қувониб, пиёлани бир кўтаришда бўшатади. Юзларини бужмайтириб, газакни, худди эртаклардагидай, бир ямлаб, икки ютади. Сўнг жилмайганича, Ван Гогнинг ичиб бўлишини кутиб туради. Улфати пиёлани бўшатиб, столга қўйгач эса, бирдан жиддий тортиб, гап бошлайди:
— Биласанми, — дейди у, бу гапларни энди кашф қилётгандай, — Ҳаётнинг маъноси нимада? Санъатда!..
У аллақайдан кўнглига оқиб кираётган — ўзи ҳам, унут бўлиб кетган даврадош биродарлари ҳам сархуш ҳушёрликда қачонлардир гапирган фикрларни такрорлаётганини сезиб туради. Аммо сўзлар экан, руҳу вужуди яйраб қизишаётгани — бу тарздаги суҳбатларни чидаб бўлмас интиқликда соғинганини ҳис қилади.

Муяссар Қодировна бугун бирдан масъулиятни унитиб қўйган бошлиқсиз ҳам, идорани йўлга солганидан, ишхона худди соатдай бир маромда “чиқ”қиллаб ишлай бошлаганидан ғурурланиб, коридорларни икки-уч бор айланиб чиқади. Сўнг хонасини ичидан беркитиб, Жўра Олимовичнинг “дело”сини олади. Ҳар бир варақни синчиклаб кўздан ўтказади. Айниқса, қариндош-уруғлари ҳақидаги маълумотларни алоҳида ўрганиб чиқади. Бу қурғур мияси ачиган чол бекорга дағдаға қилмаётгандир, ахир! Бирор суянган тоғи бордирки, ҳамманинг орасида аризани Муяссар Қодировнанинг юзига отиб чиқиб кетди! Ишонган тоғи бор!
Аммо Муяссар Қодировна қанча ўрганмасин, мияси ачиган чолнинг ишонган тоғини тополмайди. Маълумотларни қайта-қайта кўздан кечиради. Йўқ! Теп-текис! Саҳро!.. Энди уйи куйди бунинг! Ҳеч киминг йўқ экан нега кўпирасан! Тинчгина юрмайсанми, маошингнинг устига нафақангнинг ярмини қуртдай санаб олиб! Энди кетдинг! Ҳар ойда нафақани кути-и-иб, тўрт девор ичида ўлгандай бўлиб ўтираверасан! Сен ҳали Муяссар Қодировна билан ўчакишасанми? Мана, ҳозир феълингга яраша, буйруқ тайёр бўлади! Қарабсанки, нафақахўрсан! Бу идорани энди тушингда кўрасан! Ҳе, ўлиб кет!..
Ходимлар бўлимининг бошлиғи мана шундай ғалвали ишлардан бош кўтаролмай ўтираркан, ишхонада нималар рўй берётганидан ҳам, қачон иш куни тугаганини ҳам бехабар қолади.
Муяссар Қодировнанинг зуғумидан кейин қанотлари синган қушдай қунишиб, ишга қўли бормай, деразага қараб ўтирган ходимлар эса яна бир антиқа воқеага гувоҳ бўладилар. Тушликка яқин Ван Гог ишхона эшигидан аллақандай бир мастона парвозда учиб чиқиб, баргларини сочиб ётган дарахтларнинг оралаб бир пас парвоз этгач, қайсидир бир фалак сори қанот қоқиб кетганига аниқ кўрадилар. Йўқ, кўпчилик бунга ажаблангани йўқ! Чунки у девона одам-да! Учса, учиб кетаверади! Аммо улар аллақандай завқ-шавқли парвозда ишхонадан отилиб чиққан Асрор Валиевичга кўзлари тушганда, ўзиларга ишонмай, лолу карахтликда, кўчага қараганча, қотиб қоладилар.

Асрор Валиевич пиёда юрмаганига анча бўлган. Шунинг учунми кузга қоришиб ётган шаҳарни аввал танимади.
Бунинг устига, машинада юраверганиданми, машина ойнасидан бўлса ҳам дунёга дадил кўз билан қарашга чўчиганиданми, кўрганлари билан кўнгли ўртасида девор ташлаб, атрофга назар ташлаганиданми — бу жойлар унга нотанишдай туюлди. Ахир, уч-тўрт йўналишдан машина уни ғизиллатганча олиб бориб, олиб келаверган – уйдан хизматга, хизматдан уйга, идорадан фалон мажлисга, мажлисдан ишга, ишдан уйга… Демак, бу шаҳарнинг шакли шамойили хотирасидан кўтарилганига ажабланмаса ҳам бўлади. Демак, қачонлардир умрини етаклаб кетаётган девонаваш тақдирдан айрилиш осон кечмаган! Бунинг учун инсон хотирасини, ҳатто ўзини ҳам эсдан чиқаришга мажбур бўлар экан-да!
Аммо Асрор Валиевич нохос атрофида сочилиб ётган кузни танийди. Қачонлардир бу кузакдан олган тошқин ғуссали дарслар қайлардандир келиб, вужудини яна тўлдирганча, юрагини бошлаб кетаётганини илғайди. Қаёққа кетяпти? Қаёққа? Чўчимаслик керак? Юрак алдамайди! Йўқ, алдамайди!.. Ҳа, у бугун чалғиди. Камгап ҳайдовчини ҳайрон қолдирганча, кутилмаган бир жойда ҳаприқиб, “Тўхтат!”, деди-да, машинадан шартта тушди. Юраги бошлаётган ёққа шошилиб кетаркан, машинаси ёнида унга ҳайрон қараб турган ҳайдовчига “кетавер” ишорасини қилгач, биров ушлаб қоладигандай, шошганча, йўлидан давом этди. Нега чалғиди? Эҳтимол чалғимагандир?. Эҳтимол қодир парвардигор фақат унинг учун яратган йўлга қайтиб тушаётгандир?..
Нима бўлса ҳам, кўнгли қайларгадир ишонч билан бошлаб кетаётганини сезиб турибди.
Қаерга келиб қолди? Анҳор бўйидаги бу боғни нега танимайди?.. А, ўша боғ-ку! Хазонлари шамолсиз ҳавода беҳуш қалқиган ўша боғ! Танимаганини қаранг. Ахир, шу чорбоғда Мунисни учратганди-ку. Мунис… Кузги боғнинг шундоқ чегарасида — масту аласт хазонрезга халақит беришдан чўчиб, йўлак бошида тўхтаган қиз! Маҳобатли хазонрез тўлғонишларининг бир четида журъатсизгина турган қиз унга сеҳрли ва ниҳоятда гўзал кўринган. У юраги ҳилвираб, маҳлиё бўлганча, серрайиб қолган…
Сўнг қизнинг ортидан эргашиб кетаверган. Кетаверган. Ўзини унитиб, дунёни унитиб – мақсаду орзулардан мосуво бўлгунча кетаверган. Токим қиз уни бир кўргандан яхши кўриб қолганини, лекин отаси қизини унга бермаслигини айтгунча, эргашиб юраверган. Бу қиз бахт ва бебахтликни қандай қилиб бир жумлага жо этди? Гарчи Асрор бу оғир гапни эшитганда, бир қалқиниб, тўхтаб қолган бўлса ҳам, бахтга ўраб ташланган қаршисидаги нохос тоғдан, ошиқларга хос беписандлик билан сакраб ўтган. Ўтган-да, яна эргашиб кетаверган. Кетаверган, кетаверган…
Бориб-бориб Муниснинг отаси — Самиғ Ниғматович Миркалоновнинг рўбарўсидан чиққан.

Самиғ Ниғматовичнинг катта одам. Номини ҳамма билади. Бирор мараками тўйга шотирлари билан кириб келса, барча типирчилаб қолади. Югур-югур бошланади. Алоҳида тайёрланган хосхонага киргизилади. Хизмат талош бўлади. Савлатидан шаҳар ҳуркийдиган одамлар ҳам товоқ кўтарибми-ей, шиша кўтарими-ей – ниманидир баҳона қилганча — хосхонага кириб, “шундай улуғ одамга” бир кўриниш беришга ҳаракат қиладилар. Бирор бир милиса машинангни тўхтатса, “ака”га қарашли одамлигинггга ишора этсанг, бўлди — узр сўрашу чест беришларни қойилмақом этиб, ҳурматингни жойига қўйишади. Қўзғолганингдан кейин “хайрият-э” деб қутулганига шукур қилади.
Унинг исму шарифи қандайдир бир парол. Бировга эслатсанг, битмаган ишинг битганини билмай қоласан. Ҳурмату ваҳима аралалаш нимадир одамларни югургилатиб хизмат қилдиради…
Шундай одам сенинг тақдирингни ўн беш дақиқада ҳал қилди. Нақа… Аҳролмисан? Яхши… Ростини айтсам, сенга берадиган қизим йўқ эди, хўпми? Аммо бир ишинг ёқиб қолди. Ҳамдам Расуловичнинг ўғлини калтаклаганингга қойил қолдим, хўпми? Ёнидагиларни ҳам қўшиб урибсан! Қизларга гап отган жазоси шу! Сени милисадан ўзим олиб қолдим. Хўпми? Аммо энди бундай ишларни йиғиштир? Хўпми? Нега жим турибсан? Қизиқ бола экансан-ку! “Хўп” демайсанми? Бошингга бахт қуши қўняпти… Хўпми?
Асрор “хўп” деди. Самиғ Ниғматович нима айтса, Мунис тайинлагандай, фақат маъқуллади.
Бу касбингни ташлайсан, хўпми? Хўп! Қайтиб қўлингга нақани… мўйқаламни теккизмайсан, хўпми? Хўп! Тикистилда ўқийсан, гаплашиб қўйдим, хўпми? Хўп. Мани битта-ю битта фарзандим мана шу Мунис. Агар тўй бўлса,менга ўғил бўласан, хўпми? Хўп! бу уй-жойлар икковларингники бўлади, хўпми? Хўп. Мен сени кўтараман. Мендай ҳамма ҳурмат этадиган раҳбар бўласан, худо хоҳласа, хўпми? Хўп! Хўп!… Хўп!.. Хўп!…
Асрор ҳамма шартга рози бўлди. Бу шартларни бажариш нима бўпти! Жонини сўрашса ҳам беради-ку! Фақат Мунис ёнида бўлса, бас! Нимадан кеч дейишса, кечади! Нима қил дейишса,қилади! Ахир, Муниссиз бу ҳаётнинг нима кераги бор!
Йигит Мунис учун бор дунёсидан кечди. Ташлаб кетгани орзую мақсадига бурилиб қарамасликка қарор қилди. О, у кучли одам! Бироқ Асрор кечган дунё, у Муниснинг ортидан қандай эргашган бўлса, худди шундай изма-из изиллаб келаверди. Ташлаб кетилган тақдир оғриниб, ўртаниб, куйиб, ўксиниб – бир қийноқ дардга айланиб, жон-ҳолига қўймади. Йигирма икки йил уни тинмай таъқиб қилган тақдирнинг тайзиқига миқ этмай дош берди. Кўнглининг равишини тош ирода ичида тутди. Раҳматлик қайнатасининг режаси ва раҳномалиги остида қўрётган янги тақдирини чиндан уриниб қурди: соҳа одамларини тилига тушган мутахассис бўлди; меҳнатидан униб, “кўтарилди” ҳам. Худди Самиғ Ниғматовичнинг орзусидагидай одам бўлди. Аммо бугун… Ҳаммасига Ван Гог ва мана шу куз айбдор! Мана, у кўнгил етагида, боши оққан тарафга кетяпти…

Асрор Валиевич боғ тўридаги – пештоқига ёнарҳарфлардан “СУҲБАТ” деб ёзиб қўйилган, иморатга кўзи тушгач, қувониб кетди. Ие, ўзлари-ку! Шунча тўс-тўполондан омон қолибдилар-да! Баракалло! Пешонангизга ёнарҳарфлардан — мақтовингизни келтирадиган — рекламалар қўндириб олганингизни ҳисобга киритмасак, ҳеч ўзгармапсиз, биродар! Ҳақиқатдан ҳам биродаримсиз-да! Ижоддан чарчаган, ижодга ташна, ижоднинг сиру асрорини билишга интилган, кўнгилдошларини учратганидан бахтиёр одамлар даврасини бағрига бемалол сиғдирган бу камтар қаҳвахона биродар бўлмасдан, нима бўлади! О, сизда… Кечирасиз, “сен”лаб гапирсам бўладими?. Раҳмат!.. Хуллас, сенда ҳур базмларимиз қандай гуриллаган! Рауф Парфи айтганидай, “дарвишлар базми”! Шоирнинг ўзи ҳам сенга ишга келгандай қатнаган. Ароқ билан бошланган баҳс пивога қадар тушиб келган; пиводан бошланган суҳбат, ароқ билан юксалган; У суҳбатларнинг ниҳояси бўлмаган – сенда авжланган дарё суҳбат, кейин ирмоқлару ариқларга бўлиниб, қаерларгадир – зилзиладан сўнг бузилмай қолган увада ҳовличаларга, ижара уйларга, рассомларнинг устахонасига, ётоқхоналарга оқиб борган. Сенда бошланган мавжланиш кўнгиллардан кўнгилга ўтган – тошлар эриган, дарахтлар мева берган, ниҳоллар боғ бўлган – бу тошқинларда бутун Тошкент мавжланган. Худди шундай! Мен ҳам мавжланганман! Мен ишлаган суратлар денгиздай тўлғонган! “Ну, его!.. — деган раҳматлик Рўзи Чориев кўз ёшини артиб. – Йиғлатади!” Ҳа, мен ҳам одамларни йиғлатганман! Ким чизган суратларимни кўрган бўлса, лолу ҳайронлик-да қотганлиги рост! Фақат Мунис… У суратларимга совуққина қараган-да, “яхши” деб қўя қолган, холос. Суратлардаги туғёнлардан унга ҳеч нарса ўтмаган. Суратлар ҳам ундан бегонасираган… Мен Мунисни шеъру суратларга ошно этишни, ўзимдай мавжланишини жуда истаганман. Уни денгиздай тўлғониб ётган давраларга бошлаб ҳам келганман. Аммо у озроқ ҳадиксирабми, озроқ жирканибми-ей бир четда ўтирган. Дастурхонга қўл чўзмаган, суҳбатга қўшилмаган — бир пас ўтмасдан унга “кетдик” деб ишора қила бошлаган. Серфаҳм Рауф Парфи буни илғаган: “Сизнинг бу келишингиздан умидим катта эди, — деган у ҳаммага ёқадиган табассумида Мунисга. — Сафимиз яна бир дарвишкага кўпаяди деб ўйловдим. Афсус, ишончимни оқламайдиган кўриняпсиз. Энди.. Асрорни ҳам ўғирлаб кетасиз-да, а!” “Илоё, шу қиз мени ўғирласин!”, деб худога нола қилиб ўтирган йигитни ўғирлаб кетиш осон: Мунис ўша заҳотиёқ бир имо билан олди, кетди! На парвардигор унга атаган тақдир қолди, на кўнгилда тинчлик…
О, хаёлларга берилиб кетибман!..
Кўринишинг яхши! Боғнинг тўрида, хазонрез сочқинига елкангни тутиб, менга кулибгина қараб турибсан. Танидингми? Нимани эслаяпсан? Ўша хотиралар ҳозир ҳам шу ерда яшаяптими? Қолдириб кетилган тақдирлар бу боғни арвоҳлардай айланиб, сени безовта этаётгандир? Ёки улар фақат куз келганда, эшигингни тақиллатиб, нохос келадиларми? Сен мени ҳам арвоҳ деб ўйлаётгандирсан?… Жуда сирли кўринаяпсан. Остонангдан ҳатлаб кирсам… нима қиласан?
У ўзининг теварагига қурган ҳамма ҳушёр чегаралардан бир неча соатларда ҳатлаб ўтганини ва бу яхшиликка олиб келмаслигини англаб туради. Агар қаршисида турган қаҳвахона сари бир неча қадам масофани босиб ўтса, орқага ҳеч қачон қайтиб бўлмаслигини шундоқ ҳис этади — вужудида қўзғолган аллақандай зилзила оғушида титраб-қақшайди. Шу билан бирга, қудратли бир куч Асрор Валиевич ўзини зўрлаб киргизгани темир қобиқдан қўпориб, аллақандай сурурли, мастона дунёлар тарафига учириб бораётганини ҳам тушинади. Узоқлардан бўйлари элас-элас келиб турадиган, қачонлардир оғушида озод учгани – ўша қолиб кетган дунёни соғинганини, унингсиз ортиқ яшолмаслигини; ҳамма қатори кун кечилишга ҳаракат этиб қурган омонат ҳаётидан бир зарб билан воз кечиши шартлигини ҳам фаҳмлайди. Зотан, бугун — Ван Гогнинг кўргазмасидан сўнг — бу зарб ичида етилиб келганини, “тақдирим” деб ўйлаб авайлаб-асраган умргузаронлиги устида қандайдир бир шавқла парвозда билан кўтарилганини ва энди… таваккал этиш лозимлигини сезади.
Худойим! Нега таваккал этмай? Нега?.. Ахир, бу кузни — умримнинг ўша кунида қолган мана бу фасли ҳам рўбарўмдан чиқариб турибсан-ку!.. Мен уни, синовинггга дош беролмай, ташлаб кетган эдимми? Демак, ҳаётимни қачонлардир узилган жойидан энди қайта бошлашим керакдир-да!.. Бошла, мени бошла!..

Асрор Валиевич қаҳвахонага киради. Қаҳвахона ўша пайтлардагидай ёруғ эмас, нимқоронғу эди. Аммо кираверишда – авалгидай — бар! Бироқ у ниҳоятда олифта кўриниш олган; столлар ҳам ўша пайтдагидай — ярим айлана залнинг деворлари бўйлаб терилган. Бироқ энди ҳар бир столнинг сатҳига девордан пастга қараб ўрнатилган чироқлар хира-шира нур тарайди. Нимқоронғуликда столлар оролларга ўхшайди. Ўша пайтлардагидай барда пиво ҳам сотишяпти. Фақат энди қўлларида қўш-қўш бокалларни тутиб, пиво талашаётган пивохўрлар йўқ. Янгича нафис идишлардан кўпиклари тошиб турган пиволарни официантлар патнисларга солиб, хўррандаларга олдига қўйишяпти. Ҳамма жой озода, илгарги бақир-чақириқнинг ҳам уни ўчган.
Бармен унга кўзи тушган заҳоти бир сесканиб тушади:
— Ие, Аброр ока! Қўрқиб кетдим-э!
У шошиб зал томонга қарайди ва кулиб юборади:
— Эгизмисизлар?
Асрор Валиевич гап нимадалигини тушинмаса-да, бу майда гапнинг тагига етгиси келмайди:
— Ҳа, — деб қўя қолади у, — эгизмиз.
— Аброр ока бир дақиқа бурун залга кириб кетган эдилар. Қарасам, яна кириб келяптилар!.. Жинни-пинни бўлдимми деб!.. Бор бўлинглар-э! Ўтакамни ёриб юбордиларинг!.. Ҳўв, ана ўтирибдилар!…
Асрор Валиевич у кўрсатган тарафга бир қараб олади. Сўнг шошмасдан барнинг токчаларига териб қўйилган ичимликларга кўз югуртиради.
— Анавудан борми? – дейди у француз коньягига ишора қилиб.
— Бизда ҳаммаси бор-де, ока! Қанча?..
— Икки юз…
— Буни, оз-оздан ичилса, жа роҳат… – Бармен Асрор Валиевичнинг юзига бир кўз ташлаб, ундан таралиб турган виқорни кўргач, гапи оғзида қолади: — Хўп-де, ока!
Асрор Валиевич конъякни, бармен учун кутилмаганда, жуда осон ичади. На юзи буришади, на чуқур нафас олади. Сўнг илтифот билан узатилган шаколад бўлагига парво ҳам қилмасдан, бармен кўрсатган стол тарафга юради.
Асрор Валиевич столга яқинлашиб келаркан, унга тескари ўтирган одамлар стулларни тарақлатиб, ўрнидан қўзғолишади. “Мени кутишаётган экан”, деган фикр Асрор Валиевичнинг кўнглидан “йилт” этиб ўтади. У бу хаёлнинг мантиқсизлигини ўйлаб кўрмайди ҳам .
— О, инсон!.. Инсон келди!
Давра уни шу хитоб билан шодон кутиб олади. У соғингани раҳматлик одамга юзма-юз келгандай, бирдан сесканиб кетади. Бу сўзлар қаердан келди? Ҳали ҳам шу тарзда айтишадими?… Кимдир уни бағрига босади, кимдир қўлларини ҳаводан айлантириб кафтига кафт уради, кимдир юзига юз уриштирди.
— Кани, кани…
Бу жумла ҳам қадрдон! О, Рауф Парфининг меҳмонга илтифоти! Ўша!…Наҳотки, устоз шу ерда бўлса!.. У кўрсатилган ўриндиққа чўкар экан, атрофдагиларга бир-бир қарайди. Йўқ, Рауф Парфи йўқ. Аммо кимдир унинг қарашининг маъносини илғайди:
— У киши йўқ. Давра тўлиб кутиб ўтирган эдик. Уч-тўрт киши сизни кута-кута, кетиб қолишди.
— Дунёнинг ишида!..
Бу кимнинг гапи!.. Ўзиники! Бир пайтлар шу жумлани бўлган-бўлмаган жойда ишлатиб, барча дўстларнинг кайфиятини кўтарар эди. Фалончи ўқишга кирибди? Дунёнинг иши-да! Пистончи ишдан ҳайдалибди. Дунёнинг иши-да! Кеча тонггача ўтирибмиз! Дунёнинг иши-да! Им-м… Бошим оғрияпти! Дунёнинг ишида! Бир тийиним ҳам йўғ-а! Дунёнинг иши-да!..
Асрор Валиевич даврадагиларга яна бир бор разм солиб чиқади. Тавба! Бу нотаниш одамлар унга… таниш эди. Ҳатто қадрдон! Ҳатто улар билан умргузаронликда ҳаётнинг аччиқ-чучугини биргаликда тотишгандай эди. У ўзи бир пайтлар айтган гапини такрорлаган одамга синчиклаб қарайди. Бу одам… бу одам… бу одам унга ўхшар эди. Эски жинси ва дағал жемпер кийиб олган, сигаретни олифталик билан пуфлаб, гапни палохмоннинг тошидай ҳар тарафга отганча, гулгун очилиб ўтирган бу ўрта ёш одам унинг худди ўзи эди. Бармен уни шу одам билан адаштирганини Асрор Валиевич англайди.
Давра қулфи калитсиз – ниҳоятда очилиб ўтирар, шу сабабданми, унга сингшиб кетиш жуда осон кечади. Бунинг устига, Асрор Валиевичнинг кўнгли ҳам авж бахтиёрлик ҳаволарида жўшган — у бу авжнинг тошқинида ҳар қандай даврага ёқишини аниқ ҳис қилади.
— Келдингизми? – дейди унга қиёфадоши худди кеча кўришган одамнинг оҳангида. – Бу бозор дунё сизни ҳам тамом ютиб юбордими, деб хавотирда эдик.
— Ютолмади! – дейди у . – Катталик қилдим! Оғзига сиғмадим!
— Зўр! — дейди қиёфадоши.
Негадир унинг бу гапи барчага ёқади. Ҳамма кулади.
— Албатта, катталик қилган, албатта! – деб негадир қийналиб гапиради ориққина одам. – Мен ҳам катталик қиламан! Ютиб бўпти!..Мана!.. – У муштини кимгадир қўрқмай кўрсатиб, пўписа қилади.
— Бу ерда ҳамма омон қолганлар – дунёнинг оғзига сиғмаганлар ўтирибди! – дейди барваста одам. – Бизни ютолмайди! Хўш, энди… Меҳмон келди… Мурод-мақсадга етамизми?
У чаққонлик билан қадаҳларга ароқ қуяди.
— Бу финжонни энди келган инсон учун кўтарамиз!
Яна Рауф Парфининг овози! У қаерда? Ё биров тақлид қиляптими? Асрор Валиевич бу қадаҳсўзни ким айтганини англамай қолади.
— Эй!.. Инсон йиғлаб дунёга келади, йиғлаб дунёдан кетади!.. Давайте!
У бу гапни ҳам ким айтганини кўрмайди. Аммо бу гап Рўзи аканинг – устоз Рўзи Чориевнинг — ўрисча ўзбекчаси эканлигини билади-ку! У ҳам шу ерда, шу ерда!…
— Ичинг-да энди! – деб уни ўзига келтиради қиёфадошининг ҳазил аралаш қувноқ товуши. – Кечикиб келганингиз етмагандай, тиралиб ўтиришингизни қаранг!..
Асрор Валиевич қадаҳни бир кўтаришда бўшатади.

Асрор эртаси тонгда уйғониб, кеча нима бўлганини эслай олмайди. Кўзини юмиб ётар экан, нималардир элас-элас хаёлида жонланади.Аввал мастона давранинг бетўхтов ҳазил ҳузилу, тортишуву баҳслари қандай гуриллагани хотирасидан ўтади! Ў, қандай яйраб ўтиришди! На Кафка қолди, на Гоген, на Беҳзод, на… Ҳаммасининг ижоди кавлаб чиқилди! Ўзи… Ўзи нима қилди? Ҳа, ҳеч кимга гап бермай, монологлар ўқиди! Мияси бирдан ёришиб, аллақандай қотиб қолган ҳақиқатларнинг авра-астарини ағдариб ташлади; барчанинг оғзини очганча, санъат энди қандай ривожланиши ҳақида эҳтирос билан нутқ ирод этди; нима учун тасвирий санъатга томошабин кераклиги ҳақида, бешафқат тақдирнинг ўйинлари даҳоларнинг бошига минг турфа савдолар солиши тўғрисида куйиб-ёниб гапирди. Фикрати мантиқ довонларидан енгил сакраганча, учиб борар экан, шу дақиқаларда яйраб яшаётганини ҳис қилди! Даврадагилар ҳам бир эрка маъқуллашда уни қўллаб-қуватлаб туришди. Бадиҳа фикрлаш миянинг қатларида мудраб ётган нотаниш маъноларни шиддатли туғёнларда ўйғотиб борар экан, вужуди қанотланиб бораётгани фаҳмлади… Ҳатто учиб кетётгани ҳис қилди… Ҳа, учди! Илгари у шундай яшаган! Фақат учган!..
Кейин… кейин… кейин… нима бўлди?
Алламаҳал қаҳвахонадан ҳамма бирга учиб чиққани билади, аммо бошқалар қайси тарафга парвоз қилганини эслай олмайди. Уни ҳалиги қиёфадоши Аброр устахонасига таклиф қилгач, бу таклияга бир вақтлар — ёшликда кечадиган каби — осонгина рози бўлади. Чунки рози бўлмаса, бу ажиб парвознинг қанотлари шу зоҳатиёқ қовжираб қолишини тушинади. Иккаласи чироқлар тилкалаб ташлаган кечага ним яширинган кузакни оралаб, бугун ечими қийналмай топилаётган мангу муаммолардан баҳслашганча — қизғин суҳбат асносида — шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган рассомларнинг уйига – шундоқ биринчи қаватдаги ижодхонага учиб кирадилар.

Ижодхонага киришлари билан Асрор Валиевич бутун вужуди бесабр бетоқатликда ўртанаётганини сезади. У ҳозир нимадир – аллақандай муъжиза юз беришини англаб туради.
Ҳамроҳи Аброр ҳам мана шу бетоқатликда ҳаракатланади — қўлидаги шишаларни ва закускаларни шошиб чой столига қўяди ва “ҳозир… ҳозир” деганича, девордаги чироқёқар тугмачаларни бирин-кетин босади.
Деворлардаги ва шифтдаги чироқлар порлайди-да, ижодхона чарақлаб кетади.
Ижодхона жуда катта — унда нарсалар фақат ижодкоргагина тушинарли бетартиб тартибда сочилиб ётар ва бутун хона ногаҳон келадиган илҳомни ушлаб қоладиган антиқа ҳушёрликда эди.
Асрор Валиевич эски шкафдаги китобларни, ерга тўшалган қандайдир катта ҳайвоннинг терисини, деворларга осилган қўнғиротча ойнахалта, тузлиқ ва белқарсларни, кираверишдаги бурчакда қўполгина йўнилган тахталардан ва шу билан бирга ажиб дид билан ясалган стол-стулларни, чала ишланган суратли мольбертни, дароз табуретка устидаги бежирим вазага солиб қўйилган мўйқаламларни – устахонадаги бор нарсаларни негадир юраги зирқираб, тамоша қилади.
Бу устахона ва ундаги жиҳозлар Асрор Валиевичга таниш эди.
У бу устахонани қаерда кўрганини эслашга зўриқиб уринади ва… топади! Бу ўша устахона! Ўша!.. Ёшлик чоғлари — унинг хаёлида минг бор жонланган устахона! У хаёлида ўзининг бўлажак устахонасини худди шундай тасаввур этган! Жаҳонни забт этадиган суратлар худди шу устахонада яратилиши лозим эди. Асрор Валиевич мақсадини ташлаб кетгач, эгасиз қолган орзу, наҳот, бу ерга келиб қўнган бўлса…
Аброр эса унга парво қилмай, “ҳозир… ҳозир”ни тилидан қўймаган асно, устахонанинг бир томонини бор бўйича бекитиб турган узун пардани шариллатиб тортади ва ҳозиргина сеҳргарлигини қойилмақом бажариб, ўзини олқишлаш учун томошабинга ижозат бераётган сеҳргар каби икки қўлини назокат билан тепага кўтаради.
Асрор Валиевич энтикиб кетади.
Деворда суратлар… суратлар… суратлар… Деворнинг энини ҳам, бўйини ҳам суратлар забт этган! Осилган, деворга суянган – катта-кичик, рамкали ва рамкасиз суратлар…
— Ў!.. – деёлади холос Асрор Валиевич.
У юраги ҳапқириб, суратларни томоша қилишга тутинади, аммо Аброр “ҳозир”лаганча, уни устахонанинг тўрига бошлайди-да, устига бўз ташлаб қўйилган одам бўйи картинанинг устидан матони юлқиб олади ва бўш қўли билан яна сеҳргарга хос “мараҳамат, томоша қилаверинг!” дегандай ҳаракат қилади.
Картинадан сурати бор бўйича ишланган ёшгина аёл — этаги ергача чўзилган зангори кўйлакда, қўлларида қирмизи кузги барглардан хазондаста тутган кўйи — ажиб бир жоду қарашда нақ… Асрор Валиевичнинг кўзига тикилиб турар эди. Асрор Валиевич лол карахтликда қотиб қолади. Мунис?.. Бу нимаси?
— Бу қизни ёшликда девона бўлиб яхши кўрганман, — деб суратга изоҳ бера бошлайди Аброр. – Аммо ажралиб кетишга тўғри келди. Ўлиб кетсам керак дегандим… Аммо ўлмадим! Худо қўллади…
— Нега, — дейди Асрор Валиевич овози титраниб, — ажралиб кетгансизлар?
— Тўғри келмаган… Унинг уйидагилар… Ўзи ҳам “рассомликдан кечсанг…” деган шарт қўйган…
Асрор Валиевичнинг боши ҳаяжондан зимиллаб кетади.
— Сиз… кўндингизми?
— Йўқ, — дейди Аброр қаътий, аммо билинар-билинмас ҳасрат анқиган овозда. – Йўқ! Мен касбимни ташлаёлмадим. Худо буюрган ишдан қаёққа қочиб кетаман?.. Бу дунёга одам йиғлаб келади, йиғлаб кетади!.. Ҳозир!..
У кираверишдаги жавондан ликоблар ва финжонлар олади-да, чойстол устида бўлажак “тонготди” суҳбат учун емак ва газаклар тайёрлай бошлайди.
— Шу портретни Париждаги кўргазмага қўйганимда, бир ҳинд миллиардери миллионга сотиб олмоқчи бўлган эди… Сотмаганман! Ҳозир ҳам одам қўйиб юрибди… Аммо сот-май-ман!.. “Одамларнинг суратлари ўзларидан чиройли!” Қайси шоир айтган? Нозим Ҳикматми?…
Асрор Валиевич Аброрнинг гапларини эшитмайди. У Муниснинг қаршисида илон рўпарасида сеҳрланган жонивордай қотиб туради. Сўнг Муниснинг кўзларидан кўзини аранг олиб қочиб…
…бошқа суратларга кўз ташлайди…
Э, худойим! Парвардигор! Мени нима қиляпсан! Бу суратлар ҳам… Булар ҳам… Девордаги ҳамма суратларни унинг хотираси бирин-бирин танийди – бу картиналарнинг бир қисмини у бир вақтлар чизишни ўйлаган, бир қисми эса… агар…агар…касбини давом эттирса, хаёлига илҳом олиб келадигани расмлар эди. У ҳаётини, кўнгил буюргандай қурганда, худди шу расмларни чизган бўларди! Худди шундай!..
Э, Худойим!…
Яратган!..
Парвардигор!…

Кейин… кейин… Нима бўлди?
Эсида йўқ.
Ҳеч эсида йўқ.

Асрор Валиевич ишхонага келиб, Рассомлар академиясига қўнғироқ қилади. Яхшимисиз, дўст… Бир зўр рассомларингиз бор экан-а! Даҳо! Исму шарифи Аброр Рихси… Танимайсизлар! Нега? Шундай зўр рассомни ҳам билмасаларингиз… Манзили? Ҳозир… Ҳозир… Байрам кўчаси биринчи уй, биринчи хонадон… Нима? Бу манзилда мен яшайман деяпсизми? Йўғ-е! Байрам кўчаси, биринчи уй, биринчи… Мен адашмайман. Худога шукур, хотирам жойида… Ростдан айтаяпсизми? Бунақа рассом йўқ денг… Ҳа, эҳтимол… эҳтимол… чалкаштиргандирман… Хўп… Хўп… Саломат бўлинг…
У трубкани қўйиб ўйланиб қолади.
Э, Худойим!..
Яратган!
Парвардигор!

У ўзига ғарқ бўлиб, қимирламасдан узоқ ўтиради.
Асрор Валиевич энди ҳаммасини тушунган: бу дунёни яратган Қодир эгамнинг қудрати ила у кеча ўзи билан — ташлаб кетгани тақдирдаги ўзи билан учрашган эди. Бу хаёлдан кўнгли ногоҳ равшан тортиб, вужуди кучга тўлаётганини, руҳи эса қанотланиб бораётгани шундоқ сезиб туради. Ўзининг сукуттуришига аранг сиғиб ўтирар экан, эндиги ҳар қандай ҳаракати ўша қачонлардир ташлаб кетилган Ўзи сари бошлашини тушинади ва негадир бениҳоя қувонади. Асрор Валиевич шартта ручка олади-да, юзу кўзидан нурли бир табассум таралганича, ўзига ўзи овоз чиқариб айтиб турган кўйи, ёзишга тутинади.
Хўш…

“…га

Ариза…

… ўз аризамга кўра… лавозимимдан озод этишингизни сўрайман…”.
Хўш… Мана, энди гажак қилиб имзо қўямиз… Хўш… Санасини қани? Уни ҳам ёзамиз… Икки минг ўн учинчи йилнинг йигирманчи ноябри… Баракалло! Қойил!
У бир пасда йиғиштириниб, портефелини кўтарганча, қабулхонага чиқади ва Жасминани ҳайратга қолдириб, бахтиёр енгилтакликда “гуд бай” деганча, хонадан шундоқ… учиб чиқиб кетади. Жасмина югуриб бориб, деразадан қарайди. Ишхонадан учиб чиққан Асрор Валиевичнинг олдини ҳайдовчи тўсади. Унга қўл телефонни кўрсатиб, нималардир дейди-да, шошиб машина эшигини очади. Бошлиқни машинага таклиф қилади. Асрор Валиевич унга барво ҳам этмай, бир қалқиниб, ҳавога илкис кўтарилади… у дарахтларни оралаган асно юксалиб борар экан, молу дунё ортириш, кийишу ейиш, маишат қилиш, қорин ғамида тентираш, юксаклик ва тубанлик аро довдираш, тушиниш ва тушинмаслик, муҳаббату нафрат, душманлигу дўстлик… – минг турфа савдоларда ғимирлаб ётган дунёга фалакдан қарайди. У бу дунёнинг оғриғи шундай кўтарилиб, жисми жаҳоннини забт этганини ҳис этади. Энди бу Дардларнинг суратини чизмаса, шу учишда чилпарчин бўлиб, қулаб тушишини ҳам фаҳмлайди. Асрор уни парвоз эттирётган қудратнинг исмини ҳам билади. Аниқ билади. Ижод. Фақат бу парвоз тугамай, ўзини топиб олса, бўлди. Ўзинг кўмак бер! Ўзинг қўлла! Биламан, бу йўлдан қайтмасам, мени учириб толдирмайсан! Чунки сен энг… энг.. энг улуғ ижодкорсан! Чексиз-чегарасиз ижодкорсан… Чексиз-чегарасиз!
Ё, Раҳмон!
Ё, Раҳим!
Ё, Қаҳҳор!…

————

20.04.2013

2. БИР ДАСТА ҚИЗИЛ ГУЛ

Бош ҳисобчи Жамила Ғафуровна чиройли аёл. Бу аёлнинг ёши қирқлардан ошиб, қирқ бешларга туташиб қолганини ҳеч ким тасаввур ҳам қилолмайди! Ниҳоятда гўзал! Шодмонбековнинг таъбирини билан айтсак, дунёдаги энг, энг, энг, энг… энг гўзал аёл! Тенгсиз. Гўзаллар танловида қатнашса, биринчи, иккинчи, учинчи…. мингинчи – қанча ўрин бўлса, ҳаммаси, албатта, Жамида Ғофуронага тегишли бўлади! Унинг ёнида бошқалар саноққа киролмайди. Воҳ, унинг ҳусну жамоли! Кўрган одам бир қалқиб тушади!
— Ҳуснини сотганда-чи, маши аёл минг карра милиардер бўларди-де! -деган “янги ўзбек”ларнинг ҳусни жамолни қадрлашда афсонага айланган йирик вакили Карим бойвачча , Жамиланинг ортидан армонда қараганча.
Ҳар қандай молни неча сўму неча тийин, неча доллару неча сент туришини бир қарашдан аниқ биладиган шундай одам ҳам, бир “уф!” тортиб, дунёда бозорнинг ҳадди сиғмайдиган нарсалар борлигига жуда қаттиқ ачинган:
— Нодон-де! Вақтида сотиб қолмийдими! Эртага кеч бўлади! Хазон гулнинг ҳузурини мусурхона кўради-де… Лекин маладес!
Ҳа, “лекин маладес!” деган. Тан олган! Бошқача ўйинлар қилишга журъат этолмаган.
Чунки Жамила Ғафуровнанинг чиройи ниҳоятда сипо, тортинчоқ, сирли, ҳаёли — “кучинг етса, олиб кет”, дегандай эркаланиб турмайди. Нозланмайди. Худди мунграниб ёзилган мусиқага ўхшайди, ёхуд шеърнинг руҳидан бунёд топгандай — дардли ва самимий.
Чирой ҳам дардли ва самимий бўладими?
Бўлади! Ў-ҳў! Бу дунё не турфа чиройларни кўрмаган! Фирибгар чирой, нодон чирой, бозор чирой, подшоҳ чирой, кўнгил чирой… Жамила Ғафуровнанинг чиройи эса ҳеч нарсага даъво қилмайди, ҳеч нарса талаб этмайди, фақат этларни жимирлатади, юракни ҳапқиртиради, ҳатто суяклар қисирлайди, аммо чидаб бўлмас ҳайрату лолликнинг чегарасидан бир қадам ўтказмайди. Аёлнинг беқиёс ҳусни, латофатию латифлиги шу қадар озодаки, унга яқинлашишдан эркаклар ҳайиқади. Ахир, бунча ҳуснни қандай эплаш мумкин? Бу чирой ойдай балқиб, бағрингга бош қўйганда, юрагинг ёрилиб ўлмайсанми? Бунинг устига, яқинига борсанг, доғинг юқадигандай… Ҳар ҳолда, қўрқинчли! Шу сабабданми, бу аёлга биров кўнгил изҳорини ошкор айтишга журъат этолмаган. “Оҳ”у, “”уф”лар ошиқликнинг пинҳон кечаларида қолиб кетган. Энди бу ошиқлар ноиложликданми, Жамила Ғафуровнанинг мухлисига айланган. Ишхонанинг жаъми эркаклари бош ҳисобчининг мухлиси!
Жамила кийинишни ҳам қойил қилади. Нимаки кийса, ярашиқли! Сочларининг турмакларю юзидаги пардоз-андози, қулоқларидаги исирғалару бармоқларидаги узуклар — барчаси антиқа! “Қаердан топдингиз?”, деб, ҳавас билан суриштирган аёлларга, эски шаҳарнинг бозоридан олганини айтади. Ҳеч ким ишонмайди. Чунки унинг устида арзонгина либослар шоҳона кўриниш олади, нархи бир тийин тақинчоқлар маликаларнинг зебу зийнатига айланади — ҳозиргина “Кристиан диор”дан кийиниб, Фарангистоннинг “Гўзаллик салони”дан чиқиб келаётгандай! Коридордан йигирма минглик қалбаки атирни “Шанел”нинг энг қимматбаҳосидай уфиртирганча, эркакларнинг бошини айлантириб ўтади. “Бахтли бўлишдан осони йўқ, -дейди Шодмонбеков. – Ана, Жамила ўтган коридордан нафас оласан – тамом – бахтлисан!”.
Камгапгина Жамила гап бошлаганда ҳам, суҳбатдошлари жим қолади. Чунки фаросати бор, ақли бор – бўлар-бўлмасни гапирмайди. Бурунги йил идорада уюштирилган семинарда ҳисоб-китобни янгича тизимга ўтказиш таклифи билан чиққан. Шундай асосли илму амал билан гапирганки, гўё Жамила Ғафуровна артистдай, залдагилар қарсак чалиб, олқишлаганлар.
— Во-о, уккаарди қизи-и! – деган танаффусда идоранинг Сурхондарёдаги шуъбаси бошлиғи Жўрақобилов, — ақли ҳам бор экан-да! Тоғам Панжи чобағоннинг бир оти бўгич эди! Шўнга бир қойил қолганман! Энди бул пошикастага таслим бўлдим! Оғзим очилиб қолди-я! Ҳозир ҳам юмолмай юрибман-а!.. Ҳусниям лекигин!.. А?.. Дамига тортса, йўқ бўп кетасан-да!..
У эмраниб анчагина гапиринган, сўнг Шодмонбековдан жиддий сўраган:
— Бу балони қаердан топдиларинг?
— Бизнинг айбимиз йўқ, — деган камтарлик билан Шодмонбеков ва фалакка ишора этган. — Ўзи яратган! Ўзи топган!
— Э, худойим-а! – деган сурхондарёлик Жўрақобилов.

Хуллас, бу “Ўзи яратган” аёлни бутун ишхона яхши кўради. Унинг юмшоққина — кўзга ташланмайдиган мардона феъли ҳам барчани мафтун этган. Бош ҳисобчига иши тушмаган одам борми? Дейлик, хонасига кирасан! Ийманибгина гап бошлайсан:
— Жамилахон!.. Шу ойликкача… Қурғур… етмай қолди…
Жамилахон Ғафуровна иймаганингни сезмаганга олади. Дарҳол иккиланмай, ғазначини чақиради.
— Акангизга бироз пул керак экан… Айтганларини беринг!
Ғазначи зоти борки, бундай гапни ёқтирмайди. Жамилахон юзида норозилик липпилаган ғазначига кулибгина қарайди:
— Сиз билан ўзим ҳисоблашаман, Ёқутхон!
Иш битди, вассалом!
Баъзан ғазначини чақирмайди ҳам. Негадир илтимосингизга алоқаси йўқ мавзудан гап бошлайди. Сўнг пўлат сандиқчани очади-да, айтанингизни арзимаган қоғоз тахидай олдингизга қўяди. Пулга заррача эътибор бермайди. Гўё гапираётган гапи муҳим. Аслида, сизнинг хижолат тортаётганингизни кўрмасликка олади, баттар хижолат тортирмасликка ҳаракат қилади.
Қарзни олиб келганингизда эса, кўзингизга синовчан назар ташлайди.
— Агар зарур бўлса, ишлатиб тураверинг, — дейди.
Бу гапни сизни аяб, жуда самимий, таъбир жоиз бўлса, меҳр билан айтади. Эгачингиз, ёки онангизга ўхшаб кетади. Зўриқмаяптимикан, деган хаёлга борган-да! Қайтарганингиз пулни ҳам ҳеч қачон санамайди. Стол тортмасига ташлаб қўяди. Гўё пул эмас, унга сиз муҳим.
Ишхонадан бировнинг бошига иш тушиб қолса-ку, Жамилахон у одам ҳали ҳаракатга тушмасдан, бошлиқнинг олдига кириб, барча муаммони ўзи ҳал этиб чиқади – ёрдам пулими, ё аллақандай хизматингиз учун мукофотми…
Бу савоб хизматларни у одам танланмай – барчага баробар бажаради.
Ҳамкасблари эса уни кўкларга кўтариб, мақтайдилар.
Бу фазилатлари Жамила Ғафуровнанинг чиройига чирой қўшгани аниқ.
Идоранинг Бухородаги шуъбаси бошлиқлигига тайинлаган Бўрсаев ишхонага илк келганида, уни кўриб, “иби, иби”лаганча, гангиб қолган.
— Ин пари аст*, — деган ўзбекчани бир лаҳза унитиб. — Пари!..
— Йўқ, — деган қаътийлик билан раҳматлик Олим Жўраевич. – Фаришта! Жамила Ғафуровна – фаришта!

Жамила Ғафуровна фаришталигидан бехабар — ўзининг ҳаёти билан яшайди.
Эрга тегиб чиққан. Ўтган йил университетни битирган биргина қизи, турмуш қилиб, хорижга кетган…. Одамларнинг бу аёл ҳақида билганлари — шу.
Унинг ўзи ҳам бу маълумотга қўшимча қилолмайди. Бори шу-да!.. Яна нима? Яна… Албатта, нималардир бор. Бор! Аммо… Қандай айтсин? У ҳаётини тушнуксиз сиру синоатга тўлдирган, орзиқтирган, соғинтирган — интизор умргузаронликда яшашга маҳкум этган ажиб бир ғаройиботнинг асири! Бу асирликдан қутулишни чорасини, мана, йилларки тополмайди! Бу асирлик занжиридан озод бўлмоққа ҳам кучи етмайди. Қийналади, азобланади, аммо бу сирни бировга айтишдан ийманади. Ҳатто қизига ҳам гапирмаган. Ўзи тушунмагандан кейин, бировга нима десин? Фақат кулгига қолиши мумкин! Асрори фақат тангри таолага маълум сирлар озми? Эҳтимол шу сирлардан бири унинг қисматига йўлдош бўлгандир? Аммо яшаяпти-ку! Яхши кўрган эри урушда беиз йўқолган аёлдай, соғинчда ўртаниб бўлса ҳам, яшаяпти-ку! Номини айтай деса, исми йўқ, суратини кўрай деса, жисми йўқ кимнидир ўзидан ҳам ортиқ яхши кўради-ку!.. Ҳа, ҳамма гап шунда! Жисми йўқ бўлгандан кейин… Э, худо! Бу сирни ҳеч кимга ошкор этмай, ҳувуллаган қисматини бегона кўзлардан яширин тутиб, сиртида умрини кулиб-ўйнаб ўтказаётгандай яшашга мажбур эканлигини ҳис этмоқ жуда мушкул! Аммо мажбурсан! Чунки атрофда одамлар бор! Уларга ўхшашинг шарт! Фарёдни-ку, қўявер, “уф” тортсанг ҳам, қуюшқондан чиққан кўринасан Одамлар ўзларига менгзамаганларни кечиришмайди! Ғийбат билан омон қолсанг-ку, майли! Ундан баттарига дуч қилишади. Шунинг учун уларга менгзаб яшашга ҳаракат қилиш зарур. Тўғри, ишхонада уни ҳурмат қилишади. Аммо бир қадам бежо қадам қўйиб кўр, қани! Ҳеч бўлмаганда, Муяссар Қодированинг эътиборини тортасан! Бу эътиборининг чангали эса!.. Ў-ў!
Жамила Ғафуровна худди шундай кун кечиради. Рисоладагидай одам. Орқага қолмайди. Югуриб олдинга чиқмайди. Ичида эса… Ичидаги эса фақат ўзига тегишли! Фақат ўзига!..

Аммо Ван Гогнинг суратлари уни тамоман издан чиқариб юборди. Натюмортдаги у қизил гуллар қаердан келди? Ўша гуллар-ку! Ўша — тушидаги гуллар! Адашгани йўқ! Ўша гулларнинг ўзи!

Гулларни…
сен
юбордингми?

Ван Гогнинг хаёлига
гулларни
қандай олиб кирдинг?

Гулларни
рассомнинг
хаёлидан
суратга кўчириб,
менга
ҳадя этдингми?

Бу дунёда
борлигингни
билдирдингми,

азизим?..

Дунёни сенинг бўйларинг тутиб кетди. Ҳаволарни бағримга босиб, кўксимни тўлдириб-тўлдириб, нафас олиб юрибман. Аниқ биламан, сен тушдан ерга кўчгансан. Шу атрофдасан. Менга тобора яқин келяпсан! Кел! Тезроқ кел! Сени бир бор кўриб, дунёдан ўтсам, армоним йўқ! Эшитяпсанми? Эшитяпсанми, умр бўйи соғинганим! Суратда алвон гулларингни кўргандан кейин тоқатим қолмади. Кел!..

Ўшанда нечада эди? Йигирмада!
Институтда ўқиб юрган чоғлари! Ёшлик! Муҳаббат ва орзулар фасли! Ҳа, ўша! Ўша!.. Жамиланинг атрофидаги тенгдошлари, дўстлари, дугоналари — барча севги ва орзу уммонида тўлғонади. Унинг мавжлари юракларни ҳапқиртиради. Оёғи ерга тегмай юрганлар қанча, чилпарчин йиқилганлар қанча! “Карашма денгизин кўрдим — на нозли тўлқини бордир, Ҳалокат бўлғисин билмай, қулочни қатта отдим-ку!” Ким айтган? Чўлпон! Топиб айтган. Севги деган тўфон етганда, ҳалокат хаёлингга келадими? Нажот фақат шу тўфонда эканлигини яхши биласан! Ўзингни ўйлаб ўтирмайсан! Ё ҳаёт, ё мамот! Ё баҳордай гуллаб-яшнаш, ё куздай қовжирамоқ!..
Жамиланинг теграсида шундай ҳаёт мавж уради.
У тенгдошларига ҳаваси келиб қарайди: бировнинг кўйида ёниб яшаш қандай яхши!
Ошиқларининг эса саноғи йўқ. Учраган йигит унинг ортидан бир эргашиб кўради. Аммо ададсиз чирой ёруғларига чўлғонган бу қизга етадиган манзил қаерда эканлигини ҳеч ким тасаввур этолмайди. Висол деб йўлга чиққанлар, юраклар кесишадиган чорраҳада бу қизнинг изи ҳам йўқлигига иқрор бўлишгач, тақдирларига таън бериб, қолиб кетишаверади. Қиз эса бу ёруғ оламдаги ҳеч кимга толпинмайди. Аммо юрагида соғинч бор. Юраги кимнингдир соғинчида зимиллаб тургани турган…

Шундай кунлардан бирида туш кўрди.
Дашту қирда якка-ёлғиз ўзи — соғинчдай ўртаниб, тўрт тарафга югуряпти. Бу қирдан ўтса, муродига етадигандай, бу тепадан ошса, истаганини топадигандай… Гоҳ шамолдай олға учади, гоҳ излагани қолиб кетгандай, сарсону саргардон ортига қайтади. Истагига етмаса, умри адо бўладигандай югуради. Қаердансан, қичқиради у. Қа-ер-да-сан? Ахир, соғиняпман-ку! Соғи-на-яп-ман! Шу пайт рўпарасида бир даста қизил гул кўринади! Ерга тушса, увол бўладигандай, ўзини ҳавода муаллақ тутган бир даста қизил гул! Эпкинда гулбарглари нозик титрайди. Худди орзу каби чиройли! Ҳатто бўйлари ранго-ранг товланади! Жаннатнинг гуллари, ўйлайди Жамила, жаннатнинг гуллари! Кимдир бу гулларни унга интизор тутиб тургани аниқ, аммо кўринмайди – на юзи, на кўзи, на қўли — вужуди туманга ўралган. Аммо… Қизил гуллар! Қиз ақлу ҳушу айро, ўзини унитганча, гуллардан кўз ололмайди. У – маст! Ўша – фақат муҳаббат тортиқ этадиган мастоналик вужудию қалбини тамом асир этган. Жону жаҳонини бахшида этишга тайёр аснода гулларга қўл чўзади. Бироқ қўллари етмайди. Яна интилади — дастлари фақат ҳавони ушлайди. Гулларни бер, ёлворади у. Бу гуллар – меники! Менга атагансан! Мен сени соғинганман, ахир! Ўзингни туманларга ўрама! Ўзингни кўрсат! Мен сени соғинганман, деяпман-ку! Гулларингни бер!…
Бирдан кўринмас одам тилга киради. Унинг овози ниҳоятда ғаройиб – жонўртар, анвойи, юрагу бағирни бурдалайдиган. Мен сени севаман, дейди овоз. Мен сени севаман… Бу овоз бунча чиройли бўлмаса! Инсон зоти бундай товушда қаердан гапирсин! Фариштамикан? Фаришта! Ё севган одам фариштага айланадими?.. Қиз товушнинг беқиёс оҳангига тоқат қилолмай, йиғлаб юборади. Гулларни бер, дейди ёлвориб. Гулларни бер!..
Ногаҳон товуш шеър ўқиётганини ҳис қилади:

Бир даста қизил гул бизни ўртагай,
Бир даста қизил гул – бир даста армон.
Қисмат айрилиққа тошдай ўрнагай,
Азалнинг ёзмиши соғинч – беомон…

Жамила ҳўнграб йиғлайди. Гулларни бер, дейди у фақат! Гулларни бер! Сени соғинганман! Сени кутиб яшаяпман! Ўзингни кўрсатсанг-чи!.. Нега гулни бермайсан?..

У уйғониб кетади. Ҳўнграб, ўксиниб йиғлаётганини, “гулни бер”, ёлвораётгани эшитади. Тушу ҳушлигини ажратолмай, қўли билан юзини силайди — кўзлари, ёноқлари, юзига ёпишган сочлари ҳўл!.. Туш ҳасратининг ҳарорати вужудини тарк этмай, яна узоқ – ўзини тўхтатолмай — йиғлайди. Бу соҳир овознинг дардли, оғриқли, лаззатли оҳанги уни тарк этишини негадир истамайди. “Эслаб қолишим керак!, дейди уйқу аралаш. — Эслаб қолишим керак! Шеърни ҳам… Нима эди? “Бир даста қизил гул… Бир даста қизил гул…” У уйқу комига яна тортиб кетаётганини сезади. Уйқу безовта ҳолини парқу қучоғига олади – бесас аллалайди. Унинг йиғидан бўшашган вужуди уйқуга сингиб кетади.

Эрталаб одатдагидай уйғонади. Аммо шу кеча нимадир бўлгани аниқ эди. Бироқ ҳеч нарсани эслаёлмайди. Фақат кўксида нимадир шуъланиб, юрагию руҳини ёритиб, турганини ҳис қилади. Деразани очиб, ҳовлига қарайди. Вой, гул очилибди! Атиргул! Бир донагина атиргул! Қип-қизил!… Ва бирдан кечаги туши эсига тушади. Нима эди… “Бир даста қизил гул!”… У югуриб ҳовлига чиқади. Апрелнинг илиқ ҳавосига чўлғониб, пирпираганча, ҳовлининг четидаги гулзорда — бошқа гуллардан кўра олдинроқ очилишга улгурган — атиргулга термулиб туради. Энгашади. Кўзларини юмиб ҳидлайди. Йўқ, тушидаги атиргулнинг бўйи ўзгача, таровати ҳам бўлакча! У гуллар!.. У товуш-чи?…

Кел!.. Сен кўринмадинг, аммо мени яхши кўришингни биламан! Шу қадар яхши кўрасанки, ҳатто тушларимга киришни уддалайсан! Товушинг юрагимни лиммо-лим тўлдирди! Оламга ёғду тараётгандайман! Келсанг-чи!.. Нима эди? “Бир даста қизил гул!”… “Бир даста”… У ёғи нима эди?.. Эсимда қолмади.! Воҳ, эсимда йўқ! Кел, ҳаммасини қайта айтиб берасан. Кел!..

У келмади.
Соғинч энди юракда шовуллагани шовуллаган.
Узлуксиз, бепоён, жону жаҳонини асир олган соғинч.
Бир ойлардан кейин тушига яна ўша – бир даста қизил гул кирди. Ҳавода муаллақ турган бир даста қизил гул!.. Бироқ энди Сўз эшитилмади. Сўз бесас мусиқага – фақат юрак эшитадиган садога кўчган — кўринмас одам чидамоқ амру маҳол сукутфиғонда узлуксиз дил изҳор этар, аммо Жамила титранганча, унинг бор гапини шундоқ тушиниб турар эди.
“Мени севасанми?”, — деб сўрар эди бесас мусиқа. — Мени севасанми?”
“Ҳа, — дер эди энтикиб Жамила. — Ҳа! Фақат ўзингни кўрсат! Фақат кел! Мен сени севаман!”
“ Мен ҳам!.. Мен ҳам сени севаман!..”
“Кел!”
“Боролмайман! – дер эди фиғон, юракни ёргудай авжланиб. – Боролмайман!.. Сен чиройлисан! Сен — Парвардигор яратган гўзалликнинг танҳо хилқатисан. У сен каби ҳеч кимни яратмаган”…
“Кел, деяпман! Тушда нима қиласан? Ҳушга тушсанг-чи! Соғиндим…”
”Биз учрашмасликка маҳкуммиз! Тенгрангда чирой қурган довондан ошиб бўлмайди!.. Ошиб бўлмайди!..”
“Ундай дема!.. Ундай дема!.. – Тушнинг бўшлиқларига ҳайқиради қиз. — Илтимос, ҳеч бўлмаса, гулларни бер!. – Илтимос!.. У гуллар менга аталган! У гуллар — меники!.. Сени севаман! Кел!..”
Бир даста қизил гул ҳавода муаллақ турибди. У гулларга қўл узатади. Қўллари етмайди. Яна узатади. Қўллари фақат ҳавони ушлайди.
Қиз йиғлади.

Жамила кўча-куйда, автобусу трамвайда, институтда, меҳмонда – қаерда бўлмасин, ҳушёр юради. Ногаҳон тушдаги одам рўпарў келса, ўтказиб юборишдан чўчийди. Кўрмаган бўлса ҳам, уни шу заҳотиёқ танишини аниқ билади. Ахир, қизил гулнинг бўйлари димоғида! Овози-ку!.. Унитиб бўладими?

У келмайди.
Фақат тушларига киргани кирган.
Соғинчнинг ҳарорати ёндириб, кул этадиган даражага етганда, яна қизнинг тушига келади.

Жамила энди тушдан тушгача яшайди. У қизил гулдан таралган бўйларга кўксини тўлдириб, юрак-бағирни бурдалайдиган товушнинг садоларидан мастона юради. Ўша шеърни эсламоқчи бўлади. “Бир даста қизил гул… “ дан бошқа сўзлар эса ёдига тушмайди.
Қиз уни излайди.
Келади! Албатта, келади! Тушидаги кўринмас кимсанинг бу ёруғ дунёда борлигига бутун борлиғи билан ишонади.
Атрофида эса йигитлар чироқ атрофидаги парвоналардек чарх уришади. Аммо қанотлари бепарволикнинг совуқ ўтида ёниб битгач, судралиб, қайгадир ғойиб бўладилар.
Уйдагилар эса тўй орзусида. “Турмуш қил” деб жон ҳолига қўйишмаяпти. Уларга нима десин? Ёши ўтиб бораётгани ҳам, эртага кеч бўлиши ҳам ҳақиқат, аммо туш… Ундан қайдай айрилсин?
Жамила тушидаги кўринмас одам таъқиб этмаётганинии; фақат уни аяётганини, шафқат қилаётганини; ўзини қурбон этиб бўлса-да, унга бахт тилаётганини — шунинг учун, тушдан ҳушга тушмаётганини энди фаҳмлайди. “Кет” деса, уни бахти қароликда кетишини ҳам ҳис қилади. Шу сабаб бу сўзни айтишга куч топомайди. Ахир, соғинчда ўлиб кетади-ку! Ўзи-чи? Ўзи омон қолармиди?

Ўзини тўрт томонга урмасин, уйдагилар ғолиб келди. Тўй тараддуди бошланди. Жамиланинг ўзи ҳам онаси айтгандай, “бошқалардай” яшаш лозимлигини тушиниб турар — “одаминг борми? “ деган саволга тайинли жавоб беролмаса, нима қилсин? “Одамим тушимда”, десинми?

Туш эса қайтарилгани қайтарилган.

Турмуши бўлмади. Ажралиб кетди. Бировни овора қилгани қолди. Яхши одам эди. Жанжалсиз жавобини берди. Тўғри айтдинг, деди у, ажралсак яхши бўлади. Кечалари ҳўнграб чиқишингни билмайди, деб ўйлайсанми?
Нима десин? Сизни яхши кўрмайман, десинми? Тушимдаги бир одам ақлу ҳушимни олган десинми?
Индамади. Эри ҳам бошқа ҳеч нарса дегани йўқ. Ортиқча ғалваларсиз ажралиб кетишди. Ундан қолган ёдгор – қизи – Ҳанифа. Жуда билимли, жуда ақлли, бунинг устига, аллақайдан омилкорликни ҳам юқтирган. Дунёга кўнгил билан эмас, ақл кўзи билан қарайди. Шу сабабданми, унинг “яхшилаб ўйлаб кўр”, деган пинҳон илтижо ўтинчларига парво ҳам қилмай, хорижга ўқишга кетди. Ўша ёққа – немис аралаш туркками, турк аралаш немисгами турмушга чиқди. Ўзидан йигирма ёш катта. “Буниси қандоқ бўлди?”, деган саволига, Ҳанифа гапни чўзмай, шуниси қулайлигини айтди, холос. Бинойидай яшаб юрибди. Эри билан аллақандай лабараторияда ишлайди. Хуллас, нима бўлса ҳам, бошида эри бор. Жамила Ғафуровнанинг кўнгли тинч.

Туш эса қайтарилгани қайтарилган.
Ў-ҳў, неча йилларким, у соғинчнинг занжирбанд қучоғида яшаяпти!

Аммо Ван Гогнинг кўргазмасидан кейин, соғинчнинг ёнида ногоҳ умид ҳам пайдо бўлди. Ахир, Ван Гог унинг тушини қаердан билади? Қандай қилиб у, айнан тушидаги гулларни чизди? Ҳатто расмнинг тагидаги бир энли қоғозга ёзиб қўйилган — “Бир даста қизил гул” лавҳаси ҳам унинг тушидан. Ван Гог ўша шеърни ҳам… биладими? Қаердан билади?..

Сен бировга ҳукмингни ўтказдингми? Тушимдаги гулларни боёқиш рассомнинг илҳомига Сен ҳадя этдингми!.. У сенинг дўстингми? Сен ҳозир Ердамисан? Ҳа-а… тушимдан ерга тушганинг аниқ… Сезяпман… Тушгансан! Бу гулларнинг расмини кўрган онимдан англадим! Ўзингни кўрсат! Ахир, соғиниблар кетдим! Ўзингни кўрсат, деяпман!..

Боқибек — Ван Гог деганлари жуда антиқа одам. Унинг Ван Гоглигини билмаган пайтлари — бу идорага ишга келишидан аввал ҳам – бу йигитни кўп учратган. Талабалик йиллари институтда, метрода, автобусда, кўчада, ишхона эшиги ёнида… дуч келгани, дуч келган эди. Унга бир кўз ташлайди-да, хаёлланиб ўтиб кетади. Кўз ташлаганига Жамила ажабланмаган, чунки учраган одам унга эътибор беришига кўникиб кетган: бир кўз ташлаб ўтишса ҳам майли — бировлар тўхтаб қолади, бировларларнинг оёғи чалкашади; ортига бурилиб қараганлар қанча; йўлидан қайтиб, уни яна бир бор томоша қиладиганлар… Ван Гог эса “одам одамга қарайди-да” қаблида бир кўз ташлайдию — тамом! – ўтиб кетаверади. Юзида ҳам, кўзида ҳам ҳеч нарса ўзгармайди. Эҳтимол беэътибор қарагани учун ҳам бу йигит Жамиланинг хотирасида қолгандир? Учратгани бори кас эсу ҳушидан айрилиб қолай деганда, бу йигитнинг алоҳида бепарволиги, аёлнинг эсида муҳрланган-да! Ҳа, Жамила бу йигитнинг бировлар билан тўдалашиб юрганини ҳам кўргани йўқ. Доим якка-ёлғиз…
Жамила шу идорага ишга келганидан кейин, бир-икки ой ўтиб, бу йигит ҳам ишхонада пайдо бўлган: “бўёқлар бўйича эксперт”, деган лавозимними-эй эгаллади. “Лавозимними-эй… “ деб, шубҳага олганимизнинг сабаб бор. Маълумингизким, лавозимнинг ўзига хос шону шавкати бўлади. Аммо лавозим, кўпинча, мансаб курсисига ўтирган шахснинг кўламига, миқиёсига, билимига, ташкилотчилигига, ўзини “қўя билиш”ига ва қанчадан-қанча майда-чуйда нарсаларга боғлиқ. Дазмолланган костюм-шим, оппоқ кўйлак кийиб, бўйинбоғ тақиб олинса, бир қарич лавозим ҳам бир қулоч кўринади. Агар мансаби баландлар сени яхши кўриб, мартабаси пастлар ҳайиқса, лавозимингнинг обрўйи янада ошади. Сенга иши тушадиганлар қабулхонада секингина гаплашиб, котибадан кайфиятинг қалайлигини суриштира бошлашганда эса, бил, энди идоранг, ундай-бундай одам қараса, дўпписи тушиб кетадиган жойга айланган – ўзинг эса истиқболи порлоқ раҳбарчалар тоифасига кирасан.
Бироқ иш бошлаганидан икки-уч ой ўтиб, бу йигитнинг лавозими борлиги идорадагиларнинг эсидан ҳам чиқиб кетди. Эҳтимол лавозими борлиги бу йигитнинг ўзини ҳам хаёлидан кўтарилди, ё лавозим уни писанд этмади — хуллас, у бору йўқлиги унча ҳам билинмайдиган хизматчилардан бирига айланди. Ҳолбуки, эксперт дегани ҳазилакам иш эмас! Уни фикридан одамларнинг ойлаб-йиллаб қилган меҳнатларининг тақдири ҳал бўлади. Идорага тааллуқли ёки у билан ҳамкорлик қиладиган қанчадан-қанча ташкилотлар экспертнинг оғзига қараб туришади. Унинг кўнглини овлашга ҳаракат қилишади. Илгари бу ўринда ишлаганлар ҳозир бою бадавлатгина умргузаронлик этаётганлари ҳақида кўп ривоятлар юради. Одамлар бу йигитнинг атрофида ҳам айланиб кўришди. Бироқ уни аврайман деб, овора бўлиш бефойда эканлигини тезда тушуниб етдилар. Энди Асрор Валиевичнинг совуқ нигоҳи қаршисида бу исқирти одамнинг ҳукмини эшитишдан ўзга чора йўқ. Аммо бу йигит ишга келгач, лавозимининг шавкатидан урвоқ ҳам юқмади. Худди заводдаги усталардай кийинади. Бунинг устига, аллақандай хизматкор – кўнгилли тарзда – шиор чизадими-ей, хоналарни таъмирлашга киришиб кетадими-ей, деворларга антиқа расмлар туширадими-ей… Лавозимнинг обрўйи қоладими? Бора-бора идорадагилар унинг исми шарифини ҳам унутди. Кимдир “Ван Гог” деб қўйган лақаб эса, унга ёпишди-қўйди. Аммо биров унинг мушугини “пишт” деёлмайди. Ахир, котиба Жасмина тарқатган тезкор ахборот кўра, Асрор Валиевичнинг шахсан ўзлари шу Ван Гогни ўнга яқин номзодлар орасидан танлаб олган! Раҳбарга яқин одамга гапириб бўладими? Кўнглига келганини қилади-да! Бунинг устига, бу одамнинг фикрини Асрор Валиевич тасдиқлаб турса!..
Хулласи калом, Жамила Ғафуровна ёшлигидан буён кўзи тушиб турадиган бу йигит — Ван Гог – унинг сирини англагандай эди.

Аммо ўша “кўргазма куни” кўнгилни хира қиладиган яна бир воқеа бўлди.
Кўз ёшлари қуримасдан туриб, хонасига ранги бўзарганча, Муяссар Қодировна кирди.
— Жамила Ғафуровна, — деди у юракка ғашлик соладиган расмий оҳангда, — сиздан кутмаган эдим! Ҳар ҳолда, раҳбар ходимларимиздансиз! Бу нимаси? Сурат томоша қилиб ҳам, одам шу аҳволга тушадими? Мен ҳам қарадим – бир даста қизил гул! Шунга ҳам раҳбар одам йиғлайдими? Хайрият, мендан бошқа ҳеч ким кўрмади! Бегонанинг назари тушганда, идорамизнинг ҳам, ўзингизнинг ҳам обрўйингиз бир пул бўлар эди! Хафа бўлманг, айтиб қўйиш бурчим! Ё бирор сирингиз борми?
Жим ўтирган бош ҳисобчининг вужуди зирқираб кетди.
— Йўқ!.. – деди у негадир шошиб. – Йўқ! Ҳеч қандай сирим йўқ!
Муяссар Қодировна унга синчиклаб қаради.
— Одам ҳам ишхонада йиғлайдими? Ё анаву ўлгур Ван… Боқибек одам сезмас этиб, суратда бирор нарса қилганми? Яширманг, айтаверинг! Бу писмиқнинг қўлидан ҳар иш келади! Сезиб турибман, бу жойда бир сир бор! Бўлмаса, сиздай эсли-ҳушли одам ҳам алламбало қизил бўёқ чапланган ажи-бужи суратга қараб йиғлайдими?
Жамила Ғафуровна энди қўрқиб кетди. Бу совуқ уфуриб гапираётган аёл унинг тушларидаги пиҳонликларга ҳам бостириб кираётгандай эди. Бунинг қўлидан ҳар иш келади! Жамила калхат чанг солаётган қушдай алланечук қунишди. Ўзини йўқотганидан тили ҳам гапга бормади. Бироқ негадир кулишга ҳаракат қилди. Юзида аянчли табассум пайдо бўлди-да, кўзларидан ёш оқа бошлади. Фақат — ёшларини арта-арта, бошини сарак-сарак этиб – хавотирга зарра ўрин йўқлигига зўрға ишора қилди.
Муяссар Қодировна эса унга яна бир бор синовчан тикилди. Қаттиқ тикилди.
Жамила Ғафуровна дош беролмади.
— Кечирасиз, — деди аранг Жамила Ғафуровна, ёшларни артаркан, ўрнидан туриб. – Мени ёлғиз қолдирсангиз. Илтимос…
Муяссар Қодировна қандай бўзариб кирган бўлса, шундай бўзариб чиқиб кетди.

Эртаси Жамила Ғафуровнанинг хонасига қорасини ҳам кўрсатмайдиган Ван Гог тўсатдан кириб келди. Негадир ўзини ноқулай сезиб, хонанинг ўртасида тўхтади. Бу одам унинг аллақандай улкан гуноҳини оламга ҳозир ошкор этадигандай, аёлнингнинг юраги шувуллаб кетди.
— Ассалому алайкум, — деди Ван Гог жуда жиддий тарзда. — Сизга менинг ишларим ёқдими?
Жамила Ғафуровна тушунмади. Нима деяпти? Қанақа иш? Уни Ван… (Оти нима эди? Нима эди?.. Ҳеч эслай олмайди!..) Ван Гогнинг ишлари билан нима иши бор?
— Кечирасиз, — деди аёл, негадир юраги зимиллаб, — Қанақа иш? Ишларингиздан хабарим йўқ…
Ван Гог ним жилмайди:
— Иш… энди суратларим-да! Суратларим сизга ёқдими демоқчи эдим?
— Ҳа-а.. — деди аёл бор кучи билан ўзини бепарво кўрсатмоқчи бўлиб. — Ёқди… Ёқди!..
Ван Гог бошини хам қилди. Жим қолди. Хафа бўлди, деб ўйлади Жамила Ғафуровна ва ўзига хос бўлмаган жонсаракликда, такрорлади:
— Чиндан ҳам ёқди! Ёқди! Айниқса…
Вой, нима кераги бор? Шу гапни айтиб, нима қиламан!
Ван Гог бошини кўтариб, унга тик қаради:
— Айниқса… қайси?
Жамила Ғафуровна сеҳрлангандай — тилига келган гапни қайтаролмади:
— Айниқса, “…қизил гул”… “Бир даста қизил гул”!
Ван Гог яна бошини хам қилди.
— Шу яхши иш, -деди у худди бировни мақтаётгандай. – Жуда яхши иш! Суратимни айтаяпман… “Қизил гул”ни…
Сўнг ортига бурилиб, жўнади. Эшик олдига етгач эса, бир нарсани унутгандай ортига қаради:
— Раҳмат…
У мувозанатини йўқотиб қўйишдан қўрқаётган монанд — аллатовур юришда чиқиб кетди.
Аёл бутун вужуди титрабгина турганини ҳис қилди. Э, Худойим! Бу одам ниманидир билади. Билади!.. Эй! Эй!.. Уни сен юбордингми? Аллақандай Ван Гогларни юборганча, ўзинг кела қолсанг-чи! Бир даста қизил гулларни қўлингда тутиб, қаршимдан чиқсанг-чи! Соғинчинг ҳаддидан ошди! Юрагим дош бермаяпти! Кел! Умрим адо бўлмасдан кел!..

Бу орада ишхонада, кутулмаган ўзгаришлар бошланди. Асрор Валиевич тўсатдан ўз аризасига кўра ишдан кетди. Жамила Ғафуровна хизмат сафарида эканлигида эса, идорага янги раҳбар тайинланганини эшитди.
— Вой, Жамила опа, — ҳаяжонланиб, қўнғироқ қилиб қолди ғазначи Ёқутхон, — ишхонага янги раҳбар келди! Жуда антиқа одам экан! Ҳаммани йиғиб, мажлис қилди. Мажлисда шеър ўқиди, опа!.. Одамларнинг оғзи очилиб қолди!
Жамила Ғафуровна ҳам ҳайрон қолди. Чунки шу ёшга кириб, мажлисда шеър ўқилганини эшитмаган эди.
— Исми ким экан? – беихтиёр қизиқсинди у.
— Даврон Раҳмонов… Даврон Исмоилович Раҳмонов! Бутун ишхона мақтаб юришибди. Зўр одам экан, дейишяпти! Ҳали келсангиз кўрасиз, опа!..

Ўша кеча яна туш кўрди. Қизил гул! Бир даста қизил гул! Гулларга олай деса, ҳатто қўлларини кўтаришга ҳам кучи етмади. Гул эса шундоқ юзларига яқин келди. Қандай гўзал! У эркаланиб, юзларини гулбаргларга босди.
У бор вужуди гул ҳидларига тўлиб кетганини ҳис қилди.

Жамила Ғафуровна ишга келганда, ишхона кўтаринки руҳда эди.
— Онам, Жамилахон! – деди Шодмонбеков уни коридорда учратганда ва тепани бош бармоғи билан кўрсатди. — Қаранг! Қаранг!..
Бош ҳисобчи тепага қаради ва ҳеч нарса кўрмади.
— Нимага қарай, Зафар ака?
Шодмонбеков қаҳқаҳа отиб кулди.
— Шифтимиз баландлаб кетди, Жамилахон! Шифтимиз баландлаб кетди! Елкангиздан босмаётганини сезмадингизми? Ҳавонинг енгиллигини қаранг! Энди идорада бемалол кўксимизни тўлдириб, нафас оламиз!..
Жамила Ғафуровна гап нима ҳақида бораётганини тушунди ва негадир овозини пастлатиб сўради:
— Раҳбар яхши одам эканми?
— Яхши ҳам гапми, онажоним! Аъло одам! Ҳамма нарсадан хабардор. Касбимизни игнасидан ипигача сув қилиб ичиб юборган! Мажлисларни кулиб-ўйнаб олиб боряпти. Ҳар қандай фикрни айтишдан чўчимайди. Бугун эрталабки режамажлисмизда “Ўқиш, ўқиш қа яна ўқиш” деган шиор ҳеч қачон эскимайди, деб қолди. Қўрқмай гапирганини қаранг! Унинг айтишича, одам фикрининг олдига тўсиқ кўймаслиги лозим экан! Бу тўсиқ эса эринчоқликдан ёки қўрқишдан келиб чиқар экан! Ўқиган, билимдон одам эса, қўрқмас экан! Зўр гап-да, Жамилахон! Биз ҳам бу гапларнинг бир четини биламизу, Аммо, раҳбардан эшитсанг, алоҳида жаранглайди-да, а? Яна бир гапи… Ишга ва ҳаётга кўнгилли бўлиб ёлланмоқ лозим экан! Ўшанда ишга ҳам, ҳаётга ҳам қул бўмас экансан… Э, зўр одам экан бу Даврон Исмоилович!
Жамила куйиб-пишиб раҳбарнинг “зўр”лигини исботлаётган Шодмонбековнинг шаштини ўлдирмаслик учун суҳбатга чўғ ташлади:
— Мажлисда шеър ҳам эшитибсизлар!..
— О!.. — доим ҳазиллашиб гапирадиган Шодмонбеков жиддий тус олди. – Навоий ҳазратларидан ўқиди, онам! Ҳазратимнинг ўзларидан ўқиди. Мен Навоийни ёд биладиган раҳбарни биринчи кўришим! Ўзимча Навоий бизга ўхшаган ғарибларга тегишли экан-да, деб ғамхаёл суриб юрган эдим! Кўнглим ўсди!.. Ажойиб одам экан! Энди роҳат қиламиз! Ёйилиб ишлаймиз!.. Хайр, онам!..
У ғайрат билан коридордан уч-тўрт қадам ташлади-да, бурилиб улгурмаган Жамиланинг ёнига қайтиб келди.
— Юраги нозик одамга тез кўз тегади! Шу одамнинг ҳам юраги жуда нозик экан! Кўз тегмасин!
Жамила Ғафуровна Шодмонбековнинг тўлиб-тошишларига кулиб қараб турди. “Яхши одам, шу Шодмонбеков, ўйлади у негадир қувониб, биров учун куйиб-пишишини қаранг”!
Хонасига кириб ўтирар-ўтирмас, гул-гул очилиб, ғазначи Ёқутхон кириб келди.
— Келдингизми, опажон! — кечаги хабарини яна янгиликдай такрорлади Ёқутхон. — Сизни сафарга жўнатиб, ўзгаришлар қилиб юбордик!..
Бировни ерга уришда ҳам, мақташда ҳам ҳеч ким аёлларга тенг келолмайди. Ер уришса, қора ернинг тагида мўлтираб ётаверасан — қайтиб ёруғ дунёни кўрмайсан; мақташса, етти қават осмонга олиб чиқишади -ташлаб юборишмаса, қушдай учириб юраверасан! Ёқутхон оғзидан бол томиб, янги раҳбарни мақташга тушди. Вой, опажон, ундай одам экан! Вой, опажон, бундай одам экан!.. Жамила аёлларнинг бу тахлит гапларига кўп эътибор бермайди. Бунинг устига, иши кўп! Аммо ҳозир мақталаётган одам раҳбар-да! Бевосита у билан ишлашига тўғри келади. Шу сабаб эшитди. Ғазиначи эса мақтов шиддатида раҳбарни фалакка кўтариб кетяпти! Даврон Исмолович осмон сари учиб кетаётганини билмасдан, қайсидир бир мажлисда жиддий тарзда ўтирганини кўз олдига келтириб, Жамила Ғафуровна жилмайди.
Бу орада эса Ёқутхоннинг барқ уриб турган юзида ташвиш аломатлари кўринди.
— Аммо ҳар тўкисда, бир кам деганларидай, опажон, — деди у овозини пасайтириб, – шу одам ҳам бахтсиз экан!
Булар қаердан билади? Раҳбарнинг ишга чиққанидан бир ҳафтагина ўтганми, йўқми…
— Нега бахтсиз бўлади?
— Билмайман-да, Жамила опа! Билсам, сизга айтмасмидим…
Бироқ у ичидагининг ҳаммасини айтишдан бор кучи билан тийилиб тургани шундоқ билиниб турар, аммо бу куч — шу зоҳатиёқ – ғазначи ичидаги сиру синоатнинг озодлик йўлида кўтарган ғалаёнига дош беролмай — қулаб тушди:
— Ростини айтсам… хотини ёмон экан, опа! Қайси бахтсиз эркакни кўрсанггиз. билингки, хотинини худо урган! Айтишларича, у киши хотини билан беш йилдан буён бирга яшамас эканлар… Хотини бир ёмон иш қилган дейишади! Энди шу шарманда “ажралмайман” деб туриб олган эмиш, опа! Ёмон хотин, ёмон-да!
Ёқутхон бошлиқнинг, умуман, эркакларнинг бебахтлигини чуқур ҳис этганидан, бир дам жимиб қолди-да, сўнг аллақандай орзумандликда энтикди:
— Даврон Исмоилович шундай яхши одам экан!.. Шундай яхши одам экан!..
— Бирга ишлайверсак, — деди Жамила Ғафуровна суҳбатни якунлаш пайти етганлигини ҳис қилиб, – кимлигини билиб олаверамиз!

Бу тунги уйқу фақат тушдан иборат бўлди. Аммо қизил гул тушига кирмади. У қизил гулни излаб, дашту қирларда сарсон-саргардон кезди. Бироқ вужудую руҳига беаёв ҳасратни сочиб, тутқич бермайдиган рўё тушини тамом тарк этгандай эди! У тентираб, тонггача югурди. Гуллар қаерда қолди? Гуллар! Қизил гуллар! Эй!.. Энди бу сарсонликка кучим етмаяпти! Қаердасан?..
Тонг отганда эса аллақандай бахтиёрликда уйғонди. Ва ногоҳ ётоқхонасида ўша гулларнинг бўйи элас-элас анқиб турганини сезди. Негадир бахтдан тўлиқиб, қўлларини юзига босди. Воҳ! Ўша гулларнинг ҳиди! Қўлларида ҳам ўша гулларнинг ҳиди ! Худойим, бу қандай кўрим?
Ташқарига чиқди. Ташқарида ҳам ўша бўй!
Аёл гул бўйларига ўралиб, ишхонага жўнади.
Шошиб жўнади.
Бироз ҳаяллаб қолса, нимадир кетиб қоладигандай бесабр ошиқиб жўнади.

Жамила Ғафуровна ишхонага кирганда, гулларнинг бўйлари кучайганини сезди. Ҳаяжондан лаблари қақраб, юраги тез-тез ура бошлади. Жисмида эса аллақандай безовта фароғат жунбуш урар, бахту саодатга ўхшаш бир туйғунинг шуъласидан кўнгли ёп-ёруғ эди.
— Вой, опа-а-а!.. – деди коридорда қаршисидан чиққан Ёқутхон чиндан ҳайратланиб. – Бунча чиройли бўлиб келяпсиз! Юзингиз нурланиб турибди-я! Вой, опа-а! Атирингиз ҳам антиқа! Бунақаси бу оламда йўқ! Вой, опа-а-а!..
“Бунақаси” бу оламда қайдан бўлсин! Ахир, бу бўйлар тушдан!.. Ўша қизил қип-қизил гулларнинг ҳиди!
Жамила Ғафуровна ғазначи билан шўху шодон кулиб сўрашди-да, хонаси томон йўналди.
Хонасига яқинлашгани сари бу мастона бўй тобора қуюқлашиб бораётгани туйганча, қўллари қалтираб қулфга калит солди. Эшикни очди-ю, бир сесканиб тўхтаб қолди.
Вой, худойим!..
У эшикни беихтиёр қайта ёпди. Юраги ёрилгудай урар, вужудини титроқ босган эди.
Вой, Парвардигор!..
Ростдан ҳам…
У тақдир дарвозасини очаётгандай эшикни авайлаб қайта очди.
Стол устидаги бежирим гулдонда бир даста қизил гул барқ уриб турар эди.

Келдингми?

Шу ердамисан?

Гулларингни хонамга
қўйиб,
қаерларга кетдинг?

Кел!
Кел!

Ҳозир
сени кўрмасам,
соғинчдан ўлиб қоламан!

Соғинчда ўлиб қолмасимдан, кел!

У ҳаяжондан тўлғониб, хонасига кирди. Мана, ўша тушларидаги гуллар! Қип-қизил гуллар! Тушларини кезиб-кезиб, охир хонасигача етиб келган гуллар!..
Аёл бесабрликнинг тошқин ҳаракатларини енгиб, гўё гулдаста учиб кетадигандай унга беозор бир ҳаракатда қўл узатди. Гулларга бармоқлари текканда, бир ажиб безовта фароғат бор-йўғини қамраб олганини ҳис қилди. Гулларни икки қўлаб оҳиста тутиб олди-да, авайлаб бағрига босди. Воҳ! Нақадар муаттар бўй! Ўша — тушидан таралиб, уни девона этган соғинчнинг бўйи!.. Гулларинг мени топиб келди, азизим! Ўзинг қаердасан? Ўзинг?..
Ногоҳон эшикда ҳовлиқиб Ёқутхон кўринди.
— Опа, телевизорни қўйинг!
У бағрига гулларни босганча, анграйиб қолган Жамила Ғафуровнага парво қилмасдан, тошқин ҳаракатда стол устидаги телемурватни олди-да, шошиб, бош ҳисобчининг қаршисида ўрнатилган телевизорни қўйди.
— Каттамизни кўрсатаяпти, Жамила опа!..- деди Ёқутхон ҳаяжонланиб, керакли канални топар экан. — Даврон Исмоиловични!..
Ёқутхон ёришган экрандан кўз узмай, ногаҳон бахтни топиб олган одам каби қувончли овозда бидиллади:
— Опа, қаранг! Қаранг! Вой!. Бунча чиройли одам! Вой! Қандай одам-а!..
Жамила Ғафуровна гулларни бағрига босганча, тушу ҳуш оралиғидаги бир аҳволда тик турар; кўзи экранда бўлса ҳам, ҳеч нарсани кўрмасди.
Ёқутхон унга ўгрилиб қаради.
— Опа-а!..
Жамила Ғафуровна нохос уйқудан уйғонгандай, сесканиб ғазначига қаради:
— Нима, Ёқутхон?
— Жамила опа, сизга нима бўлди? Теливизорга қаранг!.. Даврон Исмоилович!
Жамила Ғафуровна оғриниб экранга қўз ташлади.
Экранда келишган, ниҳоятда келишган одам нималарнидир гапирар, қаршисидаги машҳур телебошловчи қизгина эса юзини табассумга тўлдирганича, унинг гапларини маъқуллаб, бош қимирлатар – телебошловчининг одатда бир қарашданоқ сезиладинган сохта эътибори бу сафар ниҳоятда ҳақиқийга ўхшарди. Даврон Исмоилович деганлари эса, аллақандай ўзига ярашиқ виқорли самимиятда нималарнидир кўтаринки кайфият билан тушунтириб турар эди. Шу кишими?.. Барча оғзидан бол томиб мақтаган раҳбармиз шу кишими?..
— Вой!.. Опа!.. Қаранг, опа! Шундай эркаклар бор-а! Ақлини қаранг! Гапларини! Бундай сўзларни қаердан билади, а?
Ёқутхон кўзлари ёниб, экрандан нигоҳини узмайди.
Жамила Ғафуровна Ёқутхон тезроқ телевизорни ўчириб, хонадан чиқиб кетишини истайди. Нега у кетмайди?
— Опа!.. Қулоқ солинг!
Бу орада телебошловчи қизгина гапира бошлайди.
— Раҳмат, Даврон Исмоилович! – дейди у бисотидаги сурурли бир ифодани абжирлик билан юзига қўндириб. — янги соҳадаги ишларингизда муваффақият тилаймиз! Энди мавзуни озгина ўзгартирсак… Биз сизни адабиёту санъатнинг мухлиси сифатида ҳам яхши биламиз. Ҳатто, гарчи соҳангиз бошқа бўлса ҳам, адабиёт ҳақида ёзган мақолаларингизни ўқиганмиз. Айниқса, шеъриятни яхши кўрасиз. Келинг, шу суҳбатни ноаънанавий тарзда якунласак. Томошабинларга бирор шеър ўқиб бермайсизми?
Экрандаги одам тараддудланмайди, фақат бироз тин олади.
— Бир шеърни яхши кўраман… Ёшлигимда ўқиганман. Муаллифнинг исми ҳам хира-шира эсимда қолган: назаримда… Боқи Бек бўлса керак. Унинг шеърдарини кейин ҳеч учратмадим…
У шеър ўқий бошлади. Аммо Жамила унинг шеър ўқиётганини ҳам англамайди. Уф!.. Нега гапини чўзгани чўзган? Тезроқ гапини тугатиб, уни Ёқутхондан қутқазса-чи!
Аёл бетоқатлик билан, аммо Ёқутхоннинг истагига бўйсунганча, телевизорга ҳеч нарсани англамай термулади ва… бирдан ҳушёр тортади. Бу овозни қаерда эшитган эди? Қаерда?.. Нима? “Қизил гул”, дедими? “Бир даста қизил гул”, дедими? У ақлу ҳушу сачраниб, телевизорга қарайди. Экрандаги одамнинг ҳар бир сўзи унга энди яққол эшитила бошлайди:
… — Бир даста қизил гул бизни ўртагай,
Бир даста қизил гул – бир даста армон.
Қисмат айрилиққа тошдай ўрнагай,
Азалнинг ёзмиши соғинч – беомон…
Жамила Ғафуровнанинг вужуди баногоҳ урилган ҳаяжон мавжида бир қалқиб тушади. Воҳ, нега дарров билмади? Ахир, ўша овоз! Ўша!.. Ўша тушларидаги шеър!..
— Тақдир қайлардадир милтирар элас,
Умр ҳушдан кетар, чалкашар йўллар.
Тушларимдан тушиб сенга етолмас,
Сенга атаганим қип-қизил гуллар…
Аёл экрандаги одамга ҳаяжонда қалтираб қарайди.
Сенмисан?..
Келдингми?..
Сен шунақамисан?..
Тележувон нималардир дейди. Даврон Исмоилович ярашиқ бир табассум қилади. Кўрсатув тугайди.
— Опа, шеър айтишини кўрдингизми? – дейди орзиқиб Ёқутхон, бошлиқ яна қайтиб чиқадигандай, телевизордан кўз узолмай. — Қандай ажойиб одам! Вой, қарасам, кўз ололмайман-а!.. Опа, гулларни нега қучоқлаб турибсиз! Менга беринг!..
У Жамила Ғафуровнанинг қўлидан гулни олади-да, ҳидлаб кўради.
— Вой, ҳидини қаранг!
Сўнг бошлиғига негадир хавотир ичида қарайди:
— Опа, ҳиди атрингизнинг ўзи-я…
У жиддий тортиб, гулларни бошлиғининг қўлидан олади-да, хона бурчагидаги пакана столдаги вазага қўяди. Сўнг титраб-қақшабгина турган аёлга юзланади.
— Сизга нима бўлди? Мазангиз йўқми? Рангингиз ҳам оқариб кетибди.. Вой, ўлай! Ўтиринг, ўтиринг!..
Жамила Ғафуровна хонага кирганидан буён тик турганини англайди. У зўриқиб, жилмаяди-да, стулга чўкади.
— Опа, дори керак эмасми?
— Йўқ, — дейди тетик ва бахтиёр кўринишга ҳаракат қилиб Жамила. — Йўқ, сизга шундай туйилгандир… Бораверинг, Ёқутхон!..
Аммо юрагида нохос пайдо бўлаётган мантиқнинг зўридан зўриқиб, бурилиб кетаётган ғазначини шошқин бир талавасада тўхтатади:
— Шошманг… Сизга телевизорни қўйишни ким айтди?
Ёқутхон бу гапни ўзича тушунади.
— Ҳеч ким… – дейди у карахтланиб. — Нима, телевизорни бекор қўйдимми, опа?
— Йўқ, йўқ… Раҳмат! Раҳмат!..
Ёқутхон яна бош ҳисобчига синчиклаб тикилади.
— Дори керак бўлса, — дейди у қандайдир хулосага келиб, — қўнғироқ қилинг, опа.
Ғазначи чиқиб кетиши билан стол устидаги телефон жиринглайди. Жамила Ғафуровна тушдан илкис ўйғонгандай сесканиб, трубкани олади.
— Алло…
Жасминанинг овози! У намалардидир гапиради. Жамила тушунмайди. Нима? Яна қайтаринг, Жасминахон! А? Қачон? Бошлиқ сўраяпти? Ҳозирми? Мен билан танишмоқчи? Ҳозир бораман! Ҳозир!..
Аёл боши ловуллаётганини, томоғига нимадир ҳапқириб тиқилганини, лаблари қовжираб қолганини сезади. Дунёда ҳаво қолмаётгандек, этикиб- энтикиб нафас олади. Ўзини суянчиққа ташлайди. Парвардигор! Ўша… Бу гулдастани ўша олиб келган! Эрталаб ҳеч ким йўқ пайтда келган-да, гулларни қўйиб, чиқиб кетган. Энди эса “кел” деб чорлаяпти! “Кел” деяпти!.. Ногоҳ ичида ғуч бўлиб, портлай деб турган аллақандай уни куч силкиб, юксакка — осмонлару чексизликлар сари отмоқчи бўлаётганини ҳис қилади. Ўша… Ўша… Тушларидаги одам… Сапчиб ўрнидан туради-да, ташқарига отилади.

Жамила Ғафуровна ичкарига кирди-да, тўрдаги стол ортида ҳозиргина телевизорда кўргани одам алланималарнидир чаққон ёзиб ўтирганига кўзи тушди. Аёл бесас энтикиб, унга қаради ва вужудининг ҳар бир ҳужайраси билан бу одамни таниди. Ўша!.. Ўша!.. У ҳозир нималар бўлишини билмас, аммо вазни тамом йўқолиб, оёғи ердан узулганини, шундоқ фаҳмлади. Даврон Исмоилович эса, кабинетига кимдир кирганини сезган бўлса ҳам, бош кўтармай, “ҳозир-ҳозир” деганча, ёзгани-ёзган эди. У охири ёзишдан тўхтаб, қоғоздан бир зум термулиб турди. Ниманидир тузатди. Сўнг қоғозларни бир четга суриб, шашт ўрнидан қўзғолди-да, юзига табассум ёйиилиб, аёлга томонга юрди. Узун хонанинг ўрталарига етганда, илк бор аёлга эътибор бериб, тик қаради ва гўё йўли ногаҳон шарт кесилгандай тўхтади. Унинг юзида табассум ўча бориб, ногоҳон ҳайратнинг карахтлиги кўчди. Саросималанди. Нимадир демоқчи бўлдию, тили сўзга келмади. Фақат қўллари ноиложликдан бетартиб ҳаракат қилди. Бундай пайтда кўмак берадиган расмий муомилаю мулозамат бир зумда қайларгадир ғойиб бўлган, фақат росту чин сўзлар қолган эди.
— Сизни бир танишай деб… неча кундан буён йўқлайман… — деди у зўриқиб ва овози ниҳоятда ҳасратли эканидан ўзи таажжубга тушди. – Келдингизми?..
Жамила бу овозни яна таниди. Ўша – овоз! Ўша!.. Тушларида уни саргардон этган — бир даста қизил гулга етказмай, интизор югуртирган армон…
— Келдим, — деди аёл овозлари ўзи ҳам билмаган осмонларидан етган дардан қалтираб. – Келдим…
У бу гапининг оҳанги Даврон Исмоиловични ҳам қалтиратиб ўтганини сезди. Бошлиқ нажот сўрагандай у ёқ-бу ёққа қаради. Юрагини туйқус шовуллатган туйғу селидан омонлик йўқдай, жовдираб аёлга тикилди:
— Ниҳоятда чиройли экансиз… – деди у тўсатдан. – Тушдан тушгандайсиз…
Жамила Ғафуровнанинг ҳапқириб турган юраги аллақайлардан учиб келган ногоҳ зўриқишдан ёрилгудуй зирқираб кетди. Бу ҳам ўша тушни кўрган! Аниқ. Бўлмаса… У фикрини охирига етказолмади.
— Сиз ҳам!.. Сиз ҳам!..– деди у шошқин бир ўртанишда.
Ихтиёр тизгини қўлдан чиққан эди. Аёл бу беихтиёрлик бундан сўнг тақдири эканлигини, бу тақдир уни қайга бошласа, кетаверишини бору-йўғи билан бирдан англади.

Ёқутхонни ишхонага у-бу нарса олиб келиб, аёлларга сотадиган одати бор. Опам олиб келди, дейди. Айтишича, опаси сайру томошага ўч — гоҳ Туркия, гоҳ Хитой, гоҳ Вьетнамни ихтиёр этадиган одати бор экан.
Шаҳарнинг бозорларую дўконлари кийим-кечакка тўла бўлса ҳам, ишхонадаги аёллар негадир Ёқутхон келтирган кийимларни талошиб-тортишиб олишади. Чунки бу савдонинг қулайлиги бор – пулини бўлиб-бўлиб тўланса ҳам бўлаверади. Қолаверса, аёл зоти кийим деса, ўзини тутиб туролмайди: бирови либос харид қилса, бошқаси ҳам — оламдаги барча кийим-кечак эртага ёниб кетадигандай — ташланади. Ёқутхон “мол” олиб келганининг хабари бир зумда хоналарга тарқалади. Аёллар ҳамма ишларини ташлаб коридорга отилиб чиқадилар-да, ҳисобчилар хонаси тарафга ҳовлиқиб жўнайдилар. “Тавба, буларнинг кийими йўқда-я”, дегич эди, бундай пайтда раҳматлик Олим Жўраевич. “Афсуски, бор-да”, деб аския илдирарди Шодмонбеков. Барибир аёлларнинг – қўлларида харидлари — кўзлари ёниб, қувониб, бир-бирларига қумрилардай чулдираб — хона-хоналарига тарқалишлари қўнгилларга ҳам ажиб бир тароват тарар – эркаклар мамнуният билан — самимий табассумда — уларни “ўлжа” билан қутлашар эди.
Бугун эрталаб ҳисобчилар хонасида яна Ёқутхоннинг “кўчма” дўкони фаолиятини бошлади. Столларнинг усти дўкон пештахталарига айланган – туфлилару этиклар, кўйлаклару плашлар, ички кийимлару устки либослар терилиб қўйилди. Аёллар бунисини олиб, бунисини танлаб кўришяпти.
Бундай пайтда ҳисобхонага қорасини ҳам кўрсатмайдиган Муяссар Қодировна ҳам бу сафар ногоҳ эшикда пайдо бўлди. Чувиллаётган аёллар унга кўзлари тушгач, бирдан жим бўлиб қолди.
— Келинг, опа, — деди Ёқутхон, овози пасайиб.
У далли-ғуллиликни бир пасда унутиб, хатарни сезган жонивордай Муяссар Қодировнага қаради. Ходимлар бўлимининг бошлиғи вазифаси доирасидан чиқиб, бу уймалашган бозорга келиб қолганидан уялгансимон, қовушмайгина ичкарига кирди.
— Бирор нарса керакми, опажон? — деди жовдираб Ёқутхон.
Опа ҳадиксираб, “пештахта”лардаги молларга назар ташлади.
— Менга… – деди Муяссар Қодировна эркаклар орасида ички кийимдан гап очишга мажбур бўлган аёлдай қизариниб, — этик керак эди…
— Бор! Бор! – деди Ёқутхон, опанинг кунига яраганидан қувониб. – Уч хил этик бор! – У энг бежирим этикнинг бир пойини олиб, шоша-пиша опага кўрсатди. – Мана! Энг сўнгги мода! Ҳозир Тошкентда ҳеч ким бунақасини кийгани йўқ!
Муяссар Қодировна этикни қўлига олмай, аммо унга синчиклаб, ниҳоятда синчиклаб қаради. Аёлларнинг назарида, бечора этик кичрайиб бораётгандай туйилди.
— Йўқ, — деди харидор ийманибгина, — бу жуда олифта экан… Менга сал одмироғи …
Ёқутхон чаққонлик билан бошқа этикни бир пойини олди-да, кўз-кўз қилди.
— Мана, бу сиз айтган этик! Қаранг! Пишиқ! Ўн йил тепкилаб кийса бўлади.
Опа яна ўша қарашда этикка тикилди. Кўнглига ўтиришди, шекилли, қўлига олиб қаради.
— Кийиб кўринг, Муяссар опажон! Ўтиринг… – деди ғазначи ясама жонкуярликда, чаққонлик билан стулларни бирини у томонга суриб, — Ўтиринг…
Муяссар Қодировна Ёқутхоннинг жон куйдириб, айланиб-ўргилаётганига парво ҳам этмади, фақат — мана шу аёллар қаторида савдолашиб турганиданми-ей — яна қизаринди.
— Размери неча?
— Ўттиз еттинчи…
— Кичик экан, — деди у опа афсусланиб. – Менинг оёғим ўттиз саккиз…
— Ўттиз саккизи ҳам бор, опажон! – деди Ёқутхон “опажон”ига ёқишга астойдил уриниб. – Бор! Фақат опамнинг уйида-да! Эртага олиб келаман!
Муяссар Қодировна бир пой этикни Ёқутхоннинг қўлига бўшашибгина тутқазди-да, индамай ташқарига йўналди. Аммо остонадан ҳатлабоқ тўхтади. Бурилиб, Ёқутхонга юзланди. Олди-берди маҳали бўшашган аёллар яна хавотирли сукунатга чўкдилар. Савдодан халос бўлган ходимлар бўлимининг бошлиғининг туришида, юзида, кўзида эса дунёни тош тартибга солувчи расмиятнинг қаътияти яна қалқган эди.
— Ёқутхон, — деди у барчани ҳайқтирадиган хос овозида, — Этик масаласини шу бугун ҳал қилайлик. – Сўнг ҳамма қарата хитоб этди: — Сизлар ҳам олди-сотдиларингни тезроқ қилинглар! Давлатнинг иши қараб турмайди!
Муясар Қодировна Ёқутхондан жавоб ҳам кутмасдан, ортига бурилди. Унинг оёқ овози коридорда эшитилмай қолгунча, барча қимирлолмай турди. Охири кимдир “уф” тортди. Бир пас карахтланиб қолган “бозор” ўзига келиб, ҳамишаги қизғин савдосига киришиб кетди.

Этикнинг ҳам падарига лаънат! Келиб-келиб шу Муяссар Қодировнанинг этик кийгиси келадими? Юрмайдими алмисоқдан қолган пайафзалини судраб! Шунча овора қилгани қолди! О, келгунча кўргазган нағмаларини! Аввал таксида бормаймиз, деб туриб олди; сўнг метродан қўрқаман, деб ваҳима қилди; маршрутка бечора эса тор экан, ҳаво йўқ экан… Неча автобусларда сарону саргардон – нари борса ўн беш дақиқалик йўлни, нақ бир ярим соатда босиб — чарчаб-терлаб манзилга етдилар. Худди биров елкасига милтиқ тираб олиб келгандай, қовоғини солганча, у этикни, бу этикни кийиб кўрди, аммо ёқтирмади – биттаси тор экан, биттаси кенг экан; бировининг тумшуғи сўппайган чиқди, бошқасининг ранги мурданинг рангига ўхшаш!.. Ҳа, худди шундай деди! Шундай совуқ айтдики, бечора этик ҳам ўзининг рангидан ўзи қўрқиб юраги ёрилгандай, қўнжлари аста осилиб тушди. “Жони йўқ бир нарса экан” деди Муяссар Қодировна, унинг бу ҳолига ижирғаниб қараб. Ёқутхоннинг опаси кулибгина этикнинг тарафини олмоқ бўлиб, оғиз жуфтлаган эди, бироқ опахоннинг қаҳрли қараши забтига дош беролмай — довдираб, ногоҳ токдан узилган радиодай ўчиб қолди. Хуллас, барча этик бракка чиқди. Ў-ҳў! Кимсан Муяссар Қодировнага пойафзал бўлиш осонми? Аммо олмагани ҳам яхши! Этиклар Ёқутхон билан бир ишхонада ишлаганларида эди, бу аёлдан қутулганларига минг бир шукурона айтиб, элга худойи берган бўлар эдилар!
Мана, энди Ёқутхон уни кузатгани олиб чиқаяпти. Опанинг қовоқ-тумшуғи етмагандай, ташқарида ёмғир ҳам бошлаб юборган – эндигина тушган шом қоронғулигини оралаб, майдалаганча, беовоз, қўрқа-писа ёғаяпти. Бошқача ёғиб кўрсин-чи! Аммо Муяссар Қодировнага ёмғирнинг шу ёғиши ҳам малол келгандай, унга парво қилмай — шиддат юришда — бекат тарафга кетяпти. Ортидан келаётган Ёқутхонга бурилиб ҳам қарамайди. Опадан таралаётган аллақандай оғирлик ҳавони қуюқлаштирган – Ёқутхоннинг нафаси бўғзидан аранг ўтади, оёқларини зўриққанча кўтариб босади. Бу балога йўлиққур ҳавони ҳам бир бало қилди! Ҳозир дунёни ҳам тошга айлантиради. Илоё, этик оламан деган хаёлларинг чириб кетсин! Юрак-бағирни қонга тўлдириб юборди-я!
Дунёни қўрқитганча йўртаётган Муяссар Қодировнанинг ортидан Ёқутхоннинг ҳасратидан дуд чиқиб йўрғалайди. Аммо кутилмаганда, опа секинлайди ва кўчанинг нарги бетига тикилган кўйи, тезлигини аста-аста йўқотганча, имиллаб тўхтайди. Ёқутхоннинг юрагига ногаҳон муз эпкинли бир ваҳима ёпишади. У ҳам аввал кўчанинг нариги бетига, сўнг опага ҳайрон қарайди:
— Опа? Ҳа?.. — дейди у негадир овози қалтираб, — Нима бўлди?
Муяссар Қодировна аёлнинг саволини эшитмайди, балки ёнида унинг турганлигини ҳам унитган — кўчанинг нариги бетидан кўз узмай, сеҳрланган каби туради. Ёқутхон опаси тикилган тарафга қарайди. Ҳар куни кўриб юргани бинолару дарахтлар ёмғир аралаш бу шомда аллақандай сирли кўриниш олган – реклама чироқлари ранго-ранг товланади, шишадевор дўконлар бағридан нур тараб ярақлайди, турфа идора иморатларининг мармар қадди-қоматлари ғира-шира ялтирайди, одамлар йўлкадан шарпалардай ўтади. Мошинларнинг бири тўхтаб, бири қўзғолиб — кўчада шовуллаб оқаётган автомобиллар оқимига қўшилиб кетяпти. Барчаси, барчаси ёмғирнинг ним тумани ичида… Нима бўлди? Ёқутхон опага яна бир қараб олади.
— Нима бўлди?
Опа жавоб бермайди. Кўзлари кўчанинг нариги бетига — бир нуқтага тикилган, юзида ажабтовур ҳурмату-иззат ифодаси аралаш нохуш бир қизиқиш… Ёқутхон Муяссар Қодировна кўз узмай турган нуқтага синчиклаб тикилади ва пештоқига ёнаргул ҳарфлардан “Гулузорим” деб ёзилган ресторан рўпарасида – қўнғиздай қоп-қора машинанинг ёнида тик турган эркакка кўзи тушади. У енгил плашини ёқасини кўтариб олганча, бир жойда қаққайиб турибди. Аммо бу эркакдан таралаётган аллақандай интизор қувонч шоҳкўчани тўдириб оқаётган мошиналар оша, юзига урилаётгани аёл сезади. Бу қувонч шабадаси унинг вужудига оқиб киради-да, Муяссар Қодировна туфайли кўнглида пайдо бўлган ғашликка аралашиб – аллақандай хавотирга айланганини ҳам ҳис қилади. Ёқутхон эркакни таний бошлайди.
— Опа, Даврон Исмоилович-ку… – дейди бирдан қувониб ва ўша заҳотиёқ бу одам Даврон Исмоилович чиқишини истамаётганини англайди.
Опа жавоб бермайди.
Икки аёл эркакдан кўз узмай турадилар. Ногаҳон эркак бирдан жонланади. Кимгадир қўл кўтариб, ўзи қаерда эканлигини билдиради ва шашт ҳаракатда мошина эшигини очиб бир даста қизил гул олади. Бу гулдаста олисдан бир каттакон гулга — аллақандай сеҳр билан ҳавода ушлаб турилган бир уюм қонга ўхшаб кўринади.
— Вой! – дейди сесканиб Ёқутхон ва шу зумда хаёли чалғийди.
Унинг кўзи эрка бир юришда, ҳар бир ҳаракатидан бахту иқбол тараб Даврон Исмоиловичга яқинлашиб келаётган аёлга тушади. Тушадию юраги ҳапқириб кетади. Жамила Ғафуровна! Жамила Ғафуровнанинг ўзи! Вой, ойдай балқиб гулдастани олишини қаранг! Гулларни ҳидлашлари, юзлари билан силашлари, бағрига босишлари қандай чиройли! Гулларга бунча ярашмаса бу аёл! Эркак ва аёл бир-бирларига нималардир дейишади, кулишади, сўнг етаклашиб, ресторан тарафга йўл олишади, Ресторандан кимдир шошилиб чиқиб, уларга пешвоз келади. Қўлларини кўксига қўйиб, ичкарига таклиф қилади. Эшикоға товозе билан эшик очади. Ярашиқ бир юришда Жамила Ғафуровна, сўнг Даврон Исмоилович ичкарига киради… Ёқутхон улардан уфуриб, бутун дунёни тутган аллақандай мастона бахтиёрликнинг бўйини туюб, бутун вужуди билан энтикади.
— Яшамагурлар!
Бу вишиллаган овоздан Ёқутхон чўчиб тушади. Вой, Муяссар Қодировна ҳам шу ерда-ку! Вой-ей!.. Энди нима бўлади?
Муяссар Қодировнанинг юзида қаҳру ғазаб — дунёни тартибга келтирадиган, қўшинларни жангга ташлайдиган, халқларни балоларга дуч эттирадиган, ёлғонни рост, ростни ёлғон этиб кўрсатадиган – ҳеч нарсадан тап тортмайдиган — аллақандай бир қўрқинчли расмий ироданинг шашти акс этган.
— Опа!..
Муяссар Қодировна Ёқутхонга бурилиб ҳам қарамайди. Ҳамон рестораннинг эшигидан кўз узмай турибди. У ичида буралиб келаётган ғазабнинг забтига тоб беролмай, яна вишиллайди:
— Буларни қилиб юрган ишини! Ер ютгурлар!.. ! Бузуқлар! Даврон қилиб юришларини қара! Бу ишни бундай қўйиб бўлмайди!.. Давлатнинг идорасини наҳсга ботиришади!..
Ёқутхон ходимлар бўлимининг бошлиғини бу қадар жунбушга келганини ҳеч қачон кўрмаган эди.
— Опажон!.. – дейди Ёқутхон негадир ёлвориб.
— “Опажон”ламанг! Даврон Исмоиловични хотини бор-а! Йўқ, бу ишни бундай қўйиб бўлмайди! Шармандалар!
У ҳозир пулемёт амбразурасига ўзини ташлайдиган жангчи каби, мислсиз бир шиддатда, бекат томонга юради.

Шодмонбеков шаҳар ҳокимлигида идоранинг юмушларини битириб, тушликка озгина қолганда, ишхонага келади.
Панжараларга бош уриб, қатор турган автомобиллар орасига машинасини жойлаштиради-да, ишхонанинг дабдабали эшигига олиб борадиган – икки четида, гўё тавозе билан “хуш келибсиз” дея, қатор арчалар тизилган — кенг йўлкага бурилади. “Ҳурматларинг учун раҳмат!” деб қўяди у ичида, қатор дарахтларга қараб. Ўзининг бу ҳазилидан юзига табассум ёйилади. Ҳар хил шакл бериб ўстирилган турли-туман гулларга ҳам кўз қисиб қўяди! Чиройлисизлар, дейди у, чиройли!.. О, дунё қандай яхши! Гуллар! Дарахтлар!.. Воҳ, уларнинг, куз келганини сезмаганга олиб, яшнаб туришлари!.. Аммо… Бу нимаси? Бу оғирлик қаердан келди? У теваракка безовталаниб қарайди. Атрофга ажабтовур – кўнгилга қандайдир ғашлик соладиган сукунат чўкканини ҳис қилади. Шодмонбеков тўхтаб, яна теваракка назар ташлайди. Дарахтларнинг бирор барги қимирламас, шамоллар аллақайларга бош олиб кетгандай… Сукунат ҳам бежон — нохос юраги ёрилиб йиқилган каби — панжаралар ўраган боғу ҳовлини баҳайбат гавдаси билан тўлдириб ётар, ундан таралаётган тушнуксиз диққинафаслик бор ҳавони ютиб қўйгангандай… Ҳатто ишхонанинг ҳамиша қадрталаб салабатли иморати ҳам негадир карахтланган — аллақандай баҳайбат махлуқ ногоҳон унинг юзига шапалоқ тортиб юборган каби гангиб турибди. Эшик олдида ҳам ҳеч ким кўринмас – бу жойни ўралашиб турадиган ходимларни қандайдир беомон куч хона-хоналарига қувиб юборгандай…
Шодмонбеков нафас оломай ютинади. Нима бўлди?
Шу пайт ишхона эшигида Жамила Ғафуровна кўринади. Шодмонбеков унга кўзи тушган зоҳатиёқ фожеа юз берганини ҳис қилади. Аёл аллақандай бужмайиб, киччирайиб, хўрланганнамо — ўзинию дунёни унитиб, бир афтода аҳволда зиналардан юриб туша бошлайди. Чап қўлидаги ҳарир шарфнинг бир учи ерга судралиб келяпти. Жамила Ғафуровна бу дарахтларни, гулларни, ишхона ҳовлисини, зиналарни, ҳатто Шодмонбековни ҳам кўрмагани, сезмагани аниқ эди! Унинг сочлари тўзғиган, юзлари юмдаланган, кўйлаги устидан кийгани костюмнинг бир ёқаси чокидан сўкилган… Шодмонбеков энди теваракдаги сукунатни нега бежонлигини бирдан англайди. Шундай аёл бу аҳволда тушганда, жон қоладими! Шундай аёл! Кимнинг ҳадди сиғди? Кимнинг?
— Онажоним… — дейди Шодмонбеков бехос аёл яқин келганда ва овози хириллаб чиқаётганини, томоғига йиғи тиқилганини ҳис қилади. – Онажоним! Нима бўлди?
Жамила Ғафуровна унинг сўзларини эшитмайди, ҳатто уни кўрмайди ҳам; Шодмонбеков аёлнинг рангида ранг йўқлигини, юзи беҳад – мурданикидай — безариб кетганини кўриб, сесканиб кетади… Воҳ, осмон ўйилиб ерга тушган! Бўлмаса, бу аёлнинг рангу рўйи нега мурданикидай оқаради? Қаттиқ хўрланибди! Қаттиқ!..Шундай аёлни ҳам хўрлаб бўладими? Ким уни тириклай ўлдирди? Ким?
— Жамилахон!.. Онажоним!
Аёл вайронлик қуршовида — теваракка фожианинг мудҳиш бўйини тараб, Шодмонбековнинг ёнидан ўтиб кетади. Энди унга бу дунё барибирлигини эркак сезади.
Шу пайт ишхона эшигидан ўқдай отилиб Ёқутхон чиқади.
— Опа!.. Жамила Ғафуровна!..
Ғазначининг қўлида сумкача — изиллаб йиғлаганча, зиналардан зувиллаб тушади.
— Опажон! Сумкангиз қолиб кетибди! Опа!..
Жамила Ғафуровна худо урган одамдай гунгу кар – Ёқутхонни эшитмай, ишхона ҳовлисининг кўча эшиги томон телбавор бир беҳушликда кетиб боради. У кўча дарвозадан чиқиб, кўздан пана жойга — панжаралар ортида тиғиз қилиб экилган арчалар ортига бурилади. Ёқутхон ҳам унинг ортидан чопқилаганча, бир зумда кўздан ғойиб бўлади.
Шодмонбеков гарангсираб, ердан оёғини узолмай, михлангандай туради. Чўнтагидан дастрўмолини олиб кўзини тезгина артади. Сўнг кўзойнагини зўр бериб тозалашга тутинади. Кўзойнагини қайта таққанида, йўлакдан келаётган Ёқутхонга кўзи тушади. Сурмаси кўзлари атрофига чалпишган — йиғиси тўхтаган бўлса ҳам, хўрсиниб-хўрсиниб келяпти. Шодмонбеков қўлидаги дастрўмолини Ёқутхонга узатади.
— Юзингизни артиб олинг…
— Э, юзимни бало ҳам урмайди! — дейди ғазначи, рўмолчани олмай. Сўнг ҳаяжонда ўртаниб, овозлари қалтираб гапира бошлайди: — Шодмонбеков ака, Жамила Ғафуровнани кўрдингизми? Шундай аёлни оёқ ости қилди ана у ялмоғиз!
— Ким у ялмоғиз?
— Бу дунёда битта ялмоғиз бор-да, Шодмонбеков ака! Битта ялмоғиз ишхонамизга ҳам, бу дунёга ҳам етади!
Шодмонбеков бу ялмоғиз ким эканлигини англайди.
— Ўша… Жамилахонни… – У сўз тополмай ўйланиб қолади, — … шу кўйга солдими?
— Ўша!.. – Ғазначи овозини пасайтиради. — Ўша Даврон Исмоиловичнинг шарманда хотинига бир нарсалар деган. У келиб, Жамила опани юмдалади. Вой, дўзахнинг ўзи экан! Бутун идорани ямлаб ташлайман, деди!
— А-а!.. – дейди Шодмонбеков ҳаммасини тушиниб. – Бечора Жамила! Бечора!..
У яна нималардир демоқчи бўлдию ишхона эшигидан чиқиб, зиналар устида тўхтаган Муяссар Қодировнага кўзи тушиб, жимиб қолади. Ходимлар бўлимининг бошлиғи бир қўлини белига тираганча, оламга ҳайкал монанд қараб турар – унинг бу музаффар қиёфасидан таралаётган ваҳимадан ишхона ҳовлисига яна зил сукунат чўкади. Ёқутхоннинг кўзидан ҳам яна ёш оқа бошлади.
— Муяссар опа! – дейди у, ногаҳон жон-ҳолатда бақириб, — “Ҳамманинг адабини бердим”, деб мақтаниб турибсизми? “Ҳаммани қўрқитдим”, деб ўйлаяпсизми? Мен қўрқмайман сиздан! Билиб қўйинг, мен қўрқмайман! Сиз ялмоғизсиз! Эшитиб қўйинг, сиз ялмоғизсиз! Аммо сиздан қўрқмайман!..
Муяссар Қодировна белидан қўлини олади. Нимадир демоқчи бўлади. Аммо Ёқутхоннинг важоҳатидан чўчийди, шекилли, бирор сўз демасдан, қайрилиб ишхонага кириб кетади.

Жамила Ғафуровна ишхонага қайтиб келмади.
Ўша воқеадан кейин шундай катта ишхонадан бирор киши уни на кўча кўйда, на бир йиғинда, на бир тўю ҳашамда учратди. Фақат аллақандай узунқулоқ гаплар — шамолда учиб келгандай — коридорларда, хоналарда, кабинетларда баъзан-баъзан айланиб қолади: бировлар у бошқа шаҳарга кўчиб кетган десалар, бошқалар хорижга — қизининг олдига кетган дейдилар. Уйидан чиқмай – хонанишин умргузаронлик килиши ҳақида ҳам қаердандир гап етиб келди. Ҳатто унинг ўлгани тўғрисида ҳам кимдир гапириб қолди. Бу гапга барча ёппасига қаршилик қилди. Шундай чиройли аёл ҳам ўладими? Йўқ, алббата, ўлади, ҳамма худонинг бандаси, аммо… Бир гал кимдир ҳамма карахтлантирган гап топиб келди: Жамила Ғафуровна ўзини ўзи ўлдирган эмиш. Шодмонбеков бирдан ғазабланди. Э, Қўйинг-э!.. Сал ўйлаб гапиринг! У столидан забт турди. Дераза ёнига бориб, кўчага термулгунча узоқ турди. Сўнг илкис қўзғолиб, ташқарига чиқиб кетди. У кетгач, хонадагилар “ўйлаб гапирмаган”ни таънаю дашномга кўмиб ташладилар. Одам деган бўлган-бўлмаган гапни ишга кўтариб келаверадими? Кўзингиз билан кўрмаган бўлсангиз! Тилни тийишни билиш керак, оғайни! Гапнинг пўсткалласини эса, ташқаридан қайтиб кирган Шодмонбеков айтди:
— Отажоним, дунёда шундай покизаликлар бўладики, унга гард тегса, одамман деб юрганнинг барчаси ҳақоратланади! Тушиндингизми?
Гап кўтариб келган, хижолат тортди. Тушинди.
Унинг чиройи, одоби ҳақида ҳикоялар эса кунлар-ойлар ўтиб, ривоятга айланди. Ишга янги қаъбул қилинганлар, бу ривоятларни эшитиб, оғизларини очиб ўтирадилар. Кўпни кўрган акаларнинг завқу шавққа тўлиб сўзлашларидан ҳаяжонланадилар, хаёлларида бу аёлни Лайлигами-ей, Жульеттагами-ей менгзатадилар – қўшилиб ҳайратланадилар. Жамила Ғафуровнанинг тақдири ҳақида турфа хаёлларга борадилар. Ҳатто шоирларнинг шеърини ёд ўқиб юрадиган Равшан деган янги ходим, у бу дунёдан учиб кетган бўлса керак, деган тахмин айтганда ҳам, ҳеч ким ажабланмади.

Шодмонбеков ота-онасининг қабрини зиёрат қилишга, бу удумни одамлар умумтарзда бажо келтирадиган кунларда бормайди. Бегим кунлари – қабрстон одамлардан холе пайти боради-да, ота-онасининг ёнма-ён мозорлари ёнига тиз чўкади. Тиловат қилади.
Бугун ҳам — биров бирон жойда қуръон ўқиганини кўрмаган бу одам — худди қорилардай ёқимли овозда бутун вужуди билан тебраниб оят ўқиди. Падарию волидасига жаннатнинг тўридан жой ато этишини сўраб, оллоҳга илтижолар қилди. Кейин – сомеликда — узоқ бош эгиб ўтирди. Ота-онаси билан суҳбатлашди — юрагидаги бор дардларини тўкиб солди. Мендан хавотир олманглар! Мен сиз уқтиргандай ҳалол яшаяпман! Невараларингиз ҳам пешона тери билан топган ризқлари билан кунларини ўтказаяпти. Қийин! Аммо шундай яшаяпмиз! Тангрини эсдан чиқарганимиз йўқ… Сўнг енгил тортиб, атрофга қаради ва… Ван Гогни кўрди. У бир даста қизил атиргулларни икки қўллаб кўксида тутган кўйи, рўпарадаги йўлакчадан борар, унинг беозоргина юришидан ажибтовур ҳазинлик хазондай тўкилиб қолаётгандай эди.. У бироз юриб бурилди-да, мозорлар оралаб, тўхтади.
Шодмонбеков, негадир Ван Гог унга кўзи тушса, ноқулай бўлади, деб ўйлади. Ўрнидан оҳиста қўзғолиб, йўлкадан Ван Гогга терс томонга қараб юрди. Билмас экан, бу Боқибойнинг яқинлари ҳам шу қабрстонга қўйилган экан-да! У қабрстоннинг ярмини аста-аста айланиб, Ван Гогни кўрган жойига етди ва йўлакчадан сал нарида — қабрдаги ёдгорлик пойига бағир босиб ётган бир даста қизил гулга кўзи тушди. Боқибекнинг қўлидаги гуллар! Ким ётибди экан бу жойда? Шу одамнинг ҳам қариндошлари бор экан-да! Қаро ер тагида ётган бўлса ҳам қариндош қариндош-да! Бир ўзи ҳувиллаб юргани-юрган эди…
Шодмонбеков бу хаёлларидан негадир хурсанд бўлди. Ўша қабрга қараб борди. Қабртошдаги лавҳани ўқишга тутинди. Ким? “Жамила Ғафуровна Акбарова”? Наҳотки… Бечора! Бечора! У қабрнинг пойига ўрнатилган бежирим скамейкага чўкиб, оят ўқиди.
Қабрстондан чиқиб кетишда эса, Ван Гогга кўзи тушди. У қабрстон дарвозасига олиб борадиган ишкомли йўлканинг четидаги ўтирғичда — гўё бу оламни унутгандай — бошини хам қилиб, ўтирибди. Шодмонбеков у аллақандай даҳшатнинг қаърига чўкиб кетаётганини, ҳозир бориб нимадир демаса, уни қутқазиб бўлмаслигини ҳис қилди.
— Боқибек…
Ван Гог бошини кўтариб унга қаради. Ўрнидан турди. Унинг кўзларидаги даҳшатли ғусса Шодмонбековнинг юрагини зирқиратиб юборди. Алақандай фожеанинг совуқ изғирини вужудига кирди. Ван Гог эса одамни чўчитадиган сокин овозда, кўзларидаги ғусса аллақандай теранлик қаърига чўкиб, қаерлардадир – етиб бўлмас узоқлардаги бировнинг кўзига тикилганча, ниманидир гапира бошлади. Нималар деяпти? Жинни бўлиб қолмаганми? Э, шеър-ку! Шеър… Шодмонбеков бирдан унинг ҳар бир сўзини аниқ тушина бошлади.
— …Не дейин қийналган кўнгил қушимга?
Азоб учишига пичоқ қадалган.
Бир даста қизил гул эса тушимда,
Сенга аталган у, сенга аталган.
Тақдир қайлардадир милтирар элас,
Умр ҳушдан кетар, чалкашар йўллар.
Тушларимдан тушиб сенга етолмас,
Сенга атаганим қип-қизил гуллар.
Изиллаб кезаман ўнгу ҳушимда,
Вақтнинг шамоллари борар учириб.
Бир даста қизил гул эса тушимда,
Сенга беролмайман тушдан тушириб…
Шодмонбеков шеър яна давом этса, ўлиб қоладиган каби “Тўхтатинг, бас қилинг…”, дегандай қўлларини жонҳолат силкитди. Ван Гог шеър ўқишдан тўхтади.
— Бандачилик… – деди Шодмонбеков кўзлари нохос ёшланиб.
Ван Гогнинг лаблари қалтиради. Қўлларини кўксига қўйди.
— Раҳмат… Раҳмат…

Шодмонбеков қабрстондан чиқаётиб, ортига қаради. Ван Гог яна боши хам — қовжираб ўтирибди… Кимни кутаяпти? Тақдирнинг келиб кечирим сўрашиними? Тақдирнинг у билан нима иши бор! У ёзмишдаги ишини бажаради-да, охир-оқибат, ана, қабрга тиқиб кетаверади! Худди шундай!.. Худди шундай!.. Э, парвардигор! Сир-асроринг бунча кўп! Бу асрорга шериклар ҳам уни охиригача билмайди. Бил-май-ди! Нега яна кўзимга ёш келди? Нега бунча юрак оғрийди? Нега?.. Аммо яшаш керак. Бу дунё елкангга ташлаган юкни зўриқиб бўлса ҳам тортиб, яшаш керак! Ҳушёр бўлмасанг…
Шодмонбеков қаддини тик тутди, қадамини тезлаштирди. У дали-ғули одамнинг чапани юришида, қабрстоннинг рўпарисидаги бозорчага оралаб кетди.

2016-2017
_____________
* ин пари аст (тожикча) — бу аёл пари экан.

3. ХОДИМЛАР БЎЛИМИ БОШЛИҒИ

Биров ишдан кетса, ишхона деган ғовур-ғувур жой бирдан адолатли фикрлай бошлайди. “Э, бекор бўлди-да!”, деб қолади кимдир кечаги ҳамкасби ҳақида. Ҳамма шу фикрга қўшилади. Бошқа биров тўғрисида “бори нимаю, йўғи нима” тариқа шунчаки бирров гапиришиб қўйишади-да, қайтиб эсга олишмайди. Бошқа бировлар эса, тирик афсонага айланади: “мана шу одам бизда ишлаган” қаблида фахр билан эслаб юришади. Ишхонанинг тантанали мажлисларида бу идоранинг нақадар аҳамиятли эканлигини кўрсатиб қўйиш учун уларнинг номлари санаб ўтилади.
Умр кўз очиб юмганча, ўтиб кетар экан.
Ишхонанинг эшигидан кечагина мўлтирабгина кириб келган ёшгина ўсмир, “ҳа-ё ҳу” деб нафақа ёшига етиб келганини ҳам билмай қолади. Энди кучга тўлиб, обрў-эътиборга эришдим деганингда, бошлиқнинг “ҳамиша сафимиздасиз”, деган ёлғон гапига чин юракдан ишонгинг келиб, бир даста гулни кўтарганингча, ноқулай жилмайиб, негадир ўпканг тўлиб, ишхонангни тарк этасан. Бу жойга энди эрталаблари кечикишдан хавотир олиб, шоша-пиша келмаслигингга негадир ишонмайсан. Ортингга бурилиб қарайсан. Кузатиб чиққан битта-ярим ҳамкас бларинг худди сени курортга жўнатаётгандай ажиб бир хуррамликда, юзларида табассум билан, “хайр” деб қўл силтаб қўйишади. Сен энди ўзингни тутиб туролмайсан. Ичингдан бостириб келган хўрсиниқ кўксингни бир кўтариб ташлайди, кўзларинг намланади. Назарингда, ҳеч кимга керак эмасдай бўлиб қолган умрингнинг қолганини кўтариб, номаълумлик сари юрасан. Бу дунёдаги бажарадиган ишингни бажариб, ишлаганингни ишлаб бўлдинг. Энди… У ёғини ўйлагинг келмайди. Шунда миянгнинг пинҳон қатида яшириниб ётган – сени асрашга бел боғлаган бир туйғу — не-не тасаллилар билан — бу аҳволингга пешвоз чиқади. Қайсидир бир донишманднинг қаердадир эшитганингми-ей, ўқиганингми-ей бир гапи “чарс” этиб, эсингга тушади. Унинг айтишича, “одам зоти умрининг охиригача ўзининг ишини бажаришдан давом этар” экан. Аммо қанақа иш? Иш ишхонада қолиб кетмайдими?

Ходимлар бўлими бошлиғи Муяссар Қодировнанинг нафақага чиқиши ҳақидаги гап аллақайдан учиб келиб, коридору хоналарда хира пашшадай айланиб қолганда, ишхона ҳамжиҳатлик билан бу гапга ишонмади. Ким кетади? Муяссар Қодировна? Қўйсангиз-чи! Одам ишонадиган гапни айтинг, биродар! Осмон ўйилиб тушади, денг, “хўп” дейин! Йигирма биринчи декабрда, майялар айтганидек, охират қўпади денг, жим турай! Водийлик ишбилармон Миррихда қовун-тарвуз сотиб ўтирганлигини америқолик олимлар телескопда кўришибди, десангиз ҳам ишонаверай!.. Аммо Муяссар Қодировна!..
Бу гапни айтган одам бир қадар мулзамликда қолади. Негадир ўзини оқлагансимон гапира бошлайди. Мен ўзим ҳам ишонмайман-ку-я! Энди… эшитганимни айтаяпман-да! Тешик қулоқ! Одамлар ҳам гап деб бир балоларни чайнаб юришади-ей !..
Шодмонбеков эса, одатдагидай, бу гапнинг довруғини достон қилади. Эмишки, майяларнинг ҳисоб-китобича, бу чексиз дунёнинг тақдири Муяссар Қодировнанинг нафақага чиқиш-чиқмаслиги билан чамбарчарс боғлиқ — агар у йигирма иккинчи декабрда ишдан кетса, дунё қоронғу даврдан бир қалқиб, сон-саноқсиз қуёш порлаб турган ёруғ замонлар даврига ўтади; нафақага чиқмаса, инсоният зулмат ичида мунғайиб, чўчиб, кўнгли хуфтон бўлиб яшайверар экан. Ҳозирги эра неча минг йиллардан буён Муяссар Қодировнинг эраси — уни тугатиш қачонлардир ўлиб кетган — дами ўткир майяларнинг қўлидан келмаса, болаларининг эмас, бошлиқларининг суратларини хоналари деворига осиб қўядиган ҳозирги раҳбарчаларнинг қўлидан келмас экан… Афсусланадиган жойи шундаким, бу шовур-шувурлару ўринсиз ҳазиллар Муяссар Қодировнанинг қулоғига етиб бормайди. У бир томону, бутун ишхона бир томон! Ишхона Муяссар Қодировнага сир бермасликка ҳаракат қилади. Чунки тартиб-интизомни пинҳона бузишлар; ишдан кечикиб келингандаги ёлғон бичиб-тўқишлар; ишни қўйиб, коридору фойеда гап сотишлар; чекиш баҳона ишхона олдидаги бир парча боғда сайру томошалар; сохта касаллик варақалари… – барча-барча найрангу фитналарни у аямасдан фош қилган. Юзу кўзинг деб ўтирмаган! “Мана мен” деб керилганлар маошини тўлиқ ололмай, ғазнанинг олдида мўлтираб қолган! У билан ўрлашганларнинг қанчаси ҳайфсан олганини ўқигач, “Эълонлар тахтаси” ёнида ранги оқариб, кўкрагини чангаллаганча, лолу карахтликда қотмаган дейсиз! Ишдан ҳайдалганлар-чи! Катта-матта одамлар ишхона эшигидан қон йиғлаб, чиқиб кетганлар! Унга қастма-қасд нафақага кетиш учун ариза ёзган Олим Жўраевич дегани зўриққанидан қон босими ошиб, уйига етар-етмас, тилидан қолиб, йиқилиб тушмадими? Тушди! Оқибат, бир ҳафта ўтар-ўтмас, у дунёга бенавбат йўл олди! Йўқ, Муяссар Қодировна билан тортишиб бўлмайди! Аҳрор Валиевич деган бир тўнка бошлиқ унга беписанд қараб, нима кунларга тушмади! Ван Гўнг деган телба гумаштаси билан санқи рассомларга қўшилиб кетди. Тунов кун ўрисларнинг телевизори Прансиядаги бир шаҳардан шу тўнкани кўрсатиб қолди. Елкасига тушган сочини от думи қилиб боғлаб олибди. Соқоли ўсган. Аллабалоларни алжияпти. Бўёқ чалпиб ташланган аллақандай расмни кўрсатиб, “бахтлиман” дейдими-ей! Хуллас, дунёни бузишга қасд этганларнинг бетартиб сафига қўшилгани аниқ. Агар Муяссар Қодировна Прансия бўлганида, бу баттолнинг елкасига тушган сочини кесдириб, беш-ўн йилгинага Ўрисиянинг Сибирига меҳмонга жўнатарди! Минг таассуфким, Муяссар Қодировнага ҳатто биттагина одамни ўша совуқ жойларга жўнатиш ҳуқуқи берилмаган. Дунё эса тартибсизликдан қулай-қулай деб турибди! Тартибсизликни дастуруламал билган бу дунё ҳали кўрганини кўради! Муяссар Қодировналарни кўп эслайди!

Аммо “ўт бўлмаса, нега тутун чиқади?” деган гап бу гал ҳақ рост чиқди. Муяссар Қодировнани ҳам ғафлат босдими, ёхуд майялар каромат қилганидай, давру-дарвронинингг куни битганмиди, уни чақиришиб, “шундай фикр бор”лигини айтишганда, ичидан бир силкиниб қўзғолган доду фарёд бўғзига тиқилган бўлса ҳам, ўзини босди. Индамайгина ариза ёзди. Чунки “шундай фикр” пайдо бўлгандан кейин, қаршиликнинг фойдаси йўқлигини у жуда яхши билади. Бу мулоҳаза инсониятни рамкада ушлаб турадиган улкан тартиб-интизомнинг муҳокамадан озод темир қонуни эканлигини ҳам тушинади.
Ишхона негадир у билан мулозаматсиз хайрлашди. Ҳатто уч-тўрт кишини чақириб, номига йиғин ҳам қилинмади, имми-жимида жўнатиб юборишди. Муяссар Қодировна ўрнига келган ёшгина қизга ишни топширди-да, бошини мағрур кўтариб, ишхонадан чиқиб кетди. Ҳеч ким кузатгани ҳам йўқ. Ишхона негадир хоналарга бекиниб олди. У кетаётганда коридорлар бўм-бўш эди.

Муяссар Қодировна шаҳар четидаги кўпқаватли иморатнинг пастки қаватида — бир хонали хонадонда яккаю ёлғиз яшайди. Фарзанди йўқ, эр ҳам қилмаган. Унинг ҳар лаҳзада кўриниш бериб турадиган темир иродали феъли эркакларга ёқмаган. Эрликкка номзодлар бир-икки кўриниш берганларидан кейин, ғойиб бўлганлар. Ўзини негадир “Муяссар Қодировна” деб таништирган бу қизнинг телесухандонлардай сўзни чертиб-чертиб гапиришию, раҳбарларга хос бўйруқнамо оҳанги эркакларни чўчитган. Натижада, эрликка номзодлар ошиқлик мақомига кўтарилмасдан, жуфтакни ростлаганлар. Аммо бу қисқа давр ичида улар дунёни тораётганини ҳам, осмонни пасаяётганини ҳам, руҳларини аллақандай маҳоватли қудрат босиб, беҳаракатлик тутиб бораётганлигини ҳам ҳис этиб улгирганлар. Бу қизнинг атрофида гўё ҳаво йўқдай эди. Эрликка номзодлар қочиб қолганларидан сўнг, ойлаб-йиллаб нафасларини ростлаш билан овора бўлганлар ва анчагача аёл зотига қараёлмай юрганлар.
Муяссар Қодировна эса ўзини ишга бағишлади. “Кўз-қулоқлик” вазифасига жон-жаҳди билан амал қилди. Иш учун ўзини ҳам, бировларни ҳам аямади. Эрсизликдан йўқотган лаззатларни ишдан – вазифасини аъло бажаришдан топди…

Аммо
энди
бир хонали бу уйда
ёлғиз ўзи
нима қилади?

Нима қиларди, роҳат-фароғатда кун кечиради! Идорани тартибга соламан, деб ишдан чиққан асабларига дам беради. Худога шукур, овунаман деса, юмуш кўп; саёҳат этаман деса — бутун дунё қўл чўзгулик жойда! Ана, теле… Йўқ, нима эди? Тилинг кесилгур Шодмонбеков нима дер эди? “Ойнаи жаҳон”!.. Адо бўлгур шу гапни тўғри айтган! Керак бўлса, ойнаи жаҳон, ана, қаршингда! Телеочқичнинг истаган мурватини боссанг, хоҳлаган жойингга саёҳат қиласан; қўшиқчилар минг муқом этиб, ашула айтиб беради; истаган машҳур одаминг ҳаётини авра-астарини қолдирмай ҳикоя қилади — отаси асли ким, энаси ким билан юрган, кўкидан қанча тўлаб, башарасини операция қилдирган, эри билан нимага яшамайди, ким билан яшашни орзу қилади… Бу гаплар қулоғингни қитиғини келтирса ҳам, зерикмайсан! Уялибгина бўлса ҳам, томоша қиласан! Айниқса, сериаллар! Бу каналда тугамасдан, бунисида “опажон, бизни ҳам томоша қилинг!”, деб турибди.
Муяссар Қодировна шундай қилди! Аммо томошабинлик ҳам осон иш эмас экан. У аввал, ордона қолгур ишхона билан бўлиб, ойнаи жаҳонни томоша қилишдан чиқиб қолганига иқрор бўлди. Бу кинони кўраман десанг, буниси ўтиб кетади, бу сериални бошласанг, униси бошланиб қолади… Улгиролмайсан! Муяссар Қодировна, албатта, бундай тартибсизликка бепарво қараб турмади. Бир ой ичида масалани жиддий ўрганиб чиққач, зарур чоралар кўриш учун ҳаракатга тушди. Аввал газета киоскига… Йўқ, нима эди? Тилингга тескан чиққур Шодмонбеков нима дер эди? Ҳа, “кўшк”! Хуллас, газета кўшкига бориб, энг мукаммал теледастурлар эълон қилинадиган газетани сотиб олди. Уларни эринмай ўрганиб чиқди. Ўзи учун керакли кўрсатувларни бир бошдан белгилаб олди. Кечқурун бериладиган кўрсатувлар эртага – кундузи қайтарилишини ҳам фаҳмлади. Демак, кечқурун кўришнинг имкони бўлмаган киноларни ёки кўрсатувларни эртага кўрса бўлади. Уларни ҳам бирма-бир белгилади… Хуллас, ҳафталик яшаш дастури тайёр! Муяссар Қодировна ҳаёти тамоман ўзгарди. У энди уй ичида бемалол юрмас, вақти телевизорнинг ҳукмида – реклама пайтлари югуриб бориб, чой қўяр, ёки овқат учун пиёз арчар; дўконга чопқилаб бориб, чопқилаб келар; йўл-йўлакай учраган таниш-билишларига салом берса ҳам, сўрашишни омонат этиб, зинғиллаганча уйига ўтиб кетаверар эди. Қўни-қўшнию, қариндош-уруғларнинг тўю маракаларига боришдан ҳам зиғирча маъни топмайди. Кўпинча, бормай қўя қолади. Мабода борса ҳам, хуноби хун бўлиб ўтиради. Безовталикка чўлғаниб, очарчи нима деб вайсаётганинию, отарчи нима деб бақираётганини эшитмай, қовоғини уйганча, тўрсайиб олади — ундан тарқалаётган диққинафаслик атрофни шу қадар тутадики, дастурхон атрофидагилар карахт аҳволга тушади. Бечоралар бу ноқулайлик қаердан келаётганини тушунмай, у ёқ-бу ёққа зимдан назар ташлашади; кулиш нари турсин, ҳатто баландроқ гапирмоққа ҳам журъат этишмайди. Муяссар Қодировнанинг улар билан нима иши бор! Ахир, “Сени кўрмасам, ўламан” сериалининг бир юз иккинчи қисми ўтиб кетаяпди! Ўн дақиқадан кейин, “Сен менинг ҳаётимсан”нинг ўн бешинчиси бошланади. Ахир, теле… йўғ-е, “ойнайи жаҳон” бекорга бу киноларни кўрсатмаётгандир! Одамлар томоша қилсин, дейишгандир, ахир! Булар эса ҳаммани тўю томоша деб, овора қилишяпти! Йиғилиб, овқатни паққос тушуришдан мурод нима?..
Муяссар Қодировна ўрнидан нохос забт қўзғалиб, ҳеч кимга эътибор бермай, жиддий қиёфада ташқарига равона бўлади. Унинг бу кетишидан шундай важоҳатли куч тараладики, тўй эгалари “э, ўтирсангиз бўларди”, қаблидаги манзарат сўзларини ҳам айтолмай, ортидан ҳайрон қараб қоладилар.
Дастурхон атрофидан эса бирдан диққинафаслик кўтарилади — аллақандай енгиллик оралаб қолади. Меҳмонлар эркин нафас олиб, бир-бирларига кулибгина қарайдилар, бироқ ҳалиги диққинафаслик қаердан келдию, қаерга кетганини тасаввур ҳам қила олишмайди. Бу ҳол бир пасда унитилади — “олинг-олинг” бошланади, қизишган жувонлар “қарсо-қарси”га рақс тушади, ҳатто кампирлар ҳам қўшилади; эркакларга ҳам журъат қайтади — дунёни бошига кўтариб айҳаннос солаётган отарчи мусиқани енгишга уринганча, бор овозда кучаниб, суҳбатлашмоқчи бўлишади. Аммо бу шовқинга баҳс келолмай, иложсиз қолишгач, яхшиси, қадаҳларни тўлдиришни маъқул билишади. Муяссар Қодировна бир пасда эсдан чиқади.
Одамлар шунақа! Ҳамма нарсани бир пасда эсдан чиқаришади. Хотираларининг маззаси йўқ! Кун ўтса бўлди! Кеча нима бўлган эди, эртага нима кечади? Ўйлаб ўтиришмайди. Ҳатто бу Муяссар Қодировнадан бошланиб, дунёга таралаётган – ўзларини ҳозиргина ҳайиқтириб турган — тушнуксиз бу Кучни ҳам бир пасда эсларидан чиқаришади!

Муяссар Қодировна эса, бу пайт ҳаллослаганча, эшикхонага етиб борган, эшикни шиддат билан очиб, ичкари кираётган бўлади. Лекин у эшикни қанча шиддат билан очган бўлса, шунчалик авайлаб ёпади. Гап шундаки, эшикка пружина ўрнатилган. Пуржинанинг бир учи эшикка маҳкамланган бўлса, иккинчи учи кесакига михланган. Агар авайлаб ёпмасангиз, тарақлаб кетади. Бу мослама тартибни яхши кўрадиган Муяссар Қодированинг ташаббуси билан амалга оширилди. У парвойи фалак қўшниларини йиғиб, агар пружина қўйилса, эшик анқайиб ётмаслигини, эшикхона ёт кўзлар назаридан холе бўлишини, уйнинг эгалик эканлиги билиниб туришини уқдирди. Тушунмаганларга қайта-қайта тушинтирди. Ахир, эшик энг муҳим нарса! Очиқ эшик — эгасиз кўча! Пружина қўйилса, истасанг-истамасанг, ёпилади-қолади. Бунинг устига, тартиб-интизом бўлади. Санқиб юрган яхши-ёмон искаланиб, бош суқмайди. Тартибсизликдан худо асрасин!
Шахсан ўзи бош бўлиб, харажатга пул йиғдирган. Доим кайф қилиб юрадиган бешинчи қаватдаги қўшниси уста Аҳмадни “Висол” деган пивохонадан шахсан топиб келиб, пружинани ўрнаттирган. Иш битгунча, бошида қаққайиб турган. Бу ҳам ўша ишхонадаги Ван Гўнгнинг… Йўғ-э… номинг ўчгурнинг исми нима эди?.. Ҳа, Ван Гогнинг бири – бетартиб. Ароқнинг исини олса, Алпомишнинг чоҳидан ҳам “пир” этиб, учиб чиқади! Опа мана шундай неча-неча пишиқдан-пишиқ ўйларни миясидан ўтказиб, қоққан қозиқдай қаътийлик билан, Уста Аҳмаднинг ёнидан бир қадам нари жилмаган. “Опа, бораверинг, ўзим ўрнатаман”, деганига қулоқ солмаган. Устанинг кўз олдида эса пиво! Сап-сариқ, кўпириб турган оромижон!.. Эндигина бир ҳўплаганда, бу балойи қазо етиб келганини қаранг! Аммо уста “миқ” этмаган. Бир ишга, бир “опа”га қараб — пешонасига тўппонча тиралганини кўриб турган асир каби — ишлайверган, ишлайверган, ишлайверган… Унинг назарида, ойлар, йиллар, асрлар ўтиб кетган! Аммо бу опа вақтнинг ўтганини сезармиди? Башарасидан заҳар тўкиб, унга тикилганча, тураверган, тураверган, тураверган… Не-не оғир ишларни ўйнаб-кулиб бажарадиган уста Аҳмад терлаб-пишиб кетган.
— Опа… – деб, гап бошлаган у яна, ҳеч кимдан сўрамай, ишбошқарувчилик масъулиятини зиммасига олган бу аёлга худодан инсоф тилаб.
— Мен опа эмасман! – деган опа, унга инсоф-пинсоф керакмаслигини муз уфурган оҳангида оламга ошкор айлаб. – Муяссар Қодировнаман!..
Уста жунжикиб кетган.
— Уйингизга кириб ўтираверинг, дейман-да… –деган бўшашибгина. – Дам ол-и-иб… Битқазсам, ўзим айтиб чиқаман…
— Ташвишимни қилманг. Мен ишдан қочмайман! – деган Муяссар Қодировна. Сўнг Муқбил тошотарнинг каттагина “тош”ини қайси бир замонлардан топиб, унинг нақ бетига аямай отган: — Одамлардай ишни ташлаб, пивохонага қочишни ўйлаётганим йўқ.
Шунда уста бу хотин ўйлаётган ўйидан ҳам хабардорлигини, шунчаки бошида гунг қарғадай дўнмаганлигини, балки бу дунё унга топширган муҳимдан ҳам муҳимроқ постда аллақандай яширин вазифани сидқидилдан адо этаётганлигини бутун вужуди билан ҳис қилган. Муяссар Қодировна ҳақиқатдан ҳам ўз постида – бечора Аҳмадни қаътий назорат остига олмаса, дунёнинг иши битмаслигини чуқур англаган ҳолда, кўнглидан не-не ўю-хаёллар кечиб, сабр-тоқат билан турган. Ахир, бу дунё ҳам мана шу уста Аҳмаднинг худди ўзи! Одамларини қаттиқ тутмасанг, нималар қилишмайди! Бири пивохонага чопади, бири бозорга; яна бири чойхонани маскан этса, бири ўйнашиникига!.. Баъзилар эса, анақа… Ван Гўнгга (бўйнинг сингурнинг исми нима эди!) ўхшаб, расм чизади… Уларнинг бу юришида дунёнинг юмушини ким бажаради! Деворлар идраб, эшигу дарвозалар ланг очилиб кетади-ку! Очиқ эшикда сиру асрор қоладими? Ахир, казо-казо мартабаю мансабларнинг, не-не идоралару маҳкамаларнинг обрўйи, одамларни ҳуркитадиган савлати эшикларининг маҳкамлигидан-ку! Келган одам, эшик олдида озгина тўхтаб, у ёқ-бу ёққа қарасин; ўпкасини босиб олсин, шавкату сулукатни кўрсин, юрагига салгина ҳадик тушсин! Юрагида ҳадиги йўқ одам, ахир, хатарли! У ҳеч нарсадан қайтмайди! Агар бундай кетаверса, Шодмонбековга ўхшаганлар, идораларнинг теграсидан панжараларни ҳам олиб ташлашни талаб этишади!
— Уф-э!.. – деган уста Аҳмад сўнгги бурама михни ўрнатиб бўлгач, пешонасининг терини, кир қўли билан артиб. – Қутилдимми, оп… Муяссар Қодировна!
У яна “опа” деб юбормаганидан хурсанд, Муяссар Қодировнага қараб илжайган.
— Уста Аҳмад, — деган жаҳлдан энтикиб Муяссар Қодировна — Қамоқхона эмасман, мендан қутилгани. Мен…
Шу пайт йўлакда учинчи қаватдаги Зулхумор лайлак пайдо бўлган. Қўлида селофан халта! Ичида муштдайгина алламбало – келяпти хиргойи қилиб! Бармоғини қирсиллатиб ҳам қўяди. Бу ёруғ оламда бир ўзи яшаётгандай! Унга катта-кичикнинг фарқи йўқ. Дунё тўпиғига чиқмайди! Устида ҳемирилик кўйлак, оёғида артилса, ойда-йилда бир артиладиган арзон хитойи тапичка, сочи таралмаган, юзида бахтиёр табассум – кунгабоқарнинг пўчоғини атрофга бетўхтов пуфлаб, ялло қилиб, келяпти!.. О, бу хотин! Худо одамни ҳам шундай яратадими? Бирор танишининг қароси бир чақирим нарида кўринса ҳам, овозини борича бақириб, салом беради; учинчи қаватдаги уйининг деразасидан бош чиқариб, қарши уйнинг балконидаги қўшнилар билан сўрашади; ҳар соатда “дом”ларнинг ортидаги бозорчага бориб келгани келган. Ҳеч қачон иккита нарса олмайди. Битта-битталаб ташийди: бир чиққанда нон, яна бир чиқишда пиёз, яна бир чиққанида туз… Улар ҳам оз-озгинадан – кўпроқ олсам, кўчага чиқолмай қоламан, деб ваҳимага тушса керак.
— Муяссар опа! — деб олисдан бақирган Зулхумор лайлак, — Ассалому алайкум!
— Секин, Зулхумор, секин, — деган Муяссар опа.
Лайлак парво ҳам қилмаган. У гап сочадиган мошинадай, йўл-йўлакай тевараккка гап тараб келаверган..
— Айтганингизни бажармай қўймайсиз, опа! – Муяссар Қодировнанинг қаътиятидан бахт топгандай, унинг башараси бир товоқ табассумга айланган. — Уста Аҳмад ҳам қўлга тушибди-да! Ассалому алайкум, Аҳмаджон! Қўлга тушдингизми? О, бу киши сизга Поти анқовингиз эмас! Алдаб бўпсиз! Пивохонанинг тагида бўлсангиз ҳам, томида бўлсангиз ҳам, топиб келадилар! Аммо Потингиз тилло хотин – сизга чидайди…
Уста ичига оғриқ киргандай афтини бужмайтирган. Опанинг қаҳри келиб, илон монанд заҳри келиб, тўлғониб кетган. Аммо Зулхуморнинг парвойи фалак – доим тўлиб-тошиб турадиган гап халтасидан вайсашни тўрт тарафга сочиб келаверган.
— Вой, пружина ҳам ўрнатдиларингми? Халтура қилмадингизми, Аҳмад? Сиз бажарган ишни, уч кундан кейин бошқа устага қайта қилдирардик… Лекин яхши бўпти! Каллангиз ишлайди, опа! Қойил! Овора бўлганларинггга яраша ўзи ишлайдими?..
“Бу жойда мендан бошқалар ҳам бор”, деб хаёлига ҳам келтирмайдиган Зулхумор эшикни зарб билан ланг очган-да, қўявериб юборган. Таранг тортилган пружина, эшикни палахса тошдай учириб, кесакига бор бўйича қарсиллатиб урган. Нохос “та-а-ақ” этган овоздан Муяссар Қодировна чўчиб тушган — юзи бир бужмайиб, ёқасига “туф-туф”лаган. Уста Аҳмаднинг пешонаси эса тиришган.
— Аммо бизнинг хизмат битди! — деган у, ҳозир машмаша бўлишини аниқ сезиб. – Кетдим. Ишим кўп.
У пивохонанинг олдида озодлик зориқиб кутаётганини бутун вуужуди билан туюб, қанот қоқмасдан, ўша тарафга учган.
— Аммо зўр бўпти! – деган гапни автомат ўқидай сочиб Зулхумор. – Пушканинг… Нима эди, отинг ўчгур… Ҳа, замбилнинг… Йўғ-е, замбаракнинг ўзи бўпти!
— Зулхумор…
— Эшикмисан, эшик! Қарсиллатиб, очиб-ёпаверамиз!
— Зулхумор!..
— Ҳа, опа!..
Аёл Муяссар Қодировнага қараган. Қарагану… унинг юзидаги ифодани кўргач, гапи милтиқнинг стволига тиқилиб қолган ўқдек бўғзида тўхтаб қолган. Осмон ўйилиб тушган бўлса керак, деб ўйлаган. Ва бу ишда ўзининг ҳам катта айби борлигини бирдан англаган.
— Нима қилдим, опа?.. – деган у ниҳоят, бўшашиб. – Нима қилдим?
Опа ҳатто ўзининг айбини ҳам сезмайдиган бу хотиндан кўз узмай, ингичкагина лаблари қаҳрдан янада ингичкалашиб, минг ғазабли афсусда бош чайқаган:
— Бу кишимнинг орзусини қаранг! Эшикни қарсиллатиб очиб-ёпмармиш!.. Бу дунёда маданият бор, Зулхумор! Тартиб бор! Тушиндингми?
Зулхумор Лайлак тушинмаган.
— Қандай ёпай, опа? – ҳайрон қолган у, — Очсам, ўзи қарсиллаб ёпилиб кетяпти-ку. Мана…
У яна эшикни бир тортиб очган-да, қўйиб юборган. Таранг пуржина эшикни яна қарсиллатиб, кесакига урган.
Опа, энди чидаб туролмаган.
— Бефаросат! – деган опа ва бу сўз шу лаҳзада заррача ҳақорат эмаслигини, балки бу аёлнинг феълу атворига қуйиб қўйгандай ярашганини лаззатланиб ҳис қилган.
— Вой, опа, мен-да нима айб? – Лайлак парво ҳам этмаган. — Бу эшикка пружина ўрнатганнинг фаросати бўлмаса, мен гуноҳкорми? Уста Аҳмадни сўкинг! Шундай юмшоққина эшикни эшикхонанинг бетига қарсиллатиб соладиган қилиб қўйибди! Эшикмас, шапалоқ! Мана, қаранг, ўзидан ўзи!..
Зулхумор яна эшикка қўл узатган. Ҳозир гумбирлаб ёпиладиган эшик, дунёни остин-устун этадигандай, опа унинг билагидан илдам тутган.
— Бас қил-э!
Муяссар Назаровнанинг овози шундай қаътий жаранглаганки, Зулхумор Лайлак карахтланиб, тутилиб, таъбиридан адашган. Ҳа, ҳаётида биринчи бор гапиришга тили айланмаган! У бу аёлнинг овозидан кимлардандир элас-элас эшитгани қандайдир қўрқинчли воқеларнинг шарпасиними-ей, аллақачон ўтиб кетган, энди эртакнамо туюладиган даҳшатли замонларнинг ҳавода қолган аллақандай қудратли эпкиними-ей аниқ туйган – бадани жимирлаб, хавотир аралаш ҳайронликда опага чўчиб қараган. Чунки бу қудратниннг эпкини шу аёлдан таралаётганини; эҳтиёт бўлмаса, бу эпкин беаёв гирдобга айланиб, қаърига тортиб кетишини ҳам даъфатан сезиб улгирган! Негадир кўзига опа ҳам ҳеч кимга сир бермай, пусиб ётган, аммо пайти етса, бир ҳамла билан дунёни эзиб-эзғилаб ташлайдиган улкан йиртқичга ўхшаб кўринган.
Зулхумор ҳўнграб йиғлаб юборган.
— Нима қилдим? — деган у йиғи аралаш. – Нима қилдим? Бундай ёмон қараманг, опажон! Шу қурмагур эшик очиқ турса ҳам, бало урмас эди. Пружинага бало борми? Ҳамма жойнинг эшигини ёпиб ташлаяпмиз! Очиқ эшик қолмади…
У бирдан яна хато гапираётгани, Муяссар Қодировнанинг юзидаги жиддийлик ниҳоятда қуюқлашганини фаҳмлаган.
— Узр, опажон!.. – деган ёшли кўзлари мўлтиратиб. – Узр. Доим бир балоларни валдираб юбораман. Бувим “сен тилингдан топасан”, деганлар. Ҳақиқатдан ҳам… Айтинг, қандай ёпай, опажон?
Муяссар Қодировнанинг лабларига табассум югурган.
Эшикнинг қандай очиб-ёпилилишини аллақандай йўриқномадан аллақачон ўқиб, ёдлаб олгандай, илмини намойиш эта бошлаган.
— Мана бундай ушлайсан-да, секин тортиб…
Шу пайт тепа қаватдан тушиб келётган Фотима зинада пайдо бўлган. У эшикхонанинг нимқоронғулигида аёлларга арвоҳ монанд кўриниб кетган. Эшикни очиб-ёпишни машқ қилаётганлар чўчиб тушганлар.
Воҳ, бу хотиннинг бешарпа юриши! “Қилт” этган сас чиқармайди! Доим рўбарўнггга яқин келганда кўрасан! Ерга қараб, салом беради-да, бошини кўтармай, ўтиб кетаверади. Ҳеч кимга эътибор бермайди. Гўё ичида кимдир бор. Ўшанинг айтганини қилади, ўшанинг айтганини бажаради. Ўшанинг айтганини эшитмасдан қолмай, деб ўйлаганиданми, ҳамиша жимгина юради. Авваллари узун сочи бўлар эди. Ичидаги одамдан шошилинч буйруқ келганми, бир кун, кутилмаганда, калтагина сочда кўриниш берган. Қўшни хотинларнинг гап қўзғаб, “очилибсиз”, “ярашибди” деган гапларига эккан бошини кўтармай, “раҳмат” деган-да, ўтиб кетаверган. Яна бир кун атрофдаги “дом”дагиларни лолу ҳайрон қолдирганча, ҳижобга ўраниб чиққан. Барча лолу карахтликда қолган. Муяссар Қодировнадан бошқа аҳли аёл қўлини кўксига қўйиб, салом берган. Аммо Фотима ердан кўзини узмасдан, пичирлабгина саломлашганда, йўлидан қолмаган. Аёллар унинг бу кўринишини муҳокама этиб, бирор қарорга келмасдан, у яна ўзгарган. Барқ уриб елкасига сочилган сочларини ҳилпиллатганча, тиззасини ёпиб-ёпмайдиган кўйлакда эшикхонадан чиққан. Дунё билан иши йўқ, кўзини ерга тикиб, овози ўчирилган телевизордай товуш чиқармай, қайгадир шошилибгина илдам кетган. Бу аёл гўё бу дунёнинг ўткинчи дўконида ўзига мос либосни танлаб, ёқмагач, ечиб қўяётгандай; ўзига турфа қиёфаларни тинмай танлаётгандай – ичидаги одамнинг йўриғига биноан нималарнидир тинмай излаётгандай… Бу изланишларнинг қўшнилар кўзидан пинҳон ботинида эса барчага ноаён, фақат унгагина аниқ кўриниб турадиган нимадир бордай эди. Аммо Фотиманинг ҳар қандай қиёфасида ҳам қўшнилар бу аёлга ботиниб ҳазил-ҳузил этишолмас, аксинча, иззат-ҳурматини жойига қўйиб, муомила қилишарди. Тўртинчи қаватда яшовчи олим Раҳимжонов эса, ниҳоятда жиддий тарзда: “Бу жувонда гап кўп. У ўзини излаяпти”, деган.
Мана, ҳозир ҳам у ўша бесас, тезкор юришида зинадан тушиб келяпти.
— Вой! Юришингиз қуримасин, Поти, — деган Зулхумор. – Одамни ўтакасини ёрай дедингиз-а! – Ва одатича, ҳозиргина кўз ёш қилиб турганини унитиб, машғулотларининг маъносини тушинтира кетган. – Қаранг, Поти, эшикка пружина қўйдирилди. Уста Аҳмадингизни опам пивохондан қўл-оёғини занжирлагандай олиб келиб, ўрнаттирди. Энди эшикни қандай очиб-ёпиш кераклигини ўргатаяптилар.
Фотима бир зум тўхтаб, бу гаплар унга алоқаси йўқдай, бошини хам қилиб эшитган-да, индамайгина уларнинг олдидан ўтиб кетмоқчи бўлган.
— Шошманг, Поти, — деган эшикнинг очиб-ёпишнинг нақадар муҳим иш эканлигини энди чуқур англаб етган Зулхумор жон куйдириб, — сиз ҳам кўринг. Опа, кўрсатинг, Поти ҳам билсин!..
Фотиманинг юзида ҳеч қандай ўзгариш зоҳир бўлмай, тўхтаган.
Фотимадан кўз узмай турган Муяссар Қодировна бировлар ташаббусу меҳнатини қадрламай ўтиб кетишга уринганидан кўнгли оғринган бўлса ҳам — ўзига ярашиқ виқор билан — эшикни қандай очиб-ёпилишини намойиш этишга киришган.
— Эшикни бундай ушлайсан-да, пружинанинг тортишига қараб куч ишлати-и-иб, очасан. Ташқарига чиқиб олганингдан кейин, қўйиб юбормасдан, аста-а ёпиб қўясан…
Опанинг гапи тугамасданоқ, Фотима “тушиндим” дегандай бош ирғаб, шарпасиз бурилганда, индамай кетаверган. Муяссар Қодировна тушинтириш ишларини тамом унитиб, унинг ортидан қаҳр-ғазаб билан қараб қолган. Ҳатто юзлари қизариб кетган.
— Бировнинг гапини гап демайди-я! — деган у ўртаниб. – Ахир, одобнинг ҳам тартиби бор. Икки бирдай одам гап уқдириб турибдию, арвоҳга ўхшаб ўтиб кетаверадими?
— Аммо лекин… — Зулхумор ҳозиргина қандай аҳволга тушганини бирдан эсидан чиқариб, Фотиманинг тарафини олган: – Шу Поти зўр одам экан. Билмас эканман, опа! Елка қисиб юрганини кўриб, саҳронинг хаси, чумчуқнинг саси, деб юрибман. Йўқ, бу Поти мусича бошқача экан! Бир ойча аввал телевизорни қўйсам, мусичайи беозор телевизорни шундай тўлдириб турибди! Галстук таққан учта дуппа-дурист одам таърифини қилди, таърифини қилди – достон қилиб юборди. Бир хорижлик одам “Фотима Эшмуродовадай одамлар кўпайса, дунё яна ҳам меҳру муҳаббатли бўлар эди”, деди. Эмишки, у кишим бирбало жонғармасининг…
— Нима? Жонғарма? Жонғармаси ҳам чиқдими? – деган опа фиғони фалакка чиқиб.
Фиғони чиқмай бўладими! Ахир, бинойидай ўрисча ёзиб юрилган эди! Бировнинг хотини талоқ бўлаётгани йўқ эди! У ўрисча иш қоғозларни минг бир азобда ўзлаштириб, далолатномани ҳам, мажлис қарорини ҳам, буйруқлару маълумотномаларни бир пасда қойилмақом қилиб ёзиб ташлайдиган бўлганда, бу адо бўлгурлар ўзбекча ёзишни расм қилишди! Давлат тили дейишдими-ей!.. Муяссар Қодировнага қанчалар азоб беришди!..
— Ҳа, шунақаси бор экан, опа! Шунақаси чиқибди! Анақа… Ҳа, “хайрия жонғармаси” дейишди.
Опа Зулхуморнинг нима деётганини энди фаҳмлаган:
— “Фонд” дейишгандир, Зулхумор! “Хайрия фонди” дейишган.
— Ўз қулоғим билан эшитдим, опажон! “Жонғарма” дейишди!
— Тилларига қоқилиб ўлгурлар қайдан топишади бу сўзларни!.. Аммо у худо жонингни олгурларнинг шу сўзини эшитганман… “Жонғарма” эмас… Тилимнинг учида турибди-я.. – Муяссар Қодировна бу сўз тепада учиб юргандай, диққинафаслик билан осмонга қараб турган ва ушлашга қийнала-қийнала, охири тилига қўндирган: — “Жамғарма”!.. “Жамғарма”! Хайрия жамғармаси!..
— Хуллас, опажон, Поти шу хайриянинг аъзоси экан! Топган-тутгани ўша хайрияники экан! Одамлар берганини ҳам олиб, етимхоналарга, қарияларнинг ғарибхоналарига тарқатар экан! Ўзи овқат еёлмайдиган касалларнинг оғзига қошиқда овқат тутар экан! Опа, бало экан бу Поти!.. Шундай ҳурматим ошиб кетди!.. Ҳавасларим келди!.. Жимгина юриб, қилган ишларини қаранг бу мусичани!
Зулхуморнинг бу гапларидан энди Муяссар Қодировнанинг энсаси қотган:
— Нима, шу ишларга Фотимадан бошқа одам ўлиб кетган эканми? Етимхоналарга ҳам, касалларга ҳам давлат қарайди. Нима қилади давлат ишига аралашиб, ундан кўра, пивохона теграсида итдай айланиб юрадиган эрига қараса, бўлмайдими?
— Вой , опажон, Фотима шу эрини яхши кўради. Уста Аҳмад билан улар етимхонада бирга бўлишган экан! Ўшоқдан бир-бирини топишган экан! Ҳеч кими йўқ-да! Ота-онаси ҳам, ака-укаси ҳам шу Аҳмад! Ичишини айтмаса, уста жуда яхши одам!..
Зулхумор сайраб кетган! Бир пасда баҳор етган кўнглидан гулларни анқитиб, булбулларни сайратиб мақтаган. Уста Аҳмад бу дунёда тенги йўқ одам! Зулхумор уйини таъмирлайман, деганида, пул сарфлаб ўтирасанми, ўзим қилиб бераман, деган. Кундуз қаерлардадир юмушларини бажариб келиб, кечаси бир пайтгача ишлаган. Шунча ишни қилиб, бир тийин ҳам олмаган! Болаларингга сарфла, деган! Фотима ҳар кун овқат қилиб чиқкан. Овқат еяётган эрига термили-и-иб ўтирган! Шундай термилган, шундай термилган!.. Эри ҳам овқатдан аҳён-аҳён бош кўтариб, унга “Поти..” деб қўяр экан. Шундай айтар эканки… Зулхуморнинг йиғлагиси келар экан! Фотима эса жилмайиб қўяр экан. Шундай жилмаяр эканки!.. Эру хотиннинг бир-бирларига меҳрибонликларини айтиб адо этиб бўлмас экан!..
Муяссар Қодировна унинг гапини бўлишга мажбур бўлган:
— Майли, Зулхумор, — деган у қуруққина қилиб, — фақат эшикни очиб-ёпишга эҳтиёт бўл! Қўшниларга ҳам айт!
Аммо Зулхумор айтармиди! Опадан қутулганига шукур қилганча, хиргойини авжидан олиб, тепа қаватга равона бўлган. Шу билан опанинг насия гапини тамом унутган. Эшик эса қарсиллаб ёпилаверган! Қарсиллаганда ҳам, сериал энг қизиқ жойига келганида, гумбирлаган. Опа эса эртаси “эшикни авайлаб ёпинг!” деган эълонни ўқловдай ҳарфлар билан ёзиб, эшикка ёпиштириб қўйишга мажбур бўлган. Шунда ҳам барибир эълонни писанд-мисанд этмайдиганлар топилган. Муяссар Қодировна охири қўшниларнинг умуммажлисини ўтказишга мажбур бўлган. Барчани йиғиб, эшик қандай очилиб-ёпилишини намойиш этган. Шундан сўнг, эшикни ёпишда хатога йўл қўядиганлар жуда камайиб кетган. Баъзан кимлардир билиб-билмай, бу хатони такрорласа, Муяссар Қодировна сериал кўриб ўтирган бўлса ҳам, шашт туриб, балконнинг деразасини очган-да, ромдан адолатнинг тимсоли мисол кўриниш бериб, гуноҳкорнинг пўстагини қоққан. Бу хатога йўл қўйган гуноҳкор неча алвон кечиримлар сўраб, опанинг темир панжасидан омон қолган. Фақат ўн еттинчи хонадон соҳиби — кўзойнак тақиб юрадиган паришонхотир олим Раҳимжонов ҳар гал хушмуомилалик билан илжайиб, қўлини кўксига қўйганча, узрини айтган бўлса ҳам, яна такрор ва такрор бу хатога йўл қўяверган. Тўғри, у эшик қарсиллаб ёпилган зоҳатиёқ, нима қилиб қўйганини доим англаган: эшикка негадир жилмайиб қараганча, карахтланиб тўхтаб қолган, аммо бўлар иш бўлган – балкон деразаси очилиб, тинчлик ва тартиб қўриқчиси Муяссар Қодировна аллақачон ромдан унга қаҳр билан қараб турганига кўзи тушган..
— Уйингизнинг эшигини ёпиб юришни удда қилолмайсизу, — деган опа, бу одам билан жиддий гаплашмаса, мақсадга эришолмаслигини тушунгач, — шогирдларингизга нимани ўргатасиз?
Раҳимжонов ноқулай илжайганча, яна қўлини кўксига қўйиб, кечирим сўрамоқчи бўлгану, улгуролмаган.
— Менга кечирим сўрашингиз керак эмас. – деган опа гарангсираб турган Раҳимжоновга кетма-кет зарба бериб. – Эс-ҳушингизни йиғиб олинг! Қўшниларга бундай беписанд бўлманг! Олим деган номингиз бор! Тартиб-интизомга риоя қилинг!
Раҳимжонов имтиҳонда жавоб беролмаган талабадай хижолатдан терлаб кетган.
У ниҳоят қўлини кўсига қўйиб, нимадир демоқчи бўлганда, дераза аллақачон ёпилган, Муяссар Қодировна эса ғойиб бўлган.
Қаттиққўллик билан кўрилган бундай чора-тадбирлар ўз кучини кўрсатган — чамаси бир ойлар ичида барча қўшнилар эшикни очиб-ёпишнинг шундай ҳадисини олишганки, мушукдай бесас чиқиб, бесас кирадиган бўлишган. Қўшниларни тартибга солганидан Муяссар Қодировна бахтиёр — сералларни роҳату фароғатда томоша қиладиган бўлган.

Хуллас, кўрилган қаътий чора-тадбирлар натижасида тартиб-интизом ўрнатилди.
Аммо эшикнинг қарсиллаб ёпилиши барчанинг эсидан чиқиб, қўшниларнинг ҳадди-ҳаракати худди Муяссар Қодировна ўйлагандай изга тушган маҳалда, бир қарашда арзимагангина воқеа рўй берди.
Сериаллар орасидаги танаффус пайти уй олдидиги йўлакчада банияти шифо айланиб юрган Муяссар Қодировнанинг қаршисидан, одатича завқу шавқ билан хиргойи қилиб, Зулхумор лайлак чиқиб қолди.
— Ассалому алайкум!.. – деди у бидиллаб. Аммо салом беридию, таъбиридан адашиб, бирдан тўхтаб қолди. – Ана уни қаранг, ана уни қаранг… – деди Зулхумор, опанинг боши оша нимагадир ҳайрат билан тикилиб. – Ана, ана…
Муяссар Қодировна ўгрилиб қаради ва кўпқаватли уйлар орасидаги йўлакчадан келаётган бир тўп қуроқ одамларга кўзи тушди. Олдинда икки катта бозори сумкани аранг кўтарган Фотима, ортидан аллақандай лаш-лушларни қўлтиқлаган уста Аҳмад, ёнида елкасига кўрпа-тўшак ортмоқлаган ўттиз беш-қирқ ёшлардаги йигит; улардан сал нарироқда беш-олти қаппайган тугунларни қўшбоғлаб елкаларига илиб, қўлларига ҳам аллақандай халтачаларни тутган — негадир бошини танғиб боғлаган ёшгина аёл; тўрт-беш қадам орқада эса катта-кичик иккита бола йўртганча, уларга эргашиб келяпти. Болалардан бири скирипка ғилофини қучоқлаб олган, иккинчисининг икки қўлида икки боғлам китоб. Улар шу юришда, эшикхонага бурилишди. Фотима қўлидаги сумкаларни ерга қўйиб, пружиналик эшикни зўриқибгина очди. Ҳамроҳлари бирин-бирин ичкари кирдилар. Лаҳза ўтгач, юкни қаергадир қўйган уста Аҳмад чиқди-да, хотинининг қўлидан сумкаларни олиб, яна изига қайтди. Фотима ўзини ичкарига олиб, эшикни Муяссар Қодировна кўрсатгандан ҳам зиёда этиб ёпди.
Эшикнинг очилиб-ёпилишида бирор нуқсон йўқ эди. Хавотирланиб қараб турган Муяссар Қодировна ҳам бирор айб тополмади. Аммо Зулхумор негадир “уҳ” тортди. Ҳақиқатдан ҳам, Фотима ва ҳамроҳларининг ўтишидан ҳавода аллақандай орзу-умид ва матонат уфурган, аммо бу сурур ниҳоятда залворли — суякларни қисирлатадиган даражада оғир эди.
— Во-ей! – деди Зулхумор.
— Нега вой-войлайсан? – деди ҳеч нарса сезмаган Муяссар Қодировна. – Одам кўрмаганмисан?
— Билмасам…
Зулхумор бу пайт негадир оғир-босиқ одамга айланган, гапдонгина феълу атворига ярашмаган тарзда ўйланиб турар эди.
— Хўп, опажон, мен борай…
Аёл оғзидан тушмайдиган хиргойисини ҳам унитиб, эшикхонага қараб кетди. Муяссар Қодировна унинг ортидан ажабсиниб қараб қолди. Зулхумор негадир Фотимага ўхшаб, бошини экканча, жимгина кетиб борар эди.
Уйига кириб, телевизор қаршисидаги креслога чўккан Муяссар Қодировна эса, Фотимани негадир ижирғаниб эслади. Ўзи бир етимхонадан чиққан аёл бўлса! Каталакдай уйда яшаса! Нима қилади бунча меҳмонни лаш-лушлари билан уйига киргизиб! Эси йўқ! Ҳеч эси йўқ! Бетартиб!.. У Фотима ҳақидаги ўйларини охирига етказа олмади. Сериал бошланди.

Муяссар Қодировна хато қилди! Уч кундан сўнг Зулхумор эшик қоқиб келди. Унинг ҳовлиқиб хабар беришича, келганлар меҳмон эмас экан! Ҳеч ҳам меҳмон эмас экан!
— Жуда валдирайсан, Зулхумор, – деди опа ўйлагани нотўғри чиқаётганидан оғриниб. – Меҳмондан бошқа яна ким келади? Эшикдан киргандан кейин, меҳмон-да! Бувим “тешикдан кирган сичқон, эшикдан кирган меҳмон”, деб, кўп гапирар эдилар…
— Вой, улар эшикдан кирганлари билан меҳмон эмас экан, опажон!
— Бўлмаса, ким бўлади? – деди Муяссар Қодировна чиндан ҳайрон қолиб.
— Меҳмон эмас экан, опажон! Ҳеч меҳмон эмас экан! Улар энди уста Амаднинг уйида яшар экан!
Опа нималарни кўрмаган! Аммо Зулхуморнинг гапидан бир қалқиб тушди.
— Фотиманинг уйи икки хоналими?
— Икки хонали, опа!
— Икки хонали уйда бунча одам қандай сиғар экан?
— Билмасам… Поти ўйнаб-кулиб юрибди-ку! Жуда қувониб юрибди! Лекин уйи зўр тақирланган!
— Нима қилинган?
Зулхумор ўйланиб қолди.
— Тақирланган… дейишадими, опа?
Муяссар Қодировна ҳам ўйга толди. Барчани овора қилди булар! Ўрисча гапирилаверса, осмон ўйилиб тушармиди!
— Ҳозир… ҳозир… Тилимнинг учида турибди!.. — Бирдан Муяссар Қодировнанинг юзи ёришиб кетди: — Томир!.. Томир!.. Томирланган!
Зулхумор чўчибгина опага қаради:
— Йўғ-е, опа… Уй дарахт эмас-ку, томирласа!
Опа гап қайтарганни ёқтирмайди. Зулхуморни силкиб-силкиб ташлади:
— Ўзинг билмасанг, билганнинг гапига кўнмасанг! Вайсаганнинг вайсаган!..
Аммо Зулхумор бу гапга эътибор бермади. Бирдан юзи бир рапида қувончга айланди:
— Топдим, опа! Топдим!.. Таъмирланган!.. Ана шу Фотиманинг уйи зўр таъмирланган! Уста Аҳмаднинг қўли гул-ку! Кирсангиз, оғзингиз очилиб қолади! Бир бало бўёқларда бўяган! Ҳоналар саройдай катта кўринади! “Нимага бундай кўринади?”, десам, уста кулиб, “Кўнгли кенг одамнинг уйи шунақа бўлади”, дейди. Деворларига расмлар осилган! Ромлари шундай чиройли!
— Кимнинг расми? – опа хаёллари қаерларгадир бориб, дафъатан шубҳаланди.
— Ҳеч қимники эмас, анақалар чизади-ку!..
Муяссар Қодировнанинг кўнгли бирдан хуфтон бўлди! Кўз олдига Асрор Валиевич ва Ван… Йўғ-е!.. Лақаб ортирмай ўлгур!.. Боқибой… Ҳа, Боқибой келди!.. Шу мусича Фотимаю, уста Аҳмад ҳам ўшалардан экан-да! Айтдим, юришлари бошқача!
— Ана у болалар ҳам, опажон, нақа экан!
— Қанақа экан?
— Кичкинаси искрипка чалар экан, каттаси расм чизар экан! Ўша чизадиганининг расмларини Поти эъзозлаб, коридорига осиб ташлаган. Уста Аҳмад билан иккаласи томоша қилиб, тўйишмайди, опа. Бошларини сарак-сарак қилиб, “зўр” деб қувонишади. Бир кирсам, кичкинаси искрипка чалди. Опа, бир оғир куй! Йиғлагиларим келиб кетди!.. Бу ўлгур ўрис мусиқа ҳам одамни йиғлатар экан! Телевизўрдан кўрсам, ғингшимай ўлсин”, деб, даррров бошқа жойга бурардим-а!.. Нимага эшитмаганман, опа?
Муяссар Қодировна чидаб туролмади:
— Э, ҳадеб йиғлаверасанми? Ёлғонни ҳам дўндирасан! Сенга гап бўлса бўлди!
— Вой, ёлғон айтсам, тил тортмай ўлай! Шундай чалади, шундай чалади… Уста Аҳмад эса уларни мақтагани мақтаган! Айтишича, бу болаларга худо берган экан! Доҳий дедими-ей, даҳо дедими-ей!..
— Шу алкаш уста Аҳмад бу гапларни қаердан билар экан?
— Билар экан, опажон! Билар экан! Мен ҳам ҳайрон қолдим! Сиз ҳам шу болаларни бир кўринг, опа! Расмларига қарасангиз бир йиғлайсиз, искрипка эшитсангиз, икки йиғлайсиз, уста Аҳмад билан Потининг қувонганини кўриб, адойи тамом бўласиз!
— Бу болалар қариндошлари эканми?
— Йўқ, опа, буларда қариндош борми? Етимхонада ўсганлар-ку. Уста билан Поти қайси бир тупканнинг тубига борганларида, шу болаларни худо учраштирибди. Шундай дейишади, опа! “Бу болаларни бизга худо учраштирди” дейишади. Ота-онасининг қўллари қисқа экан. Буларнинг нақаси пойтахтда, яхши муаллимларнинг қўлида тез нақа бўлар экан. Шунга кўчириб олиб келишибди.
— Ота-оналарини кўриб турибсанми?
— Йўқ, опа! Улар тонг саҳардан ишга кетишар экан…
— Нима иш қилишади?
— Худонинг иши кўп-ку, опа! Мардикорчиликка боришар, кўча супиришар, бозорда олди-сотди қилишар… Ризқларини тергани кетишган-да. Ҳа, болаларнинг отаси “мен умримни шу болаларимга бағишлайман. Улар Ўзбекистоннинг номини ҳали оламга машҳур қилади. Фотимахону Уста Аҳмаднинг ҳиммати билан йўлнинг бошига чиқдик, энди, худо ҳоҳласа, шу адоқсиз йўлдан кетаверамиз”, дебди!
Қанақа адоқсиз йўл? Қаёққа кетишади. Ўзбекистоннинг куни шуларга қолганми? Буларнинг хаёлида нима бор? Асрор Валиевич билан ана у ўлгур… Ван… Боқибой ҳам шундай тушнуксиз гапирар эди! Булар шунча кўпми? Булардан қутулиб бўлмайдими? Мана, ҳатто унинг эшигигача етиб келишди!
— … Опа, Поти уста Аҳмад билан иккала болани етаклаб юрибди. Кичкинасини кампазитўр музиқа ёзадиганларга, каттасини… нақаларга кўрсатишибди! Ҳаммаси “Қойилмиз!” дебди. Бугун “Қойилмиз!” деганлар билан бирга, болаларнинг кичигини глир деган мактабга олиб кетишди!
Зулхумор яна нималарнидир узоқ гапирди. Аммо Муяссар Қодировнанинг кўнглига шундай ғашлик тумани чўкдики, дунё кўзига тор кўриниб кетди, қулоғига бошқа гап кирмади. Тинмай вайсаётган қўшни аёлнинг қаршида лолу карахтликда туриб қолди. Зулхумор гапдан тўхтамаяпти! Хурсанд! Хўш, у нимага хурсанд бўляпти?
— Сен нимага хурсанд бўляпсан?
— Билмадим, опа! Аммо лекигин болаларнинг чизган расмини кўрсангиз, искрипка чалишини бир эшитсангиз! Ичим қувончга тўлди! Бу Потини қаранг! Аҳмадни қаранг! Тўрт бирдай жонга текин бошпана бериб, яна шоду хуррам! Ҳеч кимга ҳавасим келмаган менинг ҳам, шуларга ўхшагим келди-я!.. Потига, мени хам музейларга элтинг, дедим; кампазитир музикага ҳам боравераман, дедим!.. Поти мени қучоқлаб олди! Шу хотин шундай яхши!..
Бу дунёга бир бало бўлди! Мана, умрида бирор бир рассомнинг суратинию, бирор композитор мусиқасини томоша қилмаган Зулхумор лайлак ҳам уларни мақтаяпти. Бу тоифа одамлар дунёни бузишини нега ҳеч ким англамайди? Ахир, бутун бир ишхона нима бўлди? Остин-устун бўлиб кетишига озгина қолди-ку! О, булар хатарли!.. Бетартиб одамлар! Индамасанг, дунёни чаппа айлантирадилар!..
— Хўп, хайр. Мен борай, опа! Уларнинг келишига бир қошиқ овқат қилмоқчи эдим. Кўчадан оч-наҳор келишади…
Зулхумор шошилиб, ғайрату шиддатга тўлиб хайрлашди. Шиддатининг шошқини шундай зўр эдики, Муяссар Қодировнанинг эшигини беихтиёр қарсилатиб ёпиб, ташқарига отилди. Опа сесканиб тушди. Лайлак кечирим ҳам сўрамади. Фақат зиналардан таппиллаб, тепага югуриб кетётгани эшитилди, холос.
Шу Лайлак чин юракдан қувоняпти! Нодон! Уй-жойини ташлаб, лўлидай кўчиб юрган шу рўдаполарга ҳам ақлли одамнинг ҳаваси келадими? Топганлари бир орқа кўрпа-тўшагу, скрипкага бало борми? Ё буларга ҳеч нарса писанд эмасми? Молу дунё, мансабу мартабага қайрилиб қарашмайдими?.. Уларга нима керак?
Дунё ҳавосини “ўша”лар даъфатан олиб қўйгандай, Муяссар Қодировнанинг нафаси қисилди. Балконга чиқиб, деразани очди. Дунёда чиндан ҳам ҳаво йўқдай эди! Улар ҳавони ҳам олиб қўйишдими?.. Ё… уларга қўшилмаганларга энди ҳаво йўқмикан? Опа давомини ўйлашдан ҳам қўрқди. Кўзларини юмди.
Аммо бу тўс-тўпалон дунёда бир пас тин олиб бўладими? Ногоҳоний “ур-э!” деган ҳайқириқдан ўзига келди. Қаршидаги уйнинг бурчагидан қўлидаги скрипка ғилофини ғолибона силкитганча, рўдаполарнинг кичик ўғли югуриб чиқди. У еру осмонга сиғмай, ҳайқириб келар — гўё бола эмас, бола қиёфасидаги қувонч чопиб келаётгандай эди.
— Ур-э-э!.. Зулхумор хола!.. Ур-э !..
Тепа қаватдаги деразанинг шақирлаб очилгани, сўнг Зулхуморнинг ҳовлиққан овози эшитилди:
— Ўқишга кирдингми!?. Глирга кирдингми!?
— Кирдим!.. Глиэр мусиқа мактабига олишди! Глиэрга! Зўр экансан, дейишди!.. Зўр, дейишди!..
Уй бурчагидан боланинг ота-онаси, акаси, Фотима ва уста Аҳмад кўринди. Улар ҳам ойдай яйраб, офтобдай порлаб келишар эди.
— Зулхумор хола!.. Эшитинг!.. Зулхумор хола!..
Болакай Зулхуморнинг деразаси тагидаги асфальт йўлакчага қўлидаги ғилофни қўйди-да, шоша-пиша ичидан скрипка ва камонни олди. Пойида – чанг йўлакда очилиб қолган ғилофга парво ҳам қилмай, скрипкани ияги тагига қўйди. Оёқларини кериб, кўкрагини кўтарди. Энди у Зулхумор лайлакка эмас, гўё дунёга концерт беришга шайланган маэстро эди! Мана, кўзлари ним юмилди, камонни торлар устига қўйди ва… мусиқа таралди! Армон каби ҳазин садо инсон билан юраги ўртасидаги чегараларни бир лаҳзада бузиб ташлади. Учинчи қаватдаги Зулхумор, мусиқа садоси янграши билан келган жойида тўхтаб қолган Фотима бошчилигидаги “маэстро”нинг ишқибозлари, осмондан тушгандай пайдо бўлган Раҳимжонов домла, ҳовлидаги сим дорга кир осаётган аёл, белини қўлига тираганча, унга гап сотаётган кампир, уйлар орасида кун бўйи соғлигини қувиб изғийдиган нафақадор чол — Эркин ака, ҳар кун эски “Волга”сини ювишни канда қилмайдиган Йигитали, қўлбола турникда осилаётган бўзболалар – икки иморат орасидаги барча сомеликда қотдилар. Мусиқа эса тобора авжланиб, ўзига сиғмай мунгли нола этар, юракларнинг қат-қатларига аллақандай энтиктирадиган, орзиқтирадиган, беихтиёр кўзга ёш келтирадиган тушниксиз дардларни сингдириб, нозик оғриқларда ўртар, ҳовлига тангадай жой қолдирмай соя ташлаган улкан чинорларга чўлғонар, ўзини аямай тупроққа отар, латиф бир парвозда хаёллар ҳам етмайдиган баландларга ҳаволанар, дунёга сиғмай, изиллаганча, юксаклардаги кимгадир илтижо этар эди. У кимга илтижо этаяпти? Мусиқани яратган инсоннинг юраги бу мусибатли дардларга қандай дош берган? Бу болакай бу оғриқларни қаердан билади? Ё шу мурғак жонни Қодир Парвардигор одамларга чексиз-чегарасиз дардлар борлигини етказиш учун дунёга келтирганмикан? Бу дардларни бандаларига етказгани милилардлаб одамлар орасидан шу норисидани танладимикан? Нега у дунёга сиғмаяпти? Дунёнг шунча торми? Қайси кенгликларни истаяпти бу бола?.. Ё, Парвардигор!
Болакай эса мусиқанинг нолаларида дош беролмаётгандай эгилиб-букилиб, ажиб бир тўғонишда – скрипканинг торларини аямай, ҳамон кўзларини юмиб, камон тортади. У ўзини тамом унутиб, оҳангга қўшилиб кетган, қайсидир – одамлар кўзидан пинҳон дунёларга бориб қайтаяпти…
Скрипка жони чиқаётгандай, бўлиниб-бўлиниб фарёд кўтарди-да, тўхтади. Сукунат чўкди. Негадир қўлларини кўксига қўйиб, мусиқа тинглаган Раҳимжонов домла ёқасини ушлади:
— Тавба! Тавба! — деди у, — Худойим! Мўъжизангни қара!
Сўнг болага қараб таъзим қилди-да, бор куч билан, сидқидилдан қарсак чала бошлади. Унга Фотима ҳам, уста Аҳмад ҳам, болакайнинг ота-онасию акаси ҳам, учинчи қават деразасида турган Зулхумор ҳам, ҳовлида ишини унитиб, анграйиб қолганлар ҳам жон-жаҳди билан унга жўр бўлдилар. Турник тагидаги ўспиринлардан бири ҳатто жўшганича, “браво” деб ҳам ҳайқирди. Ҳозиргина мусиқага ўртаниб жўр бўлаётган болакай эса, яна зумда қувончга айланди. У улкан концерт зални тўлдирган томошабинларнинг гулдурос олқишига миннатдорчилик билдираётган маэстро қиёфасида скрипка ва камон ушлаган қўлларини баланд тутди-да, аввал фалакка юз тутди, сўнг эса тўрт томонга қойилмақом таъзим бажо этди.
Дунё аллақандай мастона байрам кайфиятига бурканган эди.
Раҳимжонов домла болакай тарафга, олқаб гапиринганча, югуриб кела бошлади.
— Э. болам-а!.. Э, болам-а! – У шоду хуррамликда балқиб турган “маэстро”ни маҳкам бағрига босди. Юзларидан ўпди. — Ўзиннгни эҳтиёт қил-э! Бундай чалма-э! Сенга жонинг керак эмасми? Эҳтиёт бўл-э!..
У беихтиёр қўлларини дуога очди.
— Биру бор парвардигор-о! Қодир-о! Самад-о! Аҳад-о! Шу болани ушбу кўйга мубтало этибсан! Энди ўзинг асра! Йўлини ёруғ қил! Яхшиларга ҳамдам эт! Ёмонлардан асра! Шу мурғак жонни ҳамиша паноҳингда тут! Омин!..
— Омин!..
Барча ихлос билан юзларига дуо тортди.
Муяссар Қодировна уларга қараб тураркан, нафаси баттар қисилди. Улар кўп экан! Дунёни забт этишган экан! Буларнинг шаштини қайтарадиган одам, наҳотки, қолмаган бўлса! Ҳовли оталарининг уйими, концерт бергани! Қарсакка бало борми? Каттаю кичиги ақлдан озган…
У ортиқча тоқат қилолмаслигини сезиб, бекитгани деразага қўл чўзди. Аммо шу пайт Зулхуморнинг овози дунёни тутди:
— Зафар!.. Зафаржон!.. Зўр чалдинг!.. Қойил! Қойил!..
— Зулхумор хола! Ҳозир бораман! Ҳозир! Сизга яна чалиб бераман! Ҳозир!..
Болакай шошилиб, ерда ётган ғилофга скрипка ва камонни солди-да, дунёни унутиб, эшикхонага қараб югурди.
Эшик зарб билан очилиб, қарсиллаб ёпилди.
Бу нимаси? Булар бу кетишда дунёни бузади! Ҳозир бир таъзирини берсами!.. Аммо Муяссар Қодировна ташқарига чиқиб, бу беодабга танбеҳ беришга журъат этолмади. Ҳаяжондан жўшиб, қувончнинг завқу шавқида бирлашган бу одамларга ҳозир ёлғиз ўзи қарши туролмаслигини англади. Аламу иложсизликдан деразани ёпишни ҳам унитиб, гангиб борди-да, каравотга бор бўйича ўзини ташлади.

Хуллас, тартиб бузилди! Шунча меҳнату захмат ҳавога учиб кетди! Келгиндиларнинг икки боласи ҳам, Муяссар Қодировна ўйлагандай, тарбия кўрмаган зумрашалар бўлиб чиқди. Улар бола эмас, дунёни бузадиган аллақандай тўфоннинг худди ўзи: эрталаб эшикни ғажирлатиб очиб, югурганча эшикхонадан чиқишади — ортларидан эшик тарақлаб ёпилганча, қолаверади. Муяссар Қодировна ҳатто деразанинг ёнига бориб ҳам улгурмайди, фақат қаршидаги уйнинг муюлишидан шамолдай шовуллаб ўтиб кетганларини илғаб қолади, холос. Ўтган йўлларида тартибсизлик сочиб кетадиган бу тўфон болалар тутқич берармиди? Уларнинг ота-оналари ҳам худди шарпадай — қачон кетиб, қачон келишларини ҳеч ким билмайди. Эшакдай ишлаб, ўзларича, умрларини шу бетарбия, одобсиз болаларга бағишлаб юришган-да!. Қўшнилар опанинг меҳнатига ҳамон ҳурмату иззат билан қарашаётган – эшикни авайлаб ёпиб-очишни канда қилмаётган эрсалар-да, барибир уларнинг бу ҳаракатлари аввалгидай эмас — бу жиддий ишдан ихлослари кўтарилган, шунчаки ўрганиб қолганларидан — бепарво бажарар эдилар. Ихлосу эътибор энди шу икки шумтаканинг атрофида гиргиртон – иккала уйдаги қўшниларнинг тилида фақат ака-уканинг оламшумул истеъдодидан гап айланар: учрашиб қолганларида, улар ҳақида завқу шавқ суҳбат авж олар эди.
Хуллас, ҳеч кимнинг эшик билан иши йўқ, унинг қандай очиб-ёпилиши муаммосини барча унутган, энг ёмони, Муяссар Қодировнани ҳам эсларидан чиқарган — ҳар гал эшикхонага яқинлашганларида кўнгилларидан кечадиган хавотир аллақайларга чекиниб, қўшнилар енгил нафас ола бошлаган эдилар. Муяссар Қодировна биргина хонаю митти ошхона тўла изтиробга айланган — бир зум ҳаловати йўқ, ҳатто кино кўраётганда ҳам хаёли кетиб қолар – кўзи экрандаю, нима ҳақида гап кетаётгани тушунмас — кўксидан аҳён-аҳёнда “уф-ф!” беихтиёр узилиб чиқар эди. Наҳотки, бу дунёда шу зумрашаларни тартибга чақириб қўядиган, ундан бошқа одам қолмаган бўлса! Наҳотки, бошбошдоқлик кўнглига келганни қилса! Наҳотки, эшик тарақлаб очилиб-ёпилаверса!
Энди қаътият кўрсатмаса, барча саъйи ҳаракатлари бекорга кетишини опа тушунди. Аввал — разведка сифатида – қўнғироқ қилиб, уйига Зулхумор лайлакни чақирди. Зулхумор Муяссар Қодировнанинг овозидан ниманидир пайқаган шекилли, одатига хилоф равишда, қопқонга тушишдан чўчиётган қуёндай эҳтиётгина бўлиб кирди. Муяссар Қодировна қўли билан ошхонага ишора қилди. Ўзи стулга омонатгина чўккан аёлнинг қаршисида ўтирди ва унинг кўзларига қурбонни авраётгандай илондай тикилди. Раҳматлик устозлари ўргатган: бировни сирини билмоқчи бўлсанг, гапирма, кулма; бор иродангни, кучу қудратингни нигоҳинггга жамла! Нигоҳинг найзага айлансин! Сўнг суҳбатдошингнинг кўзларига тик қара-да, тикилиб туравер, туравер, туравер… Найза жон жойига тақалиб, безовталанади, тараддудга тушади. Аммо сен найзани баттарроқ ботир. Эту суягидан ўтиб кетгунча, кўзингни узма! Ана, шунда ютиб чиқасан!
Лайлак ярим дақиқа ҳам чидай олмади.
— Ҳа, опа… – деди у кўзларини олиб қочиб. – Нимага чақирдингиз?..
У негадир қизариб кетди — барча хавотирини енгиб, ҳаққини талаб қилишга журъат этган, аммо ҳали муросадан умидвор одамдай зўриққан алфозда опанинг кўзига туйқус қаради:
— Нима қилдим?..
Муяссар Қодировна юзида расмий жиддият – яна анчагача Зулхуморга тикилиб турди.
— Нималар бўлаётганини хабаринг борми?
— Нимани сўраяпсиз, опа?
— Эшикни тарақлатиб очиб-ёпишаётганини эшитяпсанми?
Зулхумор опага истеҳзоли қаради. Умрида биринчи бор истеҳзо этишга журъат этди:
— Йўқ… Тарақлаяптими?
— Қулоғинг битиб қолганми? Эшитмайсанми, уй ларзага келяпти-ку!
Опанинг жиркибгина гапиришидан Зулхумор энди муросаю мадора йўқлигини тушунди. Аммо Муяссар Қодировнани кўрганида пайдо бўладиган ҳадик, негадир бирдан салқиди.
— Эшитмаяпман. Ким тарақлатаяпти? – деди у ва кескинлик аралашган товушидан ўзи ҳам ҳайрон қолди.
— Ана у рўдополарингнинг ўғиллари!
Зулхумор тушунмади. Рўдаполар ким? Аммо кўнгилни ғаш этувчи суҳбатни тезроқ тугатишни, бу жойдан тезроқ чиқиб кетишни ўйлаб, беихтиёр ҳамишаги – таралла бедод оҳангга кўчишга уринди. Аммо лафзи барибир одатдагидай ҳаввойи жарангламаётган эди:
— “Рўдопо”лар деганингиз ким, опа? Гадоларни айтаяпсизми? Опа, менинг гадом йўқ. Мен нима, гадоларнинг бошлиғиманми?..
Муяссар Қодировна бу сайроқи қуш чулдирашини бошласа, тўхтамаслигини англаб, унинг гапини бўлди.
— Фотиманинг уйидаги келгиндиларни айтаяпман? Кўчама-кўча кўрпа-тўшагини ортмоқлаб юргандан кейин рўдапо бўлмай, ким?
Зулҳумор гап кимлар ҳақида кетаётганини жуда оғриниб ҳис қилди. Бироқ қандайдир умид билан овози титрабгина сўради:
— Зафаржон ва Тоҳиржоннинг адаси билан ойисини суриштиряпсизми?
— Нимага довдирайсан? Зафаржонинг ким?
— Нақа… искрипка чаладигани…
— Тоҳиржонинг-чи?
— Тоҳиржон… Каттаси-де… Ҳалиги…Расм чизадигани… — Зулхумор болаларнинг боши устида булутлар қуюқлашаётганини, шу сабаб тадбиркорлик билан – ҳар сўзини ўйлаб гапириши лозимлигин фаҳмлади ва бирдан уларни мақташга тушиб кетди:
— Жуда яхши болалар, опажон! Шундай яхши!.. Опа, бир Потини уйига чиқинг! Зафаржоннинг искрипка чалишини эшитинг! Тоҳиржоннинг расмларини кўрсангиз…
— Скрипкаси бошидан қолсин! Рўдополарнинг сирқиндилари-да! Нега уларинг эшикни қарсиллатиб ёпади?
Зулхуморнинг боши зирқираб кетди.
— Улар рўдапо эмас… – деди у энтикиб.
— Бўлмаса, ким?
— Яхши одамлар…
— Топган яхшингни қара! Бу яхшиларинг фарзандларига тарбия беришса, бўлмайдими?
— Зафаржон ҳам, Тоҳиржон ҳам жуда одобли…
— Бу одоблиларинг нега эшикни авайлаб ёпмайди? Нима, бировга ўтказиб қўйганлари борми? Подшоҳнинг фарзанди эмаски, эркалик қилса! Келгинди одам сал бўйнини қисиб туради! Бу болалар эса, мамлакат ўзларига қолгандай, хоҳлаган ишларини қиляпти! Ахир, бу уйда бошқа одамлар ҳам яшайди! Бу уйнинг эшиги бор!.. Ўзи эшикни қандай очиб-ёпишни айтганмисизлар? Ўргатганмисизлар?
Опа билан баҳслашмоқ хунук оқибатларга олиб келиши мумкинлигини Зулхумор аниқ сезиб турса ҳам, негадир қўрқмади.
— Айтганмиз, опажон, айтганмиз… Ҳали улар бола-да! Болалигига боради… Ўзим ўргатганман. “Мана, бунда-а-ай қилиб очасиз, кейин, мана, бунақа-а-а қилиб ёпасиз”, деганман!
— Ўргатган бўлсанг, нега у баттоллар бажаришмайди! Менинг қулоғим кар бўлишига оз қолди! Айтиб қўяй, оқибати ёмон бўлади!
Лайлак бироз тин олди. Ерга қаради. Кўкси оғир кўтарилиб тушди ва бирдан боссиққина гапира бошлади.
— Опа, шу болаларни тинч қўйинг! Улар ҳозир жуда… нақа… бахтли! Иккаласи ҳам ўқишга кирди. Оёқлари ерга тегмай, учиб юришибди! Уларнинг осмонини ер билан битта қилманг!
Муяссар Қодировна безариб кетди. Бу Лайлак нима, деяпти? Кимнинг тарафини оляпти? Бу ҳам дунёнинг тартибини бузаётган ўша рўдаполарга тамом қўшилибди-да! Олма, олмадан ранг олади, дейишади-ку! Булар келгинди! Ҳаммаси келгинди! Булар адашиб бу лунёга келиб қолишган! Аллақайси бетартиб оламдан бу дунёга бало-қазони етаклаб келишаяпти! Ер юзини тўфонгами, тошқингами бостирмагунча, булар тинчимайди. Булар туфайли ҳеч кимда ҳаловат қолмади. Ҳамма безовта… Муяссар Қодировна уларни ўз ихтиёрига қўймайди! Одамларни безовта этишга уларнинг нима ҳақлари бор?
— Огоҳлантириб қўяй, яна эшикни тарақлатиб ёпишса, қўлимдан келганини қиламан! Ўша Фотиманггга ҳам айт, дунёни кўзига қоронғу қиламан.
Зулхумор ердан кўз узмай тинглади, ва даъфатан хайр-хуш ҳам демай, индамайгина ўрнидан қўзғолди. Эшикни очаркан, беихтиёр ортидан эргашиб келаётган опанинг кўзига, кутулмаганда, дадил қаради.
— Ёмон одам экансиз, опа, — деди у жуда сокин, аммо мардона овозда. – Жуда ёмон экансиз.
У эшикни опанинг юзига, қарсиллатиб ёпди.
Муяссар Қодировна серрайиб қолди.

Отинг ўчгур Зулхумор нима деган, нима қўйган, ё ҳеч нарса демаганми, аммо ҳеч нарса, ўзгармади.
Эшик тарақлаб очилиб-ёпилаверди. Муяссар Қодировна қанчалик ҳушёр бўлмасин, болалар тутқич бермади. Опа ўрнидан тургунча, қаролари муюлишда бир кўринади-да, ғойиб бўлади. Рўдаполарнинг бошқаларига айтай деса, мушукдай чиқиб, мушукдай киришади: қачон кетиб, қачон келишларини билмайсан…
Уларга аталган аччиқ гаплар Муяссар Қодировнинг ичида йиғилавериб, бутун вужудию ўй-хаёлларини қамраб олди. У бу аччиқ гапларни турли-туман кўринишларда ичида такрорлар, рўдаполарни лолу карахт этиб, бурдалаб ташлайдиган янги-янги ибораларни ўйлаб топар, рўпарасида ер билан битта бўлиб қолишларини тасаввур этиб қувонар, аммо бунинг иложи топилмаётганидан, уввос тортиб, ўзини деворларга ургиси келар эди. Энг аламлиси, Зулхумор лайлакнинг ўзгаргани! У ҳам эшикни намойишкорона –қарсиллатиб ёпадиган бўлди! Опанинг деразадан қараб тургани сезиб турса ҳам, ҳеч кимни кўрмагандай, ҳеч нарса рўй бермагандай, кунгабоқарни қарсиллатиб чақиб, пўчоғини атрофга пуфлаганча, ликиллаб – бепарво юришда бозорга қараб кетади. Опанинг ичи қайнаб қолаверади. Агар эски замон бўлгандами! Шу Лайлакнинг шахсий ишини умумий мажлисга қўйиб, бир муҳокама қилинганидами! Пинҳон хонага этиб, бирортаси ярим соатгина саволга тутгандами! Ўшанда кўрар эди у!
Фақат Фотима ўзгармади. У ўша-ўша — опага зарра ҳам эътибор бермайди – кўзини ерга узмай, салом беради-да, ўтиб кетаверади! Унинг ўзгармаганидан Муяссар Қодировнанинг ғазаби негадир баттар ўт олади. Ҳаммасини шу жувонмарг ўлгур бошлаяпти!

Муяссар Қодировнанинг кўнглини хотиржамлик — сериал кўраётганида туядигани роҳат-фароғат тамоман тарк этган, ўзини мажбурлаб, томоша қилгани билан ҳеч вақони тушунмас, мудом ғазабда ўртаниб, фиғони фалакка чиққани чиққан эди. Опа бир куни ўзини — ётоқхонадан ошхонага, ошхонадан балконга ўтиб — рўдаполарга айтадигани айтганча, гапириниб юрганини сезди.
Беҳаловатлик унинг бор-йўғини қамраб олган эди.

Эшик яна тарақлади.
Муяссар Қодировна югуриб дераза ёнига келди. Аммо ҳеч ким кўринмади. Ажабсиниб ҳовлига назар ташлади. Деразасидан йироқроқдаги чинор тагида уймалашиб турган одамларга кўзи тушди. Улар нима қиляпти? Кўнглига хавотир тушиб, шиппагини оёғига илди-да, шиддатли юришда ташқарига чиқди. Чинор тагидаги скамейкада Эркин нафақадор қўлларини кўксида чалкаштириб ўтирибди, бир болакай тик турганча, унга дам-бадам қараб-қараб, катта альбомга ниманидир шиддат билан чизаяпти. Унинг атрофини эса бир тўда одам – Зулхумор лайлак, тўрт-беш ўспирин, мудом торга кир ёядиган аёл, бир қўлини белига қўйиб гап сотадиган кампир, Йигитали, яна таниш-нотаниш қўшнилар ўраб олган – барчаси альбомда пайдо бўлаётган нафақадорнинг қиёфасига берилиб, ҳайратга тушганча, қараб туришибди.
— Ўхшаяпманми? – деб сўрайди Эркин нафақадор.
— Ўхшаяпти! Ўхшаяпти!.. – дейди барча негадир хурсанд бўлиб.
— Шундай… Шундай… Қимирламанг… Худди шундай жилмайиб туринг!.. Жуда чиройли!.. – Ниҳоятда жиддий самимиятда пичирлайди бола. – Шундай… Қимирламанг!.. Чиройлисиз, амаки… Жуда чиройли!.. Ҳозир… Ажинларингиз ҳам чиройли!..
— Вой, ажинлари чиройли бўлмай кетсин амакингизни, Тоҳиржон!.. – дейди бир қўлини ҳеч қачон белидан олмайдиган кампир.
Ҳамма боланинг ишидан кўз олмай, кулади. Скамейкада бужмайиб ўтирган Эркин нафақадор ҳам жилмаяди. Муяссар Қодировна эса сесканиб кетади.
Тоҳиржон дегани шу экан-да!
— Воҳ! Жуда яхши!.. Чиройлисиз, амаки!..
Боланинг қўллари тинмай ҳаракатланади.
— Менда кўрк қолганми? – туйқус кўнглини очгиси келиб, гуринг бошлайди нафақадор. – Қирқ йил конда ишлаган бўлсам…
У бир қўзғолиб олади. Кўксида чалкашган қўллари ёйилади.
— Қўзғолманг, амаки! Қўзғолманг деяпман!.. – дейди бола аллақандай тошқинланиб — Гапирмай туринг!.. Илтимос!.. Илтимос!.. Аввалги кўрсатганимдай туринг…
Эркин нафақадор боланинг гапидан негадир оғринмайди. Нега буйруқ беряпсан, демайди. Жилмайганича итоат билан қўлларини чалкаштиради-да, аввалги ҳолатига қайтади. Боланинг қўлидаги қалам эса бир зум ҳаракатдан тўхтамайди. Томошабинлар ҳам яна жиддий тортиб, боланинг альбомида сурат тобора аниқлашиб, ёрқинлашиб бораётганига маҳлиё бўлганча, тиниб қоладилар.
Муяссар Қодировнанинг жони халқумига келади. О, бу бола сеҳргар! Рўдаполарнинг ҳам-м-маси сеҳргар! Ким кўринса, уларнинг сеҳру-жодусига илинади! Мана шу бўйи жимжилоқдай мишиқи ҳам барчани авраб олган. Сиркаси сув кўтармайдиган Эркин чолни қаранг! Шу одамга “унақамас, бунақа” деб бўладими? Дунёни сувга бостиради-ку! Юро-юр қилиб, ўлимни ҳам ёнига яқинлаштирмайдиган шундай одам, мана, энди шу жодугарбаччанинг буйруғини миқ этмай бажариб, айтганига кўниб, мўмин-қобилгина бўлиб ўтирибди… Ҳали бу рўдаполар дунёни остин-устун этишини бу тажанг қария қаердан билсин!
Унинг юраги тез-тез ура бошлайди. Назарида, дунёнинг ҳамма эшиклари тарақлаб очилиб-ёпилаётгандай туюлади. Тарақ-туруқдан боши гангиб, қулоғи чинггиллаб кетади. Энди шайтонга ҳай бериб, сабру тоқат этса, юраги ёрилиб, мияси портлаши аниқлигини ҳис қилади!
— Тоҳир сенми? — дейди у овози титраб.
Опанинг ичида йиғилиб қолган ғазаб ҳамласи қўшилганиданми, бу савол ёз кунида қайдандир адашиб келган қишнинг изғирини каби совуқ уфуради. Одамлар илкис жунжикиб, Муяссар Қодировнага қарайди. Фақат болакай саволни ҳам эшитмайди, опадан таралаётган совуқни ҳам пайқамайди. У бу саволдан жуда юксакда – Қодир Парвардигор мурғак руҳу жонига бахшида этган Парвознинг қанотида сарсари учар, яратишнинг шавқу завқ иродаси жисмини тамоман қамраб олиб, ўзидан бошқа ҳеч ким сезмайдиган элас-элас пинҳонликлар чегарасига етган — у жойдан ҳамма нарсани, ҳатто Эркин чолнинг юзидаги ажинлар чиройли эканлигини ҳам кўриш мумкин эди. Болани учириб, юрагини ранго-ранг мавжда тўлқинлантираётган бу кучнинг нималигини бу мишиқи нари турсин, ҳатто даҳо деб тан олинган Устозлар ҳам тушунтиб беролмаган — Илоҳнинг қудрати ила “ижод” аталмиш бесарҳадлик сари бошлайдиган шижоатнинг номини – ноиложликдан – сўз топиб бўладими? — жайдаричасига “илҳом” деб қўя қолишган эди! Бу Парвозга Муяссар Қодировнаю, унинг саволи қаердан етсин!
Бола тинмай пичирлайди:
— Яхши… Яхши!.. Гўзалсиз, амаки!.. Гўзал!.. Ҳозир!..
Муяссар Қодировна, баттар тўлғонади. Нега бу бола уни писанд этмайди? Нега ўзини эшитмаганга олади? “
— Тоҳиржон дегани сенмисан? Нега ўзингни карликка оласан?
Опанинг овози ниҳоятда ғазабли жаранглайди. Бу ғазабли ҳайқириқни эшитмаслик мумкин эмас эди. Ҳам-м-ма эшитади! Бола сеҳридан юққан ҳайрат ҳам-м-манинг юзидан сидирилиб, оёқ остига тушади. Бирдан фалакдаги Парвознинг қанотлари шалвираб, чангу тупроққа йиқилади, боланинг ярақлаган руҳи шиддатидан барча дарвозаларини очиб бораётган сарҳадлар шу зоҳатиёқ тақа-тақ бекилади. Сарҳадларнинг даҳшатли залвори эса олислардан лаҳзада етиб келиб, боланинг кўксига, бўғзига тиралади. Эркин нафақадор ҳам бир қалқийди-да, боланинг илтимосини унутиб, қўлларини ёйиб юборади, Зулхумор лайлак “э-э… “ деганча, Муяссар Қодировнадан юз ўгиради, альбомга тикилиб, оғзи очилиб қолган кампирнинг беихтиёр белидан тушган қўли, яна жойига қайтади, Йигитали машина ювадиган докани ўнг қўлидан чапига олади, доим кир ёядиган аёл негадир чўчиб, торда қуриётган чойшабларига бир қараб қўяди…
— Ўзингни анқовликка солма? Сенга айтаяпман?
Бола бозор ўртасида уйқусидан уйғонган одам каби гарангсираб, нима бўлаётганини англамай жовдирайди. Биров олиб қўядигандай альбомни бағрига босади.
— Сен, жувонмарг, нега эшикни тарақлатиб, очиб-ёпасан? Сенда ўзи тарбия борми, уйинг эшик кўрмагур!
Бола нимадир демоқчи бўлдию аммо Муяссар Қодировнанинг важоҳатини кўриб, тили айланмайди. Сукунат чўкади.
— Нима-а? Нима деди-и?
Қўлини белидан олмайдиган кампир сукунатни писанд этмай, олдинга бир қадам ташлайди.
— Нима деди-и-инг?
— Бу бола эшикни тарақлатиб ёпгани ёпган!
Эшикнинг тарақлаб ёпилиши даҳшатини англашга уриниб, халойиқ яна жим қолади.
— Нима-а?..
— Бу бола эшикни…
— Во-я! Во-я!.. – дея унинг гапини бўлади Зулхумор, юзини тахир мева егандай буриштириб.
Томошабинлар енгил нафас оладилар.
Кампир эса яна бир қадам олға ташлайди:
— Шунга шунчами? – дейди у. — Шунга бир норасиданинг бошига дағдаға қилиб келдингми? Уят-э! Бор, уйингга бор-э!
О, булар аллақачон бирлашиб бўлишган! Энди бир ёқадан бош чиқариб, уни тақиб остига олишяпти!
— Бу болага ҳали кўрсатиб қўяман! Рўдополарнинг ҳаммасига кўрсатиб қўяман!
Йигитали шахдам юриб, унинг қаршисига боради.
— Опа, боринг!.. Ўзингизни ҳам, одамларни ҳам кайфиятини буздингиз… Боринг, Муяссар опа!..
— Мен Муяссар Қодировнаман! – опа дағ-дағ қалтирай бошлайди. – Билмасангиз, билиб қўйинг!.. – Сўнг болага қараб, жон-жаҳди билан бақиради: — Келгинди! Рўдапо!..
Бола альбомни бағрига босганча, жазаваси тутиб, бақираётган бу хотиндан кўз узмай турар, унинг жиддий тортган юзида бирор-бир ифода йўқ, фақат иякчаси аҳён-аҳён титрабгина қўяди.
— Оббо! – Эркин нафақадор скамейкадан йигитлардай шахт сакраб туради. – Муяссар! Сен, мана, менга гапир! Менга гапир!.. Мен билан гаплаш…
О, булар бунча кўп!
Муяссар Қодировна ичи ёниб кетаётган бўлса ҳам, ўзини мажбур этиб, ортига бурилади. Энди қўлидан келганини қилади! Энди ҳеч кимни аямайди! Ҳали унинг совунига кир ювишмапти! Буларга эшикни қандай ёпишни кўрсатиб қўяди! Уруғини қуритади! Исқиртлар! Рўдаполар!

Ҳовлидагилар эса негадир хижолатли алфозда туриб қолишди. Зулхумор ташаббусни қўлга олиб, вазиятни тикламоқчи бўлади.
— Кўйинглар! Ўзи опа сал нақа-да… Эркин дода! Искамейкага ўтиринг!.. Тоҳиржон айтгандай, қўлларингизни нақа этиб…
Эркин нафақадор скамейкага ўтиради. Қўлларини “нақа” этади.
— Қани, Тоҳиржон! Дафтарингни оч! Чиз!..
Бола қимирламайди. У альбомни, биров олиб қўядигандай, кўксига маҳкам босганича, қотиб туради.
— Тоҳиржон! Чиз, болам! – далда беради бир қўлини белидан олмайдиган кампир. — Чизавер!..
Аммо бола қилт этмайди.
— Парво қилма, — дейди Йигитали унинг елкасига қўлини қўйиб. –Қани, ишингни бошла!
Боланинг жимгина турар, кўзларига эса тубсиз мунг чўккан – эҳтимол ҳозир тотгани нотаниш хўрликнинг беҳаё жуссасини қаршисида кўриб тургандай, — ундан “сенга нима қилган эдим?”, деб сўраётгандай эди. Тоҳирнинг иягидаги титроқ лабларига кўчгач, бошини эгади.
— Тоҳиржон, чиз!.. — дейди Зулхумор юрак-юрагидан ёлвориб.
Бола “йўқ” дегандай бош тевратади ва бурилиб жўнайди.
Худойим! Бу боланинг кетишини!..
Барча этлари увишиб, унинг отидан қараб қолади.
— Яхши бола экан!.. – дейди мудом торга кир ёядиган аёл.
Эркин нафақадор кўзларини бармоғи орти билан артади:
— Бу Муяссар худодан топади! — дейди у.

Муяссар Қодировна кимлигини кўрсатиш ишига жиддий киришиб кетди.
Фотиманинг уйини текшир-текшир бошланди. Уйингдаги одамлар ким? Нима қилишади? Ҳисобдан ўтганми, йўқ? Ҳар кун сумкали, портвелли, қўлида дафтар-қоғоз кўтарган кимлардир қатнагани қатнаган. Маҳалла бошлиғи ҳам шу ерда, турфа нозирлар ҳам икки куннинг бирида кўриниш беради, яна аллакимлар… Муяссар Қодировна балкондаги дераза ёнига стул қўйиб, “кузатив пункти” қуриб олди. Опа кун бўйи бу келди-кетдини деразадан мамнуният билан кузатади. Сериал кўришлар тамом унутилди. Инсон ҳақиқат учун курашганда, мана шундай йўқотишларга ҳам жазм этар экан!
Эшик эса барибир онда-сонда қарсиллаб очилиб-ёпилаверди.
Зинадан бировнинг қадам садоси эшитилмайди, ташқаридан биров келмайди, аммо эшик қарсиллайди!
Албатта, келгиндилар! Уни масхара этишяпти! Бесас келиб, эшикни қарсиллатадилар-да, ғойиб бўладилар. Ё… Ҳа-а, тўғри!.. Тўғри! Улар жодугар! Шунча одамни авраганлару, бир эшикка сеҳру макрлари ўтмайдими? Булар дунёдаги барча эшикларни сеҳрлаб қўйишса, аҳволимиз не кечади? Улар барча эшигу дарвозаларни ланг очади! Дунёда тартибсизлик бошланади!
Бир марта Муяссар Қодировна кўнглидан кечган бу хаёлларни ҳатто Раҳимжонов домлага айтди. “Хўш, айтинг-чи, кейин нима бўлади?”, деди. Домла беозоргина кулди:
— Энди… Нима десам экан?.. — деди у, опани оғринтирмасликка ҳаракат қилиб. – Кейин ҳаммаси яхши бўлади… Қўрқманг!.. Асли булар тартибли одамлар…
Опанинг жон-пони чиқиб кетди:
— Тартибли одам эшикни қарсиллатиб ёпадими?
— Энди болалар-да… Улар бошқача-да!..
— Нима, уларнинг ортиқча жойи борми?
— Ортиқча жойи йўқ… Йўқ… – домла беозоргина қаршилик қилди. – Нима десам экан?.. Уларнинг тартиби… – Раҳимжонов қўли билан фалакка ишора этди, — у ёқда… Уларнинг тартиби фақат Парвардигорга аён!..
Кейин у майингина илтимос қилди:
— Энди… Шу одамларни тинч қўйсак…
Муяссар Қодировнанинг Муяссар Қодировнанинг қони қайнаб, миясига урди. Бу ҳам ўшалардан! Ўшалардан! Айтган гапини қаранг! Нега тинч қўяр экан? Ҳеч қачон! Ҳеч қачон!
Эшикхона олдида билинар-билинмас чайқалиб, дард устига чипқондай турган уста Аҳмадга дуч келди.
— Опа… Кечирасиз… Муяссар… …ровна!.. – деди уста мўъжизага дуч келган одамдай довдираб, — Ёнингиздаги одам… қани?
Опанинг кайфи учиб кетди. Бу алкашнинг эси жойидами?
— Қанақа одам?
— Ё… мен кўролмаяпманми?..
— Нималар деб алжираяпсан?
— Ким биландир баҳслашиб, жиғибийрогон бўлиб келяпсиз-ку? Ўша одам… қани?..
Муяссар Қодировна ёнига бир қараб олди. Сўнг, бу ҳаракатидан ўзи изза бўлиб, уни жиркиб ташлади:
— Ҳе, ичмай ўл!
Уста жиркишдан зарра чўчимади.
— Йўқ… Опа.. Кечирасиз… Муяс… …ровна! Сиз ёнингиздаги биров билан… уришиб келяпсиз. Ўша одам… қани?
— Кўзингга кўринган! Озроқ ич!
Опа қарғаниб, уйига йўналди. Аммо эшикни рисоладигидай очиб-ёпишни унутмади.

Муяссар Қодировна мақсадига етди.
Шаҳар кўчаларию ҳовлиларига куз оралаб қолган кунлардан бирида ниҳоят УЛАР эшикхонадан чиқди.
Олдинда икки катта бозор сумкани аранг кўтарган Фотима, ортидан аллақандай лаш-лушларни қўлтиқлаган уста Аҳмад, ёнида елкасига кўрпа-тўшак ортмоқлаган ўтттиз беш-қирқ ёшлардаги йигит; улардан сал кейинроқ уч-тўрт қаппайган қўшбоғ тугунларни елкаларига илиб, қўлларига ҳам аллақандай халтачаларни ушлаган — бошини танғиб боғлаган ёшгина аёл; тўрт-беш қадам орқада эса катта-кичик иккита бола – Зафар ва Тоҳир. Зафар скирипка ғилофини қучоқлаб олган, Тоҳирнинг икки қўлида икки боғлам китоб… УЛАР теграларидаги ногаҳон қалинлашган куз ҳавосини аранг ёриб,, оғир қадам ташлаб боришяпти.
Кетишди! Ниҳоят, йўқ бўлишди!
Деразадан қараб турган Муяссар Қодировнанг кўнглида беқиёс шоду хуррамлик барқ урди. Томирларига бахтиёрликнинг илиқ лаззати таралаётганини ҳис этди. УЛАР қўшни уйнинг бурчагидан ғойиб бўлганча, бу лаззат оғушида роҳатланиб, қараб турди-да, сўнг енгил бир юришда бориб, телеочқичнинг мурватини буради. Энди хоҳлаган киносини кўради! Хоҳлаган сериалини томоша қилади!..
Аммо…
шу пайт
эшик яна
қарсиллаб
ёпилди.
Унинг товуши Муяссар Қодировна вужудида ҳозиргина барқ уриб турган бахтиёрликнинг анвойи гулларини қилич кесгандай, бир сермаб, яксон қилиб ўтди.
Опанинг ранги оқариб, турган жойида ўтириб қолди.

Опа курашдан чекинмаслик кераклигини яхши билади. Энди шошилинч қўшимча чора-тадбирлар кераклигини — бу ярамаслик кимнинг қўли эканлигини фош этиш, зараркундаликни томири билан юлиб ташлаш лозимлигини англади. Шу сабабдан, у “Кузатув пункт”ини ўзгартирди — уйидан чиқиб, эшикхона олдидаги қачонлардир уста Аҳмад ясаган бежирим скамейкага мустаҳкам жойлашиб олди.
Энди тартиббузар қочиб қутулолмайди! Энди сеҳру жоду ўтмайди! Унинг кўз олди-да биров эшикни тарақлатиб кўрсин-чи!
Ҳақиқатдан ҳеч ким бу ишга ошкоро журъат этолмади.
Қўшнилар эшикни авайлаб очиб, авайлаб ёпишар, бироқ улар Муяссар Қодировнага салом беришни тамоман унитган эдилар. Қўшнилар эшикхонадан чиққанда, уларнинг товозесига кўниккан опа аввалига алик олишган ҳозирланиб турди. Бир гал ҳатто элдан бурун “во…” деб аликни бошлаб юборди, бироқ хайрият, ўз пайтида тўхтатиб, масъулият залворидан ҳориган одамнинг “во-ей!..”ига айлантиришга улгурди!..
Салом беришмаса, садқаи сар! Энг муҳими, эшик тарақламаяпти.
Муяссар Қодировна билан ҳазиллашиб бўлмайди! Икки кун каллаи саҳардан бир маҳалгача эшикхона олдидан жилмади. Учинчи кун энди музаффар дамлар етганини, бемалол телевизор кўриши мумкинлигини тушунди. Уйига кириб, энди телеочқичга қўл узатганда, эшик қарсиллаб ёпилди.
У ташқарига отилиб чиқди.
Ҳеч ким йўқ.

Муяссар Қодировнанинг сарсон-саргадонлиги бошланди. Душманлар ниҳоятда айёр эди. Улар энди кўринмай эшикни тарақлатиб ёпишни ҳадисини олдилар. Опа эса дам уйга кирар, дам ташқарига отилиб чиқар – ғазабдан кўкариб, атрофга синчиклаб қарар, ҳеч кимнинг қароси кўринмагач, уйига қайтиб кирар, аммо яна эшик тарақлаб қолар эди.
Муяссар Қодировна — иродали одам.
У энди эшик олдидан бир зум жилмай, ўтиришга қарор қилди.

Беш-олти соатлик уйқуни айтмаса опа ўз “пост”ини бир лаҳза тарк этмай, кузни ўтказди. Совуқ-қирон кунлар келди. У ҳаммани ҳайрон қолдириб, ҳамон ўз “пост”ида — эски пальтога ўралиб, титраб-қақшабгина ўтираверди. Охир қўшниларнинг сабру-тоқати тугади. Кутулмаганда, Фотима билан Раҳимжонов домла Муяссар Қодировнага рисоладагидай салом беришиб, унинг қаршисида тўхташди.
— Муяссар Қодировна, — деди ним табассум билан домла, — Муяссар Қодировна, совуққа ўзингизни олдириб қўясиз, уйга киринг!
Опа қаҳр билан унга қаради. Индамади.
— Опажон… — деди Фотима.
Унинг овозидан меҳру муҳаббат ифори уфурди. У қандайдир чорасизлик чоҳида қолган опасини учратгану, аммо қандай қилиб, қутқазишни билмаётган эгачининг ачинишида Муяссар Қодировнага эгилди:
— Ичкари киринг! Ўзингизни қийнаманг! Қора совуқ бўляпти, опажон! Қалтирашингизни қаранг!
— Мени уйга киргизиб, эшикни тарақлатмоқчимисизлар? – Бақирди опа. – Муродларингга етолмайсизлар!
— Э, шу пружина ҳам!.. – деди домла ғайратланиб. – Ҳозир Аҳмадни чақириб, олдиртириб ташлаймиз! Ҳаммамиз шу балодан қутуламиз!
Опа ўрнидан туриб кетди.
— Йўқ! – деди пружинани олинса, жони чиқиб кетадигандай. — Йўқ!..

Духтирлар келишди. Қўни-қўшнилар йиғилишди. Врачлар у ёқ-бу ёқдан опа билан ажиб бир мулойимликда гаплашган бўлишди. Бир-бирларига маъноли қарадилар. Сўнг авраб-сулдаб, Муяссар Қодировнани “Тез ёрдам”га чиқаришди. Фотима ҳам опанинг ортидан машинага кирди. Машина негадир текис асфальт йўлакчадан ортиқча силикина-силкина, катта йўлга чиқиб кетди.

Баҳор келди.
Нечанчи бор бозорга бориб-қайтган Зулхумор хиргойи қилганича, уйининг деразасини очиб юборди-да, телевизор қаршисидаги креслога ўтирди. Кресло ёнидаги чойстол устига қоғозга ўралган кунгабоқарни тўккач, экранга кўз ташлади.
— Вой, — деди у туйқусдан қувониб. – Вой!
Экранда Фотима кўринди. У каттагина хонани тўдириб ўтирган – ҳаммаси бир йўсинда йўл-йўл кийим кийган эркак-аёлларга целофан халтачаларда совға улашяпти. Нимаси биландир болаларга менгзайдиган эркак-аёллар миннатдорчилик билан тортиқни қабул қилишяпти. Ҳаммасининг кўзида қувонч — арча байрамдаги болакайларнинг худди ўзи. “Боёқишлар касал, — деб ўйлади Зулхумор. — Касал!.. Анақа касал!.. Бечоралар! Потини ишини қаранг!.. Вой, Поти!.. ”.
Ёши ўтган бемор аёл ўзидан йўқ қувониб, ўрнидан турди. У ҳаяжонланиб — шодиёна кулишда — Фотиманинг қўлидан совғани олди. Ним таъзим қилди. Фотима уни бағрига босди. Қайта-қайта босди. Юзларидан ўпди. Сочларини силади.
Зулхумор аёлни таниди. Муяссар Қодировна!
— Вой, Поти!..
Зулхумор йиғлаб юборди.

13.10.2016.