Улуғбек Ҳамдам. Тўлин ой қиссаси

Ойнинг ботини тўлиқиб, зоҳири тўлиб чиқди. Тўлинганини у атрофдан — қуёшу юлдузларнинг сирли-сирли нигоҳларидан сезиб қолди. Нигоҳлар уни жодулаб, ич-ичидаги исмсиз ҳисларини қитиқлаб уйғотди. Шундан кўнглига бирдан сафар қилиш истаги тушди. Токи, нафақат кўкдаги сон-саноқсиз кавокиб ва яна яккаю ягона хуршид, айни дамда ердаги жамики махлуқот ҳам унинг бу ёруғ жаҳонда тенгсиз ҳусну жамолидан баҳраманд бўлишини, унга маҳлиё бўлиб боқишини “ана тўлин ой, мана тўлин ой!”, дея энтика-энтика бир-бирларининг қулоқларига шивир-шивир қилишини истаб қолди…
Истакнинг биринчи туни. Шундай қилиб, оймомо тандирдан энди узилган нондек истарали, тўлин юзини кўз-кўз қилганча, олтинранг сочларини замин узра ёйган кўйи ажабтовур саёҳатини бошлади. Унинг ёрқин шуъласидан олам бир пасда чароғон бўлди. Шунчаларки, ерда одам юрса, ортидан сояси эргашиб қолди. Шаҳару қишлоқларнинг ойдай ойдин йўлларига одам сиғмай кетди. Улар шуъла сочиб турган хуш кечадан мамнун суҳбатлашишар, беғубор кулишар, шодон қийқиришар, ҳаётнинг нашъасини ҳис қилиб қолишга талпинишарди.
Тўлин ой уйларига кириб кетаётган одамларнинг ортидан жудаям олислардан, булутлар орасидан қараб турди-да, ниҳоят, бировига яқинроқ бориб, унинг қалбига бўйламоқни ният қилди. Шундай қилиб, эл қатори ичкарилаётган бир қариянинг изидан тушди у… Қария чарчаган экан шекилли, дам ўтмай хобхонага кириб тайёр солинган ўринга узанди. Лекин аксарият шу ёшдагилар сингари у ҳам қушуйқу бўлиб, кечаси билан у ёндан-бунисига ағдарилиб чиқди. Тонг ёвуқлашганда эса ювиниб-нетиб келди-да, ибодатга толди. Шунда тўлин ой булутлар орасидан аста сирғалиб, дераза кўзидан шундоқ қарияга нигоҳ ташлади ва туйқус уларнинг кўзлари учрашиб қолди. Шунда қамар қариянинг кўз соққаларида титраб турган ўз сувратини кўрди ва ботинида унга янада яқинроқ бориш истагини туйди. Анча-мунча тўсиқни писанд қилмайдиган шуълаларига осилиб тағин бироз пастга энди ва қариянинг кўзларига узоқроқ тикилди, тикилдию шу он… у ерда чўкка тушган кўйи сиғиниб ўтирган инсон қиёфасини илғаб қолди. Негадир ой чўчиб ортга тисарилди…
Унга қариянинг ой рухсорида ойнинг ўзини эмас, балки ўз қалбининг суврати — Яратганга илтижо қилиб ўтирган художўй зотни кўриб турганлиги сира-сира хуш келмаганди…
Биринчи тун шундай кечди.
Иккинчи тун. Олис-олислардан бир куй қулоғига чалинди. У шундайин бир ичкин дардга тўла эдики, қамар қалбини ўртаб юборди. Тўлин ой оловранг сочларини узун-узун қилиб таради-да, уларни овоз келаётган ёқларга элчи ўлароқ йўллади. Акс-садо келгач эса ўзи тоғу тошлар сари йўл олди. Ниҳоят, бир манзилга дориди. Бу ерда қўйларини қўрага қамаб, ўзи эса ойнинг йўлига кўз тикиб, қўшиқ хиргойи қилиб ўтирган, ҳатто кутавериб кўзлари тўрт бўлган чўпон йигитга дуч келди. Тўлин ой бирдан севиниб кетди. Ахир, кеча гурас-гурас одамлардан ҳеч бири унга қиё ҳам боқиб қўймаган, эътибор қилмаган эди. Ана, боққани ҳам алҳамдига ярамади — ичида таъмаси бор чиқди. Ҳолбуки, уларнинг бари ойнинг шуъласи туфайли қафасга ўхшаган уйларини тарк этиб, ойдин кўчаларга ёпирилиб чиққан, тирикликнинг нашъу намосини туйганди. Лекин… лекин уларнинг қалб кўзлари кўр эканки, фақат ўзлари билан банд бўлдилар. Бадр кечасида ҳам моҳитобни ёд олмадилар. Бадр кечасида-я!..
Чўпон-чи? У — тамомила бошқа. У ойни кутяпти. Ҳамда шунчаки кутгани йўқ, балки ташрифига илҳақ бўлиб ўтирибди. Тўлин ой буни йигитнинг кўзларига қарагани ҳамон сезди ва ўзида йўқ шодланиб кетди. Энди шу ерда қолсам ҳам бўлади, деб ўйлади. Бир умр, токи ҳаёт экан!..
Тўлин ой секин-аста иниб, чўпон йигитнинг ёнгинасига келиб чўкди. Йигит ундан эҳтиросли кўзларини узмас, ой излаганимни топдим, деб ўйларди. Шу асно йигит ойга қараб куйлаб юборди:
Ёп-ёруғ кечаларда тонггача қолгум келур,
Оймомо, нурларингда чўмилиб олгум келур.
Атрофимга термулиб, завқ оламан чиройдан,
Узолмасдан кўзимни ўтинаман сен ойдан…
Тўлин ой ўзини қўшиқнинг ихтиёрига топширди ва бахту иқболдан мумдек эриди. Эридию, бу ҳол кўпга чўзилмади, ки, шу чоғ бошқа мисралар ҳавода янграб қолди:
Хабар бергил, ул “ой”чи, ул “ой” нима қилмоқда?
Балки доғли кўнглимни юзларингдан билмоқда…
Тўлин ойнинг хўрлиги келиб ҳўнграб йиғлаб юборди ва шартта туриб, у ердан ҳам жўнаб қолди. Ахир… ахир, бунга чидаб бўларканми?..
Тўлин ой шошиб бошпанасига кетаётган эди, йўлда эътиборини ногоҳ бир таниш чеҳра тортди. “Тавба, қайда кўрган эканман уни?”, дея ўйлаганча шу яқин ўртадаги қишлоққа тушиб борди ой ҳамда ҳовлида, узум ишкоми остида шивирлаб ўтирган келинчакка рўбарў келди. Келинчакнинг юзидаги доғларни кўриши билан тўлин ой чўпон йигитни эслади. Бироқ йигитдан фарқ қилиб, келинчакнинг ташвиши ўзга эди: у негадир хиёл дўмпайиб қолган қорнини силар ва тинмай пичирлаб ўзи билан ўзи гаплашарди. Тўлин ой келинчакнинг атрофида шу гиргиттон бўлдиямки, хомиладор аёл эътиборини қозонолмади. Келинчак унга бир нигоҳ ташлаб қўярдию тўлин ойни кўрмасди, пайқамасди. Аксинча, худди осмондаги ой янглиғ тўлишиб бораётган думалоқ қорнини авайлаб силагани силаганди. Аммо уларнинг — ой ва келинчакнинг юзлари нақадар бир-бирига ўхшайди-я! Худди бир онадан талашиб тушган опа-сингил дейсан! Дард ўзга бўлса, опа-сингиллик ҳам, икки томчи сувдек ўхшашлик ҳам сариқ чақа турмас экан-да…
Тўлин ой юзи ўзиникига жуда-жуда ўхшаб кетадиган келинчакка сўнгги бор боқдию аста ортга чекинди…
Учинчи тун. Тўлин ой яна шаҳар узра пайдо бўлди. Яна оломон кўчаларга отилиб чиқди. Лекин ой ҳам анойи эмас — ўзига эътибор қилмаган тўдани менсимади, уларга кўз қирини ҳам раво кўрмади. Билъакс, заррин кокилларини паришон айлаганча, кўчалар бўйлаб кўнглидагини қидира кетди. Шунда нигоҳи бирдан жулдур кийимли кимсага тушди. У шаҳар четидаги эски, нураган деворга суянганича кўкка қараб қўлларини дуога очган кўйи ўзича нималарнидир пичирлаб ўтирарди. Қамар шуълаларини тиланчига янада яқин йўллади. Тиланчи ниҳоятда абгор, қаровсиз ва мунглиғ алфозда эди. Ойнинг унга раҳми келди. Зора шу бенавонинг кўнглидан истаганимни топсам, деб ўйлади. “Ахир, у шунчалар бечораю мискин бўлгани ҳолда мендек маликани — кечалар ва кўчалар чароғбони бўлмиш моҳитобнинг кўксидан итаришга ботинмас”, дея пичирлади ўзига ўзи ички мамнуният ила… Бу кеча ниятига қовушишига шубҳа қилмаган тўлин ой баданга хуш ёқадиган шуълалари билан тиланчининг атрофини қуршаб олди. Бироқ шошилган экан: қўлларида бир неча чақа, кўзсоққаларида ойнинг суврати бўлган тиланчининг лабларида ойнинг истагига тамомила терс бир илтижо янграб қолди: “Эй Тангрим, кўкдаги ана шу олтин тангангни узиб берсангу мен ҳам сарсон-саргардонликдан биратўла қутулсам — оила қуриб, бола-чақа орттирсам, одамлардек умргузаронлик қилсам…”
Ой… ойнинг бўлари бўлди, шошиб сочларини турмаклади-да тиланчининг қошидан ура солиб қочди. Қочиб кетаркан, кўнглининг бир чети ушатилиб тушганини ҳис қилди…
Тўртинчи тун. Янги тунда тўлин ой янги умид билан янги сафарга чиқди. Бу гал у бойнинг олдига боришга аҳд қилди. Ахир, камбағалнинг миси чиқди — ойни олтин тангага айлантириб жиғилдонига уриш экан, мўмин-қобил кўринган тиланчи дуосининг бор-йўқ шарҳи. “Қанчалик жирканч!” нафратланиб ўйлади тўлин ой. Шунинг учун ҳам у энди ер юзидаги энг бадавлат одамни излаб топади. Бир пасда топди ҳам. Ахир, тепадан туриб бир кўз солганингдаёқ бутун олам сирғалиб кафтингга тушса, бунинг нимаси қийин?.. Хуллас, бой! Бу одам на кўчадаги оломонга, на сиғиниб ўтирган қарияю на қирдаги чўпону унинг ўзи билан ўзи андармон хотини — келинчакка ва на кўчаларда хор бўлиб судралиб юрган ҳалиги гадога менгзарди. Бадавлат зот ўз хаёлларига шунчалар ғарқ бўлгандики, аввалига ойнинг хафсаласи пир бўлди бу эътиборсизликдан: ким бу ўзи? Нега жим? Нега ҳеч кимга қўшилмайди, ўйнаб кулмайди, одамлар билан гаплашмайди, кайфу сафо қилмайди? Нега у саройнинг бир кунжида аллақандай рақамлар ёзилган қоғозлар уммонига кўмилиб олганча ёруғ оламдан ғофил ўтмоқда? Ҳатто хотинию болалари билан ҳам иши йўқ?
Бошқа томондан эса хурсанд бўлиб кетди: ахир, кўрганларининг орасидан битта шу бадавлат зотгина таъмадан холига ўхшар, бир четда ўз иши билан сас-садосиз куймаланиб ўтирарди. Аммо бойнинг зарари тегмаганидек, фойдаси ҳам йўқдек туюлди унга. Шунчаларки, ҳатто зерикиб ўлиш мумкин у билан… Тўлин ойнинг бир кўнгли кетгиси келди, сочларини йиғиштириб, кўнгил муродини қидирган кўйи яна олам кезмоққа талпинди. Бир кўнгли эса, шунча йўл босиб келдим, яқинроқ борай-чи, бунинг ҳам бир сири бордир, дея қизиқди. Сўнг қалъа деразасидан шуъла бўлиб кириб, стол устида сочилиб ётган қоғозларга энгашиб ўтирган пулдорнинг нақ боши узра тўхтаб, андак тин олди. Ой шу турганча то тонггача, қуёш жаноблари чиқиб, уни ўз ётоғига кузатиб қўйгунгача ҳам поктийнат бу инсондан бирон ёмонлик чиқмаслиги ҳақида ўйлаб кетди. Шунда кўнглида субҳидамгача қимир этмай хонада нур таратиб туриш истаги пайдо бўлди. “Ахир, фариштадек бу одамларга хизмат қилмасанг, кимга қиласан?” деб ўйлади у. Фақат… хиёл ўтмай, шуъладан ёришган қоғозлар бойнинг сирини ошкор айлаб қўйди-ку: қоғознинг уст қисмига “Шартнома” деб ёзилганди. “Шартнома”нинг охирги бандларидан бирида эса“…келишилган миқдордаги пул босқичма-босқич тўлаб борилади ва 2100 йил, 1 январдан эътиборан ер йўлдоши ой муҳтарам жаноб “Х.Х.Х.”нинг номига расмийлаштирилади ҳамда унинг шахсий томорқаси ҳисобланади”, деган ёзув бор эди…
Тўлин ойнинг бағри бирдан фарёдга тўлди, бироқ у шунчалар катта эдики, ўкириб йиғлаган билан чиқиб кетмасди. У на сочларини йиғиб, уфққа бош қўйишинию ва на бошқа бирон тадбир олишини билар, турган жойида ҳайкалдек қотиб қолганди.
Бешинчи тун. Аччиқ тажрибаларга қарамай, тўлин ой умидни узмаган эди. Олам узра тун пардаси ёпилганда, масканидан истамайгина бош чиқарган моҳитоб ҳеч кутилмаганда, ҳу-ув тубанлардаги бир панжарага кўзи тушиб қолдию ўша ёққа равона бўлди. Келиб қараса, шаҳардан олисда, иттопмас бир жойда, чор атрофи темир човралар билан ўралган, тошдан ясалган қўрқинч бино бор экан. Унинг атрофини сон-саноқсиз қўриқчилар қуршаб олишиб, тошқаср гирдида тинмай айланишар, ичкарига пашшани қўйишмас, айни пайтда, ундан чивиннинг ҳам учиб чиқишига имкон беришмасди. Лекин бу ҳимоялар тўлин ойни заррача -ташвишга солмаслигига кўра у тўғридан-тўғри мақсадга ўта қолди: ўзини кўк юзидан шу қора маконга, харобазорга етаклаган панжарани қидириб топди-да аста ичкари мўралади. У ерда бир жуфт кўз унга илҳақу зор бўлиб турарди. Оҳ!.. Наҳотки, бу тун, ниҳоят, уни муродига қовуштирса?!..
Тўлин ой бир жуфт кўзга боқиб, унинг ўта оғир жинояти учун минг йилга қамалган маҳбус эканлигини уқиб олди. Аммо бу ҳам ойни ташвишга солмас эди. Чунки энг муҳими, маҳбус ойни кутган, унинг учун ҳар нимага тайёр эди! Тўлин ой шуни ўйлар, маҳбуснинг ўзига тикилиб турган маънодор кўзларидан нигоҳ узмас, қидирганини топгандек секин-аста бу кўзлар қаъридаги ўзига тегишли ўша сеҳрли оламга тортилиб, ўзини исталган, кутилган ҳис қилар, бундан олам-олам бахт туяр эди. Тўлин ой қанча илгарилаган сари ўзини шунча масрур сезар, яна бу оламда мангу кезсам дерди. Ботин сари ичкарилай-ичкарилай, ахийри, у маҳбус билан гўё бир тану бир жонга айланди. Шунда… шунда бир лаҳзада ҳаммаси зеру забар бўлди! Унгача ҳаммаси рисоладагидек кетаётганди. Тўлин ой ўзини маҳбус билан ягона вужуд, ягона қалб деб ҳис қила бошлаган ондан бошлаб эса ичкарида, жуда ҳам чуқур бир жойда, мавжудият борлиғининг энг тубида тўлин ой туйқусдан бошқа бир эҳтиёжга дуч келиб қолди. У ҳам бўлса, маҳбусгагина оид эҳтиёж бўлиб, у каттакон туйнук кўринишига эга эди! Туйнукки, маҳбусни минг йиллик қамоқ жазосидан халос этадиган!.. Яъни, маҳбус кўкка қараб, зим-зиё тунда ойни кўриб, унинг сиймосида ўзининг нажот фариштасини топган экан. Унинг учун минг йиллик қамоқ жазоси ва умуман, бу зулмкор олам гўё бир улкан қафасу тўлин ой шу қафасдан чиқиб қутилишнинг бирдан бир чораси, тирқиши экан! Агар, маҳбус қалбидаги эҳтиёжни шеърга кўчириш мумкин бўлса, бир шоир ёзганидек, у тахминан шундай шаклда жарангларди:
Ёр, юзингга ўхшаган дум-думалоқ анов ой
У дунёга ўтгувчи туйнукмасми, ҳойнаҳой!
Тўлин ой буни ўз қалбида кўрдими ё маҳбусникида, ажратиб ололмади. Зотан, бу вақтга келиб, уларнинг бору йўқ истагу эҳтиёжлари қўшилиб, бир-бирларида ғарқ бўлган эди. Бинобарин, туйнукнинг қаерда, кимнинг қалбида кўрингани энди унчалик аҳамиятга молик эмасди. Муҳим бўлган нарса шуки, туйнук бор эди! Ойнинг ёки маҳбуснинг мавжудлиги янглиғ туйнук ҳам мавжуд эди! Э воҳ, маҳбус ҳам эл қатори ойдан ойни кутмаган, ундан нажот кутган бўлиб чиқди…
Тўлин ой маҳбуснинг ботинидан сидирилиб ажралди, сўнг қамоқхона панжараларига чирмашган нурларини йиғиштириб, кўк тоқидаги ўз гўшасига ўзидан азиз бир парчани қайдадир тушириб қолдирган кўйи етиб келганда юрак-бағри қонга тўлганди. Бирдан осмон бетида қоп-қора булутлар пайдо бўлиб, замин узра шаррос ёмғир қуя бошлади…
Олтинчи тун. Тўлин ойнинг жамики одам зотидан ҳафсаласи пир бўлганди. Энди унинг бу қавмдан йироқроқ юргиси келди. Қоронғи тушиши билан кўк қўйнида пайдо бўлдию табиат қучоғига кириб, негадир ўзи ҳам билмайдиган ненидир қидира кетди. Аммо нимани қидирганини ўзи билмасди шу тобда. Ахир, қидириб топганлари нима кароматлар кўрсатди?.. Шунга қарамай, аллақандай савқитабиий ички бир эҳтиёж остида қолиб фақат қидирарди. Ниҳоят, кўзлари гирён бўлди ва… ва топди. Ит сув ичмоқчи бўлиб сойга яқин келмоқчи бўлишга уринарди. Тўлин ой шошди. Одамлардан тополмаганини ҳайвондан умид этди. Ит бўлса, бу вақтда тумшуғини сойга тиқиб “чалоп-чалоп” этиб сувни ялаб ичмоққа тутинганди. Ой унга тепадан жудаям ёвуқ келди. Шунда унинг акси сувда кўринди. Ит бирданига сув ичишни тўхтатиб, бошини хиёл кўтарди ва ғалати бир алфозга тушиб, диққатини сой тубида пайдо бўлган нонга ўхшаган ғаройиботга қаратди ва ҳаялламай қўлга киритиш илинжида сувдаги ойга ташланди… Ойнинг акси сувда, қалби эса кўкюзида чил-чил синди: шўрлик ит оч экан, ойни ой деб эмас, балки нон деб қабул қилганди…
Ойнинг яна бир парчаси сувда қолиб кетди…
Еттинчи тун. Ойнинг муроди, кўнгил истаги нима эди? Нега у қўним топмай изланади, мудом кимнидир кутади, ниманингдир йўлларига маҳтал боқади, умидланади, умидсизликка тушади, ўртанади, парчаланади, лекин излашдан воз кечмайди… Ким у, нима у?… Қани энди ўзи ҳам шуни билса? Ҳеч қурса, бирон билганни топиб олса! Йўқса, ҳаммасига, бутун изтиробларига чек қўйиб яшаса, нима бўлади? Пешона ёзуғи — зиммасига тушган вазифа — оламни чароғон этишини билиб, жимгина фалак кезиб умргузаронлик қилса, нима қилади?.. Оҳ, қани энди бу осон бўлса?.. Ҳамма гап шунда-да. Ахир, ичида кимдир, нимадир борки, мудом унга тинчлик бермайди, мудом ўзига чорлаб ҳаловатини ўғирлайди, зулматга чулғанган тунда кўк юзида бесамар тентиратиб, зор ва хор айлайди… Нима у, ким у?..
У ғайритабиий макон қидириб, биттагина, каттагина кўзи билан заминга умидвор боқди, узоқ боқди. Бироқ на қирдаю на тоғда, на чўлдаю на водийда, на қишлоқдаю ва на шаҳарда, на одамизод ва на ҳайвонот оламида қўним топди. У кутилмаган бир учрашув кутарди. Шундайки, учрашувдан сўнг ўша ерда муқим қолса, жойидан жилмай ҳар тун бир ўша маскандан пайдо бўлса, бир-бирларининг дардига дармон бўлиб топилдиғи билан қўша қариса…
Умид ва умидсизлик, хаёл ва ҳаёт орасида моккидек бориб келаркан, тўлин ойнинг кўзи бирдан уммон ичра, уммоннинг туб-тубида ўзига қараб турган яна битта кўзни, кўзки ичида хазиналар кўмилган ғорнинг оғзини кўриб қолдию бирдан ҳушёр тортиб, бутун диққат-эътиборини ўшанга қаратганча йўлга тушди. Шиддат билан йўл босиб бораркан, етти қават ернинг остига кирмагунча хазинага етиб боролмаслиги ҳақида ўйлаб кетди. Хотирасини титиб, бутун кечмишини варақлаб чиқди — ҳеч нима, ҳеч қандай бошқа йўл — нажот топмади у ердан. “Начора… Ер ости бўлса, ер остига тушамиз, токи ўша гизли хазина лоақол бир бора бўлса-да арзанда юзини кўрсатсин, ким экан, не экан у?.. Сўнг ўша қаърда қолиб ўлсам ҳам розиман!..”, деб хитоб қилди у ўзига ўзи ва уммон тубидаги ғорга қараб елди.
Биринчи қаватга кириш қийин кечди. Чунки жудаям узоқ йўл босишга тўғри келди. Устига устак, йўл ўта машақатли бўлиб, умид ва умидсизлик тўлин ойни нари обориб бери опкеларди. Лекин ортга қайтиш йўқлиги кундек равшан. Шунинг учун ҳам тўлин ой чекинмади, эртакларда айтилганидек, “йўл юрди, йўл юрса ҳам мўл юрди”. Ниҳоят илк қаватни ишғол қилди.
Қараса, ер юзи каби кенг бир қаватга тушиб қопти. Ҳайрон бўлиб атрофга олазарак боқди… Ғимирлаган зоғ йўқ-а! Нима қиларини билмай серрайиб турди-да, беихтиёр олдинга юрди. Шунда юрган йўлида, оёқ остида биттагина тандир нон ётганини кўриб ажабланди. Нонни кокиллари ёрдамида кўтариб қизиқсиниб қараган эди, у бирдан туйнукка эврилдию тўлин ойни қаърига тортиб кетди. Шўнғиб, бир қаватдан иккинчисига ўтиб бораркан, ойнинг кўзига томорқа, олтин танга, сўнг ёр кўринди. Тўлин ойнинг, айниқса, шу қаватда қолгиси келди. Лекин гарданидаги вазифа ва ботиндаги орзу унинг сочларидан тортиб олдинга судроқлаб кетди. Йўлда, дўмпайиб чиққан қорнини силаган кўйи ўз хаёлларига ғарқ бўлганганча ишком остида ўтирган ўша — юзи ойникидек доғли келинчакка юзма юз кепқолди. Лекин тўхтаб бўлмасди. Уни ўзига тортган хазина олдинда, бас, юриш, юриш ва яна юриш керак эди! Ой келинчакнинг ёнидан шувиллаб учиб, навбатдаги қаватнинг бағрини ёриб кирди ва улкан бир сайҳонликда сиғиниб ўтирган биттагина одамга рўбарў келди. Во ажаб, тўлин ой қарияни таниди ва бир зумгина унинг қошида тин олди. Шунда у ер устида кўрганларининг барчаси ер остида тескари бир тартибда юз бераётганини фаҳмлаб қолиб, бундан бағоят таажжубланди. Лекин фурсат оз эди: ҳадемай фалакка қуёш чиқади-да ойга ажратилган муддат соб бўлади. Ой шошиб ўзини яна йўлнинг бағрига отди. Ниҳоят, мана у — еттинчи қават! Ойнинг қизиқиш ва ҳаяжонига чеку чегара йўқ эди. Хўш, нима бўлиши мумкин бу сирли қатда, сўнгги қаватда?!..
Яқинлашиб бораркан, кўз ўнгидан яна ҳар хил суратлар лип-лип этиб ўтиб турди. Тўлин ойнинг бўлари бўлди. У бундай жумбоқнинг сирига етолмай, айни дамда, нима қиларини билмай гаранг, ҳолсиз ва қарорсиз қолди. Шунда ҳаммасидан чарчаганини, ҳаммасидан бир йўла ва бир умрга қутилиш, озод бўлиш истаги тўшида юрак каби дукиллаб ураётганини ҳис қилди, шу ҳамона уммон тубидаги ғорнинг сўнгги қавати уни ўзига — дафиналар яширилган охирги довонига чорлади. Шубҳа йўқки, нажот шу ерда! Тўлин ой ўзини яна туйнукка қараб отди!.. Туйнук унга бир чоҳга ўхшаб туюлди. У қачонлардир осмоннинг еттинчи қаватида масту мустағриқ ҳолда кезиб юрарди, энди бўлса, қисматнинг дастидан ернинг еттинчи қаърига чўкиб бормоқда! Аммо тўлин ойга энди барибир эди: у толе ёзиғини бўйнига илиб, таваккал қилганча ўзини ғорнинг оғзи — туйнукнинг қаърига отганди: нима бўлса, тезроқ бўлсин ва ҳаммаси битсин!.. У гўзал ва каттакон кўзини юмиб ғорнинг энг охирги қаватига шўнғиди, шу баробари юраги ҳам шув этиб кетди, назарида у ғорнинг тубига етгандек бўлди ва у ерга кўмилган хазинани кўриш умидида кўзини катта очиб қаради: ё қудратингдан, тушми бу ё ўнг? Тўлин ой қаршисида ўзига қуйиб қўйгандек ўхшаш — яна битта ой турарди! Жилмайса жилмаяр, хўмрайса хўмраярди. “Тавба, бор йўғи шуми, у қидирган, етти қават ернинг остига кўмилган хазина шугинами?”, ўйлади у. Аммо вақт ўтган сайин ботинида туғилган фавқулодда кучли ва ёқимли ҳисни туйиб, хотиржам торта бошлади.
Эртаси тунда, осмону фалакда, юзи кемтила-кемтила ўроғдек бўлган, лекин кўнгли тўлиб чиққан ҳилолнинг ботинида ўз вазифасини адо этишдан, яъни оламни чароғон айлашдан ўзга эҳтиёж йўқ эди…

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 3-сон