Улуғбек Ҳамдам. Наъматак (мини роман)

Нақорат:
Қандай кўз-ла боқса, одам оламга,
Шундай жавоб айлар олам одамга,
 деган экан донишлар…

I
(биринчи авлод)

Наъматак иккала далаҳовлининг қоқ ўртасидаги ажриқзорга айланган қаттиқ ердан ўсиб чиққанди. Бутани ҳеч ким атайин эккан эмас, у ўз-ўзидан, йўғ-е, жуда-а бундай десак бўлмас-ов, худди сирли тақдир янглиғ, қўшниларнинг умр йўлларида пайдо бўлганди… Балки одамлар унга рўбарў келгандир, ким билади, дейсиз…
Бўлиб ҳам, йиллар ўтган сайин кўкка бўй чўзиб, айни дамда, чор томонга тарвақайлаб борар, ҳайбатидан нақ дарахт дегинг келади. Қўшниларнинг у билан деярли иши йўқ: на йигитнинг уйдагилари ва на қизнинг ота-онаси ўсимликка эгалик нигоҳи билан қарар, аксинча, ҳар сафар куз келиб, боғдаги турли-туман дарахтларнинг ҳосили йиғиб олинганда, биргина шу, – на у ва на бу тарафдаги наъматак меваси терилмай, – қандай бўлса, шундайлигича шохларида қоларди. Йигит томон “Нега наъматакни териб олмайсизлар? Эртага қор тушади. Увол бўлади-я!” дея койинса, қиз томон “Нималар деяпсиз, қўшнижон? Ахир, бутанинг шохлари сиз томонга кўпроқ эгилган, у шубҳасиз, сизники! Нест-нобуд қилмай, дарров узиб олинглар-е” дея кишига хуш ёқадиган эркалик билан жавоб беришарди. Хуллас, икки ўртада наъматак мевалари қўл урилмайингина қолиб кетаверар-қолиб кетаверарди…
Ана шу зайлда фасллар бир-бирларини қувлаб ўтаверишди-ўтаверишди…
Ўша куни йигит шаҳардан бир ўзи келиб қолди. Кела солиб қўлига кетмон тутганча боғ оралаб ичкари юрган эди, баҳор эмасми, қийғос гуллаган ўша наъматак қаршисида тик турган ошуфтаҳол қўшни қизга дуч келди-да, жилови қаттиқ тортилган отдек, тақа-тақ тўхтади. Аввалига хаёл эгасини чўчитиб юбормаслик учун томоқ қирди, кейин ихтиёрий-ихтиёрсиз равишда олдинга икки-уч одим босганини ўзи ҳам сезмади. Қиз ҳушини тўплаб, ортга хиёл тисарилганча салом бердию: “Қаранг, қандай чиройли гуллабди!” дея ҳайратини ошкор этиб, вазиятдан осонгина қутилмоқ бўлди. Аммо тутилди: йигит наъматакнинг чаман-чаман очилган оқ-қизғиш гулларига тикилган кўйи қизга тобора яқин келди. Чинданам бута роса гулга кирган, унинг хуш бўйи атрофни тутган, арилар учиб-қўниб бол тўплашарди. Йигит андак энгашган кўйи нимпушти гуллардан бирини авайлаб ҳидлади. Димоғига атиргул ва яна аллақайси чечак, балки дарахт бўйларидан атирлар етгандек бўлди, аммо, барибир, бошқа ҳид эди бу: яна-да нафис, яна-да ўзгача таровати бор эди унинг!.. Қаддини ростлаб олиб, хушбўй ҳавони боз, бу сафар чуқур-чуқур симирди, шунда димоғига наъматак ҳиди аралаш ёнгинасида киприк қоқмай маҳлиёланиб турган тамомила янги бир гул, бўлгандаям, борлиқдаги жамики гулларнинг аълосию раъноси – қўшни қизнинг сочларидан уфураётган мушку анбар келиб урилди. Йигитнинг боши бир лаҳза ширин айланди… Лекин шу лаҳза унинг келгуси ҳаётига тарх бўлиб тушди…
– Қаранг, бутанинг ўтган йилги мевалари ҳалиям шохида туриптийкан, улар гўё манави гуллару япроқларнинг ортига беркиниб олгандек! – деди қиз ўзини тобора маст қилаётган сеҳрли оламнинг тўридан халос этишга беҳуда уриниб. – Биласизми, бу нимадан далолат?..
– Билганда қандоқ: қўшнимизнинг ялқовлигидан-да! Ишёқмаслик қилмай, вақтида териб олсангиз бўлмайдими? Қиз бола деганиям шунақа дангаса бўладими? – қизнинг оғзидан гапини илиб олиб ҳазиллашди йигит.
– Ўзингиз дангасасиз! – Ноз аралаш жавоб берди қиз. – Шу деганизгаям қараб туринг, кузда икки йиллик мевасини териб оламан-да, қўшқўллаб ўзингизга тортиқ қиламан!..
– Ҳа-ҳа-ҳа! – йигит яйраб қаҳқаҳа отди, қиз унга жўр бўлди…
Фурсат бир думалаб, фасллар тағин алмашди. Ниҳоят, қиз айтган кузак ташриф буюрди. Куз!.. Табиатдан сара олтин териб оладиган палла!..
…Йигит далаҳовлига иккала оила ҳам келмайдиган бегим кунини танлаб, бир ўзи шом пайти бош суқди. Қўлига пақирча тутиб тўғри наъматак томон юрди. Бутанинг ўзлари томонга эгилган борлиқ новдасидан мевани битта-битта териб олди. Кейин челакни ичкарида қолдириб, шаҳарга қайтди…
Дам олиш куни ҳар галгидек иккала оила жамоаси жам бўлди. Йигит идишдаги наъматакка бир қур кўз ташлаб олгач, “қизни мот қиламан” деган ўйга чўмган кўйи лабида нимтабассум билан челакни кўтарганча қўшниникига чиқиб кетаётганди, йўлакда худди шундай елим пақирча ушлаб олган алпозда шитоб кириб келаётган қизга рўбарў келиб қолди.
– Ассалуму алайкум!..
– Ваалайкум ассалом! Хуш келибсиз, қўшнижон!..
– Хушвақт бўлинг!.. Мана, дангаса қизнинг сизга ваъда қилгани! – Қиз челакни йигитга узатди. Йигит челакка қараб қотиб қолди: наъматак! Шу асно қизнинг ҳам нигоҳи йигитнинг пақирига тушди ва у ҳам кутилмаган манзарадан чунон ажабланди. Сўнг иккаласи қўлларидагини ерга қўйиб, бараварига наъматак томон чопиб кетишди…
Келиб қарашса, бута шохида барглар панасидаги яккам-дуккамини айтмаса, “ана, наъматак!” дегулик дадил меваси қолмаган: маълум бўлишича, йигит ўзлари томондагисини қиз учун, қиз эса ўз ҳовлиларига эгилган қисмини йигит учун териб, бир-бирларига тутган экан. Фақат қиз эрталаб терган эса, ўша куни кечда, шом қоронғисида йигит бу ишга уннаган, табиийки, наъматак меваларининг терилганлигини пайқамаган экан…

…Наъматак атрофидаги хушбўй воқеалардан хабар топиб, кўнгилларида қудалашиш истаги аллақачон куртак ёзган оналар ҳаммасини оқизмай-томизмай, балки ошириб-тошириб оталарга етказишган, ҳар не сиртларига чиқармаслик пайидан бўлмасинлар, уларнинг-да дилларига ёруғлик ингган эди… Бу ёғига гапни чўзиб нима қилдик, ота рози худо рози-да!..
Тўй кўкламда, наъматак авжи гулга кирган файзли паллада бўлиб ўтди…
 
Нақорат:
Қандай кўз-ла боқса, одам оламга,
Шундай жавоб айлар олам одамга,
деган экан…
 
II
(иккинчи авлод)

Бу орада наъматак неча ўн гуллаб, яна шунча бор гулини тўкди. Йигит ва қиз энди ўша наъматак каби яшаб, новдаларини ҳаёт кенгликлари бўйлаб баралла ёздилар, мева тугдилар ва ниҳоят, бутадан фарқ қилиб, қаридилар: улардан икки ўғил, икки қиз, фарзандлардан эса ўн битта невара туғилди. Йигит ва қизнинг хайрихоҳ отаю оналари аллақачон боқий оламга рихлат қилишган, ўзларининг ҳам энди шарти кетиб парти қолган. Инчунин, далаҳовлидан шаҳарга бормай қўйишганига кўп бўлган. Бошқача айтганда, шу ерга меҳр қўйиб, шу ерда умр мазмунини топдилар, деса ҳам бўлаверади. Ниҳоят, қазо вақти етиб, жонларини Яратган Эгамизга топширишганда, васиятларига кўра сўнгги манзилга шу ердан кўтаришди, ёнма-ён қабрга қўйишди ҳам…
Аммо наъматак ҳали-ҳамон гуркираб ўсар эди. Чолу кампир уни то ҳаёт шамлари ўчгунча астойдил парвариш қилишган: қари новдалари пойидан энди униб чиққан ёш ниҳолларига алоҳида эътибор бериб буташган, мисоли инсон боласига қарагандек, атрофида парвона бўлиб, меҳр кўрсатишган, камолга етказишганди. Мана, ўша эътиборнинг ҳосиласи – наъматак ҳозир ҳам иккала ҳовлининг ўртасида баҳайбат қаддини кўтаришга чоғланиб турибди. Худди бир пайтлардагидек, худди вақт ўтмагандек, худди ҳали замон икки қўшни – ўша йигиту ўша қиз чопиб келиб, наъматак гулини ҳидлаб қолишадигандек, ўтган йилдан қолган меваларини бир-бирига меҳр ила илинишадиган, кейин… кейин ноғора қоқиб тўй қилишадигандек…
…Йўқ. Энди атрофга қарасангиз, фурсат деган сирли неъматнинг қўлида улар – ўша йигиту ўша қиз аллақачон чолу кампирга айланиб, ёшини яшаб, ошини ошаб, ниҳоят, бу бебақо оламни тарк этиб кетганлигининг гувоҳи бўласиз. Кетиб, ўрниларига бошқа, навбатдаги авлод келиб улгурганлигини кўрасиз. Бу томондан чолу кампирнинг кенжа ўғли, у томондан ҳам кампирнинг қариндошларидан худди шундай ўрта ёшлардаги бир меросхўр далаҳовлига янги эга чиққанлигини биласиз энди! Ана, қаранг, янги авлод ҳам наъматак атрофида парвона бўлиб қолди. Қизиқ, жуда қизиқ, бу авлод вакиллари наъматакка “сиз” деб мурожаат қилишармикан ва ёки “сен”?..
– Наъматак менга қарашли. Болаларингга айтиб қўй, асло қатилмасин, мевасини мен териб оламан! – деди бу томон ўдағайлаб.
– Тушингни бориб сувга айт! Наъматак кўпроқ менинг ҳовлимга қараган, демак, у менинг мулким. Агар унинг бир донаси олинганини билиб қолсам, ўзингдан ўпкала, қўшни, нақ боғингни пайхон қиламан-а! – дағдаға қилди у томон…
Шундай қилиб, ўртада низо чиқди. На у томон бунисига, на буниси у томонга ён босди. Келишмовчилик бора-бора совуқчиликка, совуқчилик эса урушу жанжалга эврилди. Натижада қўшнилар юзкўрмас ёвга айланишди. Бир қаро кун келиб эса, ўртада девор кўтариладиган бўлди. Аммо чегарани қаердан ўрнатиш борасида яна ҳар хиллик туғилди: ҳар рақиб томон деворни шундай олишни хоҳладики, оқибатда наъматак бутаси ўзи ёқда қолсин! Чучварани хом санаган кўринишади: у тараф бошлаган деворни буниси, бу тараф кўтарганини эса униси бузиб ташлар бўлди…
Ана шундай қутсиз кунлардан бир кун денг, бу қўшни ўз боғидаги дарахтлар баргини қуруқшай бошлаганини сезиб қолди. Ажаб, касаллик тегмаса, қурғоқчилик бўлмаса, ўғит-парвариши жойида эса, нега қурийди?.. Қўшниларнинг боғига разм солди: ана, ҳаммасиники бирдек гуркираб ўсиб ётибди. Шунда ўз боғидаги дарахтлар тагини синчиклаб текшириб қараганди, оҳак юқини кўриб, бирданига ҳаммасини тушунди. Тушундию ўртада қиёмат қўпти! Бориб турган пасткашликни жазоламоқ бўлиб, бу қўшни иккита давангир ўғлини ортидан эргаштирганча, болта кўтариб, у қўшнининг боғига қараб юрди. Жон аччиғида, илк, иккала ҳовли ўртасидан ўсиб чиққан ўша наъматакни чопиб ташлади. Шунда қўшнининг ҳовлисига бемалол ўтиб, ўйлаб қўйилган ёвуз ниятни амалга ошириш мумкин бўлиб қолди. Наъматак бутаси чавақлаб ташлангандан кейин гўё энди ҳар қандай хунрезликка йўл очилгандек эди, ажаб… Ҳар ҳолда, шу тобда айнан шу ҳисни туйди ичида бу қўшни… У қўшни эса буларни кўриб, то ҳушини тўплаб, “ҳай-ҳай”лаб етиб келгунича болта тутган уч эркак боғдаги дарахтларнинг нақ ярмини каллаклашга улгурганди. Мазлум қўшни кела солиб золим қўшнининг тиғ тутган қўлига жон ҳолатда ёпишди. У ҳам ўз навбатида юлқиниб, болтани айириб олмоққа жон-жаҳди билан тиришди. Кўз кўзга тушиб, жисмлар бир-бирига қаршилик кўрсатиб суртилганда, неча замондир томирларда адоват билан оққан қон қизиб, юракларда вулқондек жўш урди. Натижада, эндигина дарахтларнинг қаттиқ, аммо гуноҳсиз танасига урилиб турган кесгир болтанинг битта зарби айланиб келиб, инсоннинг юмшоқ аммо гуноҳкор бўйнига тушди…
Бир неча йил ўтгач эса қамоқдаги қўшни ҳам ўпка сили билан оғир хасталаниб, ҳаётдан кўз юмди…
Нақорат:
Қандай кўз-ла боқса, одам оламга,
Шундай жавоб айлар олам одамга,
деган…

III
(учинчи авлод)

Қирғинбарот жанжалда чопилгану чопган қўшниларнинг ҳар иккаласи ҳам ўлиб кетишди-ю, ўша йили кўклам келиши билан наъматак ўз илдизидан қайта ниш уриб чиқди. Орадан йиллар ўтиб эса, юқорига анча бўй чўзиб, кўзга кўриниб қолди. Энди яна атроф-жавонибда уйғониш фасли! Қушлар чуғур-чуғур қўшиқ айтади, арилар ғўнғиллайди, шабода ҳам яна ўз тилида оламлар ўтмишидан, одамлар кечмишидан шивирлаб нималарнидир замзама қилади. Хуллас, ушбу ажиб манзаранинг шоҳиди бўлган нажиб кишининг баҳри дили худди мавсумнинг ўзидек қулф уриб очилади-кетади… Аммо шабоданинг тилини тушунган қайда?.. Япроқлар шивиридан тупроқлар сирини уқадиганлар ҳали ҳам туғиляптимикан ўзи дунёда?!.. Тупроқлар бағрига яширилган Яратганнинг имлосини-чи!?..

Биринчи кун

Ана, олам гўзаллигини куйлаш учун бани одам ҳам гўшасини тарк этди: ёшгина қиз шитоб билан айвондан ташқарига отилиб чиқди-да, негадир боққа қараб чопди ва наъматакнинг ёнидан ўтаётиб қўққисдан оёқ илди. Шу кўйи бутанинг гулга кирган ёшгина новдасига қизиқсиниб тикилиб қолди. Айни дамда денг, нариги ҳовли тарафдан ҳам тахминан шу қизчага тенгдош, – балки бир-икки ёш каттароқдир, – мўйлаби энди сабза ура бошлаган ўспирин пайдо бўлиб, тўғри шу ёққа одимлади. Келиб, қизчадан: “Нимани тамоша қиляпсан?” деб сўради.
– Отини билмайман. Аммо гули чиройли экан, қара! Сен биласанми бунинг исмини? – саволга савол билан жавоб берди қизча. Йигитча “Йўқ” дегандек бош чайқади. “Лекин чинданам чиройли экан” деганча эгилиб гулни ҳидлади…
– Чиройлиликка чиройли, аммо унинг дастидан… унинг дастидан!.. – Қизча давом этолмади, гапи бўғзига тиқилди, турган ўрнида тебранди, қалқинди, сўнг бирдан кескин бурилди-да, ҳўнграб йиғлаганча уйи томон югургилаб кетди…

Иккинчи кун

Эртаси кун ўспирин барвақт кўз очди. Аслида, у ёлчитиб ухлаганиям йўқ. Ўриндан турмай ўйланиб ётди, ётаверди, аммо ўйлаганларининг охирига сира етолмади. Ниҳоят, базўр қўзғалиб, ҳовлига ўтди, юз-қўлини муздеккина сувда ювдиямки, кўнгли ёришмади. Оёқлари негадир бута томонга тортиб кетаверди, кетаверди. Қаршилик кўрсатишни бас қилиб, беихтиёр ўша ёққа одимлади. Келиб, бута қаршисига чўкди…
Вақт айланди…
Онаси неча бор тушликка чақирди, аммо йигитча қимир этмади, тиззасини қучоқлаганча қўшни қизчани кутиб ўтираверди. Ки, ичида кимдир “Кут, у албатта келади!” дер эди. У кутди: ўша овозга қулоқ тутиб, ўрнидан бир қарич ҳам силжимади. Ниҳоят, кун оға бошлагачгина дарахтлар орасидан ёш қизнинг таниш кўйлаги кўринди. “Хайрият!” – чуқур, аммо ширин хўрсинди йигитча.
– Йиғладингми?
Қизча индамади.
– Йиғлабсан, жуда кўп йиғлабсан, – деди ўспирин катталардек салмоқланиб. – Эшитдим, ҳаммасини онам айтиб берди. Мен билмаган эканман. Аммо оталаримиздан аввал боболаримиз ҳам яшашган, улар эса бир-бирларини севиб турмуш қуришган экан… Бунисидан хабаринг бормиди сенинг?!..
Қизча индамади.
– Бунга ҳам шу бута сабаб бўлган экан… – деди йигитча.
Қизча жим туриб қулоқ соларди. Афтидан, у боболар қисматидан ҳам воқиф эди. Бир пас бурнини шимиллатиб тортиб турди-турди-да, сўнг бир сўз ҳам демай изига бурилиб, дарахтлар орасида кўздан ғойиб бўлди…

Учинчи кун

Бу кун ҳам улар яна наъматак олдида кўришиб қолишди.
– Онангдан бутанинг исмини сўрадингми?
– Йўқ. Сен-чи?
– Эсимдан чиқибди…
Улар бир муддат сўзсиз қотдилар. Аммо ўйсиз эмас…
– Ўзи шу муҳимми? – Тилга кирди йигитча.
– Билмасам… Муҳим, шекилли… – Ўйланиб деди қизча.
Улар шу кўйи ўзлари билмаган, танимаган бута қаршисида анчагача туриб қолишди. Олисдан қараганда, бу икки ўспирин – ёш қиз билан бўз йигитча наъматакка қандай муносабатда бўлишни гўё билишмас, аммо ўзларини билишни жуда-жуда исташаётгандек тутишар, шунга яраша ҳаракатлар, имо-ишоралар қилишар, ўсимликнинг гирдида айланишар, нималарнидир бир-бирларига тинмай уқтиришар эди… Ким билади дейсиз, улар балки боболарини эслашаётгандир, балки оталарини, балки ёдларида тамомила ўзга ўй бордир…
Нақорат:
Қандай кўз-ла боқса, одам оламга,
Шундай жавоб айлар олам одамга…

 (Тамом)

“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 3-сон.