Учқун Назаров. Янги чойхона (қатра)

Қаҳҳор ака бу чойхонага қирқ йил қатнади, қиш-ёз, иссиқ-совуқ демади, бу ерга келиш унинг учун аллақандай бурчга айланди. Авваллари пешинликни чойхонада ўтказарди, пенсияга чиққач, эртадан кечгача шу жойни обод қилди, бир улфати кетса, иккинчиси келади. Ҳаммаларининг ўтирадиган жойлари бор. Етти киши галма-гал ош қилишади. Биров ўтин ёрса, биров гуруч теради, яна биров сабзи тўғрайди. Қаҳҳор аканинг иши ўчоққа уннаш, қўли ширин-да. Тўй-азага, ҳашарга бирга боришади, маҳалла маслаҳати буларсиз ўтмайди. Ҳар ишда ташаббускор Қаҳҳор ака.
Чойхонага худди хизматга қатнагандек чиқади. Уйдагилари Қаҳҳор акани қидиришмайди, чунки хўроз қичқирмай туриб, чойхонага жўнаворган, кечаси уйга қайтганида эса ҳамма уйқуда бўлади. Қидирганлар акани чойхонадан топишади.
Неваралари кўп, номларини адаштиради. Сарви хола: “Қосимжон мактабга борибди”, деса, Қаҳҳор ака неварасини танимай: “Ким у?” деган. Сарви хола қизи Салтанат билан совчиликка боришини айтганида, Қаҳҳор ака кўзини пирпиратган — неваралари ҳали ёш-ку. Билса, Мурод йигирмага кирипти, техникумни битириб, ишлаётган эмиш.
Қаҳҳор ака қайси куни бир аёлдан “қўлбола” асал сотиб олиб, ўша атрофда ўйнаб юрган боланинг қўлига бериб, уйининг номерини айтди.
— Биламан, — деди бола Қаҳҳор аканинг қўлидан асал солинган шиша бонкани ола туриб. Қаҳҳор ака ажабланиб болага тикилди.
— Тойирмисан? — деди Қаҳҳор ака невараларидан бирини эслаган бўлиб.
— Йўқ, Сардорман, — деди бола.
Эски чойхона йўлга тушиб қолди. Бузиб ташлашди. Ҳозир у ердан асфалт йўл ўтган. Қаҳҳор ака эшагини йўқотган кишидек, атрофга аланглаб, эски чойхонани қўмсайди, термосда чой олиб бориб, йўл четидаги чинор тагида чой ичади, баъзан эски қадрдонларидан бири унга ҳамроҳ бўлади. Бундай пайтлари янги чойхона қурилишидан гап очилади. Аввалгиси шинамгина, бунинг устига мачитга эди
— Янги чойхона қурилмас эмиш, — деди бир куни Юсуф ака.
Бу гап Қаҳҳор акага қаттиқ ботди, у курсичаси билан термосини кўтариб, уйига қайтди. Чарчадими, ҳафсаласи пир бўлдими, хонасига кириб ётди, уч кун ўрнидан тура олмади. Ўзига келгач, яна чойхона томон йўрғалади. Улфатлари ҳар хил ўйга боришлари мумкин. Даврада беш киши қолишган, иккитаси бир йилда дунёдан ўтишди. Кейингиси Қаҳҳорвой бўлса керак, деб ўйлашувди, хайрият, термосини кўтариб келиб қолди. Шериклари хурсанд бўлиб кетишди.
— Кўргани бормоқчи бўлиб турувдик, — деди улфатларидан бири, — хайрият, ўз оёғинг билан келдинг. Бардаммисан?
— Чойхона қурилмагунича ўладиган анойи йўқ, — деди Қаҳҳор ака. — Турларинг, маҳалла раисига борамиз — жой ажратсин, ҳашар қиламиз, чойхона қурамиз…
Чолларнинг шаштини кўрган маҳалла раиси эҳтиётланди.
— Пенсия пулимизни сарфлаймиз, битта-яримта савоб талаб ҳам топилиб қолар, — деди Қаҳҳор ака. — Самовор, чойнак-пиёла, шолчалар чойхоначиникида, ўзини қўямиз.
— Жуда соз, — деди маҳалла раиси, — биз ҳам қараб турмасмиз, бир томонини кўтарамиз, ғийбатхона бўлмаса бас.
— Одам бор жойда ғийбат ҳам бўлади-да, — деди Қаҳҳор ака.
Бир ойга етар-етмас янги чойхона кўзга кўриниб қолди. Қаҳҳор ака шериклари билан қурилишдан нари кетмас, ҳашарчиларга овқат пииширар, чой ташир, баъзан чала чойхонада тунаб қолар, эрта саҳардан бирор юмушга уннар, кун ўтганини билмас эди.
Икки ҳафта бурун чойхона томига тунука қоқилди. Ўша куни тонгда Қаҳҳор ака бандаликни бажо келтирди. Жаноза янги чойхонада ўқилди.