Тоғай Мурод. Кундалик дафтардан

ИЛМИЙ-ТЕХНИКА ТАРАҚҚИЁТИ ҲАҚИДА ЎЙЛАР

Ўзбек  адабиёти… халқ оғзаки ижодидан бино бўлган. Ўз оти ўзи билан – оғзаки ижод.  Асар оғизда яратилган. Тилда яратилган. Асар оғиздан тил орқали чиқиб, ҳар ёққа  тарқаб-тарқаб кетган. Оғиздан чиққанни кўз билан тутиб бўлмайди, токчага чиқ(ар)иб бўлмайди. Бирпасда ҳавога учиб кетади,  сўнг ҳавода  йўқ бўлиб кетади. Эшитган эшитиб қолган, эшитмаган саводсиз қолган. Эшитганларини ёдда сақлаб қололганлар илғор, зиёли бўлган, эслаб қололмаганлар авом халқ бўлиб қолган. Шу боисдан ҳам ўзбек халқ қўшиқлари, ўзбек халқ достонларини хизмати улкан, беқиёс бўлган. Ўзбеклар ана шу қўшиқлар, ана шу достонларни эшитиб… халқ бўлган! Улғайиб-ўсган, бир жойга жам бўлган… Аниқ бир кўринишга эга бўлган.

Кейин ёзма адабиёт пайдо бўлади. Ўз оти ўзи билан ёзма. Ҳарфлардан иборат адабиёт. Сатрлардан иборат адабиёт. Саҳифалардан иборат адабиёт. Кўз билан кўрса бўладиган адабиёт, қўл билан ушласа бўладиган адабиёт.

Ҳар бир асрни ўзига яраша цивилизацияси бўлади. Ҳар бир замонни ўзибоп цивилизацияси бўлади. Аммо асл цивилизация ёзма маданиятдан кейин келади. Том маънодаги цивилизация ёзма маданиятдан пайдо бўлади.

Масалан, халқ бахшилари ўз замонларини илғор зотлари бўлган, аммо улар ўз отларини ёза олмаган. Яъни, ўз фикр-мулоҳазаларини, достонларини ёзма равишда ифода эта олмаган. Улар куйлаб ўтган достонлар(ни) эшитиш дунёмизни нафақат туйғулар билан бойит(а)ди, нафис ҳис-хаёллар билан тўлдир(а)ди. Руҳиятимизни гўзал ҳам эзгу туйғулар билан суғоради. Борлиғимизни маънавий ҳам маданий баркамол этади. Аммо бу туйғулар ҳавойи туйғулардир. Бир лаҳзалик туйғу, ҳис-ҳаяжонлардир. Бу туйғулар кўп яшамайди, бир лаҳзада йўқ бўлиб кетади. Оғиздан чиққан товуш, овоз каби ўчиб қолади. Аммо оғзаки цивилизация… ақл-заковатни бойитмайди, фаҳм-фаросатни ўткир этмайди. Ақлий баркамолликка олиб бормайди. Белинский айтганидай,”Поэзия – эркин инсон сўзида ифодаланади, сўз эса – ҳам  картина, ҳам аниқ  ва равшан айтилган тасаввурдир”.

Дунёвий мантиқ асосан… сўзда ўз аксини топади. Яъни, ҳарфларда(н бино) бўлади. Қатор-қатор ҳарфларда(н бино) бино бўлади. (Китоблар ана шундай бино бўлди).

УЛКАН БОЙЛИК

Хат-саводли кишилар (зиёлилар) фақат китоб ўқир эдилар. Магазинларда китоб қолмас эди.  Кишилар (китобларни) сотиб олиб (қўяр)келардилар.  Магазинлардан тополмаган китобларини…қора, чайқов бозоридан излаб топар эди(лар). (Зиёли) қиммат бўлса-да, китоб сотиб олар эди. Шу китобни ўқир эди. Ўзгалар билан шу китоб ҳақида суҳбатлашар эди, баҳслашар эди. Кейин шу китобларини уйидаги токчага қатор қилиб тизиб, териб қўяр эди. Келган-кетганларга ана шу китобларини кўз-кўз этар эди. Ўзининг улкан бойлиги сифатида сақлар эди. Ана шу китобларини қайта-қайта  ўқир эди.

Ўзи, одатда, энг ноёб бисот-нарсалар қора бозорга чиқади. Жуда қадр-қимматли нарсалар қора бозорда бўлади. Қора бозорда икки-уч баробар қиммат нархда сотилади.

Мен қора бозорда костюм-шимдан қиммат нархда сотилган китобларни кўрдим. Япон телевизорларидан ҳам қиммат, кафтдай-кафтдай китоб(лар)ни кўриб эдим. Кўзимни чирт юмиб, шу қимматбаҳо китобларни (сотиб) олиб ўқиб эдим.

Одамлар, айниқса, ёшлар эртаю кеч телевизор кўради. Телевизорга қараб… овқат ейди, телевизорга  қараб… ухлайди, дам олади.

Улар (ёшлар) қандай қилиб иншо ёзади, диктант ёзади? Улар Навоий шеъриятини тушунмай ўтирсалар, Бобур шеъриятига уззукун термилиб, (тушунмай) ўтирсалар… Улар шундан кейин (албатта) Бобур (авлодлари) кимлигини билмайдилар. Улар тилни билмайдилар. (Ахир) улар телерекламаларга тикилиб ўтирадилар. Рекламалар эса…  олди-қочди, савдо-сотиқ сўзлардан иборат.

Телевизор – бир қути. Машина-қути. У қандай яратилган? Олимлар китоб ўқиб-ўқиб, телевидениени яратди. Китоб яратиб-яратиб, телевидениени ўйлаб топди. Яъни,  телевидениени китоб яратди. Барча техникалар китоб маҳсули. Ёзма маданият, санъат маҳсули. Ёзма  ҳарфлар  маҳсули. Ёзма ҳарфлардан китоб бўлмаса эди, цивилизация  бўлмас эди. Биз ана шу пойдеворимиздан олислаб кетаяпмиз. (Китобга қайтиш, адабиётга даъват этиш пайти келди).

Анна Ахматова муҳаббатни: “йилнинг… бешинчи фасли”, дея атайди. Белинский: ”Муҳаббат — табиати яқин бўлган икки зотнинг бир-бирларига қовушиб, чексиз завқлар топмоғидир”.

ЁЗУВЧИ ЎЛГАНДА ТИНАДИ!

Биласизми, 19-асрнинг охирларида Чор Россиясида капитализм барқ уриб, гуллаб-яшнаб эди. Айниқса, 80-90-йиллардан бошлаб капитализм бор бўйи билан гуллаб-яшнади. Капитализм нима ўзи? Пул, пул, яна пул. Кўк пул! Ҳар кадамда кўк пул! “Кўкидан узат!”; “Кўкидан бўлсин?..” Кўк, кўк… Одамлар, ёзувчи-шоирлар “кўк”ка қараб интилди, кўкка талпиндилар. Шу вақтгача кўк, кўм-кўк, деганда ёзувчи-шоирлар кўм-кўк табиатни, кўм-кўк осмонни англар эдилар, ҳис этар этар эдилар. Кўкка-осмонга қараб энтикар эдилар, кўкракларини тўлдириб тўлиб-тошар эдилар, ҳаяжонланар эдилар, илҳом билан жўшиб-жўшиб шеър ёзар эдилар. Кўм-кўк фаслга — баҳорга талпиниб-талпиниб шеър ёзар эдилар. Шоир-ёзувчи унда кўм-кўк баҳор фарзанди эди, қули эди. Унда шоир-ёзувчи кўм-кўк осмон фарзанди эди, қули эди. Кўм-кўк осмон шитир-шитири, шовури — ёмғирига кафт тутиб асар ёзар эди. Ёмғир шовуридан, нафаси номидан ғарқ бўлиб асар битар эди. Ёзувчи-шоир кўм-кўк япроқлар шивир-шивиридан кўм-кўк япроқлар ҳақида тўйиб-тўйиб асар битар эди.

Энди эса… Капитализм келди. Бошқа бир кўк келди, кўм-кўк куч, нарса келди. Кўк, кўк, кўк… Хаёлдаям, ақлдаям, кўнгилдаям-юракдаям пул, пул. Пул бор жойда поэзия қочади. Поэзия пулдан йироқ юради, баланд юради. “Кўк” шамоли, “кўк” истараси… иссиқ! Аммо “кўк” поэзияни олдин сўлдиради, кейин синдиради. Япроқлар кўки поэзияни яшнатади, осмон кўки поэзияни гуллатади. Аммо пулни кўки поэзияни хароб қилади. Ёзувчи-шоир ўзини кўкка-пулга, мансабга, амал-эътиборга ташлаб кетди.

Аммо адабиёт бундай давом этмайди. Боиси, ҳаётни ушлаб турадиган, хаётни олга олиб борадиган катта бир куч бор, ўзгармас бир қудрат бор. Бу — табиат. Табиатнинг ранги кўк, кўм-кўк. Шундай экан, ҳаётни ранги-да кўм-кўк. Ёзувчи-шоир ана шу кўм-кўкликка қайтади. Аср-асрлардан буён ана шундай бўлиб келган. 18-аср, 19-аср, 20-аср… 19-асрни шу кунлари ҳақида Лев Толстой шундай деб эди: “Бунақа замонда шеър ёзиш — қўш ҳайдашга рақс тушиш билан баробар”.

Ёзувчи қандай пайдо бўлади? Ёзувчи йўқликдан, камчиликдан, оч-ночорликдан, мутеликдан, хор-зорликдан пайдо бўлади!

Ёзувчи — қамок, азоб, хўрликдан, эзилишдан пайдо бўлади!

Ёзувчи — бошга тушган қора кунлардан пайдо бўлади. Мана, шу кунларда халқ қийналаяпти, кийим-бош ололмай, қорни тўйиб овқат еёлмай қийналаяпти. Ўтиш даври ҳамиша қийин келган. Эҳтимол, шу кунларни, қора кунларни бошдан кечирган ёш болалар бир кун келиб, катта ёзувчи бўлар? Эҳтимол, ана шу қийин кунлар ўз Жек Лондонини, ўз Абдулла Қодирийини етиштириб берар?

Ўтиш даври — уруш даври… Ҳозир уруш эмас, тинчликка ўтиш даври. Тинч ўтиш даврида капитал, пул, айниқса, кўк пул… замбарак бўлиб отилади, отади, гумбурлайди. Ҳаётни жумбушга келтиради, турмушни зир титратади, қулоқни шанғилллатади, кўнгил ўйнатади, бошни айлантириади, эс-ҳушни олди.

Кўк пул отилса, ижод, илҳом сукут сақлайди!

Социализм жамиятида адабиёт бор эди, маданият бор эди, санъат бор эди. Ўз адабиёти бор эди. Барча-барчаси бор эди. Аммо социализм жамиятини ўзини тарихий пойдевори йўк эди, ер қаърига кириб кетган томири, ўзак томири йўқ эди.

Кекса, қадимий чинорлар бўлади. Бу чинорлар томири юз йиллар мобайнида ерни туб-тубига кириб кетади, неча-неча унлаб, жамалак бўлиб, томир отиб кетади. Бу чинорларни қирқиб ташласангиз қуримайди. Тагидан кундалаб ташласа-да, қуримайди. Бир-икки қарич омон қолган танасидан шохлай бошлайди. Таг-туги билан қўпориб ташланса, ўша ердан, жойидан яна ниш уриб чиқади. Боиси, ерни қат-қатида томирлари бор бўлади, шонила-шонила томирлари бор бўлади. Шу боис, чинорлар юз йиллаб умр кўради, чинорлар мангу яшайди. Социализм жамятида ана шундай томирлар йўқ эди. Шу боис, қулаб тушди, томирлари йўқ бўлса, майли эди, бундай қалтис, ҳал қилувчи вазиятда… келажак қўткариши мумкин. Келажакка интилиб, интилиб, талпиниб яшаш мумкин.

Социализмда… келажак ҳам йўқ эди. Социализмнинг камчилиги — коммунизм эди. Коммунизм ўзи эса йўқ нарса, йўқ босқич эди. Шундай қилиб, социализмда томирлар-тарих ҳам йўқ эса, келажак ҳам йўқ эди. Оқибат, иморат мисол ағнаб тушди.

Тарихида-да, келажаги-да йўқ нарса омонат бўлади, ёлғон бўлади, сохта бўлади.

Социализм ҳаёти, даври ана шундай эди.Социализм қулаши билан уни маданияти ҳам, социалистик рализми ҳам қулади.

Социалистик реализм даврида ёзувчи чинакам исканжада қилди, хўрланди, эзилди, ўзини ўзи рамкага солиб асар ёзди. Ўзини қафасда ҳис этиб, ижод қилди. Қафасдаги қуш мисол кун кўрди. Айниқса, диссидент, қинғир фикрловчи номини олди. Қафасдан… социализм дея аталмиш қафасдан дод деди, фиғони фалакка чиқди. Ушбу қафасдан қутулишни орзу қилди. Мана, қутулди. Эркин қуш мисол бўлди. Ана энди эркин қуш мисол эркин парвоз этса бўлади, ана энди эркин ижод этса бўлади. Тўрт томони қибла!

Аммо барчаси… ўчиб қолди! Нега?

Менингча, буни иккита сабаби бор. Биринчи сабаб — социализм бир сохта қолип эди, ёлғон бир тузум эди. Масалан, бир одам улуғланса, яхши дейилса, бўлди, шу одам кўкка кўтарилар эди, улуғланар эди. Орден кетидан орден, унвон кетидан унвон берилар эди. У одам ҳамиша уй туридан жой олар эди. У одамга гард юқтирилмас эди. У одам мисоли фаришта эди. У одам ижобий қаҳрамон эди, ижобий эди. Борди-ю, тағин бир одам қораланса… бўлди: у бошдан-оёқ қора эди, ёмон эди. Нимаики ёмон гап бор бўлса, шу одамга туфлаб ёпиштирилар эди. У салбий қаҳрамон эди, салбий эди.

Социализм, социалистик реализм қоидалари, талаблари ҳам ана шундай эди. Жамият бўлса, ундаги маънавий, маданий, ахлоқий-руҳий талаб-қоидалар ҳам шундай бўлади. Социалистик реализм методи хам шундай талабдан пайдо бўлди. Социалистик реализм-социализм жамиятининг талаб, йўналиш, маънавий методларидан бири бўлди.

Ёзувчилар ана шу социалистик реализм методи қули бўлди, қўғирчоғи бўлди. Социализм қоралаган одамни ёзувчи ҳам қоралади. Макондан ташқарида яшаб бўлмайди! Ёзувчи учун яхши-ёмонни социализм белгилаб берди, ёзувчи учун оқ-қорани социализм кўрсатиб берди. Ҳатто, махсус партиявий бўйруқ-кўрсатмалар билан белигилаб берди, партиявий программалар билан белгилаб берди.

Шу боис, социализмда ёзувчи уруғи кўпайиб кетди. Осмондан таёқ тушса, ёзувчи бошига, устига тушди. Чунки социализмда асар яратиш, бундай жамиятда асар ёзиш осон эди. Яна тағин, социализм ёзувчини иқтисодий таъминлаб турур эди, ёзувчини уй-жойлар, боғлар билан таъминлаб турур эди. Ёзувчиларнинг сўзи ардоқда эди, ёзувчини ўзи ундан-да ардоқда эди.

Фавқулодда… ана шу социализм тугади, социалистик реализмда (асар) яратиш тугади. Ёзувчи боши берик кўчада қолди. Нима килишини, нима асар ёзишини билмай колди. Орқага қайтай деса, орқада ҳеч нима йўқ, бўм-бўш — социализм йўқ. Олға борай беса, олдин-да бўм-бўш! Орзу қилинмиш… коммунизм йўқ! Ёзувчи аросатда қолди, ёзувчи муаллақ қолди! Ёзувчи сифатида ёзмаса бўлмайди. Нимани ёзади? Ким ҳақида ёзади? Ёзувчи билмай қолди, билмай қолди!

Иккинчи сабаб… бош сабаб! Фожиали сабаб!

Мана, ўзбек ёзувчисини … ёзувчи бўлиш йўли, улғайиш йўли: мактабда эртаклар, достонлар, ғадир-будир тил билан таржима қилинган таржима китобларини ўқийди. Ёзувчи бўлгиси келиб, туман газетасига хабар, лавҳалар ёзади, барчасини тўплайди. Хаваскор қаламкаш ёзувчи бўлиш учун журналистика ё филология факультетига ўқишга киради. Қўлига тушган китобни ўқийди, ўқиб, изланади. Ўзича ҳикоялар машқ қилади. Ўқишни битириб, ёзувчи бўлиш учун матбуотга ишга киради. Бўлди, шу билан ўқиб-изланиш тугайди. Энди, бўлажак ёзувчи кўтарилиш йўлини қилади. Кичик муҳаррир, катта муҳаррир, масъул котиб, бош муҳаррир… Шу ўсиб-улғайиш даврида вақти бўлса, асар ёзиб туради. Ўқиб-изланиш учун эса… вақт йўқ! Ана шу вақти бўлганда ёзган асари кўкларга кўтарилиб мақталади, мукофотланади. Боиси, у бош муҳаррир! Кейин, тағин мансаб-мартаба сари интилади. Ёзувчилар уюшмасида ишлайди, марказий партия комитетига кўтарилади. Ораларида ижод қилиб ҳам туради. Ўқиб-изланиш эса… йўқ. Эртадан кечгача мартаба-мансаб дарди, қайғуси, югуриб елишлари. Ёзувчида ҳамон ўқиб-изланиш йўқ. Ёзувчи ҳамон мактаб, олий ўкув юрти, талабалигида ўқиб-ўрганган изланишлари куч-қудрати билан ижод қилади. Яъни, достон ёки асари қандай бадиий савияда, даражада бўлса, унинчи асари ҳам ана шундай даражада бўлади. Талабалик йиллари топган бадиий даражаси билан ижод қилади. Боиси, ўқиб-изланиш йўқ. Эртадан кечгача мансаб-мартаба… яна-тағин тирикчилик ташвишлари…

Тўқсон олти ўзбек ёзувчисининг ёзувчилик ижод йўли ана шундай. Оқибат, ўзбек ёзувчисида адабий-бадиий пойдевор йўқ. Адабий-бадиий томири йўқ. Адабий-бадиий пойдевор ана шу чинор танасига ўхшайди. уни қиркиб ташласа, барибир ўсиб чиқади. Ўзбек адабиёти-да ана шу кўтариб ташласа-да қуримайдиган, барибир бир кунмас — бир кун ўниб чиқадиган томир йўқ. Чунки улар олий ўқув юртини битирибоқ ўқиб-изланишни тугатган.

Ёзувчи борми, умр бўйи ўқиб-изланиши керак. Ёзувчи пенсияга чиқмайди. Ёзувчи ўлганда тинади!

Ўқиб-изланиш бу — пойдевор демак, теран томир демак. Ички куч-қудрат булоққа ўхшайди. Булоқни йўлида қанақа қийинчилик бўлмасин, барибир отилиб чиқади. Чунки булоқда ички куч-қудрат бор, пойдевор бор. Бу повдевор йиллар мобайнида тўпланиб, йиғилиб, қудратли кучга айланиб қолади. Уни ҳеч қандай тўсиқ, қийинчилик тўхтата олмайди. Бу куч-қудрат кўп йиллар оқими саналади.

Афсуски, ўзбек адабиёти-да ана шу ички қудрат — пойдевор йўқ.

Ўзбек адабиётини тилида бор, қалбида ҳеч вақо йўқ!

Қайта қуриш даври, ўтиш даври… Буни нимаси муаммо, нимаси қийин? Уруш даврида буюк-буюк асарлар яратилган. Очарчилик йилларида буюк-буюк асарлар яратилган. Қамоқхонларда буюк асарлар яратилган.

Йўғон чўзилди, ингичка узил, дейдилар. Ўтиш, қайта қуриш даври ана шундай давр.

Ўзбек адабиёти ингичка экан, узилди-қолди.

Ёзувчи, адиблар ижодий йўлини, умрини, ҳаётини, олис масофага югуриш пойгасига ўхшатгим келади. Марофон пойгаси йўлига ўхшатгим келади. Пойга йўлагида бўйлаб чопиб борувчи пойгачиларга ўхшатгим келади. Бундай олис масофа пойгасида олдиндан, азалдан пухта, пишиқ машқ қилган, машқ олган, суяги шундай пойгада қотган, яъни пойдевори пишиқ, бели бақувват, пойдевори заминли пойгачи сўнгги маррага югуриб бораверади. Ёшлигида шунчаки беш-олти машқ олган, шунчаки орзу-ҳавас билан йўлга чиққан пойгачилар эса йўл-йўлакай аросатда қолиб кетаберади. Биров ўпкаси тўлиб қолиб кетади. Бирови иродаси етмай-етмай қолиб кетади. Бирови куч-қудрати етмай қолади, биров турли-туман баҳоналар топиб қолиб кетади.

Ўзбек адиблари ана шу пойгачиларга ўхшайди.

Ижодий йўлни ана шу пойга йўлига ўхшатаман. Ёзувчини ана шу пойгачиларга ўхшатаман.

Камбағал бўлсанг, кўчиб боқ, дейдилар. Қайта қурувчи, ўтиш даври – бир даврдан иккинчи даврга ўтиш, кўчиб ўтиш демакдир. Ўзбек адиблари совет давридан демократия даврига кўчиб ўтаётиб, қарасалар… қип-қизил, шип-шийдом эканлар. Қўлга илашадиган нарсалар кам экан. Бировларда деярли олиб ўтадиган бисотлари деярли йўқ экан. Борини ҳам эски-туски, қаланғи-қасанғи, бўш-баёв, янги, демократия даврига тўғри келмайдиган, ярамайдиган бисот, нарсалар экан. На илож, бисотларини эски совет даврида қолдириб, ташлаб келдилар. Оқибат, ялонғоч қирол бўлиб қолдилар.

* * *

Тошкентда яшаётганимдан буён илк маротаба ўзим ҳақимда ўйладим: “Мен ўзи Тошкентда нима қилиб юрибман? Сурхонда тайёр уй, боғларимни ташлаб, ота-онам, уруғ-аймоқларимни ташлаб, нега Тошкент-да дайдиб юрибман? Ёзувчи бўлмоқчимидим? Қани, ёзувчи бўлганим? Беш-олтита ҳикоями? Бу ҳикоялар ёзувчи бўлди, деган гап эмас. Бу ҳикоялар шунчаки машқлар. Йўқ, ким эканлигимни, ким бўлмоқчи эканлигимни бир кўрсатиб қўйишим керак”.

* * *

Мен музейни томоша қилмишдай “Ойдинда юрган одамлар”ни томоша қилдим. Мен Рембрандт картиналарини томоша қилмишдай “Ойдинда юрган одамлар”ни томоша қилдим. “Ўаёт бор экан, “Ойдинда юрган одамлар” ҳам бўлади, — дея яшнадим. — Ўзбек халқи ҳаёт экан, “Ойдинда юрган одамлар”  ҳам ҳаётдир”.

* * *

“Отамдан қолган далалар” олти юз (600) бетдан ошиқ эди. Мен уни уч юз (300) бетга қисқартириб туширдим. “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” беш юз (500) бетлар эди, мен уни икки юз эллик (250) бетга туширдим. Ўз қўлим билан қайчиладим. Йиллар давомида яратган, пешона тери тўкиб яратган меҳнатим самарасини ўз қўлим билан йўқ қилдим. Кўнглим… увишиб кетди. Кўнглим… ачишиб кетди. Кўкрагим остида бир нима ўпирилиб тушгандай бўлди…

* * *

Асарларим қисқа-қисқа бўлиб қолди, жажжи-жажжи бўлиб қолди. Рубоий мисол бўлиб қолди, уч минутлик қўшиқ мисол бўлиб қолди. Бир дақиқалик табассум мисол бўлиб қолди. Икки дона маржон кўз ёш мисол бўлиб қолди. Бир зарблик, нафаслик ҳайқириқ мисол бўлиб қолди.

Билмадим, бундай, бу қабил жажжи санъат қанча умр кўради? Билмадим, бу қабил бадиий санъат кўзга кўринмай, бир бурчакда қолиб кетмасмикин? Бу мисол бадиий адабиёт, асар(ни) бешафқат вақт шамоли учириб кетадими, билмадим, билмадим…

* * *

Яна тағин,  менда… салом-аликни мазаси йўқ. Дуч келган одамга салом бергим келмайди. Бўлган-бўлмаганга салом-алик қилавергим келмайди. Нотаниш одамларга салом бергим келмайди. Айниқса… ёмон кўрган одамлар билан мутлақо саломлашгим келмайди. Айниқса… ғанимларимга қўл узатгим келмайди. Чин-да, ҳаммага салом бераверсангиз… салом чидайдими? Салом — дил-изҳори. Салом — кўнгил майли. Салом— шахсни тан олиш. Салом — бир шахсни иккинчи бошқа бир шахс  томонидан тан олиниши. Шу боис, саломни эҳтиёт қилиш керак. Саломни иқтисод (қилиш), тежаш керак.

* * *

В. Розанов айтганидай, ёзувчилик сири — кўнгилдаги мангу ва ихтиёрсиз музикадан иборат. Агарда кўнгилда ана шу музика янграмас экан, киши фақат «ўзидан ёзувчи ясайди». Лекин у ёзувчи бўлмайди…

* * *

Истеъдодлар бир-бирига соя солиб қўймаслик учун ёлғизликда улғаядилар, довруғ соладилар.

* * *

Қўйлар пода-пода юради, шер ёлғиз яшайди.

* * *

Рабиндранат Тагор: «Ҳақиқатнинг ўзидек ёзилган нарса адабиёт эмас!»

* * *

Ёзувчи тириклигида унинг ҳаётидан нуқсон излайдилар. Ёзувчи дунёдан кетгач, ундан фақат фазилат излайдилар.

* * *

Пушкин айтганидай, аниқлик ва қисқалик – прозанинг биринчи унсурларидандир. Айни шу унсурлар фикр ва яна… фикрни талаб қилади – уларсиз гўзал ташбеҳлару ифодалар ҳеч нимага арзимайди.

* * *

Аёлнинг қудрати – эркакнинг бўшлигида.

* * *

Дунё… ҳаёт гўзал эмас… гўзал бўлганида эди, адабиёт бўлмас эди.

* * *

Сулаймоннинг «Ҳикматлар»и да шундай дейилади: «Бор кучинг билан қалбингни асра!»

* * *

Фосиқнинг сўқмоқларидан юрма;

Ҳатто назар солма,

Ёнидан ҳам ўтма,

Қайрилиб ҳам боқма.

* * *

Бернард Шоу: «Ҳеч нарсага ишонмаган одам ҳамма нарсадан қўрқади».

* * *

Ундан почта поездининг ҳиди келди.

* * *

Аҳду паймонларим қошу киприкларим орасига битилган.

* * *

Оёғи майда суйганини кияди,

Оёғи катта топганини кияди.

* * *

Ёмон гап ракетадан олдин юради, яхши гап тошбақадан кейин юради.

* * *

Асалдан баҳор ҳиди келди.

* * *

У оловга термулиб ўтиришни яхши кўради.

* * *

«Ҳайвонот оламида»: Илонлар муҳаббати. Қайлиғи учун олишади. Соф, ҳалол, мардларча! Мағлуб бўлгани ғолибга қойил бўлиб кетади, муҳаббатини ташлаб кетади. Лекин чақмайди. Бўлмаса бир-бирига чирмашиб, олишади. Бир узиб олса бўлди! Инсон-чи? Инсоннинг тилида заҳар йўқ, хайрият. Заҳарни сотиб олади! Пичоқ, милтиқ…

* * *

Эрталаб. Содиқнинг уйи. Ўғлининг қўли чиққан Бўри кал:

— Кеча тонг отмади. Ҳали тонг отгани йўқ.

Демоқчи: у вой-войлаб чиқди. Уйқу бетини кўрмади. Тонг отганини билмади. Ҳалиям кечадай, тонг билан кун баравар бўлди!

* * *

Умр йўли – борса келмас йўл.

* * *

Саратон – ошиқ юрагидай ёнди.

* * *

Меҳр-оқибат она сути, қуёш тафти билан киради.

* * *

Швейцариялик адиба Эрик Буркарт: «Бизнинг она тилимиз – сукут. Айнан сукутдан сўз туғилади».

* * *

Қадимги юнонлар: «агарда халқнинг қандай яшаётганини билгингиз келса, икки жойга — қабристон ва бозорга боринг».

* * *

У тоғқишлоқдан шаҳар келди… У ўзи билан тоғ табиати… мағрурлиги… сукунатини олиб келди. Шу боис эл бўлмади…

* * *

Шон-шуҳрат ароққа ўхшайди мисоли. Ичган сайин ичгинг келади. Юз грамм ичсангиз, яна юз грамм ичсам дейсиз. Кейин, яна, яна… охири бориб… йиқитади. Олдин бошни айлантиради. Одам бурнидан нарини кўролмай қолади, босар-тусарини билмай қолади. Кейин… кейин… йиқитади.

Шон-шуҳрат ана шу ароққа ўхшайди. Юз грамм ичса, тағин юз-юз грамм ичсам, дейди. Шуҳрат кетидан шуҳрат… Кун сайин шон-шуҳрат, йил сайин шон-шуҳрат… Охири бориб, ароқнинг куни келади – йиқитади.

* * *

Кимки камтар бўлса, камсуқум бўлса, андишани отини қўрқоқ қўяди…

Тоғ бетида қўйқушоқ деган бети бор. Бош чўққисидан этагироқда. Қўйқўтон деса-да бўлади. Қўйқўтонга ўхшаб чўзилиб кетган. Қор тушмаган ери одам изига ўхшаб кетади. Қўйқушоқ олисдан тор кўринган билан аслида катта, кенг.

Ана шу қўйқушоқни қор босса, қор мўл бўлган бўлади.

Қўйқушоқ очиқ қолган бўлса, қор турмаса… шу йил сув кам бўлади.

* * *

Баҳор — қуёш кулган кун.

* * *

Қиз болани тили ўғил болани тилидан олдин чиқади.

* * *

Тошкентда… салом-алик, кўришиш-сўрашишлар, муомалалар, мулозаматлар… бир хил кечади! Кўчалар, уйлар, транспортлар, магазинлар, идоралар… қандай бир хил бўлса, салом-алик….лар ҳам шундай бир хил!

* * *

«Йўқ», дейишни ўрган. Ҳаммага бирдай ёқиш – мушкул иш. Бу иш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди ва оқибат муҳим ишларни бажаришда кишида куч қолмайди.

* * *

Итальян мутафаккири Николо Макиавелли айтганидай, тил инсонга ўз фикрларини яшириш учун берилгандир.

Маъсума Аҳмедова тайёрлади.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!