Тоғай Мурод. От кишнаган оқшом (қисса)

1

Биродарлар, кўргилик, кўргилик!
Бир эрта уйғониб, калламга қўл югуртирдим. Сочларим орасида яра-чақалар уч берди. Пар-войим фалак бўлди, юра бердим. Онамга-да айтмадим.
Чақалар кун сайин болалади. Катта-катта бўлди. Қўтир бўлиб қичиди.
Шунда, қишлоғимиз дўхтирига бордим. Дўхтир фу, дея афтини буриштирди. Юрчидаги калхонага олиб жўнади.
Йўлда машинадан ташлаб қочдим. Ушлаб келиб, яна машинага босди.
Калхонада… Уҳ, айтгили йўқ. Дўхтир дегани бераҳм экан. Онамни кўрдим, биродарлар, онамни…
Бари калга қайтадан жингала соч битди. Менинг каллам ялтираб қолди. Битта-да соч битмади! Дўхтирлар ажабланди, камдан кам учрайдиган воқеа, деди. Хўрлигимдан йиғлаб-йиғлаб уйга келдим.
Онамиз тап-тақир калламни ушлаб-ушлаб кўрди. Ич-ичидан куйди. Айтиб-айтиб йиғлади.
— Камбағални туянинг устида ит қопади, дегани шу-да, — деди.
Катта телпак сотиб олдим. Қишин-ёзин қулоқларимгача бостириб кийиб юрдим. Мактабда-да телпагимни олмадим.
Математика муаллимимиз оёғини тираб талаб этди:
— Бош кийимингни олмасанг, дарс ўтмайман!— деди.
Олд қаторда ўтирган синф оқсоқолимиз муаллимга бир нималар деди. Аммо муаллим ўз сўзида турди:
— Ўқувчи дарсда ялангбош ўтириши лозим! Қоида шундай!
Телпагимни калламга босиб ушладим.
— Ўқувчи Қурбонов, сенга айтяпман!
Миқ этмадим. Муаллимимиз телпагимни бошимдан юлиб олди. Деразадан ташқарига отиб юборди.
Синфимиз болалар кулгисидан зириллаб кетди. Болалар калламни офтобга менгзаб қийқирди:
— Ура-а-а, кун чиқди!
Калламни қўлларим билан яширдим, ҳўнграб йиғладим. Сиёҳдонни олиб, муаллимнинг юзига отдим. Тегмади. Кейин, ташқари отилдим. Мактабдан қочиб кетдим.
Яна қайтиб мактабга оёғимни босмадим. Директор билан синф раҳбаримиз келиб тавалло қилди. Онамиз алдаб-авради. Барибир мактабга бормадим.
Бешинчи синф каллам билан қолдим.

2

Одамлар мени кал дейдиган бўлди! Зиёдулла кал эмиш! Э, тавба-е, тавба-е!
Аввал-аввал уятдан қулоқларимгача ловуллаб ёндим. Кўнглим ўксиди. Кейин-кейин ботмайдиган бўлди. Кал сўзи кўнглимга сингди. Қулоқларим калга ўрганиб қолди.
Eнди, Зиёдулла кал, демайдиганлардан ўпкаладим. Айниқса, почтачидан ҳафсалам пир бўлди. Қачон кўрса ўртоқ Қурбонов, дейди. Ғашим келади. Мени майна қилаётгандай туюлади.
Бир сафар жеркиб ташладим:
— Нимага мени ўртоқ Қурбонов дейсиз? Мен бир амалдормидимки, ё, дипломим бормидики, ўртоқ Қурбонов дейсиз? Бор-йўғи бешинчи синф каллам бўлса. Кўп майна қилманг, сочим бўлмасаям тароғим тиллодан!
— Бўлмаса нима дейин?
— Эл қатори Зиёдулла кал дея беринг. Ўз отим ўзим билан…
Худога шукур-е, энди почтачи-да кал дейдиган бўлди! Диплом сўрамайдиган турли ишларда ишладим. Қоровул бўлдим, гўлоҳ бўлдим. Охири подачи бўлдим. Эл қўйини боқдим.
Адирларда қўй боқиб, най чалдим. Нафасим етмай қолди. Шунда, эски бир дўмбира топдим. Дўмбирамни сайратдим, бепоён адирлар, ёйилиб ўтлаётган қўйлар, чўққилар учида узмай чуғурлаётган қушлар, паға-паға оппоқ булутларга қараб достон айтдим. Бу достонларни тўйлар, олис ялдо кечалари боболаримиз бири қўйиб бири айтар эди. Боболарнинг кўплари раҳматлик бўлди. Раҳматликлардай достон айтиб бўлмайди. Бизники, баҳоли қудрат…

3

Биродарлар, сиз сўраманг, мен айтмайман… Оти Момосулув эмиш. Юзлари кулчадайми, ё, су-лувми? Кўзлари қорами, ё зиғир гулидайми? Қошлари қуюқми? Қуюқ бўлса, қайрилмами? Ке-часилигидан кўрмас эмишман, билмас эмишман.
Кўройдин эмиш. Момосулувлар кўчасида телба бўлиб юрар эмишман. Бир нима йўқотгандай тентирар эмишман. Йўл четидаги тошга чўнқайибман, кафтларимни иямгимга тирабман. Ойга маҳлиё бўлиб-маҳлиё бўлиб термилибман. Ойнинг бети кир эмиш. Ойга сонсиз ошиқлар маҳлиё термилди. Ой қайси ошиққа бир ўпич берди? Ой қайси ошиққа вафо қилди?
Ойга қўл силтаб, ўримдан турибман. Момосулувлар деворидан ошибман. Ити йўқ эмиш. Дарахтлар паналаб, деразасига термилибман. Олмаларидан узиб-узиб ебман. Кейин, айвонига, ундан ичкарига кирибман. Тимирскиланиб, тўшагини топибман. Момосулув уйғониб кетибди, чириллайман, кет, дебди. Мен ёлворибман. Қўлимни узатибман. У қўлимни қайтариб, ўзимга сурибди. Кейин, Момосулувнинг қўйнига кирибман!
Биродарлар-е, жамики олам бир тараф, қўйин деганлари бир тараф экан! Аҳай-аҳай!
Борига шукур қилсам бўлмасмиди? Тек ётсам бўлмасмиди? Қўйнига қаноат қилсам бўлмасмиди?
Мен тинмас, Момосулувнинг кўнглига-да кирибман! Ошиқона-ошиқона қадамлар босиб, кўнглини овлабман. Зим-зиё бир олам эмиш. Теварак ҳувиллаб ётармиш. Қимирлаган жон йўқ эмиш. Эркак зотининг ўзи тугул, излари-да йўқ эмиш. Беҳиштдай бир олам эмиш.
Теваракка аланглаб, кулар эмишман: ушбу беҳиштга мендан ўзгалар келмабди!
Кўнглимни зўр бир хушвақтлик қитиқлар эмиш: ушбу беҳиштга биринчи бўлиб мен қадам қўйибман! Аҳай-аҳай!
Кўзимни очсам уй зимистон, болишни қучоқлаб ётибман.
Уйқум қочди. Уйқумни қувалаб, шифтга қараб ётдим. Чин, қишлоғимизда шундай қиз бор. Оти Момосулув.

4

Eрталаб таътил қилдим. Белимга тушлик ўрадим. Заранг таёғимни олдим.
Eлбурутдан подаётоққа бордим. Бир тошга ёнбошлаб олдим.
Eл қўй-ечкиларини ҳайдаб келди. Шунда… шунда, у-да келди!
Мен ўрнимдан туриб қарадим. Хаёлимда, юзларим ловуллаб қизиди.
У қўлидаги хивични қўйлари кетидан отиб юборди. Изига қайрилиб кетди. Менга қайрилиб-да қарамади. Ажабо, у кеча мени кўрдимикин? Уялганидан тез қайрилиб кетдимикин?
Биродарлар, шу қиз кўз олдимдан кетмай қолди! Кечаси-да, кундузи-да! Шу қизга совчи қўйдим!
— Тегмайман, калласи кал, — дебди.
Ё, пирим-ей, ё пирим-ей! Кал бўлса нима бўпти? Гап жундами? Жунда ақл борми, хоҳлаган ерига бита беради-да. Бировга қуюқ битади, бировга сийрак битади. Яна бировга битта-да битмайди. Бу яратганнинг иши-да!
Жун экиш деҳқончиликмидики, айб бўлса! Ана, калласига жун экмади, экса-да, суғориб, парваришламади, оқибат, қуриб қолди, деса. Майли, ана унда мени камситсин. Зиёдулла калда эркаклик уқув йўқ, муштдай калласига жун экиб ололмади, десин. У яхши эр бўлмайди десин…
Мен барибир шаштимдан қайтмадим. Совчини босиб қўябердим.
— Айтиб қўйинглар, мен ҳали от олиб, кўпкари чопаман! — дедим.
Момосулув ноз қилиб-қилиб, охири кўнди!
Тўй-томоша бўлди. У мастона-мастона қадам қўйиб, чимилдиққа келин бўлиб кирди. Мен мардона-мардона одим қўйиб, куёв бўлиб кирдим.
Момосулувга кўрган тушимни айтиб бердим.
— Сен ҳам шундай туш кўриб эдингми? — дедим.
— Кўриб эдим, — деди.
— Чинингни айт, — дедим.
— Чиним, — деди. — Лекин, таниёлмай қолиб эдим, чироқ ўчиқ эди, — деди.
— Ўша мен эдим! — дедим, кўкрагимга урдим.
— Сиз эканлигингизни билиб тегдим-да, — деди.
— Аҳай-аҳай! — дедим.
Биродарлар, Момосулув тушимда. Чўлпон эди, ҳушимда Ой эди, қўйнимда Офтоб бўлди!

5

Бир сурув қўй сотдим. Пулини белимга ўрадим. Намоз чавандозни олдимга солиб, Обоқлига жўнадим.
Биродарлар, бизнинг Сурхонда мана бундай гап бор: от олсанг, Обоқлидан ол, аёл олсанг, Ирғалидан ол!
Бунинг мағзи шуки, от деганлари дев! От бепоёнликни дейди. От масофа нималигини билмайди. От қаҳратон қишда-да дашт-биёбонларда чопиб ўсади. Ана шунда диркиллаган от бўлади! Қўлтиқлари чўзилади, кўкраклари энлик бўлади! Учқур келади! Бедов от бўлади!
Обоқли ана шундай дашт!
Ирғали деганида қиз бор! Ирғалининг қизлари зуваласи пишиқ келади. Киймагани еттинчи калиш кияди! Барининг бели бақувват, бўлимли бўлади. Ирғалининг қизларини қучоқласа, қўйин тўлади! Ирғалининг қизлари кўрган фарзанд-да алпомиш-келбат бўлади. Боиси, Алпомиш айни шу Ирғалида ўтган-да!
Ана, билдингизми, элнинг гапи қаёққа бораяпти?
Мен икки кун от сайладим. Обоқли дашти гала-гала от! Дашт чангитиб чопиб юрибди! Бир яшар қулунлар, уч яшар тойлар, тўрт яшар ғўнонлар, беш яшар дўнонлар! Сағрисига уй тикса бўладиган байталлар! Ҳайбатли айғирлар!..
Бировини ушлаб, олд туёқларини жуфтладим. Туёқлари орасидан мушт урдим. Муштим ўтмади. Борди-ю ўтса, яхши от бўлади. Қўйиб юбордим. Яна бировини кўрдим. Дурустгина-ю, фақат қорни йўқ. Бор бўлса-да, жуда тор. Буниям қўйиб юбордим, бўлмайди!
Биродарлар, от олсанг, ҳўкиз қориндан ол, ҳўкиз олсанг, от қориндан ол!
Орқа кезанаги боланинг билагидай бўлиб турадиган от яхши келади. Шундайини изладим. Йўлиқмадим. Қопқоғи энлик от-да яхши бўлади. Бундайинга-да кўзим тушмади.
Галани айланиб юрдим. Бир бўзга кўзим тушди. Шуни ушладим. Тишларини кўрдим. Ёши еттида бўлса-да, ҳали озиқли тиши чиқмабди. Аслида, беш ёшида чиқади. Демак, энди чиқмайди. Озиқ тишсиз от хосиятли от бўлади!
Биродарлар, шу бўзга дил кетди!
Уч мингни нақд санаб бердим. Бўзни миниб келдим.
Омборхона олдидаги устахонага олиб бордим. Бўзга буров солдим: ипга таёқча боғладим, тумшуғидан ўраб бурадим. Буров таёқ бўз тумшуғига ботди. Бўзни қимирлатмай қўйди.
Уста бўз оёқларига нағал қоқди.
Биродарлар, асов отни тақа тўхтатади!
Ҳовли четида охур қилдим. Бўзни шу охурга боғладим.
Онамиз норози бўлди. Бети буришиб-буришиб оғринди. Лабини буриб минғиллади:
— Отим нимам… отдан машина яхши… — деди.
— Машинам нимам? Оти борнинг — қаноти бор, — дедим.
— Отга емиш қани…
— Емиш? Худо ҳар жониворни ўз ризқи рўзи билан яратади. От битди — қанот битди. Емиш то-пилади.
Биродарлар, машина деганлари темир! Жони йўқ! Жони йўқ темир одамга эл бўлмайди! Темирнинг юраги йўқ-да! От одамга эл бўлади. Боиси, отнинг жони бор, юраги бор-да!

6

Eл менга-да бурнини жийириб қаради, отимгада бурнини жийириб қаради. Эл, оғзини ушлаб кулди, пиқ-пиқ кулди, қўли билан кўрсатиб кулди, пана-паналарда кулди.
Билдим, эл, Зиёдулла кал, отангни кўрдим — аҳмади фориғ, онангни кўрдим — товони ёриқ, кўрпангга қараб оёқ узат, деди. Ўзинг бир сағир бўлсанг, сенга ким қўйибди отни, деди. Яна тағин кал бўлсанг, калга отим нимам, деди. Калга эшак ҳам бўлади, деди.
Биродарлар, эл шундай! Эл оғзига элак тутиб бўлмайди! Одамзот шундай! Бор бўлса, кўролмайди, йўқ бўлса, беролмайди!
Шундай экан, одам бўламан десангиз, эл оғзига эътибор берманг! Одам бўламан десангиз, эл гапига парво қилманг! Аммо бепарво-да бўлманг!
Биродарлар, от аззанча хосиятли бўлса-да, аззанча фаҳм-фаросатли бўлса-да, аззанча хушсуврат бўлса-да, барибир, от, ўз оти ўзи билан от! Тўрт оёқли жонивор! Думли ҳайвон!
Дунёда нима мўл, тўрт оёқли жонивор мўл! Дуч келмиш тўрт оёқ жониворни қандай бўлса, шундайлигича эл орасига олиб кириб бўладими? Бўлмайди! Қандай бўлса, шундайлигича эл қилиб бўладими? Бўлмайди! Авваламбор, тўрт оёқли жониворни от қилмоқ лозим!
Тўрт оёқли жониворни от қилишнинг ўзи бўлмайди. Думли ҳайвонни одамга эл қилиш барчанинг-да қўлидан келмайди!
Тўрт оёқли жониворни от қилиш учун, авваламбор, кўнгилда бўлмоғи лозим! Авваламбор, баданда бўлмоғи лозим!
Баракалла! Бор-да, баданда бор-да! Кўнгилда бор-да! Шу боисдан от олдим-да! Аҳай-аҳай!
Достончи достон айтади. Хато айтса, шартта бас қилади. Бошқатдан, тузатиб айтади.
Шоир китоб битади. Китобида бир жойи ёқимсиз бўлса, шоир қалам билан шартта-шартта ўчиради, ёқимли қилади.
Расмчи сурат чизади. Суратда одам қоши қошдай бўлмади. От ёли ёлдай бўлмади. Қиёмига келмади. Расмчи дарҳол одам қошини қошдай қилади, от ёлини ёлдай қилади.
Чавандоз бўлса, отни тузатолмайди!
Тўрт оёқли жонивор от бўлаётиб… ҳа-ҳа, от бўлаётиб… нима феъл-атвор топса, шу феъл-атворида қолади. Нима қилиқ топса, шу қилиғида қолади. Нима кўрса, нима билса, нима ўрганса, барча-барчаси танасида қолади, миясида қолади.
Ана шундан кейин чавандоз отни тузатаман деса, ўзига жавр қилади. Отни тузатиб бўлмайди!
Биродарлар, сара от, чавандоз ақл-заковатидан бино бўлади! Сара от, чавандоз қалб қўридан бино бўлади!
Шу боис, бўзни тарбиялай бердим, кеча-ю кундуз тарбияладим. Зўр бериб тарбияладим. Қандай қилиб тарбияладим? Айтмайман, бировлар билиб қолади, айтмайман…

7

Биродарлар, бўз от қандай бўлади? Сурпдай оппоқ бўлади! Борди-ю, аждодида бўлса, тўққизга тўлганда тарлон бўлади. Тўққиз ёшида бўзнинг баданида холдай-холдай қора доналар пайдо бўлади. Шундан бошлаб у бўз эмас, Тарлон от бўлади. Тарлон — хол-хол от! Тарлон — отлар сараси!
Биродарлар тўриқ отнинг юздан бири яхши бўлади, тарлон отнинг юздан бири ёмон бўлади!
Биродарлар, от танимасанг, Тарлон ол!
Бизнинг бўз тўққизга тўлди, тўққизда бўлди. Шунда… шунда, бир орзум, ўн орзу бўлиб болала-ди. Бир қувончим ўн қувонч бўлди!
Биродарлар, бўз отим — Тарлон бўлди! Мен Тарлон отли бўлдим!
Отнинг сараси менда, қулинг ўргилсини менда!

8

Тарлонни қора ишларга солмадим. Адирларда ўйноқлатиб миндим. Ўйноқлатиб-ўйноқлатиб қўй боқдим.
Шундай бир кунда колхоз раиси шофёри от чоптириб келди. Уни раис юборибди. Бориб, Зиёдулла кални олиб кел, дебди. Радиодан одам келибди. Энг яхши подачини айтинг, радиода чиқараман, дебди. Шунда, раис мени айтибди.
Аввал-аввал ишонқирамадим. Шофёрга синчиклаб қарадим. Чин гапга ўхшади. Шундан кейин қўйларни шу яқиндаги Асад чўпонга тайинлаб келдим.
Ўзимда йўқ хушвақт бўлдим. Э, яшанг-е, раис ака-е, дедим. Бизга ўхшаган калларнинг ялтироқ бошига-да офтоб чиқсин дебсиз-да, дедим. Э, шоп мўйловингиздан-е, дедим.
Йўлда уйимизга тушдим.
Ҳали тутилмаган беқасам чопонимни кийдим. Телпагимни кийдим…
Бинойидай ораста бўлдим.

9

Тарлонни идора олдига боғладим.
Дўмбира, тушлик солинган хуржунни елкамга ташладим. Аста-аста ичкариладим.
— Ассалому алайкум! — дедим.
— Аҳа, келинг ука, келинг.
Гиламдан авайлабгина юрдим. Тўрдаги нимкатда ялпайиб ўтирган одам билан қўшқўллаб кўришдим.
Дарров танидим, бу ўзимизнинг қишлоқлик Рихсиев бўлди.
Мен қаерга ўтиришимни билмай каловландим. Рихсиев бармоғини ниш қилиб жой кўрсатди.
Хуржунимни деразага қўйдим. Омонатгина ўтирдим. Сўрашайин деган мақсадда Рихсиевга қарадим.
— Аҳа, фамилиянгиз нима эди, ука? — сўради Рихсиев.
— Зиёдулла кал! — дедим.
— Аҳа, ҳа-ҳа-ҳа! Йўқ, фамилиянгиз? Қурбонов? Аҳа, яхши, яхши! Соғлиқ қалай, ўртоқ Қурбонов? Отдай бўлиб юрибсизми?
— Шукур мухбир ака, шукур. Отдай бўлмасакда, юрибмиз. Ишқилиб, бирнави. Ўзингиз қандай, бардамгинамисиз? Болалар чопқиллаб юрибдими? Қачон бўлса, сизни мақтайман. Мана, биздан-да ёзадиганлар чиқди дейман.
— Раҳма-а-ат, раҳма-а-ат. Гап бундай, ўртоқ Қурбонов, мен, сиз ҳақингизда радиоочерк ёзаман!
— Эб-ей, у нима деганингиз, мухбир ака?
— А? Ҳа-ҳа-ҳа! Ҳа, ўртоқ Қурбонов, ўртоқ Қурбонов! Шунақа жанр бор! Аҳа, публитсистик жанр! Бунда қаҳрамонлар мадҳ этилади!
— Ҳа-а, хайрият-е. Мен ёмон гапмикин дебман. Энди, мен сизга айтсам, биз унга арзимаймиз-да, мухбир ака.
— Аҳа, йўлини қилиб арзиттирамиз-да, ўртоқ Қурбонов. Ўзимизнинг қўлимизда-ю. Мана қоғоз, ёзинг. Ручка йўқ? э, чатоқ-ку.
— Бизда таёқдан бошқа нимаям бор, мухбир ака.
— Хўп, мана, ручкаям бердим. Қани, бўлинг. Унгача репортёрни тайёрлаб тураман.
— Шу, мухбир ака, хатимиз бундайроқ. Бешинчи синф калламизга яраша. Сиз сўранг, мен айтайин.
— Йўқ, ёзинг. Оғзингизга келганини пала-партиш гапирасиз, уни бориб, монтаж қилишни айтсангизчи! Ёзинг: «Қуёш заррин кокилларини ёйиб, уфқдан бош кўтарди…» Йўқ, ўчиринг. Бадиий қисмини ўзим ёзаман, сизга оғирлик қилади. Аҳа, бошладик: «Болалигимдан чўпон бўлиш орзум бор эди. Шу орзу мени чўпонликка чорлади. Мактабни битириб, қалб амри билан колхозда қолдим. Мана, ҳозир жавлон уриб меҳнат қилмоқдаман…» Аҳа, энди план, мажбури-ятларни ёзинг. Ким билан сотсиалистик мусобақа ўйнагансиз? Ана шуни ёзинг. Кейин, ҳар бир совлиқдан қўшимча қанчадан қўзи олмоқчисиз? Ана буни ёзинг!
— Мухбир ака, мен эл қўйини боқаман, чакана чўпонман.
— Аҳа, шундайми? Оббо-о, раис дўппи олиб кел деса, бошни олиб келадиганлардан экан-да. Хўп, ёзаверинг-чи. Меҳнатларингиз тақдирланганми?
— Эса-чи, мухбир ака, эса-чи. Раисимиз ҳар кўрганда тўхтаб, кўришиб-сўрашади. Раҳмат, ука, раҳмат, дейди. Элнинг хизматини қиляпсан, дейди. Елкамга қоқиб-қоқиб қўяди.
— Ҳа-ҳа-ҳа! Бори шуми? Ҳа, ўртоқ Қурбонов, ўртоқ Қурбонов! Булар абстракт гаплар! Радио-очеркка конкрет фактлар керак! Орденлар! Медаллар! Ёрлиқлар!… Ҳмм, бўпти, ўртоқ Қур-бонов, сизга рухсат.
Қаламни Рихсиевга узатдим. Қулоғимнинг кетини қашидим. Магнитофонга қарадим.
— Мухбир ака, хабарингиз борми-йўқми, унча-мунча достон айтиб тураман.
— Аҳа, шундайми?
— Ота-бовамизнинг ҳунарини ерда қолдирмайин дейман-да. Калнинг нимаси бор, темир тароғи бор. Ана, ана, дўмбирам бор.
— Аҳа, ҳунарни асрабон нетгумдур охир, олиб тупроққаму кетгумдур охир! Алишер Навоий!
— Ўлманг!
Жўшиб кетдим. Дўмбирамни олиб достонимни бошладим. Достонимда бир ҳовлига келин келди. Ҳовлида гулхан ёқилди, чанқовуз чалинди. Келин отда келди. От оловни бир айланди. От достон бўлди.

Боли боли болинг бор,
Минг туморли норинг бор,
Жасадингга қарайман
Чопадиган ҳолинг бор.

— Маладес, ўртоқ Қурбонов, маладес. Аҳа, энди, чанқовуз, гулхан… эски гаплар, ўртоқ Қурбонов. Достон, ҳа, достон! Замон, давр нафаси йўқ. Интеллектуаллик йўқ, интеллектуаллик! Кўриб турибсиз, ҳозир атом асри. Мана, космонавтлар яна ойга учди… Хўп бўлмаса, ўртоқ Қурбонов.
Хайр-маъзурни эшитиб эшитмасликка олдим, билиб билмасликка олдим. Дўмбирамни чулдиратиб, достон айтиб қўявердим.

Отларди боқсанг қашиб боқ,
Олисдан сувини ташиб боқ,
Сира узмагин емини,
Емини емига қўшиб боқ.

Бир қиё боқ, эй, умидли дунё!
— Аҳа, яхши, яхши! А-а-ауф, чёрт, уйқу босаяпти. Нима десак, экан… отлар… отлар патриархал ҳайвон, ўртоқ Қурбонов. «Отни боқсанг қашиб боқ, сувини ташиб боқ!» Хўш, нима бўпти? Маълум гап-ку! Албатта отга сув беради-да, бўлмаса бензин берармиди? Қуп-қуруқ дидактика! Халқ оғзаки ижоди, ҳа, халқ оғзаки ижоди! Примитив, примитив! Интеллектуаллик йўқ, интеллектуаллик! Интеллектуал проблемалар кўтарилиб, ижобий ҳал қилинмаган! Ижодингизга муваффақият, ўртоқ Қурбонов. Изланинг, кўпроқ классикларни ўқинг. Айтайлик, Бетховен, Чайковский, Ашрафий…
Рихсиев қўзғолди. Кетар бўлди.
Шунда, Рихсиевлар қўйи эсимга келди. Балки, қўйлари юзхотирини қилар, деган умидда қўйларидан гап очдим.
— Мухбир ака, қўйларингиз яхши! — дедим.— Диркиллаб-диркиллаб ўйнаб юрибди!
Рихсиевнинг юзлари ёришди.
— Аҳа, айтгандай, бизнинг қўйлар яхши юрибдими, ўртоқ Қурбонов? — деди.
Кўнглимда умид учқун берди. Қўлимни кўксимга қўйиб, бош ирғадим.
— Шукур, мухбир ака, шукур. Яхши юрибди! — дедим. — Ўзлариям… қўймисан қўй-да!
— Аҳа, қўй!..
— Ўлманг!
— Қўй, қў-ў-ўй! Қўй яхши!
— Ўлманг!
— О-о-о, қў-ў-ўй! Қўй яхши нарса!
— Ўлманг! Айниқса сизнинг қўйларингиз! Минг қилса-да, ҳи-ҳи-ҳи, минг қилса-да, мухбирнинг қўйлари-да.
— Аҳа, раҳма-а-ат, раҳма-а-ат!
— Анави тўнғич акангизнинг қўйлари бўлмайди! Бари ўзидай калтафаҳм! Сизнинг қўйларингиз шундай доно, шундай ўқимишли… Ҳай-ҳай-ҳай, садағаси кетсанг, мухбирнинг қўйларининг!!
— Аҳа, раҳма-а-ат, раҳма-а-ат!
— Бир куни денг, ҳайт-ҳайт, дея қўйларни сойга ҳайдадим. Қўйлар ўзини қирга урди. Фақат сизнинг қўйларингиз сойга қараб юрди. Мен, ҳа, омон бўлгурлар-е, минг қилса-да, мухбирнинг қўйларисан-да, дедим.
— Аҳа, раҳма-а-ат, раҳма-а-ат! Қўйларни тарбияланг, ўртоқ Қурбонов, қўйларни тарбияланг!
— Бай-бай-бай, қўйларингиз мухбирнинг қўйлари эканлиги шундайгина билиниб туради-я! Мол эгасига ўхшайди, деганлари шуда…
— Аҳа, раҳ-ма-а-ат, раҳма-а-ат!
Рихсиев ташқарилади.
Хуржуними елкалаб, изидан юрдим. Тарлонни миниб, адирга йўл олдим.
Биродарлар, кўнглим оғрияпти…

10

Тарлонни бойловга ташладим.
Отхонадаги баланд охурга боғладим.
Гўнг чиқариладиган тешикни жанда билан кечалари ёпиб қўйдим, кундузлари очиб қўйдим.
Тарлонга арпа ем бериб бошладим.
Азонда тўрт кило арпа ем бердим.
Тушда олти кило арпа ем бердим.
Оқшомда беш кило арпа ем бердим.
Кафтимда туз бердим.
Тарлон тузни капалаб-капалаб еди.
Кафтимда оқ қанд тутдим.
Тарлон қандни лаблари билан олди. Қарс-қарс еди.
Eнди сўйилган қўй қуйруғини тузлаб-тузлаб бердим…
Биродарлар, от усти беҳишт, оғзи дўзах!

Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.

Китобни MP3 форматда тингланг.