Сойим Исҳоқ. Зулматдан зулматгача (ҳикоя)

У ёруғ дунёга зулмат қаъридан чиқиб келганди. Бу дунёда бир-икки йил олатасир яшади. Қанча яшаганини ўзи билмайди. Қандайдир ҳиссий бошқарув таъсирида узоқроқ яшашга, хавф-хатардан омон ўтишга интилди, холос. Омон қолиб нима кўрди, нима қилди – буни ҳам идрок этолмади. Миясида муқим ўрнашиб қолгани – жинсдошларининг кейинги пайтларда уни четлатишгани, тўдадан ҳайдашга уринишгани. Бунинг сабабини узуқ-юлуқ ҳис қилади. Аммо ўрганган кўнгил, тарки одат қилолмади. Айниқса, охирги кўклам ва ёзда ўзига жуфт ҳам тополмай ёлғиз қолди. Топганлари бир-икки кун ўтмаёқ ташлаб кетишди…
Онасининг мавсумдаги охирги тухуми эди у. Энди туғишни бас қилиб, уларни босиб ётиш навбати етганди. Шунинг учун Она каклик тиканакли буталар орасидаги уясидан эҳтиётлик билан чиқди-ю, тошдан тошга сакраб, тошсиз жойларда чаққон йўрғалаб кетди. Учраган қурт-қумурсқаларни чиройли тумшуғи билан бир-икки эзғилаб ютар, “сути” энди қота бошлаган бошоқларнинг донини тезгина узиб, ҳарислик билан жиғилдонига урарди.
Она каклик шошиларди. Имкон қадар тезроқ ва кўпроқ озиқланиб, сувга қониб, эртароқ уясига қайтишни, тухумларини босиб ётишни истарди. Жўжалари тухумдан чиққунига қадар бундай эҳтиёжлари учун вақти бемалол бўлмай қолади. Ҳафтасига бир-икки мартагина, жуда ҳолдан тойганида донлаш ва ташналигини қондиришга чиқади. Шундаям тезгина – тухумлари совиб улгурмасидан қайтади. Акс ҳолда палағдаси кўпайиб кетишини билади.
Нар каклик аниқ кўринадиган жойлардан уясини кузатиб юради. Аммо яқинига бормайди. Макиёни ётган жойни йиртқичларга билдириб қўймаслик учун шундай қилади. Бирор йиртқич яқинлашса, дарҳол рўпарасидан чиқади, гоҳ йўрғалаб, гоҳ тўрт-беш қадам жойга учиб, уни узоқроққа алдаб олиб кетади. Хавф бартараф этилгач бирор баландликдан шўнғийди-ю, юқорига кўтарилади. Ноилож қолган йиртқич даф бўлгач, как­лик аввалги жойига қайтиб, донлаб юраверади.
Нар какликнинг бу қилиғи – шунчаки эҳтиёткорлик чораси. Аслида тош ва буталар орасида тухум босиб ётган макиённи сезгир йиртқич пайқаши қийин. Бу пайтда унинг ранги атрофидаги тош ва буталар рангидан деярли фарқ қилмайди…
Кунлар ўтгани сайин Она какликнинг ташвишлари кўпайиб борди. У энди тухумларини бот-бот аралаштиради – ортиқчароқ исиганларини тумшуғи билан авайлаб четга олади, четда етарлича иссиқлик ололмаётганларини ўртага суради. Кейин яна босиб ётади. Очликдан дармони, ташналикдан силласи қуриса-да, уясини ташлаб кетмайди. Чунки дунёга келажак жўжаларини омон сақлаши шарт…
Она каклик чеккан заҳматлар зое кетмади: тухумларини тўлиқ очирди. Кейин охирида очган жўжалар танасидаги намликни қуритиш ва дармонга эндириш учун бир кечадан ортиқроқ босиб ётди. Ёруғ ва иссиқ кунларнинг бирида аввалроқ тухум ёрган жўжалар овқат қидириб патларини беозор чўқийвергачгина уларни тор уядан кенг дунёга эргаштириб чиқди.
Онанинг жўжаларини озиқлантиришдан ҳам зарурроқ ишлари бор: энг муҳими – хавфдан сақланиш сезгисини кучайтириш. Аслида жўжалар шу туйғу билан бирга тухум ёрадилар. Уни озроқ шакллантириб, пишиқлантирилса кифоя. Тоғ-тошларда ғанимлари кўп.
Энг хавфлиси – бургут сингари тепаларида учиб юрувчилар билан сирғалиб ёнгиналарида пайдо бўлиб қолувчи илонлар. Салгина эҳтиётсизлик қилган жўжа уларнинг ўлжасига айланади…
Она каклик зарурият бўлмаса ҳам бирдан тўхтади. Бўйнини чўзиб атрофига сергаклик билан қулоқ тутгандай бўлди. Ортидан тизилишиб келаётган жўжалари ҳам жой-жойларида тақа-тақ тўхташди.
Оналарига таассуб қилибми ё савқи табиийми, улар ҳам сергак тортишди. Шу пайт онасининг хавфни билдирувчи “кир-рк” деганга ўхшаш товуши эшитилди. Жўжалар зумдаёқ дуч келган бута ва хас-хашаклар орасига уриб кетишди. Қизғиш тумшуқчалари билан оёқларини бута ва ўт-ўланлар орасига иложи борича чуқурроқ тиқиб, ўсиб улгурмаган думларини юқорига кўтаришди. Шу ҳолида ҳам уларни ўт-ўланларнинг ҳали қуриб улгурмаган пастки бутоқларидан фарқлаш қийин. Аммо илонларни алдаб бўлмайди: улар хас-хашакларни ҳам, буталарни ҳам, улар орасига бекиниб олган жўжаларни ҳам аниқ “кўришади”. Лекин даф қилишмайди. Оғиз ва тилларини ўтларнинг тиғсимон ўткир барглари тилиб юбориши, буталарнинг нинасимон тиканлари жароҳатлаб қўйишидан қўрқишади. Илоннинг тили – унинг кўзи, уни жароҳатлантириш илон учун ўлимдир. Шу туфайли тилини эҳтиёт қилади…
Ўшанда охирги тухумдан чиққан жўжа – Кенжатойгина онасини тушунолмай, жойида анқайиб тураверди. Бошқалардек ўзини ўтлар орасига урмади. Агар чинакам хавф пайдо бўлганида у тайёр луқмага айланарди. Онаси бундан ғазабланди шекилли, ёнига йўрғалаб борди-ю, боши билан кўтариб, яқинроғидаги буталар орасига отиб юборди. Жўжа буталарга қаттиқ урилмади, лекин ўзидан нима талаб қилинаётганини дарҳол сезди. У ҳам жон қайғусида боши билан оёқларини бута тагидаги ўтлар орасига чуқурроқ ботириб думини кўтарди.
Зийраклик билан кузатиб турган онасини Кенжатойнинг бу галги ҳаракати қаноатлантирди. Энди уни ҳам атрофидаги ўтлардан фарқлаш қийин бўлиб қолди. Фақат думидаги калта парсимон патларини озроқ “тароқлаб”, ёнидаги ўтларга тақаброқ қўйди ва ўзи ҳам бу ерни тарк этди. Жуда ҳолдан тойганидан жўжаларидан сал узоқлаб, ўн дақиқача қовзаниб олишга улгурди ва ортига қайтди. Болалари, ҳатто нимжонроқдай туюлган Кенжатой ҳам ўзи кўриб кетган ҳолатларида қилт этмай туришарди. Бундан таскин топиб, хавф ўтганлиги ҳақида товуш берди. Жўжалар дарҳол бекинган жойларидан чиқиб, зумдаёқ онасини ўраб олишди…
Кенжатойга зулмат ичида жон инганди. Нимдош ёруғликни илк дафъа бир ҳафтача илгари ҳис қилди. Ёруғлик қандайдир қаттиқ қобиқ орқали ўзини ўраб турган юмшоқ оқ пардадан ўтиб келарди. Бу онаси тухумларни баравар ҳароратда сақлаш учун аралаштираётганида юз берганми ё қисқа муддатга уясини очиқ қолдириб, озиқланишга кетганидами, билмайди. Тездаёқ яна аввалгидек зулмат ичида қолди.
Онаси тухумларини қайта оғушига олгани туфайли шундай бўлганини ҳам билмайди. Аммо жисмига роҳат бераётган, тобора қувватга киритаётган ёқимли бир зулмат эди бу. Шу сабабли салгина илгари илғаган ёруғлик сезгисини тезда унутиб юборди.
Бир куни Кенжатой ёнгинасидаги тухумдан ғалати овоз чиққанини эшитиб қолди. Ундаги етилган жўжа кутилмаганда чийиллади. Овоз жуда паст чиққанига қарамай, уни онаси ҳам илғади ва тумшуғи билан авайлаб олдига тортиб олди. Кўп ўтмай шу тухумни росмана жўжа ёриб чиқди. Она кейин очадиган жўжаларга халал бермаслиги учун пўчоғини ташқарига чиқариб ташлади ва биринчи боласини авайлаб бағрига босди.
Шу соатдан бошлаб уянинг гоҳ у, гоҳ бу еридан чийиллаш, бесабр жўжанинг ўзи ётган тухумни ичкаридан журъатсизгина чўқишидан чиқаётган товушлар кўпайиброқ қолди. Она какликнинг ташвиши ҳам ортди: мавжуд сезги аъзоларининг барчаси баравар ишга тушди. Овоз қайси тарафдан, қайси тухумдан чиқаётганини бехато топар ва бошқа тухумларга зиён еткизмасдан авайлаб олдига тортиб оларди. Бироқ тухумни ёриб, боласининг ундан халос бўлишига ёрдам бермасди: ўзи ёрсин, ўзи чиқсин. Тухумини ёриб чиқолмаган жўжанинг бирор иллати бор, яшаб кетиши ҳам гумон…
Эртасига жўжаларнинг ярмидан кўпроғи очиб чиқди. Илгарироқ тухум ёрганлари онасининг тагидан димиқибми ё анчайин шўхлик қилибми, устига чиқиб олишди. Атрофга улоқиб кетишлари ҳам мумкин эди, бироқ онасининг таҳдидли товушлари бунга имкон бермасди. Шу товушлар туфайли патлар устида қунишибгина ётаверишди. Айримларигина овқат таъмасида қизғиш оёқлари тагидаги патларни беозор чўқилаб қўйишади.
Бу кунисига тушга яқин Кенжатой ҳам тухумдан чиқди. Энди Она как­ликнинг ташвишлари ўзгарди: уясидаги тухум пўчоқларини батамом чиқариб ташлаб, кейин чиққан жўжаларини қанотлари тагига босиб олди. Уларни яхшилаб қуритиш баробарида, танасининг ҳарорати билан қувватга эндириши лозим. Ҳозирча нимжон кўринаётган жўжаларни турли бало-қазолардан асраш туйғуси ҳам шуни талаб қилади.
У бекорга хавотирланмаётган эди. Кўп ўтмай шундай хавф пайдо бўлди: нарироқдан ниманингдир заиф шитирлаши эшитилди. Ҳали ҳеч нарса кўринмаётган эса-да, бутун диққатини кўз, қулоқ ва танасига жамлаган Она каклик ўзлари томонга каттагина илон сирғалиб келаётганини сезди. Қисқа, лекин ташвишли товушда “ки-ир-рк” деган товуш чиқарганди, устидаги жўжалар зум ўтмай қанотлари тагига кириб олишди. Ўзи ҳам қанотларини ташқаридан қараганда болалари кўринмайдиган даражада жипс йиғиб, бошини тагига олди. Имкони борича ҳурпайишга ҳаракат қилди.
Она каклик шу кўринишида каттагина юмалоқ тошга ёки юм-юмалоқ чўчқабош ўсимлигига ўхшаб қолди. Лекин тумшуғи олдида айри тилини тинимсиз билтанглатиб келаётган чипор илон унинг тош ҳам, чўчқабош ўсимлиги ҳам эмаслигини, ўзига озиқ бўладиган иссиқ қонли паррандалардан эканлигини бехато билди.
Илон кўзлари борлигига қарамай ҳеч нарсани кўрмайди, бирор товушни эшитмайди. Ташқи оламни тили орқали “кўради”, териси орқали сезади. Тили орқали юбориладиган сигналлар ўлжа ётган жой, унинг ҳажми ва шакли, ҳаракатланаётган бўлса йўналиши ҳақида илонга аниқ “маълумот” етказади. Шунга қарамай бу сафар у адашди: рўпарасидаги Она каклик ва жўжаларини бир бутун ҳолда “кўрди”. Негадир бундан қаноатланмади. Яна бир қадамча яқинлашиб, бошини баланд кўтарди. Тилини аввалгидан ҳам тезроқ билтанглата бошлади. Натижа ўзгармади шекилли, ҳафсаласи пир бўлгандай бир лаҳза тили ҳам оғзидан чиқмай қолди. Бу ўлжани ютиб бўлмаслигини сезди. Чақишга сарфланадиган заҳари ҳайф кетади. Илон бисотидаги асосий қурол – заҳарини бекорга сарфламайди. Ўзига бирор шикаст етишини пайқаса ё ўлжаси қочиб кетишини илғасагина шундай қилади. Буниси жуда беозор, қочишни ўйлаётгани ҳам йўқ. Бироқ жуда йирик, оғзини ўн баробар катталаштирганидаям сиғдиролмайди…
Она каклик бу сафар ҳам ўз ишини дўндириб бажарди. Қаттол душмани ноилож ундан узоқлашди. Бошқа жўжалар озми-кўпми ёруғликни кўриб, унга мослашиб улгургандилар. Кенжатойда бундай имконият бўлмади: тухумдан чиққан заҳоти онаси тагига босиб олди. Етаклаб чиққанида борлиқни қуршаган кучли ёруғлик кўзларини қамаштириб, уни довдиратиб қўйди. Шу туфайли онасининг огоҳлантиришини идрок қилолмай саранг бўлиб, жойида туриб қолган эди. Унчалик оғриқли бўлмаса-да, бунинг жазосини олди…
Охирги тухум бўлгани ва энг кейин очиб чиққани туфайли Кенжатой онасига нимжонроқдай кўринди. Жуссаси ҳам бошқаларга таққослаганда жимитдай. Лекин донлаш пайтида тиришқоқлик, чаққонликда бошқалардан қолишмаслигини кўрсатди. Онаси узиб, тумшуғида уматиб ташлаётган буталарнинг сершира куртаклари, майда дон ва уруғлар, эзғилаб бўлаклаб ташланган қурт-қумурсқалардан талашиб-тортишиб ўз улушини олар ва зум ўткизмай ютиб юборарди. Шундай қилмаса бошқалар оғзидагини тортиб кетишини билиб қолди.
Кенжатойнинг ҳаракатчанлиги зимдан кузатиб юрган онасини қаноатлантирди. Уни алоҳида озиқлантиришига ҳожат қолмади. Энди у бор эътиборини жўжаларини тўйдириш, атрофини қуршаган хавф-хатарларни вақтида илғаш ва болаларини улардан асраб қолишга қаратди…
Кунлар бир-бирини қувиб, билинтирмай ўтиб борарди. Вақт ўтгани сари жўжаларнинг патлари ўсиб, қалинлашиб, ҳақиқий каклик суратига кириб бормоқда эди. Энди оналарининг ортиқча эътибор беришига унчалик зарурат қолмади. Ҳозирча ўзидан ажратиб юбормаган эса-да, баъзи жўжалар истаган пайтида хоҳлаган томонига улоқиб кетаверадиган бўлиб қолишди. Юриб-юриб яна тўдага қайтишар, ҳеч нима бўлмагандай аралашиб юраверишарди. Бу “қоидабузар”ликлар жўжаларда мустақил яшаш кўникмаси ҳосил бўлаётганидан дарак берарди.
Бир куни Она каклик болаларини тоғ этаклари билан ҳам таништирмоқчи бўлиб, уларни қуйига етаклади. Бу ерда озуқа кўпроқ бўлса-да, хатар ҳам шунга яраша эди. Донлаш билан андармон бўлиб, қишлоққа анча яқинлашиб қолганини Она каклик кечроқ пайқади. Сувлоқларга тезгина тушиб чиқишгани бўлмаса, жўжалар илгари ҳеч қачон бунчалик қуйига тушмаган эдилар. Бу ўта хавфли эди. Бунда юқоридаги ғанимларидан ташқари милтиқли-милтиқсиз одамлар, ит-мушуклар, ҳатто товуқ-хўрозларгача уларга душман. Шу туфайли у тезгина жўжаларини ёнига чақириб ортига қайтди. Кенжатойни эса қишлоқ четидаги пахса девор билан ўралган ҳовли қизиқтириб қўйди. Ичида нима борлигини кўриш иштиёқи онасининг чорловидан устун келди.
Кенжатой чаққон йўрғалаб, бироқ ўта ҳушёрлик билан ҳовли дарвозасидан ичкарига мўралади. Ҳовлининг нариги бурчагидаги пешайвонли уй олдида рўмолини ҳаккари  қилиб ўраган бир кампир ердаги хас-чўпларни қўли билан териб, ивирсиб юрарди. Берироқда чипор товуқ жўжаларини қанотлари остига олиб мудрарди. Афтидан, анча кўтарилиб қолган қуёшнинг иссиғи элитган.     Бошқа бирор хавф сезмагач, Кенжатойнинг ҳовлига қизиқиши баттар кучайди. Бўсағадан ичкарига сакраб, мудраб ўтирган товуқ томонга йўрғалади. Уни онасига ўхшатди, шекилли. Дарвоза яқинидаги деворга тақаб тахланган ўтинлар орқасида чўзилиб ётган Олапар уни пайқаб, вовуллаганича ташланиб қолди. Қайтиш йўли тўсилганини кўрган Кенжатой қўрқувдан нима қилишини билмай, ўзини товуқ тагидаги жўжалар орасига урди. Бир зумдаёқ ҳовлини қий-чув босди.
Олапар жўжаларга аралашиб кетган бегона қушни тутмоқчи бўлиб вовуллаганича товуққа чоплиқади, ҳеч нарсадан бехабар товуқ болаларини ҳимоя қилмоқ учун итга човут солмоқчи бўлади, кампир итни қайтармоқ илинжида ҳай-ҳайлаб қарғанади, товуқлар ортида сочилиб юрган жўжалар паноҳ излаб онасига талпинишади.
Охири ит эгасига бўйсуниб жойига қайтди. Сочилиб кетган жўжалар ёппасига онасининг қанотлари тагига кира бошлашди. Нима қилишини билмай турган Кенжатой ҳам уларга эргашди. Худди шу пайтда кампир уни кўриб қолди ва ҳовлидаги тўс-тўполон сабабини англади. Ўзича уни тутиб олмоқчи бўлди. Муштдайгина каклик жўжасини тутиб олиши қийин эмасдай туюлди. У ўнг қўлининг кафтини пастга қаратиб олдинга чўзганича, бир-бир босиб товуққа яқинлашди. Товуқ ҳурпайиб, бир мартагина чўзиб қурқуллади ва жим бўлди. Ҳеч қачон ёмонлик қилмаган, дон-сувини вақтида бериб юрган эгасидан кўпам чўчимади.
Кампир товуқнинг ёнгинасида тўхтади. Қўлини аста тушириб товуқни босди ва ёнига чўққайиб чап қўлини тагига юборди. Товуқ шундагина безовталаниб, қаттиқ қоқоғлаганича эгасининг қўлидан чиқишга уринди. Аммо эплолмади: кампир анчагина чайир эди. У жўжаларни бир-бир ушлаб ташқарига чиқариб ташлар, бироқ қидирганини тополмасди. Кенжатой аллақачон кўйлагининг кенггина енгидан кириб, елкасига кўтарилиб кетганини билмасди. Бўйнини сиқиб турган кўйлак ёқасига келганидагина у иложсиз туриб қолди.
Қўрқув туйғуси Кенжатойни ҳаракатга солди. Ўткиргина тирноқларини кўйлак матосига ботириб елкагача юқорилаганди. Ўтиши мумкин бўлмаган тор жойга келгач ўнгланиб, тирноқларини кампирнинг танасига ботирди. Бундан кампирнинг жон-пони чиқиб кетаёзди: каклик жўжаси кўйлагимнинг ичидадир, деган фикр хаёлигаям келмади. Елкасига бир неч­та чаён чиқиб олиб, нишларини баравар санчгандай туюлди. Қўрққанидан куч билан тортқилаб, кўйлагининг ёқа тугмаларини чирт-чирт узиб юборди. Кутилмаганда кенгайиб кетган ёқадан Кенжатой “лип” этиб чиқди-да, зумдаёқ ҳаккарининг тепасидаги чуқурчага қулайгина ўрнашиб олди.
Кампир фақат тугмалари узилиб, кенгайган ёқасидан жўжа чиқиб кетганини пайқагандан кейингина елкасига чаёнлар ниши эмас, каклик жўжасининг тирноқлари ботганини англади. Енгил тортиб, жимитдайгина жўжанинг эпчиллигидан ҳайратланди. Ёввойи жўжа эплаган бу чапдастликни хонакиси ҳеч қачон қилолмасди. Шунга қарамай бидирлаб қарғанди:
– Вой соғона, сал бўлмаса жоним чиғип кетайин деди-я! – у кўйлаги ёқаларини силкилаб атрофига қаранди.
Она товуқ куркуллаганича нарироққа эргаштириб кетаётган жўжалар орасида ҳам излагани кўринмагач, яна қарғанди:
– Бу соғона мушдайғана бўлиб қай гўрга қуриди?
Рўмолининг устига қўл юбориб қараш унинг хаёлига келмади. Бунинг ўрнига энгашиб, дарвоза тарафга кўз югуртирди. Худди шу пайтда рўмол устидаги чуқурчада пайт пойлаб турган Кенжатой пириллаб учиб, уч-тўрт қадам нарига тушди ва зинғиллаганича дарвозадан чиқиб кетди. Уни пайқаб ҳурганича ортидан қувлаган Олапар изини ҳам тополмай, қайтиб келди ва бамайлихотир жойига чўзилди…
Кенжатой тўдасининг қаерларда юришини яхши биларди. Шу туфайли қалин ўт-ўланларни паналаб, йирик буталардан айланиб ўтиб, уларни қийналмай топиб келди. Онаси тикилиб бир қаради-ю, соғ-омон қайтганидан кўнгли тинчиди. Ҳеч гап бўлмагандай болаларини яна юқорироққа бошлади…
Жўжалар бемалол учиб-қўнаверадиган, хавф-хатарни мустақил бартараф қилоладиган, ўз кунларини ўзлари кўроладиган бўлиб қолишди. Шу туфайли Она каклик ёзнинг иссиқ кунларидан бирида болаларини ажратди: уларни ўз ҳолига ташлаб, нари билан аллақаёққа учиб кетди. Бу жўжаларга унчалик билинмади. Озиқланиш учун баъзан бўлиниб кетишгани бўлмаса, аввалгидек тўдалашиб юраверишди. Баъзилари ҳатто жуфт қидириб қолишди. Жўжалар ёрдамсиз яшашга тўлиқ кўникканларида ота-оналари яна тўдага қайтишди. Тўда – каклик ҳаётининг узвий бир қисми. Бу энг аввало, уларнинг хавфсизлиги учун керак. Яқинлашаётган хавфни тўпдагиларнинг бири бўлмаса, бири сезади, овоз бериб бошқаларни огоҳлантиради…
Ўша йили қиш хийла қаттиқ келди. Тоғларни қалин қор қоплади. Момиқ қор озуқа берадиган хашакларни кўмиб юборгани камлик қилгандай, как­ликларнинг юришини ҳам қийинлаштириб қўйди. Зовларнинг четидан амаллаб учганлари ҳам тушган жойларида юмшоқ қорга ботиб қолишади. Бу уларни атрофда изғиётган, тепаларида учиб юрган йиртқичларнинг тайёр ўлжасига айлантиради. Шу туфайли икки-уч кун ён-атрофларидаги буталарнинг қотган куртаклари билан жон сақлашга мажбур бўлишди. Хайриятки, бу узоқ давом этмади. Тунги аёзларда қор тўнғиб, юзасида бемалол юриш мумкин бўлиб қолди. Тунда қотган қор кундуз ҳам юмшамади. Бу пастдаги сувлоқларга қийналмай тушиб-чиқиш имкониятини яратди. Илиқ сув оқаётган жилғаларнинг қирғоқлари музламайди. Ҳануз кўкариб турган майсаларни чўқилаб ҳам жиғилдонларини тўлдирса бўлади. Ора-сира турли ўсимликларнинг уруғлари, дон-дун ҳам учраб туради.
Она каклик баъзан сувлоқларга қопқон қўйишларини кўрган. Начора, очлик уни ҳам ҳар қандай хавфни унутишга мажбур қилмоқда. Шу сабабли тўдасини ёнбағирнинг этаклари томон дадил бошлади. Йўлда уларга яна бир кичикроқ тўда қўшилди. Ортларидан қандай тўда эргашса ҳам олдинги тўда ғайирлик қилмайди. Жилға қирғоқлари узун, унда ҳар қанча каклик ёйилиб, бемалол озуқа қидириши мумкин. Бирор йиртқичга дуч келишмаса бўлгани.
Тўдалар жилға бошидаги серсув булоқ томондан тушиб боришди. Булоққа етмаслариданоқ Она каклик киркиллаб тўхтаб қолди. У бу ерда қандайдир хавф яшириниб ётганини сезди. Тўдасидагилар ҳам унинг огоҳлантиришига бўйсуниб, жойларида тўхтаб қолдилар. Она каклик жойидан силжимай булоқнинг бошидаги ўзгаришларга эътибор қилди. Жилға манбаидан атиги икки қадам нарида кенггина, усти текис туятошнинг ўртасига, айланасига тўр тортилган қандайдир қурилма ўрнатилган. Бир чети икки қарич келадиган учи айри таёқча билан кўтариб қўйилган. Айри таёқчанинг пастига ингичка, лекин пишиқ ип боғланиб, иккинчи учи нарироқда тошларни нари-бери қалаб қурилган тор ва пастак уйча томонга тортиб кетилган.
Ўтган қишдаям шундай қурилмага дуч келганди у. Ўшанда фалокатдан зўрға қутулиб қолган. Тўпидагиларнинг ярмидан кўпи желанинг тагида қолиб, сайёднинг пичоғидан ўтказилди. Шу аянчли ҳодиса – кўрганлари миясининг қайсидир пучмоғида сақланиб қолгани учун бу сафар эҳтиёткорлик қилганди. Йўлдош тўпдагилар огоҳлантиришга парво қилмай, желанинг тагига сепилган донга ёпирилиб ҳужум бошлашди. Шу пайт ип бирдан тортилди. Ҳарислик билан дон чўқиётган какликларнинг деярли ҳаммаси тўрнинг тагида патира-путур қилиб қолишди. Бу донлаётган тўпга қўшилишга интиқиб турган Она каклик тўдасидагиларни қўрқитиб юборди. Ҳаммаси тумтарақай қочиб, ўзини дуч келган буталарнинг тагига урди. Ким билади, Она какликнинг зийраклиги ва йўлдош тўдадагиларнинг очкўзлиги бўлмаганида, уларнинг ўрнида ўзлари потирлаб ётишармиди… Ҳойнаҳой, тайёр луқмани кўргач, оч какликларнинг биронтаси ҳам хавф туйғусига узоқ бардош беролмасди.
Овчи бекинган жойидан шошилмай чиқди. Илгарироқ яширингани буталар орасидан мўралаётган, бекинолмаганлари қулайроқ жой излаб ҳануз ўзини ҳар тарафга ураётган какликларга бепарво назар ташлади. Енгилгина керишиб, қинидан пичоғини чиқарди. Тиғи ўткирлигини билса ҳам тарки одат қилолмай, чап кафтига бир-икки ишқаб қайраган бўлди. Кейин жела ёнига чўққайиб, тўр тагида потирлаётган какликларни эҳтиёткорлик билан бирма-бир чиқариб, четроқда бўғизлай бошлади. Ишини тугатгач санаб кўрганди, ўнта чиқди. Катта галадан атиги шунчаси тузоғига илинганидан унчалик кўнгли тўлмади. Ипни тортишда озроқ шошилди чоғи. Аслида шошилмаса ҳам бўлмасди: кўпни кўзлаб озидан ҳам қуруқ қолиши ҳеч гап эмасди. Оч қолган какликлар тузоққа сепилган донларни тездаёқ тугатиб, қочиб қолишлари мумкин эди. Ҳай, майли, қочганлари яна келади. Очлик уларни шунга мажбур қилади.
Овчи какликларнинг икки тўпи бирикиб келгани, улардан биттаси – кичик тўпидагилардан кўпчилигини тузоғига туширганини билмасди. Катта тўдани катта тажрибага эга онабоши бошқараётганидан ҳам бехабар эди. Шу сабабли какликларнинг ҳадемай қайтишларига умид боғлаб, желанинг тагига донни қайтадан мўл-кўл сочиб, кеч пешингача сабр билан кутди. Аммо қўрқиб қолган какликлар жилғага яқинлашмади. Тош “қалъа”сида ҳаракатсиз ётганидан кечки совуқ аъзои баданини жунжита бошлагачгина у кўч-кўронини йиғиштирди. Шу атрофда пойлаб юрган какликлар шундан кейингина овчи қолдириб кетган донни паққос териб ейишди. Камига қирғоқларда кўкариб турган майсалардан чўқилашди…
Тўдадаги яхши-ёмон кунлар ҳам ўтмишга айланди. Кўкламнинг ўрталарида Она каклик ҳаётида гўё янги давр бошланди. Ўтган мавсумдаги болаларини тамом унутди. Қанчаси бор-у қанчаси йиртқичларга ем бўлаётгани билан иши бўлмай қолди. Полапонлигида ҳар бири учун жонини жабборга берарди. Таҳликали дамларда ўзини қалқон қилиб жўжаларини асради. Қоронғи-қаттиқ қишда ҳам йўлбошчилик қилиб, уларни не-не балолардан қутқариб қолди. Кунлар сал юришиб, ҳар қайсиси ўз олдига тирикчилик қилиб кетишгач бегонага айланишди-қолишди.
Навбатдаги тухум қўйишидан анча илгари алоқалари бутунлай узилди. Унинг эндиги ташвишлари бўлакча – бутун диққати наслининг янги авлодини дунёга келтириш билан банд. Бундай пайтларда макиён какликлар атрофида бегонанинг пашшахўрда бўлишини ёқтиришмайди…
Кенжатой баъзан ўзи сезмаган ҳолда онасини эслаб қоларди. Шунда унинг иссиқ бағрида ётиш лаззатини қайта туйгандай бўларди. Шу сабабданми, баъзан боши оғиб эски уясига келиб қолади. Бўш уя тепасида бирпасгина мунғайиб ўтиргач, яна қайтиб кетади.
Бир куни онаси уяда ётганининг устидан чиқди. Қувончдан кикирлаб яқинлашганди, у таҳдидли овоз чиқарди – гўё ёнидан даф бўлишини талаб қилди. Афтидан, у тухумларини қизғанарди. Ўзига бегона бўлиб кетган қандайдир ёш какликнинг уясига яқинлашишига тиш-тирноғи билан қаршилиги яққол сезилди. Кенжатой ҳайрон бўлиб турганида қаёқдандир Нар каклик пайдо бўлди. Ҳе йўқ-бе йўқ тепкилаб чўқий бошлади. Ноилож, бу ердан қочишга мажбур бўлди.
Кенжатой жуфт қидиришга негадир шошилмади. Гоҳ тўдада, кўпинча якка-ёлғиз улоқиб, кўп ўтмай яна уясига келиб қолди. Бу сафар Она каклик ҳам, Нари ҳам йўқ эди. Эҳтиёткорликни йўқотмай уяга яқинлашиб, тагида анчагина тухум борлигини кўрди. Қизиқсиниб тухумларни кўздан кечирди. Бирига бош урганди, тумшуғи ичига кириб кетди. Тили қандайдир шилимшиқ суюқлик таъмини сезди. Мазаси ёмон эмасдай. Бошини кўтариб атрофни тезгина назардан ўтказди-да, тухумнинг тешилган жойи­га яна тумшуғини тиқди. Бу сафар суюқликдан озгина сўриб ютганди, жуда мазали туюлди. Шунинг учун уни охиригача симирди. Пўчоғини четга улоқтириб иккинчи, учинчи тухумларни ҳам шу тарзда бўшатди. Нафси анча ором олиб, тезда бу атрофни тарк этди. Қилмиши ёмонлигини билганидан эмас, шунчаки эҳтиёткорлик юзасидан қочди.
Шу пайтгача териб еган қурт-қумурсқалар, ҳашаротларнинг бирортасидан бунчалик лаззатланмаганди у. Тухумнинг мазаси бутунлай бошқача туюлди. Шу унга мазахўрак бўлиб қолди. Уя эгасиз қоладиган пайтни пойлаб, ҳар куни икки-учта тухумни сўриб кетадиган бўлди. Бўшаган пўчоғини четроққа элтиб яширарди. Шўрлик Она каклик тухумлари камайиб кетаётганини аввалига сезмади. Савқитабиий уларнинг босадиган ҳисобга етмаганини ҳис қиларди, холос. Шу туфайли қолган тухумларни бирор соат босиб, устига янгисини туғиб кетаверди. Аммо тухумлари кўпайиш ўрнига тобора камайиб борди. Шундагина у ниманидир илғагандай бўлди. Кенжатой эҳтиёткорлик юзасиданми, тез-тез ўғринча бошқа уяларга ҳам тушарди. Мазали ва тўйимли овқатлар тездаёқ натижасини кўрсатди: кундан-кунга очилиб, кучга тўлиб борарди. Патларининг ранги атрофдаги қовжираётган ўтлар ва тошлардан унчалик фарқ қилмаса-да, ялтираброқ кўринади. Оёқ ва тумшуқларининг ранги одатдаги очроқ қизилдан тўқ қизилга айлангандай. Икки ёнидаги кўзларига туташ бошланган ва қорни орқали думигача чўзилган қора чизиқлар қуюқлашиб, ялтираб, чиройли кўриниш олди. У ўзи билан бирга дунёга келган тўпдаги энг чиройли ва кучли какликка айланганди. Бироқ…
Жинсдошлари билан тўқнашса, Кенжатой ҳар қандай кучли какликни ҳам тепиб ағдарар, чўқиса баданини тешиб юборар, икки-уч патини бирваракай юлиб оларди. Шунга қарамай, ишларини ўғринча бажарарди. Оломонга тушиб қолишдан ҳайиқарди, шекилли. Нимаям бўлиб ўзи ўсиб-унган уядаги охирги тухумни тешиб ичаётганида устига онаси учиб келди. У тухумларига ким қирон солганини билгач, ғазабдан баданидаги энг майда парларгача тик турди. Ўларига қарамай ҳамма қўрқадиган Кенжатойнинг тепасидан бургутдай босиб тушди. Кенжатой дафъатан бўйнининг бошига яқин жойидан қаттиқ чангаллаб ерга босган нарсанинг нима эканлигини билолмай қўрқиб қолди. Охирги ичган тухумининг бир қисми бурнидан келди.
Она каклик бамисоли қутуриб кетди. Нима қилаётганини билиб-билмай Кенжатойнинг ерга босилиб турган бошига қаради. Бурнидан оқиб чиққан тухум ҳидини туйгач, баттар жазаваси қўзиди. Қўрқувдан йилтираб турган чап кўзига кўзи тушгач, қаҳр билан бир чўқишда уни суғуриб олди.
Кенжатойнинг кўз олдида яшин чақнагандай бўлди-ю, шу лаҳзадаёқ бир томони зимистонга айланди-қолди. Кетидан қўзғалган кучли оғриққа чидолмай, бор кучини йиғиб, онасини устидан ағдариб юборди ва оёққа турди. Она каклик унинг ўзини ўнглаб олишига фурсат қолдирмай, қўш оёқлаб тепиб юборди. Бундай зарбни кутмаганидан, Кенжатой мувозанатини сақлаб қололмай, нишабликдан юмалаб кетди.
У тепкидан гандираклаб, қияликдан юмалаб тушган эса-да, бундан оғриқ сезмади. Ҳужум қўққисдан бўлмаганида онасини осонгина маҳв этарди. Аммо Она каклик бургутга айланиб кетгандай эди. Балки чек-чегарасиз алам туйғуси, ғазаб ва нафрат унга енгиб бўлмас кучни ато этгандир? Нима бўлганда ҳам Кенжатой бу сафар таъзирини еди. Чап кўзидан қон сизғиб, оғриғи тобора кучайиб борди. Чап кўзи билан ҳеч нарсани кўролмай қолди. Бунинг сабабини ҳали идрок этолмаса-да, бу ердан қочиб қолишни маъқул кўрди.
Она каклик ҳамон қутурарди: аламига чидолмай шу пайтгача қадрли макон бўлиб келган, энди ҳувуллаб турган уясини вайрон қилишга тушди. Атрофига терилган майда тошларни панжалари билан ҳар тарафга улоқтирди. Яхши кунларида ўзи ва жўжаларига юмшоқ, иссиқ тўшак бўлиб келган хас-хашакларни тит-пит қилиб юборгач, бу гўшани бир умрга тарк этди…
Ўйилган кўзи анчагача Кенжатойга азоб бериб юрди-ю, аста-секин яраси битиб кетди. Бир кўзлаб бўлса ҳам қийналмай, одатдаги тирикчилигини қилаверди: буталарнинг барра куртакларини узиб майдалаб ейди, турли уруғлар ва қурт-қумурсқалар билан озиқланади. Лозим бўлганида сувлоққа ёлғиз тушиб чиқади. Бу орада ўзига жуфт ҳам топиб олди. Биргалашиб қулай ва хавфсиз жойдан уя қуришди. Жуфти тухум қўя бошлагач, ҳар уч-тўрт кунда яширинча келиб, икки-учтасини сўриб кетаверди. Жуфти уядан безиб кетмаслиги учун бир-иккитасини қолдирарди.
Жуфти буни сезганми-йўқми, бир куни уясини ҳам, уни ҳам ташлаб, тўсатдан ғойиб бўлди. Кенжатой беминнатдек туюлган “ошхонаси”дан маҳрум бўлса-да, бундан кўпам азият чекмади. Атрофда тухумли уялар кўп, одатдагидек бошқа уяларни пойлай бошлади. Қайсидир макиён тухум қўйиб кетиши билан у етиб боради. Истаганича тухумни сўриб, пўчоғини четга улоқтиради-ю, қочади.
Вақт ўтгани сари Кенжатойнинг тирикчилиги қийинлашиб борди. Уни ўз тўпидагилар ўртага олиб, тепкилаб-чўқиб тўдадан ҳайдай бошладилар. Негадир бошқа тўдадагилар ҳам шундай қилдилар. Одатда каклик­лар қандайдир сабабга кўра ёлғиз қолган жинсдошларининг ўз тўдасига қўшилишларига монелик қилмайдилар. Энди бунинг тамоман акси юз бермоқда эди. Аммо у ўғринча тухумхўрлик қилишни тўхтатмади. Нима қилиб бўлса-да, бирор қаровсиз қолдирилган уяни топиб, ундаги тухумлардан керагича еб кетаверди…
Ёлғизликка бирор жонзотнинг узоқ чидаши қийин. Орадан қанчаям фурсат ўтгач, Кенжатойнинг ҳам бардоши тугади. У ҳеч бўлмаса ўзига жуфт топиш пайига тушди. Бақувват ва чиройли жуссасига қараб, унга майл билдирган макиёнлар ҳам бўлди. Аммо яқинига келиши билан таралаётган ғалати ва қўрқинчли ҳидни илғаб, қочиб қолишарди. Ундан келаётган ҳид ўз тухумларининг ҳиди эканлигини сезишарди, шекилли.
Баҳордан буён ичган-сўрган тухумларининг ҳиди терисидан ўтиб, патларигача уриб кетганди. Тўдадагилар шу туфайли уни ўзларига қўшмас, шу туфайли макиёнлар қўрқиб қочишарди. Бироқ бу ҳид ўзларидан қолиши керак бўлган зурриётларнинг ҳиди эканлигини ҳозирча какликларнинг ҳеч бири аниқ билмасди. Ўзидан ҳазм бўлиб кетган тухумларнинг ҳиди анқиётганини Кенжатой ҳам билмасди. Вақт ўтгани сари унинг қаровсиз қолдирилган уя топиши қийин бўлиб қолди. Энди какликлар уяларини нав­батма-навбат қўриқлайдиган бўлиб қолишди. Ниҳоят улар йиртқичлардан ҳам хатарлироқ душман пайдо бўлганини, пайқашди. Ўз наслига қирон солаётган душман жинсдошларидан эканлигини ҳам сезишди. Бошқа йиртқичлар ҳеч қачон бунчалик катта зарар беришолмаган.
Кенжатойнинг ўғирлик қилишига ҳеч қандай имконият қолмади. Шу туфайли вақтинча тийилиб турмоқчи бўлди. Аммо тездаёқ тухумнинг хумори тутиб, ўзини қўйгали жой тополмай қолди. Шундан кейин уяларга очиқчасига бостириб бораверишни одат қилди. Эгаларини тепиб-чўқиб қувлаб юборар, тухумлардан керагича сўриб-симириб кетарди. Энди пўчоқларини аввалгидай яшириб ҳам ўтирмасди.
Макиёнлар, айниқса ёшроқлари, тухум қўйиш учун уяларига боришдан безиллаб қолишди. Кенжатойнинг қачон ва қаёқдан келиб босқин ясашини ҳеч бири билмасди. Шу туфайли кўплари тоғ йиртқичларига емиш қилиб, тухумларини дуч келган жойга туғиб кетишарди. Бу какликлар учун ҳақиқий офат – насл йўқолиб боришининг бошланиши эди. Бунга жонзотларнинг ҳеч бири чидолмасди. Кутилганидек, какликларда ҳам ўзлигини ва ўз наслини сақлаб қолиш туйғуси уйғонди. Макиёнлари тугул, нарлари ҳам шу туйғудан жунбишга келишди ва босқинчи-ўғрининг йўлини пойлай бошлашди. Ораларида Кенжатойнинг аламзада ота-оналари ҳам бор эди. Какликлар орасида бошқачароқ ҳаракатлар юзага келаётганини Кенжатой сезди. Ўрталарига тушиш яхшилик келтирмаслигини ҳам ҳис қилди. Иложи борича эҳтиёт бўлиш ва тўдалардан узоқроқ юришга интилди. Тоғ-тошлар орасида мудом бекиниб, пусиб яшаш осон эмас.
Уни ёлғизликдан ҳам даҳшатлироқ қийнаётган нарса тухумнинг хумори эди. Еган тухумларининг мазасини туйганида беихтиёр оғзи сув очиб кетади. Шунда тўдага тушиб қолиш хавфини ҳам бир лаҳзага унутади. Учига чиққан кашандадай атрофига олазарак қаранади. Қаёққалигини аниқламай туриб, боши оққан тарафга йўрғалаб қолади.
Шундай хуружлардан бирида у тасодифан онаси ётган янги уяга рўпара келиб қолди. Бир кўзининг йўқлиги панд бердими ё яқингинасида янги, илиқ ва мазали тухум борлигини ҳис қилибми, ҳушёрлигини йўқотди. Ўлжага муштоқлиги жазавага туширганидан, чап тарафидаги буталар орасида бир тўп каклик соялаб ётганини мутлақо пайқамади.
Ҳарислик билан онасига ташланиб, ҳайдаб юбориш учун чўқишга тушди. Она каклик тажрибали эди. Бундай ҳужумларни вақтинчага бўлса-да, даф қилишни биларди. Оёққа турди-ю, бироқ ўзини вазмин тутиб пайт пойлади. Чўқишларга дош бериб, ҳимояланаётгандай бошини олиб қочди.
Ўнқови келгани заҳоти ўнг панжаси билан Кенжатойнинг бўйнидан омбурдай қисиб ерга босди. Бу орада тўпдагилар ёрдамга етиб келишди. Уни ҳар тарафдан ўраб, тепкилаб-чўқиб патларини юла бошлашди. Нар как­лик – отаси ҳаял ўткизмай жуфтининг панжаси ёнида мунчоқдай йилтираб кўринаётган иккинчи кўзини ўйиб олди. Олам ўша лаҳзадаёқ Кенжатой учун зулмат қаърига шўнғиди. Дафъатан у нима бўлганини билолмай қолди. Кўзидаги чидаб бўлмас оғриқ миясига буров солгач, бор кучини жамлаб, онасининг панжасидан қутулишга ҳаракат қилди: ўткир тирноқларини ишга солиб, онасининг жиғилдони билан кўксининг терисини йиртиб юборди. Бир тирноғи тўшининг юқорисидан ичига ҳам кириб кетди. Шундан кейингина онанинг чангали бўшашиб, Кенжатойнинг бўйнини қўйиб юборди.
Бирдан зимистонга айланган бу қоронғи дунёда нима қилиб бўлса-да, жон сақлаб қолиш туйғуси Кенжатойни орқага – зов томонга қочишга ундади. Зов келган тарафидалигини эслаб қолганидан, чамалаб ўша томонга югурди. Ҳар томонидан тушаётган тепкилардан кўра баданига жуволдиздай ботаётган, ўйиб олаётган, пару патларини аёвсиз юлаётган чўқишларнинг оғриғига чидаши қийин бўлаётганди. Аммо барига чидаб, йўлида тасодифан рўпара келган жинсдошларини гавдаси билан уриб, ағдариб, чамасидаги жойга етганини сезди. Бор кучини оёқларига бериб сакради ва зовдан қиялаб, шиддат билан калла ташлади.
Какликларнинг бир нуқсони – турган жойларидан на тик ва на қиялаб ҳавога кўтарила олмаслигида. Аввалига, албатта, пастга сакраши, қанотларини силкитиб мувофиқроқ ҳаво оқимига тушиб олиши, шундан кейингина мўлжалидаги жойга кўтарилиб учиши мумкин.
Шиддат билан пастга шўнғиётиб, кўтарилиб олишига қулай ҳаво оқимига дуч келганини Кенжатой сезди ва баландга кўтарилди. Аммо қанотларидаги сийраклашган патлар ҳавони яхши тутолмаганидан керагича кўтарила олмади. Толиқиб ҳолдан кета бошлагач, озроқ пастга шўнғиди. Кўзлари ҳеч нарсани кўра олмаётгани унга энди таъсир қилди. Чинакамига қўрқиб кетди. Бор кучини йиғиб яна кўтарилди.
Атроф тошдай қоронғи. Аъзои бадани сирқираб оғрийди. Ўнг кўзи ва терисининг жароҳатланган жойларидан қон сизғийди. Зўриқиш натижасида терлади ҳам. Аммо атрофини қуршаган зулмат аро қаёққа учишини, нима қилишини билолмай қолди. Ноаниқ парвозлар натижасида йўналишдан ҳам адашди…
Кенжатойни ўраган бу галги зулмат ёруғ дунёга келиши арафасидагига асло ўхшамасди. Униси роҳатбахш ва фароғатли эди. Ундаги осудалик ва сокинлик танасига қувват индирарди. Вужудини ўраб турган парда ва сиртидаги қаттиқ қобиқ гўё ўзига хос бешик эди. Онаси тухумларни аралаштираётган пайтларида бамисоли тебратаётгандай роҳат олиб, дақиқа сайин ўсиб-унарди. Бу сафаргиси ундан кескин фарқ қилади: аъзои баданини исканжага олаётган азоб ва оғриқ дақиқа сайин кучайиб, уни ҳолдан кеткизмоқда эди. Сония сайин ўлимга яқинлаштираётган бу зулмат аслида онасининг тухумини биринчи марта ўғирлаб еган пайтидан бошланганини у билмасди…
Шу атрофда дайдиб юрган оч тулки Кенжатойнинг телба-тескари учаётганини кўриб қолди. Бу учишда каклик узоққа боролмаслигини пайқади ва у қулаши мумкин бўлган жойни чамалаб югурди. Оқибат кутганидай бўлиб чиқди. Дармони қуриган Кенжатой қанотларини тўлиқ йиғишга ҳам ярамай пастга шўнғиди. Унчалик баланд бўлмаган бодом дарахтининг шохларига урилиб, қияликдан сой тарафга юмалаб кетди. Сабр билан шуни кутиб турган тулки югуриб бориб, қанотларини зўрға қимирлатаётган Кенжатойнинг бўйнидан ғарчча тишлади ва кўтариб, бегона кўзлардан панароқ жой қидириб кетди.
Бу пайтда ўзининг боласидан ўнгланмас жароҳат олган Она каклик жон бермоқда эди. Унинг йиртилган жиғилдонидан еган-ичганлари ағдарилиб тушган, кўксидан сизғиб қон оқмоқда эди. Тепасида Нар каклик мўлтираб ўтирарди. Бошқалари зов четида тизилишиб, Кенжатойнинг пала-партиш ҳаракатларини кузатишмоқда эди: пастга қулагани, бодом шохларига урилиб юмалаб кетгани ва оч тулкининг ғарчча тишлаб олиб кетганини кўришди. Бир марта, атиги бир мартагина илтижога ўхшаш “ки-ир-рк” деган аянчли товуш чиқарганини ҳам эшитишди. Лекин бирортасида на безовталик ва на қўрқув ҳисси пайдо бўлди. Қайтага натижа шундай тугаганидан енгиллик туйгандай бўлишди. Бамайлихотир ортларига қайтиб, жон бераётган Она какликни ўраб олишди. Бугун Она каклик наслларининг кушандасини ўлимга маҳкум этиб, буюк ишни амалга оширганди…
Она каклик жон таслим қилди. Уни ўраб турган тўда ғамга ботгандай мўлтираб, бир оз вақт сас-садосиз туриб қолди. Кейин аста-секин ҳар тарафга тарқала бошлашди. Охирида жуфтининг жасадини тақдир ҳукмига топшириб, Нар каклик ҳам кетди. Ҳаётнинг азалий ва абадий қонунлари оғишмай ўз ишини бажармоқда эди. Унинг бугунги аёвсиз ҳукмларидан бири шу бўлди.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2015 йил, 3-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!