Собир Ўнар. Сариштали одамлар (ҳикоя)

Муртоз ака – акамнинг ошнаси бўлса ҳам менга кўпроқ ёвуқми – баъзан билмай қоламан: акам билан синфдош бўлгани билан менга кўнгилсозлиги бор. Бунинг сабаби менга ноаён десам, катта гапирган, балки олифталик қилган бўламан. Чунки Муртоз ака қишлоқда туғилиб вояга етгани билан чўл ҳудудда, қисқаси, Жиззахнинг ҳам қақраган бир чеккасида яшади. Қаттиқ ишлар эди. Аммо доим ўзига тоза, ўзига пишиқ, бирор ножўя иш қилмас эди. “Честний Муртоз” деган лақаб ўз одамлари томонидан тўқиб ёпиштирилган эди. Касаба уюшмаси бошлиғи, ҳисоб-китоб ишлари бўйича директор ўринбосари, бош бухгалтер, йўқ, директор бўлмаган, шу-у, шу бош бухгалтерлиги энг катта вазифаси эди. Кўпни меҳмон қилди. Кўп билан улфат бўлди, “честний”лиги сабаб ҳужжатларидан бирор катта ишкал чиқмади, вой, бў-ў, бошқа кўпларнинг уйи куйди, “нарёққа”, ҳа, ундан ҳам “нарёқларга” бориб таъзирини еб, емаган сомсага пул тўлаганлар қанча бўлди.
Муртоз ака вақтида этагини йиғиштирди. Ҳа, ўз вақтида. Ўзи чўл деган жойда нон тугаб бўлган эди. Қишлоқ хўжалиги, айниқса, суғориш тизимлари бирин-кетин издан чиқиб бўлаёзган, аҳвол ўнгланиш ўрнига ёмонлашаётувди. Йигит қўлини ювиб қўлтиғига урди. Тўрт қизи бор эди, бешинчи қизи ва ниҳоят, олтинчиси – ўғли Тошкентда туғилди.
Шаҳарда суянган одамлари бўлган, албатта. Гоҳо сизга кўп суянганман деса, бу менга ортиқча кўпиртираётгандай, “пахта қўяётган”дай туюлиб кетади-да, қўйинг ака, бўларини айтинг, деб чалғитаман.
Ака дилкаш, покиза инсон. Ўзи ҳам, юзи ҳам, кўзи ҳам, кийими ҳам – ҳамма нарсаси тоза, чиройли. Шунақа одамларни кўрганмисиз? Ўша – эслаганингиз: Чехов айтганидай-да.
Акамга синфдош бўлатуриб мен билан ошночилик қилишининг сабаблари бор. Мени пойтахтга келиб, бировга ўлигини ташламай, ўмганини кўтариб юрганлардан, бировнинг олдида тили қисиқ эмас, етарли обрўйи бор деб ўйлайди. Ўзи, масалан, шунақа одам. Боринг, ана, камина ҳам шундайдирман. Лекин бор-йўқ хислатларингни тилга олаверса, шаҳарга шу одамларга суяниб келганман-да, деяверса, одамга анча малол келади.
Ака, қўйинг, вақти-соати бўлади, ўшанда башарамга қараб роса мақтайсиз, дейман. Лекин бир ҳисоби, мақтов ёқиб ҳам туради. Худбинликка йўймасангиз, шу жиҳатиниям айтиб ўтганим маъқул.
Сирғалининг бир чеккасидан уч хонали уй олганида, уй тўйи қилганида кўпчилигимиз борганмиз, меҳмони бўлганмиз. Иши ўзгарди, уйлари кенгайди, кўпайди. Бу ҳам эмас, одамнинг иқболи – фарзандлари, хусусан, қизлари туфайли кулиши мумкин экан. Мен буни Муртоз ака мисолида кўрдим.
Беш қизи бор, ўша куни тўртинчи қизига совчи келадиган бўлди. Ўзининг айтишича, қуда жуда катта жойда, зўр вазифада ишлайди. “Узр, ҳозирча сизга ҳам сир тутаман”, худди шундай деди. Гарчи қизиқсанг ҳам аввалдан гапни айлантираверса, ҳа, дейсан-да.
Биринчи қизи ўзининг жўрасига келин бўлди. Кимлардир ҳа энди қишлоққа тушса шундай “камтаргина” тўй қилингани тузук деб кулиш қилишган. Қизи ўқиганлигига яраша унча-мунча дўстларини ҳам кулмасин, деб қишлоқдаги базмга чорламаган ва табиийки, келин ортиқча даҳмазасиз уйидан оқ “Нексия”га ўтқизиб опкетилган. Ишонасизми, уч йилда икки ўғил невара кўрди. Куёви ҳам шаҳарга келиб тузук иш топиб олди. Ҳадемай қайнотасининг ёнидан ўзи уй олиб жойлашди.
Катта қизи Шоиранинг баъзи дугоналари ҳали ҳам бахтини топмаган. Шоирадан беш-олти йил бурун шаҳарга кўчиб келган, демакки, “вотти-вотти” дейишга кўпроқ ҳақи бўлган “Пари” – унинг асли исмини биров атамайди – институтдалигидаёқ Тош Раҳмон деган эстрада қўшиқчисига иккинчи ё учинчи хотин бўлиб тегиб олган, мана шуни катта мартаба билиб, бошқаларни назар-писанд қилмай юрар эди.
Ота-онасининг уйидан тўй бўлиб чиқмаслик уят. Бунинг иснодини ўзбек билади. Қиз боланинг иши оғир савдо. Қўшиқчига теккан Парининг ортида анча гап бор эди. Қўшиқчининг Рухсорбек исмли ўғли борлигини ҳам қўшнилар ва қариндошлар билишди. Андижонда эмиш, ҳовли-жойи тузук эмиш. Тағин янги гап чиқди: Пари ота уйидан “пок қиз” бўлиб узатилмаётганмиш. Эри Тош Раҳмон икки юз долларга бир талаба “куёв” топибди. “Қиз”ни уйидан расм-русумини қилиб, никоҳ ўқитиб, тўғри Андижондаги Тошвойнинг ҳовлисига туширишибди. Бу ёқдаги “қиз базм”да Тошвойнинг шахсан ўзи “келин-куёв”га бахт тилаб, ўнта қўшиқ айтибди, қизнинг “ўртоқлари” тўйда обдон эшилиб-буралиб ўйнаган. Тўйдан кейин “куёв” мартабадан тушиб, секин либосларини ечиб, узр сўраб, кўчага чиқиб такси тутаётганмиш…
Хўжакўрсин тўйнинг бу хил сирларини асли билмаган одам қолдими? Гап ерда ётармиди? Пари Шоирага ҳам таклифнома бериб келган. Лекин борсанг тўй ваҳимасини кўриб изза бўлиб келасан, деган. Шоира тўйга бормаса ҳам тафсилотини эшитди. Энди… одам зоти ҳалол ишлар қилиши керак-да. Бу кўзбўямачилик кимга керак?
Иккинчи қизи Тошкентга, учинчиси Бухорога, тўртинчиси Фарғонага келин бўлди. Аммо кечагина қишлоқда яшаб юриб, бу-унча жойлар билан қуда-анда бўламан деб ўйламаган аканинг боши гаранг эди. Қизиғи шундаки, барча қизлари бахтли, куёвларининг ҳаммаси у одамни, қизларига ўхшаб “адажон!” дейишарди. Қишлоқ одамига бирда эриш эшитилиб, қулоғининг қитиғи келса-да, бора-бора мослашиб қоларкан.
“Ука, ҳали кўраверасиз, қизнинг бахтдан тингани зўр бўларкан. Устингиздан тоғ ағдарилади, тоғ! Мана, учта тоғ ағдарилди устимдан. Тўртинчиси, мана ҳаммасидан ошиб тушди. Ҳей, ука, фалон жойда ишлайди, ҳув анов ерда!” (деб осмоннинг ҳам нарёғини кўрсатади, куёвнинг хусусий банки бор эмиш – э, қуданинг мол-мулкини бошқаришга бир банк керак эмиш-да, тўғриям-да).
Сўнг:
– Билдингиз-а? – дейди ўсмоқчилаб.
– Ҳа, билдим, – дейман ҳеч нарсани тушунмасам ҳам.
– Кейин, тўйдан кейин биласиз, ўзи ёнида кимлар келганидан ҳам тасаввур қилаверасиз.
Ҳа, фотиҳа куни ёнида кимлар бўлди, дерсиз. Фалон эшон, фистон судур, авлиёси йўқ, валлоҳи аълам, лекин, қизиқ, маърака охиригача қуда кимлигини сезмабмиз. Бир кичкина одам, уям икки киши – ака-укалар эмиш, фарқиниям ажратолмадим, ташқарига чиққанларида бири чўнтагидан иккита конверт олди, конвертнинг бирини унисига узатди, униси қудага узатиб юборди-да, дарҳол дуога қўл очиб “тўй бўлсин!” деб қўяқолишди. “Сут пули”дир деб қўяқолдим. Бироқ…
Кечқурун Муртоз ака юраги ёрилиб телефон қилаётир:
– Э, ука, нега кетиб қолдингиз, жуда зўр янгиликлар бор бу ёқда, тез етиб келинг!
Борсам, ака бир литрлик ароқни столга қўйган, ёнида икки куёви, ўзидан-ўзи тутаб, ўзидан-ўзи ёниб ётибди.
– Энди дўстим, қизларимнинг ҳаммаси бахтли бўлди ҳисоб, Худога минг қатла шукр, миллион марта шукр! Мана, куёвларим ёнимда, дада, тўйга, ошга бир сўм сарфламайсиз, уч куёв сюрприз қиламиз деяпти, э, ука, буни сиз тасаввур қилинг-да. Ҳой, Бек, акангга бир тўлдириб қуй, ҳа, тўлдириб, тўл-ди-риб! Маладес, индаманг, кўтаринг! Яна битта!..
Бу жараёнлардан ҳам ўтиб бўлгач, ака кўзлари аланг-жаланг, қабатимга обдон яқинлашиб келди, тумшуғи ҳам тумшуғимга деярли тегиб турарди.
– Базм уники, ош – “пап”, майда-чуйда, мебель, сават, тоғора – ҳеч нарса керак эмас экан. Бунисиям майли, қанча тўёна қилганини сўранг…
Кимдир орқасидан туртдими, чимчиладими, кўзлари бир қур ҳушёр олайиб кетди. Хотини ё қизи телефонга чақираётганини айтди.
– Ҳозир, ҳозир… – дея русчалаб енгил сўкинди ака.
Камина билан ҳасратлашмоқчи эди-ю, булар белига тепишди: нега ахир, кимгадир яхши гапингни ҳам айтсанг, қувончингни бўлишсанг бўлади-ку.
– Ука, буёғи вообще беш…
– Ҳа, тушундим, беш…
– Ука, ундан кўп… бешдан ҳам кўп!
– Қойил, барака топсин, бунинг ҳаммасини нима қиласиз, тавба, қиз сотиб бойиётган одамни биринчи кўришим…
– Ҳали, ука. Ҳаммаси “во” бўлади!..
Ака “телефонга” кетди ва… шу билан қайтиб келмади – кайфи ошиб қопти. Ҳар қалай, шундай хабар келса ишонасан-да одам…
Уйнинг, айниқса, устоз Омон Мухтор айтгани каби “аёллар салтанатининг” ўз сиру асрори бўлади. Уни биров билиб қолса маза қилмайди. Мен буни тўғри тушунаман, шу боис вазиятни пайқаган маданиятли одам сифатида уйга қайтдим. Балки беш, балки ўн мингдир, ҳар қалай акага яхши бўпти, тўй харажати кам ё йўқ, куёвлари ошни кўтараётган бўлса, демак, анча енгиллик деб ўйладим. Ҳавасим келди.
Ота-она, айниқса, қизига ҳар қандай шароитда обрўйим тушмасин деб юрак ҳовучлаб тўй қилади, борган жойида тош қотсин, бахтини топсин, бори нияти – шу.
Ака барибир кимгадир ёрилгиси келган. Мендан бошқа бирор сирдош тополмаганми, ишқилиб икки кун ўтгач, кечки нонуштага чорлаб ёрилди:
– Ўн минг берибди!
– Кўкидами?
– Ҳа-да!
– Йўғ-э?
– Ҳеч кутмаган эдим, қизиқ бўлди, – деб бош қашлади.
– Тоза ниятда берса – берибди-да. Бити тўкилсин дебди-да.
– Майли-ку, отасига раҳмат-ку, лекин бу сабил қолгур… кўп-да, жуда кўп. Қудалар одатда у кам, бу кам деб талашиб, ёзғириб, нима қилишини билмай ётишади, буёғи неча пулдан тушди энди?
– Мендан сўраяпсизми?
– Энди, ёш бўлсангиз ҳам, ука, кўпни кўргансиз, шаҳарга аввал келгансиз, менинг бўйнимда қолиб кетмасин дейман-да.
– Қизингизга каттароқ сеп қилиб юборсангиз-чи?
– Сепни сира гапиртирмаяпти-да қудамиз. Ўзлари ясатиб-тузатиб қўйибди, ҳеч нарса опкелманглар деяпти.
– Битта йўли бор, – дедим.
– Қанақа-қанақа? – дея кўзлари олайиб кетди аканинг.
– Ярмини бизга чўзасиз, сенгаям юқсин деганингиз бўлади.
– Об-бо, нима гап экан дебман. Лекин жиддий гап: ҳақиқатан ўйланиб қолдим.
– Ўйланманг, одамлар йўқликдан, етишмовчиликдан зорланади, сизники енгил, кўзни юмиб ўзингизга ишлатаверинг.
Шундай қилиш мумкинлигини ака менсиз ҳам билади, бироқ жўяли маслаҳат чиқиб қоладими, деб ўйлаган.
Тўйга Эрали-Шерали, Юлдуз-Пулдуз, яна аллақанча манаман деган хонандалар келиб қўшиқ айтди. Улай-булай тўй бўлмади. Анов-манов деганларнинг оғзи ғордай очилиб қолди. Бошқа даҳмазаларини айтиб ўтирмайман.
Одам обрў олса, обрўни агар тўйдан олса, қуда бир қоп, ўн қоп семириб кетади. Аммо, ўлай агар, майдагина, жиккаккина бир одамча, кўрсанг ургинг келади, тузукроқ, маънилироқ гап ҳам эшитмайсан оғзидан, бўлган-тургани шу: бегуноҳ, безиён бир одам. Бўйи ҳам пакана. Гаплашиб ичинг илимайди. Шу одамчага Худо сўраганини осмондан ёғдириб ташлайди.
Бу дунёда Вақт деган энг катта ҳукмдор бор. Унинг қиличи ҳамманикидан кескир. Ўзганни тўздириб, тўзганни оздириб қўядиган ҳам жаноби Вақтдир. У оловни сўндириб, севгини оловлантиради, жонлини жонсиз, жонсизни жонли қила олади.
Бинобарин одам бир тўй деб йиллаб ҳаяжонланиб юрмайди: бошқа ташвишлар қанча?! Муртоз ака ҳам аввалги ўртанишлар ўтиб, табиий ҳаёт ўзанига тушиб олди. Қизи бахтини топди, ўрганишли келин бўлди. У ота уйга неча бор меҳмон бўлди. Бир гал у куёвининг гапини эслабди. “Отам ўшанда бошқа конвертни бериб юборган, бошлиғига бермоқчи бўлгани буёққа кетиб қолган, лекин отам бу гапни эслагиси келмайди”.
Бугуннинг одами тушунган одам. Бойлари ундан ҳам маданиятли. Муртоз ака ундан ҳам ўтиб тушган. Шу боис қудаси уч қаватли ҳовли қуриб уй тўйига айтганида, белни маҳкам боғлаб бориб қудасига конверт узатган.
Унда неча пул бўлганини янгам ва ўзи билади. Хабари бизгача келгани йўқ.
Қандай сариштали одамлар-а!

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 5-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!