Шукуржон Исломов. Оғиримиз енгил бўляпти (ҳажвия)

Баъзан ҳар хил одамларнинг нолишини эшитиб қоламиз: ҳаёт оғирлашиб кетяпти, кун кечириш оғир, ҳаммаси оғир… Бекор гап. Менимча ҳаёт оғирлашиб эмас, аксинча, енгиллашиб кетяпти. Ҳа, енгиллашяпти. “Бўлмаган гап”, дейсизми? Хўш, айтингчи, ҳаётимизда нарса-буюмлар алоҳида ўрин тутадими? Келинг, шундан гаплашайлик.
Оддий мисол: ҳў аввалги замондаги машиналарни эсланг, “Волга Газ 21”, “Победа”. Ёки  юк машиналари, қанақа оғир эди, неча тонналаб юк босарди? Эшигининг ёпилиши оғирлигини айтмайсизми? Қарс этади – ёпилмайди, тарс этиб бор куч билан урасиз. Энди шу машиналарни “Тико” ё “Дамас” билан солиштиринг. Тико жонивор 500 кг ҳам чиқмайди. Эшигини сал туртиб юборсангиз қирс этиб ёпилади-қолади. Сал бақувватроқ одам кўрсаткич бармоғи билан ёпгани маъқул, акс ҳолда… э, борингки, енгил-да. Тормози ишламай қолса, оёғингизни эшикдан чиқариб тўхтата қоласиз.
Хў-ўш, энди уйга кирайлик. Уйда нима бор: шкаф, жавон, диван, стол-стул, каравот. Илгариги мебелсозлар бари Турғуневнинг Герасимидек бақувват бўлганми, нима бало, ясаган битта шкафини оғирлигидан олти киши зўрға кўтарарди. Диванни-ку уйга қўясиз – тамом, жойиниям ўзгартирмайсиз, кўтаргани маҳаллани чақириб зарур келибдими? Бугун-чи? Тасаввур қилинг: тўйдан уч-тўрт кун олдин  келиннинг мебели куёвникига юк машинада юборилди. Аксига олиб куёвникида эркаклар тўй ташвиши билан қаёққадир чиқиб кетган. Ана шунда куёвнинг опаси диванни, синглиси трюмони шартта кўтариб, машинадан тушириб, уйга олиб кириб қўйишади. Чунки ўша матоҳлар енгил-да.
Кеча, томда телевизорнинг антеннаси шамолда қийшайган экан, шуни тўғрилаётгандим, кўчада қўшнимизнинг энди мактабга кирган  ўғли бир қўлтиғида магнитофон, иккинчи қўлтиғида телевизор кўтариб чопқиллаб кетаётган экан. Бола қоқиниб тушса, шунча пуллик нарсалар синади, дедиму:
-Ҳой, Аҳмадқул, -деб бақирдим. –Секинроқ юр, қўлингдагини ту-ширворма.
Бола менга бир қараб чап қўлтиғидагини ўнг қўлига олди-да, енги билан бурнини бир артиб йўлида давом этди. Э, қойил. Илгариги телевизорларни кўтаргунча белинг майишиб кетарди. Ҳозиргиларини икки бармоғингда кўтариб, “ичида бирор нарсаси борми ўзи?”  деб қўясан.
Имтиҳонларни айтмайсизми? Барака топишсин уяли телефонларни ўйлаб чиқарганлар. Имтиҳон топшириш бирам енгиллашдики! Илгариги имтиҳонларнинг оғирлигини эсламай қўя қолайлик – юзлаб ўқитувчилар, абитуриентлар неча кунлаб овора. Ҳозир уч соатда тест топшириш енгиллигини ҳамма бот-бот такрорлаяпти. Имтиҳон енгиллигидан ҳамма эплаяпти, улгуряпти барчасига. Айниқса, чўнтаги енгиллашиб қолган домлаларни калласида билими сал енгилроқ болаларнинг  оталари қўллаб юборганлари кўп учрайди. Ҳар икки томон ҳам бир енгил тортиб олади ўшанда.
Мана “Шарқ юлдузи” журналини олайлик. Ёки “Ёшлик”ни, ё “Муштум”ни. Илгари неча саҳифа бўлган? Ҳажми қанча-ю, оғирлиги қанча бўлган? Тиражини ҳар бир сонининг оғирлигига кўпайтириб кўринг-чи, неча тонна чиқаркан? Филлар карвониям бунақа қоғоз юкнинг оғирлигини кўтаролмай шалпайиб қоларди. Ҳозир “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”лар миттигина бўпқолган. Ҳам бўйига, ҳам энига, ҳам қалинлигига қисқаришган. Енгилгина. (Баъзилари енгиллашиб-энгиллашиб кўринмай кетди.) Нашрнинг ҳамма сонини тўпласангиз битта эшак кўрдим демай кўтариб кетади. Э,  айтгандай, китобларни унутибмиз-ку! Авваллари қаттиқ жилдли “Тўла асарлар тўплами” деганлари бор эдики, битта китоб билан нозикроқ  одамни бир уриб ўлдирса бўларди. Ҳозир ана бозор четида  раскладушкалардаги китобларни кўринг, кўзингиз қувнайди. Шабада эсса, учиб кетмасин, деб тошча бостириб қўйиб жуда тўғри қилишади.
Бир ҳазми оғир мақолалар босиларди-эй ўша пайтларда. Бадиий асарларни ўқиш оғирлигини айтмайсизми? Йигит ва қиз учрашиб олгунича юрагинг сиқилиб кетади ўқиб. Ҳозир унақа эмас. Ҳазми оғир газеталар ўрнини енгил нашрлар эгаллаган. Ҳар бирида тўрттадан кроссворд, уларни ечиш бирам енгилки. Мана қаранг: “Эчкининг эри”, “Оналар қўшиғи”, “Машинасозлар шаҳри”, “Ўзбекистоннинг пойтахти”. Ҳам билимни чархлайсиз, ҳам олам-олам завқ оласиз. Ҳазми оғир бадиий асарларни ҳеч ким бугун ўқимайди. Ўрнига енгил-энгил ҳикоялар ёки ҳикоясимонлар ёзиляпти. Йигит ва қиз ҳам бирпасда топишиб қолишади, чунки уларнинг оёқлари енгил-да. Муаллиф ҳам ўқувчига енгиллик яратиш мақсадида бўлса керак, биров бировга айтишга уяладиган жараёнларни ҳам икир-чикиригача ёритади. Енгиллик яратиш бўлса шунчалик бўлар.
Айниқса кино ишлаш енгиллашганини айтмасак бўлмас. Замонавий аппаратураларни қўя турайлик, кино ишлаш тезлиги борасида фақат Ҳиндистонга етолмаяпмиз. Ҳиндистон бир кунда иккита кино ишларкан, биз уч кунда битта ишлаймиз. Киноларимизнинг мазмуни унча оғирмас – бир марта кўрсангиз  етади.
Ҳай-ҳай, бизнинг қўшиқчиларимиз! “Енгил-элпи” қўшиқлар деб танбеҳ беришади-ю, лекин бу унчалик ёмон гапмас. Бўлмаса, айтинг-чи, нима учун классик ашулаларни “катта ашула” дейишади? Катта нарса оғир бўлади-да. “Оғир”и бўлдими, “энгил”иям бўлиши керак. Қўшиқчиларимиз ҳам саҳнада дам уёқда, дам буёқда пайдо бўлишади, оёқлари енгил-да. Ўша оёғи енгил хонанда қизларимиз саҳнага қишдаям бир енгил кийиниб чиқишадики..
Ҳали кў-ўп гапирсак бўлади-ку тўхтата қолайлик.
Кўрдингизми, бугун енгил нарсалар кўпмикан ё оғирими? Ҳаммаси оғирлашиб кетяптими ёки енгил тортяптими? Тобора енгил тортяпмиз-ку ахир.