Шукуржон Исломов. Фойдали маслаҳатлар (ҳажвия)

Баъзан сизда ҳам бўладими шунақа ҳолат: гўёки айнан бир воқеа аввал ҳам бошингиздан ўтгандай туюлади. Масалан, ошхонада газни ўчирдингиз, шу пайт бурчакдан сичқон югуриб ўтди ва айнан ҳозир қўшнининг боласи гугурт сўраб чиқади. Шунақа ҳолатда энди нима рўй беришини элас-элас тахмин қилиб турасиз ва … тўғри чиқади. Тағин мени экстремист, э, йўғе, экстрасенс деб ўйламанг. Кўпчилик қатори ойликни ойликка учма-уч тақаб етказиб юрувчи оддий олий маълумотли мутахассисман холос.
Эрталаб нонушта пайтида аям гапириб қолди:
– Лимон олиб келгин. Давлениям ошяпти.
Демак биттамас икки-учта лимон. Кейин хотиним:
– Тухум олиб келиш эсингиздан чиқмасин. Бу жуда тухумга ўч бўлган, – деб тўрт яшар ўғлимни кўрсатди. – Қизчамизга бўлса сут.
Ҳа айтгандек бир яшар қизчамиз бор. Уч тўртта сўзни айта олади. Пастда иккита, юқорида тўрттагина тишчаси бор. Ҳамма дастурхонга “омин” қилса, у ҳам қўлини юзига суртади. Ҳамма кулганда, ҳеч нарсага тушунмаса хам қийқириб кулади.
Ишга жўнадим. Ойликкача бир ҳафта бор. Битта ўртачароқ лимонни иккита ноннинг пулига беради. Агар ишхонада “обед” қилмасам тежалган пулга учта лимон ва иккита тухум олишим мумкин.. Лекин сутга пул қолмайди. Хўш, агар сут олсам-чи. Унда аям билан ўғлимга ҳеч нарса ололмайман. Битта лимон, иккита тухуму яна озгина сут… бачкана бозорлик. Лимонни-ку доналаб сотади, тухумниям икки дона олармиз, аммо сутни банкага қуйиб оламанми ё баклажкагами? Озгина нарсани-я.
Шунақа ўйлар билан кунни кеч қилдим. Обед пулини навбатдаги йиғди-йиғдига тўлаб юбордик. Уйга қайтяпман автобусда, хаёлимда лимон, тухум, сут. Ие, анави дискнинг устига лимон расми туширирлган экан-да. Қаёққа қарасам МТС рекламасида оппоқ каттагина тухумнинг расми. Кўчада уй оқлаётган бўёқчилар пақиридаги суюқлик худди қаймоғи олинмаган қуюққина сутга ўхшайди…. Лимон ҳмм, сариқ бўлади, тухум билан сут оқ… биттаси ўсимлик маҳсулоти, иккитаси ҳайвон маҳсулоти… Шулар менга керак…
Уйга ҳалиги нарсалар ўрнига “эртага” деган ваъдани кўтариб бордим. Кутишади-да энди сал кейинроқ бўлади. Мени ўқитган, қуруқ арзимас ойликли ишхонага жойлаган дадам ва аямнинг ўзлари ахир. Хотинимда ҳам айб бор. Биров бировни “илоё кунинг ойликнинг ўзига қолсин”, деб қарғайдиган пайтда шу қарғишга нишон бўлган – менга тегаб нима бор эди… Аммо барибир лимон, тухум ва сут сотиб олганимда зўр иш бўларди-да…
Шу ўйлар билан уйқуга ётдим. Аммо барибир хаёлда…
Эрталаб, биласиз, телевизорда “саломалайкум” деган нарса кўрсатилади. Биз ҳар куни эрталаб нонушта пайти шуни оилавий кўриб ўтирамиз. Қўшиқлар, янгиликлар, турли қизиқарли маълумотлар берилади. Аввал ваҳимали ҳабарлар эшиттирилгандан сўнг бир чиройли қиз чиройли машинанинг рулида ўтирганча шу машина тўғрисида гапирди. Талабалар ўқишга шу машинада боришни афзал кўришаркан. Вақтни тежаркан, бу тежалган вақтни кутубхонада илм олишга сарфлаш мумкин экан. Ундан сўнг эса маслаҳатлар саҳифаси бошланиб экранда дўмбоққина бека намоён бўлди. Қўлида қийматахта ва лимо-он, ўҳ ана.
– Азиз уй бекалари. Биз ҳозир сизларга сабзавот ва гўшт тўғраш тахтачасини тозалашнинг осон усулини ўргатамиз. Маълумки унда маҳсулотни тўғраганингизда қолдиғи қолади ва уни кетказиш осон иш эмас. Ундан нохуш ҳид келиши ҳам мумкин.
Мен шу пайт қўшнимизнинг бепарвороқ бир келинини эсладим. Тахтачасини кўриб, икки кун илгари қанақа овқат қилганини аниқласа бўлар эди.Экрандаги бека бўлса лимонни шарт кесиб иккига бўлди.
– Сиз бунинг учун бир дона лимонни кесасиз-да, шу билан тахтачани тозалайсиз, – деб тахтачага ишқаб кетди-я.
Эссиз лимон, дедим.
Шунда хаёлимга ярқ этиб ҳозир тухум билан сутни кўрсатмасмикан, деган фикр келди.
– Мана тахтачамиз ярқираб турибди,- дея экранга тиқиштирди тахтачани. Энди иккинчи маслахатга навбат.
– Туфлингиз кир бўлиб қолдими? У аввалги жилосини йўқотдими? Қанча тозаламанг илгаригидек ялтирамаётирми? Ғам еманг, ҳозир пояфзалингизни тозалашнинг ўзига хос йўлини ўргатамиз.
Шунда экранда тухум ва сут кўринди.
Эҳ, ана айтмадимми!..
– Энг аввало битта тухум оласиз, уни чақиб сут билан аралаштирасиз. Ҳосил бўлган аралашмага тоза салфеткани теккизиб шу ёрдамида пояфзални тозалайсиз.
Энди билдингизми?
– Қарабсизки, у аввалги жилосини тиклаб, яна янгидай бўлади-қолади…
Нонни чой билан еб ўтирган дадам менинг ўйларимни сезиб ўтирибди шекилли:
– Қўявер ўғлим, бу телевизорни сотиб юбориш керакка ўхшайди,-деди. –Нуқул қаёқдаги маслаҳатларни беради.
– Ҳақиқатдан ҳам,- дедим мен. – Тўғри айтдингиз дада, телевизор яхши ишламаяпти. Кеча об-ҳавониям нотўғри айтди.
Шунда ҳаммамиз бирданига кулиб юбордик. Айниқса қизчам ҳеч балони тушунмаса ҳам олтита тишчасини кўрсатиб маза қилиб кулди.