Шукур Холмирзаев. Фарзанд (ҳикоя)

Ўғлини яхши кўради, «яхши кўради» деган гап ўғлига бўлган муҳаббатини ифодалашга ожизлик қилади. У ўғлини кўрганда, юраги увишиб оғриб, то уни бағрига босиб йиғлатиб, ўзидан бездирмагунча қўлидан қўймайди. Музей директорига ёрдамчи бўлганидан буён улар айниқса иноқлашиб кетишди; директорнинг машинаси уни олиб кетгани ҳар куни эрталаб келади, у ўғлини ҳам боғчага ола кетади, кечқурун яна шу машинада олиб қайтади.
Ўғил ҳам отага шунчалик ўргандики, у билан бирга ётадиган бўлди.
Ислом энди олтига қадам қўйган, худди отаси туққанга ўхшар, музейдагилар ҳам: «Ўғлинг еени кичкина макетинг», деб таърифлашарди. Менгбой гоҳо ўғлига тикилиб, унинг хислатларида ҳам ўзига ўхшашлик топар ва беҳад мамнун бўлиб, ўзидек битта инсон яратганидан завқланар эди.
Бир куни Сора гап топиб келди:
— Отпускани яна қишлоқда ўтказамизми?
— Албатта! Сурхон бўиида — балиқ овида ўтказамиз, — деди Менгбой.
— Ҳамма курортга, чет элга боради, бизнинг нимамиз кам улардан?
— Бизнинг ҳеч нарсамиз кам эмас улардан, лекин, ҳар кимнинг таъбида!
— Мен бормайман! Ўзингиз балиқ овингизни қилаверинг!
— Шундайми?
— Ҳа, етти йил бўлди турмуш қурганимизга, бир ерни кўрганим йўқ. Ҳозир кўрмаса, қачон кўради киши. Кампир бўлгандан кейин томошанинг нима кераги бор?
— Ҳм… — Менгбой хўмрайиб, бирпас ўйланиб ўтирди: «Ҳақиқатан ҳам, тўғри. Кўриши керак. Уёқни кўргиси келар экан, кўрсин. Менинг кўргим келмайди, мен дарё бўйига кетай».
— Хўп, сен борасан! — деди ва… хотинининг отпуска пулига ўзиникидан ҳам қўшиб, путёвка изидан тушди. Нақ Сочига топиб келди. — Мана, хотин! Маза қилиб дам ол!.. Кейин кўрамиз, ким яхши дам олганини.
Хотин мамнуният билан йўлланмани қўлига олди:
— Раҳмат!
Шу кеча у болага яхши қарашни, болани дарёга яқин олиб бормаслиги лозимлигини эрига хўп тайинлади.
— Ваҳима қилма! — деб кулди Менгбой. Лекин хотинининг гаплари ҳақида ўйлаб: «Тўғри, эҳтиёт бўлиш керак!» — деди ўзига ўзи.
Хотин самолётга чиқар экан, ўғли йиғлади. Менг-бойнинг алами келиб: «Ҳайронман, қандай қилиб боласини ташлаб кетяпти? — деб ўйлади. Сўнг яна хотинини оқлади: — Тўғри, у бечора ҳам дам олиши керак-да! Бола бўлса йиғлайди».
Беш кундан кейин ўзи ҳам отпускага чикди. Қармоқ, чумчуқпай ва эски-туски кийимларни тўплади. Директорнинг машинасини бир кунга сўраб, қишлоққа отланди.
Шофёр ёнида, ўғлини тиззасига ўтқазиб, деразадан чексиз дарёларга, олисдаги қорли тоғларга тикилар экан, қалби қувончга тўлиб, ҳаммасини ўзиники ҳис қилар, шоир Шукруллонинг бир байт шеърини такрорлар эди:
Қучоғим бўлганда эди бир дунё
Сени қамраб олардим бирдан!
Олдиндан салқин шабада эса бошлади, йўл қишлоқнинг тутзор кўчасига кирди. Бир оз юрганларидан сўнг чап томонда ястаниб ётган дарё қирғоғи кўринди.
— Тўхтатинг! — деди Менгбой.
Шофёр машинани четга чиқарди. Менгбой ухлаб қолган ўғлини орқа ўриндиққа ётқизиб, эшикларни маҳкам бекитди ва ариқчадан ҳатлаб, шолипоя бўйига чиқди. Тиззага урувчи шолизорга тикилди. Назарида ҳозир бир ўрдак ё бир тустовуқ учиб чиқадигандек бўлди. Сўнг бу фаслда бундоқ қушларнинг мутлақо учиб чиқмаслигини эслаб, кулиб юборди ва қўлларини манглайига соябон қилиб, олисда, туманланиб, буғланиб оқаётган Сурхонга қаради. Қалбида қувонч гупуриб, худди ўғлини қучганидаги каби энтикди. Бунинг устига, бу ажиб манзара унинг миясида хаёллар уйғотди: болалиги, шу дарё ёқасида туриб, қандайдир қиз ҳақида сурган хаёллари ёдига тушди ва чуқур хўрсиниб, бирдан хўмрайди.
— Кетдик! — деди шофёрга. Ичкарига киргач, ўғлини яна тиззасига олди ва ҳалигина эсига тушган хаёлларидан энди уялиб, боланинг юзларидан ўпди.
Борилаётган манзил: ҳамқишлоқ дўстининг уйи, шундоқ йўл ёқасида, ўзи яқиндаги мактабда ўқитувчи. Менгбой «она қишлоқ» деб келгани билан акаси ё опасиникига бормай, олдин шу дўстиникига қўнар, гоҳо шунинг уйидан қайтиб кетар эди. Негаки, акасининг хотинини ёқтирмас, опаси эса Менгбой шаҳарлик қизга уйланганидан хафа эди.
Менгбой йўл ёқасида машинадан тушиб, ўғлини кўтариб олди. Шофёр лаш-лушини орқалади. Биргалашиб, ариқ лабидаги ёлғизоёқ сўқмоқ билан уй олдига бордилар. Дўсти Ғаффор уй биқинида ўра қазиётган экан. Сочи қулоқлари устига тушиб, етиб келди.
— Қани, бир кўришайлик! — деб қучоғини очди. Ўпишиб кўришдилар. — Сора қани?
— Сорани Сочига жўнатдик! — хитоб қилди Менгбой.
— Э, бекор қилибсан-да! Хотин… мана, бизнинг хотин! — деб уйга ишора қилди у.
— Йўқ, нотўғри! — деди Менгбой. — Улар ҳам ишлайди, ахир. Бизнинг катта камчилигимиз шуки, кўпинча ўзимизни ўйлаймиз. Хотинларимизнинг ин-тилишлари, қизиқишлари билан ҳисоблашмаймиз.
— Ҳа, гуманнийлигинг қолмади-да, — Ғаффор уни уйга бошлади. Кириб, Соранинг курортга кетганини айтди ва: — Бунинг юришига қара! — деди. — Ундан кўра хотин бўлиб қўя қол!
Ғаффорнинг хотини кулиб келиб болани олди. Шофёр бир соатлардан кейин қайтиб кетди ва дўстларнинг дам олиши… балиқчилиги бошланди!
— Болага эҳтиёт бўлинг, келин. Уйғонгандан кейин олиб боринг! — деб тайинлади Менгбой.
— Олиб бориб нима қилади, кечқурун келамиз, — деди Ғаффор.
Менгбой рад қилди:
— Йўқ! Буям балиқ тутишни билиши керак!
— Бу балиқни биладими?
— Билади! Билмаса, билдирамиз!
Кечки пайт улар қармоқларни соҳилга боғлаб қўйиб, каттагина ўлжа билан қайтдилар. Ўлжанинг бир қисмини қовуриб егач, Ғаффор қишлоқни айланиб келишга таклиф этди. Иккаласи қайта кийиниб, бояги ялангоёқ балиқчиларга ўхшамайдиган чиройли, хушбичим зиёлиларга айланишди.
Энди чиқишмоқчи эди, Ислом эргашди.
— Хўп бўлади! — деб кўтариб олди Менгбой. Лекин бу гал Ғаффор қаттиқ туриб:
— Нима кераги бор мунча суюкдик қилишнинг? — деди. — Бола йиғлайди. Бирон ерда юз грамм-эллик грамм ичиб қолсак… эсингда бўлсин, ичишниям ўрганади кейин!
«Тўғри, бу томониям бор! Ҳақиқатан ҳам болани ҳадеб олиб юравериш яхши эмас!» деб ўйлади Менгбой ва ўғлига жиддият билан уқтирди:
— Макетик, қолишинг керак. Биз тезда қайтамиз. Сенга мороженое олиб келаман. Бир соатда қайтиб келаман!
— Йўқ, иккита морожний! — деди бола.
— Хўп, иккита!
Бола қолди. Икки дўст кўчага чиқиши билан автобус кўринди, улар қўл кўтариб тўхтатишди. Автобусдаёқ Менгбойнинг танишлари учради ва уларни марказга кетаверишда тушириб, манамен деб турган ресторанга олиб киришди. Ресторанда ҳам Менгбойнинг танишлари учради, узоқ қолиб кетдилар. Чиққанларида ҳаммаси ширакайф, кўнгиллари яна ичимлик тусар, ҳатто баъзилари шуни таклиф ҳам қилар эди. Лекин Менгбой кейинги ичиш ҳеч қачон яхшиликка олиб бормаслигини ўз тажрибасида синагани учун қатъият билан: «Йўқ, бас!» — деди.
Марказга ўтдилар. Газсув ичдилар. Чойхонага ки-риб чикдилар. Кейин Менгбой алламаҳал бўлганини англаб қолди.
— Энди кетиш керак, ўртоқлар. Биз дам олгани келганмиз. Бунақада чарчаб қоламиз! Ҳа, биз… хотин билан гаров боғлаганмиз.
Эрта яна учрашадиган бўлиб хайрлашдилар. Энди автобусни кутишга асаблар чидамади ва Ғаффор такси тутди. Таксида қайтиб келишар экан, Менгбой оқшом шу йўлдан келаётганини эслади ва бирдан тиззасига урди.
— Ислом мороженое деган эди-ку! Ғаффор, мороженое топмасак бўлмайди.
— Э, мороженое топиладими ҳозир. Ўғлинг аллақачон ухлаб қолган, — деди Ғаффор.
— Йўқ, у ухламайди! — хитоб қилди Менгбой ва шофёрдан машинани тўхтатишни сўради.
— Лекин аэропортда бўлиши мумкин, янги ресторан очилган, — деди шофёр.
— Ҳайданг! Кўрамиз аэропортни ҳам!
Улар қишлокдан чиқиб, сайҳон ўртасида қўнқайиб турган, олди ойнаванд бинога етиб тўхтадилар. Менгбой чопиб кетди. Ғаффор шофёрга пул берди.
Бинонинг нариги томони ҳам ойнаванд бўлиб, ундан учишга шайланаётган самолётнинг қизил чироқлари кўринар, залда одам сийрак эди. Ўртада аланглаб тўхтаган Менгбой дадил юриб, бурчакдаги уч оёкди баланд стуллар ортига — буфетга борди.
— Мороженое борми?
— Йўқ, — деди буфетчи аёл.
— Наҳотки?
— Йўқ-да. Эртага бўлади.
Менгбой ҳайрат билан дўстига қаради. Ғаффор парво қилмай, буфетчидан бир шиша сув билан эллик граммдан коньяк сўради. Менгбой «э» деганича қолди, сўнг шиддат билан стаканни кўтарди, шоколаддан газак қилиб, зални томоша қилди.
— Ғаффор, яхши! Шаҳардаги аэропортлардан қолишмайди!
— Бир-икки йил орасида бу ерда ҳам шаҳар бўлади.
— Чўлдан нефть чиқдими?
— Аллақачон.
Менгбой мамнуният билан атрофни яна кўздан кечирди. Кейин, боласи кутиб қолганини айтиб, жилмоқчи эди, Ғаффор:
— Анави эшикдан чиқаётганга қара! — деди.
Менгбой қараб, эшикдан чиқиб келаётган ўрта бўй, бошида пилотка, формаси келишган қоматини қучиб турган қизни кўрди. Унинг юзи андак кенг бўлиб, қора кўзлари чақнаб турар, хиёл узун бурни ва гавдасининг тиклиги унга ёқимли, лекин эркак кишини бир қадар ҳайиқтирадиган мағрурлик бахш этар эди. Менгбой гангиб қараб турар экан, қиз тўғри буфет олдига келди-да, буфетчига:
— Ҳалигини беринг! — деди.
Буфетчи Менгбойга қараб қўйиб, ўзича тўнғиллади, пештахта остидан ялтироқ темир идишда мороженое чиқариб, қизнинг олдига қўйди.
Қизнинг ўзини тутишию қиёфаси маҳв этган Менгбой, буфетчи билан қизнинг бу муносабатига тушуна олмади: бу унга қизиқ туюлди. Бари бир, у буфетчига бир ўқрайди-да, қизга ўткир тикилди. Шунда бир тирсагини пештахтага қўйиб, қошиқча билан мороженое еяётган қиз ҳам Менгбойга қараб қўйди ва бепарволик билан машғулотини давом эттирди…
Менгбой худди айб иш устида қўлга тушгандек қизариб, ўзини бу қиз олдида ожиз ҳис қилди. Ғаффорни бир туртди-да, эшикка йўналди.
— Ким у? — деди оғзи қақраб Менгбой.
— Шу ерда ишлайди, — деди Ғаффор. — Яқинда келди.
— Танийсанми?
— Ким танимайди, шу ерда ишлайди-ку!
Улар кўчада. Менгбой хаёлга толиб, деразага қаради. Қиз дераза орқасида туманланиб яна ҳам сирли бўлиб кўринди.
— Сенга аэропортни, учраб қолса бу жононни ҳам бир кўрсатай дедим-да… Отпускадаги одамсан. Юр энди, кетдик!
Менгбой сўзсиз эргашди. Лекин, яна унга қаради ва бир вақтлар ўзи орзу қилган қиз шунга ўхшаб кетадигандай туюлди. Кейин шу хаёл оғушида роҳат-ланиб уйга кетди.
Ислом ухламаган эди.
— Мороженое! — деб чикди.
— Эртага… Албатта эртага бўлади! — деди Менгбой, кейин, Исломни бағрига босиб, эркалаб ётди.
Эртаси дарё бўйига жўнаганларида ҳам, кечки пайт қайтганларида ҳам қиз унинг кўзига аниқ-аниқ кўринаверди.
Овқатдан кейин тағин кўчага отландилар. Менгбой ўғлига учта мороженое олиб келишга ваъда берди.
Таниш-билишлари билан учрашиб, уларга аэропортдаги ресторанга боришни таклиф қилди. Ресторандан чиқишгач, Менгбой, буфет олдига келди ва коньяк билан сув сўради. Кейин, ресторандан қаттиқ қоғозга ўраб чиққан мороженоени пештахтага қўйиб:
— Балки бугун мороженоенгиз бордир? — деди.
— Йўқ, — деди буфетчи.
— Кечирасиз, у гўзал хоним учун ҳам йўқми?
— Йўқ!
— Жуда соз!
Менгбой танишларини узатди, кейинги машинада борадиган бўлиб, яна Ғаффор билан буфетга қайтиб кирди. Кечаги жонон буфетга яқинлашаётган экан.
Келиб:
— Ҳалигини олинг! — деди.
— Йўқ… эриб оқиб кетибди! — деди буфетчи ва Менгбойга хўмрайиб қаради.
Қиз чимирилди, энди бурилмоқчи эди, Менгбой:
— Кечирасиз, менда бор, беришим мумкин! — деди. Қиз қаради. Унинг оҳу кўзларида на мағрурлик, на бир бошқа маъно бор эди. — Олинг! — деди Менгбой қўли қалтираб.
Буфетчидан тарелка сўраб, унга солди ва қошиқ билан қизнинг олдига қўйди.
— Раҳмат, — деди.
— Марҳамат, олинг!
Қиз қошиқни олди, ея бошлади ва:
— Кечирасиз, бу мороженое кимга олинган эди? — деб сўради.
— Уғлимга, — деди бир нарсага ўчакиштандек Менгбой. Қиз хижолатли кулимсиради.
— Чакки бўлибди-да, ўғлингизнинг ризқини қийдим.
— Ҳечқиси йўқ, яна топилади.
— Ўғлингизни жуда яхши кўрар экансиз.
— Жуда!
— Онасини-чи?
— Онасини… Севги бўлиши шартми? — деди нима дейишини билмай.
Қиз қошини кўтариб қўйди.
— Мен севгисиз яшашни тасаввур қилолмайман.
— Чунки сиз турмуш кўрмагансиз, бола нималигини билмайсиз!
— Аксинча, — дея Менгбойга қаради қиз, — эрга текканман, икки йил яшаганман ҳам. Болам ҳам бор…
…Эртаси кечқурун улар шу ерда учрашдилар. Менгбой ресторанга таклиф қилди. Бурчакдаги стол ёнига ўтиришди. Менгбой икки кишига ғоят ортиқчалик қиладиган ейимлик ва ичимликлар буюрди. Шунда сезиб қолдики, бутун ресторан аҳли буларга қараяпти. Менгбойнинг аччиғи чиқиб, бир-иккитасига ўқрайиб қўйди. Қиз сезиб мийиғида кулимсиради. Менгбой очиқ сўзлади:
— Бизга қарашяпти, тўғрироғи, сизга қарашяпти!
— Қарашса қарашаверсин, шу ерликмисиз?
— Бу ерлик эдим, шаҳарлик бўлдим.
— Хотинингиз шаҳарликми?
-Ҳа.
— Нега хотинингизни олиб келмадингиз?
— Курортга кетди. Мен буёққа келдим ўғлим билан. Биз балиқ овлаймиз!
— Хотинингизни рашк қилмайсизми?
Менгбой ҳайратланди: ҳақиқатан ҳам хотинини ҳеч кимдан рашк қилмас, бу тўғрида ўйлаш хаёлига ҳам келмас эди.
— Йўқ. Негадир рашк қилмайман, — деди.
— Яхши кўрмас экансиз хотинингизни! Биласизми, менинг орзуим шуки, эрим мени рашк қилса! Мен ҳамиша унинг ёнида бўлсам… Қизиқ, мен ҳам балиқ овини яхши кўраман. Курорт нима! Ҳозир бизларга ярашмайди. Қариганда бориб дам олса, дуруст. Ҳозир ўзимизнинг юртимизни кўриш керак!
Менгбой ҳайрат билан: «Бу хотинимнинг акси, худди ўзим истаган қиз», деб ўйлади.
— Ҳайронман, мен одамларга ишонишни истайман!.. Хотинимга ҳам ишонаман…
— Бахтиёр экансиз. Мен йигитларга ишонмайман, — деди қиз. — Мана, эримга ишонардим. Ишончимни оқламади. Кўп эркаклар аёлнинг ташқи кўринишига мафтун бўладилар, лекин унинг юрагида нима бор, бу билан ишлари бўлмайди… Эрим, эрим ҳам шунақа эди.
— Эрингиз ундай бўлса, боласи…
— Боламни жонимдан ҳам яхши кўраман! Онам билан иккимиз тарбия қилиб оламиз.
Менгбой энтикиб кетди, нима деганини ўзи ҳам билмай қолди:
— Мен сиздай кишининг борлигига ишонмас эдим. Ишонардим-у, уни кўрмайман деб ўйлар эдим! Исмингиз нима?
— Ҳанифа.
— Жуда соз! Ҳанифа, қишлоқни томоша қилиб келмаймизми?
— Майли.
Менгбой ҳисоб-китоб қилди. Ташқарига чиқдилар. Пастда кўзини кўкартириб, такси турар эди. Менгбой машинага таклиф қилишни ўйлади-ю, олиб чиққан пули тамом бўлгани ёдига тушди. «Зарари йўқ, йўл-йўлакай Ғаффордан оламан!» — деди ўзича. Машинага ўтириб кетишаркан, Менгбой бирдан қизиқ таклиф айтди:
— Сурхон бўйига борамиз! Дарёни томоша қиламиз. У буғланади кечаси. Сирли бўлади!
— Майли.
Менгбой машинани Ғаффорлар уйи олдида тўхтатганида ҳам руҳи лаззат, сирлиликнинг оғушида эди. Ариқдан ҳатлаб ўтиши билан: «Ислом, Ислом», — деди ва аламдан, уятдан зир титраб кетди. Улар ичкари уйда телевизор кўриб ўтиришган экан, Менгбой эшикдан рўпара бўлиши билан, Ислом:
— Дада! — дея югурди, келиб унинг тиззасидан қучди. Менгбой кўтариб бағрига олди.
— Морожний қани?
— Мороженое… опкеламан!
— Мен ҳам бораман морожнийга!
— Ҳозир… — Менгбой болани қўйиб, Ғаффорни ташқарига имлади. Бурчакка ўтказиб: — Пулдан борми? Бер пича, — деди.
— Нима қиласан?
— Об-бо! Кейин айтаман! Чиқар. Кейин, менинг чамадонимдан ол!
Ғаффор йигирма сўм чиқариб берди. Менгбой пулни олиб, бурилган эди… Ислом келиб, тағин отасининг тиззасидан қучди. Менгбой уни кўтариб олди:
— Беш минутда келаман, макетик! Беш минут-а! Бешта мороженое опкеламан! Ахир, сен учун кетяпман!
— Йўқ, бораман… Бораман. — Сўнг, бола ночор-ликданми, «опа!» деб йиғлаб юборди.
— Ҳой-ҳой, — деди томоғи бўғилиб Менгбой.
— Болани йиғлатма, қол, Менгбой! — деди Ғаффор.
— Ўзинг ҳаммавақт болани қолдир дер эдинг…
— Лекин… болани қийна демас эдим!
— Сен нимани тушунасан!
Менгбой ўғлини кўтарганча машинага қараб чопди. Шартта кириб ўтирди. Шофёрга:
— Ҳайданг, дарё бўйига! Пристанга! — деди ва Ҳанифага бокди.
— Мана ўғлим, Ҳанифахон. Менинг ўғлим!
Ҳанифа тепадаги чироқни ёкди. Болага тикилди, қўлига олмоқчи эди, Ислом отасига ёпишиб олди.
— Кечирасиз, қолмади. Қолдиролмадим, — деди Менгбой.
— Ҳечқиси йўқ…
Дарё соҳилида машинадан тушдилар. Менгбой шофёрдан тўхтаб туришни илтимос қилиб, ўғлини кўтар-ганича Ҳанифа билан соҳилга қараб юрди. Ой дарё ортидаги туман ичида сарғайиб сузар, туман сарғиш, сирли кўринар, дарё бўғиқ овоз чиқариб, афсонавий бир махлуқдек килкиллаб оқар эди.
— Ўғлим, мана шу Сурхон! Ҳанифа, шу Сурхон! — деди Менгбой.
— Ҳа, — деди кулимсираб жувон.
Шунда Менгбой титраб-қақшаб ўз орзусига, ниҳоят етганини ўйлади. Шу дарё туманлиги, сирлилиги қўйнида худди шунингдек туманли ва сирли аёл билан турганини, у билан учрашганини ҳис қилди.
Бироқ ўғли шабададан жунжикиб, бўйнига талпинар экан, ўрталарида… бошқа буюк бир нима турганини қаттиқ ҳис қилди-ю, машина соҳил бўйлаб жилар экан, энди Ҳанифа билан видолашаётганини ўйлади… ҳақиқатан ҳам, аэропорт ёнида хайрлашаётганда:
— Бирга сайр учун раҳмат. Энди кўришмасак керак, Ҳанифа, — деди Менгбой.
— Тушунаман! — деди жувон ва ичкарига чопиб кириб кетди.
Менгбой машинага ўтирди. Уйга келгандан кейин Ислом мороженоени ёдига солди. Менгбой жавоб бермай, уйқуга кетди. Кейин бир ҳафта азобланиб юрди ва отпускаси тугамай, шаҳарга қайтди.
1975