Шукур Холмирзаев. Ёввойи гул (ҳикоя)

Восит нимжон, ялқов ва хаёлпараст бола эди. Маданий-оқартув билим юртини тамом қилганидан кейин шаҳарда қолди. «Шаҳар ҳақиқати» газетасида корректор бўлиб ишлай бошлади. У олти ой ўтмай квартирасини алмаштирар, бунга гоҳ ўзи сабабчи бўлса — ижара ҳақини вақтида тўлолмаса, гоҳ уй эгаси сабабчи бўлар — бу лаллайган болани ёқтирмай қолар эди.
У шаҳардан уч юз километр олисдаги ёш, адирсимон тоғлар остидаги «Гулбаҳор» қишлоғида туғилган, отаси деҳқон, онаси уй бекаси, яна иккита укаси бор эди. Бундан ташқари, албатта унинг ёр-биродарлари ҳам бор эди. Улар бунга ачиниб қарар, лекин, хаёлпарастлигини ёқтирар, уни сафларидан тирсаклашмас эди. Бу қишлоқ устидаги адирдан бошқа ерларда ўсмайдиган кийикўт ва андузлар кўп бўлар, баҳор бошланиши билан уларнинг майин ва ўткир ҳиди қишлоққа эсиб турар эди.
Ана шундай баҳор кунларида Восит адирларда санғиб кунни кеч қилар, ошналари чиқиб қолганда, у кунботарни кўрсатиб, ўша ёқда шаҳар борлиги, унинг жуда антиқалигини айтар ва келгусида ўзининг шаҳарда яшаш орзусини ҳикоя қилар эди. Ўртоқлари кулги аралаш, вақти келганда, унинг уйига меҳмонга боришларини айтар, Восит уларни жон деб қабул қилишга ваъда берар эди.
Восит болалигидан нимадир, одамларни ҳайрон қолдирадиган ва ўзи учун суюмли бўлган бир иш қилишни истар эди. У техникумни битириб, газетада корректор бўлиб ишга киргач, бу нарса ёзилажак қандайдир машҳур бир асар эканини укди… Лекин унинг ёзишга қобилияти йўқ, жиддий бир мулоҳаза қилишга ҳам эринар эди.
У тўрт йил умрини шаҳарда ўтказди. Тўрт марта қишлоғига бориб келди. Ҳар гал борганида унинг онаси ва укаларидан тортиб ёр-биродарларигача «Гулбаҳор»да қолишга ундар, Восит унамай кетиб қолар эди. Шунда улар Воситнинг орқасидан ачинишар, айни чоғда унинг ғайритабиий одатларини ўйлаб, у қандайдир катта бир иш қилаётганига ишонгандай бўлишар эди…
Восит катта парк орқасидаги шофёр ўғли билан уззукун жанжал қиладиган Навохон аянинг уйида еттинчи ой ҳам яшаб қолди. Навохон ая ўғли ишга кетганида, ундан зорланиб, унга ақл кирмаётгани, беш йилдан буён болали бир хотиннинг изидан юрганини айтиб куйинар, хаёлпараст Восит онага раҳми келиб, унинг гапини қувватлар ва шу сабабли уй бекасига ёқиб қолган эди. Лекин, у шофёр йигитга ҳам ёқиб қолган эди: чунки у ҳам онаси бўлмаганда, ундан зорланиб, ўша аёлни севиши, онаси эса, у билан бирга бўлишини истамаслигини айтиб, уни жоҳилликда айбларди. Восит унинг ҳам гапини қувватлар ва ҳамдардлик билдирар эди. Лекин, гап кўндалангига ҳал қилинишига тўғри келиб қолган кезларда, миқ этмай ўтирар, унинг назарида, буларнинг ҳам ҳаётида яқин келажакда қандайдир, қизиқ бир ўзгариш бўладигандай туюлар, улар антиқа бир ҳаёт оғушида бахтли ҳаёт кечирадигандек бўлар эди. Бироқ ўзи ёзмоқчи бўлиб юрган асар қандай бўлишини билмаганидек, буларни ўз оғушига оладиган бахтнинг ҳам қандайлигини билмас ва бу ишлар қандай амалга ошиши ҳақида ҳам ўйламас эди… Тўғри, гоҳида ўйлашга тиришиб ҳам қолар, аммо тезда зерикар, ўй унинг ялқов вужудида саробдек хаёлга айланиб кетар эди…
Бу оила ҳам Воситга ёқар, лекин, она-боладан ҳам кўра, ҳовли ўртасидаги гулзор унга кўпроқ ёқар эди. У бошқа хонадонларда яшаганида ҳам, ҳаммадан, ўша хонадонлардаги гулзорлар унга кўпроқ ёқар эди, бироқ, бу ердаги гулзорда уларда бўлмаган гуллар: косагул, чиннигул ва хиналар барқ уриб очилиб ётардики, булар унга ҳар қанақа атиргул, ромашка, президент гули ва шу каби Европадан келган гуллардан ўн чандон яқин ва қадрдон туюлар эди. Негаки, қишлоқдаги уйлари олдига ҳам онаси ҳар баҳор шу хил гуллардан экар эди.
Восит бу гулларни шунчалик яхши кўриб қолганидан, уларга қарашни тамом ўз гарданига олди. Уларга ўзи сув қуяр, пушталарини юмшатар, қуриганларини йигаб гажимланган қоғоз халтага солиб, Навохон аяга берар ва «Келгуси йил экасиз», дер эди… Лекин, Восит кечалари водопроводнинг сувини гулларга қуйиб, унинг тошиб кетмаслигани кутиб ўтирар экан, ўша антиқа гуллар ҳақида ҳам ўйлар ва яқин келажакда бу гуллар такдирида ҳам қандай қизиқ ўзгаришлар бўлишини хаёл қилар, яна қандай ўзгариш бўлади — бу ҳақда ўйламас эди.
Воситнинг оладиган маоши қорнини тўйғазишга зўрға етар эди. Шу сабабли ижара ҳақини тўлаганидан кейин, қолган пулини тийинлаб, кунларга тақсим қилиб чиқар ва буни ҳеч ерда унутмас эди. Уни кўпинча почаси сўкилиб кетган дағал шимда, ёқаси ағдариб тикилган оқ кўйлакда, товони қийшайиб кетган таги резинка туфлида ва сочлари ўсиқ ҳолда кўриш мумкин эди. Бўм-бўш кўчаларда ҳам бировга тегиб кетадигандек оҳиста, эҳтиёткорлик билан четдан юрар, башарасига қараган киши хаёли бошқа жойда эканини сезиши мумкин эди.
Ўзи нимжон бўлган бу йигитга шаҳар ҳавоси ёмон таъсир қила бошлади. Юраги сиқилиб, нафаси етмагандай бўлар, гуллар қовжираган маҳалларда паркка чиқиб, жимжит дарахтлар остида, оёғи тагида ғижирлаган баргларнинг овозига қулоқ солиб юрар эди. Уни баъзида «Планетарий» олдидаги тепача устида турган Пушкиннинг оққа бўялган ҳайкали ёнида учратиш ҳам мумкин эди, шунда у Пушкин каби қўлини кўксида киборларча қовуштириб, пастдага анҳорга ўйчан тикилиб турар эди.
Қиш кунларининг бирида шофёр йигит болали хотинни олиб келди. Навохон ая ноилож рози бўлган эди. Лекин хотин билан уришишга баҳона излар, шунда беҳудага Воситни ҳам хафа қилиб қўярди. Бунга ҳам чидаши мумкин эди. Восит — у квартирама-квартира яшаб уй бекаларининг дашномлари ва менсимасликларига кўникиб кетган эди. Лекин, жойнинг торлик қилиб қолгани ёмон бўлди: Восит буклама каравотини ошхонага олиб чиқиб ётадиган бўлди. Бунга баъзида Навохон ая ачинар, уни қишлоққа кетишга ундар, бошқа бирон яхшилик қилишдан ожиз эди.
Бир куни Воситнинг ўнг биқини оғриб турди. Дармондан кетиб ётиб қолди. Доктор чақирдилар. Эртаси куни Восит бир-бир босиб поликлиникага борганида, унинг талоғи шамоллагани маълум бўлди. Касалхонага йўлланма бердилар. У ишхонасига зўрға кириб борди, хокисорлик билан ўзининг бетоблигини айтиб, йўлланмани кўрсатди. Улар ётишга даъват қилдилар. Восит Навохон ая ва шофёр йигит билан қуюқ хайрлашиб касалхонага кетди.
Касалхона унинг ётиб юрган шароитидан юз чандон аъло эди, тўшаклари ҳам янги, оппоқ, палата иссиқ, овқат вақтида тайёр… Бу янги шароит Воситга жуда ёқиб қолди. У касаллар билан иноқ бўлиб кетди. Энди у истаганича хаёл суриши мумкин эди. Кейинчалик, у тузалиб чиққанидан кейин, турмуши тамом ўзгариб кетадигандек, хаёллари амалга ошиб, қаршисида антиқа олам очиладигандек ва ўз яратиши керак бўлган асар ҳам энди ёзиладигандек туюла бошлади. Бироқ, унинг тузалиши секинлик билан бўлди. Докторлар унга апельсин, лимон, мандарин ва ўзимизнинг бозорда сотиладиган мевалардан ейишни тавсия этар, у эса, буларни истеъмол қилишдан маҳрум эди. Фақат баъзи беморлар унга ачинганидан битта-яримта мева тутқазар, Восит мамнун бўлиб, уни еб олар эди… Ундан кейин келган, шу касал билан оғриган беморлар ҳам бир ярим-икки ойга қолмай шифо топиб кетишди, Восит тўрт ой ётиб қолди. Бу орада редакциядаги секретарь қиз билан корректорлар бўлимининг мудири икки марта хабар олди. Онаси битта укаси билан бир марта келиб кетди ва бу гал ҳам Восит тузалиб чиққанидан кейин қишлоққа кетишини ёлвориб сўради. «Тузалиб чиқай, кейин маълум бўлади», деди Восит.
Восит касалхонадан чиққан куни Навохон аянинг уйига борди. Ая ҳам, шофёр йигит ҳам уни илиқ кутиб олишди ва кўргани боришолмаганларини айтиб, турмуш ташвишларидан нолишди. Восит энди ошхонада эмас, каравотини гулзор ёқасига қўйиб ётар эди. Чунки, кўклам бошланиб, ҳаво исиб кетган эди. Лекин, у редакцияда кўп ишлолмас, тез чарчаб қолар, докторлар ҳам унга кўп уринмаслик, оғир ишларни эса, мутлақо қилмасликни уқтирган эди. Шунинг учун корректорлар бошлиғи ҳам, бошқа ходимлар ҳам унга қия қарашар ва газетада хато кўп кетаётганидан нолиб қандайдир бошқа иш қилишни шама қилишар эди… Илгари бундоқ муомалага дуч бўлмаган Восит хафа бўла бошлади. У энди келажак қиш ҳақида ўйлаб, яна касалга чалиниши мумкинлигини чамалар, бошқа хонадонга кўчиб ўтишни авваламбор истамас, сўнг бу кўчишлар жонига теккан эди… Энди ўзининг келажаги ва келажак ёрқин ҳаёти унга бир саробдек кўрина бошлади. Ёдига туғилган қишлоғи тез-тез тушадиган бўлиб қолди.
Апрелнинг ўрталари эди. Редакторнинг ташаббуси билан ходимлар бир автобус бўлиб, Ойна тоққа лола сайрига чиқадиган бўлишди. Буни эшитиб, Воситга жон кирди. Сайрга борадиганлар беш сўмдан профкомга тўлаши керак эди, чунки, у томонда қўй сўйишмоқчи эдилар… Восит ҳам асраб қўйган пулидан баданини узгандек қилиб, беш сўм чиқариб берди.
Тонг маҳали ўзлари ижарага олган автобусда жўнашди. Шивалаб ёмғир ёғиб турар, ҳаво булутли эди. Тоққа етгунча ёмғир тиниб, кўк очилиб кетди. Баҳор бутун кўрки билан кўзга ташланар эди. Бир кун илгари борган бўлим бошлиғи буларни Нанай қишлоғининг лойи қотган кўчасида кутиб олди. Чувурлашиб, қувнашиб, автобусдан тушдилар. Бўлим бошлиғи маҳаллий агрономнинг уйида жой ҳозирлаган экан. Кириб жойлашдилар. Таом тайёр бўлгунча атрофни айланиб келиш ҳақида таклиф тушди. Ҳамма рози бўлиб, қўзғалди. Бироқ, йиғилиб келган қишлоқ болалари лола ҳали кам очилгани, тоғнинг баланд кунгай бетларидагина борлигини айтишди. Ҳамма мамнуният билан ўша ерларга чиқишга рози бўлди ва болаларга эргашдилар. Аммо лола ўсган адирнинг этагига етгунча чарчаб қолишди. Лоладан ҳафсалалари совиб, теваракни томоша қилиш ва оёқ остида очилиб ётган митти сариқ гуллардан териш билан чекландилар. Восит хаёлпарастлик билан гангиб, ўтлокда турар эди. Хаёлидан болалиги ўтган қишлоқлари ортидаги адирлар, болаликда ўзининг ўша адирда юргани, ўтириб уфққа тикилгани ўтар эди. Шунда бирдан унда адирга кўтарилишдек тийиб бўлмас бир истак уйғонди. Дили ҳаприқиб, гўё шу адирга чиқиб уфққа қараса қандайдир орзулари бирдан рўёбга чиқадигандек, гўё ўзи кўпдан бери шуни кутиб юргандек туюлди. У шунда докторларнинг кўп юрмаслик, оғир иш қилмаслик ҳақидаги ўгитларини ҳам унутди ва адирга тирмашиб чиқа бошлади. У дармонсизликдан чарчар, аммо, буни ўзига олмас эди. Адирга чиқиб ҳам борди. Уфққа қаради. Уфқда катта, яланг тоғ кўндаланг турар эди. Воситнинг назарида ҳозир қуёш шунинг орасида ботаётгандек, уфқ қип-қизилдек туюлди.
Беихтиёр ёнидаги тошга ўтирди. Шунда қаердандир жуда таниш бир ҳид димоғига урилаётганини сезди. Бирдан сергакланиб аланглади ва теварагида кўм-кўк, кўрпадек бўлиб ётган кийикўтларни кўрди. Ғалати бир титроқ билан қўзғалиб, катта бир туп ўтнинг бошига борди. Эгилиб ҳидлади. Дили ёришиб, кўпдан излаб юрган нарсасини топгандек бўлди. Шунда этакда шапалоқ баргларини ёзиб ётган андузларни кўрди ва юраги ҳаприқиб, кўзларига ёш келаёзди. Югургилаб уларнинг бошига борди. Шунда орқадан ходимларнинг чақираётганини эшитди. Туриб, адир бошига келди. Иккита олти яшар бола қўли билан кўкатларни ушлаб, тирмашиб чиқиб келар, пастдан корректорлар бўлимининг бошлиғи қўлларини юқорига кўтарганча қичқирар эди. Бу болалар — маъсул секретарнинг болалари эди.
— Восит! Тушинг, тушинг ахир! — деб қичқирди у. — Сизни кўриб булар чиқиб боряпти. Кета-ми-из!
Восит бирдан ўзини айбдор ҳис этиб, пастга туша бошлади. Аммо бу адирдан жуда ҳам ажралгиси келмади. Нима қилишини билмай, бир зум иккиланиб турди-да, сўнг каттагина бир туп кийикўтни тутамлаганча ушлаб торта бошлади. Узун томири узилиб, бир мисқол тупроқни томирлари билан чангаллаганича ўт унинг қўлига келди. Восит лойини туширмасликка ҳаракат қилиб туша бошлади. Бироқ, қумли тупроқ тезда тўкилиб, кийикўтнинг қизғиш томирлари банка ичида ўсган томирлардек таралиб қолди. «Зарари йўқ», деб ўйлади Восит; болаларни зўрға қайтариб, пастлади.
— Касалман дер эдингиз, касал ҳам тоққа чиқадими? — деди бошлиғи. Восит ғамгин жилмайиш билан жавоб берди. Лекин касаллиги ўзини тезда кўрсатди. Агрономнинг уйига етмасидан ўнг биқинида бир нима тугилиб қолгандек бўлаверди. Овқатга иштаҳаси бўлмади.
Шаҳарга кечқурун қайтиб кетдилар. Восит кийикўтни тутганича Навохон аянинг уйига кириб борди.
— Бу гулни экамиз, ая, — деди. — Кўпайиб кетади. Бу ёввойи гул, кийикўт. Маданий бўлиб кетади.
Ая уни ҳидлаб кўриб, хурсанд бўлганини айтди.
Восит гулзорда роса жой танлаб, гулни кўриниб турадиган ерга, райҳонлар экилган жойнинг пуштасига экди.
Кунлар исиган сари водопроводларнинг суви ҳам камая бошлади. Сув фақат кечаси келар, гулзорни суғоришга эса, Воситнинг негадир ҳафсаласи йўқ эди. Бир куни кийикўтдан хабар олди-ю, хафа бўлиб кетди. Пуштага экилган ўтга сув етмас, унинг япроқлари ҳамон кўк бўлса-да, қовжирай бошлаган эди.
Бир куни Восит ишдан ҳайдалди. Энди қандай ишга кириш, ижара ҳақини қандай тўлаш ҳақида ўйланиб, уйга келди. Шунда бирдан қишнинг яқин қолгани ёдига тушди. Шунда ўзининг ҳам жуда ҳолдан тойганига фаҳми етди. Кечгача дарвоза ёнида ўтган-кетганга қараб ўтирди-да, кейин ҳовлига кирди ва бирдан ўтини эслаб, унинг қошига борди. Донг қотиб қолди.
Кийикўт чўп бўлиб қолган эди. Унинг томирини кавлаб кўргиси келди, бироқ, буни орқага суриб, унинг бошига чўнқайди. Шунда бирдан кўнгли бузилиб, шу ўт ўсган адирни эслади ва беихтиёр куйинди: «Нимага буни шу адирдан олиб келдим. Уша ерда ўсаверса, қуримасди», деб ўйлади. Шунда бирдан нимагадир ўзи ҳақида ўйлаб қолди ва зўр таажжуб билан ўзини шу гулга ўхшатди. Кўнгли бузилиб кетди, ўзининг хор-зор юрганларини эслади. «Нима учун? Нима учун?» деди. Жавоб тополмади-ю, ўзининг ҳам шу гулдек қовжираб бораётганини, яқин куларда шу гулдек қуриб, чўп бўлиб қолишини ўйлади. «Йўқ, менинг жойим ўша ёқ», деб ўйлади. Бу ўй Воситнинг умрида биринчи жиддий ўй эди. Шунинг учунми ё бошқа сабабданми, бу унга кучли таъсир қилди. Эртаси куни кечқурун картон чамадонига эски-туски кийимларини жойлаб ташқарига чикди-да:
— Хайр, ойи, мендан ёмонлик ўтган бўлса, кечиринг, — деди. — Кийикўт тоғда ўсгани маъқул экан.
Ижара ҳақини тўлаб, дарвозадан чиқиб кетди.
1966