Шукур Холмирзаев. Қадимда бўлган экан… (ҳикоя)

Ўсар кўприкчадан шипиллаб ўтиб айвон четидан чойдишни олди, ариқ лабига чўнқайиб, қоп-қора чармдек бўлиб кетган кафтига — ҳовучига сув қуяётганди, ариқнинг у томонида — супада урчуқ йигириб ўтирган рангпар хотини:
— Момонгизга салом бермадингиз-а? — деди.
Ўсар ялт этиб унга қаради.
— Момом энангди… — деб сўкиб юборди. Ва шоша-пиша қўлини юва бошлади — Илойи, шу кампирнинг ёшига етма… Ўзинг ҳам-ку бўлганингча бўлгансан… — Кейин улфати Нурқул нашавандан эшитган гапини унга уқтирди: — Ҳой, бировга ўлим тилагандан кўра, ўзига умр тилаши керак киши!
Ҳожар урчуқниям, калаваниям кўрпачага ташлаб, муштларини тиззаларига тиради; эрига ўхшатиб бир нималар дейишга шайланди-ю, беҳол тортиб тескари қаради.
— Э, худо, нима гунойим бор эди? Мунча мени эзади бу эркак… Тентак! Суюлиб кетган мияси… Ҳувв, шўрим қурсин. Теракка чиқиб имлаганларига учиппан… Севади, суяди деб ўйлаппан. Бу жаллод экан!
— Ҳе, энағар, — деб илжайиб турди Ўсар. — Жаллод экан… Ким шу гапга ишонади? Жаллод амир замонида бўлган, саводсиз!
— Сиз саводли бўлдингизми? — хотин унга ўнгланди. — Сиз-а? Алифни калтак дейсиз-у! Қизингиз хатонгизни топиб ўтиради-ю! Газета ўқиёлмайсиз-у!
— Бўлди. Газетангни осиб қўйдим! — Ўсар айвон олдини тўсиб турган шолча томонга жиларкан, Ҳожарга яна уқтирди: — Газетанг бир пул ҳозир! Ҳеч ким ўқимайди… Фақат Нурқул бобо най қилиб, наша чекади! — У кулиб, алланечук қувониб, устунга етди. Шолчанинг четини қайтариб, ичкарига қаради.
Момоси Мақсад бева дераза тагида, шишиб кетган ўнг оёғини уқалаб ўтирар, оппоқ сочлари қўқиб кетган — ажинадан фарқи йўқ эди.
— Моможон, — деди Ўсар айвон лабига аста ўтириб. — Саломалайкум… Азонда чиқиб кетиб эдим. Ухлаётган экансиз. Ҳозир келдим. Мошина олдим, момо. Эски-ю, эпласа бўлади. Завгар уч юз сўмимни шилиб қолди, энасини…
Кампир нурсиз кўзларини ғилтиллатиб ва хиёл илжайиб, қизиқ бир нарсани томоша қилаётгандек қараб турарди.
— Э, Асалжон? — деди бирдан. Ва бирдан юзи тиришиб, кўзига ёш келди. — Танимаппан… Хаёлим жойида эмас. Анову ерда бир хотин минғирлагани минғирлаган. Ким у ўзи?
Ўсарнинг ҳам кўзига ёш келди.
— Моможон, ахир у — келинингиз-ку! — деди. — Сизди онасидай кўради…
— Увв, мен ўлай, — деди кампир ва қиқирлаб кула бошлади. Кўрпача четида ётган кир қийиқни олиб бошига ёпди, сочларини бостирган бўлди. Оёғига кўзи тушиб: — Бод, — деб шивирлади. — Бод бу… Мени опкетади…
«Опкетса, тезроқ опкетсин-е!» деган ўй кечди Ўсарнинг кўнглидан. Аммо тағин шу ўй дилидан ўтгани учун ўз-ўзидан азобланиб кетди.
— Йўқ, моможон, — деди. — Ўлимни ўйламаслик керак. Киши ўзига умр тилаши керак.
— Ҳў, умрди сизларга берсин, — деди момо. — Бизди ишимиз пишган… Тушимга бобонг киради. «Ҳалиям журибсанми?» дейди. — Момо кулибгина қўйди. — «Ҳа, журиппан, дейман. Омонатини олмаса, нима қилай?» — Сўнгра у Ўсарга ўйчан тикилиб қолди. — Кенжабой қаерда?
Нос отиб олган Ўсар:
— Шаҳайда, — деди. Ва бир зум бошини буриб, ҳўмрайиб қолди. Кейин хўрсиниб юборди. — Униям иси кўп-да, момо. Жўжалайи бой. Этажда туйади…
Кампир гап маъносини яхши уқмаган бўлса-да, бош ирғади.
— Омон бўлсин, қаерда бўлсаям… Меники эмас, давлаттики. Ҳа, ўзгинанг яхши журибсамми? Болаларинг… — Кампир яна ўйланиб қолди. — Болам, мен хаёлати бўп қолдим… Келинимгаям кўп азоб бераман. Кеча кечаси дарвозадан чиқиб кетиппан. Бечора кўтариб олиб келди. «Уйга қама мени! Мен ўлай!» дедим. Кейин у йиғлади, мен йиғладим. Қарилик шу экан… — Шунда бирдан илиққина жилмайиб, неварасига боқди.— Бирон-бирон жойга обориб адаштириб келмайсанми?
— Нима-а? — деди Ўсар ва носини йўлкага туфлаб ташлади. — Эсингиз жойидами?
— Энди, — кампир илжайганча давом этди: — бўлган экан-да қадимда…
— Қадимни қўйинг! Бир нарса едингизми?
— Жедим. Экки бўлак қанд билан нон берди келиним. Илойи, барака топсин… Ҳой, — деди сўнгра мўлтираб. — Уруш-пуруш бўладими яна, болам?
— Нимага? Уруш йўқ энди, — деди Ўсар ўрнидан турмоқчи бўлиб. — Давлатлар ярашганига минг йил бўлди.
— А, нимага қимматчилик бўлармиш?
— Ким айтди? — Ўсар шолча четини тутганча кўзғалди. — Тавба… Ҳожар айтдими, энасини…
Кампир кулди.
— Ҳазил… Сўк, сўк. Тус бобонгга ўхшайсан… Умринг ўхшамасин, илойи. Вой, мен сонимди очиб ўтириппан-ку, ўлай мен… Бод бу… Бобонг ўлгандан кейин қор кечиб, чўпчак йиғиб, тандир қизитаман деб… Ҳувв…
Ўсар шолча четини ташлавориб, керишди.
— Ҳожар, ниманг бор? — дея кўприкчадан ўтиб, ярим газ баланд супага сакраб чиқди.
Ҳожар урчуғи билан эшилмаган калавасини четга қўйиб, иҳраб ўрнидан турди.
— Нима деди момонгиз? Яна ким ёмон — мен ёмон… Кечаси уйқу йўқ, кундузи — тиним. Уф, шу қизингиз ҳам одам бўлсин, жойини топиб кетсин, мен ҳам кетаман…
— Ҳа, кетасан… Ўлигинг чиқади бу ватандан, — деди Ўсар. У кўрпачага чордона қуриб ўтирди. Кейин, бугун бир неча марта томири тортган оёқларини ёнига узатиб юбориб, лўла болишни қўлтиғига олди. — Худога шукур, ўзига шукур, — деди мамнун тортиб. — Кампир! Буёғига яхши бўп кетади!..
Мақсад момо эридан қолган уйчада яшар, уйча пешайвони ҳалиги шолча билан тўсилган эди: кампир ҳадеганда чиқиб кетавермасин ҳамда… биров-ярим келганда унга кўзи тушмасин учун. Момо шишган, юзида окиш доғлар пайдо бўлган, бунинг устига, чиндан ҳам хаёли кирди-чиқди эдики, уни бировларга кўрсатишдан ор қиларди келин, зеро келиннинг бу тадбири Ўсарбойгаям охири маъқул тушганди. Бироқ кампир барибир кечаси бир неча марта пастга тушади…
Кундузи ухлайди-да, кечаси уйғоқ: гоҳо ўзидан-ўзи (балки қўрққанидан) хассаси билан эшик-деразани уриб, кимларнидир сўкади ва гўё аллакимлар билан гаплашади…
Ўсар Ҳожарга уйлангач (уйланганигаям йигирма йилдан ошди), ана шу эски уйчага тақаб бир даҳлиз ва бир меҳмонхона-ётоқдан иборат бошпани қуриб олган эди: ҳамон шу бошпана — буларнинг қўрғони.
Ҳожар ана шу «қўрғон» айвончасига чиқаркан:
— Яхши бўп кетади? Нима яхши бўп кетади? — деб бурилди. — Яна нашани уриб авария қиласиз…
— Бўлди-и! — бўкириб юборди Ўсар. — Ҳе, энангди… Мен нима ғамда-ю, бу нима дейди! Оғзингдан чиқиб ёқангга ёпишсин, силкасал! Ҳа?
— Сиз мени сил қилдингиз.
— Вей, энанг нима касал билан ўлиб кетди?.. Бўл, бўл! Қорин оч…
Ҳожар уҳ тортиб, чайқалиб дахдизга кириб кетди. Ўсар яна керишиб: «Аҳ, қўл чиқиб кетган экан-да, — деб ўйлади: у мошина педалларини босишдан «оёғи чиқиб кетгани»ни кўзда тутарди. — Майли. Ана энди бир мошина тош — ўн сўм… Йўқ, ҳадемай йигирма-ўттиз сўм бўлади, — дея ўйини давом эттирди. — Хўш, кечаси ташийман… Завгарга яна бериш керак. Иўғасам, мошинани чиқартирмайди гараждан. Ҳе, энағар…»
Унинг барибир кайфи жойида эди.
Ҳожар инқиллаб-синқиллаб бир коса димлама олиб келди. Четда четлари қатлаб қўйилган дастурхонга ишора қилиб, яна изига қайтди. Ўсар дастурхонни узалиб тортиб, очди. Қора-қора гўштларидан сарғиш-сарғиш картошка ва бўккан нон бурдалари кўп димламани қўли билан олиб тушираркан, чодир-шолча қимирлаётганига эътибор қилди-ю: «Момомгаям овқат бердингми? — дея сўрамоқчи бўлди. Хотини яна айвонга етган эди, тилини тийди: кампир эшитади. — Лекин барибир ҳидини сезди», деди ичида ва таъби хира бўлиб, баттар жахди чиқа бошлади.
— Ҳой!
— Чой қўйдим, — деди хотини.
— Чойинг… — «Бўлмайди. Бу ишни бирёқли қилмасам бўлмайди! — деб ўйлади-да, қўлидаги картошкани косага ташлаб, бунга сари фиғони чиқиб (егиси келяпти!), ирғиб турди. Шунда чарчоқ ҳам ўзини билдириб ва бир алами ўн бўлиб, супадан сакраб тушди.
Ялангоёқ югуриб бориб даҳлизга кирганди, икки оташхонали газ-плита ёнида турган Ҳожар таппа ўтириб олди.
— Урманг-урманг, отаси.
Бу гапни эшитиб, Ўсарнинг ургиси келиб кетди. Ҳатто қўлиниям кўтарди-ю, сўнгра ўзиям шилқ этиб, кигизга ўтира қолди.
— Ҳой, менга қара, — деди хириллаб. — урмайман. Урсам, қўлим синсин.
— Нима?
— Кампир, менга айт, — деди Ўсар бошини эгиб. — Шу момом ортиқчалик қиляптими, а? — Бу гапни илк бор тилидан чиқаргани ва, демак, қулоғиям эшитгани учунми бутун вужуди титраб кетди. — Айт, хотин, — деди йиғламсираб. — Айт… Энасини урай бу дунёни, бирим икки бўлмади. Эртадан кечгача ишлайсан, қизингга бир тупли оберолмайсан. Бу нима… — Кейин ўнг қўлини чойнакдай мушт қилиб, ўзининг чаккасига бир туширди. — Бу каллаям вақтида ишламаган. Кенжа ўқисин, шу одам бўлсин деб рабочилик қилиб кетдим. Мана, уям ўз кунини кўриб кетди…
— Бачадан нолиманг, — деди шунда Ҳожар. — Чорбоғди ташлаб кетди-ку?
— Гапти бўлма! — Ўсар энди кигизни муштлади. Кигиздан кўтарилган чанг димоғига уриб, негадир наша чеккиси келди. Бироқ бир тутун олсаям тўпиғига сув чиқмай қолишини яхши билгани учун, йўқ, момоси йўриғидаги «иш»ни, ниҳоят, «бир ёқли» қилиш аҳдида туришни ва «бир ёқли қилиш»ни шарт деб билиб: — Айт! — дея яна хириллади. — Айтмасанг, ё сени, ё ўзимни бир бало қиламан.
Хотин деворга тиқилди.
— Менинг у кишига ёмонлигим борми?
— Ёмонлигинг йўқ… Биламан. Кампир ҳам сендан рози… Лекин сени ўйлаганинг бор… — Усар хотинига кўзлари қонсираб тикилди. — Мен сезиб юриппан… Ҳа, мени аҳмоқ дема! Ҳе, сен ушлаган товуқнинг думпатини узиб қўйганман!
— Ахир…
— Гапир. Ичимди еб кетяпти… Очман. Сениям еб қўяман, энағар.
— Энамди сўкманг.
— Бўпти, сўкмайман.
— У раҳматли мен бахтсизни туққанки, сизди уйингизда чўрилик қип журиппан…
— Уҳ! — Ўсарнинг юраги эзилиб кетди: Ҳожарни яхши кўради, Ҳожарни яхши кўриб олган… — Мени кечир, — деб юборди бирдан. — Сени чертишга қўлим бормайди, шундай яхши кўраман! Лекин… тилинг ёмон…
— Мен ҳам сизга… азоб берай деб гапираманми… — Ҳожар пиқ-пиқ йиғлаб юборди.
Уни кўриб Ўсарнинг ҳам кўнгли бузилди.
— Гапир, — деди ҳиқиллаб. — Муддаони айт… Бўлди, йиғлама. Йиғлама деяппан! — дея бақириб юборди. — Яна пиқ этсанг, айлантириб соламан, энанг… Астағфурилло! Одамни копир қилиб юборасан-а!
— Мен, мен сизга… — Чайналиб гапира бошлади Ҳожар. — Сизга момонгизни у қилинг-бу қилинг деганим йўқ. У киши — мениям момом… — Унинг кўзидан яна ёш қуйила бошлади. — Қизингиз техникумига кетади. Ўзим касал…
— Энди сени дўхтирга кўрсатаман. Бошингни кўрсатаман! Тошкентга обораман! — деб юборди Ўсар ва аёлининг синиқ жилмайганини кўриб, энди чап мушти билан ўзининг бу чаккасига солди. — Ўлай агар, қасам ичаман!
— Майли, раҳмат. Ўзингизни урманг, — деди Ҳожар. — Ўзи сиз каллага уришни одат қипсиз.
— Бас! Хумори тутаётган бўлса…
— Вой, худо.
— Айт!
— Уф, энди бир марта оғзимдан чиқиб кетиб эди-да.
— Ҳа, балли!
— Ахир, тузук-тузук кишилар ҳам…
— Ҳа-ҳа.
— Анави… — Аёл тағин инграб йиғлашга тушди. — Ўлай агар, мен ўйлаб топган бўлсам…
— Ўйлагансан. Ўйламаган бўлсанг, ўша гапти айтмас эдинг! Хўш, нима эди у?
— Ахир, биласиз-ку? — Баттар ҳўнграб юборди аёл. — Бошда… ўзингиз топиб келган эдингиз ўша гапти!
— А-аа, ўзимми?
— Ҳа!
— Маладес. Кейин сиз нима деб эдингиз? А? — Тағин ҳайқириб қолди Ўсар.
— Астароқ гапиринг, э, — ёлворди келин. — Кулоғим очиқ ахир. Менга қаранг, чолжон… Овқатингизни женг. Қорнингиз оч, жаҳлингиз чиқяпти.
— Йўқ, Ҳожар, — деди Ўсар. — Пичоқ бориб суякка қадалган. Энди бу ишни орқага суриб бўлмайди… Бугун ҳал қиламиз, бугун! Эшитяпсанми? Ҳозир…
— А яна нима дейин?
— Ҳали айтдингми гапингни?
— Уҳ… — Аёл бирдан эрига бақрайиб қолди-да: — Ҳа, — деди сўнгра овозиям ўзгариб. — Шу момонгизди… шу қариялар детдомига оборсангиз… нима бўлади деб эдим. Сиз нашани уриб олган эдингиз, хўп кулдингиз. Эртаси урҳо-ур… Мана, чаккамди ёрдингиз.
— Ҳа-а, хўб иш қилган эканман-да. Қани, қайси чаккангди ёрибман экан? Энди соғини кўрсат… — Шундай деди-да, икки қўллаб кигизни муштлади. Яна гуп этиб кўтарилган чанг афтига урилди. — Ҳе, энасини… бу ҳаётти…
У сапчиб туриб эшикдан ташқарига қаради, беихтиёр кўзи катта ёнғоқнинг барги тўкилиб сўппайиб қолган шохларига тушди. Бир шохга қўниб турган чуғурчуқлар дув кўтарилди. Ўсар маҳзун тортиб: «Ҳе-е кетди… Момоям кетади. Шу, шу ёнғоқниям экиб ўстирган-а! — деди. — Ҳа-ҳа, анави ўрикларниям, беҳи, қизил олма, лойхонадаги олчалар… Бу дарахтлар ҳам кампирнинг болалари. Ўзи шундай дер эди… Ажаб, дарахтлар одамзотдан эрта қарир экан-а? Йўқ, булар тенг қартайибди, чамамда. Бироқ барибир момом ўлгандан кейин ҳам бу дарахтлар ҳосил бераверади: бизга…»
— Чол, — деди Ҳожар.
— Нима? Кўр бўлгир! — деди Ўсар. — Қара, биз учун ўстирган бу боғни! Се-енинг болаларинг учун, ғалча! Мевасига невараларимнинг оғзи тегади деб… Э-э, фалак! — Ўсар титраб-қақшаб, бир нималарни остин-устин қилиб юборадигандек шишиниб кетди. Сўнгра минғирлаётган хотинига қараб: — Ҳой, нокас, обориб… обориб ташлаб келолмайманми? — деб юборди бирдан. Бу гапидан ўзи ҳайрон қолиб ҳамда ниҳоят, тополмаётган нимарсасини топгандек бўлиб авж қилди: — Йўқ, мен ҳазиллашаётганим йўқ.
— Вой, бас, — деди келин. — Яхшиси, мени обориб ташланг ўша ғарибхонага.
— Сени? Сени бўкиртириб ишлатади-ку у ерда! — Ҳайқириб кулди йигит. — Нодон! Бунинг топган гапини қаранг!
— Бў-ўлди, бошқа гапирсам, ўлай.
— Сен ўлмайсан, минг гапирсанг ҳам ўлмайсан. — Ғудирлаган кўйи боз оташин бўла бошлади Ўсар. — Шу кеча… Йўқ, эртагаёқ минғир-минғирни бошлайсан яна.
Шунда Ҳожар яна эрига боқиб қолди-да, секин туриб эшикка йўл олди.
— Ҳа? — деди Ўсар узалиб.
— Тортинг қўлингизни…
— Яна нима бўлди? — Шунда йигитнинг юраги қаттиқ сиқилиб кетди: нимага бунча гапиряпти? Майда-чуйда гаплар… Ахир, муддао аниқ-ку.
«Шошма, бирон ҳаптага обориб қўйсам-чи, ўша етимхонага?» — деган ўй келди хаёлига. Ва бу «режа» унга шунчалик маъқул тушиб кетдики, бу ўйнинг илгарироқ келмаганидан ҳатто ҳайрон қолди: ахир, бир ҳафтада кампирнинг қадри ўтади, пушаймон ейди бу… Бунинг устига, қўни-қўшниларнинг таънасига чидолмайди… Ёки, уларга билдирмайдими? «Укалари Кенжаникига обориб қўйдилар. Соғинган эканлар», дейди. Лекин Кенжа бу «иш»ни билса, роса йиғлайди… Балки кампирни ўз уйига олиб кетади…»
Бу орада хотини Ҳожарнинг ғоят изтиробга тушиши — ўзини минг бор лаънатлаши ва, демак, Ўсар «тантана» қилиши — хотини устидан мардона кулишини ўйлаб:
— Бўлди! — деди. — Момомнинг уйига кир. Ул-булини йиғиштир… — Хотини унга бақрайиб қолди. — Сенга айтяпман, кўзинг ўйилгир! — ўдағайлади Ўсар. — Бўлди, муддаонгга етдинг… Эннасини… бу дунёни! —
Кейин ўзининг гаплари ўзига кор қилиб, кўзларига ёш тўлди. — Бу ҳукумат номард экан, энағар… Кампирни ишлатиб-ишлатиб, охири пенсия ҳам бермади… Хайрият, отам урушда ўлгани учун ўттиз сўм беради…
— Бўлди қилинг, шаҳдингиздан тушинг, — эрининг елкасигами-ёқасигами қўл узатган эди, Ўсар тисланиб кетди.
— Йўқол! Бор, айтганимни қил!
Ҳожар изига қайтди-да, газни шартта ўчириб, бояги жойига ўтириб олди.
Ўсар уни тепадигандек хезланди.
— Турмайсанми?
— Йўқ,
Ўсар бир зумда уни сулайтириб ташлашни ўйлади, аммо ўзи касалванд, ўлиб қолса…
«Йўқ» деяпти-ку? Пушаймон ея бошлади ҳозирдан. Тўхта, бир иш қиламанки, ўзи югуриб қолади»…
Ана шунда Ўсар шодон қаҳқаҳа отади.
У илдам юриб айвонга чиқди-да, айвончани бу ёкдан ҳам тўсиб турган шолчани шарт тортиб юборганди, шолчанинг супага қараган томониям шалоп этиб ерга тушди. Айвонга қуёш нури ёпирилди.
Мақсад момо тағин очилиб қолган бошига қийиғини ёпмоқчидек пайпасланиб, охири кафтлари билан тепасини пана қилган бўлди.
— Момо! — деди невара овози хириллаб ва туйқус йиғламоқдан бери бўлиб бақирди: — Кенжангиз чақиряпти экан сизни! Кенжабой!.. Биттаси айтиб кетди…
— Ким? — деб пичирлади кампир ва юзи ёришиб, кўзлари ёлқинланиб кетди. — Кенжа?
— Ҳа! Сизни меҳмонга айтипти! — деди Ўсар бир табақали, занжири тепага илинадиган эшик томон юриб. — Мундай одамга ўхшаб боришингиз керак. Бошқа кийим-бош бордир… — Кейин нариги уйга қараб бақириб юборди: — Ҳожар! Баққа ке!
Ҳожар эшик оғзига келиб турган экан, дарров қаради.
— Нима?
Ўсар кўзларини ола-кула қилиб, кампирга ишора қилди.
— Кийинтир момомди! Ахир, ахир… айтдим-ку.
Кенжа уйига чақирипти деб! — Сўнг жилмайди. — Ёки…
Эр-хотин узоқ муддат бирга яшаса, бир-бирининг важоҳатидан нима демоқчи бўлаётганиниям сўзсиз билиб кетишади. Шундайки Ҳожар англади: эри «Ёки… ҳазар қиласанми?» демоқчи.
Ҳожар каловланиб буёққа йўналди.
— Қани, тез бўл! Ҳим, яна ул-були бўлса, униям ол… Бўғча қил!
Ўсар шундай деб айвондан тушди. Кўприкчага етганда супадаги дастурхонга қаради-да, жадал бориб унинг четидан тортди. Димламани апил-тапил еб олиб, бармоқларини ялай-ялай дарвозага қараб кетди.
Унинг кўнгли хийла тинчиб қолган эди. Момони Кенжанинг уйига обормаслиги аниқ. Лекин етимхонагаям обормайди-ю…
Бирон ўн дақиқадан кейин Ўсар бодомгулли чит кўйлак кийиб, бошига дока рўмолини ўраган кампирни кўтариб юк машинасининг кабинасига ўтқазмоқда эди.
Кампир ўрнашиб олгач, қўлларини кўксида тутиб, кўзида ҳалқа-ҳалқа ёш билан оёққўйгич қошига келган Ҳожарга:
— Мен сал кунда қайтаман, келинжон. Бу боғдан, сизлардан ажралиб яшолмайман, — деди. — Ке, бир ўпай… Оҳ!
— Моможон, тез келмасангиз, ўзим бориб опкеламан, — деди Ҳожар.
— Бе, мана мошина… Асалжонимдан айланай! Ғир этиб боради-ю, обкелади-да момосини. Сельсоветдан телефон қилиб тур. Овозингни эшитиб турай… Келинжон, невараларимга эна сути бермаган бўлсам ҳам, эна бўлиб боққанман… Ҳув, у кунларни худо кўрсатмасин!
Ўсар хотинини тирсаги билан туртиб юбориб, эшикни ёпди.
— Қолганини менга айтасиз!
Момо қийқиллаб кулиб, машина деразасидан қўлини чиқармоқчи бўлди: бармоқлари ойнага тегиб қайтди. Ва келинига: «Бунинг гапига парво қилма. Ҳазилкаш-да» дегандай жилмайиб, ҳар иккала кўзиниям қисиб қўйди.
Кампир беҳад шод эди. Шодлиги шунчаликки, эси-ям буткул ўзига келгандай…
Ҳожар рўмолнинг учи билан кўзини артди, сўнг уни оғзига босиб тисланди.
Ўсар машинани тартарлатиб ва бирдан силкитиб ҳайдаб кетаркан, негадир чўзиб-чўзиб бубуплатди.
— Момо!
— Лаббай, жоним.
— Анави ердан ушланг. Ушланг деяпман… Ҳе, энағарди момоси! — Ўзи ўнг қўли билан кампирнинг даст-панжасини олиб, ғаладоннинг тутқичига қўйди.
— Ҳа, мундайчикисиям бор экан-да… Айланай меҳрибонимдан… Сизларни ҳалол едирдим, ҳалол кийдирдим. Худога шукур. Эшитгансан, бобонгди «вираг нарог» деб отишганда, биздан етти чақирим тгарига қочиб эди қариндошлар ҳам. Ҳа, «халқ душмани»нинг беваси эдим-да.
— Халқ душмани эмиш…
— А? Ҳа, унинг нимаси душман эди? Иккита қўш хўкизи бор эди бор-йўғи. Отанг билан лалмикорда ер ҳайдар эди…
— Бобом ҳукуматга бермаганми ўша ҳўкизларни?
— Саман отини бериб эди. Нуқра жуганлари билан… Ҳув, оптўймас, ебтўймас экан бу ҳукумат. Охири ҳўкизларгаям кўз…
— Давлат деб гапиринг!
— Ҳа-е… Лекин давлат барибир адолатли экан. Бобонгди оқлади-ку оқибат.
— Ҳа. Ўлдириб бўлиб кейин оқлади.
— Ҳаммаси худодан… Шукур қил, болам, шукур қил. Урушдан кейинги очарчиликда бешталаб боласи ўлганлар бўлди. Бир кечада. Худоё, тавба қилдим…
— Тавба қилинг, тавба қилаверинг… — Ўсар машинани суриб тор кўчадан чиқараркан, чамбаракка шап-шап уриб: — Дод! — деб қўйди. — Урдим нашани, сурдим пашани деган экан бир Нурқул деган авлиё!
Машина катта кўчага тушгач, тўғрига йўл олди. Ўсар тезликни ошириб ва ҳар қадамда сигнал бериб, гўёки ўзининг қандайдир «Борса қайтмас»га бораётганидан ўткинчиларни огоҳ этаётган каби кўзи илғаган таниш-билишларга беихтиёр бош ирғаб, қишлоқдан чиқа бошлади. Ниҳоят, қишлоқ сойи қиртоғига — қизғиш товатошлардан иборат қир бағрига илонизи бўлиб ўрлаган йўлга тирмаштириб, ҳадемай ўркачга чиқарди машинани ва у ёғи — адирга туширди.
Бепоён текис дашт. Асфальт бузилмаган, бироқ ёзда эригани бўйи қат-қат бўлиб қолган. Йўлнинг ўнг томонида — йироқда Қоратоғ тизмалари туман ичида мудраб ётарди. Чўққиларда булут карвонлари судралади.
— Момо!
— Ҳа. Жон… Вой, қўлларингдан! Бир ҳайдаяпсан, беланчакда ётгандай маза қиляпман… Ҳи-ҳи-ҳи. Қариликка йўрғалик… — Кейин Ўсарга анграйиб қаради. — Сен Асалжон-а?
— Ҳе, энағар… Бошладингизми яна?
— Нимани?
— Талмовсираманг.
— Вой… — Кампир жимиб қолди. — Кенжанинг уйига оборяпсан-а мени? Нечта боласи бор унинг? Уф, эсар бўп қолдим, болам.
— Борганда, санаб биласиз, — деди Ўсар, — Санайсиз… — Шунда жигарбағри бўғзига сапчигандек бўлиб энтикиб кетди: «Кенжаникига оборсам мабодо… Нима деб топшираман буни? Ўзи тўртта боласи билан домда сиқилиб… Гап шу! Момомни бирон жойда бир-икки соатга қолдириб, қайтаман! Шунинг ўзи Ҳожарга етади…»
Сўнгра кампирни шу атрофда… бирон ерда қолдиришга жой излаб, олдинга ва ён-атрофларга кўз сола бошлади: анави юлғунзордаги оқ туғ кўтариб ётган қабр — Хотин шаҳид… Иўлтўсарлар ўлдириб кетишган бечорани. Ҳим, хавфли жой…
Буёқдаги сойликда пана жой йўқ: тошлокда ўтирган кампирга ўткинчиларнинг кўзи тушади, қизиқишади.
Шунда олисда — йўлнинг икки четида иккита пакана ғужумдек бўп кўринаётган дарахтларга — қўш тутга кўзи тушди-ю, туйқус шодланиб кетди.
Қўш тутни шофёрлар «дарвоза» дейишар, у қандайдир даражада бекат ҳам эди. Ўсар эсини танигандан бери биладики, шу тутлар бор: бундан ўн-йигирма йиллар бурун ҳам улар — қари, томирлари ер бағирлаб-букчайиб ўсган, қучоққа сиғмас танасида пўстлоқлари кам қолган, доимо чакалак-каллакланган шохлари орасида митти жиблажибонлар чув-чувлаб юришар эди; ҳамма вақт отли-эшакли йўловчилар туман марказига келишаётгандаям, чиқиб кетишаётгандаям шу тутлар тагига қўниб, бироз ҳордиқ олишар, уловларини суғориш учун йўлдан сал нарида қоқ бор эдики, ёзнинг жазирамасида ҳам унда сув бўларди.
Ўсарнинг «ГАЗ-157» машинаси ана шу «дарвоза»га етган чоғда бирдан тормоз берди-да, сапчиб кетган кампирни бир қўлида қучганича уловни йўлдан чиқариб тўхтатди.
— Вой, нима бўлди, болам?
— Ҳеч нима, ҳеч нима… — деди Ўсар ва худди ўғриликка тушаётган сингари алланечук қўрқув-ҳадик ила: — Тушайлик, момо, тушайлик, — дея эшикларни ланг очди. — Мен радиаторга сув қуйиб олай.
Буёқдан айланиб келиб, қўлини чўзди ва бирдан кампирни кўтариб олиб, тут остига элтди. Оёққа қўйиб: — Суянинг! Ўтирманг, — деганча изига қайтди.
Кампирнинг бўғчасиниям келтиргач:
— Бунинг устига ўтиринг!.. — деб қандайдир дағдаға қилди-да, тисланиб, йўлнинг уёғи ва буёғига боқди: ҳеч қора кўринмасди.
Мақсад кампир тугунига ўтириб-ўрнашиб, тутнинг танасини сийпалади.
— Вой, қабиғини мол ғажиган, а? — деди. Кейин Ўсарга қараб кулди. — Нашага чўғ бўлади деб олишган.. Сен наша чекмайсан-а, Асалжон?
— Чекаман! Биласиз-ку — деди Ўсар. — Хўш… — У ўзи англамаган ҳолда кўзларида бояги қўрқув, тағин ҳаяжон-хижолат ва ўта сергаклик билан кампирнинг қошига келди. Унга қаттиқ тикилди-да: — Қимирламай ўтиринг, эшиттингизми? — деди.
— Ўтириппан-ку, Асалжон.
— Ана, қоқти суви қуриган экан. Ана… Орқага қайтмасам бўлмайди. Ўн минутда келаман.
— А, қаерга борасан?
— Айтдим-ку, сувга!
— Майли-майли. Бор, болам. Мен ўтираман… Мошинанг кўп лўхшиди. Дамимди оламан… Айланай сендан. Муни қара, дунё кенг-а, тавба…
— Дунё — торга тор, кенгта-кенг экан, момо! — Ўсар ихтиёрсиз бир ҳолда Нурқул нашаванднинг ҳикматларидан яна бирини айтиб юборди ва бу гап иттифоқо ўзига таъсир этиб: «Биз — тор, мен — тор… — деб ўйлади. — Кенжаям билади мени. Бекорга «инжиқсиз» демайди. Бу ҳаёт нервинний қилиб қўйган бўлса, нима қилай? Ахир, Ҳожарниям яхши гап билан овутсам бўларди. Нуқул унга аччиқма-аччиқ гапираман. Қўлим ҳам…
— Беш минут! — деб бармоғини ўқталди кампирга. — Хўп, ярим соат… Тушундингизми? Биров гап сўраса, жавоб берманг!
Кампир шунда қиқиллаб кула бошлади.
— Нимага куляпсиз? — деб бирданига дўқ қилди Ўсар. Ва яна кўнгли бузилиб кетди. — Моможон…
— Ҳе, ўзим… Қадимда бўлар экан-да, — деди момо кўрсаткич бармоғини букиб, кўзларини артиб. — Шу-шу… қариган чол-кампирларди обориб-адаштириб…
— Алжиманг!
— Хаёлимга келди-да.
— Бўлмаса сиз ана шундай хаёл сури-иб, ўзингизни алдаб ўтиринг, мен тезда қайтиб келаман.
— Хўп-хўп, отажон, — деди кампир ва гангиб қўлини фотиҳага очди. — Илойим, эсон-омон бориб кел. Йўлинг оқ…
— Ҳей-ҳей! Нималар деяпсиз? Ҳозир келаман деяпман-ку, энағар!
— Яна хаёл…
— Хаёлди жойига қўйиб… а? — Ўсар яна таҳдид қилган бўлиб тисланди-четланди ва яна бир дақиқа бу ерда турса, кампирни олиб уйга жўнайдиган каби отилиб машина ёнига борди. Ўтолдиргич калитини изламоқчи бўлди-ю, мотор тир-тирлаб турганидан вақти хуш бўлиб, кабинага кириб ўтирди.
Кейин шалоқ машинани гуриллатиб, «дарвоза»дан тўғрига ўтказиб кетди: кампирга қарагиси келди — ўзини тийди. Бирон юз қадамлар олислагач, яна қарашни истади: аммо қараса, тағин бир кор-ҳол бўладиган сингари тезликни оширди-ю, сойликка энавериб, таққа тўхтатди: қаёққа боряпти?
Ўзиям хаёлати бўлиб қопди.
Ахир орқага буриб, тағин кампирнинг олдидан ўтказиши керак-ку машинани?
Тезроқ уйга етиши керак!
Шунда унинг яна йиғлагиси келиб кетди: «Бутун ҳаётини бизларга бағишлади шу кампир. Бобомдан қолганида ёш бўлган-ку! Лекин эр қилмаган… Энағар энам бўлса, отамдан келган извишенини ўкибоқ феъли айниган. Укам билан мени ташлаб, бир дизиртирга эргашиб кетган…
Момом чапак чалиб қолаверган.
Куйган банда бу… «Энди мен ҳам мазах қиляпман!»
Ўсар шу алфозда яна машинани тўғрига ҳайдаб кетганини билмай қолди. Машина тошлоқда чиндан ҳам уф-уфлаб тўхтаб қолганидан кейин ўзига келди.
Ҳа, радиатор иш кўрсатмоқда эди…
У йиғлаб юборди-да, копотни очиб қўйиб, қайноқ буғнинг кўтарилишини бир оз томоша қилгач, пачоқ челакни олиб булоқ излаб кетди.
Алқисса, аллақанча вақтдан кейин шалоқ машинани қайтариб қишлоқ йўлига туширди. Тутлар орасидан шитоб билан ўтди. Ва қишлоққа яқинлашганда…
…Қай кўз билан кўрсинки, қаршисидан келаётган таниш юк машинаси устида…
Ҳожар тик турганча кабина томига қўлларини тираб келмоқда, рўмоли учларини тишлаб олган эди.
Ўсар машинани йўл ўртасига буриб тўхтатди.
Кабинадан бошини чиқарган таниш қариянинг саломига ҳам алик олмай, ойнадан қўлиниям чиқариб бақирди:
— Ҳей! Баққа туш, энағар!
Ҳожар эрини таниб, титроқли илжайди-да, кузов ортига қараб кетди. Ўсар унинг ерга тушиши мушкул экани учун ўзи кабинадан чиқди, айланиб бориб, хотинини кўтариб олди. Ёшли кўзларига тикилиб:
— Ҳа? — деди ва… унинг нега йўлга чиққанини тусмоллагани ҳолда: — Гапир! Қаерга бораяпсан, энағар… а? — деб бақира бошлади.
— Секин, секин, — деди хотин бошини эгиб ва чап қўлини кўксига босиб.
Шунда нариги машина қимирлади. Йўл ёқасига чиқди. Ўсар беихтиёр хотинининг билагидан ушлаб, ўз машинаси томон йўналди. Анави «ЗИС» ўтиб кетгач, иккисиям чангга беланиб ва қўлларини пашша ҳайдагандай қилиб кабина қошига етишди.
— Хўш? — деди Ўсар. — Уйга қайтамиз-а? Момо қо-олди… Юрагинг совудими, ҳароми? Энди яйлов кенг бўлади сенга! Боғда жавлон урасан, силкасал! Хотин унинг қўлларини ўпа бошлади.
— Ундай деманг… Ёлтон гапиряпсиз… Борсангиз, ўзингиз боринг ўша боққа… уф, ўламан. — Кейин Ҳожар чинқириб юборди. — Қайтаринг мошинани! Ҳе, невара бўлмай ўлинг! Машинани қайтаринг!
Ўсар қаноатланиб — томоқ қириб, кабинага кирди. Мотори тағин ўчирувсиз қолган уловини юргизиб, айлантириб келди. Ҳожар йўлнинг бу томонига ўтиб, ичкарига аранг кириб ўтирди-да, тутқичдан маҳкам ушлаб, бошини эгди.
— Ҳа? Пушаймон қиляпсизми? — деди Ўсар машинани ҳайдаб. Хотин миқ этмади. — Баттар бўл! — кейин яна мамнун бўлиб кетди…
Сўнг… момосини қўш тутда сарғайтириб… қолдириб келганидан…
Йигитнинг чунонам алами келиб кетдики:
— Уҳ, — деб иҳради. — Нимага туғилдим мен? Шу азобларни чекиш учунми?.. Бировлар туғилганидан шод, димоғи чоғ! Уйида тинч, қулоғи тинч… — Кейин, носқовоқни тишларига тиқ-тиқ уриб нос отди. — Гапий!
Хотин яна чурқ этмай олдинга боқди. У қандайдир шишинқираган, қовоқлари осилиб кетган, фақат кўзлари ғилтиллар эди. Ўсарнинг аёлига яна раҳми келди-да, туйқус унинг эгнидан ўнг қўли билан қучиб қўйди.
— Билардим.
Ҳожар кўзини йўлдан узмай сўради:
— Қаерга обориб ташладингиз у кишини?
— Қаерга, қаерга… Детдомга-да! Билдингми? Хурсанддирсан?
Хотин минғирлади:
— Йўқ. Детдомга эмас.
— Кенжанинг уйига! Бўлдими?
— Бекор гап. Уйдан чиққанингизга бир соат ҳам бўлмади.
Ўсар ўнг қўли билан хотинининг башарасига уриб юборди.
— Анави шопир билар экан, — деди Ҳожар.
— Нимани? Нимани?
— Сизни, феълингизни!
— Ҳали унга айтиб бердингми, энағар?
— Ҳа..
— Вой, до-од!
Ўсар газни босди-я! Босди. Бояги «ЗИС» қайтиб келаётган экан, тўқнашиб кетишига оз қолди. Ниҳоят, жуфт тутлар кўринди. Аста-секин катталаша бошлади. Кейин Ўсар оғзини очиб, лабларини ялай бошлади: гоҳ ютинади, гоҳ хотинига ялт этиб қараб қўяди.
Ўсар машинани секинлатаркан, кампир суяниб ўтирган тутнинг тоққа қараган ёғигаям боқди: ҳеч нарса йўқ. Сўнг машинани сал нарига ўтказиб тўхтатди-да, сакраб ерга тушди. Чопиб дарахт тагигаборди, нега-дир тутнинг шохларига қаради. Кейин эса танани гир айланди ва кампир ўтирган ерга тикилди: чумолимиди—ерга кириб кетса?..
Қожар кабина эшигини очиб, эрига қараб турарди.
— Нима қиляпсиз? — деб сўради.
— Э!.. Э, ху-до, энағар… — Ўсар оғзини каппа-каппа очиб нафас олганча, қоқ тарафга кўз отди-ю, кўлнинг у соҳилида уюлиб ётган тошлар, бодомча ва янтоқларга тикилиб қолиб, чуқур хўрсинди. — Туш энди… Етиб келдик! — деди. — Ҳе, пўкка… Сенга ким қўйиб эди йўлга чиқишни!
Ҳожар ўрдак юриш килиб келди.
— Н-нима гап ўзи?
— Нима, нима… — Ўсар тағин тош уюмлари ёққа боқди. Ва яна хўрсиниб юборди. — Худо урган бадбахтлармиз… Ў, у кампирнинг биз учун қилган ишлари! Ҳисоби йўқ… — Шунда кўнглига боз хавотир туша бошлади. — Эй, бўғчасиям йўқ-ку!
— Нима? Шу ерда қолдириб эдингизми?
— Момо-а! — деб чинқириб юборди Ўсар. Сўнг югургилаб қоқнинг бери томонидаги тош уюмлари устига чиқди. — Момо-оо! Ҳў, энағар, момо-о! — Шунда пайқаб қолдики, нариёқдаги қалама тошлар орти баралла кўриниб турибди: ҳеч зоғ йўқ. — Э, энангди… Ерга кирдими, осмонга чиқдими? — Оёғи остига ва кўкка қараб олиб, ҳовлиқиб пастга тушди.
Тут тагига келиб, йўлнинг у бошига кўз тикди, кейин бу бошига. Сўнг кампирни ўтқазган ерига.
— Э, худо! Бу нима кўргулик? Мана шу ерга…
Букри томирга энди Ҳожар ўтириб қолди. Ўсар йўлнинг у бетига ўтди. Кейин тўғридаги сойлик томонга чопиб кетди. Етди. Булоқ суви тошчалар оралаб оқар, қандайдир ўтроқ қушчалар чий-чийлашар эди.
Ўсар додлаб, яна орқага қараб чопди. Тут остидан ўтиб, яна тошлар устига чиқди.
— Момо-о… — деди энди овози бўғилиб. — Ахир… — Шунда камшфнинг боя (Ўсар кетаётганда) кулгани, «Қадимда бўлган экан-да…» деганини эслаб: «Тағин биров-яримга алжиган бўлса…» деб ўйлади. Ва ўзини — Усарниям танимай қолиши ёдига тушиб, ҳолсиз шивирлади:
— Обкетишибди.
Йигит хотинининг ёнига келди.
— Балки анави шопир обкетгандир, — деди хотини.
— Ҳа, энағар-а, шарманда килдинг-ку! Йуқолган кампир «топилди». Аммо, у ёғини ёзиб
ўтириш шартми?
1990