Шукур Жаббор. Олтин ғишт (синергетик ҳикоя)

Самарқанд. Чор атрофни чор қўшини босгач, очлик туфайли чорасиз деҳқон ва чорикорлар сомоннинг чорига ҳам қаноат қилар эдилар. Осмондан қараганда пастда мувозанат бузилгандай беқарорлик, тартибсизлик кўринарди. Лекин бу тартибсизлик маълум бир тартиб асосида содир бўлар эди. Дастлаб ташқаридан келганлар маҳаллий кишилар яшаётган қалъани қамал қилди. Кейин ичкаридагилар отилиб, ситилиб озайгач, қочганлари қочиб, қочолмаганлари ҳалок бўлди. Тегирмон навбати билан дегандай музаффар томон ичкарини, Регистондаги деярли барча қалъаларни эгаллаб олди. Лекин, кейин ўзлари қамалда қолдилар. Чунки ташқаридан маҳаллий кишиларга ёрдамчи кучлар етиб келган эди. Бу худди осмондан қараганда оқ ҳалқа қорамтир яшил ҳалқани ютиб юборгани, уни ортидан зангор ҳалқа сиқиб келгани ва ютиб юборилган ҳалқанинг ўрнига оқ ҳалқа тушиб қолганига ёки таркиби одамлардан иборат спираль ҳалқа ҳаракатига ўхшайди. Энди ичкаридагилардан онда-сонда ўлиб, қамал қилувчилар сафида кўпроқ одам ҳалок бўла бошлади.

Бир ҳафта аввал

 Генерал Назаров аскарларидан бирининг отган тўпи Регистондаги баланд девор тепасини кўчириб ташлади. Шу пайт “Саблуков, тепароқ от!” деган товуш эшитилди. Ўпирилган ғишт бўлаклари ўша ерда хотиржамгина мешини деворга суяб қўяётган Мустафо чолнинг устига ёғилди. Унинг бундан бирор туки ҳам қимирлаб қўйгани йўқ. Девор тагида тирик жонлардан шу парвойи палак чолдан бошқа ҳеч ким йўқ. У ҳам бўлса чала жонларга, жони узилаётганларга саночда сув улашмоқда. Чол қўлини сув билан намлаб ҳатто сув ичолмайдиган аҳволга келган жон талашаётганларнинг лабини ҳўлларди. Мустафога фарқи йўқ: душман томонми ёки ўзиникиларми…
 
Олти кун аввал

 Қалъа тепасида қўлининг ярасини боғлаётган зобитнинг олдига аскарлардан бири югуриб келди.
– Василий Василич, бўла қолинг, сиз чизадиган манзара чиқиб қолди…
– Ўпкангни босиб олиб гапирсанг-чи!
– Айтсам ишонмайсиз, шу ерлик бир чол ўқ ёмғиридан қўрқмасдан жони узилаётган аскарларга, яъни бизникиларга ҳам, сартларга ҳам сув ичириб юрибди.
– Ерунда! Нима қипти?!
– Нима қипти дейсиз-а?! Бунақа нарсага қизиқасиз деб ўйлагандим.
– Уни танийман. Ажалини қидириб юрибди шекилли. Икки ҳафта олдин Бухоро қамали пайти сув кўтариб пайпаслаб юрганди. Ўша пайтда отиб ташласам бўларкан. Энди шу ерда отиб ташлайман аҳмоқ чолни!
– Василий Василич нималар деяпсиз?! У одам ажратмай ҳаммага бирдек… Ахир уни ҳеч ким отишга журъат қилмаяпти-ку! Мен буларни чизинг деб айтяпман.
– Чизинг деб?! Гапингни қара-ю. Агар билсанг, бундай манзара ҳаётий чиқмайди.
– Нега ҳаётий чиқмайди. Ахир ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз-ку!
– Бунга Европа ишонмайди. Мени софистга, фалсификаторга чиқариб қўйишлари мумкин. Бор, мен билан тортишмай ишингни қил!
– Ўзингиз биласиз, жаноб Верешчагин, Бухорода ҳам зўр манзарани чизмай ўтказиб юбордингиз!
– Зўр манзара! Нима шарманда бўлганимизни айтаяпсанми?! Ҳа, амирнинг ҳарамхонасини босқин қилиб, амир хотинларининг ялтир-юлтир иштонларини кийиб олиб мақтанган казакларнинг суратини чизишим керакмиди?! Кўзи оч мурдорлар! Заифона иштон кийган фаросатсизлар! Шарманда! Тфу!

Беш кун аввал

Мустафо чол ҳамон чалажонларга сув улашиш билан овора. Бир соат олдин бу ерда очиқ, юзма-юз жанг бўлиб, энди рақиблар бир-бирини пана-пастқамларда мўлжалга олиб отарди. Отишма сийраклашиб қолди. Мустафо чол ердан бир ғиштни олиб тўрвасига солди. У белидаги белбоғини ечиб пешонасидаги терни обдан ҳафсала билан артди. Кейин бир мурдани кўтариб жанггоҳдан олиб чиқди. Одамларини қайта санаётган Мирзабойвачча Алимбек деган йигитга “Анави баччағар чолни берига келтир!” деб буюрди. Кейин бошқалардан “Уни танийсизларми?” деб сўради. Шопмўйлов Ҳазратқул ўз билганларини Мирзабойваччага изоҳлаб берди: “Ҳа, у Мустафо чол-ку! Ҳа аниқ Мустафо телба. Йўқ-йўқ жуҳудмас, ўзбак. Ўзи сал анавиндай… жинни. Уни нима қилмоқчисиз?! Уволига қоласиз. Ўзи шундоғам бир оёғи гўрда. Ўрисгами?! Ҳа, раҳми келиб сув ичирди, шекилли. Жинни бўлмаса шунақа қиладими… Уни ўлдириш мумкинмас. Чунким, у соҳиби узр ҳисобланади. Ана, сўранг, ичимизда муллавачча Мубошир мадраса кўрган. Ҳой, Мубошир “соҳиби узр”ни тушунтирсанг-чи. Ишқилиб, мени билганим “соҳиби узр”ларга нариги дунёда ҳам сўроқ-жавоб бўлмас экан. Йўқ, мен унинг гапларига қараб шунақа хулосага келганман, холос. Гапига қараганда, у эсини еган чол худди бориб кўриб келгандай жаннатда ўзига олтиндан қаср қураётганмиш. Ақли бор одам ишонадими шунга. Мен эсимни таниганимдан бери бу мешкобчи чол кўчада текинга сув улашиб “Жаннатдаги саройимга ғишт қўйишиб юборинглар!” деб бақириб юради. “Ғиштни қандай қўямиз?” деб сўрасак, “Шу яхдай сувни ичсангиз бўлди, ғишт қўйган бўласиз!” дейди. Ваҳ-ҳаҳ-ҳа…
Бир зумда Мустафо чолни судраб олиб келишди. Мирзабойвачча унга қараб бақирди:
– Қўйнингдаги нима?
– Ғишт.
– Сен зиндиқ, чўқиндингми?! Нега ўрисгаям сув ичирасан?!
– Бешта қолди! – деб Мустафо чол ҳиринглаб кулиб беш бармоғини Мирзабойваччага суюниб кўрсатди.
– Нима бешта?
– Беҳишти жовидондаги тилла қасримни битишига бешта ғишт қолди! Чўпонотадаги боғдан ҳам афзал боғи бор! Атрофида тип-тиниқ ҳовуз бор! Бештагина қолди!
– Алимқул, буни кўзимдан йўқот!
 
Тўрт кун аввал

– Алимқул, анави соҳиби узр чол нима деяпти?
– Тўртта қолди! дейди.
– Нима тўртта?
– Ғишт.
– Қани ўзи?
– Ана юрибди, ўликларга сув ичириб.
– Қаршидан хабар борми?
– Йўқ ҳали.
– Хўп. Ўзи аллақачон қайтиб келиши керак эди-ку!
– Бирор кор-ҳол бўлмаганми деган гумондаман.
– Носвойинг борми?
– Бор, тақсир. Манг! Анави Маҳсибозордаги жуҳудлардан ҳасипим совуди. Мунақа иккиюзламачи одамларни кўрмаганман. Туппа-тузук зуннор осиб юрган занғарлар кўча ўрис қўлига ўтгач, зуннорини ечиб, ўрнига ўриснинг камарини тақиб, ўрисга сажда қип юришибди.
– Гапирма уларни! Шундоқ ҳам жиним қўзиб турибди.
 
Уч кун аввал

– Серов, фикримни ўзгартирдим. Анави мешкобчини ҳеч ким отиб қўймадими? Серов! Серов қанисан?
– …
– Серов, ташқарида нима гап?
– Улар кучайиб кетди! Айтишларича, Шаҳрисабз деган жойдан мадад куч келганмиш. Сартларда катта-катта милтиқлар пайдо бўлибди! Ўқи жуда катта экан, ҳар бири ҳўкизни қулатади.
– Ваҳима қилмасанг-чи! Бунча бақиришади! Серов билмайсанми, сартларнинг “ур-ур” дегани нима дегани?
– Билмадим жаноб. Ҳа, жаноб сизни қалъа қутволи билан полковник Назаров йўқлаяпти!
– Оббо, манави порсиённинг сурати яна чала қоладиган бўлди!
– Форснинг сурати дейсизми?
– Ҳа. Афғон отряди билан борган вақтимдаги форснинг сурати! Камаримни узатвор!
– Василий Василич маъзур тутасиз-у, назаримда чизиб битириб бўлибсиз, шекилли.
– Ўша катта милтиқдаги ўқ кўзингга тегмаганми? Оёғини кўрмаяпсанми? Оёғини тугатмадим. Бўл, револьеримни олиб бер!
– Манг, жаноб!
– Штрандманга шунақа аҳвол керак. Ҳа, шу тўнкага шунақа вазият керак.
– Нега ундай дейсиз?
– Эсингдами, Каттақўрғон деган жойда сартлар шаҳар дарвозасини тинчгина очиб таслим бўлишганида роса дарғазаб бўлган эди. “Садоқат изҳор этиб келган элчиларни менга топширинглар, мен уларга таслим бўлиш қанақалигини кўрсатиб қўяман!” деб бақирган эди.
– Нега жаноб?
– Нега бўларди, отряд жанг қилмаса, эшакнинг қулоғидек нишонлар, мартаба ва унвонлар ҳам бой берилади-да.
 
Икки кун аввал

Икки хил талқин

– Лаънат бўлсин, бунақа кунга! Гарнизонимизда тўрт юзта одам бор, уларда эса йигирма мингта! Милтиқларининг катталигини қара! Тумшуғимга тирамасангчи бу матоҳни! Дурбинсиз ҳам шундоқ кўриниб турибди-ку! Анави чол, Верешчагиннинг жаҳлини чиқараётган чолми? Уни ҳеч ким отиб қўймасин, бунақа холис чолни кўрмаганман!
– Инжилни ўртага қўйиб айтаманки, шу ёшимгача мен ҳам бунақа одамни кўрмаганман.
– Шошма бу чол, кўзимга жуда таниш.
– Ҳа, албатта-да. Уни Бухоро қамалида ҳам кўргансиз.
– Йўқ, у ердан бошқа жойда ҳам кўрганман. Қаерда бўлиши мумкин?! Бўлди, уни Каттақўрғонда кўрганман. Эсингдами, Каттақўрғонга яқинлашганда мен жаноб Головачёвнинг ёнида эдим. Штрандман билан казак отряди бизга етиб келиб қўшилишидан олдин бир воқеа бўлган. Полковник узоқдаги буқаларни кўриб “Нега бизнинг буқалар узоқда боқиляпти?” дейди. Ҳеч ким тушунмай қани-қани деб, талмовсирайди. Ҳамма “Қандай буқаларни айтаяпсиз жаноб олийлари?” дейди. У қўли билан Зарафшон томондаги сигирлар подасини кўрсатади. Кейин у “Гап қайтарилмасин, ҳозироқ бу ёққа ҳайдаб келинсин!” дейди. Казаклар буқаларни ҳайдаб келиб уч-тўрттасини паққос туширишади. Буни эшитиб роса кулгандик…
– Ҳозир ўша буқалардан бирортаси бўлганда борми… Карам шўрва бадга урди.
– Гапимни бўлмасанг-чи, кейин ўша буқаларнинг эгалари генералга шикоят қилиб келишади. Генерал тантилик қилиб буқа эгаларига товон тўлади. Менимча, генерал қўрқиб кетган. Буқа эгаси ёнида ана шу чол бор эди. Ўша куни у шундай қўрқинчли эди-ки, мени ҳам қўрқинч қамраб олган эди. Ҳа, аниқ шу чол эди.
– Кауфман жаноби олийларига ҳам қойилмасман, бирорта истеҳком қурмасдан бизни ташлаб, Сирдарёсига кетди-қолди. Кауфман жаноби олийларига хат-хабар жўнатиш керак, бўлмаса ҳаммамиз ўлиб кетамиз!
– Қамалнинг биринчи куниёқ хабар жўнатилган.
– Қандай қилиб?
– Ўзимизникилардан бирор кишини ташқарида кўришса ўлдиришади. Шунинг учун шу ерлик бир кишини сотиб олдик. Уни юз сўм пул ва турли имтиёзлар эвазига кўндирдик. Аллақачон хабар етган бўлса керак…
 
 * * *

– Алимқул, анави китоблик жўранг нега менга буйруқ қилади?! Нима мен унинг сарбозиманми?! “Тартиб” керакмиш, тартибни Китобда ўрнатсин эди! Менга ақл ўргатмасин, мен қўлимга милтиқ олганимда, буларинг оғзидан мушук-тупуги кетмаган бачалар эди.
– Айтаман, айтаман…
– Хомлик қипти, қизишманг оғой. Бу чол сизларданми? Ана бўлмаса, мен бу чолни танийман. Яқиндагина амаким Зарафшон ёқасида сигирларини ўрисга олдириб қўйганида шу чол ёрдам берган эди. Қасам ичишим мумкин, аниқ шу эди.
– Шу жинни чол-а?! Қандай қилиб?
– Амаким билан бу чол генерал олдига борганида ақалли бирорта подачи ҳамроҳ бўлмаган, сигирларидан умидларини узиб, қўрқиб-писиб ўтиришган. Чол билан амаким генералга шартта юзланиб, бўлган воқеани айтишади.
– Пайғамбар алайҳис саломнинг боболари Абдулмутталиб туяларини сўраб Абраҳанинг олдиларига боргандай иш бўлибди-ку!
– Ҳа, Мубошир, келдингми, бу ёғини эшит.
– Амакимнинг айтишига қараганда, ёнларидаги ҳамроҳини кўрган генералнинг ранги ўчиб кетибди. Кейин ҳамма нарсани қайтаришга буйруқ берибди. Еб қўйилган буқаларнинг пулини ҳам тўлаган. Тавбангдан кетай, бу ўша чол!
– Қайси чолни айтасизлар?
– Соҳиби узрни айтяпти. Соҳиби узр чол “Бугун иккита ғишт қолди!” деб бақириб, хурсанд бўлиб юрибди. Мубошир, “соҳиби узр”ни таъриф қилиб бер!
– Жим! Мен Мубоширни бошқа мақсадда жўнатганман, чалғитмай турларинг! Нима гап экан?
– Тақсир, кўчамизда аҳвол чатоқ, умид билдирган йигитларингизнинг бирортасини қораси кўринмайди. Оқтепадаги форсийлар ташлаб қочган тиллаларни қидириш билан овора экан.
– Мубошир, бу гапни Салим чаланинг олдида бекор айтдинг. Буям тилла қидиришга кетади энди!
– Мени ким деб хиёл қилдинг, бачағар!
 
 Бир кун аввал

– Йигитлар, бўшашманг, пирим арвойи, улар тўкилиб бўлди. Биттагина ҳужум керак. Анави соҳиби узр чолга эҳтиёт бўлинг!
– Ҳазратқул, ана шу чолнинг ўрнида бўлиб қолмадим-да.
– Нега?
– Девор тепасидаги ўрисларнинг боши, деярли ярим танаси чолнинг жойидан бемалол кўриниб турган. Чолнинг ўрнида бўлсам, чумчуқ боласини уриб туширгандай уларни битта-битта уриб туширардим.
– Бу ёқда дашти қиёмат, қасрлар харобага айланмакда, локин телбаси тушмагур чол жаннатда қаср қуриб бўлди.
– Бе-е, эсимни танигандан бери шу чол у ёққа қаср қуриб юради. Бир йили Даҳбеддаги Солиҳбойнинг қўйларини кўрсатиб қасримнинг битишига шунча ғишт қолди деганди. Бугунга келиб ғишт оз қолди. Локин қасри ҳеч қачон битмади-битмади-да.
– Санашни ўрганиб олгандир-да.
– Жўралар бекорчи гапни қўйинглар, Мирзабойвачча билан китоблик йигитлар тортишиб қолибди. Шу пайтда шу керакмиди?
– Айтишларича, Кауфман бу ёққа қараб йўлга чиқибди. Нима қиламиз? Кауфман келгунича қалъани тўлиқ боссак ютуқ бизники. Ҳимояга яхши жойиди…
– Қалъагача келадиган кўчаларга ҳам чим ётқизиш керак! Жуҳудларнинг томи отиш учун жа қулай!
– Алимқул, қанисан Алимқул!
– Нима гап?
– Китобликларнинг баъзилари аразлаб кетиб қолмокда!
– Бошни қовуштирадиган битта тузукроқ бош бўлмагандан кейин аҳвол шу-да!

Бугун

Бугун одамлар тийр бўлди, булутлар тийра бўлди. Билмадим, қайси томон Мустафо чолни ерга қулатди. У қулашидан аввал “Қаср тайёр, қуриб битирдим!” деб бақирди. Билмадим, дайди-бадар ўқ қайси томондан учиб келди?! У йиқилганда сувли қўли лой бўлди. Шунда лойли қўлини ёнидаги чалажоннинг оғзига тутиб ҳушдан айрилди.
Томонлар бироз шаштидан тушгач, кимдир Мустафо чолни саланг-саланг қилиб кўтариб уйига ташлаб келди. Кампири чолни қарғади. Билмадим, қанча қарғади, ҳамма жойни чанг-тўзон қилиб Кауфман аскарлари билан етиб келганда ҳам кампир чолни қарғаётган эди: “Ер ютсин сизни! Бадтар бўлинг, жинни чол! Ажаб бўпти, хўп бўпти, пишириб қўйибдими жанггоҳда! Вой мени шўрим қуриб қолди, вой ким бор?! Ҳаҳ, жаннатдаги қасрингизни ер ютсин! Шу кунлар ҳам бормиди бошимда?! Шу кунларинг ҳам бормиди?! Тўп отганлар тўпга учрасин! Илоё, тийри бўрон бўлсин! Мундоқ қилинг, жинни чол! Сувми бу, пешобми? Мундоқ қилинг, ўгирилинг, мундоқ! Ғиштми бу, жинни?! Ўша жаннатдаги уйингизга бир умр тилла ғишт қўйдингиз, бешта қолди, ўнта қолди, деб! Арпа унга зор бўлиб турганимизда, биттасини, ақалли биттасини шу дунё учун сўраганингизда ўлармидингиз?! Ейишга кепак ҳам йўқ! А, жинни! Савдойилигингизга бир умр чидаганим ҳурмати, битта тилла ғиштни шу рўзғоримизга сўрасангиз ўлармидингиз! Ҳаҳ, тўп отганлар тўпга учрасин, илоё!”
Чол инграб назъ ҳолатига тушди. Хира тафаккурида ўтган амалларнинг айқаш-уйқаш сарҳисоби бошланди: “Солиҳбойнинг қўйларини саноғича қолди! Ғиштларимнинг сонини билмайман, қасримга етказилмаган ғиштларнинг сонини биламан! Ҳой, фаришталар, бу ғиштлар саройимнинг арки учун! Ўн бешта қолди, Каттақўрғондаги одамлар гувоҳ, ўн бешта қолди! Мана санадим! Алимқулмисан, бешта қолди! Тўртта қолди… Учта қолди… Иккита қолди… Битта қолди… Қаср тайёр, қуриб битирдим!.. Мунча қарғамаса бу! Тўғри айтади, ташиган ғиштларимнинг биттаси бу ёқда бўлиб қолмади-да. Ҳа, атиги биттаси бу ёқда бўлмади-да. Кампирга ҳолва беришга, тандирни, бостирмани бошқатдан қуришга биттагина ғишт бу ёқда бўлмади-да. Кампир ҳолвани яхши кўради. Мунча жағи тинмайди… Кампир тўғри айтади…”

Барзах

Яна тартибсизлик ичида тартиб бошланди. Яшил ҳалқа оқ ҳалқани сиқиб қўйди. Кейин ташқаридан оқ ҳалқалар кўпайиб, йўғонлашиб яшил ҳалқани қиса бошлади. Ҳамма томонни чанг ва оқ булутлар тутди. Мустафо чол осмонга учди. У ҳам чанг тўзонлар орасидаги камайиб-кўпайган, бир-бирини сиққан ҳалқаларни кўрди. Оқ ҳалқадаги одамлар йиқилганида қора тутун уларни ўраб олганини, яшил ҳалқа ичидаги кишилар йиқилганида уларнинг баъзисини оқ булут, баъзисини қора тутун тутганини кўрди. У янада юксалди. Бир маъвога етдилар. Уни остонасию арк, тоқлари, ҳамма-ҳаммаси тилладан ясалган бир саройга қўйдилар. Сарой тепасида яшил қушлар чарх урарди. Чол тилла ҳовузни кўрди. Ундан сув ичкиси, ичига тушиб чўмилгиси келди. Оёғидаги боди ҳам йўқолган, илдам ичкари хоналарга кирди, кўзи қамашди. Хобхонага кирди. Ёнбошлади. Узум шингилидан кўтариб олган бир қуш унинг ёнига учиб келди. Лекин, қайдандир сал жунжиктирувчи шамол ғириллаб кира бошлади. Мустафо чол аланглади. Кўрди. Бир хобхона деворида бир ғишт йўқ эди. Шу жойдан шамол кираётган эди.

Хулоса

Кампир дод солиб, ер муштлаб йиғлай бошлади. Қўшнилар югуриб чиқди. Уни юпатишди. Кейин сал ўзига келгач, бир болани ювғувчига жўнатдилар. Жаноза ўқишга имом топилмади. Нарзи имом кўч-кўронини йиғиштириб қаёққадир қочиб кетибди эмиш. Ҳеч ким танимайдиган бир мусофир салом бериб келди. Устидан сафар аломатлари билиниб турарди. Тўпланганларга имомлик қилиб шу мусофир жанозани ўқиди.
Кампир остонасидан бир ғишт топиб олди. Уни четга отиб юбормоқчи бўлган эди, устидаги тупроқ тўкилиб сариқ ранг кўринди. Яхшилаб артди. “Олтин ғишт!” Кўзларига ишонмади. Кампир суюнди. “Ким ташлади, бояги қочган форсийлар ташладимикан ё Иброй жуҳуд тушириб кетдимикан?! Ҳалолмикан ё бировнинг омонатими? Ундоқ десам остонадан ичкарига тушадими? Кесакидан, девордан ичкарига тушган-ку!”
Кампир у ёқ-бу ёққа аланглаб, кўйлагини кўтариб, олтин ғиштни қуруқшаб қолган сийнасига босиб, ичкари хонага кириб кетди.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 2-сон.