Шойим Бўтаев. Қарз (ҳикоя)

Талаба ёзги таътилга чиққач, туғилган қишлоғига жўнамоқчи бўлди.
Унинг қишлоғи тоғ этагида.
Шаҳар дўконларига бир-бир кириб, катта бойваччалардек кўзига кўринган нарсаларнинг нарх-навосини сўраб-суриштирди, аммо ҳеч нарса харид қилмади. У оладиганини қишлоқ дўконидан олишни ўйлади. Шуниси маъқул экан. Қишлоғига мўлжалидан ярим соат барвақт етиб бориб, дўкон олдида автобусдан тушди. Уч-тўрт бекорчихўжа офтобшувоқда нималарнидир валақлашиб ўтиришарди.
— Ҳа-а, оғайни, келяпсанми? – деб сўради ўтирганлардан бири талабани ҳар куни кўриб юргандек. — Ўрисчани ҳам ўрганяпсанми?
Талаба улар билан кўришиб-сўрашмоқчи эди. Бу совуқ гап туфайли туйқусдан тўнини тескари кийди.
— Нимани ўрганяпман, нимани ўрганмаяпман, айтганим билан барибир фойдаси йўқ, — деди бўш келмай дабдурустдан тиғли савол ташлаганни ўйиб олиш қасдида. – Сен барибир тушунмайсан.
— О-ҳо, тушунадиган бўлиб қоптилар-да, — деди офтобшувоқда куч йиғиб миясини тўлдираётгандек кўринган ҳалиги шоввозталаба билан ҳозироқ жанжал бошлаб юборадигандек бир алпозда. — Хўп, ана энди кўрамиз, қанча ўқиганингни, ўқиган бўлсанг анави билан гаплаш-чи…
Ўзи томонга ишора қилинганини пайқаган нотаниш йигитсергакланиб, гоҳўтирганларга, гоҳ талабага қаради.
— Толик, — талабани қўйиб, энди ён томонига ўгирилганича нотаниш йигитга мурожаат қилди у. — Вот студент… Руский гаплаш, руский билади…
Нотаниш йигит ўрнидан турди. Унинг бўйи баланд, қўллари узун-узун эди. У талабага дадил яқинлашди. Унинг сап-сариқ от юзининг ияги ингичка, қўй кўзларининг мулойим боқиши талабага кимнидир эслатиб тургандек эди. У қўл узатиб:
— Анатолий, — деб ўзини таништирди.
Талаба унинг куракдек кафтига қўлини қўйиб исмини айтди.
— Жуда хурсандман, — деди Анатолий нотаниш жойларда офтобда қатиқ ялашган эски танишини учратиб қолгандек беҳад суюниб.
Шу чоқда рус тилидан ҳамиша қийналиб, синов ва имтиҳонларини амал-тақал ёпиб юрадиган талаба дўкон олдини ишғол этган ҳамқишлоқлари наздида бир зумда донишмандга айланди-қолди.
Улар уч-тўрт дақиқа гурунг қилишди. Тамом. Бошқа гап-сўз бўлгани йўқ. Талаба Толик билан хайрлашган бўлиб, бош ирғади-да дўкон томон юрди.
Толик бир лаҳзахаёлланиб қолди, кейин хайрлашган одамига ниманидир айтиш ёдидан кўтарилгандек талабанинг ортидан эргашди.
Талабадўконга кириб борди.
Пештахта ортида куймаланиб турган сотувчидан бўлак дўконда ҳеч ким йўқ эди. Талаба томоққириб қўйганча, унга салом берди.
— Ваалайкум… — дея бош кўтарган сотувчи одам боласини ҳам кўрар кун бор экан-ку, дегандек маҳталлик билан:
— Э, келсинлар! — деди.
Ғўлабирдан келган, олтмиш ёшлардаги тепакал сотувчи жуда серилтифот, остонадан ким қадам боссаям унинг мавқеини билиб, касб-коридан келиб чиқиб гап-сўзни дўндирадиганлар хилидан эди.
— Ўқиш, ўқиш ва яна ўқиш! – деди у талаба билан кўришаркан.
— Хўш, нима берай? — деб сўради сотувчи унинг қўлидаги пулни кўрган заҳотиёқ чап қўлига олган қоғозни ўнг қўли билан карнайдай ўрай бошлаб, талабанинг ортидан кириб келган Толикка кўз қирини ташлаб қўяркан.
Талаба оққанд, печенье, новвот сўради.
— Офарин ақлингга! — деб мақтади уни сотувчи. — Бир килоданми?
Талаба бош ирғади. Уталабанинг айтганларини бир зумда алоҳида-алоҳида қоғозга солиб, тарозида тортди-да, уларни қоғоз пакетга жойлаб, қўлига тутқазди. Талаба ортига бурилиб, энди дўкондан чиқаётганида пештахта ёнида уймалашиб, негадир ҳадеб чўнтагини кавлаётган Толик дабдурустдан:
— Минг сўм қарз бериб тур, — деди.
Бу талаба учун кутилмаган ҳол эди: негаки, бу қишлоқда қоққани қозиғи, осгани хурмачаси бўлмаганлар ҳам қарз-ҳавола қилишни хаёлларига келтиришмасди. Толикнинг бу қилиғи сотувчининг ҳам оғзини очиб қўйганди.
Талаба Толикка айтган пулини тутқазди. Толик дарҳол чўнтагидан чиқарган пулларни унга қўшди-да, сотувчидан бир шиша вино сўради.
Сотувчи пулни олишга ошиқмади.
— Қарзга вино олиб ичганингни отанг билса мени жонимни суғуриб олади, — деди.
Толик бу гапни маъқуллаб, бош ирғади. Лекин, пулни узатиб тураверди. Сотувчи ўйланиб қолди.
— Аслида бермасдим-куя… — деди ён бераётганини билдириб.
Толик ҳамон пулни узатганча унга тик қараб турарди. Ахийри, сотувчи унинг қўлидаги пулни худди тортиб олаётгандек шартта олди-да:
— Бўпти, — деди.
Толик илжайди.
— Фақат бир шарти бор, — деди сотувчи огоҳлантираётгандек талабага ва Толикка бир-бир жиддий қараш қилиб.
— Қанақа шарт экан? — деб сўради талаба пул бериб балони сотиб олаётгандек кўнгли ғашланиб.
— Буни учовимиздан бўлак ҳеч ким билмаслиги керак, — деди сотувчи қатъий қилиб.
Толик шоша-пишабош ирғади.
Сотувчи бир шиша винони қоғозга қанд ўрагандек ўраб, унинг қўлига тутқазди. Толикнинг оғзи қулоғига етиб, аввал сотувчига, кейин талабага миннатдорлик билдирди-да, дўконни тарк этди.
— Ишқилиб, охири бахайр бўлсин, — дея минғирлаб қўйди сотувчи ўзига-ўзи гапираётгандек.
Талабанинг кўнглига шубҳа оралади.
— Нега бунақа деяпсиз? – деб сўради у сотувчига қаттиқ тикилиб.
— Бу ерда ор-номус масаласи бор-да, одам шундан хавотир олади, йўқса нима, бир шиша эмас, икки шишани ҳам ўзим бериб юбораверардим… Бу зормондани қишлоқда биров оғзига олмаса…
— Қанақа ор-номус? – деб сўради талаба унинг кейинги сўзларига эътибор бермай.
— Усмонали аканинг ор-номуси.
— Қайси Усмонали ака?
— Анави… фермадаги молбоқар бор-ку…наҳотки, танимасанг?
— Нега танимай, ҳамиша ерга қараб, бир нималарни ўйлаб юрадиган Усмонали амаки-да.
Сотувчи дўконда ҳеч ким йўқлигига ишончи комил бўлса-да, теварак-атрофга олазарак назар ташлаб олиб, пештахта устига энгашди.
— Шу-у Усмонали ака аскарликда бўлган… — деди шипшиётгандек. — Ҳалиги йигит Усмонали аканинг ўғли, — деб маълум қилди сотувчи.
— Толикми?
— Анатолий Усмоналиевич, — ишшайди сотувчи талабанинг сўзини ўзича тўғрилаган бўлиб. — У киши аскарликда ўша ерда уйланиб, бир ўғил, бир қиз орттирган дейишарди. Аскарликдан кейин ҳам қолиб кетиб, беш-олти йилча ўша ёқларда яшаган. Кейин-кейин юрт соғинчи устун келиб, уларни бу ерга олиб келмоқчи бўлган, кўндиролмаган, кейин шартта барига этак силтаб келаверган…
— Оиласини ташлаб келганми? — деб сўради талаба сотувчи ҳамма нарсани биладигандек.
Сотувчи, шуям савол бўлдими, дегандек ғалати тарзда лабини бурди. Кейин талабани огоҳлантираётгандек бўлиб:
— Аммо-лекин,унинг ўғли сендан қарзолганини ҳеч кимга оғзингдан чиқара кўрма, — деди. — Усмонали акакўра-била туриб бу ишга жим қараб турганим учун аввал келиб мени ейди, кейин сени ейди…
Талаба тарвузи қўлтиғидан тушганча ташқарига чиқди.
Дўкон олдида ўтирганлар бироз кўпайган, аммо Толик кўринмасди.
У ташқарига чиқиши биланоқ:
— Сенга Толик нима деди? – дея кимдир қичқирди.
Талаба кифтини қисди:
— Ҳеч нима…
— Кўзингга қара-да.
Талаба кетди.
У катта йўлни эндигина кесиб ўтган эдики, ёнбошдаги тор кўчадан йўтала-йўтала Тилла бобо чиқиб қолди.
— Ие, ие, Тоживоймисан? – деб сўради.
— Ҳа, Тоживойман, — бош ирғади талаба.
— Буни қара-я…ўқишдан келяпсанми?
Талаба яна бош ирғаш билан уни тасдиқлади.
— Дуруст, дуруст, — Тилла бобо ўз йўлида давом этмоқчи эди, қандайдир муҳим нарса ёдига тушиб қолгандек тўхтади. — Усмоналининг ўрис хотинидан бўлган ўғлини кўрмадингми мабодо? — деб сўради.
— Кўрдим, — деди талаба.
Тилла бобоунга синовчан тикила туриб:
— Шу бола бирон фалокатни бошлаб қўйиб, бу ёқларга қочиб келган-ов! – деди томоққириб қўйганча.
— Билмадим, — деди талаба кифт қисиб, ўзини бу гапларга алоқасиз кўрсатиб.
— Йўқса, ўз-ўзидан нима қилади келиб? – деди Тилла бобо ўз мулоҳазасини асосли далиллар билан тасдиқлаётгандек. – Усмоналини отам деганда, шунча вақт кутиб юрармиди, аввалроқ келарди-да. Тинчгина юрувдиг-а.
Тилла бобо карахтланиб турган талабага сарософ назар ташлаб қўйди-да:
— Ё, овло, ўзинг асра, — деганича йўлида давом этди.
Талабанинг ичидаги номаълум ҳадик баттар кучайди…

* * *

Талаба кейинги сафар келишида қишлоққа етмаёқ автобусдан тушди. Бу чоқда узумлар ғарқ пишган, талаба қишлоқ четидаги ўзларининг токзор боғларини оралаб, кейин уйларига боришни хаёл қилганди.
Шундай қилди ҳам. Кечқурун уйларига кириб бориб отаси билан кўришиб-сўрашиб бўлувди ҳамки, изидан акаси келди.
Энди ўттизга тўлган акасининг қоп-қора ёноқлари ичига ботган, ўз ёшидан ўн-ўн беш ёшлар катта кўринарди. У устачилик қилар, пойтешаю тўнғизарра ишлатарди, касбига яраша жаҳли ҳам бурнининг учида турарди.
— Қалайсан? — деди акаси қўлини узатиб, у ҳар гал қучоқлашиб кўришарди.
— Дуруст, — деди талаба ҳам қўл узатиб.
— Ўқишлар қалай?
— Ёмонмас.
— Қишлоққа келганингда эҳтиёт бўлиб юр.
— Тушунмадим…
— Нимани тушунмайсан? Усмонали аканинг анови ўғлибилан нималарни гаплашдиларинг?
— Нимани гаплашибмиз?
– Менга қара, унинг нима ишлар қилиб келганини ким билади? Балки, бировни ўлдириб бу ерларда қочиб юргандир, балки, ўғирлик қилгандир…
Талаба ўзини зўрлаб кулди.
— Куласан-да, куласан, — деди акаси бу кулгининг йиғиси ҳам бор, деган маънода. — У сени сўрайвериб ҳоли жонимга қўймаяпти.
— Нима гапи бор экан?
— Айтармиди…
— Бориб сўрай бўлмаса.
Акаси талабани катта хавф-хатардан қутқариб қолмоқчи бўлаётгандек:
— Калланг ишламайди-да, энди шу етмай турувди, — деди. — Сен, яхшиси, унинг кўзига кўринмай юр.
Талабанинг отаси ўмровига болишни тортганча пешайвонда ёнбошлаб ётганди. Ака-уканинг тик турганча нималарнидир муҳокама қилишаётганидан тоқати тоқ бўлиб:
— Ҳа-а, нима гап экан? — дея бақириб сўради.
Ака пешайвон томонга уч-тўрт одим босиб, ортга ўгирилди-да:
— Бу Усмонали аканинг ҳалиги ўғли билан нималарнидир гаплашибди, — деди.
— Гаплашса гаплашар, — деди ота парво қилмай. — Усмоналининг ўзи ким-у, ўғли бўлса?..
— У буни мендан сўрагани-сўраган.
— Бирон иш-юмуши бўлса сўрайди-да, — деди ота, шунгаям ота гўри қозихонами, деган оҳангда.
Ака қўл силтади.
— Сиз кўчага чиқмай ётасиз, қишлоқда одамлар қанақа бўлиб кетишганини билмайсиз-да,— дедиэнди отасини ҳам аяб ўтирмай нималаргадир ишора қилганича. — Қараб турсам, кўча-куйдами, тўй-маъракадами улар писир-писир гап қўзғашяпти.
— Э! — ота ётган жойида қандайдир ҳафсаласизлик билан қўл силтади.
— Нима, сиз уни бу ёқларга беҳуда келган деб ўйлаяпсизми? — деди ака.
— Мен ҳеч нима деб ўйлаганим йўқ, — деди ота. — Боёқиш Усмоналининг ўғли экан, ҳамқишлоғимиз экан, қондошимиз экан, қора тортиб келибдими, ўшангга балли…
— Э, қўйинг-э, сиз ҳам ўша касофатнинг ёнини олманг.
Ота нимадир демоқчи бўлди-ю, ўғли билан гап талашиб ўтиришни ўзига лозим кўрмай, нариги ёнбошига ағдарилиб олди.
Ака шундаям ўз фикрида собит қолганини билдириб:
— Кўзига қарасин-да, — деди-ю,тилининг остига бир отим носвой ташлаб, индамай чиқиб кетди.
Эртаси куни талаба акасининг насиҳатига кўра Толикка дуч келмаслик учун дўкон олдидаги бекатга тушмай, узумзор оралаб келган йўли билан изига қайтди. Бироз олислигини айтмаса, талабанинг ўзига ҳам шу маъқул тушди, дўкон олдидагиларнинг ҳар хил пичингли саволларига жавоб бериш даҳмазасиданқутилади,Тилла бобога ҳам тўқнаш келмайди.
Талаба энди қишлоққа етмай автобусдан тушадиган, шу ердан автобусга чиқадиган бўлди.
Унинг барибир қулоғи тинчимади. У уйга келган заҳотиёқ акаси ҳам пайдо бўлар, ғоят ташвишли қиёфада:
— У сени яна сўради, — дерди.
Акаси бу гапни ҳар гал ҳар хил тарзда айтарди: бир гал, уфалончи-пистончининг жанозасида отасининг ёнида турган экан, бутун қишлоқ аҳли йиғилган эди, у эса жаноза-паноза деб ўтирмай менга яқинлашди-да, сени сўради, деса, бошқа гал, мен фалончи-пистончининг уйини қураётганимда ҳашар баҳонасида уям келди, ўзиям роса лой ташиди-ю, энди тушликка чиқаётганимизда яна ёнимга келиб сени сўради, дерди. Кейинсен у билан нималарни гаплашгандинг, ишқилиб, ўшанда унга қандайдир ваъдалар бермаганмидинг, агар шунақа бўлган бўлса очиғини айт, очиқ-ойдин ҳал қилиб олайлик, деган сўраб-суриштиришлар бошланарди.Уни кўришга мениям юрагим безиллаб қолди, шунақа қилаверса, мен ҳам энди бу қишлоқда ишламай, бошқа жойлардан иш излашимга тўғри келиб қолади, дерди акаси.
Бир томони талабанинг акасига раҳми ҳам келди. Намунча у мени сўраб-суриштирмаса, деган жумбоқҳамон талабанинг бошини қотирарди. Тикка бориб, нима гап, мана мен келдим, деса бўлади-ку, аммо акаси унинг бундай ҳаракат қилишига мутлақо қарши, тинч юр, у қандайдир касофатни бошлаб келган – ҳамма шундай деяпти, буни ўзимнинг ҳам кўнглим сезиб турипти, сен яхшиси у билан учрашма, гаплашиб ҳам юрма, дейди.
Бу гапларни эшитиб, талабанинг гумонсираши баттар ортади.
“Балки, Толикнинг яна вино ичкиси келиб пул тополмаганидан мени излаб-қидириб юргандир?” деган фикр ҳам миясига бот-бот келиб қолар, бу дардисарнинг даҳмазасидан қандай қутилсам экан, деб ўйларди.
Орадан ойлар ўтиб, талаба янги йилни кутиб олиш учун қишлоққа келди. Шаҳарда қор учқунлаб турарди,қишлоқда эсақалин ёққан экан.
У автобусдан одатдагидек қишлоқ четида тушиб қолди.
Ҳаммаёқ оппоқ, кўз қамашади. Талаба тиззадан қор кечиб, тепаликлар оралаб кетди. Қачонлардир ёғишни бошлаган лайлакқор ҳамон гупиллаб уриб турарди. Туйқусдан талабаортидан кимнингдир бақириб-чақираётганини эшитиб қолди.
У ўгирилди. Узоқда узун қора чопонли кимдир биров у томонга шошиб келар, қўлларини тепага кўтарганча, тўхта, ишорасини қилиб тўлғар, ошиқиб-шошиққанидан ўқтин-ўқтин йиқилиб ҳам қоларди.
“Ким бўлсайкин?”, деб ўйлаган талаба бироз тўхтаб кутишга қарор қилди. У яқинлашаверди. Орада озгина масофа қолганда талабаунинг Толик эканлигини билдию, ноилож қолди. Энди кеч эди.
Толик бошидаги телпакни юлқиб ечди. Шунда унинг қора терга ботгани маълум бўлди. Телпаги билан юз-кўзини артаркан:
— Уф-ф!.. – деганича ўзини шартта қор устига ташлади.
У нафас ростлай бошлади. Кейин чопонининг барини қайириб ташлаб, шимининг чўнтагига қўлини суқди ва ундан пул чиқазиб ўтирган жойида талабага узатаркан:
— Ма, ол! – деди.
Талаба беихтиёр:
— Нега? — деб юборди.
— Нега бўларди? — деди ҳамон ҳарсиллаб кўкси кўтарилиб тушаётган Толик. — Бу сендан олган қарзим. Ўшандан кейин сени ҳеч учратолмадим, пулингни ўшандаёққайтармоқчи эдим… Кимга беришимни билмайман. Сўраб-суриштириб акангни топдим, сендан олган қарз пулни унга тайинлаб бериб юбормоқчи бўлдим-у анави сотувчиучовимиздан бўлак ҳеч ким билмасин дегани учун бундай қилмадим. Акангдан сени сўрасам бирон аниқ жавоб бермайди, товба, қизиқ одамлар-а булар…
Талаба ҳам негадир шу чоқда ҳолдан тойганини пайқаб, унинг ёнига ўтирди. Кўнгли хотиржам бўлганига қаноат ҳосил қилгандек, Толик кўксини тўлдирганча чуқур нафас олди.
— Кераги йўқ эди, — ғўлдиради талаба.
— Нега энди?
Толик жилмайди. Унинг жилмайишида ўзини кетма-кет кунлар, кетма-кет ҳафталар, кетма-кет ойлар мобайнида қийнаб келган мушкулотдан фориғ бўлганининг қувончи мужассам эди.
Талабаюзини бошқа томонга бурди.
Унинг кўзлари жиққа ёш эди.