Шодмонқул Салом. Халажи (ҳикоя)

Оқбой фермер тележка устида ўтирарди. Теримчилар тушликдан сўнг кенг далага ёйилиб кетишган. Куз илиқ келди, хўжалик иккинчи теримни ҳали якунламай режани бажариш арафасида. Дала четидаги тутқатор ортида фермерлик ташкил этилган йил тикланган омборхонали олд тарафи оқланган уй. Уй олдида нишабга қўйилган уч оёқ трактор турибди. Бу ерга фермернинг оиласи кўчиб келган. Ҳар йили шу. Беш-ўн қўй-қўзи, сигир-бузоғи билан келиб, то ғўзапоя олингунча шу ерда яшайди.
— Ҳей Оқбой, — деб қолади баъзан жўралари, — сен ҳам икки уйли асаларидай бўлиб кетдинг-ей. Илгари, биргадлик маҳалингда яхши эдинг, ўқариқда ётардинг қартани уриб. Энди бўлса бир жойда ўтирмайсан.
— Жавобиям, увол-савобиям ўзимизники бўлгандан кейин шу-да. Кўҳнам қаерда — кўнглим шу ерда, деган экан биров. Ризқу насибанг кўкарган жойдан кетгинг келмай қоларкан, — дейди Оқбой уларга.
Ҳали тарозига анча вақт бор эди. Уй томондан мотоцикл товуши эшитилди. Фермер бурилиб қаради, улов бир муддат гур-гурлаб уй олдида турди-да, сўнгра дала бошига ортидан чанг кўтариб кела бошлади. Оқбойнинг кўнгли ғашланиб қўйди. У ким бўлсаям қишлоқдан келаётганди. Мотоцикл ўзига яқинлашгач, таниди. Мактабжўраси Хуррамнинг коллежда ўқийдиган ўғли экан. “Бобо кетибди-да”, деб кўнглидан ўтказди Оқбой. Мотоциклдаги йигитча кеча ҳам, бугун ҳам теримга чиқмаганди. Бобоси Ўрол чала уч йилдан бери ётиб қолган. Кейинги кунларда оғирлашиб қолганди.
— Ҳа, невара? — деди Оқбой йигитчага.
— Бобом сизни чақиряпти, бир келсин деяпти, — йигитча ҳовлиқиброқ турар, пастдан тележка устидаги фермерга қараркан, унинг “йўқ” дейишидан қўрққандай қўшимча қилди. — Отам ҳам айтди, бориб амакингни опкел, деди.
Оқбой ака пахта устида талпанглаб қаддини ростлади-да, пастга-далага қараб овоз берди:
— Сафар, ҳў Сафар!
— Ҳов, — деган сас келди даладан, сўнг Сафарнинг соябонли шапкаси кўринди.
— Мен қишлоққа бориб келаман, тарозига ўзинг қараб тур, — деди фермер. Сўнг Сафарнинг жавобини эшитмай йигитчага юзланди-да: “Бобонг гапиряптими?”, деди. Йигитча “йўқ” маъносида бош ирғади. Ўрол бобони бир ҳафтача бурун тилдан ҳам қолибди, деб эшитган эди. Шунча вақтдан бери нима ўтган бўлсада мактабжўраси Хуррамнинг юзи учун ҳам бир хабар олмаганини ўйлаб ичида ўзини койиб қўйди. Ҳа, энди нималар бўлмайди, одамзоднинг орасидан не гаплар ўтмайди. Бир-бири билан бир қизаришиб сўнг яна кўрмагандай бўп кетаверади. Момонинг ҳам куни битган-да, қолаверса, бу гапларга минг йил бўлди. Замон ҳам бошқа эди. Мен бўлсам…
Тележкадан авайлаб тушаркан, Оқбойнинг кўнглидан шу гаплар ўтиб турарди. Ерга тушгач уловни келган томонига ўнглаётган йигитчага боқди-да, чағир-кулранг кўзлари айни бобоси Ўрол чаланинг ёшлигини эслатгандай дили бир қалқиб кетди. Болага бир зум ёқимсиз кўз ташлади. Ҳа, кўнгил қолган эди. Энди бу чала чол кетар чоғда Оқбойни нега йўқлаб қолдийкин, ўзи гапиролмаётган бўлса… қандай айтди экан. Ҳа, айтади.
Тўрт чақиримдан зиёдроқ йўлнинг ярмига етмай мотоциклни икки марта суриб ўт олдиришди, сўнг яна ўчиб қолди. Беихтиёр қовоғи солинган Оқбой ака йигитчага “Ўзинг тузатиб борарсан” деди-да, кўндалангига далани кесиб пиёдалаб йўлга тушди. Тутариқдан ҳатлаб ўтгани ҳамон юзига мезон тўри илашди. Оқбой Ўрол бобо уйларига Ўрол назоратчи бўлиб келган илк кунни, сўнг момосини, ундан эшитганларини бир-бир эслаб кетди. Юзига урилган мезон торлари худди хотирадай бирдан хаёлини чирмаб олди.

* * *

Ўшанда ҳам кузнинг илиқ куни эди, далада терим авжига чиққан. Оқбой билан момосигина уйда. Невара момосига ҳадеб бир гапни такрорлайди.
— Эски тишимни ол,
Янги тишимни бер, —
демадингиз-ку момо? Айтинг, кейин томнинг устига ўзим отиб юбораман. Айтинг, бир марта айтинг, моможон.
— Миғиллама-ей, ер тортгур, бошимни оғритиб юбординг. Манови чигитни яшириб кел ундан кўра. Сигирга берма, соғаётганда энанг ўзи беради.
— Уфф, яна чигит, бўлди қилинг-эй, ғийқиллатмай.
— Тур дедим. Тавбангдан кетай, етти яшарнинг етмиш яшарга гап ўргатганини қаранг.
Энди еттига кираётган Оқбой қиқирлайди ва дейди:
— Момо, кимга айтяпсиз “қаранг” деб, ҳеч ким йўқ-ку?
— Бобонгга айтяпман. Чигитни яшир. Ўрол чала уйма-уй юрган эмиш, кеп қолса шўримни қуритади.
Боми усулда ёпилган хуржун шакл уч хонали лойсувоқ уйнинг сояси тортилиб қолган айвонида Улаш момо невараси Оқбой билан шу тахлит айтишиб ўтирар эди. Кампир қоқма гилам устида, якандоз кўрпачада, Оқбой унинг рўпарасида тўнкарилган челакка ўтириб олган. Кампирнинг олдида ёйилган фартукда марҳум чолининг деновлик уста ошнаси ясаб бериб кетган пахта чигитлагич — халажи. Шу қишлоқда биргина Улаш момода бор бундай матоҳ. Чорпоя оёғи яхлит ёғочга ўрнатилган бу халажи дегани қўлмошиндай бир ускуна. Қўлмошиннинг қулоғидай мурватидан бураб турилса бас, офтобда ёйилиб, ҳурпайган пахтани иккита бир-бирига қараб тегиб-тегмай айланадиган силлиқ ёғоч соп ямлайверади. Лўппи чигитсиз гул пахта сопларнинг нариги ёғидан йиғилади, чигити ўтмайди. Оқбой шу халажидан ўтган пахтани ҳар замонда йиғиб олади, шунгаям эриниб момонинг ўзи ўргатган маталнамо айтимни айтиб кампирнинг ғашига тегади. Ўн хотиннинг ишини қиладиган бу “гунг келин” (момо халажига шундай ном берганди) кампирга икки йил бурун силдан кетган чолидан ёдгор, қадрдон. Баъзан қўни-қўшни сўраб келгудай бўлса ҳам халажини эҳтиётлашни тайинлаб, истамайроқ беради. Ўзига ярашмаган бир жиззакилик билан қизғонади.
Чоли Тўхтамиш биргадирдан момога икки нарса азиз бўлиб қолган, бири кейинчалик шифер босилган хуржун том, иккинчиси шу халажи. Чоли кетгач уй олдидаги яккаш ўрик ҳам вафо қилмади. Тўхтамиш биргад қон туфлай-туфлай кўз юмган оғир қишдан сўнг ўрик на гуллади, на барг ёзди. Бутун танаси билан ҳаммани ҳайрон қилиб қуриди-қўйди. Чолнинг бедаво дарди дарахтни ҳам олиб кетди гўё. Ўрикни чол ўзи экиб парвариш қилганди, даладан келиб соясида ухлар, бировни яқин йўлатмасди. У дарахт билан гурунг қилаётганга ўхшаб, узоқ вақт жим қолар, шу ерда ором топарди. Қиш олдидан ўрикни қавс сувига тўйдирарди. Совуқ тушган эрта баҳор кунларида оғилдан гўнг оп келиб дарахт тагига ёқарди. Бурқсиб дарахтга тумандай ўрлаган, тутун бўлғуси мевани бемаврид совуқдан сақлаб қоларди. Тенгқурлари чолни Тўхта чирс деб атарди, “Чирс уйдама, Улаш?”, деб келаверишарди. Чол чирс, бироз қўрсроқ, гап билмасроқ эди, аммо тўғрисўз банда эди раҳматли. Пичоқ суякка етгунча жим ўтирар, сўнг калласи қизиб раисми, узанги йўлдош ошнасими юзинг-кўзинг демай сўкиб қўяверардики… Унга кўп ҳазил-ҳузул қилишса-да ҳайиқишарди бариси. Чолнинг ўлимидан сўнг қоқ қуриган шу улкан дарахт ҳам чолдан ҳайиқадигандай туюларди. Улар иккиси бир-бирига ўхшаб қолишганди. Ҳа, халажининг ўқловдай икки сопи ҳам шу ўрикнинг шамол синдирган шохидан олинган эдики, момонинг халажини қизғониб яхши кўриши шундан бўлса керак. Ўша йили эрта баҳорда йиқитилган дарахтнинг ҳовлининг ҳар-ҳар ерида дўнграйиб ётган танаси Улаш кампирга тинчлик бермай қўйди. “Йўқот-ча, йўқот” деб ўғли Мардоннинг қулоғига қурт бўлди. Мардон охири трактор билан биргададан беш-ўн киши бўлиб келди-да тўнкани бировникига сумалакка олиб кетиб тинди. Кампир тинчиди.
— Кампир, дунёнинг молига меҳр қўйма, дегич эди отам раҳматли. Биз уч қиз, бир ўғил ўстирдик. Яна шу ўрикни ўстирдик. Билмасам, нима қилдик ўзи?, — Тўхтамиш биргаднинг кампирига дил ёриб айтган гапи шу эди кейинги вақтларда. Аммо Тўхтамиш чол ўттиз бир йил бригадир бўлиб, орттиргани шу бетўхтов йўтал эканини айтмас эди. Нолимас эди сира.

* * *

Оқбой ака ўша кезларни баайни бир эртакдай эслаб ариқ ёқалаб кетиб борарди. Шу ер, шу далалар ҳалиям бор, лекин момоси билан ўтган ўша кун қайтмайди, оғриғи эса босилмайди…
Катталар далага кетишгач, момосининг тиши тушди. Оғзидаги ягона сарғайиб кетган тиш ўз-ўзидан оғримайгина тилига келди. Шу тиш деганлариям одамларга ўхшайди эканда, асли. Бирови кетса ¬бошқа, унга суяниб турганлариям кетаверади экан.
Ярмигача кун кириб келган айвонда халажининг ғийқиллаган товушидан бошқа сас йўқ. Анчагина хаёлга чўмиб қолган Улаш момонинг қулоғига ниманингдир дупурлагандай товуши келди. Момо атрофга олазарак боқди. Оқбой невара кир оёғига кун келиб қоқ гилам устида юзтубан ухлаб ётар, халажининг у ёнида чигитланган пахта йиғилиб қолган, шунга яраша чигит ҳам. Кампир очиқ ҳовлига кўз ташлади ва кириб келаётган Ўрол чала билан яна бировнинг қорасини кўрди. Кўрдию бўғини бўшашиб кетди, шу билан баравар фартук устидаги халажини олиб, пахтани яширишга урина бошлади. Халажининг ёғоч асоси кампирнинг этагига илашиб туришга йўл қўймас, аммо Улаш момо кўзи Ўролда бўлгани учун буни пайқамай, тағин асабийлашар эди. Ўрол чала деганлари йиғим-теримда колхозга назоратчи бўлиб беркитилган, кампирнинг ўғли тенги бир одам эди. Унинг чала дейилишига сабаб ҳам бор. Улаш момо, Улаш қушноч, Улаш доя эди у вақтлар. Онасининг эшига ўралиб етти ойликка етиб-етмай туғилган чақалоқ ўз оти ўзи билан Ўрол чала бўлди. Улаш момо қиш кунида туғилган ярим тирсаккина гўдакни ўраб-чирмаб катта қулоқли телпакка солиб берди. Бешиги шу бўлди. Куни бор экан, яшаб кетди. Пилла бўйича техникумни битириб келиб колхозда назоратчи бўлиб олди. Энди бўлса худди осмондан тушгандай бобоси қаториниям “ўртоқ, фалончиев” деб тухумини туширади.
Одамлар унга “чала”си камдай чуноқ ҳам деб лақаб қўйди. Шу чуноқ-тирновуқ феъли-хуйи сабаб. Бўлса нега бўлди, дейди, бўлмаса нега бўлмади дейдиган бир ичи қорароқ кимса бўлиб элга кирди бу Ўрол. Шу Ўрол чала бир миршабнамо одам билан кириб келди. Ёнидагиси бегона — кампир аввал кўрмаган экан. Қўлтиғида қаппайган папка. Кампир ниҳоят ўрнидан турди ва Ўрол “Улаш момо”, деб овоз бериб айвонга келгунча фартукни пахта ва чигит устига қайириб ёпди.
— Ҳа, Ўролбой, келаберинг-е, — деди кампир овози титраб.
Оёғига кирза этик кийган назоратчининг оғзи кампир билан сўрашар эдию икки кўзи атрофга, негадир том устига ҳам аланглар, ёнидаги кимса эса кампирдан кўзини узмай, нигоҳини унга қадаб жим турарди. Момо ҳар нарса деб довдираб гапиринарди.
— Қани, Ўролбой… Мардонбой ҳам қартада, бугун учинчи теримди бошлар экан. Хўш, ҳа…
Ниҳоят Ўролнинг нигоҳи айвонда ўроғлиқ дўппайиб турган фартукда тўхтади, сўнг халажига кўз ташлади-да, кампирга тик қаради:
—    Улаш мома, уйда қанча пахта бор?
Ўрол кампирнинг нимадир деб гапирганини эшитмай тўғри бориб фартукни очди ва:
— Мана пахта, мана план, — деб чийиллаб бақириб юборди, — кампир турган жойида чўчиб тушди. Энди гапирмоқчи эди Ўрол гап бермади:
— Момо, шу қилғилиқни Мардон билан сиз қилиб ўтирибсизлар-да бошқалардан не умид. Мардон бу йил план чиқмаса қамалади, айтиб қўяйин, буни сизга мен айтяпман, — Ўролнинг икки юзи бўғриқиб, бўйин томирлари ўйнаб чиқди. У бор овози билан кампирга ўдағайлар ва фартукдаги пахтани ичидан худди игна қидиргандай уёқдан буёққа тортқилаб, титкилар эди. Шовқиндан Оқбой уйғониб кетди ва анграйиб ўтириб қолди. Ўролнинг сўнги “Мардон қамалади” деган гапи кампирни ўзига келтирди, сўнг тилга кирди.
— Оғзингга тош-ей, сен чаланинг, — деди важоҳат билан — ўзинг қамаласан. Баччанинг юрагини ёрдинг-ку, бўйнинг сингур. Сенинг дастингдан бир чопонлик пахтаям олмаймизма энди, ордона қолсин. План-мланинг билан қўшмозор бўл. Ол, об кет шу бир собом пахта билан сен тўй.
Кампир кўйлагининг узун енгини ҳимариб Ўролга тикка келди. Оғзи беўхшов очилиб, истеҳзо билан қараб қолган Ўрол шеригига аввал қўли билан имо қилди, сўнг овоз берди:
— Ёз, Самад, ҳаммасини ёзиб ол. — Сўнг кампирга қараб давом этди. — Бойсунга қанча пахтани майизга алишиб сотдингиз улингиз билан? Муниям айтинг. Ҳў мома, мен бекорга келмадим, манави халажи билан неча кўрпага пахта олдингиз. Ҳаммасини билиб келдим бу ерга.
Ўролнинг шериги ниманидир тик туриб шириллатиб ёза кетди. Кампирнинг бу бўлмағур гаплардан қони қизиди, бошида оғриқ турди.
— Инсофинг борми ўзи сенинг. Гапираётган гапингни ўзинг ҳам эшитаяпсанми. Ноҳақ туҳмат қилма бировга. Келиним, икки неварам кечқурун йўл-йўлакай чаноқда қолган бир чигитни киссасига териб келган пахта бу, ноинсоф. Нима, шуниям олмасинми? Худодан қўрқ, ўв, ёш бошинг бор. Йил-ўн икки ой шу қартада юриб чопон ҳам киймасинма? Худодан қўрқ, шу бир чангал оқ учун кўнглимни қора қилма.
—    Улаш момо, — деди Ўрол ёқимсиз иршайиб кўзини бошқа ёққа оларкан, — Ҳўв мома, мен худодан қўрқмайман, пландан қўрқаман. Хўп-ма? Сиз бўлса… — Ўрол яна фартукка энгашиб овозини баландлатди, — пахта завод очиб ўтирибсиз. Сиз қўрқинг шў худодан. Ёз, Самад, халажи кунига юз кило пахтани чигитлайди. Чигитини молига беради. Пахтасини сотади Мардон биргаднинг онаси, Улаш мома.
Ўрол Самаднинг ёзаётган қоғозига узалиб қарар, кампирга эътибор қилмас эди. Самад дегани ростдан ҳам ниманидир ёзарди.
— Ҳей, Ўрол, иймонсиз! Шу гапларни Нурмат чўтир отанг ўргатдими сенга? Инсоф-диёнатинг борми ўзи сенинг! Отанг бир оёғи гўрда бўлсаям бировларни тирнаб ўтиб эди, сен ҳам шунинг боласида. Қўлингдан бошқа нима келсин яна?!
— Отамди қўшманг бу ерга, мома, ундан кўра айбингизни тан олинг, — Ўрол бирдан асабийлашиб қичқирди ва йиғламоқдан бери бўлиб турган Оқбойнинг ёнидаги халажини даст қўлига кўтарди-да мана сизга пахта сотиш, деб ускунани қаттиқ ерга отиб урди, — Айтинг, яна нечта бор бундай матоҳ. Бу уй ўзи халажига ўхшаб қопти.
Бу гап кампирнинг ҳамиятига тегди, сўнг халажига қараб чинқириб юборди, Оқбой дод солиб момосининг этагига ёпишди. Улаш момо ерга тушиб қийшайиб қолган халажини талпанглаб бориб қўлига олмоқчи бўлди. Шу билан баробар қон қақшаб Ўролни қарғай кетди.
— Ҳай бўйнинг синсин, илойим, менинг ёшимга кирмай жувонмарг бўл. Шу оқ пахтадай бузилиб элдан чиқ. — Кампир яланг ерга ўтириб қолди. Икки қўллаб ишдан чиққан халажини чангаллаганча бақирарди у. — Ҳўв кўппак, сенлар эга бўп қолдингми, сен қирилгурнинг планинг халажи ўзи, ўзи қилган пахтасига ўзи эга бўлолмаган дунёнг халажи. Чигитинг чигит, ғозинг ғоз бўлганда кўрайинда сени. Кучинг менга етган бўлса худодан топ, илойим…
Ўрол билан Самад кампирнинг додлашидан сўнг аста сирғалиб жўнай бошлади. Сим тўсиқдан ўтатуриб Ўрол қоқилиб кетди, лекин кампирдан кўз узмас, бирон сўз ҳам демасди…

* * *

Чироғига ҳашарот айланиб турган айвонда ётган Улаш момонинг пастки қовоқлари ийланган теридай ивиб, йиғидан ҳилвираб кетганди. Унинг атрофида ўғли Мардон, келини, икки қиз невараси жим ўтиришар, оёқ учида Мардон айтиб келган Ҳасан фелдшер ўтирарди. Тепада, чироқнинг тагида эса гаражнинг устаси Чори билан Оқбой невара бир сопи синган халажини чуқулар, фақатгина шу иккисининг ғунг-ғунг товуши эшитиларди.

* * *

Тонг отганда Улаш момо безовта бўлди, бўлак овулга тушган катта қизи ҳам шу ерда эди. Кампир кўзини ярим очиб қийналиб гапирди.
— Тузалди-ма?, — деди у.
— Ҳа, эна? — деди Мардон, момо нимани сўраётганини англолмай, сўнгра, — Ҳа, Чори оқшом созлаб бериб кетди, деб хўрсиниб қўйди.
Кампир кўзини юмди, сўнг шу ҳолда “Оқбой!”, деди оҳиста. Кичкина Оқбой маюсланиб момосининг қошига келди: “Ҳа, момо?”, деди секин.
Улаш момо кўзини очмай хиёл жилмайган бўлди-да:
— Нима эди, “эски тишимни ол”миди, шуни айт.
Оқбой отасига қаради. Мардон ўғлига айт, деди секин. Оқбой астагина ғўнғиллай бошлади:
— Эски тишимни ол,
Янги тишимни бер.
— Яна айт, — деди кампир безовталик билан. Юмуқ кўзларидан ёш сизарди унинг, — айтабер…
— Эски тишимни ол,
Янги тишимни бер.
Эски тишимни ол,
Янги тишимни бер…
Улаш момо ўнгланмади, миясига қон урган, дейишди. Ўша куни чошгоҳда жони узилди. Жанозага кўпчилик келди. Келолмаганлар еттисига келишди. Фақат Ўрол келмади. Мардон биргадирнинг олдин ҳам, кейин ҳам режаси тўлмаган ягона мавсуми шу онасидан айрилган йил бўлди. Мардон Ўрол билан идорада кўришди. Ўрол ҳеч гап бўлмагандай унга келгусидаги ишлардан гапирди. Кампирнинг еттисидан сўнг уйдаги сигирни сотиб, Ўролнинг йўриғи билан пулини унинг ўзига берди. План “тўлди”.

* * *

Ўрол бобонинг ўзи солган, бир пайтлар фасонга кирган чордоғи баланд уй эндиликда чолнинг ўзидай кўҳна, янги уйларнинг олдида кўримсиз бўлиб қолган эди. Уйни кўриб Оқбой момосининг гапини эслади. Одамнинг кўнглидан бошқа ҳар нима эскиради. Улаш момо шу гапни кўп айтарди.
Ўрол бобо қалин тўшакда, униққан ёстиққа боши оғир ботиб, кўзини шифтга қадаб ётарди. Атрофида ўғли Хуррам, Оқбой фермер, яна чолнинг қизлари. Кампири кўп йил бурун кўз юмганди. Чол чап қўл-оёғинигина сал-пал қимирлатарди. Уч йилча аввал сўридан йиқилиб фалаж бўлиб қолган, лекин яқин-яқингача тилдан қолмаган эди. Оқбойни кўриб унинг серажин, оғир қовоқлари остидаги кўзлари ялтиллаб кетгандай бўлди. Тиззалаб ўтирган Оқбой чолга энгашиб: “Ўрол бобо, мен… Оқбой, келдим”, деди, оҳиста.
Ўрол бобо ундан нигоҳини олиб шифтга тикилди, туйқусдан кўзларида ёш милдиради. Кейин яна Оқбойга қаради. Жимлик. Чол чап қўлининг бармоқларини бироз вақт ёзиб-йиғиб турди-да, қўлини секин юқорига кўтарди. Сўнг тушуниксиз бир ҳаракат билан қўлини қимирлата бошлади. Чолнинг тирноқлари бироз ўсган, бўшашиб, титраб турган қўли худди бир нимани бураётгандай ҳавода доира ясаб секин айланаверди, ёшли кўзлари Оқбойда эди. Ўтирганлар ҳайрон бўлиб чолнинг гоҳ қўлига, гоҳ юзига қараб қолди.
Оқбой фермернинг ичида бир нима чирт узилгандай бўлди, бехос титраб кетди. Чолнинг сўнгги илтижосини у англаганди.
Кун шомга қиялаб қолган бир маҳалда Ўрол бобо ётган жимжит хонадан ғалати товуш келарди. Оқбой хаста чолнинг чап томонида, гилам устида халажи айлантирарди. Ўша Улаш момодан қолган, ғийқиллаб айланаётган эски халажи оппоқ лўппи пахтани ямлар, чигити бобонинг ёйиқ белбоғига тушар эди. Ўрол бобонинг юз пайлари гоҳ тиришиб, гоҳ ёйилиб кетар, худди танида санчиқ тургандай ҳар ғийқиллаганда инқиллаб қўярди.
Эртасига, Оқбой фермернинг пахта режаси тўлган кунда Ўрол бобонинг жанозаси ўқилди.