Шодмон Отабек. Хонадон (ҳикоя)

Тарвақайлаб ўсган кўҳна тут остидаги сўрида ёнбошлаб ётган Мардон чол иссиқдан лохасланди, сочиқ билан юзини эринибгина елпиди. Оёғидаги эски дард яна безовта қиляпти чолни. Ичкарида куймаланиб юрган Роҳила кампир айвонга чиқиб, чолига яқинлашиб сўради:
— Чойни янгилаб берайми?
Чол кампирига кўз қири билан бирпас қараб қолди. Кампир чолни эшитмади деб ўйлади чоғи, яна сўради. Чолдан садо чиқмади. Кампир жойидан қўзғалаётганда томоқ қириб, гап қотди:
— Кеча… анави яна ичиб келдими?
 “Анави” — кенжа ўғил — Абдусамад қишлоқдаги аралаш моллар дўконида ишлайди. Кейинги пайтда ичкиликка берилди, йигити тушгур. Чол ҳам, кампир ҳам ўғилга насиҳат қилгани қилган. Гап кор қилмайди. Ҳар гал “Иккинчи ичмайман,” дея кўзини ердан узмай ваъда берган ўғил уч кун ўтиб-ўтмай яна қийшайиб келаверади.
Кампир чолига қандай жавоб қилишни билмай, бир зум иккиланди.
— Билмасам, кечроқ келди шекилли…
— Бечора келинга қийин бўлди. Иккита боласи бор, турмуши бузилса, болалар увол бўлади. Қудаларнинг юзига қандоқ қараймиз?
— Кўпам куйинаверманг, худо инсоф берса, эс тортиб, қуйилиб қолар.
— Э, кампир, ёши ўттиздан ошиб, бола-чақали бўлганда кирмаган эс қачон киради? Шу боланинг тўғри йўлга кириб, одам бўлганини кўрайин деб сўрайман худодан. Мендан кейин қандай яшайди бу бола? Худога шукур, бошқалари эсли-хушли, ўзидан тиниб-тинчиб кетди. Улардан кўнглим тўқ, аммо бу чатоқ чиқди… Ортиқча эркалатвордикмикин? Битта палакда ҳар хил қовун битаркан-да…
Шу маҳал катта айвоннинг соя томонида ётган сариқ ит кўчадаги шарпадан сергакланиб, дарвоза томон чопиб кетди. Кампир калишини илиб, итнинг ортидан илдамлади. Ҳовлига ёши элликларни қоралаган, қора чўққи соқоли ўзига ярашган, ихчам гавдали киши — қишлоқ сартароши Ҳасан уста кириб келди.
— Ассалому алайкум! — уста чаққон келиб, чол билан қўш қўллаб кўришди. — Бардаммисиз? Иш билан бўлиб анчадан бери хабар ололмадим.
Уста ихчам жомадонини очди ва ичидаги матони чолнинг кўкрагига ташлаб, икки учини бўйнидан боғлаб қўйди. Жомадон чўнтакчасига қатор териб қўйилган устаралардан бирини олиб обдон қайради. Кампир қўйиб кетган қумғондаги илиқ сувда чолнинг бошини ҳўллаб, астойдил ишқалашга тушди. Уста соч оларкан, бир зум ишидан тўхтаб, рўпарадаги чолнинг боғига разм солди. Бир маҳаллар қишлоқда ҳамманинг ҳавасини келтирадиган ажойиб боғ қаровсиз қолганди. Узум новдалари ғовлаган, хомток қилинмаган япроқларни шўр босганди. Уста афсуслангандек бош чайқади. Чол унинг хаёлидан ўтган гапни фаҳмлади.
— Ҳа, боққа қараёлмаяпмиз, олдинги куч-қувват йўқ, ўғиллар ҳам… — Чол ҳасрат қилишдан аранг ўзини тийиб қолди.
— Ҳеч бўлмаса, узумнинг шўрини дорилаб қўйса бўларди. Қишлоқда сизларнинг узумингизга етадиган узум йўқ эди.
— Энди кеч бўлди.
— Нега кеч бўлади? Олтингугуртни қалин қилиб сепса кифоя-да.
— Йўқ, — деди чол бош чайқаб, — Ҳамма нарсанинг ўз вақти бор.
— Э, шундайми? — Ҳасан уста чолнинг миришкор боғбон эканини эслаб, қўшимча қилди. — Шу ҳунарни ўғилга ҳам ўргатиб қўйсангиз яхши бўларди. Чироғингизни ёқиб ўтирадиган шу ўғил-да.
— Э-э, ўргангиси келмаса нима қилай?
— Ота касбини тутган хор бўлмайди. Сартарошлигим — ота касб, биласиз. Шуни давом эттириб кам бўлмадим.
Уста ишини битиргач, чол кўрпача қатидан пул чиқарди, уста шоша-пиша унинг қўлини қайтарди.
— Йўқ-йўқ, пулни жойига қўйинг, керакмас. Сизнинг ёшингизга етиб юрайлик, бир дуо қилиб қўйсангиз бўлди.
Чол қўлини дуога очди…

* * *

Мардон чол қишлоқнинг энг ёши улуғи, тенг-тўшларининг кўпи чин дунёга кетди. Ёз келса, саксон тўртни қоралайди. Агар оёқларидаги оғриқ панд бермаганда анча-мунча дардни писанд қилмасди. Ётиб қолгани чатоқ бўлди-да. Ишсиз, бекор туришга ўрганмагани учун анча сиқилиб қолди. Томорқадаги боғнинг қаровсиз қолаётганини кўриб юраги эзилади. Ҳусайни узумларни ўзи етиштирган, туятиш анорларининг довруғи узоқларга кетган. Дўхтирларнинг дори-дармони кор қилмаганда одамлар шифоликка деб унинг баҳоргача сақланадиган меваларидан сўраб келишарди. Шу боғнинг ўзидан кейинги аҳволини ўйлаб дилгир бўлади. Ерга ўзидек меҳр қўёлмаган ўғилдан ранжийди. Насиҳатларни ҳар гал индамай тинглаб, ҳамиша “хўп” дейдиган ўғил эса ўз -билганидан қолмайди.
— Узумнинг иши-ташвиши кўп, ота, яхшиси ўрнига хурмо экайлик, бир экиб қўйсангиз бўлди, ҳосил беравераркан, меҳнатиям оз, кўтарасига олувчилар ўзлари келиб юклаб кетишади, — дейди тап тортмай.
— Ўйлаб гапиряпсанми? — отанинг тепа сочи тикка бўлиб кетади.
— Ота, мен фақат… ўзимни ўйлаётганим йўқ. Сиз ҳам қариб қолдингиз. Мен бўлсам ишимдан ортолмаяпман…
— Нима, мен фақат ўзимни ўйлаяпманми? Сени ўйлаб куйиняпман.
Бунақа гап-сўзлар кўп бўлди. Орадан икки ойча вақт ўтгач, боғ ташвишидан ҳам катта ташвиш чиқиб турибди. Ўғил савдога ўтиб, кетига оз-моз жир битгач, юриш-туриши ўзгарди. Ичадиган одат чиқарди. Яқинларини ҳам менсимай қўйди. Саломга яраша алик экан-да — акалар ҳам отани ранжитаётган уканинг турқини кўрмаслик учун аҳён-аҳёндагина, бирров келиб кетишади. Катта хонадоннинг аввалги файзи қолмади гўё.
Абдусамад кейинги уч кунда ҳам одатдагидай ишдан кеч қайтди. Аммо ичмаган, алланечук хафадек эди. Уни кутиб, мижжа қоқмай ўтирган онасига бир оғизгина салом берадию уйига кириб кетади. Эртасига — тўртинчи кун Абдусамад ишдан келмади. Тонг отар-отмас Роҳила кампир катта ўғли Йўлдошнинг уйига юрагини ҳовучлаб борди.
— Ўзим ҳозир уйга ўтмоқчи бўлиб турувдим, — деди Йўлдош негадир онасининг юзига қарамай. Кампирнинг баттар хавотири ортди.
— Тинчликми ўзи, болам? — кампир ўғлига мўлтираб тикилди.
— Тинчлик эмас-да, она. Мен ҳозир Абдусамаднинг ёнидан келдим, — онанинг юраги тўхтаб қолгандек, тили айланмай жим қотди. — Унинг дўконини солиқдан текширишган экан, катта яширилган солиқ пули чиқибди. Абдусамад қамалишдан қўрқиб, бир ўртоғининг уйида яшириниб юрибди. Сўраб-суриштириб топдим.
— Вой ўлмасам! — деди кампир алам билан, — Пешонамда буям бормиди? Энди нима бўлади? Шўрлик болам… қамалиб кетаверадими?
— Адвокат билан гаплашдим. Агар пул жойига қўйиб қўйилса, қутулиб қолиши мумкин экан.
— Пул… Катта пулми, болам?
— Ҳа, сиз билан биз учун катта пул. Ўттиз миллион! — Йўлдош кўзлари мўлтираб турган онасига раҳми келди, уни тинчлантиришга уринди, — Онажон! Сиз ортиқча ваҳима қилаверманг, ака-укалар йиғилишиб бирон чорасини топармиз. Уйга бораверинг, отамга айтмай туринг. Ҳозир тўпланиб уйга ўтамиз.
— Вой, умрингдан барака топ, болам. Яхшиям сен бор экансан…
Мактабда муаллим бўлиб ишлайдиган Йўлдош фарзандларнинг тўнғичи. Туғишганларининг бошини қовуштирадиган ҳам, яхши-ёмон кунларида бош-қош бўладиган ҳам шу ўғил.
Чошгоҳ маҳали туғишган жигарлар ота уйга йиғилишди. Абдусамадни ҳам топиб келишди. У хижолат чеккандек, бир четда бошини хам қилиб ўтирарди. Меҳри ҳам, қаҳри ҳам қаттиқ отанинг қовоғи уйилган. Ичида гап ётмайдиган кампир чолга бор гапни айтиб улгурган. Мардон чол томоғини зарда билан қириб, Абдусамадга хўмрайиб қараб, дарғазаб оҳангда деди:
— Қани, нима иш қилиб қўйганингни гапир, эшитайлик!
Абдусамад худди сўроқ бераётгандек сесканиб тушди. Кўзларини пирпиратиб, атрофга жавдиради. Гапиришга чоғланди, аммо негадир овози чиқмади.
— Гапир! Тилингга чипқон чиққанми!
— Шу… озгина… солиқдан камчилик чиқиб қолди, — ўғил ўзича ғудранди.
— Ота, буни буровга олишдан энди фойда йўқ, ўзим гапириб берай, — деди Йўлдош отасига юзланиб. — Дўконида нақд ўттиз миллионлик солиқнинг пули яширилгани маълум бўлди! Бу пулни бизга ўхшаган одам бир йилда бир кўрмайди. Шу маблағ бир ҳафтада тўланмаса, укамиз қамалади. Аслида пулни узоғи билан уч кун ичида жойига қўйиш керак экан. Мен ялиниб-ёлвориб, аҳволни тушунтирдим, муҳлатни ҳафтага зўрға чўздирдим.
Буни эшитганлар жим қотиб қолишди. Юзларга ваҳима қалқди.
— Хўш, нима қилдик энди? — ота нажот истаб, фарзандларга илинж-илтижо билан кўз тикди. — Бўлар иш бўлди, агар шу хонадоннинг шаъни, обрўси керак бўлса, укани қутқариб қолинглар!
— Кўплашиб тўлаймизда энди, — Йўлдош отасини қувватлади.
— Йў-ўқ, бунақаси кетмайди! — гап келганда отасиниям аямайдиган, чапани феъл Тожибой тутоқиб кетди. — Маишатни у қилсин, пулини биз тўлаймизми?
— Тожибой! — деди Йўлдош укасига тик қараб. — Оғзингга қараб гапир! Қаерда ўтирганингни унутма!
— Тўғри гап туққанингга ёқмайди! — Тожибой шундай деб ғижинди. — Ҳар ким қилмишига яраша жавобини беради! Буни ортиқча эркалатворгансизлар, мана оқибати…
— Эсдан чиқармайлик — ҳозир кўзимизга ёмон кўриниб турган шу бола, бир қориндан талашиб тушган жигаримиз!, — дея можарога аралашди Аҳмад. — Мен бир умр далада сувчилик қилиб, борига шукур қилиб кун кўриб келган одамман. Қозонимиз бирон йил жаз кўрмаса кўрмас, ўлиб қолмасмиз. Мол топиладиган нарса. Отам тўғри айтяптилар, хонадонимизнинг шаънини ўйлаб иш қилишимиз керак.
Чол ўзидек қора меҳнатдан қочмайдиган ўғли Аҳмаднинг гапларидан таъсирланди. Кўнгли илиқ бир туйғудан юмшаб, беихтиёр кўзлари намланди.
— Энди бўладиган гапдан келайлик, — Йўлдош мақсадга кўчди. — Ҳар ким қурбига, ҳимматига қараб айтаверсин. Бу яширилган пул эса… еб юборилган.
— Ака! — деди Тожибой яна кутилмаганда. — Мен бир нарсага сал тушунмайроқ турибман. Бу аҳмоқ бир ўзи шунча пулни қандоқ қилиб еб юборди экан? Уй ўша уй, мошин олмаган бўлса, нима қилди шунча пулни?
Тожибой майнавозчилик қилиб кесатяптими ёки ўзи учун муҳим ҳисобланган бир сирни билмоқчимиди — ҳеч ким англай олмади.
— Менимча, ҳаммаси кайфчиликда бўлган. Кўрсатган қоғозига қўл қўйиб юбораверган, акс ҳолда бунча маблағни битта одам еб, ҳазм қивориши мумкин эмас, — Йўлдош ўзича масалага аниқлик киритди ва тахминим тўғрими дегандек Абдусамадга қараб қўйди. У кўзларини ердан узмай бош ирғади.
— Демак, энди емаган сомсага пул тўлаш керак экан-да! — Тожибой бу гал ошкора заҳарханда қилди.
— Сен намунча жириллайсан?! Нега гапни айлантирасан? Нима, сен осмондан тушганмисан саланглаб? — ота ўжар ўғилни қайириб ташлади. — Сенсиз ҳам битадиган иш битади, билдингми?!
— Ота! Пулни ҳеч ким ердан супуриб олмайди, — Тожибой сал ҳовридан тушгандек бўлди, — Мен ёрдам бермайман, дедимми? Нима, табриклайликми бўлмаса, укамизни?
— Майли, ортиқча майдалашмайлик энди, — деди Йўлдош муросага ундаб. — Бу кўргулик ҳаммамизга сабоқ бўлсин! Кўр ҳам ҳассасини бир марта йўқотади, — Йўлдош Абдусамадга иддао билан кўз қирини ташлаб қўйди. — Энди ўша гап — ким қанчадан ҳисса қўша олишини айтсин. Кўпдан қуён қочиб қутулмас. Мен ўзим индинга соғин сигиримни бузоғи билан бозорга обориб сотаман ва пулини обкелиб отамга топшираман.
— Мен ҳам тўйга деган бўрдоқиларимни сотаман, — деди Аҳмад.
— Мен ҳам хўжайинга айтаман, атаганини берар, — гап қотди ёлғиз сингил Қаноат.
— Сен… қўявер, болам, ўзинг жўжабирдай жонсан, минг қилсаям бировнинг бандасисан, — деди кампир қизига ачинганнамо тикилиб.
Йўлдош гажлик қилаётган Тожибойга саволомуз тикилди.
— Битта тиррақи эчким бор, шуни қанчага кўтарса сотаману пулини бераман. Бошқа ортиқча нарсам йўқ! — Тожибой отдан тушса ҳам эгардан тушгиси келмасди.
— Менимча, бу тўплаган маблағимиз керак пулнинг ярмига ҳам етмайди. Камига қарз кўтаришга тўғри келади, — деди Йўлдош бошини қашлаб?
— Онанг билан ўлимликка йиғилган озроқ пулимиз бор, — чол кампирига юзланди, — Шуниям ҳисобга қўшиб қўй!
— Ўзимиз бир амаллаймиз, ота, — Йўлдош ўйга толиб, ланжроқ гапирди. — Аммо-лекин ўттиз миллион — катта пул. Барибир, қарзсиз иш битмайди. Банкдан қарз олиш керак.
— Банкдан бунча пулни ундириш ҳам осон эмас, ака.
— Эгамберди қассобнинг банкда ишлайдиган ўғли Абдураззоқни ўзим ўқитганман. Шунга юкиниб бораман-да энди. Йўқ демас. Мени ҳурмат қилади, фоизини сал камайтириб, инсоф қилар.
— Э, ака, замондан орқада қолибсиз, — Тожибой ҳамон иддао қиларди. — Ҳамма пулга сиғинадиган бўп кетган, Абдураззоқнинг ҳам оғзини мойлаш керак…
— Дунёда пулдан ҳам азизроқ нарсалар бор, ука. Биз ҳозир нима учун шу хонадонда йиғилишиб турибмиз? — Йўлдош сал қизишгандек бўлди.
— Қорин қайғуси бошқа, қадр қайғуси бошқа, болаларим! — ота жўяли гапирган тўнғич ўғлига мамнун қараб қўйди.
— Демак, келишдик, — деди Йўлдош маслаҳатга якун ясаб. — Якшанбада ҳар ким топган пулини отамга топширади. Худо ишимизни ўнгласа, ҳаммаси яхши бўлади. Ота, сиз ортиқча хавотир олманг. Укамни ёлғизлатиб қўймаймиз.
Чолнинг мижжаларига ёш қалқди. Қариганда кўнгли нозиклашиб, боламижоз бўлиб қолаётгани хаёлидан ўтди.
Катта хонадондаги ўша кунги маслаҳатга кўра, якшанба оқшоми оға-инилар топган-тутганини отасига топширишди. Бу маблағ лозим пулнинг ярмига ҳам етмасди. Яна минг битта жойга югур-югурлар, ялиниб-ёлворишлар билан камомаднинг ками банкдан, қариндош-уруғлардан қарз-ҳавола қилинди. Асосий оғирлик катта ўғил Йўлдошнинг зиммасига тушди. У муҳлатни отанг яхши, онанг яхши дея ялиниб, яна икки ҳафтага чўздирди. Муаллимлар маош оладиган куни уларнинг ҳар бирига тилхат бериб пул ундирди. Бошида қайсарлик қилаётган Тожибой ҳам ўзининг пулидан ташқари қўшнисидан қарз кўтарди. Қаноат ҳам “Сен қўявер” дейишларига қарамай, топганини келтирди. Ахийри пул жойига қўйилди, Абдусамаднинг мушкули осон бўлди. Хонадонга яна файз -кирди.
Эрталаб нонуштадан кейин чол сўнгги кунлардаги ташвиш-ваҳималардан анча ўзини олдириб, озиб-тўзиб кетган, соқоли бир ҳафтадан буён устара кўрмаган ўғлидан секин сўради:
— Хўш, энди нима иш қилмоқчисан, болам?
— Билмасам, ҳали ўйлаб кўрганим йўқ, — Абдусамад отасига тик қарай олмади.
— Дўконни энди эсингдан чиқар. У иш сенга тўғри келмайди.
— Хўп, ота.
— Ота-боболаримиз деҳқон ўтган, ҳаммамизни ер боққан. Сен ҳам ота-боболарнинг ишини қилсанг кам бўлмайсан. Ароқни қайта оғзимга олмайман, деб сўз берасан.
— Хўп, ота.
— “Хўп ота” билан иш битмайди, қасам ичасан!
— Хўп… тушундим.
— Энди кийимларингни алмаштириб чиқ, узумларни хомток қиласан. Фурсат ғанимат. Боғни эпақага келтириб тур-чи, у ёғига худо пошшо…
Абдусамад ток қайчини олиб, боққа чиқиб кетди. Мардон чол кампири билан сўрида кўк чойни иссиқ-иссиқ ҳўпларкан, руҳида ажиб бир енгиллик туйди. Ҳаётидан, яшаб ўтган умридан рози эканини сезди.
— Энди ўлимдан қўрқмайман, кампир, — деди у кутилмаганда. — Илгари бир зарур ишим чала қолаётганга ўхшарди. Энди, оллоҳга шукур, ҳаммаси жой-жойига тушганга ўхшаяпти. Худо хоҳласа, чироғимиз ўчмайди.
Чол-кампир гурунглашиб ўтиришаркан, токзор оралаб юрган Абдусамаддан кўзларини узмас эдилар…

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 16-сонидан олинди.