Шодмон Отабек. Асалойнинг тоғаси (ҳажвия)

Нусрат асаларичи ҳар йили қишлоқ четидаги адирликка ари қўяди. Об-ҳаво қулай келганда яхшигина асал олади. Тоза асал. Қўли очиқ йигит эмасми, маҳалланинг кексалари, бева-бечораларни асал билан йўқлайди, дуо олади.
Бу йил иқлим яхши келди, худонинг берган куни ёмғир ёғиб, қир-адирлар майса гиламларга бурканди. Нусратнинг арилари ҳам яхши ривожланди. Мўл ҳосил кўтарди, ҳатто асалга идиш етмай қолди.
Нусрат эски «Москвич» машинасининг юкхонасига асал тўлдирилган бонкаларни жойлаб, қишлоққа жўнади. Адирликнинг ўнқир-чўнқирлари тугаб, текисроқ йўлга чиқиб олганда сал енгил тортди. Тезликни бироз оширмоқчи эди, йўл четида букчайиброқ қўл кўтариб турган аёлга кўзи тушиб машинасини тўхтатди.
— Қаёққа бормоқчисиз, янгамулло? — Нусрат кабинадан бошини чиқариб сўради.
— Ш-шу…туғруқхонага, — аёл зўрға, ҳансираб гапирди. Нусрат гап нимадалигини фаҳмлади. Машинадан чаққон тушди. Аёлнинг қўлтиғидан олиб, орқа ўриндиққа авайлаб ўтқазгач, машинани секин ҳайдаб кетди. Аёлнинг инқиллаб, ҳансираб нафас олиши қулоғига чалиниб турди. Ботиниб-ботинмай орқасига ўгирилди.
— Тузукмисиз, янга?
— Р-раҳмат…
— Поччамиз…йўқмидилар?
— У киши шаҳарга иш билан кетувдилар…
— Ҳозирги болалар шунақа-да, шошқалоқ, отасининг келишини кутиб туришниям билмайди, — Нусрат ҳазил билан аёлнинг дардини енгиллатмоқчи бўлди. Аёл унсизгина кулимсираб қўйди.
— Ҳай майли, мана ҳозир туғруқхонага етамиз, худо хоҳласа эсон-омон қутулиб оласиз.
Туғруқхонага икки чақирим қолганда ногоҳ йўл четида турган ДАН ходими ҳуштагини чалиб, қўлидаги таёғи билан тўхташ ишорасини қилди. Нусрат ичидан зил кетди. Ноилож машинани йўл четига олиб, секинлатди. Ойнадан мелисанинг ўзи томон юриб келаётганини кўриб, баттар тажанг бўлди. Хаёлига урилган фикрдан дадилланиб, таваккал қилди. Моторни ўт олдирди. Йўл ўртасига чиқиб олгач, газни босди. Ёнбошидаги ойнадан назоратчининг ҳам машинасига ўтирганини кўриб қолди. «Наҳотки қувласа?» деб ўйлади. Кўнгли ғашланди. Орқасига бирров қараб қўйди, ярим ёнбошлаб ётган аёлнинг кўкраги худди ҳаво етишмаётгандек кўтарилиб тушар, тўлғоқ азобидан тинимсиз инқиллар эди.
— Ҳозир, ҳозир, яна озгина сабр қилинг, етай деб қолдик, янгажон, — Нусрат аёлга далда берди. Хаёлида бошқа фикр чарх урарди: «Ишқилиб, машинамда туғиб қўймасин-да. Унда… ўзим доялик қилишим керак…»
Бир амаллаб туғруқхонага етиб келди. Аёлни авайлаб машинадан туширгач, қўлтиғидан суяб ичкарига етаклади. Ҳамширага топшириб, худди ўзининг кўзи ёригандек енгил тортди. Машинасининг олдига қайтиб келди. У ерда ҳалиги назоратчини кўриб пешонаси тиришди. «Ўзиям роса эринмаган бола экан!» — деб ўйлади ғашланиб.
Назоратчи Нусратни кўриб, ўлжасини қўлга киритган овчидек жонланди. Қўлини чеккасига қўйиб, расмиятчиликни ўрнига қўйди. Исми шарифини, лавозимини айтди. Ҳужжатларни қўлига олиб, синчиклаб текшира бошлади.
— Қоидани қўпол равишда буздингиз, — деди иддао билан. — Бунинг устига ДАН ходимига бўйсунмай, қочиб қолдингиз. Унақа эмасда, ака!
— Иложим йўқ эди, укажон, — Нусрат беихтиёр қўлини пахса қилиб гапира кетди, — аёлни туғруқхонага олиб кетаётган эдим.Шунга…
— Бунинг аҳамияти йўқ! — назоратчи жиддий оҳангда гапирди.
— Ие, нега энди аҳамияти бўлмас экан?
— Қоидани бузишга ҳеч нарса асос бўлолмайди, — ДАН ходими сўзида туриб олди.
— Ё тавба, — Нусрат бунақа назоратчига биринчи бор дуч келиши эди. — Ахир, йўлда туғиб қўйса нима бўларди?
— Нима бўларди? — деди назоратчи пинагини бузмай. — Оти Йўлчивой бўларди.    
— Энди…укажон, Йўлчивойнинг ҳурмати — бир гал кечириб қўя қолинг, илтимос.
— Бизда илтимос кетмайди.
Назоратчи шундай деди-да, бурагични олиб, машинанинг номерини еча бошлади. Шу маҳал ичкаридан чақалоқнинг ингаси эшитилди. Ҳамшира югуриб чиқиб, Нусратни табриклади.
— Қиз туғилди, акажон, муборак бўлсин.
— Р-раҳмат…— беихтиёр «ота бўлиб» қолган Нусрат шошиб қолди.
— Қуруқ раҳмат билан иш битмайди, суюнчисини чўзиб қўйинг! —деди ҳамшира шаддотлик билан.
— Суюнчисини ана, тоғаси беради! — алами ошиб турган Нусрат номерни ечаётган назоратчига қўлини бигиз қилиб ишора қилди. — Жиянини йўқлаб, орқамдан етиб кепти. Сўрайверинг, тортинманг!
Ҳамшира назоратчининг ёнига илдам бориб, тап тортмай сўради:
— Тоғаси экансиз, қани бир эрингчи! Мелисанинг суюнчиси табаррук бўлади.
Номерни қўлида ўйнатиб турган мелиса бир зум талмовсираб қолди. Сўнг оғир хўрсиниб, ечилган номерни мийиғида кулимсираб турган Нусратнинг қўлига шаппа тутқазди.
— Мана шу менинг совғам!.. Каттароғини ана, отасидан олаверасиз! — деди ҳамширага.
«Тоға» индамай машинасига ўтириб жўнаб қолди. Унинг қилиғидан ҳайрон бўлган ҳамшира энди «ота»ни исканжага олди.
— Тоғасидан иш чиқмади, энди ўзингиз…
Нусрат машина юкхонасини очиб, икки банка асал олди.
— Мана шу асал суюнчи. Чақалоқнинг ҳаёти ширин бўлсин! — деди жилмайиб.
— Раҳмат, акамулло, кам бўлманг, раҳмат. Дарвоқе, чақалоқнинг отини нима қўясиз? — сўради ҳамшира.
— Оти…Асалой бўлади-да!
— Асалой! Жуда яхши исм!
Ҳамшира асални кўтарганча, Асалойнинг олдига чопди.