Шодиёр Ҳазрат Исмат. Омонат (ҳикоя)

Қундуз кампир қизи – Кибриёни ўйлабса бесаранжом бўлади. Уни деб юраги сиқилади. Чоли ҳам билдирмай юради-ю, барибир унинг ҳам кўнгли зада. Бўлмаса, чолу кампир бир этак болани катта қилиб, уйли-жойли қилди. Ҳаммаси ўзи билан ўзи овора.
Элда оиланинг ўзига яраша обрўси бор.
Кибриё муаллимликка ўқиди. Сўнг бироз қишлоқ мактабида ишлади. Совчиларнинг саноғи йўқ эди. Отаси эски қадрдони – Ўроз темирчининг ўғли – Сапармуроддан келган совчиларга розилик берди. Бўлажак куёв бир пайтлар Кибриё билан бирга муаллимлик курсида ўқиган эди.
Отаси тузук одам, онаси ҳам баъмани, рўзғори тинч.
Тўй бўлди. Аҳил оила мактабга бориб-келиб, болаларга сабоқ берарди. Одамларнинг уларга ҳаваси келарди. Орадан йиллар ўтарди. Улар кутган ва кутаётган қувонч кечикарди. Кўнгилда хиралик бошланаверди.
Кибриё ҳам, Сапармурод ҳам ўзини одамлардан тортиб юрадиган, давралардан қочадиган бўлиб қолишди.
Улар аввал ўз-ўзидан, сўнг бир-биридан шубҳалана бошлашди…
Теварак атрофдагилар ҳам турли хил тусмолларни айтиб, ўзларича фол очишарди:
–    Гулдай умри ўтиб боряпти.
–    Тумсо хотинни бошига урадими, ҳайда-да, бошқасини ол. Ана олам гулистон.
–    Қиз бечорага жабр бўлди-да.
–    Қайси томоннинг аждодларида булардай одам бўлган экан…
–    Бечораларнинг пешонаси шўр экан.
Қудалар ҳам ҳаловатини йўқотишди.
Эр-хотин ҳар турли тадбирларга риоя қилишди. Бироқ фойдаси бўлмади. Ғаройиб усулларни қўллаб кўришди, ҳаммаси бесамар кетди.
Барчанинг боши эгик эди.
Орадаги хижолатпазликни ким қайси йўсинда ҳал қилишни биров билмасди.
Дардисар эди. Боши ва охири кўринмайдиган вазият юзага келганди.
Сапармурод мактабидан келиб уйга кирди. Уст-бошини алмаштириб ташқарига чиқиб, молларига сув тутди. Қурадаги қўчқорларнинг олдига беда ташлади. Ариқдан қўлини ювиб, яна қайта уйга кирмоқчи бўлганида гужум тагидаги супада отасининг ёнбошлаганича ўзига қараб турганини кўрди. Отаси салласини ёнига олиб қўйиб, қалпоқчасини қия кийиб, чой ичиб ўтирарди.
Бу одам эрта баҳордан то кеч кузгача бетиним ишлайди. Устахонасида ўроқ, кетмон, қозиқ, сувлиқ, тақа, узанги каби нарсаларни ясайди. Атроф қишлоқдаги чавондозларнинг отларига нағал қоқади, узанги, сувлиқларини янгилаб беради. Ўзи ясаган буюмларни одамларга сотади. Лекин бозорга опчиқмайди. Керак одам, устахонадан келиб опкетади. Уста пулига талашмайди. Насияга ҳам молини бериб юборади.
Невараларига чанқовуз ҳам ясаб беради. Болалар кўча-куйда ўзлариям, бошқалар ҳам безор бўлгунича чанқовузни чалиб юради.
Темирчи бўлгани билан унинг кўнгли юмшоқ. Бировга қаттиқ гапирмайди. Кишининг илтимосини йўқ демасдан бажаради. Шу сабаб бўлса керакки, Ўроз темирчини қишлоқнинг одамлари ҳурмат қилади.
Ўроз темирчи ариқдан қўлини юваётган ўғлини кўрди-ю яна индамай қўйди. Гўёки, уни кўрмагандай дастурхондаги чивинларни қўли билан силкиб ҳайдади.
Сапармурод ариқдан ҳатлаб ўтди-да, отаси томон кела бошлади.
–    Салом, ота, – деди у.
–    Салом ўғлим, кел қани, ўтир-чи, – деди отаси.
Ота-бола қўл бериб кўришдилар.
-Қани ота, бу ерда ўтирибсиз? Салқинлайман дедингизми? Ёки бирор иш бормиди?
-Тошқул капитан невараларига тўй қилган экан, шунга борувдим. Қайтаётиб шу ерда ўтирган жойим, – деди ота.
-Ҳа,яхши қипсиз.Соғлигингиз яхшими,ота? Чарчамаяпсизми? Шогирдларингиз ҳам қўлингиздан ишни олгандир-да?
-Ҳаммаси яхши, болам. Шогирдларнинг ўзи эплайди. Лекин ҳали ёшлиги бор уларнинг. Кўпам уларга ишониш керак эмас. Ишни бериб, бошида турмасанг кўнгилдагидай қилмайди, барибир. Лекин пишиқ бачалар. Вақти келиб, катта уста бўп кетиши ҳеч гап эмас. Ишдан қочмайди. Ёлғон айтмайди. Бировнинг молига ола қарамайди. Энг кераги ҳам шу ўзи ! –деди отаси ҳаяжонланиб.
-Ота, тўй яхши ўтдими? – деб сўрайди ўғли.
-Ҳа, зўр бўлди. Тошқул капитан яхши ҳақ берди. Ўзининг юбилейини ҳам қўшибди.Барака топсин, болалари дуруст экан. Ҳаммаси топганини дастурхонга қўйибди. Элнинг олдидан ўтгани яхшида. Болам сен ҳам тўйга бордингми?
-Йўқ, – дейди ўғли ерга қараб. – Мактабда дарсим кўп эди. Боролмадим. Эрта-индин тўй қуллуқ бўлсинга ўтиб келарман.
-Болам бундай қилмагин, элнинг тўй-ю маъракасига аралашиш керак. Эртага ҳисоб-китоби бўлади, – дейди отаси.
Ота боланинг суҳбати мана шу ерда узилади. Иккаласи ҳам жим ўтирарди. Ҳеч бири биринчи бўлиб гап айтарга жазм этолмай туришарди.
Ота ўғлининг дардини биларди. Ҳозир Тошқул капитаннинг тўйи баҳона йигитнинг кўнгли ўксиди. Яраси тирналгандай бўлди. Сапармурод ўзини айбдор сеза бошлади. Юзлари қизариб, отасининг олдида ўзини ўнғайсиз ҳис қиларди.
Ўроз темирчи пиёласига чой қўяр экан, кўзининг қири билан ўғлининг авзойига назар солди. Йигит шошиб, отанинг қўлидан чойнакни олиб, пиёлага чой қўйиб отасига узатди.
Отаси пиёласидаги чойни ҳўплаганича, уйига қараб, хаёлларга чўмиб кетди.
-Болам, – деди у ўғлига кўзларини йириб қараганча. – Келин қаерда? Кўринмайди?
-Энасиникига кетган, – деди ўғил хомуш бўлиб.
-Ҳа, шундай дегин. Қуда момо яхшими ишқилиб?
-Яхши, иккови Китобдаги эшон буваникига бормоқчи эди. Шунга кетган.
-Болам нима бўлсаям сабр қилинглар. Худонинг раҳми келса, ҳеч гап эмас. Тағин келиннинг кўнглини оғритма. Яратганнинг ҳам бизга аталган куни бордир. Буям эгамнинг синови, болам.
– Раҳмат ота, лекин бу азоб экан, – дейди ўғил.
-Чидайсан болам, чидайсан. Битта сен эмассан-ку. Охири яхши бўларини кўнглим сезяпти.
Ўроз темирчи дастурхонга фотиҳа ўқиди. Ота-бола омин қилишиб, ўринларидан туришди. Ота боғ оралаб устахонасига кетди. Ўғли эса қайтиб уйга кирди.
Кечга томон Кибриё келди. Эр-хотин ярим тунгача гурунглашди.
-Сиз рози бўлсангиз, укамнинг хотини оғироёқ. Эрта-индин кўзи ёрийди. Чақалоқ туғилганданоқ ўзим боқиб оламан, – дейди хотини дабдурустдан.
-Бу қандай бўларкан?
-Кейин Оллоҳнинг иродасидаги бўлаверади.
-Уканг нима дейди. Келинингчи? Уйдагиларичи? – дея эри ўйланиб қолади.
-Парво қилманг. Ҳаммасининг кўзи ўнг. Биров ҳеч нарса демайди. Укам бегона эмас-ку! – дейди хотини шаддодлик билан.
-Бу нарса сенинг хаёлингга қаердан келди? – дейди эри ҳайрон бўлиб.
-Энам айтди, бу гапни. Мана Қамар буванинг Мусурмон ўғли Каромат янга билан ўн икки йил ўзимиздек бола кутиб яшади. Фарзанд асраб олувди, кейин қаторасига этаклари тўла ўғил-қиз бўлди. Шунга қараб, биз ҳам асраб олайлик йўлимиз очилар, – дейди хотини.
-Билмай қолдим, бошим қотди, – деди эри.
Хуллас, чақалоқ туғилди. Уни Кибриё уйига опкелди, йўргаклаб, бешикка белади. Ювиб-тараб катта қила бошлади.
Қундуз кампир қизига билмаганларини ўргатиб турди. Эр-хотин мана шу чақалоққа ўрганиб, беҳад боғланиб қолди. Болани эркалайди, опичади, юзларини силайди.
Кибриё тонггача бешик бошида ҳалак. Бола уларнинг кўз ўнгида улғайиб бораверарди.
Бир куни Кибриёларникига укаси – Воҳид келди. Уни азиз меҳмон билиб, уйнинг тўрига ўтказишди. Олдига дастурхон
ёзишди. Опа ука ҳол аҳвол сўрашди. Ука поччасини сўрайди. Опаси ҳозир келади, Обидни эргаштириб, боққа чиқувди, дейди.
Бир маҳал Сапармурод Обидни кўтариб уйга кириб келади. Улар сўрашишади.
-Тоға келибди, салом берчи? – дейди Сапармурод Обидга.
– Салом, – дейди болакай бегонасираб.
– Э,э, олдига бориб, кўриш-чи, – дейди Кибриё.
– Кел-чи, бу ёққа, – дея Воҳид болани ўзига чорлади.
– Йўқ бормайман, – дейди болакай. – Мен дадамга бораман.
Бола ўзини Сапармуроднинг бағрига отди. У Воҳиддан бегонасираб турарди.
Шунда Воҳиднинг юраги музлаб кетди. Опаси ташқарига чиқиб, овқатга уннай бошлади.
Сапармурод эса Обиднинг кичкина қўлларини ушлаб турарди.
Болакай бошини Сапармуроднинг кўксига қўйганича, асл отаси – Воҳидга бегонасираб, ҳадик аралаш қараб турарди.
Бир зумда Кибриё овқатини дастурхонга қўйди. Ҳаммаси ошни хуш кўриб ейишди.
Ўртадаги ҳижолатпазлик барибир тарқалмади. У увада булутдек кўнгилга соя ташлаб турарди.
Воҳид бу ерда – опасиникида мана шундай вазиятга тушарини умуман хаёлига келтирмаган эди.
“Яхшиямки, хотинимни опкелмаган эканман, бўлмаса у бечораям туғилганига ва туққанига пушаймон бўларди,” дея хаёл сурарди.
Қайтар маҳали болакай Воҳидга қараб:
-Яхши боринг тоға, янаям бизникига келиб туринг, – деди.
-Хўп бўлади, – деди Воҳид. – Ўзинг ҳам бизникига боргин.
-Майли, бораман. Отам билан онам оборишса албатта сизникига бораман, – деди ўктам овоз билан болакай.
– Хайр, – деди Воҳид.
– Хайр, тоға, – дейди бола.
-Хайр, яхши бор, уйдагиларга салом айт, келиб тур, – дейди опаси билан поччаси.
Воҳид болакайни “жиян” ҳам, “ўғлим” ҳам дейишга тили айланмай бутун вужуди карахт бўлиб қолганди.
У ўз уйига қай тарзда етиб келганини сезмайди…