Шодиёр Ҳазрат Исмат. Иноят (ҳикоя)

Сочлари тўзғин жувон гўдагини кўксига маҳкам қучганича узун рўмолини шамол тортқилаётганидан бехабар яна ортидан бир ўғлини эргаштириб, илонизи сўқмоқдан сой томон эниб келаётган эди. Аёлнинг боши эгик, бўғзига йиғи тиқилган. Эри бир пайтлар отдан йиқилиб ўлган. Шўрлик бева қолди. Энди эса у икки боласини олиб отасиникига келяпти. Мўл йўл юрганиданми ёки бошига тушган кўргуликни ўйлай-ўйлай миясида пайдо бўлган оғриқ таъсириданми не қиларини билмай, бор аламини ортидан эргашиб келаётган ўғли – Иноятдан олмоқчи бўлади: “Тезроқ юрсанг ўласанми, ер юткур!” Бола онасининг қаҳридан довдираб, базўр чопқиллаганича тенглашиб юради-ю яна сусаяди. Аёлнинг қўлидаги гўдак ҳам ғингшиб қўяди. Овутишига қарамай йиғлайди. Она эмизиш учун сўқмоқ четига ўтирди. Гўдакка кўксини тутади. Она оғир тин олди.
Иноят ҳам атрофга маҳзун назар билан қараб турганича гўё барча чарчоқларини бир нафасда чиқаргандек қаттиқ уф тортди. Унинг силкинб тушган елкасига онаси турткилади.
“ Нега уф тортасан, муштдай бошинга –я?! Ким қўйибди, сенга?… Йўқ, болам гапимга хафа бўлмагин. Ёш боланинг уф тортиши яхшилик аломати эмас. Бу нарса беҳосият ҳисобланади. Ҳали сен бундай нарсаларни соғинмагин. Отанг раҳматли қазо қилганида мен чуқур уф тортган эдим. Шунда менинг юрагим куйган эди. Ҳозир шу аҳволда отамникига борсак, у ерда буванг билан момонг ҳам шундай уф тортишади. Ўғлим ҳали сенинг бошингга бу қари дунёнинг кўп савдолари тушадики, уларни кўриб бошинг айланиб қолади…”
Ўғил онасининг насиҳатини индамасдан бошини қуйи эгиб эшитарди. Ухлаб ётган гўдакни кўксига босиб, она яна йўлида давом этди.
Улар жинкўчалар оралаб, қишлоққа кириб боришаётганида қўни-қўшнилар деворлардан бошларини чиқариб уларни кутиб тургандек қараб туришарди. Иноят бувасининг ҳовлисида яшашга тезда кўникиб кетди. Ҳовлидаги дарахтлар, қушлар, иморатлар ва бошқа нарсалар уни аввалгидек ҳайрон қолдирмасди.
Буваси уни эшагига мингаштириб, адирдаги чўпон-чўлиқларнинг олдига опкеларди. У ерда буваси Хуррам оқсоқ, Тоғошар ва Ўрол карвон каби ошнолари билан бироз дунёдан, озроқ одамлардан, яна экин-тикиндан гурунг қилишарди. Иноят эса адирнинг терскай бетларида қўйларини ўтлатиб юрарди.
Иноятнинг тили чиқмаган эди. Тангри унга забон ато этмаганди. Эшитган сўзларини тушуна оларди-ю бироқ ўзига сўзлаш навбати келганида гапира олмасди. Шунинг учун кўча-куйдаги болалар ҳам у билан орадаги муносабатларини узиб кета бошлаган эди. Бувасига, қўйларига боғланиб қолганининг сабаби ҳам шу эди.
Совуқ ариб, кунлар исий бошлаганида бувасининг эски танишларидан бири лўли – Мўтилал бобо хеш-ақраболарини эргаштириб келиб, улар қўй боқадиган адирига чодирларини тикди. У буваси билан Мўтилал бобоникига борганида неваралари дастурхонга турфа хил ноз-неъматларни қалаштириб қўйганида у тамшаниб, сўнг эса аста-секинлик билан олма, майиз ва ўриклардан бир-бир тотиб кўрарди. У лўлиларнинг меҳмондорчилигини ёқтирарди. Иноятни лўли бобонинг дастурхонидаги анвойи неъматлар эмас, балки чодир атрофида олди оёқларига бош қўйиб, жимгина ётувчи баҳайбат итлари, оёқларидан чодирнинг қозиқларига боғланган хўрозу товуқлар ва қоп-қора лўли болаларнинг ярим-ялонғоч ҳолда шаталоқ отиб югуришлари жалб этганди.
Мўтилал бобонинг хотини, қизлари, келинлари ва неваралари ҳар тонг елкаларига тўрваларини осганича таёқ тутиб қишлоқнинг жин кўчаларига кириб кетишарди. Мусулмон бандаси борки, эшигидан садақа сўраб келган лўлини қуруқ чиқариб юбормасди. Баъзи одамлар эса уларни уйига чорлаб, олдиларига дастурхон ёзиб, нон-наъмак улашарди. Кечга томон эса улар уйларига келишарди-да тўрваларидан нарсаларни олиб барчанинг кўз ўнгида хизмат ва ҳимматларига яраша улашарди. Мўтилал бобонинг “ қўшинлари”ни қишлоқ болалари масхаралаб, ортидан тошлар отишарди. Ҳатто уларга атаб назмда битилган айни ашулани ҳам айтишарди.
Мўлтони момом қалайсиз,
Чакки берсам ялайсиз,
Кетингизга бир тепсак,
Кучук бўлиб талайсиз.
Шунда Мўтилал бобонинг кампири қирнинг устида худди қароқчиларга ўхшаб саф тортиб турган болакайларга қараб дердики: “ Эй, бачалар қаҳрим ёмон, қарғасам эналарингнинг эмчаги тушиб қолади.”
Улар болаларнинг барча қилиқлари устидан кулгандай йўлида кетаверишарди. Гўё уларнинг масхараомуз қилиқлари лўлиларнинг оёғи остига тўшалган поёндоз.
Иноят қишлоқ болаларининг жўрабошиси – Донишни тутиб олиб урди. У калтакни еб бўлгач, сал нарига ўтиб, шерикларининг орасида қаддини ғоз тутганича Иноятга нутқ ирод қила бошлади:
“Сен соқовда гап кўп, мўлтониларнинг қўриқчиси. Мўтилал сенга қизини беради. Буванг билан Мўтилал келишиб олган. Ҳозир Шодия чодирида сочларини тараб, қачон Иноят келаркан, деб кўзи тўрт бўлиб сени кутиб ўтирибди, бор, тезроқ югур, мени урган қўлларинг билан унинг сочларини силаб қўйгин…
Ҳали кўрасан, ўша жонон сени никоҳига олади. Сен эса сўфитўрғайдай оёғингни осмонга тираб, Шодия топиб келган нарсаларни саралаб ейсан…”
Дониш гапираётган гапини охиригача еткиза олмади. Уни Иноят ғазаб билан қувалай кетди.
Боланинг юзидан ғазаб ариб, бирданига хуррамлик ёғилади. Хаёлида эса Мўтилал бобонинг сулув қизи – Шодия қад ростлайди. Унинг қоп-қора, чиройли чеҳраси, сўнгра тим қора сочларини кўз ўнггига келтиради-ю уялинқираб ўзининг қадоқ қўлларига назар солади. Буваси айтган эдики, лўлиларнинг одатича, келин куёвни худди чақалоқ каби оқ наматга йўргаклаб “Мен ушбунинг увол-савобини бўйнимга оламан, бунинг учун Худонинг ва бандасининг олдида қарздорман,” дер экан. Яна бундан ташқари у бир марта тоғасиникига борганида янгаси узала тушиб ётган эрига қараб, “лўлининг эркагидан ётаверасизми, туринг, уёқ бу ёққа қаранг,” дея дашном берганини ёдга олди.
Айни хотиротни эслаганидан ўзи ҳам уялди. Кўнгли ўксийди. Дониши тушмагур, миясини алғов-далғов қилиб юборди. У хаёлан лўли қиз билан не-не кўчаларни кезиб чиқмади. Ажиб манзара.
Иноят сархуш алфозда ҳар қандай истиҳолани йиғиштириб қўйиб, ишкомнинг тагига тўшалган шолчага ётиб олди. У Мўтилал бобонинг одамларини келишини кутарди. Худо деганича бор экан, улар ғала-ғовур билан ҳовлига бостириб киришди. Иноят ўрнидан сапчиб турди-да онаси билан бувисини етаклаб, уларга пешвоз чиқди. Бувиси Мўтилал бобонинг кампири билан опичлашаётганида у бошига рўмол танғиб олган Шодияни кўрди-ю, шавққа тўлган юрагини тутиб тура олмай беихтиёр кўзини юмиб олди. Қиз ҳам кўзини ундан узиб, ерга нигоҳ қадади…
Бувиси уларни супанинг устига таклиф қилди. Улар анча вақтгача дийдорлашди. Шунда у уйдагилардан беқитиқча анор, майиз ва ёнғоқ опчиқиб қизнинг халтасига солиб қўйди.
Шу-шу бўлди-ю у буваси билан Мўтилал бобонинг чодирида ўтирадиган бўлди. Гоҳида у бувасининг рухсатисиз ҳам эшагини минарди-да, қўйларини олдига солиб, чодир томон келаверарди. Энди уни аввалги манзаралар эмас, балки чодир ичидаги малика – Шодия ўйлантирарди. Унинг дийдорига тўймоқни истарди. Иноят бутун дунёни унутиб, қиз кўриш ниятида мунтазиру музтар бўлиб юрарди.
Бир куни у сурувини сувга ҳайдаб келаётганида, булоққа томон энаётган қизни кўрди. Қизнинг қўлида челак ҳам бор эди, у қизни Шодия дея тусмол қилди. Кўнгли сезганича бор экан, тусмоли тўғри чиқди. Иноят қиздан аввал булоққа тушиб, ҳовучлари билан сув ичди. Қиз кулимсираганича булоқнинг четида турган йигитнинг ёнига келиб, ҳарсангга ўтирди. У қизнинг қўлидаги челакни индамасдан олди. Қиз ҳам истиғно қилмасдан изн беради. У челакни сал силароқ қилиб тўлдиради-да, булоқнинг четига қўйди. Сўнг ўзига кулимсираб қараб турган маликанинг ёнига ўтирди.
“Тилим йўқ,” дея қўлларини шалвиратганича азалий дийдиёсини айтди. У имо ишора билан нима демоқчилигини тушунтиришга уриниб, кўзларини жавдиратганича кўйиниб гапирарди. У асл дардини достон қилмасдан туриб қизнинг юзига қараб олди. Қизнинг қиёфасидан унга ачинганлигини сезиш унчалик мушкул эмасди.
Иноят нигоҳини осмонга қадади. Чуқур хўрсиниб олди.
“Агар тилим бўлганида ўқирдим, ёзардим, бировни сўкмасдим. Пешонам шўр экан. Худо мени тилдан қисди. Атрофимдагиларнинг олдида хўрлангандай сезаман ўзимни. Кўпчилик мени одам ўрнида кўрмайди. Уйимизда ҳам тинчлик йўқ. Онам яна эрга тегмоқчи. Ўгай ота барибир мени уйидан ҳайдаб чиқариб юборади. Мабодо, уйдагилар онамни қистовга олишмаса, онам бечора эрга тегмасдан, бировларнинг ишини қилиб бўлса-да, укам икковимизни боқарди. Катта бўлсам, мен ҳам уларга ёрдамлашардим. Менга қийин, эсимни таниганимдан бери тилмнинг йўқлигини ўйлайман. Онамга ҳам қийин, у мени ва укамни ўйлайди. Бувамга осонмас, бизларни ғамимиздан сочларига оқ тушди. ”
Иноят имо ишоралар билан шу гапларни қизга айтди.
Қиз бечора ҳам гапнинг нималигини тушунди. Осмон йироқ, ер қаттиқ. У ҳам Худо эмаски, учраган жабрдийданинг тақдирини ўнглаб қўяқолса. Нолани эшитиб бўлгач, Шодия болага савол ташлайди:
“Отанг йўқми?”
“Отам кўпкаридан отдан йиқилиб ўлган.”
“Бобонг ёмон одамга ўхшамайди-ку!”
“Сен оиламизнинг ўзига яраша сирлари борлигидан бехабарсан. Улар барча ишларини кўзлари билан қўлларига топшириб қўйган. Мана шулар ҳамма масалани ҳал қилишади. Бувамнинг эса кўзлари ўтмаслашиб қолган, қўлларидан мадор кетган.”
Шу маҳал Шодия худдики ўзига малоикалардан хабар етганидек азтаҳидил дейдики:
“ Эй, Иноят, сен ҳадеб куйинаверма, Худо сени бу дунёда тил бермасдан синаб кўраётгандир. Нариги дунёда ким билсин, балки охиратингнинг таъмини учун мана шу ишлар содир қилингандир.”
Иноят эса қўйсанг-чи, дегандек юзларини буриштирганича, руҳсизгина қўлларини силтади.
“Овутма мени. Ҳамма худди осон йўлини топади-ю, бепоён гулзорга оралатиб юборади. Ана, қара, дунё гўзал, юрагингни кенг қил, тилингнинг қисқалиги чикора деган шаъмалар билан ақлимни лол қолдирмоқчи бўлишади. Бироқ ўзларини шу гулзорнинг тиконлари санчиб турса-да ундан бехабардек юришади.”
Иноят дардини тўкиб солмасдан туриб, қизбетоқат бўлаверади. Жўнаши керак. Чодирдагилар қизнинг хаёллаб қолганидан хавотир олишлари мумкин. Ошиқ эса маъшуқнинг челакка узатилган қўлларини оҳиста суради-да, сув тўла пақирни қаддини ғоз тутганича кўтариб, йўл бошлайди. Анча юрилгач, нафас ростлаш учун сувли челак ерга қўйилади. Маъшуқанинг қўли яна узатилади. Ошиқ боз маликанинг илгидан тутади. Шу пайт орада андак жимлик пайдо бўлади. Кутилмаганда қиз камзулининг киссасидан бир дона суратни олади-да унга узатиб, айтадики: “Иноят, мана буни ол, сенга эсдалик учун бердим. Авайлаб асраб юргин.”
Боланинг бўғзига севинч тиқилади. Кулгидан, хурсандлигидан лаб-лунжини йиғиштиролмай қолади. Расмда Шодиянинг нимтабассумли юзи балқиб турарди. У суратни қўлларида тутганича дунё топган девонадек анграйиб қолганди. Иноят ўзини қиздан сурат эмас гўё ҳеч қачон узиб бўлмайдиган қарз олгандек ҳис қиларди. У чиндан ҳам расмингни мен бахти қорага тортиқ қиляпсанми, дегандек қизга тикилди. Маъшуқа ҳам худдики, ўзим сенинг хасминг бўлолмасам-да, буни сенга инъом қилдим, дегандек кўзлари чақнаб: “Баҳузур олавер, Иноят. Сенга эсдалик учун бердим-ку ахир” – дея сўз қотди.
“Агар ундан бўлса, мен ҳам сенга суратимни бераман.”
“ Майли, эртага худди шу пайт булоқ бошига келаман. Шу пайтда опкелсанг, берасан.”
Кун оғганида сурувини уйига ҳайдаб келди-да қўрага қамаб, юз-қўлларини ювиб, овқатланиш учун дастурхон бошига ўтирди. Тамадди қилиб олгач, сандиқни очиб, каттакон халтадан суратларни олди. Ҳаммасини ерга тўкди. Расмлар бир-бирининг устида қалашиб ётарди. Суратларнинг энг устида отаси, онаси ва ўзининг гўдаклик пайтида тушган расмлари туриб қолган эди. Уни авайлаб олдида кўзларига яқинроқ тутди. Қараб туймайди. Расмни юзига босганича йиғлаб юборди. Эшик очилиб, хонага онаси кириб келди. У эса йиғлаганича суратни юзига босиб тураверди. Онаси ҳам унга қўшилиб кўзёшларини тўкди. Она-бола суратларни томоша қила бошлади.
Иноят ўзининг якка ҳолда тушган расмини топа олмади. Ахийри, ғарқ пишган олма дарахтининг тагида кўзларини олисларга тикканича тушган расмини танлаб олиб қўнжига тиқди. Онаси боласининг бу ишидан ҳайрон бўлди. Иноят дарҳол бу ишига жавоб ҳозирлади: “ Мен бу билан Мўтилал бобонинг кампирига фол очтираман. У менга сенинг тилингни чиқараман, деди. Ундан кейин сизга келин опкеламан. У сизларга хизмат қилади, нон ёпади, ош пиширади. Уй қурамиз, сизга уйнинг тўридан жой солиб берамиз, маза қилиб дам оласиз. ”
Она ўғлининг муддаосини тушунадики, уни бағрига босиб йиғлайди. Онанинг кўзёшлари боласининг юзларини ювиб ўтарди.
Адирга қуёшнинг нурлари билан бирга Иноятнинг суруви ҳам кириб келди. У булоқнинг сувига нонини ботириб еди. Вақт унинг наздида шунчалик имиллаб ўтардики, ичи ториққанидан нима қиларини билмай, ўзини овутиш учун таёғи билан булоқдан оқиб чиқаётган сувларни ҳар тарафга тарай бошлади. Ҳайриятки, узоқдан Шодиянинг қораси кўринди. Қуш эмаски, маликаси булоқ томон қанот чиқариб учиб келса. Келадиган манзил аниқ, андак сабр қилса, олам гулистон.
Шодия бу сафар қўлида челак билан эмас, балки сарпо билан келибди. Сарпоки, бир дўппи, бир тўн, бир белбоғ. Ҳаммаси яккаш. Қиз негадир маъюсроқ ва маҳзунроқ кўринади. Иноят ҳайронлик билан “тинчликми?” дея сўроқлади.
Қиз эса шунда гап бошлайди: “ Сен Худога ютқизганинг йўқ, Иноят. Ана худога ютқизганларнинг аҳволи, кўряпсанми, у ҳар доим бўзлаб юради. Сўфитўрғай бир пайтлари сўфи бўлган экан. Кунмас-кун унинг сирлари фош бўлиб, дашту биёбонга бадарға қилинибди. Ўшандан бери у чўлда бўзлаб юрар экан. Сенинг чекингга тушган тилсизлик ҳали ҳеч нарса эмас. Ахир бу дунёда тили бор одамларнинг кўпи сариқ чақага арзимайдиган нарсалар ҳақида вайсаб юради-ку! Ҳаттоқи, тили бўлса-да ўзи бир чақага қиммат. Иноят сен фақат сабр қил. Ўшанда бир иложи топилади. Яратган жонингга тўзим берсин.”
Шодия сўзини тугатиб, жим қолди. Иноят қўйнидан ғарқ пишган олманинг остида нигоҳини олис-олисларга тикканича тушган ўша суратини ийманибгина Шодияга узатади. Унинг қалтираб узатилаётган қўлларидаги расмни қиз шартта юлқиб оладида, шарақлаб кулади. Бироқ суратни кўриб, ундаги мунгдан қиз ҳам жим қолади. Хаёлларга чўмганича узоқ вақт бошини қуйи солиб туради. Бу пайтда борлиқ ҳам сукут сақлаётганлиги рост эди. Шодия ўрнидан турди. Хайрлашиш фурсати келганди. Иккисининг ораси икки қадам. Икки қадамдан сўнг…
Йўқ, у қолганини ўйлашга улгура олмади. Тортинчоқ қиз елдек келиб, ошиқнинг юзидан бўса олди-ю яна елдек қайтди. Айни ҳодиса сабаб, иккисининг ҳам юзлари лоладек қизарган эди.
“Хайр, Иноят.”
“Хайр, Шодия.”
Уйга қош қорайганда кириб келган Иноятнинг ёнига укаси келиб, Мўтилал бобо уйдагиларимиз билан хайрлашиб кетди. Сизни кўп кутди. Келмаганингиздан кейин яна қайтишди деди.
У уйга ҳам кирмасдан оғилхонада Шодия берган сарполарни кийиб, Мўтилал бобонинг чодири томон йўл олди. Етиб келиб кўрдики, чодир ўрнида фақатгина эски-туски нарсалар қолган.
У кўзларини худди суратга тушгани каби олис манзилларга тикди. Қўйнидан Шодиянинг расмини олиб, секингина юзига босди. Ундан бир тўн, бир дўппи, бир белбоғ ва бир сурат ёдгор бўлиб қолди. Ва юзида эса ўтли бўса қолди. Ҳаммаси яккаш. Мана адирда ҳам якка ўзи қолди.
Замин пешонасидаги ажиндек тарам-тарам бўлиб ётган мана шу илонизи сўқмоқлардан онаси билан бувасиникига келган эди.
Уфққа боққанича унсиз пичирлайди: “ Эй, Худо, менинг ёзуғим не эдики, тилсиз яратдинг. Забон ато этсанг ҳаққинг кетармиди? Менинг кўзёшларимдан сенга не наф?
Эй, фалак, сен мендек одамларнинг қанчаларидан ноласини эшитгансан. Ҳеч қайсисига жавоб бермайсан. Жимсан.
Эй, фалак, наҳотки сенда ҳам менга ўхшаб тили йуқ?!.”