Шароф Бошбеков. Менинг ёзувчи бўлганим (биографик ҳажвия)

Мен жиддий оилада тарбияланганман. Уйимизда кулги овози камдан-кам эшитиларди. Ота-онамиз: «Жиддий бола бўлгин, шунда сендан жиддий одам чиқиши мумкин. Бўлар-бўлмасга ҳиринглайверсанг, гўр ҳам бўлмайсан» деб ўргатишган. Ана шу гап ҳамон қулоғимда. Мендан дуруст одам чиқдими-йўқми билмадим-у, лекин шунақа қовоғи солиқ одам бўп қолганим аниқ.
Табиатимда ёшлигимдан бир худбинлик бор: мен гапирсаму бошқалар эшитса! Шу, денг, ич-ичимда айтадиган гапларим кўпга ўхшарди. Қанақа гаплиги эсимда йўғ-у, аммо гапиришга кучли эҳтиёж сезавераман. Вақти-соати келиб бирон касбнинг бошини тутиш масаласи кўндаланг бўлганида, нима ҳунар қилсам экан, деб ўйлай бошладим. Аввалига диктор, ўзбекчасига – сухандон бўлсаммикан, дедим. Маза-да! Радиодами, телевизордами гапираверасиз, гапиравераcиз. Миллионлаб одам иcтаcа-иcтамаcа эшитаверади. Радиоcини ўчириб қўйcа ҳам cен гапиравераcан-да. Кейинчалик бир-икки уриниб ҳам кўрдим, лекин радиога овозим ёқмади, телевизорга – башарам. Хуллас, бўлмади.
Актёрлик энг зўр касб бўлиб туюлиб қолди бир маҳал денг. Тасаввур қилинг, зал лиқ тўла одам! Буям етмагандай, охирида чапак чалиб, гуллар ҳам беришади! Артистлар тайёрлайдиган олий ўқув юртини битирганимдан кейин бирон ўн йил театрда ишлаб, бу касбдан ҳам кўнглим қолди. Актёр дегани биров ёзган гапларни гапираркан, ўзининг гаплари ичида қолиб кетавераркан шўрликнинг. Тўлиб-тўлиб дардингни айтолмаганингдан кейин, шуям ҳунар бўлди-ю. Қисқаси, буниям йиғиштирдим.
Ёшлигимда, денг, Брежневга жуда-жуда ҳавас қилардим. Дунёда шу бандадан бахтли одам бўлмаса керак, деб ўйлардим. Йўқ, мансабига эмас, гапириш имкониятига ҳавас қилардим. Съездлардаги нутқларини эсланг. Ўзиям жағи тушиб кетгунича гапиришга ҳаққи бор эди-да! Кейин билсам унгаям биров ёзиб бераркан. Ўйлаб-ўйлаб Брежнев бўлишдан ҳам воз кечиб юбордим.
Кунлардан бир кун Бошбековнинг бошига бир зўр фикр келди: ҳамма биров ёзган гапларни гапирса, ўша «биров» ўзим бўп қўяқолсам-чи? Яхши-да, ўзим ёзаман – ўзим гапираман! Шу-шу, десангиз, ўзим ёзадиган бўп кетдим. Мақтаниш бўлмасин-у, ҳозир cиз ўқиб турган сатрларни ҳам ўзим ёзганман. Шунақа ёзадиган одамларни ёзувчи дейишаркан. Ёзувчилар ҳам иккига бўлинаркан. Биринчиси, болалигида кам кулганлар («дуруст одам бўлиш» илинжи-да). Улар кулгига тўймай ўсгани сабаб, нуқул кулгили асарлар ёзади. Иккинчиси – ҳамма кулгисини болалигида кулиб бўлганлар. Улар нуқул жиддий асарлар ёзишади. Бирон муаллиф асарини «комедия» деб даъво қилса-ю, лекин кулгили чиқмаса, «бу ёзувчи болалигида кулиб қўйган экан-ку» деб қўяман.
Ёзувчилик ғалати касб экан. Бутун умринг «Ҳў, биродарлар, мениям қўлимдан ёзиш келади» дейишга сарф бўларкан. Аввал театр жамоатчилигига, кейин адабий жамоатчиликка, сўнг томошабинга. Унгача ўзингиз ҳам қирқни уриб қўяcиз.
Хўп, исботладингиз ҳам дейлик. Кейин хотинингиз бошлаб қолади:
— Ҳой, дадаси, бирон жиддийроқ иш қилсангиз бўлмайдими? Кап-катта, соғ-саломат эркакка секретар-машинисткаларга ўхшаб машинка чиқиллатиб ўтириш ҳам ишми? Майли, ишдан бўш вақтингиз-да асар ёзасизми, қуш боқасизми, ит боқасизми – ихтиёрингиз!
Хотинингизга то ит боқиш билан ёзувчиликнинг фарқини тушунтиргунингизгача ёшингиз ҳам элликка бориб қолар экан. Буёғи энди нима бўлади, билмайман.
Ҳали айтганимдай, болалигимда кулгига тўймай ўсганман, энди ўшанинг ҳиссасини чиқариш учун ҳажвий асарлар ёзадиган ёзувчи бўлишга аҳд қилдим. Кулгининг ўзи нима, ранги қанақа, қандай материалдан ясалган – хуллас, шу масалада қаттиқ бош қотирдим. Вале, шундай хулосага келдим: кулгиям икки хил бўларкан – бамаъни кулги, бемаъни кулги. Шундай бир асар ёзишни орзу қилиб келаман – уни кўрган томошабин қаҳ-қаҳ уриб кулмаса, бироз ҳавас, бир қадар маъюслик билан жилмайса ва жилмайиб ўтирганини ўзи ҳам сезмаса. Биласизми, бу табассумда таъма йўқ. Бу ниҳоятда ширин, ҳузурбахш, илиқ ва ёқимли кулги. Томошабинни кулдириш осон, жилмайтириш қийин. Тарвуз кўтариб кетаётган бир семиз амаки гуп этиб йиқилиб тушсаям кулаверамиз-да. Бамаъни кулги эса бошқача бўлади.
Бир куни кичкина қизчамни етаклаб бозорга тушдим. Узум олмоқчи бўлдик. Бир баджаҳл, қўрс одам узум сотяпти. Қовоғи меникидан ҳам баттар осилиб кетган. Яқинлашиб нархини сўрадим.
— Кўрмаяпсизми, ёзиб қўйибмиз-ку! – деб жеркиб берди у.
— Ҳа энди, бу бозор, харидор дегани савдолашади, тортишади.
— Сиз билан тортишиб ўтиришга вақтим йўқ! Олсангиз олинг, бўлмаса товарни тўсманг!
Барибир савдолаша бошладик. Мен у дедим, у бу деди, хуллас, ўн сўмлик узумни саккиз ярим сўмга келишдик. Қараб турибман, ҳалиги амаки тарозининг палласини тарақлатиб жаҳл билан узум тортяпти. Бир пайт қизчамга кўзи тушиб, бутунлай бошқа оҳангда сўради:
— Ие, бу яхши қизалоқ экан-ку! Исминг нима? Ма, манови сенга, – деб салкам ярим кило келадиган узум бошини қизимга узатди. Ҳайрон бўламан, мен билан шунча тортишгани нима-ю, шунча узумни текинга бериб юборгани нима? Беришга берди-ю, лекин огоҳлантириб қўйишниям унутмади:
– Буни ўзинг егин, хўпми? Дадангга берма, шундоқ ҳам мени қароқчидай қақшатиб кетяпти!..
Қарасам, бошқа сотувчилар ҳам унга жилмайиб қараб туришибди. Улар бу одамнинг сирти қўпол, лекин cийрати ёруғлигини билишар, у савдо қилаётганида доим кузатиб туришар экан. Уйга қайтаётиб эътибор қилсам, ўзим ҳам жилмайиб кетаётган эканман. Менга ана шундай кулги керак.
Кулгининг яна бир тури бор, у «жирафа кулги» дейилади. Йўқ, мен ҳаммадан кейин куладиганларни айтмаяпман. Ҳаётда шундай воқеалар юз берадики, айнан ўша пайтда ҳеч ким кулмайди. Воқеа содир бўлиб ўтганидан анча кейин эслаб куламиз. Айтайлик, ит қувлаётган одам ўша пайтда кулмайди-ку, тўғрими? Кейин, орадан маълум вақт ўтганидан сўнг ўша пайтда қандай қочгани, нима деб додлагани ҳақида гапириб ёки эслаб кулади. Мен ҳам ана шундай «жирафа кулги»нинг бир марта гувоҳи бўлганман.
Эcки замонларда бир гуруҳ ёзувчилар пахта йиғим-терим мавсумида дала айлангани вилоятлардан бирига бордик. У вақтларда «обком» деган гаплар бўларди. Ўша идорадан бир кишини бизга ҳамроҳ қилиб жўнатишди. Ҳалиги одам бирам сипо эдики, на гаплашиб бўлади, на ҳазиллашиб. Оддийгина ҳол-аҳвол сўрашишгаям эринаётгандай. Бир хўжаликка борсак, одмигина меҳмонхонанинг фойесига дастурхон қилишибди. Ўтирдик. Ҳалиги одам ҳам. Шляпасини ечмади, худди биров опқўядигандек. Дастурхон атрофида ўтириб, бироз қизишиб олганимиздан кейин латифагўйлик бошланди. Бора-бора сиёсий латифаларгаям ўтиб кетибмиз. Вакил миқ этмай, ҳаммамизнинг ғашимизни келтириб ўтирибди. Шу пайт раҳматли ёзувчимиз Отаёр шипдаги ёнғинга қарши ўрнатилган қурилмани кўрсатиб:
— Ўртоқлар, ҳар нарсани гапираверманглар, анови ким нима деса ҳаммасини ёзиб оляпти, — деб қолди.
Бу шунчаки ҳазил эканини, у қурилманинг нималигини ҳаммамиз билиб турсакда, ўртага алланечук ноқулай жимлик чўкди. Кейин гап бошқа мавзуга кўчиб, ҳалиги гап эсимиздан ҳам чиқиб кетди. Бир пайт, денг, бояги вакил ҳеч гапдан ҳеч гап йўқ, ўрнидан шахт туриб, шипга қараб қичқириб қолса бўладими:
— Бу ердаги гапларга менинг алоқам йўқ! Фамилиям – Ваҳобов!
Ҳаммамиз қотиб қолдик. Вакил бир ишни қойиллатиб қўйгандай, виқор билан жойига ўтирди. Биронтамиз кулмадик. Аксинча, шўролар жамияти одамни не кўйларга солиб қўйганидан афсусланиб ўтирардик. Фақат кейин, Тошкентга қайтганимиздан сўнг ўша воқеани эслаб, роса кулишдик. Қаранг, фамилиясиниям айтди-я.
Портловчи кулги ҳам бўлади. Томоша зали титраб кетади. Бу жуда кенг тарқалган, оммабоп кулги. Ҳаётда бунақа воқеаларга жуда кўп дуч келамиз. Ўзимизнинг аскиямизни эсланг. Эшитган заҳоти куламиз, у «жирафа кулги»нинг тескариси.
Бир ҳамкасб дўстимизнинг пиесаси театрда илк бор саҳналаштирилди. Бу ёзувчининг ижодида катта воқеа, албатта. Дўстимиз зиёфат берди. Унинг шаънига кўпдан-кўп мақтовлар айтилди. Уйга қайтяпмиз. Кўчада бир аёл садақа сўраб ўтирибди, қўлида ёш боласи ҳам бор. Бир пайт драматург дўстимиз («драматург» деймиз-да энди, пиесаси саҳна юзини кўрди, ахир) гадойнинг қар-шисида тўхтаб, бирпас тикилиб қолди. Биз садақа берса керак, деб ўйладик. У бироз чайқалганича гадойга дашном берди:
— Садақа сўраб ўтиргани уялмайсизми, ҳали ёш экансиз? Ундан кўра бирон жойда ишланг!
Аёл нолий кетди:
— Вой, укажон, қандоқ қилай, бирон ҳунарим бўлмаса, ўқимаган бўлсам, қўлимдан нимаям келарди?
Дўстимизнинг драматурглиги тутиб кетди:
— Нега қўлингиздан ҳеч нима келмас экан? Масалан, пиеса ёзиб, театрда қўйдиринг!..
Ҳажвий асар ёзишнинг кўп яхши фазилатлари бор. Масалан, асарингизнинг унча-мунча камчилигини юмор билан «суваб» юборишингиз мумкин – ўзингиздан бошқа ҳеч ким сезмай қолади. Унинг ёрдамида адабиётнинг бошқа турларида ҳам бемалол қалам тебратаверасиз, ҳеч ким «қаранг, фалончи драматургияни қўйиб, шеър ёзишга ўтиб кетибди, тинчгина пиесасини ёзиб юравермайдими» деб таъна қилолмайди. Мен ҳеч қачон шеър ёзмаганман, ёзиш қўлимданам келмайди. Мабодо, шайтон йўлдан уриб, ёзиб қўйсам ҳам биров бир нима деёлмайди.
Фарғона театрининг етмиш йиллик тўйи муносабати билан уч-тўрт қатор бир нима қоралаб, театр жамоасини табриклаганим эсимда. Ёзганимни биров танқид ҳам қилгани йўқ, ҳеч кимнинг энсаси ҳам қотмади, аксинча, олқишлар билан кутиб олишди. Фарғона театри деганда, албатта, «Темир хотин»ни эсламай илож йўқ. Ҳамма мендан қандайдир мўъжиза кутарди. Шарофнинг шеър ёзишидан ортиқ қандай мўъжиза бўлиши мумкин?
Биринчи бўлиб Қўчқор ролининг ижрочиси Муҳаммадсоли Юсуповни табрикладим:

Қўчқор дедик, қўчқор бу деб боғлаб қўйди,
Не-не қизлар юрагини доғлаб қўйди.
Кўз тегмасин дедими ё қизғандими,
Келин бола унинг ўзин шохлаб қўйди.

Спектакл режиссёри Олимжон Салимов ҳам бенасиб қолмади:

Ёмон пиеса келиб қолса қочолмайсиз,
Яхшисига етволгудек чополмайсиз.
Қўйинг ўша Саид Аҳмаду Шукруллони,
Мендан яхши драматургни тополмайсиз.

Камтарлик шунчалик бўлади-да.

Кўпинча мухбир укаларимиз мендан «Адабиётга қандай кириб келгансиз?» деб сўраб қолишади. Мен: «Адабиётнинг орқа эшигидан кирганман, шунинг учун ҳам биров билиб, биров билмай қолган» деб жавоб бераман. Бу гапга гоҳида ўзим ҳам ишониб кетаман.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 3-сон