Шаҳло Аҳророва. Дада (ҳикоя)

Оҳангдор ҳуштак овози – тонгнинг илк даракчиси эди. Йўқ, уни ташқаридан ҳеч ким чалмади. Телефон дарак берди шу овоз билан. Кимдандир телефон қўнғироғи эмас, ҳақиқатан ҳам дарак – СМС хабар келганди. Кеча, уйқуга ётишдан олдинги каби. Йўқ, ҳар кеча уйқуга ётишдан олдинги каби. Ҳар тонгдаги каби…
Солиҳа кўзини очар-очмас, қўли билан пайпаслаб телефонини топди. Ҳақиқатан ҳали кўзларини очиб улгурмасдан лабига табассум инди. Тонгги биринчи табассуми. Ҳар тонгдаги табассуми каби…
Пирпиратиб очиш ҳалиям уйқусираб турган кўз­ларига малол келди, лекин бу Солиҳага малол келмади. У муштоқлик билан, гарчи ҳар тонг уни шу хабар уйғотса ҳам, муштоқлик билан пичирлаб ўқий бошлади:
“Уйғонинг, азизам! Қуёш деразангизни тақил­лат­япди. Аслида тақиллатаётган у эмас, мен! Нур юзингизни силаяптими? У ҳам – мен…”
Солиҳа ростдан ҳам у тургани каби, тонг ёруғини ҳовучлаб тутаётган деразага қараб қўйди, нур силаётган юзига кафтини қўйди. Ширин энтикиб қўйди:
“Мунча ҳам яхшисиз! – хаёллари ҳам сармаст эди унинг. – Мен энг бахтли одамман! Чунки дунёдаги энг яхши одам мени севади. Мен ҳам…”
Ҳар галгидек, бу эътирофини хабарга жавоб та­риқасида йўлламоқчи бўлди. Ҳар галгидек йўл­ла­мади. Чунки, Санжарга бўлган меҳру ишончини ифодалаш учун бу сўзлар камлик қилади. Ҳозир унинг Санжар хайрли тун тилагач, алламаҳалгача ширин орзулар ва хаёллар қучоғида бўлиб, уйқуга тўймаган кўзларида шундай бахт бор эдики! Яна, чексиз меҳр ҳам бор. Шунингдек, ҳеч тугамайдиган соғинч ҳам…
– Кўзларингизни ўқияпман, – деган эди бир куни Санжар унинг ўша тобда ҳам бахт жилвалари милтираб турган нигоҳларига боқиб. Ҳа, Санжар нигоҳларни ўқий билади. У Солиҳанинг кайфиятини, дилидагиларни ҳам ҳали у гапирмасданоқ, кўзларига боқиб сезиб олади. Шунинг учун ҳар гал учрашганларида, хоҳи ғам, хоҳи шодлик билан бўлса-да, мастона боққан сотқин кўзларига бир муддат қараб туради унинг. Агар ҳозир ҳам Солиҳанинг кўзларига боққанда борми! Қизиқ, қандай ўқий оларкан у кўзларни? Ҳуқуқшунос бўлгани учунми? Санжар ўтган йили институтнинг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаб, шаҳардаги нуфузли идоралардан бирида нуфузли одамларга шогирдликка тушиб иш ўрганяпти. Ўзининг айтишича, ҳали унга буйруқ чиқмади. У ерга ишга киришнинг ҳам ўзи бўлмас экан. Яна нималардир деганди у иши ҳақида. Хуллас, Санжар яхши шогирддан яхши ходимга айланиб, Солиҳа иккалаларининг бахтли ке­лажаги учун пойдевор қўймоқчи. Солиҳанинг инс­титутни тамомлашига олти ой бор. Солиҳа охирги имтиҳонини топширган куни Санжарнинг совчилари эшигини тақиллатишаркан. Аслида Солиҳанинг эшигини аллақачонлардан бери совчилар тақиллатиб ке­лишади. Буғдойранг юзига зулукдай қора қош-у, киприклари, кичиккина қирра бурни остидаги чиройли лаблари ярашиб турадиган бу қизнинг ошиқлари кўп. Зиёли оиланинг тарбияли қизи сифатида ҳам келин қилиш ниятидагилар кам эмас. Лекин уларнинг ҳаммасидан мана шу барваста, қийғоч қошлари остида қийиқ кўзлари порлаб турадиган йигит устун келди…
Солиҳа ширин энтикиб қўйди-да, ўрнидан турди.
Юзини юваётиб, кўнглида аллақандай ғашлик туйди. Нега бундай бўляпти экан, ўйлади у. Ҳа-я, айтгандай, кечаси ғалати тушлар кўрган эди у. Санжарнинг СМСи бутунлай чалғитворибди уни. Дадасига келган хизмат машинасининг овози юрагини ғаш қилаётган ўша тушни эслатди унга.
Айқириб оқаётган соймиди, ё каттакон ариқмиди, э-ҳа, сел оқиб келаётган бўлса керак. Чунки, сув лойқа, бундан ташқари гувиллаганча, хас-хашак, чангу тўзон, яна нималарнидир лопиллатиб оқизиб келарди. Сувнинг важоҳати ёмон эди. Солиҳа дадасининг шу сувга қачон тушиб кетганини англолмай қолди. Дадаси тўлқинлар билан олишиб, қирғоққа чиқишга уринар, аммо сув ўпириб кетган қирғоқларга яқинлашиб ҳам бўлмаётганди. Солиҳа дод солиб қирғоқ бўйлаб югурар, одамларни ёрдамга чорлаганча, сув бурамлари орасида боши бир кўриниб, бир кўринмай оқиб бораётган дадасига қўл узатмоқчи бўларди. Лекин дадаси унинг қўлларидан узоқда эди. Ниҳоят, қандайдир кўприк остида ёғочми, ё бошқа тўсинми, ҳар ҳолда ниманидир ушлаб олди дадаси. Солиҳа хайрият, дея кўприк томон югурди. Лекин гумбурлаб келаётган оқим кўприкка урилди ва кўприк иккига бўлиниб, дадаси яна сувга тушиб кетди.
Солиҳа зўр бериб тушнинг якунини эслашга ҳа­ракат қилди. Дадаси сувдан чиқолдимикан? Солиҳа унинг ўтлар, яна қандайдир бута шохларига тирмашганча қирғоққа чиқишга уринаётганини эслади. Юзини артиб, дадасининг ёнига чиқди.
– Ассалому алайкум, дада! Яхши ётиб турдингизми?
Лекин Солиҳага дадаси яхши ухламагандай туюлди. Чунки қовоқлари салқиб турарди унинг. Елкасига костюмини илганча, хотини ҳозирлаган туфлисини кияркан, қизига юзланди.
– Ваалайкум ассалом.
– Мунча барвақт кетяпсиз, дада?
– Ишлар чиқиб қолди, қизим. Ўқишинг яхши кетяптими?
– Ҳа, биринчи семестр бошланди.
– Имтиҳонларга яхши тайёргарлик кўргин.
– Яхши бўляпти, дада.
– Биласан-а, домлаларинг сенга менинг ҳурматим учун баҳо қўйишларини истамайман. Ўзинг ўқиб, ол баҳоларингни. Ҳаёт имтиҳонлари ҳам шундан бошланади ўзи.
Дадаси шошиб чиқиб кетди. Солиҳа унга кўрган тушини айтолмади. Онасига ҳам. Ёмон тушни сувга айтиш керак, деб эшитганди. У яна ювиниш хонасига қайтиб кириб кетди.

* * *

Дадаси айтгандай, Солиҳа имтиҳонларга яхши тайёргарлик кўрди. Яхши ўқиди. Яхши меҳнат қилди. Дадаси доим таъкидлайди бу гапни:
– Мен оддий деҳқоннинг боласиман. Менинг зарим ҳам, зўрим ҳам бўлмаган. Мен нимага эришган бўлсам, фақатгина ўз билимим, меҳнатим билан эришганман. Сизлар ҳам яхши ўқинглар. Ўқиш ҳам меҳнат.
Солиҳанинг дадаси катта лавозимлардан бирида ишлайди. Ҳурмати баланд. Солиҳа институтда ҳам, кўча-кўйда ҳам, ёр-у дўстлар орасида ҳам дадаси ҳақида яхши гапларни жуда кўп эшитади. Бу гапларни эшитиш шундай ёқимлики! Солиҳанинг қалбини ғурур ва фахр ҳисси тўлдиради шундай пайтларда. Санжар ҳам унинг дадасини жуда ҳурмат қилади.
– Дадангиз ақлли инсон, – дейди у. – Ақлли дадаларнинг қизлари ҳам оқила бўлишади. Оқила қизлар эса оқила хотин бўладилар. Оқила хотинларнинг эрлари ҳаётда энг бахтли одамлар санашади ўзларини. Сизга уйланиб, мен ҳам энг бахтли одам бўламан…
Санжарнинг гапларини эслаб Солиҳанинг кўнгли ёришгандай бўлди, лекин кўнгил тубидаги аллақандай хиралик унинг ҳар қандай севинчига соя солиб тураверарди.
Солиҳа отасини жуда яхши кўради. Аслида отасини ёмон кўрадиган одамнинг ўзи бўлмайди. Аммо, ота­сига ҳаммадан ҳам бошқача меҳр қўйгандай туюлади Солиҳанинг ўзига. Онасини ҳам албатта, ҳам­ма яхши кўради ва бу меҳрни биринчи даражага қўйишади. Лекин, Солиҳа онасини ҳам жуда қадр­лаган ҳолда, кимни кўпроқ яхши кўрасан, деб сў­раш­са, дадамни, деб жавоб берган бўларди. Унинг феъл-атвори ҳам кўпроқ дадасига ўхшайди. Қайсар, уш­лаган жойидан узади. Бунинг устига ҳаракатчан. Ўзи истаган нарсасига эришмагунча тинчимайди. “Шу қизим бошқача-да”, – дейди дадаси ҳам. Гарчи, дадаси истамаса ҳам, одамларнинг Солиҳага бўлган муносабатларида ҳар қадамда дадасининг ҳурмати сезилиб туради.
– Сиз фалончининг қизимисиз? – Тасдиқни олишгач, Солиҳага эшиклар ўз-ўзидан очилиб кетгандай бўлади гўё. Тўғри, дадаси ҳеч кимга айтмайди, қизимга қаранглар, деб. Лекин дадасининг ҳурмати…
Бугун ҳам Солиҳа қишки имтиҳонлардан бирини яхши топширди. Дадасини ҳурмат қилишса ҳам, Солиҳанинг аниқ ва мукаммал жавоблари учун қў­йиш­ди баҳони унга. Солиҳа хурсанд чиқаркан, бир-иккита курсдошларининг унга ғалати қараш қилишганини, савол назари билан қараган Солиҳадан кўзларини олиб қочиб, ўзаро шивирлаб қолишганини сезди.
– Солиҳа, хафа бўлганингни сездирмасликка ҳа­ракат қиляпсан-а? Тўғри қиласан. Дўсту душманнинг олдида шундай юр. – Биринчи дугонасининг гапини тушунмади Солиҳа.
– Хафа бўлма. – Иккинчи дугонасининг гапи ўл­ганнинг устига тепган бўлди. – Дадамдан эшитдим. Бўлиб туради-да шунақаси. Даданг яхши одамлар-ку, ҳали оқланиб кетадилар.
Бир неча кундан бери, айниқса бугун эрталаб дадаси ташвишли кўринганди. Кейинги кунларда хонасидан деярли чиқмай қўйганди. Кеча Солиҳа унга чой олиб кирганида, негадир дадасининг юзи қорайиб кетгандай туюлди унга. Чойни қўйиб чиқиб кетаётганда эса, дадасининг чуқур уф тортганини эшитди. Дадаси шунақа, камгап одам. Ичидагини ҳаммага билдиравермайди. Эрталаб костюмининг тугмасини солаётганда ҳам эътибор қилди у дадасига. Бемалол солиняпти. Илгари тирсиллаб турарди. Дадаси озибди шекилли.
Тунов кунги тушини эслаб Солиҳанинг ичидаги ғашлик яна бўй кўтарди. Тинчликмикан ишқилиб? Солиҳа дугоналарига ҳеч нарса демай, аудиториядан чиқиб кетди.
У уйга келибоқ, дадасининг хонасига ўзини урди. Тақиллатмаёқ, эшикни очди. Хайрият, дадаси ўтирган экан! Дугоналари пичир-пичир қилишгандай, уни қа­маб қўйишмабди! Солиҳа хонага разм солди. Бир-ик­кита ошиқча сувенирлар, расмлар пайдо бў­либди. Стол усти ҳам китоблар ва аллақандай қоғоз жилдларга тўлиб кетибди. Дадасининг ҳафсаласи бўлмаган шекилли, улар тахлаб ҳам қўйилмаган. Со­лиҳа уларни таниди. Дадасининг кабинетида кўр­ганди уларни. Демак, уни ишдан бўшатишибди. Бў­шатишса бўшатишар, муҳими, одамлар айтганидай, қамашмабди-ку! Солиҳа индамайгина, мунғайиб ўтир­ган бўлса-да, кўзидаги мунгни яшириб, қизини жилмайиб қарши олган дадасининг ёнига келди ва энгашиб, унинг бўйнидан қучди.
– Дадажон, сизни яхши кўраман!

* * *

Икки ойдан ўтдики, Солиҳаларнинг уйида ал­ла­қандай нохуш кайфият ҳукмрон. Энди эрталаблари дадасини олиб кетиш учун машина келмаяпти. Дадаси гоҳ-гоҳида аллақаерларга бориб келишини айтмаса, деярли хонасидан чиқмайди. Иши юзасидан болалари олдида ҳеч нарсани гапирмайди. Эҳтимол онаси билан бу ҳақда гаплашишар, лекин Солиҳа эшитмаган. Бир куни Солиҳа дадасининг ким биландир гаплашаётганини, жумладан, туҳмат, гувоҳ, тергов деган сўзларни эшитиб қолди ва суҳбат мазмунидан суҳбатдошнинг адвокат эканини ҳам билиб олди.
Солиҳанинг юраги орқасига тортиб кетди. У дадасидан, нима гап ўзи, деб сўрашга ботинолмади. На­ҳотки, миш-мишлар рост бўлса, ўйлади у. Дадасининг нопок ишларга қўл урмаслигига ишонарди. Кўнглини алам ўртай бошлади, сиқилиб кетди. Дардини ким биландир бўлишгиси келди. Солиҳа Санжарни жудаям соғинганди. Бир ойдан ошди уни кўрмаганига. Қандайдир муҳим топшириқ билан хизмат сафарига кетибди. Кейинги пайтларда қўнғироқларга ҳам жавоб бермаётган, хабар ҳам жўнатмай қўйганди. Солиҳа ҳар тонг телефонига қараб бир хўрсиниб қўяр, гоҳо мўъжиза кутгандай телефонига термулиб ўтирар, Сан­жарнинг эски СМС хабарларини қайта-қайта ўқиркан, кўнгли соғинчдан ўртаниб кетарди…
“Махфий хизмат бўлса керак, – ўйлади у бир ку­ни. – Бўлмаса, ҳеч йўқса мени хотиржам қилиш учун хабар жўнатарди.”
Солиҳа ортиқ чидолмади. Санжар билан бундан икки ҳафта олдин, ўшанда ҳам Солиҳа бегона рақамдан қўнғироқ қилганида гаплашганларида, ишларим битсин, ўзим қўнғироқ қиламан, деган эди. Солиҳа унинг рақамини бир-бир босиб тера бошлади. Чақирувлар овози ҳозир тўхтаб қолаётгандай, юраги ўйнаб турарди унинг. Қизиқ, нима гап экан ўзи? Нега яна телефонни кўтармади? Соғ ва тинчмикан ишқилиб? Солиҳанинг кўнгил ғашлиги бадтар ортди. Хабар ёза бошлади:
“Соғ-омонмисиз? Хавотир оляпман. Менга ҳозир жуда ҳам кераксиз! Илтимос, имконини топиб, қўнғироқ қилинг”…
Ва ниҳоят қўнғироқ бўлди! Санжарнинг рақамини кўриб Солиҳа орзиқиб кетди.
– Санжар ака! Шунақаям бўладими одам?! Со­ғиниб кетдим ахир! – Солиҳа бу гапни қандай айтиб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди.
– Солиҳа, узр, хизмат сафарим чўзиладиган бўл­яп­ти. Ишимни ҳам шу ёққа оламан шекилли. Сиз билан ҳозирча гаплашолмайман.
– Нега гаплашолмайсиз?
– Ишим шунақа…
– У қанақа иш ўзи, севган қизи билан гаплашишни маън қиладиган?
– Солиҳа, буни айтолмайман. Узр, мени чақи­ришяпти.
Дуд…дуд…дуд…
Солиҳа телефонни қулоғига тутганча қотиб қолди. Назарида ҳозир атрофида ҳамма нарса чирпирак бўлиб айланаётган, сал қимирласа, бу қуюн уни ютиб юборадигандай карахт эди у. У билан гаплашган Санжармиди ўзи?
Солиҳа уйидан чиқиб бораркан, бекатга етгунига қадар Санжарнинг ҳар бир сўзини таҳлил қилар, ёнидан ким ёки нима ўтиб бораётганини ҳам кўрмас, қулоғида фақат Санжарнинг овози эди.
“Эҳтимол, ростдан ҳам муҳим вазифадир, – қиз ўзига-ўзи таскин берар эди. – Махфий хизмат шунақа бўлса керак-да. Қизиқ, илгари иши махфий эмас эди-ку. Эҳтимол хизмат вазифаси телефонда шундай қуруқ ва совуқ гаплашишни тақазо қилар. Қизиқ, қайси шаҳарда экан ўзи? Бу ердан узоқ­даман, деганди.”
Солиҳа бекатда анча туриб қолди. Транспорт йўқ­­лигидан эмас, хаёл суриб қолганди у. Қайсидир ўта­ёт­­ган машина сигналининг баланд овози Солиҳани уй­ғо­тиб юборди гўё. Йўлга яқинроқ чиқиб, дуч келган машинага қўлини кўтармоқчи бўлди. Шу пайт… Солиҳа­нинг тиззаларида мажол қолмади. У нафақат қотиб қолди, балки бақрайганча қараб қолган кўз­ларидан тирқираб ёш чиқиб кетди: ҳозиргина ёнидан ўтиб кетган машинада бир ойдан бери, шунингдек, боягина ҳам бошқа шаҳардаман, деган Санжар ўтирганди!

* * *

– Нимага йиғлайсан, қизим? – кечқурун чўк­ка­ла­ганча, дадасининг тиззасига бошини қўйиб, елкалари хўрсиниқдан силкиниб тушаётган Солиҳанинг бошини силади у.
Солиҳа анча пайт шундай ўтирди. Дадаси ҳам уни овутадиган бошқа сўз тополмади. Ниҳоят Солиҳа бошини кўтариб, қизарган кўзлари билан дадасига мўлтираб боқди.
– Одамлар нега бунақа хиёнаткор, бунақа риёкор бўладилар, дада?
Дадаси унинг кўзларига тикилиб қолди.
– Ҳали ҳаммаси яхши бўлади, – дея олди холос. Чунки, у кўз ёшларини кўрсатмаслиги, овози ҳам тит­рамаслиги керак эди.

* * *

Дадаси ҳақ экан. Яхшиямки, Солиҳа яхши ўқиб, дадаси айтгандай, яхши меҳнат қилган экан. Институтда оралиқ назорат, реферат, курс иши деганлари бор. Диплом ишини ёзиш анчайин машаққат ҳисобланади талабалар учун. Давлат имтиҳонини-ку, айтмаса ҳам бўлади. Кўпчилик диплом ишини ёзиб берадиганларни излаб қолишади. Солиҳа эса ўзи ўқиди, ўзи ёзди. Дадасининг ҳурмати сезилмаётгандай эди унга. Энди домлалар ундан кўпроқ сўраб, кўпроқ талаб қилишаётгандай туюларди. Майли, қайтага шуниси яхши. Билими мукаммалроқ бўлади. Тинимсиз ўқигани битириш имтиҳонларини топшираётганда натижасини кўрсатди. У бугун охирги имтиҳонни аълога топширди.
Аслида бу шодиёна эди. Солиҳа уйга қайтаётиб, дадасига бу хабарни айтиб, унинг анчадан бери хуфтон бўлиб юрган дилини бир оз бўлса-да ёритиш ҳақида ўйлаб борарди. Шунингдек, унинг хаёлидан яна бир ўй кетмаётганди: бугун унинг уйига Санжарнинг совчилари келиши керак эди… Санжар шундай ваъда берганди унга. Лекин, олти ойки, ундан дарак бўлмади. Чунки, олти ойки, дадасининг иши … Солиҳа томоғига тошдай тиқилган нарсани ютишга ҳаракат қилди. У дадасининг олдига кўзлари кулиб кириб бориши керак.
Ҳар куни томорқада ишлаб ўзини овутадиган дадаси негадир кўринмади. Солиҳа унинг хонасига кирди. Дадаси у ерда ҳам йўқ эди.
– Ая, дадам қаердалар? – сўради у ошхона томонга бўйнини чўзиб.
– Эрталаб чиқиб кетганлари бўйи, ҳали келмадилар. Имтиҳонинг нима бўлди?
Солиҳа онасига имтиҳон таассуротларини сўзлаб бергач, дадасининг қўл телефонига қўнғироқ қилди. Ўчиқ экан. Она-болалар дадасини кечасигача кутишди. Онаси хавотирлана бошлади. Солиҳа ҳам. Им­тиҳонларга тайёрланиш жараёнидаги бир неча кунги уйқусизлик ўз кучини кўрсатди. Солиҳа дадасини кута-кута ухлаб қолди.

* * *

Эрталаб машинанинг таниш овозидан Солиҳа чўчиб уйғонди. “Уйғондимми, ёки туш кўраяпманми?” – даставвал унинг хаёлига келгани шу бўлди. Юз-қўлини ювиб ташқарига чиқди. Дадаси анча кенгайиб қолган костюмини кийиб, ўзи ёқтирган галстугини таққанча дарвоза олдида турарди. Унинг чеҳраси тонгдай нурафшон, дарвоза эса ланг очиқ, у ерда… ўша таниш… дадасининг хизмат машинаси турарди…
Солиҳа анграйиб қолди.
– Ҳаммаси яхши бўлади, дегандим-ку, қизим! – жилмайганча, машинанинг орқа ўриндиғига ўтираркан, дадаси қўшиб қўйди: – Аянгдан эшитдим. Баракалла қизим, табриклайман.
– Ишингизга… қайта тиклашдими? – ишониб-ишонмай айтди Солиҳа бу гапни.
– Йўқ. Ундан ҳам баландроғига ўтказишди.
Машина юриб кетгандан сўнг ҳам дадасининг ортидан ҳаяжон билан қараб қолган Солиҳанинг ширин хаёлини телефонидаги янги хабар келганидан дарак берадиган ўша, анчадан бери чалинмаган оҳангдор ҳуштак овози бўлди. Солиҳа хабарни очди:
“Азизам, уйғондингизми…”
Солиҳа хабарнинг қолганини ўқимади. Телефоннинг “ўчириш” деган тугмасини босаркан, коллежга отланаётган укасига деди:
– Латифжон, бугун қайтишингда менга бошқа сим карта олиб келгин.

“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 3-сон.