Саломат Вафо. Муқаддас манзил (ҳикоя)

«Ўлдирсанг, ўзингни ўлдирдинг фақат,
Ассалом алайкум, дорнинг оғочи».
Рауф Парфи

Хаёллар исканжасида колган аёл, дераза табақаси кучли шамолдан тарақлаб ёпилгач, ўзига келди-да, оғзини қалдирғоч палапонидай очиб йиғлаётган боласига кўзи тушди. Онги, шуури руҳ сипоҳийларига асир тушган бўлса ҳамки, боланинг, онам қани, дегандай чинқириқлари вужудига куюлиб, маммаларининг учи жимир-жимир этиб кетди. Етмиш икки минг томирнинг қат-қатларига яшириниб ётган қондошлик, яқинлик, оналик туйғулари жўш уриб, бир кафт дурни авайлагани каби, уни қўлига олди. Боланинг аразлагандай чимирилган қорага мойил қошлари остида, онасининг азиз бошига қора кун солган, ҳаёт жилғаларини терс оқизган, умрининг навқирон чечакларини қорасовуқ каби урган кимсанинг — паҳлавоннинг оталик қони, йигитлик жони яширинган эди. Қарғишнинг қатронларига нойил ўша инсон қиёфаси хотирасида бўй бергани замоно, гўдагининг бехос ерга тушиб кетишидан худонинг ўзи бир асраб қолди.
Гўдагини асраган худо нега унинг ўзини асрамади экан? Нега сўқир бандада лаҳзалик фароғат ва истакларига асир бўлиб, худписанд йўлларнинг ғайрилигидай, айрилиғидан огоҳ этмади экан?
«Ахир, ўзингга сиғингандим-ку яратган эгам»…
Деразадан кўринаётган кўкнинг бир парчасига тикилиб, йиғлай-йиғлай қақшаган, мулки талон бўлган кўнгилнинг чуқур-чуқур қатламлари сим-сим оғриди. Узоқларда кўр кампирдай нурсиз «кўзлари»ни тикаётган кўп қаватли уйларга, қора денгиздай ваҳимали чайқалиб ётган яхлит кўкка қараб: «Бу ерларда не… еб юрибман!» дея, қалбини пармаловчи саволни юзинчи, мингинчи маротаба берди…
Ўзи бу, Туфажон деганимиз, қизалоқлигида ҳам анойи эди. Кечган умри давомида, қишлоғида мавжуд бўлмаган алланарсаларга ўч яшади. Янгаларининг кўйлакларини яширинча кийиб, акаларидан омонсиз калтаклар еб, руҳига қийноқли зарбалар етган бўлса ҳам қашшоқлик ва хўрликка бўй бермай, атрофидаги ғаразгўй, бадхулқ одамларни саодатманд асилзодалардай янчиб яшади. Гўё тақдирнинг бу ўйинига серфарзанд онаси, тракторчи отаси айбдордай, уларни ва ўзини ўн етти йил қийнаб яшади. Ўша кезлари Яратган ҳам, «ол, қулим» деди: ўзига тўқ, бадавлатгина уйдан совчи чиқди. Йигит Туфанинг гўзал сувратига, жон олгувчи кўзларига, мағрур ва ситамли сўзларига асир бўлиб, қизнинг йўлида мажнундай кезди.
Тўйни бўлар-бўлар, Аллоҳнинг туни кундузга дўнар-дўнар кунида, орага қалин можароси тушиб, қаллиқнинг онаси: «Асли, булар пастда», деди. Қизидайин атвори оғир, орияти қаттиқ отаси, бўғзини бўғиб ётган қарзларни узолмаган бўлса ҳам, сарпо-суруқларни ўраб отди. Умид билан боғланган бахт ришталари узилди.
Фотиҳаси бузилган қизнинг бахти бузилади, деган ирим фалак тоқида ижобат бўлиб, бети қаттиқ, сўзамол совчи хотинлар уларнинг остонасидан қадамини тортишди. Чархнинг бевафолигидан қалбига ситам етган қиз, ўқиш мавсумлари тугаган бўлса ҳам, этагини қоқиб уйидан чиқиб кетди.
Ул кунларда Ашур деган бир ҳамқишлоғининг ёрдами билан ишга жойлашди ва Муҳаммадкарим деган кўнглининг озори, муҳаббатининг мозори билан танишди…
Туфа хаёл денгизидан аранг узилиб, ёшли мижжаларини артди-да, иссиққина маммани сўриб, бу дунё найрангларидан бехабар ётган болага тикилди. Кўзидан шашқатор ёшлар оқиб, боланинг ўзи каби ёқимли қоп-қора сочлари устига тушиб сингди. Барча кўргиликларининг айбдори, қўлининг кишани, оёғининг тушови, ҳали номсиз гўдакка ёвдайин тикилди. Ахир шу жонзот эркини бўғмаганда қайларга бормасди, нелар қилмасди? Муҳаммадкаримдайинларнинг яна қанчаси оёғига йиқиларди? Ул бевафонинг бошига не кунларни солган бўларди. Болани жамики ситамлар, қайғулари, ёзмишлари учун қора кунларга қўшиб қарғади, қарғайверди. Илло, кечаги кун учун имкони етгани қарғаш, кучи етгани шу арзон кўз ёш эди.
Ҳақиқ нурлар сочаётган телевизор устидаги гулдонда, ҳаётнинг гўзаллиги, умрнинг бетакрорлигидан далолат бериб, салқам бир қучоқ, гул яшнаб ётарди.
«Муҳаммадкаримнинг гули!»
«Муҳаммадкаримнинг туҳфаси».
«Муҳаммадкарим — қалбининг озори».
«Муҳаммадкарим — севгани, куйгани».
«Муҳаммадкарим — орзуси, армони».
«У севиб тўймагани, кўриб билмагани.»
Аёлнинг кўз ёшлари баҳорий чечаклардайин сочилди. Аёлнинг кўз ёшлари сут иси келаётган либосига ёғдули мих бўлиб санчилди. Бу ёшлар севинч, энтикиш ёшлари эмасди, ўзи бахт билган нарсага очилган аза эди. Ўтган кунларни, юзиқораликларни ўйласа, руҳини шармисорлик ўлдиради.
Баъзан мардлик билан тан оларди: умрининг энг гўзал, энг қора дамлари ўшал машъум ондан бошланган бўлса ҳам, Туфа худди шу пайтни энтикиб-энтикиб, соғиниб-соғиниб, диллари оғриб-оғриб эсларди.
…Машина ҳаво денгизига тўш урган улкан самандар қушдай учиб кетди. «Кема ичи»ни эрон хонандаси Гугушнинг субҳи сабосидайин мустар, дард-ҳасратга тўла овози тутди. Кўнглига қиёмат солган инсон сифатидаги ҳурзодни кўрмоқ ниятида у пешойнага тикилди. Кўзгунинг икки томонида икки ранг нигоҳ: бирида тўқликдан безган йўловчи, иккинчисида қорачиқларининг ичида бахт ва фаровонликка ташналик, муҳаббатнинг Хоразм каби қадимий, турк аёллардайин суюмли қўшиқларини куйлаётган кўзлар, ишқ манзил топган қорачиқлар ёниб турарди.
Гугушнинг телбавор, фусункор, мастона овози ул йигитнинг кенг елкаларида, Туфанинг қулоққа айланган вужудида ҳам қўним, осойиш топмайин, «кема» ичида гирён кезарди.
«Туфажон! Имони, муқаддас манзиллари хароб бўлган, кимлигини билмаган, асрлар ўтида куйган туркий қавмнинг эй эрка боласи! Атрофингга қара, ҳур туғилган кўзларингни оч! Не эди у излаганинг, жаҳонни кузат! Баҳодир эркак! Ахир, шул эмасми излаганинг, қидирганинг, қашшоқликдан, йўқликдан безган, қўпол сўзлардан қовжираб, эгасиз манзилдай ҳувиллаган, қўмондонсиз кемадай тийра қалбнинг малҳами! Исмидан бошқа ҳеч нарса билмайдиганинг — нотаниш инсон шу эмасми? У уйланганми, уйланмаганми, майпарастми, маишатпарастми, қотилми, юртдан қувилганми — барибир эмасми, муҳими, сени паноҳига олгани, пахта даласида ярага айланган кўнглингни шу юртнинг эгасидай бир оз (кўп эмас) кўтаргани…»
Ишқ карвонининг сарбони Гугуш эса ҳамон, жаҳон тилларида турлича аталса ҳам, лек дарди, ҳижрони, ситами бир хил кечадиган кўҳна муҳаббат ва айрилиқ ҳақида куйларди, куйлайверарди. Кема соҳиби ҳам бу гўзал қушчанинг эркка ўчлигини, саодатга зорлигини жуда аниқ билиб олмоқчидай, ора-сира пешойнадан қараб, жимгина кетарди.
Қуёш нурларидан ёғду олган ой юзлига қотмоққа шайланган, соҳибинг кулган қорачиқлари пешойнада кўринди-да:
— Ўқийсизми,— деган овози эшитилди.
«Эҳ, бу овозлар! Юракнинг ишонч салтанатига йўл олган овозлар!» Йигитнинг ўқишдан гап сўровидан эриди — тасаввурини бузмаслик учун «ҳа», деб бош силкитиб қўйди.
— Исмингиз?—сўради йигит яна пешойнага тикилиб.
Қиз исмини айтишга истиҳола қилиб. «Туфа» деб ном қўйгани учун онасини ҳам ичида бир койиб олди. Жимликни бошқа нарсага йўйган йигит ўзича фол оча бошлади:
— Лола?
— Йўқ.
— Барно?
— Бошқа.
— Хоразмия?
— Йўқ.
— Шаҳзода?
— Бутун ўзбек исмларини айтганингизда ҳам тополмайсиз.
— Э, шунчалик зўрми?
— Зўр.
— Ким?
— Топинг-да.
— Қишлоқларни ҳам бердим-эй.
— Сизники-чи?
— Биласиз-ку.
— Рости?
— Муҳаммадкарим.
— Инондим.
— Айтинг, ахир!
— Меники…
— Мушкулми айтиш?
— Мушкул.
— Ким ахир?!
— Тупа?!
— Ҳовва.
— Ибий!
Туфанинг юрагидан алланарсалар узилиб, шу билан ҳаммаси тамом бўлди, дегандай бош эгди.
— Онам билан адаш экансизлар…
Уни кўрди, билди, шу кундан гўё сархушлик ҳолати бошланди, яъни, ўзини-ўзи тарк этди. Шаҳар чеккасидаги ёзги овлоқ ошхонада дугонасининг туғилган кунини нишонлаганида, икки қиз «очил дастурхон» атрофида пайдо бўлиб қолган девонадай довдирашди. Уларнинг ажабланишини кўрган Муҳаммадкарим кулди-да: «Бу дунёда ҳеч нарса инсондан азиз эмас, кимни худо суюмли қилиб яратган экан, у сийланмоғи керак», деди.
Қизалоқлар бундай гапларни англайдиган аҳволда эмасди, улар асалари болни ўзи йиғиб, бир куни ўзи ботиб ўлиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилолмасдилар.
Жуда ширинсухан, қай бир маънода билимли, аллақаёқларда геолог бўлиб ишлайдиган Муҳаммадкаримнинг хотамтойлигига, тантилигига кўп маротаба асир бўлган Туфа, уни ҳеч бўлмаганда бадавлатлиги учунгина ҳурмат қилиш мумкин, деб ўйларди. Чунки қишлоқдаги отаси ўзидан ўн беш ёш кичик бўлган Карим кассирга салом бериб, икки букилиб қолай дейди. Умуман, у яшаган жамиятда кимда пул бўлса, ўшанда ҳуқуқ бисёр эди. Пулга ҳамма нарсани сотиб олиш мумкин эди…
Туфа эса бора-бора шу «киборона» ҳаётга ўрганиб қолди. Дунёнинг тўрт фасли айланган қора меҳнат буржи ҳисобланмиш қишлоқда кечган умр саҳифасини бир эмраниш билан пора-пора қилди. Зотан, бир нарса учун иккинчи нарсанинг қурбон бўлиши, пойдевор эса ҳамиша ненингдир устида бунед бўлиши ҳаётий қонуният эди.
Воқеалар оқими ул мудҳиш кунларга яқинлашган сайин, кўз олдидан харобликка, абгорликка етаклаган лаҳзалар лип-лип ўта бошлади. «Муҳаммадкарим — азизи, бахтиёри, суйгани, куйгани, тўйгани…»
Унинг уйланганини, болалари борлигини биларди. Билгани билан бузилган бахтининг аламига қасма-қасд, кун сайин унинг кўнгил қалъаларини ишғол этди. Ўзи ҳам бангидай ўрганиб қолди. Сўнг асал ойининг тароватли кунларидайин умидли дамлар бошланди, ана шу онасини тинчгина эмаётган болакай вужудидан паноҳ топганидан сўнг, Муҳаммадкарим ҳам барча китоб ва саргузашт киноларидаги каби ўзгарганини қанчалар яширишга интилгани билан, сирлари ошкор бўлаверди. Сўққабош бир аёлнинг уйида туққанидан сўнг, шаҳар чеккасидаги шу хилватхонага ташлаб кетганига ҳам ўн кунлардан ошиб қолди. Нақл қилганларидек, бу бола онасининг қорнида пайдо бўлганидан сўнг кўп можаралар чиқарди: болани олдириб ташла деб, Муҳаммадкарим қанчалар тавалло қилгани сайин, Туфа одатича оёқ тираб қайсарлик қилди. «Айни ўйнайдиган кунда сенга боланинг нима кераги бор? Ахир ўзинг боласан-ку!» деган ялинишларига қулоқ солмади.
Ул киши ўша гиналар учун ўч олишга шайланган кимсадай, қадамига зор этди. Ул киши ўтган кунларни, қовушган дилларни, бир-бирин орзулаган тунларни унутиб, бадар кетди. Шундан буён аёл эшикка, тилдан қолган қўнғироққа умид билан кўз тикади. Соатлар, лаҳзалар унинг бардошини синамоқчи бўлгандай, судралиб-имиллаб айланаверади…
Умиди саробга айланган Туфа ухламай озор бераётган, кечадан буён инграётган боласини кўтариб, бир йўловчи машинани тўхтатди-да, касалхонага борди. Сочи оқариб, қалпоғининг ранги билан бирлашиб кетган аёл болани кўриб, бош чайқади.
— Расмийлаштирайлик,— деди.
— Нимани расмийлаштирасиз?
— Болани-да.
— Ҳа-а,— деди гаранг ҳолда Туфа.
— Оти ким экан бу тойчоқнинг?
— Оти…—Туфа боласини тунлари не-не исмлар билан атаган, суйган бўлса ҳам, туйқус саволдан гангиб қолди.
— Оти, фамилияси бордир ахир?
— Бор, бор,— деди боласини биров тортиб оладигандай жонҳолатда ғужанак бўлиб.
— Ким?
— Муҳаммадёқуп Каримуп.
Туфанинг гангиб-адашишларидан, пойинтор-сойинтар гапларидан шифокор аёлнинг кўнглига шубҳа тушганлиги кулиб турган юзининг тундлашганидан билинди.
— Ётмасангиз бўлмайди?
— Қаерда ётаман?
Аёл кўзойнагини зарда билан олиб, пичинг аралаш:
— Баннисада!—деди.
— Нега, ахир?
— Қанақа аёлсиз ўзи?
Сукут.
— Болангизни қулоғи йиринглаб кетибди. Наҳот шунга ҳам фаросатингиз етмаса?
— Етади.
Аёл шубҳали кўзларини Туфанинг оқариб кетган юзига тикиб:
— Бола ўзингизникими?—деди.
— Ҳим… м.
— Унда, гувоҳномаси қани?
Туфа лол бўлиб ерга боқди. Титроғини зўрға босиб, инграб юбормаслик учун лабини қаттиқ тишлади. Орага ноқулай, ҳижолатли сукунат чўкди. Аёлнинг йиллар из солиб кетган ёноқларида, совуқ боқиб турган осиёча катта, қора кўзларида жирканишга ўхшаш бир нарса зоҳир бўлди-да:
— Туққандан кейин боқишни ҳам билиш керак,— деди қатъий оҳангда. Хўрлик ва алам ўтидан танаси тобга келган тандирдай қизиган Туфа боласини бағрига босганича, Туркистоннинг қайноқ қуёшига чўмилиб ётган шаҳарда, турфа хил кийинган оломоннинг денгиз гувиллашини эслатувчи ғовуридан карахт ҳолда аллақаёқларга бошлаётган оёғининг измига бўйсуниб кетаверди, кетаверди.
Кўп қаватли уйларнинг тубидан чайқалиб оқаётган асов дарё каби йўлдан машиналар ялт-ялт ўтар, шарқнинг иссиғига чидолмаган мусофир кишиларнинг ярим яланғоч қизғиш таналаридан чиққан тер, иссиқда куйган ҳавога қўшилиб димоққа уриларди. Аллақаердан, шовқин-суронлар орасида узилиб-узилиб номи қулоғига урилгандай бўлди: «Тупа… а!..»
Аёл мурдадай оқариб кетган юзини овоз келган томонга бурди. Бир пайтлар ўзини ишга жойлаштириб қўйган Ашур қаршисида турарди. Ёнида унинг барига ёпишиб олган, касаллигидан яхши ўсмай қолган, боши хумдай ўғиллари, бир тўрхалта музлаган балиқ кўтариб олган, юзини доғ босган, қорни дўмпайган хотини.
— Бормисан-эй, Тупа?!—ҳайқириб юборди, хурсандлигини яширолмай Ашур. Тупа ўзининг ҳозирги руҳиятига тескари: бу қичқириқ ва хурсандликдан озорланиб аламли қаради. Бир ўрис кампирнинг уйида уч боласи билан бир хонада тиқилиб яшаётган, бу қашшоқ ҳаётидан шод ва бахтиёр ҳамқишлоғининг гапларига ижирғанди. Унинг сўйлашни, кулишни ёддан чиқараёзган қуруқшаган лаблари аранг ҳаракатга келиб пичирлади:
— Ничиксиз, Ашир оға?
Вақтихушлиги, шодлиги юзидан шундоққина билиниб турган лачоққина қора одам оғзининг таноби қочиб сўрашди:
— Танимайдиган бўлиб, ўзгариб кетибсан-а?
— Ўзгарибман?
— Чиқон*ларингни кўрдингми?
— Қайси?
— Ҳов, ўқишга киролмай йиқилиб кетган-чи? Туфа бош чайқади ва:
— Нега келишган экан,— деди.
— Саёҳатга кетаётган экан. Ия, бу ким бўлди?—дея Ашур бўйнини чўзиб, Туфанинг қўлидаги чақалоққа қаради.
— Бу… бу қўшнимнинг боласи.
— Қайси қўшнингни?— яна сўради худди танийдигандай.
— Ён қўшнимнинг.
Аёл аллақайси заводда мойловчи бўлиб ишлайдиган Ашурданми, ёки иссиқда эриб ётган асфалтдан келаётган бадбўй ҳидданми кўнгли ағдарилиб, «бахтиёр» оиладан зўрға ажралди. Олти-этти ой илгари чиққанида соллона-соллона қадам ташлайдиган йўлда туриб, машина тўхтатгунча, миясидан иссиқ ўтиб, туртса йиқилгудек ҳолга келди. Машинада ҳам юраги: «Муҳаммадкарим келиб кутиб ўтирибди» деган ўй билан ҳапқириб, безовталанаверди. Кўп азобларда ижара уйга етиб келганида, бир-бирига суйкалиб ўтирган ичкиликбоз ўрис қўшнисидан бошқа кимса кўча бетида кўринмас, ҳаммаёқ ҳувиллаган, файзсиз эди. У қизиб ётган оёқ остидаги тупроққа тикилиб, уйнинг олдига яқин орада машина келмаганини сезди. Ҳатто сал нарида пашша босиб, тоғдай уюлиб ётган ахлатни ҳам олиб кетишмаган эди. Эрталабдан буён туз тотмаганини эслаб, кўча бурчагидаги хароб уйда очилган озиқ-овқат дўконига кирди. Бурни чўмичдай арман сотувчиси ёпишқоқ дорига ботиб турли хил нолакор овозлар чиқараётган пашшаларн
и томоша қилиб ўтирарди. Туфа балиқ консервалари тахлаб ташланган, чой қутиларини чанг босиб ётган пештахталар олдида серрайиб тургач, қотган тешиккулча билан бир қути қанд олди. Шу он сотувчи ўлаётган пашшаларнинг овозига монанд товуш билан:
— Қанд — талони борга сотилади,— деди,
Аёл қандни олган жойига қўйиб, дўкондан мулзам бўлиб қайтди.
Кўҳна қулфни урина-урина очиб, ичкарига кирганида бурнига зах ва туриб қолган рутубатли ҳаво урилди. Йиғлай-йиғлай ҳориб қолган ўғлини ётқизаётиб кўзи тиниб кетди, боланинг устига йиқилишига сал қолди. Бу кимсасиз уйларда дилининг озори Муҳаммадкаримни эслатиб турган настарин гуллар барқ уриб турган гулдоннинг сувини ихлос ва соғинч билан алмаштирди. Шу он уйғониб қолган бола: хазон умрининг хазон муҳаббати чириллаб йиғлай бошлади. Бир пиёла чой ичиш илинжида ошхонада юрган Туфа ҳасратга тўлиб, боласининг қошига қайтди. Болакайнинг бўйин остлари шишиб, қизариб кетган, алланедан қўрққандай, алланени кутгандай, қўлларини осмонга кўтариб йиғларди. Эшиги михлаб ташланган уйчаданми, аллақайдан ғалати-ғалати унлар қулоғига урилгандай бўлди:
«Туфажон! Орзуси пок, дили армонлим! Туфажоним-ов. Ўртанма-ёв. Ўшанда фаришталар омин деганда, ёр-ёр айтилганда, бундайин юрмасмидинг-ов, қўзим-ов! Эй, орзуси муҳаббат, паноҳи армон бўлган туркий элатнинг эрка боласи! Қани, дилингдаги ростини айт-ов: сочининг оқида пуллилар олдида қулдай букилган отангни, турмуш азобидан бошқа ҳеч нарсани билмаган онангни бахтбузар, дейишга тилинг борадими? Айт, унда гуноҳ кимда-ёв, жигарим-ов? Отангда не айб бор, боврим-ов, онангда не айб бор хуморим-ов? Ким сени фитнагар шаҳарга чиқарди, ким сени туннинг бузуқ кўчаларига етаклади? Ўн саккиз ёшингда бошингга бундай кўргиликни солган дунёсига ўт тушсин-ов, паймонаси тўлсин-ов, уйи куйсин-ов!..»
Туфа ўзининг телбавор ҳолатидан чўчиб, биғиллаб йиғлайверган боласини овутмоқ, чўмилтирмоқ ниятида ошхонага ўтди. Бир қарашда қип-қизил қон рангини эслатадиган елим тоғорани хонтахта устига қўйди. Қопқоғини шақирлатиб қайнаётган қора сирли човгумга узоқ тикилиб турди. Сўнг йиғлайверганидан энгаклари қалтираб, ҳали бир кун паҳлавон йигит бўлиб қизларни беомон куйдирадиган гўдакни қулоғига сув кирмасин учун, бош остига пахмоқ таглик қўйиб ётқизди.
Шу он унинг асов, ёввойи руҳи қаҳрнинг учқур отига миниб олди. Тоғора ичида қалдирғочнинг полапонидай қақшаб ётган бир бурда гўшт қўлининг кишани, оёғининг тушови, тотсиз умрининг исмсиз гуноҳига йиртқич махлуқдайин тикилди. Сўнг кўнгли кўнгиллигидан тониб руҳи руҳлигидан оғиб, иймони иймонлигидан қолиб, бор аламхўрликни кўнглига солиб, оналиги еттинчи осмонга йўл олиб, човгумда қайнаб турган сувни гўдакнинг устига қуйиб юборди!..
Ул жонзотнинг ҳали миллат, ватан туйғусини идрок этмаган, лекин турк бўлиб туғилган вужудидан ажралаётган фарёдлардан, талвасали қичқириқ ва омонсиз ингроқлардан лаззатланган қотилдай телбавор қаҳ-қаҳ уриб, гўдакнинг устига ажал селини қуяр эди.

_________
Чиқон — дугона (шева).