Салим Абдураҳмон. Қадр (ҳикоя)

Камол тегирмончи машинага деб жамғарган пулини белигабоғлади-да, доим сочини устара билан қирдириб юрадиган тақир бошига ўн йиллик қулоқчинли малла телпагини бостириб, эгнига эски чарм курткасини кийди ва отини миниб қўшни қишлоққа йўл олди.
…У анчадан бери дўсти Сафаралининг «Волга»сини кўз остига олиб юрар, пайт пойлаб сотиб олишни режалаштирганди. Янгисига пули озроқ. Она-бола сигирларидан бирортасини сотишга кўзи қиймайди. Қўйларини ҳам қўзилатмай сотмайди. Шунинг учун машина минишни ёзга қолдирган. Энди эса… Омад келаман деса оёқ остидан чиқиб келавераркан…
Кеча Сафарали келди. Кўриниши ҳорғин. У қорамағиз, новча, қўллари узун, камгап киши. Эгнида доим бир хил кийим. Қишин-ёзин қора костюм-шимини ташламайди. Қаттиқ совуқ кунларигина оқ курткасини эгнига илади. У билан туман марказидаги ошхонада танишганди. Бир столда ўтириб қолиб, гаплари ҳам соз келди, шекилли, тезда ошно тутиниб, кайфлари ошгач, битта суякни навбат билан кемириб «илик тишлашган елкадош қадрдон бўлдик» дейишиб, борди-келдини ҳам бошлаб юборишганди. Шу пайтгача ҳаммаси рисоладагидек эдию, Сафаралининг шу келгани сабаб бўлиб…
Камол ҳайрон. Нима гап экан. Бир пиёладан чой ичишгач Сафарали муддаога ўтди.
— Дўстим, бошимга иш тушиб қолди.
— Тинчликми?
— Магазиндан камомад чиқди…
— Тушунмадим? Ишингга пухта эдинг-ку?
— Яқинда ҳисоб-китоб қилганимда ортиғи билан чиққанди. Шошиб қолиб, тўғрилаб қўяй деб, сўнгги келган юкни қарзга тарқатибман. Кеча текширув босиб миси чиқди. Ўзи қандайдир англашмовчилик борлиги аниқ эди-я. Мен аҳмоқ…
Камолгаям анча мол жўнатган, «Пулини қачон бўлсаям берарсан-да! Сенда бўлса қочиб кетмас…», деганди ўшанда.
— Энди одамлардан пулини йиғаяпман. Бировда бор, бировда йўқ… Сен дўстимсан… Тушунасан, деб тўғри келавердим, — дея хўрсинди Сафарали…
— Ҳа-ҳа, яхши, яхши!..
Ўша куни ошнасини кузата туриб, унинг яп-янги тўққизил «Волга»сига ҳаваси келиб, ўзининг ҳалиям чўбир отда юрганига жиндек оғринди. Дўсти магазинчи бўлишдан олдин чўбир отиям йўқ эди. Магазинчи бўлди-ю, машина олди, уйини қўшқават қилиб кўтаряпти… Бу бўлса, шунча мол-дунёси бўла туриб, ҳалигача битта машинага етолгани йўқ.
— Шунақа гаплар, дўстим. Пул керак бўлиб қолди.
— А-а, нима дединг?
— Пул бериб тур деяпман. Тезда қайтараман…
— Пул. Анча-мунча пул бўлмаса керак? Менда унча пул…
Хаёлига унинг машинаси келди. Эга чиқишнинг пайти етганга ўхшайди…
— Пулим йўқ эмасди-ю, машина олмоқчи эдим. Шунга…
— Тезда қайтараман. Шунақа пайтда ёрдам берсанг, ёмон бўлмасди.
— Майлику-я, ўғлим бир машинани гаплашиб қўйган экан. Миниб келиб турса, нима деган одам бўламан, — топган баҳонаси ўзига маъқул келганидан юзида кулгу жилва қилди. Лекин сездириб қўймаслик учун дарҳол жиддийлашди.
— Яхши. Унда мен борақолай. Бошқа бировдан топарман…
Сафарали ғамгин қўзғалди. Камол тегирмончи машинадан ажралаётгандай шошиб қолди. Юзини қалин қилганча муддаога ўтди-қўйди.
— Шу… Шу машинангни сотиб қўяқол! Ўғлимни ҳам бир амаллаб кўндирарман.
Сафарали ялт этиб унга қаради. Камол тегирмончи кўзларини олиб қочди.
— Ўйлашиб кўрамиз. Майли… Ҳар эҳтимолга қарши эртага пулингни олиб боравер. Тополмасам сотаман.
Сафарали машинасига ўтириб, зарда билан ўт олдирди.
«Сотмай қаёққа ҳам борардинг. Шу пайтда сенга ким бунча пул берарди. Ота боласига ишонмайдию ҳозир». Камол тегирмончи шу тахлит ғаразли хаёллар билан қип-қизил машина орқасидан қараб қолди…
Қора қиш. Туни билан тизза бўйи қор ёғиб чиққан, эрталабга яқин тинганди. Камол чўбирни бир маромда йўрттириб борарди. У икки қишлоқўртасидаги якка булоқ чиққан жойда яшайди. Булоқдан бир ариқ сув оқади. Пастроқда катта жарлик бор. Кичкинагина дарада бу қадар катта жарлик бўлишини кўпчилик ақлига сиғдиролмайди. Илгари одамларбекорга бу жойга уй қуришдан қочишмаган — хосиятсиз жой. Номиям қўрқинчли — Осилмажар. Икки қишлоқҳам бир хилда унинг уйидан олис. Бу жойни Яккабулоқҳам дейишади. Яккабулоқ дейишса у жойнинг қаердалигини, ким яшашини дарҳол тушунишади…
Камол тегирмончи укаси уйлангандан сўнг бу жойда отасининг қаршилигига қарамай уй кўтарди. Тегирмон қурди. Иккала қишлоқда ҳам ҳали электр тегирмон йўқ эди. Одамлар ёғилиб кела бошлади. Отаси фақат битта она-бола сигир берганди. Кези келганда тегирмон ҳақидан оз-оз урди. Қумлоқ, тақир бўлиб ётган жойларга картошка экди. Биринчи бор ишлов берилаётган жой эмасми ҳосил мўл бўлди. Мол-ҳолни кўпайтирди…
Сафаралининг қишлоғигача ўн беш чақирим, қиш пайтларижон зоти юрмайдиган катта-кичик жарликлардан иборат дара — Қорғолиқдан ўтиши керак. Йўлга тушишдан олдин бироз иккиланди. Бундай пайтда жондор ҳам бўлиши табиий. Лекин қип-қизил машина кўз олдига келдию юрагидаги ҳадик йўқолди…
Қорғолиқдан ўтиб, отнинг туёғи нишаб жойларда тойиб,Сафаралининг уйига кириб борганда яна майдалаб қор ёға бошлаган, изғирин совуқ авжига чиқиб, кеч тушганди.
— Кел, — дея тўнғиллаб, ўтирган жойида қўлини узатди Сафарали, — машинани сотмайдиган бўлдим. Пул топила қолди. Дунёда яхши одамлар кўп экан…
Ортиқ гапирмай ишига берилди. Бу Камол тегирмончининг жон-жонидан ўтиб кетди. Келдингми-ям демади-я. Қадрини бир пул қилди. Номард, пасткаш. Жир битиб қолган-да.
Тегирмончининг мушти тугилиб, кўзлари қинидан чиққудай чақчайди.
— Шунақами?
— Ҳақиқий дўст шундай пайтда билинаркан. Ҳа, майли, қўй. Бугун ётиб кета қол. Ҳарқалай қорнинг ҳам очгандир. Ҳозир хотин бир нима қилар…
— Овқатингни ўзинг пишириб е. Одамгарчиликдан чиқиб кетибсан. Бойибсан-да, а?..
— Энди саломга қараб алик-да, «одамгарчилиги бор одам». Ҳалиги молларнинг пулини ташлаб кетсанг яхши бўларди…
— Уйда чириб ётибди. Борсанг олиб келарсан. Сен билан тортишгандан кўра… — Тегирмончи шошиб ташқарилади. Яккамихга боғланган отининг устидаги қорни қамчи билан уриб қоқиб туширди-да, сакраб миниб, қамчи босди. От ўзини қоронғуликка урди.
— Адашиб, бу совуқда ўлиб-нетиб қолма…
«Ошнаси»нинг аччиқ кинояси эшитилди ортидан. Жавоб қайтармай, тишини-тишига босиб, отига яна кетма-кет қамчи урди…
Ўлғизоёқ сўқмоқ йўлдан қайтмоқда. Келган изини қор кўмиб юборган. Бунинг устига кучли шамол қорни бир жойдан иккинчи жойга кўчириб ётибди. Жарликлар тўлиб, ҳамма жой текисликдай. Қаер чуқур, қаер нишаб билиб бўлмайди. Совуқ изиллайди. Шамол увиллайди. Зим-зиё тун. Фақат оппоққор озгина ёруғлик бериб турибди. Отини таваккал олдинга йўрттиради. От гуртикка ботади. Кўкси билан ёриб чиқади. Баъзан сирғанади. Яна олдинга интилади.
Бироқ, қишлоқдан дарак йўқ. От безовта кишнаб тўхтаб қолди. Камол жаҳл билан отини ниқтади. От олдинги оёқларини бир қадам ташлади-ю, мункиб, пастга қулади.
Камол тегирмончи эгардан учиб, қорга кўмилиб кетди. Жон ваҳмида ўзини ўнглаб, юзага чиқди-да, атрофга аланглади. Қараса, оти амаллаб чўпчиб-чўпчиб жарликдан чиқиб, эгасига ҳам қарамай кўздан йўқолди. Аллақайдан бўғиқ кишнагани эшитилди. Бу совуқда, мана шу жарликда ўлиб кетмаса гўргайди. Кўзлари пирпирайди. Совуқдан қотиб қолган оёқлари увишади. Ҳаракатсиз бўлиб қолган қўллари билан уларни уқалайди. Кўкариб кетган оёқлар ҳеч нимани сезмайди…
Қайдадир бўри увлади. Тегирмончи сергак тортди.
Жон ширин, тиришиб-тирмашиб, жарликдан чиқди. Олдинга қадам ташлади. Тойиб йиқилди. Яна турди. Кўзларини каттароқ очмоқчи бўлди. Муз қотиб қолган киприклар,бунга йўл қўймади. Аста-секин юра бошлади. Узоқдан чироқ кўзга ташланди. Юрагида бутунлай сўниб бўлган яшаш ҳисси, қайта уйғонди. Беихтиёр қадамлари тезлашди. Олдиндан гупиллаб ураётган қор бунга йўл қўймади. Яна тойиб йиқилди. Кейин эмаклади. Милтиллаб турган чироққа яқин келиб қолган бўлса-да етиб бўлмайдиган манзил каби туюлди…
Қотиб қолган бармоқлари қорни тирнаб олдинга интилди.Бармоқлари совуқни ҳис қилмай қўйди. Шу вақт яқингинада ит ҳурди ва унга югурди. Камол бундан қўрқмади. Аксинча хурсандбўлди…
Кўзини очганида нимагадир чирмаб, ўраб ташланганини сезди. Кигиз. Баданига иссиқ югурган, боши айланади. Тепасида кимнингдир меҳрли овози узоқлардан эшитилгандай бўлди:«Аллоҳга шукур-э. Ўзига келди».
Печнинг ёнида узала тушиб ётганидан хижолат тортиб, қимирламоқчи бўлди.
— Безовта бўлманг, — деди ўша меҳрибон овоз. — Ўзингизга кеволинг!
Уни кигиздан бўшатишди. Ювилиб, дазмолланган кийимларинитахлаб қўйилган токчадан олиб узатишди. Кийиниб, кўрпачага ўтирди. Ўнида гувиллаб ёнаётган печнинг иссиғи елкасини куйдираман дейди. Шундай эса-да у жойидан қимирлашни истамади.
Иссиқ чой ичишгач, секин мезбондан сўради.
— Қаердаман? Сизни та-танимай турибман?
— Исмим Мўмин. Бу жой Зулмонота қишлоғи. Адашиб қолдингизми дейман, меҳмон?
Тегирмончи ўйга толди. Ҳали шу жойдан қишлоққа ўтгандим-ку. Адашиб яна орқамга қайтибман-да.
— Қорғолиқда йўлни йўқотиб, яна изимга қайтибман. Ўн қишлоқданман. Сизларни ҳам овора қилиб қўйдим.
— Бўп туради, меҳмон. Бизнинг олапарга раҳмат денг. Сизни ўша топиб олди.
Суҳбат қизиди. Гап айланиб-айланиб Камолнинг бу куйга қандай тушиб қолганига тақалди. Шунда у:
— Одамларда оқибат, қадр, меҳру саховат кўтарилиб бораётганга ўхшайди. Бир оғайним… Э, қўйинг-е. Гапиришга ҳам арзимайди, — дея жаҳл билан қўл силкиди.
Мўмин ака мўйловини бураб, ўйланиб қолди ва:
— Сиз гапираётган гаплар бундан юз йиллар олдин ҳам бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Оқибатни инсон аввало ўзидан қидириши керак. Кимгадир таънасиз яхшилик қилсанг, у ҳар қандай тубан одам бўлса-да кўнглида хижиллик уйғонади. Виждони сал бўлса-да қийналади. Э, меҳмон, аслида одамзоднинг ёмони йўқ. Унга зулукдай ёпишган иллат ёмон. Агар иллатдан тозаланса…
Мўмин ака гапларини чертиб-чертиб гапирар, фикрлари тиниқ, равшан эди. Камол тегирмончи ўйланиб қолди. Ичдан ўтганини ўзи билади. Аввало, ўз манфаати деб, Сафаралининг оғирини енгил қилмади. Энди бўлса уни оқибатсизга чиқариб ўтирибди…
Юрагини нимадир тирнаб ўтгандай бўлди.
Уни тушдан сўнг марказга кетаётган қўшнининг «Нива»сига, ҳарқалай яқин бўлади деб, солиб юборишди. Камол ўзини ўлимдан асраб қолган меҳрибон одамларга қайта-қайта раҳмат айтиб, уй олдида унчалик катта бўлмаган, узун думини силкитиб турган олапарнинг кўзида қандайдир маънони кўриб, нигоҳини олиб қочганча машинага ўтирди…
Уйига кириб келганида қоронғу тушиб қолганди. Чўбир отининг бир аҳволда тушиб, ёлғиз кириб келганидан қўрқувга тушган ўғиллар йўлга отланиб туришган экан, уни кўришиб «хайрият!» дегандай енгил тортишди. Қор гоҳ майдалаб ёғар, гоҳ йириклашар, сира тўхтай демасди. Изғирин ҳам тезлашди. Ҳалиям тунги халоскори — Мўмин ака қўярда қўймай яп-янги палтосини кийдириб юборган, «инсон қадри ҳар нарсадан устун, меҳмон, соғлиғингиз керак», деганди. У ич-ичидан Сафаралини сўкиб, гўрига ғишт қалади…
Кийимларини ечаётганда, не кўз билан кўрсинки, белбоғи йўқ. Наҳот шу пайтгача хаёлига келмабди. Мўмин аканинг меҳрибонликлари бежиз эмас экан-да. Ширин сўзлар. Яп-янги палто. Мен довдирни аҳмоққилибди-да. Оғзим қулоғимда келаверибман. Бунча пулни кўргандан кейин албатта шошиб қолади-да. Ҳозироқ бориб…
Қайта кийиниб, ташқарига чиқди-ю иккиланиб қолди. Шамол кучайиб, бўронга айланган, кўз очиргани қўймасди. Кечагиси бунинг олдида ҳеч гапмас.
Уйга қайтиб кирди. Бетоқатланиб ухлай олмади. Уни ўлимдан олиб қолган одам кўзига Хизр бободай кўринган бўлса, энди унга даҳшатли киссавурдай намоён бўла бошлади. Ич-ичидан сўкди. «Инсон қадрига етмай ўл. Эртага қандай бўлмасин бораман. Тонса, милисага бераман».
— Отаси, нега безовтасиз, — хотини қўрқа-писа сўради.
— Балога!
Хотини ортиқ савол беришдан чўчиди…
Бир вақт уйқу аралаш кимнингдир чинқириғини эшитгандай бўлди. Бўрон бунча қўрқинчли увилламаса… Эътибор бермади. Яна ўша овозни эшитди. Қандайдир ит безовта ҳурди.
— Отаси, туринг, кимдир чақиргандай бўлаяпти!
— Лаънати, уйқуям ҳаром бўлди.
Ташқарига чиқди. Кучли шамол қорларни учириб юз-кўзларига урди. Қор ёғяптими ё ердагиларини шамол ҳар тарафга учириб ўйнаяптими, билиб бўлмайди. Тинчликка ўхшайди. Фақат боғ тарафдаги жарликда бир ит тинимсиз ҳуради. «Дайди итлардан бўлса керак»…
Совуқдан жунжикиб, ичкари қайтиб кирди. Милтиллаб турган чироқёруғида элас-элас кўзга ташланаётган хотининингсаволомуз нигоҳига жавобан «Бўронда итлар қутуради», дея тўнғиллади. Кўрпасини бошига тортдию кўзини юмди. Бояги овоз яна бир-икки такрорланди. Сўнгра тинчиб қолгандай бўлди.Бўронми ё бошқа жонзот! Билиб бўлмайди. Бир кўнгли боғҳовлига тушмоқчи бўлди. «Э, бировни совуқда ўлиб кетмасин деб, ажални қайта чақириб олишим қолувди. Кеча ўзи бир ўлиб-тирилганим етар!» Уни қайта мудроқ босаркан итнинг безовта вовуллашини кечаги ўзини қутқарган ит овозига ўхшатгандай бўлди. «Ўлсин, ит зотининг ҳаммаси бир бирига ўхшаб ҳуради!». Ит бора-бора бўрилардек увлашга тушди…
— Камол ака, ў, Камол ака, — аллакимнинг бақиришидан уйғониб кетди. Хотини олазарак, нима қиларини билмас, деразадан ой нури тушиб турарди. Ташқарига шошилди. Икки кундан бери қутураётган бўрон сусайган, осмонда ола чалпоқ булутлар сузиб юрар, ой тоғлар узра қон сачратиб кўтарила бошлаган. Лекин совуқ аччиқ.
Тепа қишлоқлик Зоир почтачи от устида, олазарак боққанча уй олдида турарди.
— Келинг, Зоир ака, тинчликми, бемаҳалда? — Унга яқин борди Камол.
Почтачи индамади. Ўшли кўзларини тикди.
— Анови жойда кимдир… Ўлиб… — Ортиқ гапира олмади. Бўғзига нимадир тиқилгандай тўхтаб қолди. Иккиси шошиб йўлга тушди. Қияликдаги ёлғиз оёқ йўлдан айланиб туша бошлашди.
— Марказдан қайтаётгандим, Тепа қишлоқда олдимдан чиқиб, уйингизни сўради. Отда эди… Кўнглим нотинч бўлиб… Чидолмай… Уйга етганда ортга қайтдим. Сезган эканман… Оти Осилмажарга учибди. У… У чиқолмай… Шунга… Сизга айтай деб…
Зоир ака нафаси бўғзига тиқилиб, шошиб гапирарди. Юзида қон йўқ — оппоқ.
«Бу жарга қиш тугул ёзда тушиб кетган одам соғқолмайди. Соғқолгандаям анча этакдан чиқмаса… Ким экан у?». Тегирмончининг мияси яшиндай ишлаб кетди. Қариндошларини бир-бир кўз олдидан ўтказа бошлади. Ҳарқалай улар уйини билади. Хаёлига келган фикрдан бироз тинчланди. Иккиси қияликдан тушиб, муюлишга бурилди-да, боғнинг ичидаги қор кўмиб юборган сўқмоқ йўлданжарликка яқин келди. Пастда ойнинг хира ёруғида ит изларини кўришди. Ит ниманидир этак томон анча жойгача судраб борган. Тик қияликдан олиб чиқишга уринган, лекин кучи етмаган. Буни қори учиб, музлаган жойлардаги тирноқ изларидан билса ҳам бўлади. Тўхтаган жойда эса…
Камол уни дарҳол таниди. Чамаси ит тишлаб судраганидан бўлса керак палтосининг ёқаси титилиб кетган, телпаги қайдадир тушиб қолган, сочларида тарам-тарам муз қотган, оёққисмини қор кўмиб юборган, очиқ кўксига кўзидан инсонларникидек ёш оқаётган олапар ити бош қўйган, ҳали тирик эканлигини билдириш учунми ўнг қўлини бир-икки ҳолсиз қимирлатиб қўяётган бу одам Мўмин ака эди. Унинг муз қотган чап қўли бармоқлари пул ўралган белбоғни маҳкам чангаллаб турарди…