Саид Анвар. Ота эккан дарахт (ҳикоя)

Қ. Э.га.
Қурбон акани яхши билмайман. Кўпчилик дўстларим ҳам деярли шу фикрда. Билганим, кўришганда «Дарсингни қилдингми?» деб сўрайди. Бу унинг «бола-чақанг тинчми, ишларинг яхшими, кечаги ишларинг битдими», дегани. Хайрлашаётиб ҳам, бўпти яхши бор, соғу саломат бўл, демайди. «Дарсингни қил!» дейди. Яна у киши ҳақида билганим, бировдан ёки унинг қилган хайрли ишидан хурсанд бўлиб кетса, «Боғингга булбул!» деб ҳайқириши…
Қурбон ака билан бирга Фарғонага борадиган бўлиб қолдик. Машинага ўтиргач, мезбон сифатида, фалон-фалон жойларда бўламиз, фалон-фалон акаларни кўрамиз, дея унга гапира кетдим. Водийнинг энг зўр жойларига олиб бориб, оғзини бир очириб қўяй.
— Сен ўзинг Қашқадарёда бўлганмисан? — сўради ака.
— Бормаганман.
— Сени ўзим олиб бораман, — Қурбон ака завқ-шавққа тўлиб сўзлашга киришди. — Қашқадарёжонимда менинг қишлоғим бор. Қишлоқжонимда эса қайрағочим бор — отажоним эккан! Тепаликда, қишлоқ кўринмасдан бурун у кўзга ташланади. Мени кўриши билан япроқларини ҳилпиратиб, «келяпти-келяпти» дегандай бўлиб туради. Шундай бориб қучоқлайман, «Омонмисан, отам эккан қайрағоч» деб ўпаман! У ҳам шохлари, новдалари билан мени қучгандай, елкамга қоққандай, япроқлари билан юзларимни сийпалагандай бўлади! Оҳ, менинг қайрағочжоним! Боғингга булбул!
Биласанми, отам оламдан ўтган йили таътилга борсам, қайрағоч қуриб қолибди! Шохларида — тириклигидан нишона йўқ! Йиғладим! Тўлиб-тўлиб йиғладим — отам ўлганда ҳам бунчалик йиғламагандим! Укам юпатди, опам юпатди, ўртоқларим юпатди…
Остини ковлаб, бир ой сув қуйдим! Япроқларига тикилиб бир ой ётдим! Бир ой Худога илтижолар қилдим! Мўъжиза рўй берди, укажоним, мўъжиза: қайрағоч барг ёзди! Отам эккан қайроғоч кўкариб кетди! Ҳозиргача кўкариб турибди! Бу йил олтмиш бир ёшга кирди қайрағочим!
Отам ғалати табиатли инсон эди. Адирда ер очиш, боғ қилиш билан қишин-ёзин овора бўларди. Битта дарахти кўкарса ёки гулласа, у раҳматлига байрам эди. Учраган одамни қучоқлаб олиб ўпарди, «Кўкарди, гуллади!» дея ҳаяжонини босолмасди. Қуриган, синган дарахтларни кўрса, чиройли қилиб, арра билан ғўла қилиб кесарди, қишлоққа олиб келиб, уйма-уй юриб тарқатарди. Одамлар унинг бу феълини кўриб «Девонароқ-да», деб қўйишарди. Лекин отам бунга асло эътибор қилмасди. Охирги еттита ғўла тарқатилмай қолиб кетди. Етти дона. Биз етти фарзанд эдик: уч ўғил, тўрт қиз. Отам тўсатдан қазо қилди. Қишлоққа газ келди — ёқилмай қолиб кетди. Отамнинг қўли теккан ғўлалар!
Қишлоққа боришимни эшитишгач, укаларим ана шу ғўлаларни омбордан олиб чиқиб, отам эккан қайрағоч остига териб қўйишади. Уларга ўтирамиз. Тепамизда отам эккан қайрағоч, япроқлари қўшиқ айтади.
Бу йил баҳорда борсам, қайрағочнинг остидан янги ниҳоллар ўсиб чиқибди! Етти дона! Биттасини сенга бераман — отам эккан қайрағоч Фарғонада ҳам кўкарсин! Ҳе, боғингга булбул!
Қурбон аканинг ҳикоясини тинглаб, манзилга етганимизни ҳам сезмай қолибмиз. Эшик оғзида кутиб олувчиларни кўриб, кўнглим кўтарилди. Амаким, акам, укаларим… Уларнинг сафида маҳалла оқсоқолини кўриб бироз ажабландим, йўл-йўлакай киргандир-да, деб унча парво қилмадим.
Ўтириш яримламай, оқсоқол мени четга тортди.
— Чинорни кесмоқчи эдик, Мухтор ака сендан рухсат сўраш кераклигини айтди, — деди чинор томонга ишора қилиб. — Масжиднинг полига тахта қилишмоқчи…
Мен ҳамон Қурбон ака ҳикоясининг таъсирида эдим.
— Кесаверинглар! — дедим алам билан.
— Биздан яшириқча нима гаплар бўляпти? — ҳазил аралаш охангда сўради Қурбон ака амаким билан сўзлашганча бизга яқинлашаркан.
— Бунинг дадаси раҳматли, — амаким тушунтира кетди, — қабристон атрофига Андижондан яқин беш юз туп чинор олиб келиб эктирганди. Азбаройи қабристонни обод қилиш учун. Чинорлар буюм бўлгач, масжид қурамиз дейишиб, маҳалла эҳтиёжи учун кесиб ишлатиб юборишди. Дадасидан эсдалик бўлиб, битта, бир донагина чинор қолди масжид ҳовлисида! Шуни чоллар, «Экканга ҳам савоб, кесганга ҳам савоб», дейишиб, масжидга пол қилишмоқчи!
— Чинор кесилмайди! Бу рухсат берса ҳам, — ака менга қўлини бигиз қилди, — мен рухсат бермайман! Кесган одамнинг калласини оламан! Шундай деб айтиб қўйинглар ўша чолларингга! Бу гапни ким айтди деса, отасининг қайрағочи бор Қурбон чинорий айтди денглар!
Биров бир сўз демади.
— Чинорни кесаверинглар дейсан?! — ака менга яна юзланди. — Отангнинг қўли теккан чинорни-я! Юртим дейсан, ватанпарварлик деб кўкрагингга урасан, кесаверинглар эмиш! Сен томошабин бўлиб тураверасан! Тўрт юзу тўқсон тўққизтаси кесилиб кетибди, сен қараб туравердингми, қанақа ўғилсан ўзи!? Бундай бузғунчилар, бугун чинорни кесишади, эртага отанг қурган иморатни портлатишади, индинга отанг ётган қабрни ковлаштиришни бошлашади! Қарабсанки, отангдан ном-нишон йўқ!
Сигаретни чуқур-чуқур тортдим, аммо Қурбон аканинг кўзига қаролмадим.
Ака поли чала-чулпа артилиб, деворда осилган гилам олиниб, ерга солиниб, устига уч-тўртта кўрпача ташланган — биз меҳмонларга аталган хонага кириб кетди.
Мезбонлар билан шунчаки хайрлашдик. Хонага кирганимда Қурбон ака ухламаганди: тескари томонга ўгирилиб, кўрпани устига тортди.
— Бирор нарса керак эмасми? — деб сўрадим.
— Дарсингни қилдингми? Ухла! — деди саволимга жавобан.
Ухладим. Тушимга Чингиз оғанинг «Биринчи муаллим»идаги қўш дарахт кирибди. Улар шамолда тебраниб, чапак чаларди. Лекин дарахтларнинг қарсаклари мени масхара қилаётгандай эди.
Эрталаб Қурбон акани ҳовлидаги арчага тикилганча чўнқайиб ўтирганини кўрдим. Ёнида укаларим.
— Мана шу томонда кимнинг уйи бор? — сўради у қўли билан ишора қилиб.
— Мени, акамни, — укам жавоб қилди.
— Энди мана бу арчага қара,— Қурбон ака укамга ишора қилди. — Шохларига қара — бармоқларга ўхшайдими? Арча қучоғини ёзиб сизлар томонга талпинаётганга ўхшамайдими?
Арчага ҳайратланганча тикилиб қолдик. Дарвоқе, арча ака айтган ҳолатда турарди. Биз сўзсиз эдик.
— Отанглар, «Ўғилларим, мени унутмадиларингми? Сизларни жуда-жуда яхши кўраман!» демаяптими? — деди яна Қурбон ака.
— Деяпти! — деди укам юзига юмалаган ёшни артаркан.
— Шу арчанинг бир япроғи узилса, битта шохи синса, унга бир гард юқса — отангнинг юзига лой чаплаган, номини унутган бўласанлар — ота эккан дарахт бу! Оталаринг бу! Чинор билан арча сизларнинг биродарларинг, укаларинг. Уларни ҳам оталаринг эккан! — Қурбон ака ҳар бир сўзини таъкидлаб айтди-да, нари кетди.
Биз — ака-укалар, мезбонлигимизни ҳам унутиб, арчага тикилганча узоқ туриб қолдик.