Саид Аҳмад. Қовун туширай дебман-ку! (ҳажвия)

Миртемир домла кейинги пайтларда яхши эшитмайдиган бўлиб қолгандилар. Туйғун деган шоир вафот қилган куни жанозага машинасиз борақолай, деб кўчадан такси тўхтатдим. Қарасам, таксида домла Миртемир бир қучоқ гул кўтариб ўтириптилар. Аввалига, китобхонлар билан учрашувдан келяптилар, деб ўйладим. Аммо ёнларидаги ўриндикда бир коробка «торт» билан тўрхалтада иккита коньякни кўриб ҳайрон бўлдим.
— Йўл бўлсин, домла? — дедим.
— Туйғунникига. Союздан телефон қилиб соат иккида Туйғунникига келинг, дейишди. Тўйга қуруқ бормай, деб магазиндан у-бу олдим.
— Домла, — дедим, — Туйғунникида тўй бўлаётгани йўқ. Бечора бандаликни бажо келтирипти. Пешин намозида жанозаси ўқилади.
— Ия, ия, оз бўлмаса қовун туширай депман-ку. У шундай деб, шофёрнинг елкасига қўлини қўйди.
— Бўтам, орқага қайт. Манавурларни уйга ташлаб, кейин борамиз. — Сўнг домла менга ўгирилиб: — Жанозадан кейин бизникига келамиз. Икковимиз манавуларни ичиб, Туйғуннинг «поминка»сини ўтказамиз, — деди.