Саид Аҳмад. Қайтиб бермасанг ҳам майли (ҳажвия)

Туйғун Ёзувчилар уюшмасида партком секретари эди. Ўша кезлари ёзувчилар пайдар-пай қамалиб турган пайт.
Собир Абдуллани «Алпомиш» пьесаси учун нари обориб, бери опкелиб турган эдилар. Собир ака ана олиб кетади, мана олиб кетади, деб кечаси кийимини ечмай, тайёр бўлиб, тиқ этса эшикка қулоқ солиб ётарди.
Союздан секретар ўрис хотин телефон қилиб эрталаб соат ўнга зудлик билан ўртоқ Туйғун Шукуржоновга учрашинг, деб хабар килди.
Собир ака Саодат опа билан, бола-чақалари билан, кўришолмай қолсак хайр энди, деб ҳаллослаганча уюш-мага етиб келди. Қабулхонада бир соат ўтирди, икки соат ўтирди, уч соат ўтирди. Туйғун у ёққа ўтади, индамайди, бу ёққа ўтади, индамайди. Охири, тоқати тоқ бўлган Собир Абдулла эшикни очиб қўрқа-писа ичкарига мўралади. Туйғун:
— Киравер, Собир. Бу ерда нима қилиб юрибсан? — деб сўради ундан.
— Соат ўнга чақирган экансан. Нима гап, тинчликми? Очиғини айтавер, ҳаммасига тайёрман.
Туйғун унинг гапларига тушунмай хайрон эди.
— Айтавер, айтавер, нима гап?
Туйғун узоқ ўйлангандан кейин гапи ёдига тушди:
— Ҳа, энди эсимга тушди. Рўзғорга пул қолмаяпти. 50 сўм қарз сўрамоқчи эдим. Шунга чақирдим. Ойлик чиққанда қайтариб бераман.
Собир ака севиниб кетди. Ёнидан бир даста пул олиб столга ташлади.
— Шу икки юз сўмнинг ҳаммаси сенга. Қайтиб бермасанг ҳам майли.
У шундай деди-ю, тезроқ уйга бориб, бола-чақаларини тинчитиш учун хонадан ўкдек отилиб чиқиб кетди.