Саид Аҳмад. Мени кечиринг (интермедия)

Э р г а ш (секретарга.) Ёнимга ҳеч кимни киритманг. Бошқармага отчёт тайёрлаяпман. (Кириб кетади.)
Ҳ а с а н (киради.) Хўжайин ўзларидамилар?
Секретарь. У киши бугун ҳеч кимни қабул қилмайдилар. Бошқармага отчёт тайёрлаяптилар.
Ҳ а с а н . Икки оғизгина гап холос. (Секретарнинг қаршилигига қарамай эшикни очиб киради.) Ассалому алайкум. (Эргаш бош кўтармайди.) Аҳволлар яхшими, хўжайин. Бола-чақалар, жияну жиянчалар, қуда-андалар…
Э р г а ш . Гапни қисқа қилинг. Ишим тиқилинчроқ. Айтинг нима гапингиз бор.
Ҳ а с а н . Шошманг, хўжайин. Аввал бир ҳол-аҳвол сўрашволайлик.
Э р г а ш . Гапнинг лўндасини айтақолинг, шошиб турибман.
Ҳ а с а н . Мен аҳмоқни кечиринг. Нодонлик қилдим.
Э р г а ш. Сизни танимай турибман.
Ҳ а с а н . Ия, ия, наҳотки танимасангиз? (Ўзича гапиради.) Устомонлик қиляпти. Икки дунёда кечирмайди, бу аблаҳ. Хўжайин кечириб қўяқолинг. Айб менда.
Э р г а ш . Қанақа айб экан. Билмайроқ турибман.
Ҳ а с а н (ўзича). Билмас эмиш-а. Қўйиб берса хап этиб, еб қўйишга тайёрсан, аблаҳ!
Э р г а ш . Бўладиган гапни гапиринг. Қанақа айб қилгансиз?
Ҳ а с а н . (ҳў… тулки. Билмас эмиш-а). Менга қаранг, хўжайин. Ўша куни мени анаву аблаҳ Садир амаки йўлдан урди. Хўжайиннинг таги қимирлаб турибди, сен ҳам битта-иккита тош отиб қол. Бир нимали бўлиб қоласан, деб лақиллатди. Мен аҳмоқ, мен дуррак ўша аблаҳнинг гапига кириб Сизни танқид қилдим-а. Шундоқ бегуноҳ париштадек беозор, сиздек тиниқ одамга лой чапладим-а. Леонарда Винчими, Маҳтумқулими қайси бири: «сичқоннинг ўлгиси келса, мушук билан ўйнашади», деб айтган экан, мен аҳмоқ, мен дуррак сиздек олижаноб мушук билан ўйнашаманми! Ҳозир олдингизда ўзимни чавақлаб ташлайман?!
Э р г а ш . Йўқ, йўқ, унақа қила кўрманг. (Ўзича.) Нима бало деб танқид қилган экан, асло эслаёлмаяпман.
Ҳ а с а н (эслаёлмайсан-а, эслаёлмайсан. Пайт пойлаб теримни шилиб, сомон тиқасан, ярамас). Жон, хўжайин, кечириб қўяқолинг.
Э р г а ш (диққат бўлиб). Кечирдим, бемалол уйингизга кетаверинг.
Ҳ а с а н . Ростданми? Астойдил айтяпсизми?
Э р г а ш . Ҳой биродар, ишим мана шундоқ тиқилинч. (Қўлини кекирдагига арра қилиб кўрсатади.)
Ҳ а с а н . Кетаверсам бўладими? Бемалол кетаверайми?
Э р г а ш . Э, эзма бўлмай ўл! Бемалол кетаверинг!
Ҳ а с а н . Хўп бўпти. Кетдим. (Чиқиб кетади.)
Э р г а ш . Бу эзма чурук ким ўзи, қачон, нима деб танқид қилган экан? Сира эслаёлмайман. (Қоғозларни титкилайди.) Иккинчи квартал бир юз уч, учинчи квартал бир юз саккиз…
Ҳ а с а н (эшикни очиб мулойимлик билан киради). Бир оғиз гап чала қопти, хўжайин. Петр Первийми, Девонайи Машрабми биттаси айтган экан «Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан». Мен аҳмоқ, мен дуррак, сиздек олий зот арбоб билан ўйнашиб юрибманми-я. Ҳар бири тилла баҳосига тенг келадиган, гавҳардан қиммат сўзларингизни эшитиб, то трамвай остановкасигача ўй-ўйлаб, донолигингизга тан бериб бордим. Аммо трамвайга оёқ қўйишим билан лоп этиб бир гап эсимга тушди-ю, оёғимни қайтариб олиб яна шу тарафга, нурли ҳузурингизга қайтдим.
Э р г а ш (оҳ уриб юборади). Тағин нима гап бўлди?
Ҳ а с а н . Ҳамма гапингиз тилло. Сиздан брилянтдек сержило, гавҳардек нурли, асалдек ширин гап чиқишини биламан. Аммо қўлингизни манавундек қилиб (кекирдагига арра қилиб кўрсатади) кўрсатганингизни тушунмадим. Нима, мени бўғизламоқчимисиз? Мени-я? Мени саккизта болам бор. Қари ота-онам бор. Бир қизим тўрт боласи билан эридан ажралиб уйимга келиб ўтирибди. Қайнатам ўрнидан туролмайди. Кечаси икки марта туриб кўрпатўшагини янгилайман. Хўш, мени бўғизлаб шунча боламни ўзингиз боқасизми? Қайнотамни тўшагини икки маҳал янгилайсизми? Хўш, гапиринг. Ундан кўра мени кечириб қўяқолсангиз бўлади-ку. Мен аҳмоқни, мен дурракни кечириб қўйсангиз бўлади-ку.
Э р г а ш (тоқати тоқ бўлиб). Кечирдим. Минг марта кечирдим, биродар.
Ҳ а с а н . Шунақа деяпсиз-у гапингиз астойдилга ўхшамаяпти.
Э р г а ш . Ҳой барака топкур, бундан бошқа қанақа қилиб кечирай?
Ҳ а с а н . Овозингиз сал титраброқ чиқяпти-да. Астойдилга ўхшамаяпти. Ундан ташқари башарангиз ҳам унчалик майин бўлмаяпти.
Э р г а ш . Кечирдим, кечирдим, кечирдимм…
Ҳ а с а н . Бари бир кечирганингиз билинмаяпти.
Э р г а ш. (ҳолдан тойиб). Кечирдим!!! Йўқол! (Ўзидан кетиб йиқилади).
Ҳ а с а н (тепасига келиб). Кечириши ўхшамасаям йиқилиши ўхшайди. Ҳозир дўхтир чақираман. Тирик қолса кечирмагунча қўймайман. Мабодо ўлгани рост бўлса, алвидо!!