Саид Аҳмад. Жаноза (ҳажвия)

Зокиржон маданият уйининг мудирига учрашди.
— Ука, кечаси кинодан чиқадиганлар ариққа тушиб кетишяпти. Кўприк қурдириб қўйсангиз бўлмайдими?
— Хўп бўлади.
Мудир хўп бўлади, деб қўйди-ю, кўприкни қурмади. Зокиржон яна учрашди.
— Ука, кўприкни қурмадингиз-ку. Арзимаган нарса, иккита тахта-ю, тўртта қозиқ билан бўладиган гап.
— Бўпти, боплаймиз.
— Гапингизга ишонмай қўйдим.
— Уч кунда бўлади.
— Ростми?
— Оббо, ишонмас экансиз-да, агар ўлиб қолмасам, уч кунда битади, эшитяпсизми, ўлиб қолмасам. Всё!
Шу гапга ҳам ўн кун бўлди. Аммо мудир кўприкни қурмади. Зокиржон уни қидириб борган эди, тополмади. Ҳайрон бўлиб чиқиб келаётганда Салимжон деган мухбир ошнасини учратиб қолди.
— Ҳа, Зокиржон, нима қилиб юрибсиз? Қаёқдан келяпсиз?
— Э, ука, бошимизга кулфат тушиб қолди. Маданият уйининг мудири ўлиб қолди. Жанозадан келяпман.