Саид Аҳмад. Ҳиндча қўшиқ (ҳажвия)

(Соддалар ўқимагани маъқул)

Ит кимга дўст —
Эгасига дўст.
Халқ ибораси

Қосимжон машинани гаражга киритиб, дарвозанинг уч жойидан қулфлаб калит ўйнаб келаркан, учинчи йўлак олдида болаларнинг чиройли бир итни силашаётганини кўрди. Ит ҳуш ёққанидан ҳузур қилиб, кўзларини юмиб олган. Ўриндиқда ўтирган шоп мўйловли, лўлига ўхшаган давангирдек йигит дастрўмол билан кўзларини артиб йиғларди. У анча вақтдан бери йиғлаётган бўлса керак, қовоқлари қизарган, дастрўмоли жиққа ҳўл эди.
— Бу кимнинг ити? — деди Қосимжон.
Болалар йиғлаб ўтирган кишини кўрсатишди. Қосимжон бу лўли бечоранинг бошига ташвиш тушганга ўхшайди, деб ёнига бориб ўтирди.
— Нима бўлди, дўстим? — деди меҳрибончилик қилиб.
Лўли жавоб бермади. Қосимжон ҳадеб сўрайверганидан кейин ҳиқиллаб тилга кирди.
— Э, ака, менинг бошимга тушган мусибат ҳеч бир мўминнинг бошига тушмасин. Бу дунёда мен яккаи ягонаман. Бизнинг Молдавияга немис фашистлари яқин қолганда мен тўрт ёшли бола эканман. Катталар партизанликка кетишибди. Биз бечораларни буёққа эвакуация қилишган. На отамни биламан, на онамни. Детдомда менга Фармон деб от қўйишган экан. Шунча йиллар ўтди. Мен ўзимни лўли деб юрган эдим. Бу дунёда менинг бор-йўқлигимни суриштирадиган одам бўлмаган. Яқинда мени Ташқи ишлар вазирлигига чақириб, ота-онам борлигини, улар Руминияда яшаётганликларини, асли отим Алеко эканини айтишди. Руминиядан менга виза келди. Индинга Москва орқали Бухарестга учаман. Бу хушхабардан бошим осмонга етди. Ота-она дийдорига зор эдим.
— Итингизни ҳам олиб кетмоқчимисиз? — деди Қосимжон.
— Йўқ, ака, сиз ўрис шоири Турғуневнинг «Муму» деган шеърини ўқиганмисиз? Ўшанда бир соқов ўрис итини сувга чўктиради. Мен буни сувга чўктиролмайман. Бу менинг энг яқин дўстим. Ит бўлса ҳам одамнинг гапини тушунади. Иш буюрсам югуриб бориб, бажариб келади. Ишонмайсизми, мана кўринг.
— Геббелс, — деди у итга қараб. Ит ўгирилди. — Чекким келди, дўстим.
Геббелс болалар қуршовидан чиқиб Фармоннинг олдига келди. Фармон икки бармоғини лабига босиб, худди папирос чекиб тутунини пуфлаётган ишорасини қилди. Ит тушунди. Тротуар бўйлаб ер ҳидлаб кетаверди. Нариги йўлак олдида тўхтади. Ерда ётган чала чакилган сигарета қолдиғини беозор тишлаб, орқасига қайтди. Фармон унинг бошини, бўйнини силаб сигаретани олди. Гугурт чақиб тутатди.
Ҳамма ҳайрон. Бу ит чинакамига гапга тушунар экан. Фармон унга ёт, дамингни ол, деди. Геббелс қорнини ерга бериб, узатилган олдинги оёқлари устига иягини қўйиб кўзларини юмди.
Болалардан бири сўради:
— У қанақа тилга тушунади, ўзбекчаям биладими?
— Кўп тилларга тушунади, ўрисчаям, испанчаям тушунади.
Геббелс ит эмас, бало экан.
— Нима қилмоқчисиз? Ё сотасизми?
Фармон бош чайқади.
— Геббелсни уёққа олиб кетиб бўлмайди. Минг хил исправка керак. Сотишга кўзим қиймайди. Итнинг қадрига етадиган одам топилса, текинга бериб кетардим.
Фармон қидираётган одам шу топда унинг ёнида ўтирган эди.
— Мен олай, — деди Қосимжон. — Кўпдан шунақа итни орзу қилиб юрган эдим.
Иккинчи қаватнинг айвонида панжарага бағрини бериб турган ёшгина жувон гапга аралашди:
— Агар шу итни оладиган бўлсангиз, гаражда боқасиз. Уйга киритмайман, — деди.
У Қосимжоннинг хотини Анзират эди. Зум ўтмай пастга тушиб эрини четга тортди.
— Ўйлаб қарасам, битта ит керак экан. Ўн еттинчида Ҳасан билан Ҳусаннинг туғилган куни. Мактаб-интернатдан келишганда шу итни совға қиламиз. Лўли пул олмайман, деяпти, ундоқ бўлса уйга обкиринг,овқат тайёр. Иссиққина еб олсин.
Қосимжон Фармонни қўярда-қўймай уйга олиб кирди. Геббелс ҳам унга эргашиб уйга кирди. Қосимжон кириши билан боятдан бери кўтариб юрган бир даста калитни телефон столчасига ташлади. Меҳмонни ўтиришга таклиф қилиб, ўзи ечингани ичкари хонага кирар экан, етимлик, мусофирлик бечорани шу куйга солган бўлса керак, деб ўйлади.
Чиндан ҳам у жуда уятчан, бировнинг бетига тик қарамайдиган андишали лўли экан. Хижолатдан бошини кўтармайди. Дастурхон попугини ҳимариб, жимгина ўтирибди. Анзират булғор қалампирига қийма тиқиб димлаган экан, бир лаган қилиб ўртага қўйди.
У қиймага гўшт шилганда елим халтага тўрт-бешта суякни солиб қўйган эди. Иккитасини чети учган тарелкага қўйиб олиб чиқди. Геббелснинг тумшуғи олдига қўйди. Ит қарамади. Фармон еявер Геббелс, дегандан кейин ит суякларни оёқлари орасига олиб ғажий бошлади.
— Жиндак-жиндак қиламизми? — деди Қосимжон.
— Умримда оғзимга олмаганман, — деди Фармон ердан кўзини узмай.
Овқатдан кейин чой ичишди. Фармон жавон олдига келиб, китобларни кўра бошлади.
— Китобни яхши кўрар экансиз, — деди Қосимжон.
— Китобнинг садағаси кетсанг арзийди, — дея жаҳон адабиётининг икки юз томлигига ҳавас билан боқди. — Китоб инсонга устоз. Уни ўқиган одамдан ёмонлик чиқмайди.
Фармон кетар олдида Геббелсни бағрига босиб, бўйинларини силади. Тумшуғидан ўпди.
— Сен энди шу ерда қоласан, Геббелсгинам. Энди бир умр кўришмаймиз.
Унинг кўзида ёш кўрган Геббелс оёқларига суйкалди. Сакраб елкаларига осилди. Фармон ундан кўз ёшларини яширмоқчи бўларди-ю, эплолмасди. Охири, жаҳл билан эшикни очди-ю шарт чиқиб кетди.
Айрилиқ ёмон нарса. Ҳеч бандаи мўминни айрилиқ кўйига дучор қилмасин. Бир умр кўз олдида туриб қолади.
Анзират яхши оилада тарбия кўрган аёл эди. Жонли-жонсиз нарсаларнинг ҳаммасини сизларди. «Дўконга гўшт кептилар», «Қор ёғаяптилар», «Электр ўчдилар» дерди.
Эр-хотин ичкаридан эски бир адёл опчиқиб, тўрт буклаб, балконнинг бурчагига жой қилишди. Қолган овқатларни эски пачоқ алюмин товоқчада олиб чиқишди. Худди азиз меҳмонга, жой тайёр, ётасизми, дегандек итни айвонга таклиф қилишди. Ит худди илгарилари ҳам шу жойда ётиб юргандек, тўппа-тўғри бориб, адёлга қорнини бериб ётиб олди.
Эр-хотин телевизор кўришди. Алламаҳал бўлганда Анзират итдан хабар олгани чиқиб, қайтиб кириб кетди. Ичкаридан, ит ётибдилар, дегани қулоққа чалинди. Чироқ ўчди. Бирон соат вақт ўтмай йўғон-ингичка хуррак товушлари келди…
Кўчадан эл оёғи узилди. Ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди.
Пастда бир маст одам ҳиндча қўшиқ хиргойи қиларди.
— Овараху… Овараху…
Геббелс ўрнидан туриб, панжарадан пастга қаради. Фармон унга қараб қўнғироқ чалаётгандек қилиб қўлидаги калитларни шилдиратиб кўрсатди. Геббелс тушунди. Ичкарига кириб телефон стулчаси устидаги калитларни эҳтиёт қилиб, овозиниям чиқазмай олиб чиқди-да, пастга ташлади. Фармон илиб олди. Тахминан ярим соатча вақт ўтиб бояги ҳиндча қўшиқ эшитилди:
— Овараху… Овараху…
Геббелс яна пастга қаради. Фармон бояги шода калитни отди. Геббелс оғзида илиб олди-да, аста кириб телефон олдига қўйди. Ана шундан кейин у хотиржам бўлиб ўрнига ётди.
Эрталаб Қосимжон Геббелсдан хабар олди. Ит бош кўтариб унга қаради. Қосим ичида, ҳа жонивор, ухламабсан-да, деб қўйди.
Шундан кейин у тошойнага қараб соқолини олди. Сочларини таради.
Ишга кетаётганида хотинининг лабидан ўпиб, Геббелсга қўл силтаб чиқиб кетди.
Орадан беш дақиқалар чамаси ўтиб-ўтмай ҳовлиқиб унга кирди.
— Анзират, Анзират!
Унинг овози жуда хунук эди. Хотини қўрқиб кетди.
— Сизга нима бўлди?
— Мошина, мошина, — деди у энтикиб. — Бизни худо урипти, хотин. Мошина йўқ, ўғри опкетибди!
— Вой, нега йўқ бўлар экан? Дурустроқ қарадингиз-ми? Кеча нима дегандим. Ит гаражда ётсинлар, демаганмидим… Яхшилаб қулфлаган эдингизми?
— Бир эмас, учта кулф урган эдим. Энди нима қиламан?
— Қулф жойида туриптиларми?
— Кўп жоврайвермагин, қандоқ қулфлаган бўлсам, ўшандоқ турипти. Мошина учиб кетмагандир… Мелисани телефони қанақа эди?
— Мен қаёқдан билай? Мелисага ишим тушмаган бўлса. Китобчани қарайми?
У шундай деб, телефон ёнида ётган китобчани очиб парақлади.
— 02 эканлар.
Қосимжон ҳовлиқиб мелисага телефон қилди. Кимлигини айтди. Қанақа мошинлигини айтди. Номерини айтди. Улар ҳозир борамиз дейишди.
Гўёки мелиса гаражга ундан олдин етиб келадигандек ҳовлиқиб чиқиб кетди. Барибир салкам икки соатдан кейин етиб келишди. Гаражга аввал мелиса итини киритишди. Ит дарров қайтиб чиқди. Капитан гараж ичига кириб, ит ҳид ололмайди, ерга бензин тўкиб кетибди ярамас, деди. ГАИ ходими, қулфларни текшириб кўрди. Биттаси жуда антиқа қулф экан, ҳайрон қолди.
Қосимжон бу қулфни Сочида бир денгизчидан сотиб олганини айтди. Мамлакатимизда бошқа бунақа қулф йўқ.
Анзират ҳам гапга аралашди:
— Бунақа қулф биттайдилар. Калитлари ҳам битталар.
— Барака топкур, синглим, бирпас жоврамай туринг. Миям ачиб кетди, — деди мелиса майори.
У шундай деб Қосимжондан мошинанинг ранги қанақалигини, бирон жойи қирилганми, пачоқ бўлганми, умуман, бирон ерида белгиси бормиди, деб сўради. Қосимжоннинг жавобларини дафтарига ёзиб олди.
— Энди бундай қиламиз, манави учала қулфни олиб кетиб, экспертизадан ўтказамиз. Уч кундан кейин мелисага бориб учрайсиз, — деди майор.
Ёнбошида қизил жияги бор мошин жўнаб кетди. Қосимжон гараж дарвозасидаги учта илгакни сим билан боғлаб, афсус-надоматлар билан уйга қайтди.
Оёқ товушини эшитган Геббелс эшик томон ҳура бошлади. Эшик қулфида калит тиқирлаганида, безовталаниб акиллади. Эшик очилди. Геббелс думини ликиллатиб Қосимжоннинг туфлиларини ялади. Анзиратнинг атрофида гир-гир айланди. Қосимжон унинг бўйинларини маъюс силади.
Қосимжон кеча хотинининг гапига кириб итни гаражга киритиб қўйганда бунчалик кўргиликлар бўлмасди. Айб ўзида бўлганидан Қосимжон хотинининг кўзига қараёлмасди. Нима бўлди? Яп-янги мошин эди. Уни яйрабгина минмаган ҳам.
Дам олиш куни Ҳасан-Ҳусанларни мактаб-интернатдан опкелиб далаларга опчиқиб ўйнатмоқчи эди. Шунча пуллик нарса бир кечада йўқ бўлди-қўйди.
— Хотин, — деди у, — ўзимиз билан ўзимиз овора бўлиб Геббелс бечорага овқат ҳам бермапмиз.Товоғига бир нима солиб қўй, еб олсин.
— Ташвиш тортманг, итимиз овқат еганлар. Бир коса сутга нон бўктириб берганман.
— Бўлмаса мен бирров ишхонамга бориб келай. Сен уйда ўтиратур. Қолган-қутган нарсаларимизни ҳам ўғри шилиб кетмасин.
— Ҳой, шошманг. Менам ишга бориб келаман. Ташвиш қилманг. Уйда ит борлар.
— Тақинчоқларингни эҳтиёт қил. Кўр ҳассасини бир марта йўқотади. Маҳаллага ўғри оралапти. Тақинчоқларингни ҳам боплаб кетишмасин. Ўғри бир марта кирган уйига иккинчи қайтиб кирмайди, деган гапга ишонма. Ўғрида инсоф нима қилади.
Анзират тортмадан тилла билакузукларини, марваридларини, зирагу узукларини шошиб олди-да, стулга қўйди. Ҳаммаси жойида. У тақинчоқларини рўмолчага тугиб жавон устидаги самоварнинг ичига солиб қўйди.
Энди бу нарсаларини одам тугул қуш ҳам тополмайди, деб қўйди.
Иккови ишга жўнаб кетишаркан, Қосимжон уларни кузатгани йўлакка чиққан Геббелснинг бошини силади.
— Хўжайин, энди буёғи ўзингизга қолди. Ҳушёр бўласиз-да, — деди.
— Овқатингизни товоққа солиб қўйганман, — деди Анзират. — Бўкмасдан енг.
Ит ҳамма гапга тушунгандек бош эгиб тураверди. Ана шундан кейин эр-хотин жанозага кетаётгандек ғамгин бир алпозда чиқиб кетишди.
Орадан ярим соатча вақт ўтди. Геббелс балконда ётибди. Унинг ўйчан кўзлари нима ишлар қилсам бўларкин, деган маънони англатарди, пастдан ҳиндча қўшиқ эшитилди:
— Овараху… Овараху…
Ит югура солиб бир сакраб жавон устига чиқди. Самоварни тутқичидан тишлаб ётқизди, тугунчани олди. Тишлаб гилам тўшалган полга сакради. Кўчада Фармон уни кутиб турарди. Геббелс тугунчани отди, у илиб олди.
Бугун Қосимжоннинг бормаган жойи қолмади. Шаҳар мелисаси бошлиғига учрашди, прокурорга борди. Бир юрист ўртоғиникига бориб маслаҳат солди.Шаҳар ҳокимининг қабулхонасида икки соат ўтириб, киролмади. Ҳориб-чарчаб қайтиб келаётганида тоғаси учраб қолди.
Қосимжон мошин олаётганда тўрт минг сўм пули етмай тоғасидан қарз олган эди. Атайин қилгандек, тоғаси қизини чиқазадиган бўлиб қопти. Пулини қистади. Қосимжоннинг ранги бўзга ўхшаб оқариб кетди. Хўп, хўп, эртага етказаман, деб хайрлашди.
Чарчаб, қорни очиб, уйга келса, хотини овқат қилмапти. Ишхонасидаги буфетдан ўнта пирожки олиб келган экан, олдига қўйди.
— Геббелсга бердингми? — деб сўради Анзиратдан.
— Тўрттасини еб олдилар, — деди у бир итга, бир эрига қараб.
Қосимжон тоғасининг пул қистаётганини хотинига қандоқ қилиб айтади! У лабларини қоғоз сочиқ билан артаркан, хотинига ёнимга ўтир, деди.
— Менга қара, тоғам қизини чиқазадиган бўлиб қопти. Шунга…
Унинг гапи оғзида қолди. Анзират сакраб туриб кетди. У ёқдан-бу ёққа юраркан, вой ўлай, вой ўлай, деб жоврарди.
— Менга қара, ҳовлиқма, одамнинг бошига бундан ҳам оғир мушкуллар тушиши мумкин. Бизга нима бўпти. Куч-қувватимиз бор, ишлаб топамиз. Сенга «Жигули» экан-ку, «Волга» олиб бераман. Уч фоизлик заёмимиз бор эди. Шуни опчиқ.
— Сотасизми?— деди хотини.
— Бошқа иложи йўқ. Жами беш минг сўмли заёмимиз бўлиши керак. Тўрт мингини бериб қарздан узиламиз. Ҳасан-Ҳусанлар туғилганда тоғам саккиз юз сўмлик гилам совға қилган эдилар. Ҳозир ўша гиламлар уч ярим минг сўмдан сотиляпти. Биз ўша қолган минг сўмни тўёнага қайтарамиз.
— Икки қўлимизни бурнимизга тиқиб қолаверамизми? Хонавайрон бўлдик-ку.
— Ҳовлиқма, ўзингни бос! Ўлимдан бошқасининг чораси топилади. Ишқилиб, ўлим бўлмасин. Қўшалоқ ўғлонларимиз омон бўлишсин. Опчиқ ўша заёмларни.
Хотин бир даста заёмни ўлик кўтаргандек мотамсаро юриб олиб чиқди. Қосимжон санаб, стул четига қўйди.
— Ютуқ-путуқ чиқмаганмиди? — деб сўради у ютуқ чиқмаганини билса ҳам эҳтиёт шартдан.
— Э, ўлсинлар, ўн бир йилдан бери бир тийин ҳам чиқмайдилар.
— Обориб телефон тагига бостириб қўй. Тонг отмай олиб боришим керак. Эрта азонда қўй бозорига бораман, деяётган эди.
Анзират заёмларни газетага ўраб, телефон тагига бостириб қўйди.
Иккови ниҳоятда чарчашган эди. Ётишдию ухлаб қолишди. Геббелс тиқ этса бошини кўтариб, ниманидир кутиб ётарди. Ниҳоят тун ярмида пастдан ҳиндча қўшиқ эшитилди:
— Овараху… Овараху…
Геббелс ўрнидан туриб телефон томонга қараб юрди…
Қосимжон билан Анзиратнинг эрталабки аҳволини тасвирлайдиган машинкамнинг ҳарфлари синиб кетса бўлмайдими? Бу воқеа ёзилган қоғозларим ёниб кетса бўлмайдими!
Анзиратнинг «Геббелсгинам, заёмлардан ҳам айрилиб қолдик», — деб йиғлаётганини қандоқ тасвирлаш мумкин? Бу сатрларни ўқиётган китобхоннинг юраги бардош берармикан?
Қистаманг, қистаманг, азиз ўқувчим! Бу ёғи нима бўлди, деб сўраманг. Қўлимни кесиб ташласангиз ҳам, қаламимни синдириб ташласангиз ҳам ёзолмайман.
Бу манзарани ҳатто Фирдавсий ҳам, Навоий билан Толстой ҳам тасвирлаёлмайди!
Қистаманг. Мен бир ожиз ёзувчингизман, холос.
Абдулла Қодирий тирилиб келса-ю, шу ҳикоямни ўқиса, ё пешонамдан ўпади, ё орқамга бир тепади.