Саид Аҳмад. Бир сиқим хандон писта (ҳажвия)

Искамейка узра ўлтирса нечалар роҳат қилиб,
Кавшимиз лойи билан биз устида ётмоғимиз.
Тавалло

Эркакдир, аёлдир, ёши бир жойга борганда боладан чиқиб қоларкан. Қимизхон билан Усмонжон ҳам худди шунақалардан эди. Уларнинг болалари уйли-жойли бўлиб кетишган. Келинлари билан тил топишолмай рўзғорини бўлак қилиб қўйишган.
Қимизхон ҳар дам олиш куни невараларини қанчалик орзиқиб кутса, кетишларини ҳам шундоқ бесабрлик билан кутарди.
Бола деган у-буга тегмаса, идиш синдирмаса, бола бўладими! Улар шкаф тепасига чиқиб полга сакрашганда жавондаги идиш-товоқлар жаранг-журунг килиб кетади. Остонага ташлаб қўйилган ҳўл латтага оёқ суртмай уйга киришади. Кечгача кўчанинг ярим тупроғи уйга киради.
Неваралар эсларини таниб олгунларича ана шунақа эдилар. Энди уларнинг овозлари дўриллаб, юзларига ҳуснбузар тошган, кафтларига туфлаб тошойна олдида сочларини силашади.
Қимизхоннинг эри Усмонжон қўйдек ёввош одам. Гап сўрамасанг, кечгача ундан садо чиқмайди. Қимизхонни озода дейиш ҳам кам, жуда озода дейиш ҳам тўғри келмайди. Уни «сапсем» озода, яъни ғирт озода, деса тўғри бўлади. Унинг уйлари ёғ тушса ялагудек. Ёстиқ жилдлари, кўрпа ғилофлари оҳорлаб дазмолланган. Усмонжоннинг таъбири билан айтганда, бу уй-жой эмас, балниса.
Усмонжон отпускага чиққан. Ишхонадаги «отлиқлар» ёзда отпуска олиб, Усмонжонга ўхшаган «пиёдалар»нинг отпускаси қиш чилласига қолган. Бир ҳисобда шуниси ҳам дуруст. Ташқарида совуқ қақшатиб турипти. Оғзингдан чиққан ҳовурдан олдингдаги одам кўринмайди. Бозордаги олма-анорлар тошдек қотган. Деҳқонлар ўраларини очмай совуқ қайтишини кутишяпти. Бир кило сабзи одамнинг баҳоси. Кўчага чиққан эркакларнинг мўйловлари қиров бойлаб, моржга ўхшаб уйга қайтишяпти. Туфласанг, тупугинг ерга қарсиллаб тушади. Эшикларнинг ташқари томонидаги тутқичини ушласанг, қўлингни чиппа олади. Бундай пайтда кимга қийин, постдаги мелисага қийин. Шундоқ совуқда қайси эсини еган кўчага чиқади?
Қимизхон бугун ишдан эрта қайтди. Ишхонасидаги иссиқ сув қувури ёрилиб, хоналар совуб кетибди.
Эр-хотин аптекадек топ-тоза уйда ҳузур қилиб ўтиришарди. Эшик тепасидаги қўнғироқ шитоб билан жиринглади. Усмонжон шу совуқда қайси бефаҳм одам келди экан, деб эшикни очди. Остонада шопмўйловли, семиз бир киши ҳансираб турипти. Орқасида эллик ёшлардаги қора духоба қўлбола камзул кийган, икки лаби бичилган хотин, худди диаграммага ўхшаш бўйи бири-биридан баланд уч ўғил бола, сочининг учига пилик тақилган беш ёшлардаги қизча турарди. Уларнинг оёқлари остида икки чамадон, икки-учта сумка, ичига нимадир солинган қоп. Мўйловли киши икки оғир чамадонни учинчи қаватга кўтариб чиққунча терга пишиб кетган. Бурнидан, иягидан чак-чак тер томарди. У ҳозиргина пешона терини артган қўлини узатиб, Усмонжоннинг панжаларини пилчиратиб кўришди. Ундан гуп этиб офтобда қолган хом тери ҳиди келди.
— Парпивой акам сизга кўпдан-кўп дуо дедилар.
Усмонжон бу, Парпивой дегани ким бўлдийкин, деб ўйлаб қолди. Бундан бир ярим ойларча олдин водийдаги шаҳар маиший хизмат комбинати чиқарган маҳсулотларнинг сифатсизлиги тўғрисида тушган аризаларни текширгани борганди. Комбинат идораси тўғрисидаги ҳовлида тўй бўлаётган экан. Уни ҳам қўярда-қўймай олиб киришди. Қимизхоннинг овқатига ўрганган Усмонжон дастурхонга қўл урмади. Сочиқ билан пашшаларни қўриб ўтирди. Тўй эгасининг кўнглига келмасин, деб, тақсимчадан бир сиқим хандон писта олиб чақиб еди. Бутун бошли тўйдан егани шу бўлди.
Тўй эгаси ҳукуматнинг дўконида сотиладиган бодрингга ўхшаш узун, шу бодрингдек гавдаси эгилган киши экан. Суҳбат асносида у кишининг исми Парпивой экани, олис бир райондаги бўрдоқичилик базасида қатнаб ишлайдиган бош ахрайник экани маълум бўлди. Улар чиқиб кетишаётганда Парпивой Усмонжонга ана энди қадрдон бўлиб қолдик. Бир дастурхондан насиба едик. Бундан буён бир-биримизникига борди-келди қилайлик, деб унинг адресини ёзиб олганди.
Усмонжон ўйини ўйлаб бўлгунча меҳмонлар йўлакка кириб бўлишган эди.
Мўйлов чамадонларни бурчакка қўяркан, Парпивой ака, Усмонжонникида бир-икки кун туриб, суҳбатини олинглар, жуда бамаъни одам деб тайинлаганлар, ҳайрият уйда экансиз, деди.
— Ўша сиз тўйда чақиб еган ҳандон пистадан бозорга бошқа келмай қўйди. Усмонжонга бир-икки кило юборай деб Парпивой ака икки-уч марта бозорга тушиб чиқдилар. Унақасидан келмапти. Ўша тўйда икки чўнтагини тўлдириб солиб берсам бўларкан, деб кўп афсусландилар.
Ўзбекчилик, келган одамни кет деб бўлмайди. У гаранг бир алпозда меҳмонларни хонага бошлаб кирди. Ошхонадан чиққан Қимизхон нималар бўлаётганига ақли етмай ҳайрон бўлиб турарди. Мўйлов унга, «яхшимисан, келин» дея ичкарига кириб кетди. Улар қор кечиб келишган эди. Этикларига илашган қор иссиқ уйда эриб полда кўлмакчалар пайдо бўлди.
Усмонжон хотинига нима дейишни билмай серрайиб турарди.
— Хотин, — деди Усмонжон, — емоқнинг қусмоғи ҳам бор, деб бекорга айтишмаган. Емай ҳам ўлай, бир қисм хандон писта чақиб егандим.
Қимизхон чой олиб кирди. Мўйлов чойнак қопқоғини очиб, ия, памил экан-ку, келин, тўқсон бешдан дамла, деди. Қимизхон чой олиб кираётганда димоғига аллақандай қўланса ҳид урилди. У худди ўрада ачиб қолган селитрали сабзи ҳидига ўхшарди. Қимизхон қайтишда бурнини кафти билан тўсиб ўтди. Бурчакда бели букчайиб ётган этик қўнжидан қатирма бўлиб кетган пайтава осилиб ётганини кўрмади.
Мўйлов чой устида Тошкентга келишдан мақсадини айтди.
— Шу десангиз, Усмонжон укагинам, бир жиянимиз чақувдан қамалиб қолган. Базадан ўн битта новвосни сотган, дейдими-е, семиз новвослар ўрнига озғин, қари сигирларни алмаштириб қўйган дейдими-е, иш қилиб, бола бечора туҳмат балосига йўлиқиб, қамалиб ётибди. Шунга передача беришга келдик. Овқатни шу ерда пишириб оборамиз-да. Гўшт ола кетай, десам, Парпивой ака, ундай қилманг, Усмонжон хафа бўлади, дедилар. Кейин Усмонжонга айтгин, прокурорми, судми, мелиса бошлиғими, ишқилиб, шулар билан гаплашсин, деб тайинладилар.
Кеча ишхонада рўйхат билан гўшт беришган. Усмонжонга ҳам икки кило текканди. Қимизхон гўшт билан картошка қовуриб олиб кирди. Мўйлов гўштни оғзига соларкан: «Ия, музлаган гўштмиди», — деди. Кейин ҳай, майли, деди-ю столдаги арақни пиёлага тўлдириб, ичиб юборди. У ичдими, ичига қуйдими, Усмонжон билолмай қолди.
— Укам, бошқа йўқми?
Усмонжон ҳижолатлик билан «йўқ» деди. Шундан кейин Мўйлов чамадондан бир шиша олиб ичди.
— Танишиб олганимиз яхши бўлди. Уч-тўрт кун отамлашамиз. Усмонжон укам, биз Парпивойга куёв бўлишдан ташқари, шогирд ҳисобдамиз. Базада мен у кишига сменшикман. Уйда ўн битта новвос, йигирма олтита қўй, тўртта бия бор. Емдан қийналмаймиз. Базадан бари бор. Ем дейсизми, серобгарчилик. «Жигули»нинг юкхонасида кунига икки марта шаҳар ҳовлига ем опкелишимиз бор. Буни қаранг, мустақиллик шарофати билан биз бечораларнинг ҳам елкамизга офтоб тегиб қолди. Шу, дейман, ҳукумат мелисаларни ҳам йўқ қилса эди, ишлари юришиб кетарди.
Суҳбатдан маълум бўлдики, Мўйлов Парпивойга куёв ҳисобида экан. Нима бало, кеч уйланганми, болалари ҳали ёш. Кеч фарзанд кўрган экан бечора, деб ўйлади. Унинг бу ўйини Мўйлов сезиб турган экан, тушунтира кетди:
— Укагинам, бу кеннойингизга загсда патта кесилмаган. Биринчисидан тўққизта бола бор. Бечора гирой бўламан деб роса туғди. Тўққизинчисини туғдию ўзимизнинг тилда айтганда бракка чиқиб қолди. Шунга карашиб турар, деб буни олганман. Парпивойнинг ўгай синглиси. Бахтимни қаранг. Ҳасан-Ҳусан туғиб берса бўладими! Кундошлар бир-бирига душман бўлади, деган гап бекор экан. Опа-сингилдек яшашяпти. Бири молга қараса, бири менга қарайди. Биласизми, Усмонжон, худо севган бандасига Ҳасан-Ҳусан беради. Ҳасан-Ҳусанларни уриб бўлмайди, сўкиб бўлмайди. Шундоқ қилсангиз, худо қаҳрига олади. Сизга ҳам эгам Ҳасан-Ҳусан неваралар берсин.
Кеч кириб қолди. Болалар бир-бирига майиз отиб ўйнай бошлашди. Боссанг, майиз гиламга сақичдек ёпишади. На ота ҳай, деди, на она. Мўйлов уст-устига уч марта эснади. Болалар мультфильм кўрамиз дейишса ҳам, бўлди, ётиш, деди. У ечиниб ётаркан, Усмонжонга нимадир деди.
Усмонжон ошхонага кирди. Хотини иягига кафтини тираб, қошлари чимирилганча ўтирарди. Усмонжон қўрқа-писа:
— Келин пайтавамни ювиб қўйсин деяпти, — деди.
— Белини уқалаб қўйиш керак эмасмикин? Бир камим бижғиб кетган пайтавани ювишмиди. Э, меҳмонингиздан ўргилдим.
У шундай дедию, ётоқхонага кириб бир метр сурп олиб чиқди. Қоқ ўртасидан тариллатиб йиртди. Эски пайтавани чўпга илиб ахлат челагига ташлади.
Меҳмон ёмонам хуррак тортаркан. Деразалар зириллайди. Хотини тинимсиз кекиради. Қизи қирт-қирт қилиб бошини қашлайди.
Усмонжон эрталаб ҳожатга кирса, меҳмон сувини туширмай чиқиб кетган экан. Деразаларни очиб, хоналарни шамоллатди. Ҳаммаёққа анор доналари сочилган, билмай босиб олсанг, пирт-пирт қилиб, қизил сув сачратади. Мўйлов кечаси билан йўлак бурчига нос туфлаб чиққан экан. Усмонжон ҳўл латтани оёғи билан суриб, артиб қўйди. Бир айланиб келса яна туфлабди. Бу гал туфламабди, пуркапти. Деворлар сепкил бўлиб кетибди.
Қимизхон барвақт ишга кетиб қопти. Усмонжон инқиллаб-синқиллаб сабзи тўғради, ош дамлаб, тоғорага солиб берди. Меҳмонлар ошни кўтариб турмага кетишди. Усмонжон уйларни яна шамоллатди. Гиламга ёпишган сақичдек қора майизларни эмаклаб юриб тирноғи билан кўчирди. Ёстиқ жилдларини, кўрпа ғилофларини чиқазиб, тугиб қўйди.
Меҳмонлар кечга томон кайтиб келишди. Эшик берк. Қўнғироқ тугмасини қанча босишмасин, ичкаридан садо чиқмади. Тўғридаги эшикдан пижама кийган бир киши чиқди.
— Келдингларми? Усмонжоннинг яқин одамини автобус уриб кетибди. Хотини билан жанозага кетишди.
— Қачон қайтишаркан? — деб сўради Мўйлов.
— Биратўласига еттисини ўтқазиб қайтишар-ов. Юкларингиз бизникида. Ҳозир опчиқиб бераман.
— Калитни ташлаб кетишмадими?
— Шошиб қолишганди, бундай пайтда калит эсига келадими.
Қўшни шундай деб иккита чамадон билан қопни опчиқиб берди. Меҳмонлар туриб-туриб пастга тушиб кетишди.
Усмонжон икки кунгача қайнотасиникида ётиб қолди. Замира деган қайнсинглиси келиб уйларни, идишларни қатрон қилди. Поччаси тугиб қўйган кўрпа ғилофларннн энди кўтараман деб турганди. Қўнғироқ чалинди. Эшикни очиши билан ассалому алайкум, деб ўрта яшар эр-хотин икки ўғлини эргаштириб кирди. Болалардан бири яқинда кўзини очган қоп-қора кучук боласини кўтариб турарди.
— Усмонжоннинг қадрдонлари бўламиз. Узоқдан йўқлаб келдик.
Замира нима қилишини, нима дейишини билмай серрайиб туриб қолди.
— Йўқмилар? — деди эркак меҳмон. — Бизларни Парпивой деган қадрдонлари юбордилар.
— Поччам билан опам Янгийўлга кетишган, — деди Замира.
— Поччангиз билан опангиз бўлмасалар, мана сиз борсиз-ку. Икки кунгина турамизу кетамиз. Ахир, холодильникда у-бу бордир. Қуриб-қақшаб ётмагандир?
Икки бола балконга чиқиб пастга қараб ким ўзарга чоптириш қилишди. Пастдан хотинларнинг чувиллашгани эшитилди. Бу шўр сув қайси қават болохонасидан тушаётганини билмай шовқин солишарди.
— Кечирасизлар, мен кетишим керак, — деди Замира.
— Бемалол кетаверинг. Усмонжон келгунча шу ерда кутамиз.
— Ҳали-бери келишмайди.
— Ундай бўлса, яна яхши. Шаҳарда ишларимизни хотиржам бажариб оламиз. Чайқов бозоридан бўлмиш келинга понбархат, парча, японча жемпер, ўзимга комсостав этик олишим керак. Манаву болакайларимни ҳайвонот боғига обориб, маймунларни кўрсатаман.
Замира нима қилишини билмай қолди. Охири қўшни уйдан опасига телефон қилди. Қимизхоннинг тили гапга келмас, фақат ҳиқилларди. Трубкани Усмонжон олди.
— Почча, тўрт киши. Парпивой деган киши юборипти. Битта кучук бола билан икки юз граммча хандон писта олиб келишипти.
Қайнсинглиси меҳмонлар кучук бола олиб келишибди, деганидан кейин уни танигандек бўлди. Парпивой ака уни шаҳардаги дайди итларни аравага босиб олиб кетадиган бригаданинг «старший ит тутувчиси» деб таништирган эди. Ўшанда старший ит тутувчи, унга зотли бир ит топиб бераман, дегани эсига тушди.
Усмонжон узоқ жимиб кетгандан кейин тилга кирди.
— Қўшниларни чақириб, уларни уйдан чиқариб юборинг.
Боятдан бери телефон олдида Замиранинг гапларини эшитиб ўтирган қўшни шатта ўрнидан туриб, тўнини елкасига ташлади. Замирага эргашиб Усмонжоннинг уйига кирди. Меҳмонлар диванда ялпайиб ўтиришар, икки боланинг бири кийим шкафи устига чиқиб олган, яна бири оёғидаги тапочкасини ечиб пианино клавишларига урарди.
— Қани, марш! — деди қўшни. — Бир марта салом берган одамнинг уйига кўч-кўронингни орқалаб, бостириб кириб келаверасанми! — Э, сендақа иззатини билмаган меҳмондан ўргилдим. Кўтар жийда халтангни!
— Ия, ия, — деди старший ит тутувчи. — Тошкетликлар шунақа бўлишадими?
— Шунақа бўлишади, танимаган одамини уйга киритишмайди.
Ана шу воқеадан кейин Усмонжон тўрт хонали уйини шаҳар четидаги уч хонали уйга айирбош қилиб кўчиб кетди. Бу янги уйни, Усмонжоннинг тили билан айтганда, меҳмон экан-ку, ҳатто ОБХССнинг ити ҳам тополмасмиш.
Йўқ, у янглишган эди. Парпивой аканинг одамлари бу уйни ҳам топиб боришди…