Саид Аҳмад. Баҳор қизлари (ҳикоя)

Шаҳло қаерга борса, албатта, кулги бўлади. У «Янгиобод» колхозига механизация бўйича раис муовини бўлиб тайинланганда йиғин аҳли баб-баравар кулиб юборди. Аммо бу кулгилар Шаҳлога асло таъсир қилмади, ҳатто қошининг бир учи ҳам қимирламади.
Негаки, у бундан аввал областда энг қолоқ «Каттачек» колхозига тайинланганда бундан ҳам баттар бўлган эди.
Мажлисда номзоди кўрсатилганда одамлар «Ўзларини бир кўрайлик» дейишди. Шунда кўпчилик орасидан сочлари баландроқ турмакланган, лабларига қизил суртилган, қулоғида узун, маржон нусха зираклар йилтираган, қоши булбул оёғидек ингичка бир қиз ўрнидан турди. Бу ҳозиргина механизация бўйича раис муовини лавозимига номзоди кўрсатилган Шаҳло Қодирова эди. Зал кулгидан ларзага келди. У ер-бу ердан пичинглар эшитилиб қолди.
— Ишларимиз «Баҳор» ансамбли-ку!
— Колхозимизга ҳам халқ артисти ярашади.
— Кундузи колхозда ишлаб, кечқурун телевизорда дикторлик қилса-я!
— Балет тўгарагининг раҳбарими?
Раис ғовурни зўрға босди. Аммо Шаҳло ўтирмади. Ҳамманинг кўзида қимирламай тураверди.
Колхозда демократияга амал қилмай асло иложи йўқ. Шаҳлонинг номзоди овозга қўйилди. Агар битта овоз бу томондан у томонга ўтганда Шаҳло чамадончасини кўтариб кетаверишга мажбур бўлар эди. Аммо эллик бир процент овоз билан Шаҳло раис ўринбосарлигига сайланди.
Эрини қизғанадиган аёллар албатта қўл кўтаришмади. Кексалар ҳам. Фақат йигит-қизларгина қўл кўтариб, унинг номзодини қўллаб юборишди. «Каттачек»да ҳам худди шундай бўлганди. Унда эллик икки овоз билан ўтган. Ўша кулги қилганлар, Шаҳло бу ёққа кетаётганда қолинг, деб қанча ялинишган.
Эртасига раис Раҳмон ака Шаҳлони кабинетига чақириб, насиҳат қилган бўлди:
— Қизимдек нарсасиз, сенлайвераман-да. Энди мундоқ қилсак. Манаву ҳурпайган сочларни одамга ўхшаб ўриб ол. Бу бир. Бетдаги бўёқлар ҳам сал эви билан бўлсин. Кечаги тўпалонни кўрдинг-ку. Қишлоқ жойда бунақа нарсаларни бозор кўтармайди.
Шаҳло кулди.
— Бозор кўтарадиган қиламиз. Биринчидан, бунақаси ҳозир бир ўзим бўлгани учун ғалати кўриняпти. Кўпайишиб қолганимиздан кейин кўзинглар ўрганиб кетади.
Раис «дод» деб юборай деди. Бу қиз нима демоқчи, ўзимга ўхшаганларни шу қишлоқдан етиштираман, деганими бу? Бошимга бу балони қаёқдан топиб келдим?
Шаҳлонинг Қишлоқ Хўжалиги институти механизация факультетини тугатганига ҳам тўрт йил бўлди. У то ўқишга боргунча Янгийўлдаги колхозда трактор минган. Бинойидек ер ҳайдаб, бинойидек культивация қилган. Ишда қорамойга белангани билан кечқурун артистлардек таранг бўлиб олиб, ҳамманинг кўзида ял-ял ёниб юрарди.
Шаҳло раис буванинг насиҳатига индамай қулоқ солиб турди-да, охири илжайиб, бу ёғи бир гап бўлар, дегандек қилиб чиқиб кетди.
Эртасига у ишни колхознинг ремонт устахонасидан бошлади. Уч-тўрт тракторчи қорамойга беланиб металл уюмлари орасидан ниманидир қидиришарди. Шаҳло «Запорожец»ни ўзи ҳайдаб келди. У ҳамон ўша фасонини бузмаган, атайин қилганми, упани бетига сал қалинроқ сурган эди.
Трактор тагида чалқанча ётиб ишлаётган механизатор каттакон калитни оёғи билан суриб, кейин ўзи чиқди.
— Ия, опа, келинг, бизни телевизорга олиб чиқасизми?
Шаҳло унинг гапига яраша жавоб қилди:
— «Баҳор» ансамблига ёзилдим деяверинглар, қани келинглар-чи, репетицияни бошлаймиз.
Йигитлар ўзларини унга маъқул кўрсатиш учун, бири соқол ўсган иягини хижолатлик билан ишқади, бири бошидан кир дўпписини олиб бошқатдан кийди, бири шапкаси билан табуреткани артиб, уни ўтиришга таклиф қилди.
— Йўлда ариққа тиқилиб ётган трактор кимники?
Табуретка қўйиб берган йигит шошиб жавоб қилди.
— Содиқники. Кеча эрталаб тиқилиб қолган эди.
Соқоли ўсиб кетган йигит хижолат тортиб деди:
— Мановиларга, тортишворларинг, десам, сира кўнишмаяпти. Бизга қарашиб юборсанг тортишамиз, дейишди, қарашяпман.
— Қани боринг. Ҳозироқ ўзингиз чиқазиб олиб келинг.
— Свечаси ярамайди. Зўрға шатгача юргизиб келганман.
Шаҳло машинасига бориб жемперини ташлади-да, газетага ўроғлиқ қора халатни кийиб, чиқиб кетди. Йигитлар ҳанг-манг бўлиб қараб қолишди.
— Бормайсанми орқасидан? — деди Содиққа шериклари.
— Ойимтилланинг ишларини бир кўриб қўяйлик. Бари бир юргизолмайди. Шарманда бўлиб қайтиб келади.
Орадан ярим соатча вақт ўтди. Трактор гуриллаши эшитилмасди. Салдан кейин мотор бир пат-пат қилиб ўчди.
— Бари бир юрмайди, — деди Содиқ.
Унинг гапи тугамай, мотор кучли гуриллади. Шу гуриллаганича ўн-ўн беш минут патиллаб турди. Бир-икки дақиқадан кейин устахона девори орқасидан қора тутун ёпирилди. Содиқнинг ранги қув ўчиб кетди. Трактор темир дарвозадан кириб келганди, ҳаммалари ҳовлида чурқ этмай қараб туришарди.
Шаҳло тракторни сада тагига опкелиб, ундан сакраб тушди. Мотор ҳамон ишлаб турарди.
— Қалай, бўларканми?
Содиқ хижолатликдан ерга қараб, иягини қашиди.
— Одам қанақа бўлса, иш асбоби ҳам шунақа бўлади. Мотор қурум орасида қолиб кетибди-ку. Соқолингиз ўсиб ётганидан билгандим, бу трактор сизники эканини. Мотор қизигандан кейин икки челак солярка билан ювасиз. Янги «Волга»дек ялтирамаса, балет тушишни ўргатиб қўяман, шуни билиб қўйинг.
Шундан кейин Шаҳло бир ғилдираги чиқазилиб, ўқи тўнкага тираб қўйилган трактор ёнига келди.
— Нима бўпти?
— Подшипниги ейилиб кетган.
— Эссиз, шунча пуллик машина. Узеллари мой деган нарсани кўрмаган. Ана шунинг учун ҳам ейилиб кетган-да. Менга қаранг.
Боя шапкаси билан табуреткани артган йигит чопиб олдига келди.
— Шимингизнинг почасини кўтаринг. Мен сизга айтяпман.
Шаҳло йигит тиззасининг кўзини чертди.
— Мана шу ерда илик бор. Агар илик бўлмаса, икки кунда тиззангиз едирилиб кетади, билдингизми. Машина ҳам шундай. Мой машинанинг илиги. Ўзингиз мой ейсизу, машинага бермайсиз. Сизларга беш кун муддат. Шу беш кунда жамики тракторларни ювиб, артиб, манови ерга тизиб қўясизлар. Агар муддатидан бир кун ўтса борми, правлениега қўйиб балет туширтираман.
У шундай деди-ю қора халатини ечиб, машина ичига ташлади-да, «Запорожец»ини ҳайдаб чиқиб кетди.
Куни бўйи бир-бири билан гаплашмай, қорамойга беланиб, темир-терсакларга кўмилиб ўтирган йигитлар кўксига бир ғалати шабада тегди-ю, яна ғир этиб нариги чорбоққа ўтиб кетгандек бўлди.
Кеча бу қизни одамлар нималар дейишмади. Пардози бир гап бўлди. Сочи бир гап бўлди. Бугун ўша гапларнинг биронтаси эсларига келмади, Содиқ эзилиб кетган пачкадан «Беломор» оларкан, жиддий деди.
— Балонинг ўқи-ку, бу қиз. Мен бўлсам унақа… Икки кун деганда уч киши раисга Шаҳлонинг устидан дод деб келди.
Шоп мўйлов бульдозерчи шапкасини столга урди.
— Хотин кишига мен бош эгмайман!
— Нега? — деди раис қизиқиб.
— Нега-пегаси йўқ! Умуман айтяпман.
Раиснинг бу гапдан хабари бор эди. Бульдозерчи машинани йўл ўртасида қолдириб, тол тагида уч-тўрт йўловчи билан карта ўйнаётган экан. Шаҳло келиб, қўйинг, ишни қилинг, деса, бу, бор буйруғингни ўзингга ўхшаган олифтага қил, депти. Шунда Шаҳло ўртадаги карталарни юлиб олиб, бурда-бурда қилиб ташлабди. Мўйлов урай деса хотин киши, урмаса ғазабини қандоқ қилиб босишини билмайди. Жаҳл устида:
— Ол-е, ол, бульдозерингни онангга бер, — деганича комбинезонини елкасига ташлаб, уйига жўнаб қолипти.
Шаҳлонинг ўзи бульдозер кабинасига ўтириб, кечгача йўл текислаб, кечқурун машинани ўзи гаражга келтириб қўйипти.
Раис бўлаётган бу ишлардан астойдил завқланарди. Ёш боши билан, аёл боши билан ҳаммани оёққа турғизишига қойил қоларди. Раис бу ўжар механизаторларга қаттиқ гапиролмасди. Тўғриси, машина ичида нималар борлигини билмаганидан сал ялинганнамо гаплашарди. Бу Шаҳло дегани балонинг ўзи. Билмаган нарсаси йўқ. Мотор товушидан қаерида нимаси ёмон ишлаётганини дарров билади. Эркакларга қаттиқ-қаттиқ гапираверади. Қиз бола бўлганидан ҳеч ким унга бир нарса деёлмайди ҳам.
Раис Шаҳло устидан дод деб келганларга бир хил жавоб қиларди.
— Ўзи билан гаплашларинг, темир-терсакли нарсага мен аралашмайман. Яхшиси, узр сўраб, олдига боринглар.
Ўн-ўн беш кундан кейин одамлар, раисга арз қилишнинг фойдаси йўқ экан, яхшиси, бу ўжарнинг кўнглини олиш керак, деган хулосага келишди.
Ҳаммага, Шаҳло қизим барака топсин, механизациядан мени тинчитяпти, деб юрган раис буванинг ўзи сал кунда бай-байлаб қолди.
Шаҳло бир куни раиснинг олдига келиб, устахонага боришини илтимос қилди.
— Анча камчиликлар бор. Ўша ернинг ўзида ўтириб нима қилиш кераклигини бир маслаҳатлашсак, — деди.
Раис кўнди. Икковлашиб раиснинг «Волга»сида устахонага жўнашди. Шофёрдан илтимос қилиб, рулга Шаҳлонинг ўзи ўтирди.
— Сиз бугун дамингизни олинг. Ўзим шофёрлик қиламан.
Улар устахонага келишгач, Шаҳло Содиқни чақириб имлаб қўйди:
— Бунинг мотори пақиллаяпти. Чиқазиб бир тозаланглар.
Раис билан Шаҳло икки соатча ичкарида талашиб, қизишиб нималарнидир гаплашишди, нималарнидир рўйхат килишди. Раис кўнмай-кўнмай охири рўйхат тепасига «Бошбух берилсин» деб қўл кўйди. Кейин ташқарига чиқишди. То улар ичкарида иш битказишгунча Содиқ «Волга»нинг моторини чиқариб, ерга тушириб қўйипти.
— Ия, бу қанақаси? — деди раис ҳайрон бўлиб. Шаҳло жиддий деди:
— Шофёрингизга айтинг, аравангизни судратиб олиб кетсин.
— Нега? — деди ҳайрон бўлиб раис.
— Бу моторни «ХВС» терим машинасидан олиб қўйилган экан. Жойига қўямиз. Сиз ўз моторингизни топиб оларсиз.
Раис қип-қизариб кетди. Мўйловининг бир учи силкинди. Уришай деса одамлар бор. Икки раис чиқишмаяпти, деган гап бўлади.
— Яхши қилмаяпсан, қизим, — деди секин.
— Терим машинасида товуқлар жўжа очиб ётибди. Сиз моторни чиқариб олибсиз. Шунча пуллик нарса, увол эмасми!
Раис индамади. Жаҳл билан дўқ-дўқ юриб чиқиб кетди.
Тракторчилар раис билан бетма-бет олишган бу қизга ҳанг-манг бўлиб қараб туришарди.
Бу раис билан биринчи тўқнашув эди. Иккинчи тўқнашув раиснинг уйида бўлди. Облисполкомдан вакил келган эди, раис уйига ош буюрди. Шаҳлони ҳам таклиф қилди. Шаҳло меҳмон олдида раис бува билан хотинини роса тузлади.
— Бу қанақаси, холодильникни ётадиган уйга қўйипсиз?
— Шунча пуллик буюм, нархига қараб жой танлайди-да.
— Манови, умивальник ўлгур ҳам уйнинг тўрида. Бу даҳлизда туриши керак.
Раис меҳмон олдида ёмон изза тортди. Иккинчи уни уйига таклиф қилмайдиган бўлди. Лекин меҳмон кетгач, холодильник ва умивальникни Шаҳло айтганидек килиб қўйди.
Колхозда механизмлар ремонти анча тартибга тушиб қолди. Устахонадагилар айтганини қилмасак, балога қоламиз, деб муддатида бешта тракторни ювиб ялтиратиб, ҳовлига қатор қилиб кўйишди. Шаҳло келиб ўз кўзи билан кўрмагунча ҳар кун артаверишди.
Шаҳло ремонтдан қутулгандан кейин машинасини ҳайдаб қизлар ишлаётган далага чиқди. Ҳар хил рангдаги тугунчаклар илинган тол тагида машинасини қолдириб шудгорга кирди. Баланд пошна туфли билан қийналиб-қийналиб қизлар олдига борди.
Қизлар ишларини тўхтатиб, унга қараб туришарди. Шаҳлонинг сочи баланд турмакланган, устидан капрон дурра танғиган. Қошлари ипдек ингичка. Бели қўл соатнинг тасмаси билан бойласа бўладиган даражада хипча. Ҳаво ранг нейлон кўйлак остидан ичидаги пушти тасмачалар бемалол кўриниб турипти. Қизларнинг бир хили ҳавас билан қараса, келинчаклар совуқ назар ташлашарди.
— Ҳорманглар! — деди Шаҳло.
Биров жавоб берди, биров индамай тураверди. Шаҳло кетмон дастасига тирсагини қўйиб тикилиб турган қизнинг бармоғига қаради.
— Бу нима, қўлларингга қарасанг бўлмайдими? Қиз бола ҳам шунақа бўладими? Бунақада остонангга совчи қадам босмайди.
Қиз ҳам шаддодгина экан, боплаб жавоб берди:
— Манови кетмонда икки кун ишланг, қанақа бўлишини биласиз.
— Икки кунинг нимаси, ярим соатгина ишлаб кўрсин, билади.
Шаҳло қизга дадил қаради:
— Этикни еч!
Қиз этикни ечди. Шаҳло уни кийиб, қўлидаги кетмонни олди.
— Қанақа ишлашни кўрсатиб қўяйми? Мана кўрасан! Шаҳлонинг болалиги далада ўтган. Кетмон ҳам чопган, трактор ҳам минган, пилла ҳам тутган, канал ҳам қазиган эди. Бу ишлар унга болалигидан ошна.
У кафтларига туфлаб кетмонни кўтарди.
Ҳамма ундан кўз узмасди. Шаҳло бир маромда, белини букмай, қаддини ғоз тутиб кетмонни ерга урар, кўчган тупроқни аста ёнбошига ташларди. Ҳеч ким бас, бўлди, демади. Шу алфозда бир соатча кетмон чопди. Пайкал бошига етиб, ер чопиб орқасига қайтиб келганда қизлар тол тагида тик туриб кузатишарди.
— Бўлдими, энди. Ё, яна чопайми?
— Бўлди! — деди қиз.
— Манови сизга мукофот, — деди боя унга пичинг қилган жувон бир бойлам гунафшани унга узатиб.
Шаҳло ҳидлаб чаккасига тақиб олди. Тушлик бошланди. Шаҳло ариқда терлаган бетларини муздек сувда юваркан, белининг эгилишини кузатиб турганлар кўнглида бир гап бор эди. Кетмон чопганида бу нозик бели узилиб кетмаганини қара-я!
Шаҳло бетини ювганда пардози сидирилиб кетган эди. Қизлар унинг асл башараси қанақа экан, шуни билишмоқчи эди. Йўқ, пардоз қилмаса ҳам бўларкан. Бепардоз ҳам бети тиниқ. Икки юзи қип-қизил. Ўнг юзида яра изи бор экан. У ҳам ўзига жуда ярашиб тушган.
Чойдан кейин Шаҳло сумкасидан ойнак, у-буларини олиб, пардоз қилди. Қизлар атрофини ўраб, томоша қилишарди.
Шаҳло қизларнинг қизиқаётганини билиб асл мақсадига кўчмоқчи бўлди. У ўз одати бўйича ишни олдин ҳужумдан бошлаши керак. Боя кетмон чоптирган қизга қараб:
— Кўйлагинг ўлгур мунча узун. Енги кампирларнинг енгидан қолишмайди. Нечанчи асрда яшаяпсан? Бунақа кўйлакни минг йил олдин кийишарди.
— Нима, тиззадан юқори кўйлак кияйми?
— Тиззадан юқори бўлиши шарт эмас. Фасонини келиштириб, енгларини калтароқ қилиш керак. Бетларинг, қўлларинг ёрилиб кетибди. Ёғупа суртиш керак. Эртага келаман. Ҳаммаларингга ёғупа олиб келаман. Бўптими? Эрталаб суртиб олсанглар, шамол таъсир қилмайди. Яна бир хили бор, кечқурун ишдан қутулгач, ювиниб, суртиб ётасизлар. Бетларинг юмшоқ бўлади. Ўлай агар, поччам раҳмат дейди.
Шаҳло айтганини қилди. Бир талай ёғупа опкелиб, қизларга улашиб чиқди. Бир-икки кундан кейин бир ёш чеварни бошлаб келиб, ҳамма қизларга, битта катта китобдан кўйлак фасонларини кўрсатди-да, хоҳласа-хоҳламаса ўлчатиб олиб кетди.
Эркаклар яна дўнғиллашди.
— Вой дод, уйга кириб бўлмайди, гуп-гуп атир ҳиди бўлиб кетган. Бу қанақаси. Уйми, сартарошхонами?
Раис бир нима дейишга ҳайрон. Бу Шаҳлоси тушмагур хотинларни ҳам қўзғаб қўйибди. Майли. Бир иш қилса билиб қиладиган қиз экан. Эркаклар бир-икки кун бай-байлашиб, кейин тушиб қолишди.
Чигит қадаладиган куни раис бутун колхозчиларни йиғиб, қўш оши берди. Идора олдидаги сўриларга одам сиғмайди. Раис бир бузоқ билан битта қўй сўйдирган.
Бир ёқда ош дамланяпти, бир ёқда кабоб қўрасидан ажиб ширин ҳидли тутун чиқяпти.
Йиғин бошланишдан олдин бир юк машинасида тўла қизлар келишди. Буларни олдин раис танимади. Яқин келишганда қараса, олтинчи бригаданинг қизлари. Ҳаммасининг сочи бошқача, капрон рўмол, кийимлари ҳам ўзгарган. Оёқларида баланд пошна туфли. Пардоз-андоз жойида.
— Тавба, қизларимиз шунақа чиройли эканми, шу пайтгача билмай юрган эканман-а! — деб юборганини ўзи ҳам билмай қолди. Раис ўтирган жойда микрофон бор эди. Унинг бу гапини йиғилганлардан ташқари бутун қишлоқ эшитди.
Ҳамма ёқни атир ҳиди тутиб кетди. Кимдир:
— «Баҳор» ансамбли келди, ўйин қизийдиган бўлди, — деган эди, ҳамма гурр этиб кулди.
Шаҳло тез-тез юриб келиб, микрофонни қўлига олди.
— Бу «Баҳор» ансамбли эмас. Чинакам баҳор. Эшитмаганмисиз, онангни дадангга бепардоз кўрсатма, деган гапни.
— Бопладинг, қизим, — деди раис ҳузур қилиб. — Нима, пардоз шаҳарлик қизларга ярашади-ю, қишлоқ қизларига ярашмайдими. Қойил!
— Сигирни ким соғади, бузоқни ким боқади?
Бу гап кимдан чиққанини Шаҳло билолмади. У ёқ-бу ёққа аланглаган эди, тунов кунги шоп мўйловли бульдозерчининг тиржайиб турганини кўрди.
— Сал текисроқ хотин ёнингиздан ўтса, кўзингизни узолмай қоласиз. Нима, ўзингизники ёмонми? Ҳо, Нафиса, бери кел!
Ўттиз беш ёшлардаги чиройли бир жувон унинг олдига келди.
— Мана, хотинингиз. Қайси бир жонондан кам? Шоп мўйлов ўрнидан туриб кетди:
— Нафисамисан? Вой-вой, — деб юборганини ўзи билмай қолди.
Қийқириқ, кулги бўлиб кетди. Раис қўл кўтариб ғовурни босди. Далага қўш чиқишига бағишланган маросим бошланди. Шаҳло гул-гул очилиб, президиумда ўтирарди.
Раис кириш сўзида баҳор келганини айтаркан, Шаҳлога қараб қўйди.
— Қишлоғимизга бу йил бир эмас икки баҳор келди. Ҳамманинг димоғига атир ҳиди урилди.
1970 йил.