Саид Аҳмад. Алла (ҳикоя)

Озода ишдан чиқиб, трамвайга ўтирмай, янги барг ёзган сердарахт, гавжум кўчадан уйига қайтди.
Ҳамма ёқда баҳор нафаси гуркирайди. Девор оша кўчага энгашган ўрик шохларидан йўлларга танга-танга гуллар тўкилган. Жилдираб оқаётган ариқлар бетида ҳам ўрик гуллари оқади.
Озоданинг бу кўчадан юрмаганига беш йил бўлди: бу кўча дарахт ва жилдираган ариқлар унинг энг хушнуд кунлари — кўнглига муҳаббат олови тушган, ҳаётга биринчи бор қадам ташлаган, биринчи бор ҳомилаликни туйган онларининг гувоҳи.
Уни бу кўчадан қайта юришга мажбур қилган нарса на муҳаббат хотиралари ва на баҳор манзаралари бўлди. Озода бу кўчага бурилганида бутунлай бошқа, ўзи ҳам маъносига тушуниб етмаган қандайдир ғайри табиий бир куч унинг вужудида ҳоким эди. У қайси кўчада кетаётибди, бу кўча унга танишми, йўқми, бу ҳакда ўйламасди.
Ҳозир у уйга қайтади. Эри Ҳомиджон ишдан қайтгандир. У хотинини ҳар кунгидек очиқ чеҳра билан кутиб олади. О, унинг кўзлари нақадар чиройли. Мана шу уч йиллик бирга кечирган ҳаётда Озода унинг кўзларига неча бор термилган, узун киприклар орасида чақнаб турган қора кўзлар Озодага олам-жаҳон бахт, роҳат бағишлади. Мана ҳозир ҳам у Озоданинг йўлига кўз тикиб ўтирибди.
Мана шу меҳру муҳаббат тўла кўзларга боқиш Озода учун қанчалар оғир. Кейинги кунларда эрининг меҳру муҳаббат тўла кўзларида сўлғинлик, пинҳоний изтиробнинг таъсири сезилиб қолди. Озода бу дардни билади. Бироқ у эрини юпатишга, мана шу маъюс кўзларга тик боқишга қодир эмас. Ўз ҳаётида биринчи бор ўйинқароқлик, енгилтаклик билан қўл урган жинояти уни беш йилдан бери алам гирдобига судрайди. Қани энди у шу ишни қилмаган бўлса эди. Атрофда мавж урган кўклам ниҳоллари, қувноқ кулгилар унинг кўнглига бошқачароқ таъсир кўрсатган бўлармиди.
Столбаларда чироқлар ёнди. Деразаси кўчага қараган уйлардан тротуарнинг ҳар ер-ҳар ерига оқ чойшаб ёзгандек, оппоқ нур тушиб турибди. Орқа кўчадан гувиллаб ўтаётган трамвай дугасида чақнаган нур баланд иморатларнинг пештоқларида бир ялт этиб, яна сўнади.
Озода ўрик гулларини босиб аста-аста қадам ташлаб кетар экан, фикран эрининг маъюс кўзларига дуч келди.
У беихтиёр сесканиб ерга қаради. Бу сесканиш унга ўз қилмишини — бугунги изтиробнинг боисини эсга солди. Ортда қолган кўнгилсиз хотираларга назар солмоқ қанчалар қийин ва кўнгилсиз…
Кўнглига биринчи бор муҳаббат олови тушган кунлар қандай яхши эди-я. Кечалари кўкка термилиб Муроджон ҳақида хаёл сурарди. Эртаги кунни, Мурод билан учрашув онларини орзиқиб-орзиқиб кутарди. ЗАГС остонасидаги энтикишлар, тўй, қадаҳларнинг жаранглаши, машшоқларнинг хониши ва ниҳоят, бирга кечирган ширин ва осуда кунлар…
Мурод тоғ экспедициясидан соқоллари ўсиб, қорайиб, озиб қайтарди. Озода эрининг қайтишига ҳовлининг бурчидаги ҳаммомни қиздириб, соқол оладиган буюмларни катта тошойна олдига териб, кийимларини дазмоллаб қўяр, то у ҳаммомдан чиққунча стол устини ясатиб, ҳатто у яхши кўрадиган «Марсала» виносини ҳаво ранг биллур графинга қуйиб қўйишни ҳам унутмасди.
Мана шундай қайтишларнинг бирида Мурод хотинини маъюс кўрди. Ҳаммом ҳам қизитилмаган, стол ҳам ясатилмаган эди.
— Нима бўлди? — Мурод унинг жияклари қизарган кўзларига термилди.
Озода жавоб бермай, ичкари уйга кириб кетди. Мурод ҳам унинг кетидан кирди.
— Гапирсангиз-чи, нима бўлди?!
Озода ёшли кўзларини юмиб жавоб берди:
— Ҳомиладорман.
Мурод маст кишидек довдираб қолди.
— Ростми?! — Мурод уни бағрига босиб, даст кўтариб олди-да, уйни икки марта айлантириб чиқди. Унинг кўзлари порлар, юраги севинчдан гупиллаб урарди. — Нега хафа бўласан?
Бу унинг биринчи бор хотинини сен деб аташи эди. Бўлажак фарзанд Озодани унга шунчалик яқинлаштириб қўйган эдики, гўё у Озода, Озода эса Мурод бўлиб бир-бирига аралашиб кетгандек эди.
— Нега йиғлайсан? Ахир…
Мурод севинчи ичига сиғмай, телбалардек гапи гапига қовушмай қолди.
— Йўқ! — деди Озода, — истамайман. Ҳали ёшман, ҳалитдан болани бошимга ураманми? — У йиғи аралаш секин гапирди: — Кунингиз тоғу тошда ўтса, уйда бола боқиб ўтираманми?
— Истасанг, қишлоқдан аямни олдириб келай, истасанг, синглим келиб турсин, диссертациямни битказиб олай…
Озода эрига шундай ўқрайиб қарадики, унинг бу қарашида Муродга нисбатан нафрат ва ғазаб ифодаси бор эди.
Зебу зийнат, ўйин-кулгига ўрганган хотин учун бола оёқнинг кишани бўлиб туюларди.
Озода чинакам гўзал эди. У модани, танцани, театр ва сайилларни севарди. Бўлажак бола ҳали дунёга келмай туриб уни ана шу роҳатлардан бегона қилиб қўяётгандек эди.
Мурод бўшашиб стулга ўтириб қолди. У бошини панжалари орасига олиб узоқ ўйлади. Охири ўрнидан туриб папирос чекди-да, қўлини орқасига қилиб, уйнинг у бошидан-бу бошига юра бошлади. Диваннинг бир чеккаси-да ўтириб пиқ-пиқ йиғлаётган хотинининг тепасига келиб узоқ ўйлаб турди Кейин унинг ёнига чўққайди-да, бошини силаб, ички дард билан гапира бошлади:
— Озода, дурустроқ ўйлаб кўр.
— Ўйлаб қарадим, олдириб ташлайман.
— Нима?!
— Ҳа.
— Биринчи бола. Мумкин эмас, умрбод майиб бўлиб қоласан-а!
— Майли… Нима бўлса бўлсин.
— Шундайми?!
Мурод ғазабдан сапчиб ўрнидан турди. Мушт билан стол қирғоғига урган эди, стаканлар жиринглаб сакраб кетди. Билагидаги секундомерли олтин соатнинг ойнаси чил-чил бўлди.
Уй ичи сув қуйгандек жимжит бўлиб қолди. Очиқ форточкадан кирган шамол тўр пардани силкитди, ҳалқа-ҳалқа бўлиб муаллак сузиб юрган папирос тутунларини тўзғитиб юборди.
Мурод хотинининг қаршисига келиб тиз чўкди:
— Озода, ундай қилма. Нима килсанг қил, фақат бу ишни қилма. Умрбод оёғинг остида судралиб юришга розиман, бундай қила кўрма.
— Гап битта. Ёш умримни бола боқиш билан ўтказмайман.
— Ҳали шундайми?! — Муроднинг кўзларида ўт чақнаб кетди. — Ҳали шундайми?! Ундай бўлса… — У гапини тугатолмади.
Озода унинг кўзларига дадил қаради:
— Гап шу. Хоҳласангиз шу. Бўлмаса кетаман.
— Кейин пушаймон бўласан, Озода.
Озода бош чайқади.
— Ундай бўлса сен билан…
— Яшай олмайман, демоқчисиз, шундайми?
— Ахир, ўзинг ўйла.
Эр-хотин узоқ вақт бир-бирига сўзсиз қараб қолишди. Озода ўрнидан туриб, нариги уйга кириб кетди. У кийиниб, чамадон кўтариб чиққанда ҳам Мурод ҳамон тиз чўкканча турарди. У кўчага чиқиб, тўй-тамошалар билан кириб келган, ёшликнинг энг беозор, бахтли кунларини ўтказган уй дарвозасига ўгирилиб бир қаради-ю, дадил юриб кетди…
Мурод у кетгач, уч марта унинг уйига борди, ёлворди, бўлмади. Охири болани олдириб ташлагандан кейин юрагининг бир парчасини узиб ташлагандек ундан умидини узди. Синглисини уйда қолдириб, узоқ муддатли экспедицияга жўнаб кетди.
Врачлар Озодага энди туғмайсан, дейишди. У бунга ҳам парво қилмади. Орадан икки йил ўтди… У Ҳомиджон деган ўқитувчига турмушга чиқди.
Озода мана шу баҳор оқшомида электр нурларида товланиб турган ўрик гулларига термилиб келар экан, ўз ҳаёти ва ўтмишини хотирлади. Бу унинг умрида биринчи бор ўз ўтмишига чуқурроқ назар ташлаши ва бу ҳакда биринчи бор ўзига ҳисоб бериши эди. Хўрсинди. Оқар сувлар оқиб кетди. Энди уни ўз йўлидан қайта оқизиб бўлмаслигини англади. Жиноят, жиноят, дея лаблари беихтиёр пичирлади. У шундай хаёллар билан келар экан, қулоғига ғалати овоз эшитилди. Тўхтаб атрофга аланглади. Кўчанинг нариги бетидаги уйнинг очиқ деразасидан хотин кишининг алласи эшитиларди. Озода атрофга аланглади.
Бу уй унинг биринчи уйи эди. У беихтиёр кўчанинг у бетига ўтиб, яхшироқ қаради: ҳа, бу унинг биринчи уйи — Муроджоннниг уйи эди. Қандайдир сеҳрли бир куч уни бу остонага етаклаган эди. «Балки уй дафтарида устига чизиқ тортилган исмим ҳали ҳам турган бўлса керак» деб дилидан ўтказди у. Деразадан уй жиҳозларини кузатди. Ҳамма нарса ўз жойида. Фақат шифтга беланчак осилган, холос. Ёшгина бир жувон беланчакни тебратиб, алла айтяпти. Унинг юзида оналик бахти акс этиб турибди. У майин товуш билан алла айтар, бу аллада унинг орзу-умидлари, боласига бахт, улуғ истиқбол тилаклари ифодаланар эди… Мурод ўша, Озода ўз қўли билан қўйган ойна олдида турибди.
Мурод дераза олдига келиб, чамандек очилиб кетган акация гулини қўли билан селпиб, панжаларини ҳидлади. Акация ҳиди Озоданинг ҳам димоғига урилди. Муроднинг кўзига электр нури тушиб тургани учун уни кўрмасди.
Бу ёруғ уйнинг деразаси худди кино экранига ўхшарди. Мурод шу экранда бутун борлиғи билан кўриниб турарди.
«Сочига оқ оралаб қопти-я», — деб дилидан ўтказди Озода.
Муроднинг қоши устига тушиб турган, ҳозир оқ оралаб қолган қора сочларини Озода жуда кўп силаган.
Озоданинг кўзларида ёш йилтиради. Ўз бахтини ўзи калтак олиб қувлаган хотин ўзини ўзи таҳқирлаб аччиқ-аччиқ йиғларди. Унинг ёш тўла кўзларига бундан беш йил олдинги Мурод кўринди.
Тиз чўкиб ёлворган эди-я. Умрбод майиб бўлиб қоласан, деган эди-я. Мана энди.. Ўзимни бахтдан олиб қочдим… Мени ҳеч ким кечирмайди. Ўзимни ўзим ҳам кечирмайман.
Мурод дераза пардасини туширди.
Озоданинг кўзи олдида порлаб турган ёруғ уй хира парда орқасига яширинди.
У ёқдан-бу ёққа енгил учиб турган беланчакнинг сояси тўр пардага тушиб жимирлар, хотиннинг майин овоз билан айтаётган алласи эшитиларди.
Озода зўр қийинчилик билан деразадан узоқлашди. Ой ҳаволаниб азим тераклар устига кўтарилди.
1956 йил.