Расулжон Камолов. Тулпор (ҳикоя)

Оқ тулпорим бор эди,
Беклар унга зор эди.
Тулпор эмас, у менга,
Ҳам дўсту ҳам ёр эди.
Муҳаммад Юсуф

Осмоннинг тиниқ юзини бир зумда қора доғ қоплай бошлади. Чанг-тўзон кўкка кўтарилиб, увиллаётган шамол йўлида учраган жамики нарсани ўз қаърига тортади. Шу важоҳати билан қум ерларга ҳам етиб келди. Янтоқлар шамол зарбидан ерга энгашади-да, яна қаддини ростлайди, шохларини чангак қилиб кўкка қўл чўзади, иложини топиб, шу қора осмондан бир парча узиб олгудай… Шамол янтоқларни қумга кўмади, янтоқлар бор кучлари билан қад букмасликка интилади…
Тўзон ичра бир йўловчи қум зарраларидан юзларини тўсганича, тебраниб-тебраниб қадам ташлайди. Унинг мақсади битта. Қандай бўлса-да, Қорақашқа саманни топиш. Йигитлик умрининг ягона овунчоғи, ғурури мана шу самантой. Оғзи ошга етганда ундан ажралиш қанчалик оғир. Қолаверса, бу Қора дарахт ҳудудида бўлиб ўтган улоқ ва пойгаларда ҳеч бир отга бўйин бермаган оқ саманнинг ягона насли мана шу Қорақашқа эди. От ўрнини той босар деганларидек, Қорақашқа ҳам кўрса кўргудек, ҳавас қилгулик от бўлди. Унинг шамол каби елиши ҳар қандай от галалари ичида ажралиб туради. Саманга не-не чавандозлар, улоқчилар оғиз солмади, ваъдалар бермади. Етим болани алдаб, қўрқитиб ҳам кўришди. Аммо Комил бўш келмади. Тойни раҳматли отаси ўргатган усуллар, ўгитлар билан ўзи парвариш қилди. Энди унинг кучли билаклари, бургут чангалидек мустаҳкам панжалари, кенг елкалари улоқ чопишга ундайди.
Улоқнинг ўз қонун-қоидалари бор. Чавандоз кучли, оти нобоп бўлса, ундан улоқчи чиқмайди. Ёш Комилда эса ҳамма нарса мужассам. Бутун айғирлар ичида ўзига хослиги билан ажралиб турган Қорақашқа ёш чавандознинг буйруқларига итоат этади. От тизгинини хиёл тортиб, узангисига оёқ тирасанг бас, саман чўк тушгандек пастга эгилади-да, бир ниқтов билан шамолдек елади. Бу сирни отасидан бир-икки эшитгани, кўз билан кўрганида анча ёш бўлса-да, уқиб қолгани учун Қорақашқани ана шунга ўргатиб парвариш қилди. Амирободнинг томошапоясида у биринчи марта катта даврага чиқди. Мана мен деган чавандоз, улоқчи отлар ичида ҳали дурустроқ кўкрак ёзиб улгурмаган кичик саманга йўл бўлсин. Ҳамқишлоқлари эса унга умид кўзи билан қарайди. Айниқса қишлоқнинг энг кекса кишиси бўлган Иброҳим отанинг айтганлари ҳамон ёдида.
– Отангни руҳи қўлласин, пирлар мададкор бўл­син. Улоқдан қуруқ қўл билан чиқма, – дея фотиҳа қилганида қанчалик ҳаяжон билан тўпга қўшилиб кетганини асло унутгани йўқ.
…Улоқ забтига олди, куйиб-пишиб елаётган отларни жон-жаҳдлари билан ниқтаётган, аёвсиз қамчи­лаётган, болахонадор сўкинган, қош-қовоқлари, юзлари қамчи зарбидан ёрилган, қўллари тирналиб, қонга беланган улоқчи-чавандозлар шафқат билмай олдинга интилади. Отлар вужудидан тер тўкилади, қамчи зарби, азобига чидолмай кўкка сакраб кишнайди. От туёқлари остида улоқ ётибди, энди қўл етай деганда кимдир отга қамчи уради-ю, бақувват оти кучсиз отни суриб ташлайди. Комил пайт пойлаб от галаларини гир айланмоқда. Қорақашқа бир ниқтовга шай турибди, иложи бўлса, узангини чайнаб узса-ю ўзини отлар тўпига урса… Ёш чавандоз учун ҳар дақиқа ғанимат, озгина имкон бўлса бас, қолган ишни Қорақашқаси эплайди. Ана, тўриққа кимдир қамчи урди шекилли, калтак зарбига чидай олмай олдидаги икки отни туртиб, ўзини четга олди. Чавандоз эса сўкинганича от тизгинини тортиб ортга чорлади. Бу Комил чавандоз учун қўл келди, отига изн берди, саман отлар галасини ёриб кирди, чавандоз от узангисига оёқ тираб юганини тортди. Қорақашқа хиёл эгилди, улоқнинг бир томонини ушлашга уринган Қосим карвоннинг қўли ҳаволаб қолди. Комил улоққа қўли тегиши билан отни ниқтади. Қорақашқа тўқимларидан ўт чақнади, ҳар чопганида уюм-уюм тупроқларни осмонга сачратиб, борлиқни чанг-тўзонга буркаб, елдек учиб кетди. Комил йилқи галалари, улоқчилар қуршовидан чиққанидан хурсанд. Улоқни тақимига босиб, икки оёғини устига ташлаб, «Ҳайт, ҳайт» деганча отни ниқтайди… Атрофни одамлар ҳайқириғи тутган: «Яшавор, айлантир, айлантир!» Амирободликлар эса қишлоғидан чиққан янги чавандоз ва Қорақашқаси билан мақтанганларича даврада ястаниб, ғурурланиб ўтирибди.
Улоқчилар қандай бўлса-да, унинг йўлини тўсиш пайида, ҳар томондан от солади. Ана, жалаерлик Қосим карвон қорабайири билан унга кўндаланг чиқди. Бошқа от бўлганида тўсатдан қўйилган бу тўсиққа дош беролмай тўхтаб қолиши керак эди. Лекин Қорақашқа эсанкирамади. Комил чавандоз ҳам пинак бузмади. От қора байир тумшуғига ўзини урди, қорабайир қўрққанидан кишнаб ортга бир-икки қадам чекинди. Агар Қосим карвон чапдастлик қилиб қолмаганида, от шу алфозда орқасига йиқилиши ҳеч гап эмасди. Бу ҳолатдан сўнг қорабайирнинг орқа оёғи лат едими, оқсоқланиб қолди. Бу улоқда Қорақашқага тенг келадиган от топилмади. У ҳар улоққа кирганда ўлжани олди. Комил чавандоз олқиш, совға-саломлар ичида қолди…
Ҳали ҳамма нарса олдинда, у отасидек элга, юртга машҳур чавандоз бўлади. Бахтига Қорақашқаси омон бўлса, бас. Улоқдан сўнг отнинг харидори янада кўпайди. Ҳатто, учқур, улоқчи, зотдор отларни парваришлаб ном қозонган Қосим полвон оғиз солди. Битта от учун икки-уч от сотиб олгудек пул ваъда қилса-да, Комил кўнмади. Не-не одамлар, таниш-билишларини ўртага солса ҳамки, йигит айтган сўзидан қайтмади. Харидори кўпайгани сари саман тўлишиб янада кўркам, чиройли ва бақувват бўлиб борарди. Даштқишлоқда Полвон раис ўғлининг хатнасида бўлган улоқда мана-ман деган сара улоқчилар, чопқир тулпорлар йиғилганда ҳам Қорақашқа ва Комил чавандоз ўз сўзини айтди. Совриннинг каттаси бир бош новвос унга насиб этди. Катта ютуқ илинжида даврага от солганлар қўлига туфлаб, зимдан ҳасад билан даврани тарк этдилар…
– От ишқибозларининг феъли ўжар бўлади, қи­зиқиб қолса, унга етишмаса, эгар-жабдуққа миниб, мириқиб чопмаса, ҳожати чиқмайди, – деганди отаси. Отнинг харидори кўпайганидан ҳадиксираган Комил ётоғини отхона ичига кўчирди, ҳар ҳолда эҳтиёт бўлгани яхши.
…Тун сокинлигини аҳён-аҳёнда ер депсиниб қўяётган Қорақашқанинг пишқириқлари бузади. Комил чавандоз кўзини уйқу элитди.
…У ўз саман тойи устида виқор билан атрофга боққан, ўзи ва саманига ҳавас билан боқаётган дўст-биродарлари қуршовида сармаст давра кезади. Узоқ-узоқларда оқ саманни турфа безаклар билан тўлдирган отаси от чоптириб келмоқда. Кўзларидан қувонч балқиб турибди. Бу ёқда эса чақмоқдек қашқа саманда ястаниб ўтирган Комил от тизгинини бўш қўйди, олам ёруғ нурлар билан безанди. Саман қанот чиқариб учгандек елиб боряпти. Мана ҳозир ота ва бола дийдорлашади. Комилнинг отасига айтгулик гап­лари кўп. Ҳаммасини айтади, керакли ўгитлар эшитади. Яна уч-тўрт одим ташласа бас, унга етади. Бирдан атроф қоронғулашиб кетди, оқ саман кўздан йўқолди…
Комил қаттиқ мушт зарбидан инграб, ерга юзтубан йиқилди. Кўз олди қоронғулашиб кетди. Ким, қаердан келиб бошига зарба урганини билмай қолди. Икки забардаст йигит устига миниб бошига қоп кийгизди-да, оёқ-қўлини боғлаб, оғзига латта тиқиб кигиз тепгандек тепиб ташлади. Қорақашқа бўйин бермасдан ер депсиниб кишнади-да, шамолдек учиб кетди… Комил қанча чалажон ётганини билмайди. Биродари Али косиб сўроқлаб келмаганида, шу алфозда жон берарди…
Қорақашқанинг ўғирлаб кетилгани атроф қиш­лоқларгача тарқалди. Саманни қидирмаган, сў­роқ­ламаган одам қолмади. Ҳеч қаердан жўяли хабар чиқмади, йигитнинг қадди камондек эгилди. Кечагина виқорли, бақувватликда тенгқурларидан ажралиб турган, кўзларида ўт чақнаган эр йигитнинг икки-уч кунда қадди букилди, кўзлари нурсиз бўлиб қолди.
– Битта отга шунчаликми, мол топиладиган нарса, бу бўлмаса бошқасини харид қил, парваришла, шунга ҳам ота гўри, қозихонами? – дегувчилар бўлди. Лекин бу гаплар Комилнинг кўнглига таскин-тасалли бермади. Ўз саманини топишига имони комил эди. Ҳали қанчадан-қанча улоқ ва пойгаларда Қорақашқа туёқлари ер титратишига ишонади…
Ҳафта деганда отнинг дараги чиққандек бўлди. Лекин бу ҳам шунчаки тахмин эди. Кўпни кўрган кексалар шошилмасдан, обдон сўраб-суриштиришни маслаҳат беришди. «Бировни ўғри дейиш қийин. Кўзинг билан кўриб, қўлинг билан ушламадингми, туҳмат қилолмайсан», дейишди. Аммо Комил ўтира олмай қолди, унинг кўнгли саман топилганини сезгандек ҳапқирарди, гўёки Қорақашқа ўз чавандозини чорлаётгандек унинг кишнаши чавандоз қулоқлари остида жаранглади.
Комил ҳеч кимга индамай яёв йўлга чиқди, бисотида бир мешча сув. Поёнсиз қумлик ичра кетиб бормоқда. Устига-устак шамол тобора кучайиб, увуллайди. Очлик ва сувсизликдан силласи қуриб, тобора мадорсизланиб бораётган йўловчи кўзларига шуъла кўринди. У севиниб кетди. Саҳро қўйнида паноҳ топган ўғрилар чайласига етиб келганидан хурсанд эди. Итлар бор овозларида акилларди, икки отлиқ йўловчига пешвоз чиқди-да, атрофини бир айланиб, от эгасини танишди чоғи, лом-мим демай отларига қамчи уриб, овул томон елиб кетишди. Уни ўтовнинг беш-олти навқирон йигити қарши олди-да, қўлини орқага олиб ўтов сари етаклашди. Ўтов мустаҳкам тикланган, ҳамма нарса муҳайё.
Тўрида эгнига чакмон ташлаган кенг елкали, кўзлари хунук чақнаб турувчи, шоп мўйловли кимса керишиб эснаса-да, боши билан имо қилгач, бир коса сув беришди.
– Хуш келибсан, чавандоз? Сенинг саман тойинг ҳақида анча-мунча гаплар эшитгандик, мана ўзингни ҳам кўрдик. Худога шукр. Ўтир, бир-икки кун меҳ­мо­нимиз бўл.
Комилнинг қулоқларига гап кирмас, нигоҳлари, бутун вужуди билан ўз саманини изларди.
– Отимни қидириб келдим.
– От, қанақа от? Ким айтди уни биз ўғирладик деб. Ўз кўзинг билан кўрдингми? Ким нима деса келаверасанми, аммамнинг бузоғига ўхшаб?
– От сенда экан. – Комил анча дадиллашиб, қатъий оҳангда сўз айтди.
– Ўзинг келиб, ўғилболачилик қилибсан, йигит. Гапнинг пўсткалласини айтганда отни биз ўғирламадик, фақат бир-икки кун йўрғалатиб кўриш учун олгандик, холос. Лекин отинг зўр экан. Қанийди бизда ҳам шундай от бўлса.
Сардор ўрнидан туриб Комилга яқинлашди-да, елкасига шаппат урди.
– Энди чавандоз, от менга ёқиб қолди, шу боис унга қанча сўрасанг, бераман. Айт, қанча берай?..
Комил ўт бўлиб ёнди, қўллари беихтиёр мушт бўлиб тугилди-да, қулочкашлаб бир мушт туширди. Кутилмаган зарбадан Сардор юмалаб кетди. Шу топда икки йигит Комилнинг устига ташланиб ерга йиқитди.
– Сени дуруст бола десам, расво экансан-ку, – дея оғзидан сизиб чиққан қонни туфлади-да, Комилга мушт солди Сардор. Чавандоз ерга мук тушди. Уни суд­рашиб Қорақашқа боғлов турган ўтовга ташлашди. От чавандозни таниди, унга эркалангандек пишқириб, бошларини сарак-сараклаб, ёлларини ўйнатди. Чавандоз унга талпинди, ёлларини силай деса қўллари боғлиқ. Кўзлари ёшланди, иложи бўлса киприклари билан отни эркаласа, унга ором берса.
…Қорақашқа, жониворим, бу ҳам бир қисмат. Одамлар борни ҳам, йўқни ҳам кўролмайди. Лекин сени мендан ҳеч ким ажрата олмайди. Дов-дарахтлар, майсалар қуёш нури билан тирик, инсон боласи одам тафти билан яшаса, мен сендан баҳра оламан, сендан айрилгандан кўра…
Бир йигит қўлида пичоқ ва арқон тутганча ўтовга кирди. Ортидан эса тўрт йигит ва Сардор кириб келди-да, бир-бирларига маъноли қараб олгач, сўз бошлашди.
– Яна ўйлаб кўр, отни сот. Агар сотмасанг, бўғизлаб еб битирамиз. Сенга ҳам, менга ҳам йўқ.
Комилнинг мияси ғувиллаб кетди. Нима деяпти бу ғаламис, жонидан-да азиз кўрган отни бўғизлаб бўладими?
– Сотмайман, мен учун жонимдан-да азиз бу жонивор.
– Унда ўзингдан кўр, – деди-да, йигитларига от­ни йиқитишни буюрди. Қорақашқа ерда ётибди. Қўрқувдан эти титрайди, кўзларини олазарак қилиб бошини кўтаришга, ўрнидан туришга уннайди. Кўзлари билан дам чавандозга, дам қўлида пичоқ тутган кимсага боқиб ёлворгандек типирчилайди. Ана ўткир тиғли пичоқ отнинг бўйнига қадалди, атрофдагилар «омин» деб қўлларини дуога очди.
Ногаҳон, қаттиқ, бўғиқ овоздаги бақириқдан ҳамма тўхтади!
– Сўйманглар, сўйма, ит эмган, мен рози, – дея Комил бошини ерга эгиб, елкалари силтаниб йиғлаб юборди.
Сардор мийиғида кулиб, қўлидаги қамчини кафтларига уриб, чавандоз бошига келди-да, қамчи дастаси билан Комилнинг иягидан кўтарди.
– Битта от жонингдан ҳам ортиқми? Галварс экансан!
– От минмаган, отнинг қадрини қаердан билади, ҳароми. Билиб қўй, отни абгор қилсанг, уволига қо­ласан.
Сардор бошқа гап қўшмади, буёғини менга қўйиб бер дегандек, гердайиб от ёлларига шаппалатиб уриб ташқарига чиқиб кетди.
Саманнинг оёқлари бўшатилди. Комил чавандознинг қўлига бир тугун пул тутқазишди…
Комил тобора мадорсизланиб, оҳиста қадам ташлаб ортга қарамай кетиб бормоқда. Ўтовда эса Қора қашқа ер тепиниб кишнайди. От миниб ўрганган эр йигит қандай отсиз юради, эл кўзига қандай қарайди? Қишлоғига қуруқ қўл, бир халта пул кўтариб қайтгани Қорақашқа ўрнини боса олармиди? Энди нима деган одам бўлди. Дўст-душман ҳолинг шу экан-ку, чиранганинг нима, деса, не дейди. Ҳорғин, толиққан, хўрланган чавандозга қайси манзил сари бориш, яшашнинг ҳам қизиғи йўқолди. У кўр-кўрона қадам ташлаб, тебраниб-тебраниб кетмоқда. Чавандоз яна ҳолдан тойди, қумга ботган оёқларини кўтаришга-да мажол қолмади. Томоғидан нам ўтмади, кўз очиргани шамол қўймади. Бир-икки одимлагач, юзтубан йиқилди. Шамол тобора забтига олиб, уввос солади, атрофда қум барханлари кўчиб юрибди. Тугунга солинган пуллар шамол забтида хазон каби кўкка кўтарилиб, кўздан йўқолди…

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 11-сон.