Раимқул Суяров. Фарзанд (ҳикоя)

Ҳар сафар эрта ухлаб қоладиган Очил буванинг кўзларига шу кеча ҳадеганда уйқу келавермади. У узоқ ётди, эртага ўт ўриладиган жойни кўпроқ эгаллаши кераклигини хаёлидан ўтказди. Кўзига доим калтакесакдек бўлиб кўринадиган Турсун қоранинг уйига ўтган йили ўзиникидан икки баравар кўп хашак ташиганини ўйлар экан, юрагига оғриқ кирди.
— Безбет! — чидолмасдан ичида сўкинди у. Сўнг ётган жойидан илдам турди-да, бош томонида турган қовоғидан бир отим нос олиб, тил остига ташлади. Беихтиёр шундоқ ёнида, ариқ ёқалаб ўсган қалин тутзорга тикилиб қолди. Ой роса тўлишган эди. Тепаликдан қараса, Узунсой қишлоғи у адоғидан бу адоғигача яққол кўринади. Очил бува ўрнидан туриб, носини туфлади, ой ёруғида жимирлаб оқаётган ариқ сувига қўлини чайди ва уйнинг орқа тарафига боғлаб қўйилган эшагини ўтлироқ жойга жилдириш мақсадида ўша томонга юрди. Уй ёнидан ўтаётганида, деразанинг ички тарафидан тўсиб қўйилган парда ортидан тушган ғира-шира нур уни ҳам бир зумга ёритди. Вақт алламаҳал бўлган, Очил бува кампирининг ҳали ҳам ухламаганига ҳайрон бўлди ва дераза ёнига келиб, тирқишдан ичкарига қаради. Кампири чироқ ёруғида мулгиб-мулгиб, шу йил баҳорги қирқимда қирқилган қўй жунларини титиб ўтирарди.
“Гап таъсир қипти, — дилидан ўтказди Очил бува. — Тўғри-да, оёқ-қўлинг соғ бўлса, бор-йўғи беш-олти қўйнинг жунини эплолмасанг, нима қилиб юрибсан?! Шуни титиб, йигириб, ипидан уч-тўртта шолча тўқисанг, ҳарна бир-икки сўм пул бўлади”. Кеча қуёш тиккага келган маҳал чол-кампир сўрида ўтириб, чалоб ичишаётган эди. Шунда кампир:
— Қўлимнинг жони йўқ, қўйларнинг жунини Рўзиқулнинг хотинига берсак, тўртта шолча чиқаркан, иккитасини ўзи олади, иккитасини бизга беради. Куяга ем бўлиб кетганидан кўра, яхши-да, — дея кўнгли сиғиб гапирди. Бу гап Очил бувага ёқмади, аввалига индамади, бўлди қилар деб кутди. Лекин кампир тинмади, ҳали у, ҳали бу дея жаврайверди. Сал нарсага тўнини тескари кийиб оладиган Очил буванинг тоқати тоқ бўлди, кампирига ўшқириб кетди:
— Жунга умуман тейинма, Рўзиқулнинг хотинигаям, бошқасигаям бермайсан, агар қўлинг узилиб тушган бўлса, жойида тирай берсин, майли куя еб кетсин!
Ирисой момо куни билан аразлаб юрди.
Ирисой момо қирқ тўрт йил бир ёстиққа бош қўйиб, яхши-ёмон кунларни биргаликда бошдан кечириб келаётган чолининг феълини яхши билса-да, кейинги вақтларда тез-тез тоби қочадиган бўлиб қолгани учун, ўзини мана шунақа ишлардан бироз тийиш мақсадида бу гапларни айтган эди. Лекин Очил бува бундай “дийдиё”ларни кўтарадиганлар хилидан эмасди. Шунинг учун ҳам момо ҳоли келса-келмаса ярим тунгача жун титиб ўтирибди.
Очил буванинг кўнглида кампирига нисбатан озгина бўлса-да, ачиниш ҳисси пайдо бўлди: “Бечора кампир, ўзи дунёга келиб нимани ҳам кўрдинг, Худо бизга фарзанд насиб қилмади. Шундоғам куйиб адо бўлган бўлсанг, бу ёғи тобинг қочиб турибди. Мен ўзим аҳмоқман, сенга нега бақирдим?!”
Лекин яна ўжарлиги тутиб кампирига раҳми келганини билдириб, “Кампир, энди ётақол, кеч бўлиб кетди”, дегиси келмади. У боғлаб қўйилган эшаги томон юрар экан, шундоқ уйи орқасидаги узумларни пайҳон қилаётган дайди тойхарларга кўзи тушди ва жон ҳолатда тутга суяб қўйилган кетмонни қўлида тутганича, уларни қува солди. Тойхарлар ҳамма ёқни чангитганича боғнинг кечки пайт очиқ қолиб кетган дарчасидан чиқиб кетишди. Фиғони фалакка кўтарилган Очил бува дарчани ёпиб келар экан кампирини бўралаб-бўралаб сўкди. Дарчани очиқ қолдириб, узумларини хўтикларга “ем” қилгани учун кампирини токзор орасидан гўр қазиб, “тириклайин тиқишга” ҳам тайёр эди. Бу пайтда боя жун титиб ўтирган Ирисой момо чироқни ўчириб, уйқуга кетган эди. Буни билган Очил бува ҳар қалай уни безовта қилмади, индамай супадаги ўрнига чўзилди ва бирпас ўтар-ўтмас унинг ҳам кўзларига уйқу инди…
Очил бува ҳангисининг устига қалмоқи уриб, кетишга ҳозирлаб қўйганида, осмонда тонг юлдузи ярақлаб турарди. Таҳорат олиб бомдод намозини ўқишга киришди. Момо ўчоқ бошида куймаланиб, чой қайнатарди. У чоли намоз ўқиб бўлиши билан чойини дамлади, кеча пишириб қўйган ғилминдини дастурхонга қўйди, тундаги воқеадан бехабар ҳолда чолига гап қотди:
— Ҳали эртамасми?
Кеча алами ичида қолган Очил бува тутақди:
— Ўласанми олди-ортингга қараб юрсанг, кеча дарчани очиб келибсан, бир сурув эшак кириб боғни яксон қилибди, ҳалиям билиб қолиб ҳайдаб чиқардим.
Момо тилини тишлаб қолди. Бува ғилминдини еб битиргунча, кампирини роса койиди, кейин пиёлада совиб турган чойни бир кўтаришда симирди-да, эшагигига миниб, қабристон томон йўл олди. У эшагини нуқиб-нуқиб борар экан, хаёлида фақат бир нарса чарх урарди, у ҳам бўлса — Турсун қорадан олдинроқ бориб, ўтнинг қалинроқ ўсган жойини ўриб олиш эди.
Қабристон сойнинг шундоқ қирга туташ қисмида жойлашган. Атрофи темир панжара билан ўралгани боис, далада ўтлаб юрган қўй-эчкилар унинг ичкарисига киролмайди. Ҳар йили Очил бува билан Турсун қора ёмғирли кунлар ниҳоялаб, майсалар сарғая бошлагач, бу ердаги ўтларни қўй-молларига емиш сифатида ўриб, уйига ташиб оларди. Бунинг учун улар ўзаро келишув асосида ёзнинг биринчи ойи бошларидан бир кунни белгилаб қабристонга келишади.
Қабристон унчалик катта эмас, Очил бува билан Турсун қора бу ердаги ўтларни бир кунда ўриб-йиғиб оларди. Ўтган йили Турсун қора эртароқ келиб, Очил бува келгунича анчагина жойни ўриб қўйганди. Очил бува бу йил азонлаб келиб, сим билан маҳкамланган дарвозани очиб, ичкари кирар экан, баданида бир нарса ўрмалаб юргандек бўлди. Негаки, қабристон ичкарисига кираётиб, ўз нафси йўлида тонг ёришар-ёришмас марҳумларни безовта қилаётганди-да.
— Эй, Худо, ўзинг кечиргин, — дея ўзига-ўзи таскин берди. Эшагини дарвоза ёнига боғлади-да, ўроғини қўлида тутганича, дўмпайиб турган қабрларни оралаб, ўтнинг қалин жойига кетди.
Буванинг ғайрати жўшиб кетди, чархлаб келган ўроғи билан ўтни шу қадар берилиб ўрар эдики, кўнглида кечган бояги ҳислардан асар ҳам қолмади. У то кун ёйилгунча қабристоннинг учдан бир қисмини ўриб битирди, кўнгли хотиржам бўлиб, озгина дам олиш мақсадида ўрилган жойга ёнбошлади. Бу пайтда Турсун қора отини етаклаганича, қабристоннинг орқа тарафидаги қирликдан қиялаб келарди. Очил бува унинг келаётганини илғамади, хаёлга чўмган кўйи, юзидаги терни бармоқлари билан сидирарди.
Турсун қора Очил буванинг анчагина жойни “ўзлаштириб” қўйганини узоқданоқ билди, бир пас дами ичига тушиб кетди, сўнг чапараста сўкинганича отига қамчи урди.
— Ҳорманг, Очилбой, — Турсун қора етиб келиб отидан тушди-да, ғазабини яширишга уриниб гап бошлади. Шу тобда ишни дўндириб қўйиб, талтайиб ётган Очил бувани бўғиб ўлдиришга ҳам тайёр эканлиги юз-кўзида акс этиб турарди. Очил бува бамайлихотир ўрнидан қўзғолди:
— Яхшимисиз, Турсунбой, саломатгина юрибсизми? — зўрма-зўраки манзират қилди у ҳам.
Бунга жавобан Турсун қора киноя оҳангида:
— Очилбой, тунни шу ерда ўтказдингизми, дейман? — деди.
— Ҳа, ўтган йили сиз шундай қилувдингиз, бу йил гал бизники, деб эртароқ ишга тушдик, — ўзини хотиржам кўрсатиб жавоб берди Очил бува.
Аламдан кўзлари қисилиб кетган Турсун қора бу гапдан сўнг чидаб туролмади:
— Инсофинг борми ўзи сенинг, ўтган йили сен келгунингча, ўтнинг қалин-қалин жойларини ўриб қўйганим йўқ эди-ку, эртароқ келган бўлсам ҳам бир текис ўрганман, у ёқдан бу ёққа сакраб ўрганим йўқ!
Очил бува билан Турсун қоранинг ёшида бир-икки йил фарқ бор, иккаласи ҳам олтмишдан ошган. Турсун қора узоқ йиллар қўйчивонлик қилган, Очил бува эса мактабда қоровул бўлиб ишлаган, ҳозир иккаласи ҳам нафақада. Улар мана шу қабристон ўтини неча йиллардан буён талашиб-тортишиб ўришади, шунинг устида бир неча бор юзкўрмас ҳам бўлиб қолишган, лекин маъракаларда қишлоқ одамлари уларни яраштириб қўйишарди. Бу йилги жанжал жиддий тус олди. Очил бува шеригининг устидан кулаётгандек бўлиб: “Сенга қолгани ҳам бўлади”, деди. Шундан сўнг Турсун қоранинг феъли ёмон тутди:
— Мараз, иймонингга ўт тушсин!
— Сен менга иймон ҳақида гапираяпсанми, — унинг гапини шартта бўлди Очил бува.
Лекин Турсун қора уни гапиришга қўймай, сўкишда давом этди:
— Орқангда қоладиган битта боланг бўлмаса, ўласанми уйингда ўтирсанг, битта қўй сотсанг, етарли емиш оласан-ку, зиқна!
Турсун қора Очил буванинг бефарзандлигини шу чоққача юзига солмаган эди. Шунданми, буванинг ичидаги бир умрлик армон ғалаён қилиб қолди — учи ерга қадалган ўроқни қўлига олди-да, ўтирган жойидан шашт билан туриб Турсун қорага ташланди. Турсун қора ҳам жим турмади. Ўроқ зарбидан иккаласи қонга бўялди.
… Турсун қорани касалхонага олиб кетишди. Очил бува уйида бир ой қимирламай ётди. Анча тузалиб қолган эди, аммо кампирини ғафлатда қолдириб, бандаликни бажо келтирди.
Турсун қора касалхонадан уйига қайтди. Лекин олдинги гавдасининг ярми ҳам қолмаганди, у кўп қон йўқотганидан судралибгина юрар, бўлиб ўтган воқеалар гўё тушида кечгандек эди. Энди у қишлоқнинг тўй-маъракасига ҳам, азасига ҳам аралашмас, тез-тез қабристонга бориб, Очил буванинг қабри тепасида узоқ-узоқ ўтирарди…