Қулман Очилов. Қасд (қисса)

Бул одам ўлмай қўлга тушмайди.

(“Далли” достонидан)

Саломсиз калом

Профессор Панжи Намозов иккинчи қаватдан юрадиган лифтга етгунича ҳансираб, ҳарсиллаб қолди. Унинг ҳаракатлари анча сусайиб, буғдойранг юзидаги ажинлари кун-бакун кўпайиб бораётган бўлса-да, баъзи тенгдошларига ўхшаб, жуда мункиллаб қолганича йўқ. Аммо етмишни қоралаган одам яна олма ёки ўрик бўлиши қийин. Ҳар куни шу: бир амаллаб хонасига кириб олади-да, кечгача қоғоздан бош кўтармайди. Тушликни ҳам пастдаги ошхонадан ёрдамчиси олиб чиқади. Иш эса кўпайса кўпайиб бораётирки, асло камайишидан дарак йўқ. Қарилик гаштини суриб, уйда ётай деса, раҳбарлари кўнмайди: “Шошилманг, домла, яна озгина чидаб туринг, етмиш йиллик юбилейингизни тантана билан ўтказиб, иззат-ҳурматингизни жойига қўйиб кузатамиз”. Барака топишсин. Бундан катта гап борми. Раҳбарларининг кўпи – ўзининг шогирдлари, қачонлардир университетда ёки академияда ўқитган, илмий ишларига раҳбарлик қилган, китобларига сўз бошию тақризлар ёзган, йўл-йўриқ кўрсатган… Домла “хўп”, дейди. “Шунисига ҳам шукр!” дейди. Тенгдошларининг давраси йилдан-йилга сийраклашиб бораётган, ўзининг ҳам парти кетиб, шарти қолаётган одам бошқа нима десин.
Профессор қабулхонада кутиб олган миқтигина, каттакон қора кўзлари косасига чуқур ботган, эпчилгина ёрдамчисига одатдагидек: “Бугун ҳам ийжадимизни қаҳва ичишдан бошласак”, деган сўзларни айтишни унутмади.
У қабулхонасига кириб-чиққанида, айниқса, ёнида бегоналар бўлса, кўзой­наккинаси доим ялтираб турадиган ёрдамчиси Азимнинг исмини айтишдан қочади, қисинади. Бунинг сабабини бошқалар ҳам сезади, шекилли. Бировлар борки, юзига айтмаса-да, изидан кулади: “Ишхона эмас, эркаклар ҳаммоми”. Ўттиздан ортиқ одам ишлайдиган жамоада аёл зоти йўқ. Ҳатто фаррош ҳам эркак – талаба йигит.
Профессор аёл кишини ишга ололмайди. Олса, уйда ўтирган “аждарҳо” – Эргаш мўйловнинг қизи – оғзидан олов пуркаб таҳририятга от солиб келишдан тоймайди: “Ҳа-а! Кўнглингиз бошқасини тусаб қолдими? Биз камлик қилдикми? Қариб қолдикми?”
Хонасига кириб, столида бир уюм қоғоз – ҳар хил қўлёзмаю хат, ҳужжат, газета-журналларни кўриб, юраги увушди, шуларнинг ҳаммасини ўқиши, тақдирини ҳал қилиши керак.
Кулранг пальтоси ва сувсар телпагини қорамтир шкафдаги темир илгакка осиб, ўзини суянчиғи баланд қора чарм курсига ташлади. Оғир тин олди. Столнинг тагидаги қўлбола супачани пайпаслаб топди ва устига толиқа бошлаган оёқларини қўйди. Шу савилга қўйиб ўтирмаса, пайлари бирпасда увушиб, ҳаракати қийинлашиб қолади. У бошидаги ярғоқни яшириш учун тепасига кўндаланг таралган узун сочларини силаб қўйди.
Нимадир минғиллаб келиб, ўнг чаккасидан чимиллатиб чақди. Тавба, қишнинг чилласида ўн еттинчи қаватдаги тоза-озода хонада чивинга бало борми? Шкафнинг ичида адашиб қолган, шекилли.
Профессор чаккасига қўл юборган эди, бармоқлари қип-қизил қон юқи билан қайтди. “Менинг қонимни ичмаган сен қолувдинг!” деб жилмайди қўлини майин­гина қоғоз сочиқчага артар экан. Дили ёришгандай бўлди: қон – ёруғлик.
У газета-журналларни четга суриб қўйди. Оқшом, уйда бафуржа ўқиши мумкин. Хатларнинг тақдири ҳам тезда ҳал бўлди – бўлимлараро тақсимланди. Ишнинг қийини – қўлёзмаларда. Бир-биридан зерикарли. Ўқиш ҳам, жавоб қайтариш ҳам азоб. Гўё ҳаммасини бир одам – ўта истеъдодсиз, танбал ва қаллоб ёзгандай. Ўнтасидан тўққизтасининг ҳузурини архив кўради. Бандаси ўзи асли ношукр яралган, шекилли. Асарини чоп этсанг, дунёда сендан улуғ одам йўқ. Ҳар қадамда етти букилиб салом беради. “Буниси сал бўшроқ экан” деб қайтарсанг, “оқ” қилинасан. Муаллиф илгари юзта асари журналда чиқиб, “машҳури олам” бўлганини эсламайди. Лекин “қайтган” битта қўлёзмасининг аламини рўзи маҳшарда ҳам унутса қани. Тўй-ҳашам, мажлису маъракада дуч келсанг, отасининг қотилини кўргандай афтини буриштиради. Начора, муҳаррирнинг, айниқса, ижтимоий-ҳуқуқий, адабий-бадиий журнал бош муҳаррирининг ёзмиши шундай экан.
Ёрдамчи қизил гулли нафис финжонда қаҳва олиб кирди:
– Шакаримиз тугаб қолган экан, – деди хижолатомуз. – Новвот солиб дамлай қолдим.
Профессор билинар-билинмас бош ирғади: шуниси ҳам маъқул – шакар совуқлик, ҳазм бўлиши қийинроқ. Қоринни дамлатади. Новвот қон босимини кўтаргани билан юрак тўқималарининг малҳами. Дўхтирлар юраги дарз кетганларга беҳуда новвот тавсия қилмайди.
– Юзингиз шилинибдими, домла? Қон сизиб турибди…
– Ҳа-ай, қўяверинг! – Профессор бепарво қўл силтаган бўлди. Столининг устидаги қоғоз сочиқчалардан яна бирини олиб, юзини артди. – Саратонда “дордан қочган” бир чивин аламини олди.
Панжи Намозов хушбўй таратиб турган қайноқ қаҳвани ҳузур билан ҳўплади. Шираси кўпроқдек туюлди. Шу бола меъёр деган нарсани ҳеч ўргана олмади-да, деб ўйлади. Хаёли жойида эмас. Лекин чумолидай меҳнаткаш. Нақд тоштешар. Ишга келганидан бери – олти ой ичида бешта ҳикоя берди. Биридан Мурод Муҳаммад Дўстнинг мўйлови кўриниб турса, иккинчисидан Эркин Аъзам самимий жилмайиб қараётгандай. Учинчиси бошловчи мутаржимнинг қўлёзмасига тортиб кетади. Сал ҳовлиқмалиги бор. Ёзган нарсасини сиёҳи қуримасидан ­эълон қилишга шошилади.
“Азимбой, – деди бир куни профессор, – ёзаётганингизда сўзга, таҳрирга ­эътибор беринг. Адабиёт гап санъати эмас, сўз санъати. Марафончилар мусобақаси ҳам эма-ас”.
Жумада иш сал камроқ бўлади. Бу аҳли қаламнинг дам олиш кунлари асарини қайта ишлаб, пишитиши билан боғлиқ бўлса керак. Ё ҳафтанинг охирида ҳаммаси ўлгудай чарчаб, сулайиб қолармикан? Хайриятки, бугун – жума. Хат-хабарларнинг тагидан биттагина қўлёзма чиқди. Унчалик қалинга ҳам ўхшамайди. Электрон почтадан келган бўлса керак.
“Муҳтарам профессор!”
Панжи Намозов на салом-алик, на сарлавҳа, на бирор кириш сўз ёки изоҳсиз, томдан тараша тушгандек бошланган “бисмиллосиз” хатни кўриб, ажабланди. Кўнглига қандайдир нохушлик югургандай бўлди, бироқ ажабланиш устун келиб, хатни жиддийроқ ўқишга киришди.

Ҳаммаёғ қип-қизил қон эди

“Муҳтарам профессор! Сиз мени танимайсиз. Биламан, мен каби мухлисларингиз сон мингта, балки миллионта. Ҳаммасини эслаб, таниб қололмайсиз. Танимасни эса сийламас, дейдилар. Лекин Сиздан мен фақирга марҳамат кўрсатишингизни – ушбу хатимни охиригача меҳр кўзи билан ўқиб чиқишингизни ўтиниб сўрайман. Сизга бир пайтлар ўзим қўл урган ўта мудҳиш жиноят билан боғлиқ муҳим сирни очмоқчиман.
Сизни ўзимга муқарраб – энг яқин дўст, маслаҳатгўй санаб, ушбу мактубни битдим. Менинг бу адолат саҳросидаги сар-сар кезишларим надомат билан ниҳоясига етмоқда. Дилимни аёвсиз ўртаётган дард шуки, ўз вақтида бир табаррук зотга берган ваъдам – тоатни, фазлу карам матлабини камолига етказа олмадим. Қасд ва алам ўтида ёниб, ўзимни ҳадсиз ранжу аламларга гирифтор қилдим. Ақл-идрок билан тутган тадбирим мени адолат ва ҳидоят йўлига олиб чиқади, деб ўйлаган эдим. Кушойиш топиш ўрнига, талваса гирдобига чўкиб кетдим.
Бу кун ғам ва андуҳ, хасталик ва кексалик ҳам вужудимни, ҳам шууримни беаёв емирмоқда. Йўқ, кемирмоқда. Айниқса, тутқаноқ кун бермай қўйди. Шу топда ёстиғим устига келсангиз, оқ сочиқчага ўралган икки қошиққа кўзингиз тушади. Бири – темир, иккинчиси – ёғоч. Хонам деворида қон излари. Ювган ва қирган билан қон изини буткул ўчириб бўлмади. Беш кун бурун, ярим тунда тутган навбатдаги хуруж асносида не бир муддат тилимни тўхтовсиз ғажиб, атрофга қон пуркабман. Тупурганим йўқ, айнан пуркабман! Тортилган тилим танглайимга ёпишиб қолмаслиги учун қошиқ билан оғзимни аранг очишибди. Юрак ўйноғига чалинган хотиним, тунлари тепамда ўтириб чиқадиган неварам бўлмаганида, ушбу мактубни Сизга жўнатишга улгурмас эдим. Милкларимнинг соғ жойи қолмаган. Вужудим ва шуурим бу кун таомдан кўра дорини кўпроқ хушлайди, айтган гапимни на ўзим, на атрофдагилар англайдиган бўлиб қолди. Дилим билан муҳорабадан беҳад чарчадим. Азроил тепангда қиличини қайраб турганида ўлимдан қутулишинг душвор. Пушаймонлик ҳам бефойда. Шу боис сўнгги чора – хап дори – бензанол тўла қутини титраган қўлларимга сўнгги бор олишдан аввал бор дардимни Сизга ёргим келди. Яратганнинг иноятидан ягона умидим – пажмурда вужудимга тезроқ ором инса.
Ўтинчим: хатимни охиригача ўқисангиз. Шунда нега айнан Сизга мурожаат қилаётганимнинг сабабини ҳам тушуниб оласиз. Мен тўрт одамни асфаласофилинга жўнатган жиноятчиман.
Яқин-яқинларгача камина зимдан, назаримда, ғоят усталик билан амалга оширган бу мудҳиш жиноятни арши аълода Яратгану гуноҳкор заминда ўзимдан бошқа бирор жонзот билмайди, деб юрар эдим. Аён бўлдики, қотил ҳам, мақтул ҳам ўзим эканман. Дарвоқе, воқеалар баёнида адашиб кетмаслигим учун битикларимни сарлавҳаларга бўлиб чиқдимки, бу Сизнинг ғашингизга тегмас деган умиддаман.
Келинг, гапни аччиқ ичакдай чўзиб ўтирмай, аввал ўзимни таништирай. Қишлоқ мактабида тарихдан сабоқ бергувчи эдим. Бироқ бу касбни, яъни муаллимликни азбаройи бани башарнинг серғалва тарихига меҳр-муҳаббатим баландлигидан танлаганим йўқ. Менинг орзуларим бошқачароқ, юксакроқ эди. Очиғини айтганда, изқувар бўлмоқчи эдим. Бадиий, айниқса, “ровийлар андоқ ривоят қилмишларки” деб бошланадиган қадимий, тарихий асарлар, чигал жиноятлар усталик билан очиладиган детектив китобларни болалигимдан ямламай ютаман. Энг оғир, энг қабиҳ жиноятларни очиб, яшириб нима қилдим, Шерлок Холмс каби шон-шуҳрат қозонмоқ орзусида эдим. Насиб қилмаган экан. Тақдири азал. Икки йил юридик факультетга ҳужжат топширдим. Баллдан қайтдим.
Университетга киролмаганим учун бировни айбламоқчи эмасман. Ўз айбини бировга ағдаришга, зорланишга мойил кимсаларни жиним суймайди. Бу эркакнинг иши эмас. Ҳақиқий эркак фақат Худога ва ўзига ишонади. Хато қилса, тан олади, уни тўғрилаш пайида бўлади. Хулласи калом, учинчи йили пединститутнинг тарих факультетига энг юқори балл билан ўқишга кирганимни айтсам, гапимни ҳаргиз зардаю кинояга йўйманг. Ношукр эмасман…
Институтни тугатиб, ўзим ўқиган қишлоқ мактабига ишга келдим. Агар бир фожиа юз бермаганида ёшлик йилларимни эслаб, бунчалар эзмаланмаган, ушбу иқрорномани йўллаб, Сизнинг муборак бошингизни қотирмаган бўлар эдим. Начора. Айтганимдек, гардуни дуннинг йўриқлари ўзгачароқ экан. Биз Бозор билан апоқ-чапоқ бўлмасак-да, ҳамкасб эдик. Тижорат йўлига киргунича у мактабимизда адабиётдан дарс берарди…
Орадан қарийб ўттиз йил ўтган бўлса-да, ўша кунни жуда яхши эслайман. Ерга тўл тушиб, чўпон-чўлиқ қўтонидан чиқолмай қолган маҳаллар. Мактабдан келиб, тамадди қилдиму кеч кузда кўмилган токларни очиб, тагига кесак солиш умидида томорқага ўтдим. Мотоциклнинг патиллагани эшитилди. Қарасам, мактабда жисмоний тарбиядан дарс берадиган укам Бободўст шалоғи чиққан “Иж”ини миниб, жуфтагини ростлаётир. Мени кўриб имо қилди: “Дарров келаман. Зарил ишим чиқиб қолди”.
Бошимни зардали чайқадим: яна ишдан қочяпсанми, дангаса? Шу маҳалда ток очишдан зарилроқ яна қандай юмуш бор?
Бурилишга улгурмадим. Ниманингдир варанглагани ва тарақлагани эшитилди. Сўнг кимнингдир “Во-о-ой!” деган чинқириғи қулоққа чалиндию жим бўлди. Пастқамгина пахса деворимиз оша бўйласам, қўшнимиз Қамбарнинг қизил “Жигули”си укамнинг мотори варанглаб ётган мотоцикли устига чиқиб кетган. Авария жойига қандай етиб борганиму оғзидан қон отилаётган укамнинг қўлидан қандай тортганимни билмайман. Қани энди тортиб ололсам! Нортуядай йигитнинг икки қўли, елкаси, боши – бутун гавдаси девор билан мотоциклнинг ўртасида қисилиб қолган, мотоциклни эса ҳали мотори ўчмаган машина бор кучи билан девор томонга сурмоқда эди.
Ўзимни машинага урдим. Ҳайдовчининг боши рулда – юзтубан ётарди. Мен аввал уни кучли тўқнашув зарбидан ҳушидан кетган бўлса керак, деб ўйладим. Эшикни очишим билан ерга ағдарилди. Димоғимга “гуп” этиб аччиқ арақ ҳиди урилди. Қамбарнинг уст-боши, оёқларининг остигача шилта – қусуқ. Кейинчалик эшитсам, қўшни қишлоқдаги қариндошининг тўйидан “тўйиб” келаётган экан.
Машинани орқага олдим. Осмондан тушдими, ердан чиқдими – билмадим, қарасам, тепамда Қамбарнинг иккинчи акаси Назар ҳансираб, кенг оғзидан сўлаги оқиб турибди. Унинг феъли шундай – доим шошиб, ит қувлаган бузоқдай пишнаб-ҳансираб юради.
– Вой, палакат! – деди у. – Вой, палакат-ей! Яна молдай ичибди-я!..
Назар билан тўн кийишмаган бўлсак-да, сабоқдош, қалин ошна эдик. Унга кейинчалик: “Назаржон, ўзингиз кўрган эдингиз-ку, укангиз ўша куни ғирт маст эди” десам, тонди. “Эсимда йўқ. Мени бу гапларга аралаштирманг, ошна!..” деди ердан кўзини узмай.
“Унда мени ошна дема, Назар! – дедим. – Мен Худодан қайтган билан ошна бўлмайман!..”
Укамни ерга бердик. Унинг таъзиясига ер ёрилиб одам келди. Отамнинг ҳурмати. Отам раҳбарларининг ҳам айтганини қилиб, ҳам уларга айтганини қилдириб келаётган обрўли чўпон эди. Ҳамма келди. Фақат ака-укалар – на Қамбар, на Назар, на Бозордан дарак бўлди. Отам айтдики, юраги дов бермагандир. Кейин, маъракасига келар. Тили бўлса, бир оғиз “бандалик” деб кўнгил сўрар.
Сўрамади. Қора ердан садо чиқди, аммо бу уч йигитдан, уч қўшнидан садо чиқмади. Маъракани ўтказиб, ён-беримизга қарасак – жимжитлик: на фожиа содир бўлган куни икки соатдан кейин етиб келган ва наридан-бери суриштирган киши бўлган ички ишлар ходимларидан, на прокурору терговчидан дарак бор. Гўё ҳеч кори ҳол юз бермаган. Йигирма етти ёшли йигит ҳалок бўлиб, унинг икки гўдаги етим, ёшгина хотини бева қолмаган. Гўё Қамбар одамни эмас, бесар мушукни, мушук нима, кўлмақдаги қурбақани босиб кетган. Ҳеч вақо бўлмагандай ишига – электр тармоқлари идорасига қатнаб, аввалгидай тўйма-тўй ичиб юрибди.

Чўп сувлиққа ярамайди

– Камбағални туянинг устида ит қопгани шу бўлади, – дер эди отам ўксиниб-ўксиниб йиғлар экан. – Акаси Бозор қараб ўтирармиди – қилар ишини қилиб қўйган-да. Менинг жувонмарг кетган боламнинг йўқлайдиган дурустроқ жигари бўлмаса. Йўқлагани билан дасти иштонбоғидан нарига етмаса. Чўп сувлиққа ярамайди!..
Ўшанда англадимки, бирор чорасини кўрмасам, бундай таъна-дашномлар мени умримнинг охиригача адо қилади. Англаш асносида отамнинг гаплари ҳақ-рост эканини ҳам тан олдим. У замонлардаги туман матлубот жамиятининг раиси қаердаю, қўл учида кун кўрадиган муаллим қаёқда! Қиёсан олганда, на сонда, на саноқда бор бир йўқсил эдим-да.
Бироқ мен укамнинг хунини оламан, деб ўлиб турган жойим ҳам, бундай дардисарликларга тоби тоқатим ҳам йўқ эди. Ака-укалар салгина бўлсин адлу инсоф билан иш тутса, ўзларининг журъати етмаса, қишлоғимизнинг кайвониларию қари-қартангини ўртага солиб, отамнинг олдига бош эгиб келса, одамга ўхшаб бир оғизгина кечирим сўраса, отидан тушиб қолмас, ўзларининг бошига ҳам шунчалар мусибат ёғилмас эди! Эшикдан кирганни ит қопмас. Юз иссиқ, кечирмай қаерга борар эдик. Ўлай агар, мен гинадор бўлиб юрмас эдим. Оми бўлса-да, фазлу карам отам бечорага ҳам бегона эмасди. Йўқ, ака-укалар, айниқса, Бозор калта ўйлади. Кажлик тўнини кийиб, “Сен зўрми, мен зўр”ни афзал кўрди. Дуч келган жойда машинасидан устимизга балчиғу лой сачратиб ўтишдан ор қилмади. Қўйиб берса, бетимизга туфлашдан ҳам тоймайдигандек.
Мен ўзимни фазлу камол эгаси дейишим қийин. Лекин хийла чапани, чўрткесар, тиниб-тинчимаган бўлсам ҳам, бировга зулм ўтказишни кўнглига келтирган одам эмасдим. Отам ҳам бировга ёмонлик тилагандан кўра, ўзига ўлим тилашни афзал билган. Ҳаммаси – Қамбарнинг касофати. Мени жиноятга бошлаган, гуноҳга ботирган ака-укаларнинг ўзлари! Бехосдан қурбақани босиб олсангиз ҳам вақиллайди. Тўғрими, муҳтарам профессор?”
“Тўғри, – хаёлидан ўтказди бундай дийдиёлардан дийдаси қотиб кетган профессор ва яна қаҳвадан ҳўплади. – Сиз нима қилдингиз? Қўлингизга ов милтиғини олдингизми?”
“Аввал туман ички ишлар бўлимига бордим, – деб давом этган эди мактуб эгаси. “Суриштиряпмиз, – дейишди. – Хавотир олманг, ҳаммаси қонуний, ҳаммаси жойида бўлади”.
Ҳаммаси жойида бўлмаслигини нафақат мен, шу гапни ҳовуримни босиш учун айтаётган терговчи ҳам билиб турар эди. Сўнг маълум бўлдики, Қамбар ўша куни “мутлақо ичмаган”. Ишдан қайтаётганида бир касофат “техник жиҳатдан носоз мотоцикли” билан тор кўчада унинг қаршисидан чиқиб қолган ва шошганидан деворга урилиб, ўзини-ўзи ҳалок қилган. Буни барча – тиббий, техник, суд, кимё экспертизалари хулосалари тасдиқлаб турган эмиш”.
“Ишни аввал бошидан қаттиқ михлашган экан, – деб афсус билан бош чайқади профессор. – Жўн кўрингани билан бундай жиноятларни очиш – айтишга осон”.
– Ахир бу ғирт кўзбўямачилик, бориб турган ҳақсизлик-ку! – дедим мен. – Адолат борми ўзи?..
– Йўқ! Бўлмайди ҳам!.. – деб йиғлар эди отам.
Аввал келган аввал кетсин экан. Укамнинг ўлимидан кейин отам билан онам кўп куйди. Чўкиб қолди. Терговчига оёғимни тираброқ гапирган эдим, ундай-бундай деб гапни ҳар тарафга жилдирди. Ичим тўла ғам. Дилим ҳам, юзим ҳам қора бўлиб қолавердим. Шунда биринчи марта хаёлим бузилди: қўлимга ойболтани олиб, Қамбарнинг уйига уриб кириб боргим, тит-питисини чиқариб ташлагиларим келди.
Яна шайтонга ҳай бердим. Ўтар дунё, кўп гапларни ўйладим. Ўйлаганим, истиҳолага берилганим сари адолатга, эркка ташна нотавон қулга айланиб бораётганимни англар эдим: аввал Термизга, сўнг Тошкенту ундан нарисигача ёздим. Лекин қаерга мурожаат қилмай, қайси идоранинг остонасига бош уриб бормай, бир хил жавоб олавердим: “Шикоятингиз ўрнатилган тартибда ўрганиб чиқилди. Фактлар тасдиқланмагани учун…”
Барча уринишларим абас кетди.
Сарғайиб юришларимни Бозор билиб – билмасликка, кўриб – кўрмасликка оларди. Бирор натижа-нажот бўлмаса-да, мен ҳам арзу шикоят деганингизни армонсиз ёзавердим. Сабабки, уларни гўё текширган киши бўлиб келган ҳар бир “комиссия” Бозорни анча нарсага тушириб кетар, бундан кўнглим сал бўлса-да, тасалли топарди. Буёғини сўрасангиз, югур-югурларга менинг ҳам чакана пулим кетгани йўқ. Лекин кўзимга мол-дунё кўринармиди?
Шу зайлда уч йил ўтди. Бир куни орага қишлоқ оқсоқоли Эшбой шўро аралашди. Бироқ унинг аралашуви ҳам туссиз, намаксиз бўлди. Ичкилик қўйилган давраларга, айниқса, текинроғу беминнатроқларига суяги йўқ, нафкаш шўро дунёга келиб бирор ишни ҳал қилмаган. Қатиғи ивимайдиган, ҳовлиқмароқ одам. Шундай бўлса-да, остонамизни босиб келганида отам унинг гапини ерда қолдирмади.
– Элчилик – элатчилик, – деди шўро қўлларини силтаб, шошиб-пишиб гапирар экан. – Сал кенгроқ, кечиримлироқ бўлайлик. Сиз хўп десангиз, Бозор мўндини ўзим кўндираман…
Унинг одати шундай. Инсон зоти борки, ҳаммасига лақаб қўяди.
– Бировнинг пишагини босиб олган ҳам лоақал эгасидан кечирим сўрайди, – деди отам. – Менинг-ку тоғдай болам жувонмарг кетди!..
Эшбой шўро пилдираганча Бозорнинг уйи томон “учди” ва отам ичиб ўтирган чойнакдаги чой тугамасидан ранги ўчганча қайтиб келди. Эшитсак, Бозор аввалига минғирлабди. Укамнинг айби йўқ. Не бир жойлардан, не бир идоралардан, не бир вакиллар келиб текширмади. Айбини топгани қани? Айбсиз одам нега кечирим сўраши керак?
Кўсанамо юзига доим вазелин суртиб юрадиган Эшбой шўро, чамаси, оқсоқоллигига бориб, муроса йўлида қатъийроқ турган:
– Укангизнинг айби бўлмаса ҳам, нортуядай ўғлидан ажралиб, жиззадай ку­йиб қолган одамдан икки оғиз илиқ сўзингизни аяманг. Шикоятбозлигу қовоқ-тумшуқ қўшниларга ярашмайди. Тўрт кунлик дунёда бағритош деган ном орттирманг…
Бу насиҳат ҳам Бозорга мутлақо ёқмабди. Ёқмаслиги тайин эди. Шунинг учун осмондан келибди:
– Қамбар укам қамалса ё ўлса, ўша ғийбатчи домулланинг куйиб-тутаб ётган кети совийдими!.. – деб ўшқирибди оқсоқолга. – Бориб айтинг, мен билан тирашмасин! Қорақўнғиздан ҳам, боласидан ҳам қўрқадиган жойим йўқ!
“Қорақўнғиз” – отам.
Бозорнинг яна бир даврада айтган гапи қулоғимга етиб келган эди. Демишки, домулла укасининг хунига нимадир ундирмоқчи бўлса, оғзига сиққанича айтсин. Неча пул деса бераман.
– Укам мол эмас! – дедим мен.

“Қасосни қиёматга қолдиринг”

Ана шундай саргардон кунларнинг бирида бошим айланиб Тошкентга, ёшлар газетаси таҳририятига бориб қолибман. Бешинчи қаватга чиқиб, мендан икки-уч кўйлакни кўпроқ тўздирган, лекин сийрак сочларига эрта оқ оралай бошлаган, пешонаси кенг мухбир йигитга учрашганим ёдимда.
– Дардингизни Худога ёзсангиз ҳам жавобини бир жойдан – тумандан оласиз, домулла! – деди журналист. – Худони ҳам алдашдан тоймайдиганлар бор! Ёзишдану югуришдан ҳеч камингиз қолмабди, – у шивирлашга ўтди. – Биласиз, ер лой бўлса, нортуя ҳам тояди. Ундан кўра, ўзингизни аянг. Қисмат, иним. Қазойи муаллақ дейдилар. Ажал қачон, қаердан, қандай келишини бандаси билмайди. Бу – Ҳақнинг ҳукми.
– Жигарим қандай нобуд бўлганини ўз кўзим билан кўрмаганимда ҳам майли эди! – дедим. – Бир бесиёқ ҳаммамизни оёқости қилиб кетаверадими? Бозор мўнди одаму бошқалар чумолими?
Асли касби журналист, қонунчиликдан ҳам хабари бор ўша йигит ақли бутун, сўзи қойим, ўзи кўп шарофатли инсон экан. Бирдан бошини кўтариб, темир гардишли кўзойнаги оша менга синовчан – ҳам сал ҳадиксираб, ҳам анчайин ачиниб қаради:
– Бу салтанатда сиз бош уриб бормаган эшик қолмаган бўлса, мен сизга қандай ёрдам бера оламан, домулла?
– Билмадим. Уйимга сиғмай қолдим. Келгим келаверди – келдим…
У бирпас ўйланиб турди ва бирдан бошини дадил кўтарди:
– Худога ишонасизми, ука?
Бу гапни эшитиб, унга қараганча бақрайиб қолганим ҳануз ёдимда. Журналистнинг дабдурустдан бундай савол беришини кутмаган, кутмаганим учун қандай жавоб беришни билмас эдим. Нафсиламрини айтганда, даҳрий жамиятда тарбия топган одамнинг Яратганга ихлосини очиқ тан олиши осон эмасди у даврларда.
Иккиланаётганимни кўриб, суҳбатдошим менга далда бергандек бўлди:
– Мен ишонаман.
– Мен ҳам ишонаман!
– Ишонсангиз, домулла, – деди у. – Қасосни қиёматга қолдиринг! Токайгача эзилиб юрасиз… Арш соҳиби ҳаммасини тепада, – у кўрсаткич бармоғи билан осмонга ишора қилди: – кўриб-билиб, ҳисоб-китобини қилиб ўтирибди. Ҳақ билан ботилни вақти-соати билан Ўзи жой-жойига қўяди. Ишонинг!.. Аламни кўнгилдан чиқариб ташланг! Фақат заиф одамгина кечира олмайди. Сиз кечиримли бўлинг!..
Бу гапларни бирор мулла айтса, балки унчалик таъсир қилмас, бандаларига таскин-тасалли бериш иши-да, деб қўя қолишим мумкин эди. Лекин Тошкентда, расмий идорада, журналистнинг, боз устига, ёш йигитнинг тилидан комил ишонч билан кўчган даъватни эшитиб, юрагим тўлиб кетди. Кўзларимдан селим оқди. Ўшанда кўнглим қанчалар таскин топганини, ўзимни қанчалар енгил ҳис қилганимни билсангиз эди!
Бу жойларга Худойим йўлимни бекорга солмаган экан, деб ўйладим. Яхши гап кўнгилни ўстиради. Дилимни беаёв ўртаётган аламу изтироблар, қасос ўтига гўё сув сепилди! Кўнглим аламлардан фориғлангандай, дилимни босиб ётган неча йиллик занг-ғубор кўтарилгандай бўлди. Қўл силтадим: ака-укалар ноинсоф бўлса, гуноҳи ўзи билан! Худога солдим!..
Шукрки, Худо бор, муҳтарам профессор! Ул Зот бўлмаганида, бандалари бир-бирининг эт-гўштини еб қўярди!..”
“Афсуски, гапингиз тўғри! – деб пичирлади профессор. – Хў-ўш, ундан кейин нима бўлди?”
“Бу орада пишиб турган онамни ерга қўйдик, – деб ёзган эди мактуб эгаси. – Пайғамбар ёшига ҳам етмаган эди. Онамдан жудо бўлгач, отам ўзини янада олдириб қўйди. Тоши тағин ҳам енгиллашиб, бўлар-бўлмас гапга аралашадиган, менга ҳар қадамда таъна қиладиган одат чиқарди. “Арзимаган иш”ни эплай олмаганим учун бошқаларнинг ҳам мендан кўнгли совуди. Қадрим кетди. Тилимни ва дилимни рўзага чоғлаб, таъналарга чидаб юравердим. Во ҳасрато, кўнглимдаги яра қора қўтир бўлишга улгурмади. Бир оқшом отам ўлим талвасасида ётган бемордек, яна оҳ урди:
– Анави ит, – у Бозорнинг уйи томонга тақир боши билан ишора қилди. – Қандай номаъқулчиликлар қилиб юрганини эшитдингми, болам?
– Йўқ.
– Зўр билан кўрда уят йўқ. Қишлоқ тўла дувуллаган гап. Укангнинг хотинини машинасига миндириб юрган эмиш, қон қусгур!.. Эшбой шўронинг оғзидан эшитдим… Энди менга бир қулоч арқон топиб бер, болам!..
Бундай пайтда соғнинг тили гапга айланмайди. Келин деган урғочи укамнинг маъракаси ўтар-ўтмас нарса-қорасини олиб, онасиникига қуриганидан бери борди-келди узилган эди. Касалхонада ҳамшира. Дуппа-дуруст семириб, қуйруғини диркиллатиб қолган, деган гаплар қулоғимга чалинганида, бўйида укамдан гумона қолдимикан, деган хаёлларга ҳам борган эдим. Кўзга яқин аёл.
– Келин-ку, ақли калта, аёллигига боргандир, – дедим бирпасдан кейин. – Мовга келган мушукдай миёвлаб қолгандир. Бозор мўндини Худо урибдими, ота? Ҳамсоя бўлса. Қарғишдан қўрқмайдими-а?..
– Отини атама шу зоти пастнинг! Раис боши билан оғзини кранга қўйиб сув ичади. Ўзим кўрганман!..
Бирпасдан кейин қўшиб қўйди:
– Бу болалар ўз ажали билан ўлмайдиганга ўхшайди.
Ўйлаб қаралса, бўйдоқнинг уйланиши, беванинг эрга тегиши ё хуштор орттириши табиий. Тешик мунчоқ ерда қолмайди. Жавҳарлари миясига уриши ҳам бор гап. Тирик жон. Қолаверса, бу дунёда эридан эрта қолган фақат укамнинг хотиними? Орадан қанча сувлар оқиб ўтган бўлса. Биз энди унга ким эдикки, тақдирига хўжайинлик қилсак? Суяк-суягимиздан ўтиб кетгани – келиннинг келиб-келиб, Бозор билан дон олишиб юргани. Бошқанинг этагидан тутса гўрга эди. Билиб-билмасликка, кўриб-кўрмасликка олиб кетаверардик. Лекин бечора укамнинг хасмини Бозор атайлаб, отам билан менинг асабимизга тегиш, устимиздан кулиш учун йўлдан урганига не дейсиз?

Ит ҳам ялоғини қизғанади

Шу ёшгача ҳеч кимга гапини олдирмаган отамнинг шохи буткул синди. Ўзим беланги бўлгандай букчайиб қолдим. Ахир ит ҳам ялоғини қизғанади. Бу савдони энди яхшилик билан жойига келтириш қийинлигини англаб турар эдим.
Ўша кезларда ёруғ оламдан, инсон зотидан кўнглим буткул совиб, туни билан илон чаққандай тўлғониб, инграниб чиққанларим ёдимда. Уйқу менга ҳаром бўлди. Юрар йўлимни йўқотиб, галдираб қолдим. Кун ботару тонг отар минг хил режалар туздим. Ҳаммаси бориб ойболтага тақалар, лекин энди ойболтани қўлга олиш ишнинг осони бўлиб туюлар эди. Туякашларнинг гапи борки, юки оғир келса, туя ўнгга қарайди, чапга қарайди-да, бир қаттиқ пишқиради-ю, ўрнидан туриб, тўғри йўлига кетади. Изласанг, жонингни озгина койитсанг, сен ҳам йўлини топар экансан. Тун оққанида бир фикр миямга келдию ётган жойимдан қандай сакраб турганимни сезмай қолдим. Кейин ўша режани калламда роса пишитдим ва маст туядек наъра тордим: “Энангни эмчагидан осаман!..”
Шу кунгача тарафкашларимга билагимнинг кучини ҳам, қиличимнинг учини ҳам кўрсатмаган эдим. Қонун, муросаю мадора, инсоф йўлини ахтардим. Бироқ марҳум укамнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳеч ким – на бирор шарафи манзилат соҳиби, на салтанат аҳли ва на қонунчилик ҳифзу ҳимоясига олди. Кейинчалик ўйласам, халқнинг бошига “қайта қуриш” даҳмазалари тушиб, шаллақилик урфга кирган, сафсата санъат даражасига кўтарилган замондан яна нимани ҳам кутиш мумкин эди. Мен дардимга дармон топа олмадим. Ака-укалар эса Худони унутди. Улар ўзлари учун инсоф йўлини бекитиб, бало эшигини очганини билмас эди. Энди пешонасидан кўрсин!..
Нимасини айтай, вақти-соати келганида тишингни бирров кўрсатиб қўймасанг, бу дунёда сени одам ўрнида кўрадиганлар кам. Не бир каслар юзингга оёғини артиб кетаверади. Бундай пайтда сен ҳам итнинг мурдор оёғи эмас, инсон эканлигингни англатиб қўйишга мажбур бўласан. Мажбур қилишади.
Аслида, у замонларда суд, ҳуқуқ, қонунчилик деганингиз бу замонлардаги бойваччаларнинг тўртинчи хотинидай гап, ўксик бир аҳволда эди: хўжайинли бўлиб бошида тайинли эри йўқ, бева бўлиб кимгадир кўз тиколмайди. Янада аччиқроғи, бамисоли етим. Етимнинг эса отаси, раҳнамою хўжайини кўп бўлади. Хўжайин эса ўз билганидан қолмайди. Ўз йўриғига солади.
Ўшанда ака-укалар Худонинг қаҳрига йўлиқиб, куни битиб, фотиҳаси ўқилиб турганини мен осий қайдан билибман. Аммо бошимизга не бир савдоларни солган, устимиздан не бир жойлари билан кулган бўлса-да, мен уларни маҳв этаман деган хаёлга ҳаргиз борганим йўқ! Ажалнинг бозори қизиб турганини билганим йўқ! Зинҳор! Ишонинг, муҳтарам профессор!
Сиз тажрибали журналист, криминалист, кўплаб детектив асарлар муаллифи, олим сифатида яхши биласиз, уста изқуварлар амал қиладиган шундай қоида бор: жиноятчини фош қилишнинг синалган йўлларидан бири – гумондорнинг ожиз томонидан оқилона фойдаланиш. Бунинг учун аввал унинг ҳушёрлигини сусайтириш, иложи бўлса, сездирмай пинжига кириб олиш керак.
Дилимни аёвсиз ўртаётган ғазаб ўтини икки пиёла бодаи нов билан босиб, юрагимни тошга айлантирдим ва Бозорнинг идорасига тикка кириб бордим. У мени кўриб, бели сингандай ўрнидан туролмай қолди: душманинг хас бўлса ҳам қўрқ!
Укам ўлганидан бери Бозор билан деярли бетма-бет бўлмаган эдик. Икки кафтим терлаб кетди. Сездирмай шимимга артиб, хаёлимни йиғиб олдим. Негаки, қилаётган ишимнинг тўғрилигига ишончим комил. Кўзига тик қарадим. Уялса керак, деб ўйладим. Йўқ, тап тортмади. Бети столи тагидан кўриниб турган қора туфлисининг пошнасидан ҳам қалин экан.
– Йўқ демасангиз, сизга бир ишимиз чиқиб қолди, – дедим.
Замон нотинч, дўконларнинг пештахталари қабристондек ҳувиллаб ётар, пиёда нарида турсин, отлиққа ҳам бир қоп ун топиш – катта омад. Бозорнинг бошига кун туққан. Ошиғи фақат олчи турадиган пайтлар. Сабабки, унга иши тушмаган каснинг ўзи йўқ – инсон борки, овқат ейди, кийим кияди, иморат қуради. Қишлоқда ҳамма унга қуллуқ қилади. Эшитганим бор, қўл остида – давлатнинг йигирмага яқин магазини. Уларга товару мол, демакки, ҳаёту жон тарқатувчи – Бозор.
Мен унинг олдига гўё ун сўраб бордим.
Илтимосимни эшитиб, ўликдан ҳам ўпич тилайдиган раиснинг хурсандчиликдан юраги тарс ёрилгудек бўлиб, ўрнидан туриб кетди. Гапим унга ёққан, жуда ёққан эди. Устимиздан ёзиб-чизиб, кўнгли кўпчимаган бу инжиқ муаллим энди мендан бир нарса ундириш кўйига тушибди. Майли, шу бечора ҳам бир нималик бўлиб қолсин, деган хаёлларга борганини пайқадим. Лекин хонасига киришим билан қўлимга, костюмимнинг чўнтакларига ўғринча қараб олганини ҳам сездим. Юз-кўзимга ҳадик аралаш кўз югуртирди. Мен ҳам: “Қани нималар деб валдирар экан?” деб бир муддат атайлаб сукут сақлаб, бепарво турдим. У бе­зовталанди, гўштдор қўллари титраб, қақшаб, узоқ ғимирланди. Энди, ўзим саломига келганимда, лоақал, кўнглим учун бўлса-да: “Биздан ҳам айб ўтган бўлса, узр!”, деган гапни айтиб, озгина пушаймонлик билдиришини кутдим. Шундай деса, шояд, вужудимни аёвсиз куйдираётган қасос ўти сўниб, аҳду жаҳдимдан қайтар эдим. Йўқ, ўша пайтлар урфга кирган темир тугмали пўрим кўйлак ­кийиб, тепаси лойсупадек теп-текис кузалган сочлари жайранинг найзаларидек тип-тикка даққиюнус бунинг ўрнига ялтоқланишни афзал кўрди.
– Эски гапларни қўйинг, – деди у бирдан шофёрига танбеҳ бераётгандай қўлини пахса қилиб. – Хизматлар бўлса, тортинмай айтаверинг. Бемалол!
У олдидаги қаламдондан кўзини узмай гапираётган бўлса-да, юзида: “Тавбангга таяниб келар экансан-ку!” деган истеҳзо ўйнаб турар эди. Гапларини эшитиб, тилим ҳам, қўлим ҳам ёмон қичишди. Икки путининг ўртасига, оч биқинига яхшилаб тепиб, хумордан чиққиларим келди. Чайир йигит эмасманми, урсам, столининг тагига тиқиб қўяр эдим. Ундан кейин гап билан яхшилаб чақиб олиш ниятим ҳам йўқ эмасди: “Келинимизга меҳрибонлик қилиб юрган эмишсиз, Бозорбой. Ушлаб олган қушингиз муборак бўлсин!..”
Шу гапларни хаёлимдан ўтказар эканман, яна ўйладим: “Укам яғрини ёзиқ, бўйи тоғдай, келишган йигит эди. Бу эса бир қоп гўшт. Йўқ, гўшт нима, атала. Келин деган мегажин бунинг нимасига учди экан?.. Пулига учган. Ҳа, пулига. Нафс ўлсин-а!” Лекин ўзимни тийдим. Ичимдагини сиртимга чиқармадим. Чиқара олмадим! “Худо бетингни тескари қилсин!” – дедим ичимда.
– Майли, – дедим ташимда. – Бўлар иш бўлди. Энди эски гаплардан наф йўқ… Бирор қоп уннинг иложи бормикан?
– Нима? Ун?
– Ҳа.
– Қирқ кило уннинг нонини кимнинг оғзидан топасиз, икки қоп олинг! – Бозор илтимосимдан қўрғошиндай эриб, рапидадек юзлари ёришиб кетди. –Пулидан қочманг… Шофёримга айтаман, ҳозир уйингизга олиб бориб ташлайди…
Ўзимни соҳиби беғараз тутиб, ака-укалар билан тез орада ичак-қорин бўлиб кетдим. Ўртадаги совуқчилик кўтарилиб, бир-биримизга анча эркинсиб, кўзимизга тик қараб гапирадиган бўлдик. Қишлоқда гап-сўз ўрчиди. Биласиз, бекорчи аҳлининг оёғи эмас, тили кўпроқ ҳаракатда бўлади. Отамнинг кўнгли кўтарилар деган умидда йиққан-терганимга эскироқ “Москвич” олиб берганимдан кейин бундай гаплар суваракдай болалаб кетган эди: “Фалончи укасининг мурдасини эски машинага алмашибди”. Хаёлимда ҳамма устимдан кулаётгандай. “Кулса, энасининг қорнига”, дедим. Ғанимларим билан аввалгидан ҳам яқинроқ бўлиб олдим. Гўё орада ўлим бўлмаган, хусумат йўқ, араз йўқ. Лавҳу луъбга мойиллигимиз ортиб, гўё ўйин-кулги, таралабедодликни касб этдик. Тез-тез бирга ичамиз. Баъзан пул тикиб, баъзан шунчаки, эрмак учун қимору шиш-биш ҳам ўйнаймиз. Баъзан Бозорбойдан атайлаб қарз сўрайман. Лекин у пулини қистаб келган кун бўлмайди, дарҳол узаман. Ака-укалар ҳашар қилса, “ҳорманг, бор бўлинг”га чиқаман. Ҳазил-ҳузул, ўйин-кулги – мўл-кўл. Илгари мени унчалик кўзига илмайдиган Бозор энди ўзи билан тенг кўрадиган бўлиб қолди. Ҳар ҳолда, менга шундай туюлар эди. Мен ҳам уларнинг ҳурматини жойига қўйиб юравердим.

Ҳандақдаги фил

Бу орада тўрт-беш ҳовли нарида яшайдиган Эшбой шўро неварасининг қўлини ҳалоллаш олдидан тўй маслаҳати қилди. Биз томонларда тўйнинг маслаҳати камида йигирма-ўттиз кишилик зиёфат билан ўтади. Қишлоқ магазинларининг тушига ҳам кирмайдиган тансиқ таомлар – гўшт, колбаса, пишлоқ дастурхонда уйилиб кетади, арағу коньяк, вино деганингиз дарё бўлиб оқади. Эшбой шўро ҳам тўй маслаҳатига ўзининг кўнгил етарини териб-териб айтган бўлса-да, ўттиз чоғли одам йиғилди. Қишлоғимиз “катталари” – кичикроқ хос хонада, биз – “қора қозон эгалари” ўн икки болорли меҳмонхонада ўтирдик.
Бир яшик арақни шофёрига кўтартириб Бозор ҳам келди.
– Биздан ҳозирча шугина тўёна, раис бува, – деди ва мен томонга кибрли назарини ташлагач, яна қўшиб қўйди: – Тўй куни ҳали яна гаплашамиз!
Назар пойгакроққа чўкмоқчи эди, атайлаб ёнимга, ўртароққа чақирдим. Бирпасдан кейин сўлжайиб кириб келган Қамбар эшикнинг олдида қолди. Ака-ука борди-келдини узган. Ўзи новча бўлгани билан қозиққа боғлаб олти ой боқсангиз ҳам устихонига бир тишлам эт инмайдиган бу одамга тўрдан чой, пойгакдан жой тегмай қолган. Сал ичса, қутуриб кетади, ҳунар кўрсатмасдан қўймайди. Юриш-туриши бир алфозда. Соч-соқоли – патак. Эгнидаги қирмизи кўйлагига қачон совун текканини Худо билади. Афтидан, хотини, бола-чақаси ҳам қарамай қўйган, безор бўлган.
У аввалига, “биз ичишни ташладик”, деб бироз таранг қилиб турди-да, сўнг арақни туядай симира бошлади. Назар ҳам дурустгина оляпти. Сирасини айтганда, уч ака-ука уч хил эди: сахти сумбатию ранги рўйи ҳам, феъли хўйи ҳам. Назарнинг бир силтови десаммикан, бир қайнатими десаммикан, камроқ. Дарди девонароқ. Сездирмай пуфласангиз, пуфакдек шишиб кетади. Аслида, аччиғланса, бунисининг ҳам Қамбардан пеш жойи йўқ. Қўёнчиғи тутади. Ўзи филдай. Йўлини топган бу “фил”ни ишга солиб, ҳузурини кўриб ётади. Мақтаса бас: “Назар полвон турган жойда бошқаларга хандақда биров пишириб қўйибдими!.. Қўшиқни Муҳаббат Шамаева айтсину лойни Назар полвон отсин-да, биродарлар!” Бундай гапдан кейин уста Назар шимининг липпасини ҳимариб, ўзини хандаққа уради. Бас дегунингизча лойни қорийди. Пишитиб, тепага отади. Ора-сира мақтаб турилса бўлгани: “Ў-ў, қаддингдан, Назар! Бир ўзи ўн жигитнинг ишини қилади-я!..”
Тентакка тел бер-да, қўлига бел бер.
Эшбой шўро дастурхонга овқат деганни уйиб ташлади. Зиёфатнинг учинчи таоми – қовурилган курка гўшти келганида мен бош чайқадим:
– Аҳ, шўро ака-я, шу ишингиз сал хом бўпти-да! Ҳай аттанг-а!..
Уй эгаси бу гапимни Қамбарни тадбирга бекор айтибсиз-да, деб тушунди, чамаси.
– Нима қилай, ука? Ҳамсоячилик… Ҳамманинг ўз насибаси бор…
– Тўғри-ю, лекин Назар ошнамиз анчадан бери курка гўшти емай қўйган-ку, – деб киши билмас кўз қисдим. – Хабарингиз йўқ экан-да. Мумкин эмас. Жондайгина ҳамсоянгизнинг соғлиғини ўйламабсиз-да!..
Ҳазиллашаётганимни сезиб, мезбон кулди.
– Гапим тўғрими, ошна? – дедим ёнимда қора тўнига ўраниб ўтирган Назарга қараб. – Курка гўшти, айниқса қовурилган бўлса, “сариқ”қа чалинган одамни қийнаб қўяди-да.
– Тўғри, – деди Назар. – Дўхтир бизга парҳез буюрган.
Ҳамманинг мийиғида кулги ўйнади: “Ана, холос! Курка гўшти арақдан ҳам зўр бўлади, дейишарди, рост экан-да, а?”
– Сизлар бемалол олаверинглар, – деди Назар қулт этиб ютинар экан. – Биз чой-пойни майдалаб ўтирамиз. Ўрганиб қолганмиз…
Димоқни ҳам, иштаҳани ҳам беаёв қитиқлаб турган курка гўштини маза қилиб туширдик, ичкиликдан пайдар-пай олдик. Назар девона етимдай шумша­йиб, сўлагини ютиб ўтирди. Лаганлар йиғиштирилар маҳал:
– Гўшти-ку, майли, – деди тамшаниб, – лаганнинг тагидаги ёғдан бир ҳўпласам қандай бўлар экан, ошна?
– Зўр бўлади! – дедим. – Фақат кўп ичманг…
У сопол лаганни оғзига олиб бориб узоқ ялади…
Пишитган режамнинг ибтидоси синовдан ўтди.

Туш

Ёдимда. Ўша куни қуёш қизариб ботган бўлса-да, уфқни тўсиб олган баҳайбат қора булут юракни эзиб, икки чаккам туни билан зирқириб чиққан эди. Маст уйқуда ётган эканман. Алоқ-чалоқ туш кўрдим: боши – ириллаган ит, кети – қуйруғи катта ҳисори қўчқор қаршимдан чиқиб, мени сузмоқчи – тишламоқчи бўлди. Отамнинг чўпон таёғи билан бошига солиб, қонига ботирдим.
Кўрган тушимни менга арши аълодан юборилган ишора деб тушундим. Лекин, яна таъкидлайман, муҳтарам профессор, ака-укаларга фалакда кафан тўни бичила бошлаганини хаёлимга келтирганим йўқ. Минбаъд!
Қўй қирқимга келиб, одамлар жунни қопга қуритиб солаётган маҳал. Мактабда дарслар сийраксиб қолгани учун кечроқ бориб, эртароқ қайтамиз. Шағал босилган кўчамизга кирганимда яна таниш манзаранинг устидан чиқдим: ўкирган, бўкирган, сўкинган овозлар. “Тўйиб олган” Қамбар хотинига эшикни оч, деб темир дарвозани тепар, фалакнинг қулоғини кар қилиб бақирар эди.
Сал берида, уйининг кўланкасида Назар гоҳ энкайиб, гоҳ чўнқайиб қўй қирқаётир. Гўё ўн қадам нарида дунёни бошига кўтариб сўкинаётган йигитнинг унга алоқаси йўқ. Гўё “томоша” театр саҳнасида ёки телевизорда бўлаётиру Назар уни кўрмаётир, эшитмаётир.
Назар менга қаради. Юзимни тескари буриб, кўрмасликка олдим. Оқибатда шундай қилиб, тўғри йўл тутганимга бот-бот амин бўлдим. (Кейинчалик судда ҳам фожиа юз бергунича Назарга ҳам, белга ҳам кўзим тушмаганини айтдим. “Ишдан чарчаб, бошим қаттиқ қақшаб келаётган эдим, – дедим. – Назар полвон қаердан, қандай пайдо бўлди? Кўрмай-билмай қолдим”).
Иш айни тобига келганини сездим. Яратганга таваккал қилиб, тадбиримни бошласам бўлаверарди.
Томоғимни қаттиқ қириб, атрофга яна бир марта синчиклаб разм солиб олдим. Яқин-ўртада одам зотининг қораси кўринмаётганига ишонч ҳосил қилгач, ака-ука эшитадиган овозда ҳайқирдим:
– Яна жанжалми? Яна шармандаликми? Вой, тавба-а! – Қамбар ўкиришдан тўхтаб, мен томонга анграйиб қаради. Шилпиқ кўзларидан бирор гапни англайдиган даражада эмаслиги кўриниб турарди. – Акаларини қачонгача шарманда қилади бу бола-а?..
Ўнг кўзимнинг чети билан кўрдим: Назар қаддини ростлади.
– Ўв, қоч! Қоч деяпман сенга, Қамбар! Қочмасанг, ҳозир Назар полвон каллангни сапчадай узиб ташлайди! Қо-оч!.. Сендай уканинг боридан йўғи яхши!
Гапим гўё Қамбарга айтилаётгандек бўлса-да, аслида Назарга қаратилган, неча марта ўйланган, пишитилган эди. Мабодо, бирор бегона қулоқ эшитиб, даъво қилганида, гувоҳлик берганида ҳам, пишанг бериш – гиз-гизлаш эмас, аслида огоҳлантириш бўлгани кўриниб, англаниб турарди. (Судда ҳам шундай гувоҳлик бердим: “Укасининг иснодига чидаб туролмаган Назар полвоннинг феъли хўйи бузиқлигини сезиб, Қамбарни огоҳлантирдим. “Қоч!” дедим, қочмади…”)
Назар шу гапимни кутиб ўтиргандек қайчини оёқлари қантарилган қўйнинг ёнига ташлаб, девор тагида ётган белни қўлига олди.
Бел лой кесадиган “кафтча” эди. Мен лойкесарни шунгача кўрганим йўқ, кўзим тушган бўлса-да, Назарнинг ерда ётган белга ёпишиши тушимга кирибдими! Пахсачилар яхши биладики, “кафтча”нинг юзи ойнадай силлиқ, қирраси қиличникидай ўткир бўлади.
Кўнглимга фалокат соя сола бошлаганини сездим. Қичаниброқ юрдим ва ўзимни ичкарига урдим. Дарвозанинг тирқишидан бутун вужудим кўзга айланиб кузатмоққа берилдим. Энди ўйласам, ўша маҳалда менинг инон-ихтиёримни ҳам қасос ўти, ҳам изқуварлик ҳаваси, ҳам ғалаба нашидаси, ҳам қўрқув туйғуси қамраб олган экан. Бироқ қилаётган ҳар бир ишим, гапираётган ҳар бир гапим менга ҳузур бағишлаётганини англаб турган бўлсам-да, шу куни Назар ўз укасининг азройилига айланишини, ўзининг ҳам паймонаси тўла бошлаганини сезмаган, билмаган эдим. Мен, ўзимча, Назар айиқдай бўкириб турган укасини икки-уч шапалоқ урса ёки тепса, Қамбар таъзирини еса, хаёли жойига келар, менинг ҳам аламзада кўнглим сал таскин-тасалли топар, деган ўйларга борган бўлсам керак. Лекин Назар тентак, Назар гуппи, Назар девона ундай қилмади. Лопиллаб бориб, белнинг қирраси билан укасининг чап ўмровидан солди.
Қамбар белига ўроқ тушган оққурайдек ерга қулади. Сўнг… Бўлди қиёмат, бўлди қиёмат. Жоним ҳалқумимга келиб томорқа оша мактаб томонга қочишга тушдим. Ўладиган ҳўкиз болтадан тоймас, ҳушига келган девона белни кўтариб устимга келиб қолса, нима қиламан?..
(Терговчи: “Нега ака-укани ажратишга ҳаракат қилмадингиз? Орага тушиш ўрнига, қочиб кетдингиз?” – деб сўради. Мен тўғрисини айтдим: “Қўрққанимдан ўзимни йўқотиб қўйдим. Хаёлим жойига келиб, қарасам, мактабимизнинг “Тарих” кабинетида қандайдир китобларни титиб, дир-дир қалтираб ўтирган эканман…” Терговчи ҳам, суд ҳам, Бозор ҳам – ҳеч ким мендан гумондор бўлолмади.)
Қамбарнинг жанозасига отам билан бирга чиқдик. Ҳовлисини одам тутиб кетган, биров Қамбар бечорани кўммакка, биров Назар полвонни кўрмакка келган. Остонада “укамлаб” турган Бозорга бош ирғаб, ҳамдардлик билдирган бўлдик.
У отамдан ҳам қорайиб, куйиб кетган эди.
Бир укасини ер ўз комига тортиб, иккинчи укаси қамалган, икки келини беваю етти жияни етим қолган Бозорнинг қандай аҳволга тушганини ёзиб ўтирмайман. Мулла минган эшакдай ювош тортган. Жавдирашларини кўрганнинг раҳми келади. Унинг кўҳна касали – “қанди” қўзигач чўпдай қотиб, сомондай сарғайиб кетди.
Кейинчалик қамоқдан суроби тўғри бўлиб келган Назар ҳам кўп яшамади. Жигари касал эмасмиди, қон қуса-қуса рост дунёга равона бўлди.
– Учови ҳам ўзининг бошини ўзи еди! – деди отам.

Тўй тўйдай бўлсин

Муҳтарам профессор!
Ўзимнинг бир ожизлигимни тан оламан: бўлган воқеада менинг қўлим борлигини писанда қилишдан ўзимни тийиб, сиримни ичимга сиғдириб туролмадим. Энди ўйласам, ўша кезларда ўзим амалга оширган хуфиёна ишлардан сармаст, ақлу ҳушимни иблиси лаинга буткул бой бериб, ҳарислик йўлига тамомила кириб кетган эканман. Бир ширакайф даврада Бозорни ўлдирмасам ҳам, ўлгандан баттар қилдим:
– Назарбойни ўша куни “Қорақўнғиз”нинг боласи бир гап билан чақиб, ўйноқлатиб ташлаган экан, деб эшитаман!
У менга ялт этиб қаради. Қарадию гап нимадалигини тушунгандай бўлди. Мен: “Хўш, энди қалайсан?” дегандек унинг қорачиқлари кенгайиб кетган кўзларига кулимсираганча тикилиб туравердим. Чунки билардимки, унинг қўли аллақачон калта тортиб қолган, бозори ўтиб бўлган. Замон ўзгарган.
Гапимга Бозорнинг ҳарчанд ишонгиси келмаётгани сезилди. Ишонай деса, бир гап – “бир чақиш” билан икки одамни гўрга тиқиш амри маҳол. Ишонмай деса, жигарлари – ер комида. Даврада ҳеч кимга гап бермай ўрганган одамнинг тили кесилгандай бўлиб қолди.
Мен ўзимни сархушликка олдим.
– “Қорақўнғиз”нинг боласи яна бир гапни айтган эмиш, – деб шипшидим унинг қулоғига.
– Ҳим?! – деб юборди у беихтиёр ва менга ҳадик билан қаради.
– Ким олдимга кўндаланг бўлса, ҳаммасини чалиб ташлайман, дебди. Ўтмас пичоқ ёмо-он сўяди-да!
Баногоҳ айтилган бу гапларни Бозор на ҳазилга йўйиб куларини, на жиддий тортиб, бирор сўз айтарини билмай қолди. Қаттиқ сесканиб кетгани сезилди. Ажал кўланкасини ҳис қилганида одамни ана шундай қаттиқ ваҳима босса керак. Хаёлида кимдир унинг бўғзига, биқинига пичоқ тортиб юборадигандай туюлаверади. Менинг ниятим ҳам аслида шундай – уни таҳликага солиб, томоша қилиш эди. Масхараомуз ишшайиб туравердим. Унинг рангида ранг қолмади. Бозор ажал шарпасини сезган эди.
– Жонга ишонч йўқ, – дедим яна. – Бир пиёниста укага яхшилик қиламан деб, икки жонга зомин бўлиш ҳеч гап эма-ас!..
У тамом бўлди. Мен эса минг йиллик насиясини ундирган тужжордай димоғим чоғ, босиб-босиб ичдим, қаҳ-қаҳ уриб кулдим…
Сўнг яна бир ишга қўл урдим. Дилимга қасдни маромига етказмоқлик таманноси тушди. Шу қилмишим, ғофиллигу, ожизлигим, йўқ, кажлигим учун ўзимни ҳеч қачон кечирмайман. Кечира олмайман! Ҳеч қачон!
Энди, орадан шунча йиллар ўтгач, эсласам вужудим оловга айланиб кетади. Назаримда, ўша кезлари озурда кўнглим ўзим, ота-онам, етим қолган жиянларим чеккан хўрликлар, ситамлару хорликларни Бозор ҳам тириклигида бор бўйи билан кўришини, ҳис этишини, эзилишини, “тўй тўйдай бўлишини” жуда-жуда истаган!..
Аввалига ўзимни шундай деб овутган, ўзимга таскин берган, қилмишларимни интиқом ўтининг васвасаси билан оқлаган эдим. Кейинчалик ўйласам, бу – ўтакетган нодонлик, йўқ, палидлик экан. Мен ўйинга берилиб кетиб, саҳнада Дездемона мақомини ижро этаётган аёлни бўғиб ўлдириб қўйган актёр ҳолига тушган, меъёрни унутган эканман. Бозор укаси Қамбарни савқи табиий равишда ҳимоя қилган бўлса, менинг мақсадим бутунлай акси – ака-укалардан ўч олиш, уларни эзиш, эл-юрт олдида таҳқирлаш ва бадном қилишдан бери бўлмаган! Энди-энди иқрор бўлмоқдаманки, ёлғон ва фитнанинг ҳадди-ҳудуди йўқ, кўлами бора-бора ортса ортар эканки, камаймайди…
Муқоясам Сизга балки дағал туюлар. “Ҳўкиз ўтдан тўймаса, ётмайди”, дерди раҳматли отам. Мен қасдлашиб тўймаган аламзадага, ёвузга айланган эдим!
Бир куни топган-тутган кийимларимнинг энг пўримларини эгнимга илиб, гўшангага кираётган куёвдек бўлиб шаҳарга йўл олдим. Пединститут дарвозасининг олдига машинамни кўндаланг қилганимда кун қиёмга келган эди. Бир тўда аёлга қўшилиб Қамбарнинг хотини чиқиб келди. Ясанган-тусанган. Муллатўрғайнинг калласидай кичкина бошчасига танғилган ҳарир рўмоли ярашган. Мени кўриб, чамаси кўзларига ишонгиси келмай, таққа тўхтаб қолди. Зеб берилган бигиз бармоғини гажак бурунчасининг учига теккизди.
– Иби, домулла! – деди оғзидаги сақичини қарсиллатиб чайнар экан. – Тинч­ликми?
Бошланғич синфларга сабоқ берадиган бу аёлнинг кўнгли менга суст кетиб юрганини сезар эдим. Шунинг учун дадил гапирдим:
– Тинчлик, – дедим. – Бир хонимни кутиб турибман. Исмлари – Жонгул!
– Ростданми?
Шартта олди эшикни очдим:
– Ёлғон бўлса, машинамга минманг!..
Лорсиллаган сийнасини кўз-кўз қилишни хуш кўрадиган бу жувон йўлга тушишимиз билан менга қия-қия, сузилиб-сузилиб боқиб, қиқир-қиқир кула бошлади. Аёл кишига унчалик ярашмайдиган қилиқларни қилди:
– Энди мени қаерларга олиб борасиз, акажон?
– Қаерларга олиб боришимни истайсиз?
– Сиз юр десангиз, дунёнинг нариги буржига бўлсаям кетавераман!..
Аёл мендан кўзини узолмас эди. Унинг хаёлидан не бир тотли орзулар кечаётганини сезиб турар эдим. Бошқаларга, айниқса, аёл зотига ёқиш қандай мароқли. Мен чор чизиқли чиройли қизил дастрўмолимни олиб, ўнг қўлим билан юзимни артган киши бўлдим. Дастрўмолим тоза-озода. Дазмолланган. Хушбўй атирлар пуркалган. Рўмолчамнинг ўзи ҳам менинг кимлигимни айтиб, кўрсатиб, ёнимда ўтирган ҳурлиқонинг жонини ҳалқумига келтириб турар эди. Тўшалиб ётган қорним бўлмаса-да, биқинимни ичимга тортиброқ ўтирардим.
Яширмайман. Машинамни овлоқроқ жойга буриб, тирсиллаган тиззасини тиззамга, ўтдек куйдирувчи билагини тирсагимга дам-бадам теккизиб олаётган аёлга оч бўридек ташлангиларим келди. Ташлансам, йўқ демасди. Муродимга етардим. Лекин, хиёнат, ҳаром-хариш юриш одатимда йўқ. Ишонинг, шу ёшга етиб бегона ожизанинг қўлини ушлаган эркак эмасман. Раъйига қарасангиз, тантиқ кўнгил нималарни тусамайди дейсиз. Қолаверса, эрини ўлдириб, хотинининг оғушига кириш учун одам Худодан қайтган махлуқ бўлиши керак.
– Сабрнинг таги – сариқ олтин! – дедим сирли кулиб. – Шошилманг!..
Овул ўртасидаги баланд қирда, почтахона билан қишлоқ шўросининг ўртасида тўхтадик.
– Ижозатингиз билан сизни шу ерда туширсам, – дедим Жонгулга. – Буёғи уйингизгача – тўрт қадам. Мен почтахонадан отамнинг пенсиясини олишим керак. Иннанкейин, иккаламиз қишлоқ оралаб юрганимизни бирор эркак кўрса, ҳасаддан ўлиб-нетиб қолиши мумкин…
Эр йигитнинг оғуши, эркалашу ширин гапларини соғинган суқсурдек жувонга бу лутфу илтифотим ёқди. Лекин оғир хўрсинди ва иттифоқо ўта муҳим бир гап эсига тушгандек юзлари ёришиб кетди:
– Ойлик олган кунимиз сизни бир жойга таклиф қилсам бўладими?
Нега бундай деди, билмайман. Балки мени харажатдан қочди, деган хаёлларга бориб, қитиқ патимга тегмоқчи бўлгандир. Балки самимий айтгандир. Эҳтимол… Сабабини жувондан ўша маҳал ҳам, кейинчалик ҳам сўрамадим. Ўзимни ундан мудом олиб қочиб юрдим.
– Фақат шошилмай турасиз, – дедим қуруққина қилиб. – Эшик ичкаридан очилмайди. Кеча дастаги тушиб қолган эди савилнинг.
Мен айланиб ўтиб, эшикни очдим ва Жонгулнинг тердан нам тортган оппоққина, қайноққина қўлидан ушлаб, машинадан оҳиста суяб туширган бўлдим. Йўқ, шу топда эски автомобилдан тушган жувон Бозор мўндининг укаси – Қамбарнинг беваси, бечора бир қишлоқ аёли, муаллимаси эмас, олиймақом бир зот, балки буюк бир салтанатнинг қироличаси эди. Одатда қироличаи озодалар тантанали маросимларга қадам ранжида қилганларида ана шундай юксак ҳурмат, салобат ва фасоҳат билан кутиб олинади ва уловидан туширилади. Атрофида аҳли кибор, аҳли салтанат тавозе билан бош эгиб, соме туради.
Мен ҳам сезиб, ҳис қилиб турар эдимки, атрофдагилар – почтахонанинг соясида ўтирган бир тўп бекоркасал ҳам, қишлоқ шўроси идорасининг деразасидан синчков мўралаб турганлар ҳам, мен Қамбарнинг бевасига кўрсатаётган “юксак илтифот”дан оғзи очилиб қолган.
– Қани буйтибгина юрибсиз, домулла? – деди бекорчилардан бири, кимлиги ҳозир ёдимда йўқ, сигаретамни чақмоқтошидан тутатиб олаётганимда сирли тиржайиб.
– Йигитнинг яйлови – санамнинг тўши, деган гапни эшитганмисиз? – деб илмоқли жавоб қилдим мен. У “йўқ” маъносида елкасини учирди.
– Яйловдан келяпман! – дедим мен ва кўзимни сирли қисиб қўйдим. – Домулланинг оти ем емайди, деб сизга биров айтганмиди?..
– Чекмасдингиз шекилли?
– Ичмасдим ҳам!
Одамлар орасида гап ётармиди? Бу гапларим – тутантириқ, бир зумда катта алангага айланиб, бутун қишлоққа ёйилишига шубҳам йўқ. Аланга ўрнидан туролмай ётган Бозорнинг тўшагигача етиб боради, уни куйдириб, кулга айлантиради.
Муҳтарам профессор! Ўшанда шайтон сездирмасдан афсунини авжга чиқарганини, мен осий эса унга бутун инон-ихтиёримни топшириб, нағмасига йўрғалашдан бошқа ишга ярамай қолганимни сезгандек бўлган эдим. Бироқ ўзимни тўхтатишга на сангинлик ва на тамкинлик топа олдим. Ожизлигимни жуда кеч англадим. Англаганимда саҳифаи аъмолим қилмишларим билан “беза­либ” бўлган эди.

Қибладан эсган совуқ шамол

Бунга Бозор билан бўлган суҳбатдан кейин тамомила амин бўлдим. Ўша кунлари у икки марта чопар юборди. Уни-буни баҳона қилиб бормадим. Нокаснинг бўсағасига улла-булла қадам босмайман, деб аҳд қилган эдим. Оёғим ҳам тортмади: нодондан узоқроқ юрганнинг боши саломат бўлгай. Ўғли учинчи марта келиб, отасининг аҳволи жуда оғир эканини айтгач, бир жуфт ноннинг устига уч бош узум қўйиб, чиқдим. Лекин ҳадигим бор эдики, у яна бир балони бошламаса гўрга.
Шиддат билан ёғаётган ёмғир ҳамма ёқни кўлобга айлантириб юборган, қибладан эсаётган кучли шамол баданни тешай дейди. Фақат кўча четидаги баланд қайрағочгина ёмғиру шамолга пинак бузмай, бардош бериб тургандай.
Боши оқ белбоғ билан танғилган Бозор узун хонанинг тўридаги ёғоч каравотда шифтга қараб ётган экан. Шарпамни сезиб, чўчиб кетгандай мен томонга илкис ўгирилди ва турмоққа шайланди. Димоғимга дори аралаш зах ҳиди урилди.
– Уринманг, – дедим саломлашар эканман елкасидан секингина босиб. – Бемалол дам олаверинг…
“Ака” дегиларим келди. Дея олмадим. Тилим бормади. Раҳмим келди. Менинг кўзларим ўрганган, кўча-кўйда гулдурос солиб юрадиган басавлату бақалоқ, дадил Бозордан асар ҳам қолмаган. Япроқ гулли кўрпа-ёстиқ орасидан эти устихонига ёпишиб, бақбақалари дами чиққан пуфакдек шалвираб, бўйинлари тиришиб қолган чолнинг мажолсиз, саросима тўла кўзлари йилтираб кўринар, аранг қимирлаётган, қуриб-қовжираган лабларидан қон сизиб турар эди.
Ёнидаги оқ тумба устида бир хийла дори, ғилоф ёпилган чойнак.
Икки ҳамсоя озроқ тумтайиб ўтирдик. Мезбон гап қотди:
– Оғзимни яра босиб кетган, – деди у. – Тишдан қолмади.
– Ранги рўйингиз яхши-ку, – деб таскин берган бўлдим. Лекин мен бу ерга Бозорнинг кўзёшларини артгани келган эмасдим. Судлашаётганлар бир-бирининг кўзёшини артмайди.
– Энди у ёқда яхши бўлади, – у қабристон томонга имо қилди.
Қаердадир ўқиганим: “Ҳар кишига гўрда ётмоқ муқаррар бўлса, уйда ётмоққа имкон бўлмас”, деган гап хаёлимдан ўтди. Негадир айтгим, чақиб-чақиб олгим келди. Иложсиз эдим, тилимни тийдим.
– Инсулин ҳам кор қилмай қўйди, – деди бемор инқиллаб.– Дўхтир ҳозир ҳам нинасини санчиб кетди. Тезроқ ўлсаму бу дунёнинг азобларидан осонроқ қутулсам…
Энди: “У дунёда роҳат-фароғатда яшашингга шунчалик аминмисан?”– деб юборишимга сал қолди. Яна тилимни тишладим. Минг қилганда ҳам қаршимда ётган – бемор.
– Яхши ният қилинг, – дедим хушҳоллик билан ва гапим самимий чиққанига ўзим ҳам ҳайрон қолдим. – Бир терининг ичида қўй неча марта семириб, неча марта озади.
Айни навозишдан сўнг Бозор бирпас сукутга кетди. Чамаси, менга айтмоқчи бўлган гапини қандай бошлашни суроблаётган эди. Деразага қарадим. Ёмғир забтига олган. Шамол ишкомдаги токларнинг сарғайиб сўлган сўнгги япроқларини аёвсиз тортқилаб ўйнамоқда эди.

Токлар кўмиладиган пайт

– Ука!
Мен чўчиб тушдим. Бу гал Бозорнинг овози анча дадил чиқди. Чамаси, боя олган муолажаси қувват бера бошлаган эди.
– Ука! Неччи кунлик умрим қолди, билмайман. Кўзим илинди дегунча, раҳматли укаларим тушимга киради. “Буёққа келинг!” деб имлайди. Шу тонг ҳам иккаласи идорамга келди. Мени Қамбарнинг машинасига миндириб, қаёққадир олиб кетди… “Йўл бўлсин?” десам, “Отам чақиряпти” дейди… Домулла! Мендан сизга ситам ўтган бўлса, кечиринг!
“Кечиринг?” Хаёлинг энди жойига келдими? Беш йил бурун, ота-онам “болам”лаб ётганида қаерда эдинг? Укаларинг қўчқордай ўйноқлаб юрганида қаерда эдинг, Бозор? Шу биргина “кечиринг” деган сўзни тилга олишинг учун энангни Учқўрғонда, хумдай бошингни жодининг орасида кўришинг шартмиди?
“Нортуя тиз чўкди. Тиз чўктирдим-ку энағарни!..”
Бир йўлчивин ташқарига чиқмоқчи бўлиб, деразанинг кир ойнасига урилганча жон талвасасида визиллар эди. Адашган чивинга сўзсиз тикилиб қолдим. Иссиққина хонада жон берганинг яхши эмасми, жонивор? Ташқари совуқ. Зах. Кесакдай қотиб қоласан-ку.
Бозор яна тилга кирди. Айтдики, менинг кўзимни-ку, бир ҳовуч пул – бир ҳовуч писта пўчоғи шапақлантириб қўйган экан! Ўзимни жуда бой-бадавлат, зодагон чоғлай бошлаган эканман. Кўрмаганнинг кўргани қурсин, ука. Мен-ку шу даражада нодон, басир эканман. Сизни қандай жин урган эди? Сизнинг хаёлингиз жойида, ақлингиз расо эди-ку. Мен, ҳақми-ноҳақми, бечора укамни ҳимоя қилган бўлиб, ўзимни ҳар кўйга солдим. Уч боласи сағир қолмасин дедим. Биласиз, Қамбар бечоранинг ўзи ҳам етим ўсган эди. Кун кўрмай кетди. Учаламиз ҳам бировларнинг бўсағасида сарғайиб ўсган эдик, ука… Қамбар бечора хотинини ўлгудай яхши кўрарди…
Бемор томоғига бир нарса тиқилгандай тўхтовсиз тамшаниб, ютиниб қолди. Чой қуйиб бердим. Ютоқиб ҳўплади.
– Укам хотинини ўлгудай яхши кўрарди, – деди у. – Ҳаммадан, ҳатто Назар билан мендан ҳам рашк қиларди. Хотини тўрт ўғилнинг ўртасида раъйи қайтмай ўсган арзанда қиз. Укамни унчалик назарига илмасди. Қамбар бечора нималарнидир сезгандай бўлиб, аламидан ичарди.
Индамадим. Назаримда, Бозор узоқ гапиришга чоғланган эди.
– Айтинг, менинг ўрнимда сиз бўлганингизда нима қилардингиз? – деб сўради у бехосдан.
Мен бошимни илкис кўтардим. Гапирмадим. Нима демоқчи бўлганимни у, чамаси, тундлашган тарзимдан англаган эди: “Менинг ўрнимда сиз бўлганингизда нима қилардингиз? Ахир менинг укам Бободўст ҳам гўнгнинг, нурининг орасидан бодраб чиққан бўрикалла эмасди-ку!”
Бозор юзини тескари бурди. Чивиннинг визиллашига қулоқ тутгандай кўзларини юмганча анча тек ётди.
– Ҳамма кўргиликларни сиз уюштирганингиз ростми? – деди оҳиста. – Идорамга атайлаб ун сўраб борганингиз? Биз билан атайлаб апоқ-чапоқ бўлиб кетганингиз? Қарз-қавала қилиб турганингиз? Кейин Назарни Қамбарга пишанг бериб урдирганингиз?.. Ҳаммасини атайлаб… қасддан уюштирганингиз ростми?
Иқрор бўлишни ҳам, инкор этишни ҳам билолмай, бир лаҳза жим қолдим. Бир лаҳза. Нега ёлғон гапиришим керак? Иқрорим Бозорнинг ажалини тезлатишини сезиб, англаб турар эдим. Барибир ўзимни тия олмадим.
– Ҳа. Рост.
– Ҳамма-ҳаммасими?
– Ҳа.
– Жонгул келинни атайлаб йўлдан урганингиз ҳам ростми?..
– Ҳа. Рост!..
– Йўғ-е?.. Шу даражада… шу даражада… палидмисиз, ука?.. Эрини ўлдириб, хотинига кўз олайтирдингизми? Бундай ҳаром, бундай ифлос иш қандай қўлингиздан келди?.. Уялмадингизми?.. Ахир ҳамсоя эдик-ку!
– Иб-е!.. – Томоғимга бир нарса қаттиқ тиқилди. – Ўзингиз-чи, ака? Ўзингиз укам раҳматлининг аёлини машинангизга миндириб юришдан ор қилмадингиз-ку? “Ҳамсоя эдик!” “Ака-ука эдик!” “Уят!” Булар энди эсингизга тушдими?..
– А? Менми?.. Қачон? Кимни?.. Бободўстнинг хотинини?.. Ҳа-а, ҳа!.. Бир марта… Бир марта миндирганман…
– Миндирганмисиз?
– Ҳа, – у ҳансирай бошлади. – Тан оламан, ука. Лекин… лекин мен Бободўст бечоранинг хотинига қўлимни ҳам теккизганим йўқ. Бундай ниятим ҳам бўлмаган. Худо – шоҳид. Шофёримдан сўрашингиз мумкин… Бир куни мажлисдан қайтаётсам, шаҳарнинг четидаги остановкада… бир аёл турган экан. Қош қорайиб қолганди. Эътибор бермабман. Анча ўтиб кетганимиздан кейин шофёр айтди. “Бободўст бечоранинг хотини экан”, деди. Қайтдик. Шофёр эшикни очиши билан аёл бечора ичкарига қараб жон ҳолатда талпинди! Талпиндию, менга кўзи тушиб ҳайкал бўп қолди. “Чиқинг, сингил! – дедим. – Ҳаво жуда совуқ… Чиқинг!” Почтахонагача олиб келдик. Эгнида дурустроқ кийими ҳам йўқ. Оёғида эски калиш. Тиши тишига тегмай қопти бечоранинг. Кела-келгунча кўз ёшини тия олмади. Сездим. Укаси эрини ўлдирган одамнинг машинасида аёл боши билан юриш осонми. Айниқса, кеч кирганда. Эзилиб кетдим. Етимгина болаларини кўз олдимга келтирдим. Хўрлигим келди. Ишонинг! Етимлик нималигини бошқа билмаса ҳам, мен яхши биламан, ука!.. Отам бечора сувга чўкиб ўлганидан кейин энам ҳам кўп яшамаган. Уч гўдак уч қариндошимизнинг уйига бўлиниб, ўксиб қолганмиз…
Бозорнинг елкаси титрай бошлади.
– Келин… келинингиз касалхонага, бетоб онасини кўргани борган экан… Эртаси куни Эшбой шўрога айтиб, нафақахўрлар рўйхатига илаштириб қўйдим. Уйига бир қоп ун жўнатдим. Миннат қилаяпти деманг. Ўзи асрасин бундай гуноҳдан. Ҳа, Ўзи асрасин! Лекин ўша қишда келинингиз катта ҳамшира лавозимига кўтарилганидан сизнинг хабарингиз ҳам йўқ… Худо бўлмасам, пайғамбар бўлмасам, пошшо бўлмасам! Қўлимдан келгани шу-да, ука!.. Сизнинг ёз-ҳа ёзингиз билан Қамбар бечора қамалиб кетганида, бу дунёда етимлар кўпайганида, кимнинг арпаси эрта пишиб, хирмони ғаллага тўлар эди?.. Айтинг, кимнинг? Икки укам, икки жигарим жувонмарг кетди. Ҳеч кимнинг арпаси эрта пишмади-ку! Ё пишдими?!.
Ичимдан оғир хўрсиниш, дард босиб келди. Қўлларим титрай бошлади. Бемор менга ёш тўла кўзларини тикиб турганини сезиб, ҳис қилиб турар эдим.
– Укаларимни ўлдирганинг каммиди? – деди у бирдан. – Нега келинимга кўз олайтирдинг? Бундан кўра тўғри келиб бошимга ойболта билан солсанг бўлмасмиди? Сўйсанг бўлмасмиди мени? Ўзинг айтган ўша ўтмас пичоқ билан сўйсанг ҳам майли эди!.. Беда қирқадиган жодига солсанг ҳам майли эди! Шунча иснодни энди у дунёга қандай кўтариб кетаман?.. Инсофинг бўлса, айт! Қандай?!
Мен катта-кичик дори қутиларига бақрайиб қараб қолдим. Нигоҳимни узолмасдиму лекин уларни кўрмас, англамас ҳам эдим. Биров гўё бехосдан тос тепамга мушт тушириб, икки чаккамга шапалоқ тортгандай, қулоқларим битиб қолди. “Укаларимни ўлдирганинг каммиди?..”
Сесканиб кетдим: “Мен одам ўлдирдимми? Қачон?.. Мен қотилманми?..” Ўша кунгача қилмишларимни, юз берган воқеаларни гўё ўйин, бировнинг бошидан ўтаётган кирдикор ҳисоблаб, замиридаги фожиа, мусибату кулфатларнинг моҳиятини, юкини, ғамини, аламини ҳис қилмаган, қилсам-да, тан олмай юрган эканман. Менинг гиз-гизим билан ҳали икки йигит нобуд бўлдими?
“Укаларимни ўлдирганинг каммиди?..”
Аччиқ алам, чексиз нафрат тўла бу савол юрагимга наштардек санчилди. Шу топда ҳад деган бебаҳо неъматни харислик деб аталмиш сийқа тангага осонгина алмаштириб юборганимни англагандек бўлдим. Инсоннинг фожиаси шундаки, у амал қилишдан кўра, талаб қилишга кўпроқ мойил бўлади.
– Кўз олайтириб нима қилибман? – Овозим титраб-қақшаб, жуда дағал чиққанини ва узоқдан, жуда узоқлардан эшитилганини сездим. Одатда уришмоқдан бери бўлиб тортишаётган одамнинг овози шундай шанғиллаб кетади. – Пединститутга иш билан борган эдим. Жонгул чиқиб қолди. Малака ошириб юрган экан. Бирга олиб келиб, сиз айтган ўша почтахонанинг ёнида туширдим. Лекин менинг шофёрим йўқ. Рулда ўзим эдим.
– Қаватингизда ўтирган эдими?
– Ҳа. Ёнимда ўтирса нима бўпти? Лекин мен ҳам унга қўл теккизганим йўқ…
– Қасам ичасизми?
– Йўқ! Ичмайман! Қасамга арзимайди. Ишонсангиз – шу. Ишонмасангиз ҳам ўзингиз биласиз.
– Ишонмайман!..
– Начора. Сизга – ёлғон, Худога – чин.
Боя Бозорнинг ўғли олдимга сузиб қўйган пиёладаги чойдан ҳўпладим. Совиб қолибди. Беморнинг ҳиқиллагани эшитилди.
– Шу миш-миш мени йиқитди, – деди у. – Эшбой шўро ўз кўзи билан кўрган экан…
– Одамзодни ғийбат, ерни шўр бузади, – дедим бирпасдан кейин ва овозим мулойим тортганини сездим. – Қўйинг. Энди фойдаси йўқ.
– Энди… Энди нима қиламиз, ука? Мени кечирасизми?

“Энди” эмиш! Беш йил ҳаммани ўтда ёқиб, бугун топган гапинг шу бўлдими? Эркакмисан ўзи?”
Шу топда қаршимдаги одам ўлим тўшагида ётган хаста эмас, дадилроқ бўлганида, балки уриб абжағини чиқарар эдим. Қўлим билан бўлмаса, гапим билан урар эдим. Бир умр эсидан чиқмайдиган қилиб урар эдим! Кошки шундай қилолсам! Ўзимни босдим. Бошқа иложим йўқ эди.
– Беш йил олдин қаерда эдингиз? – дедим овозим титраб. – Шу гапни лоақал Эшбой шўро уйингизга муросага чақириб борганида айтсангиз бўларди-ку?
– Ким? Эшбой шўро? Қачон?..
– Эсингиздан чиқибди-да? Об-бо! Кимни, қачон машинангизга миндиргансизу туширгансиз, қайси хотинга неччи қоп ун бергансиз… Эслайсиз. Эшбой шўро қачон орага тушиб боргани ёдингизда йўқ… Буни қаранг! Яна бировлардан ўпкалайсиз!.. Суф-е сизга!..
– Йўқ! Йўқ, бундай деманг. Жон ука, бундай деманг! Шошилманг! Эсимда! Жуда яхши эсимда! Сизларникидан чиқиб келган эди… меникига. Тўғрими?
Мен зарда аралаш сезилар-сезилмас бош ирғадим.
– Эсимда. Жуда яхши эсимда, – деб такрорлади у. – Уй тўла меҳмон эди. Энди яшириб нима қиламан. Орадан шунча йил ўтди. Қамбарнинг ишини “тўғрилашга” ёрдам берган акахонимиз келган эди. Шаҳардан. Аёли билан. Ширбозхўрликка. Учтами-тўртта машинада. Дурустгина кайфим бор эди. Бир пайт шўро кеп қолди. Айбим – уни ичкарига киринг, демадим. Киргиси келди. Меҳмонлар билан ўтиргиси, “бешта-бешта” олгиси келди. Биласиз, ичишни, гап сотишни яхши кўради. Лекин оғзи бўш, бировлардан суюнчи олишга ишқибоз. Қулоғимнинг тагида нималардир деб минғир-минғир қиляптию, дам ўтмасдан меҳмонхона тарафга қараб қўяди. Ҳалиям кўз олдимда турибди. “Кейинроқ гап­лашайлик” десам, кўнмади. Менга пўписа қилмоқчи бўлди. Бақириб юбордим. “Худодан бошқа ҳеч кимдан қўрқадиган жойим йўқ!” дедим. Бўлган гап – шу, ука!.. Эшбой шўро элчи бўлиб келганини туш билибманми? Соч толасининг ҳам сояси бўлади, ука. Кечиринг! Шу юкни у дунёга елкалаб кетмай…
– “Қорақўнғиз”нинг боласи-чи? “Қорақўнғиз”нинг боласидан қўрқадиган жойим йўқ, деганингиз-чи?
– Ё, тавба!.. Ё, астағфуриллоҳ! Ука, шу ёшга кириб инсон зотини лақаби билан атаган одам эмасман. Атаган бўлсам, оғзимга сиғмай ётган шу тилгинам кесилсин! Тилим бормайди. Сабабини биласиз… Раҳматли отамнинг отига ҳам бировлар ёмон сўзни қўшиб гапиради… Баъзан юзинг-кўзинг демасдан, олдимда ҳам айтади…
Мен тасдиқ маъносида бош ирғадим: ўша сўз “кал” эди.
– Ўзимга раво кўрмаганни душманимга ҳам раво кўрмайман, ука… Мени кечиринг. Мен, аҳмоқ, укангиз раҳматлининг жанозаси куниёқ отангизнинг оёғига бош уриб, кечирим сўрашим керак эди. Нодонлигим, хомлигим шунда. Отангизнинг аччиқ устида ур калтак, сур калтак қилиб қолишини ўйлаб, боришга дидим олмади. Буни етим ўсган билади. Тушунади. Сағирнинг доим икки елкаси қисилган, кўзлари ерга қадалган бўлади, ука. Икки тиззаси мудом қалтираб туради… Ҳар кимнинг суянадиган тоғи бўлсин экан!.. Кейин… кейин отангиз раҳматли саломимга алик олмай қўйди. Сиз бўлса у ёқдан бу ёққа устимдан ёзишга тушдингиз. Қачон қараманг – комиссия, қачон қараманг – текшир-текшир… Мени адо қилди. Ота-бола шунчаликка борасилар деб ўйламовдим! Ўрлигим тутди…
Сездим, тортишувимиз икки ғанимдан ҳам кўра, икки гинадор қариндошнинг ўпкалашувига ўхшаб кета бошлади: “Сен менинг тўйимга келмадинг!” “Ўзинг-чи? Ўзинг ҳам отам бандалик қилганида бир оғиз кўнгил сўрадингми?..”
Мавриди келди. Бозорнинг идорасига бош уриб борганимни эслатдим. Ўшанда хаёлингиз қаерда эди? Лоақал, кўнгил учун, одамгарчилик учун: “Узр, ука, биздан ҳам айб ўтди”, десангиз отдан тушиб қолармидингиз?
– Идорамга келганингизда?.. – У чайналиб қолди. – Ҳа-а… Эсимда. Узр сўрамоқчи бўлдим. Худо ҳаққи. Сезган бўлсангиз, ғимирланиб, титраб-қақшаб қолдим. Беозорроқ қилиб айтиш йўлларини қидирдим. Бор-ей, ёқса-ёқмаса айтаман, деб бир иркилдим. Лекин кўзингизни лўқ қилиб, қаҳр билан тикилиб турганингизни кўриб, тилим айланмай қолди. Жанжаллашиб кетишимиздан қўрқдим…
Тортишув фойдасиз эканини сездим.
– Уйингизга келган ўша шаҳарлик меҳмонингиз ким эди? – деб сўрадим ҳорғинлик билан.
– Эргаш ака. Эргаш мўйлов, десангиз Сурхонда ҳамма танийди. Тилла одам!.. Лекин хотини рухсат бермаса, ҳожатхонага ҳам боролмайди бечора, – у кулгандек бўлди. – Янга ширбозни яхши кўради…
Ичимдан кўтарилиб келган заҳархандани қасддан юзимга чиқардим: бу дунёдаги жамики мусибатларнинг илдизи таъмагирликка бориб тақалади.

* * *

Кўклам нафаси сезилиб қолган бўлса-да, ҳали ҳамал кириб, дов-дарахтлар япроқ ёзмаган, ҳали мўрилардан тутун аримаган эди. Ота-онам, укамнинг қабрини зиёрат қилгим келди. Нега иттифоқо бунга эҳтиёж сездим? Билмайман. Балки уларнинг иссиқ тафтини, меҳрини қўмсагандирман. Балки ғойибона дардлашгим келгандир. Эҳтимол, шу йўл билан тавба-тазарру қилиб, хаёлимни босиб, руҳимни эзиб ётган оғир ўйларни, ёлғизликни ўзимдан қувгим келгандир.
Қабристонга жўнаш олдидан машинамни дарвоза олдига чиқариб астойдил ювдим. Сўнг ўзим ҳам покланиш, ҳам кийимларимни алмаштириш учун ичкари кирдим. Чиқиб қарасам, уловимнинг тўрттала шинаси ҳам пучайиб ётибди. Кимдир тешиб, йўқ, қовундай тилиб-тилиб кетибди. Ямашнинг, тузатишнинг ҳеч иложи йўқ!
Атрофимга олазарак алангладим. Сал нарида, баланд қайрағочнинг тагида уч ўспирин – уч йигит менга синовчан қараб турарди. Танидим. Уч ака-ука – Бозор, Назар ва Қамбарнинг ўғиллари. Ич-ичимдан бир нидо, балки олов отилиб чиққандай бўлди: менинг ўғлим йўқ-ку! Энди нима қиламан!.. Беш қизни берган Худойим менга биргина ўғилни раво кўрмади.
Негадир Бозор ёдимга тушди.
– Ишни босди-босди қилган Эргаш мўйловни қаердан, қандай топгансиз? – деб сўрагандим ундан ўша видолашган кунимиз.
– Қаердан-қаердан… Тошкентда ишлайдиган бир журналист дўстим бор. Ҳарбийда бирга бўлганмиз. Қашқадарёлик. Олим йигит. Ўшанинг қайнотаси бўлади…
Ўша куни қабристонга боролмадим. Бир ҳафтадан сўнг, ярим тунда тутқаноқ келиб бўғзимдан олди. Туни билан қон пуркаб чиқдим. Ушбу сатрларни ўқиётганингизда эса мен укам, ота-онам билан ҳилхонамизда суҳбат қуриб ётган бўламан”.

Маҳмадона

Профессор қалтираган қўллари билан столи тагидаги тугмачани босди. Ёрдамчи кирди.
– Валидол борми, Азим?
– Бор. Ҳозир!
Ёрдамчи изига қайтар экан, қўлидаги қоғозни столга қўйди:
– Эрталабки қўлёзманинг давоми.
Қоғозга беихтиёр кўз қирини ташлаган Панжи Намозов сесканиб кетди:
“Муҳтарам профессор!
Каминанинг ожиз қаламидан чиққан ушбу битикларни охиригача сабр-бардош билан ўқиганингиз учун Сиздан ғоят миннатдорман. Умид қиламанки, у Сизни бефарқ қолдирмади. Мен уни Сизга атайлаб сарлавҳаю изоҳсиз, имзосиз тақдим этдим. Балки ёзганларим бемаҳал чаққан чивиндек асабингизга теккандир, балки шираси баланд қаҳва мисоли шусиз ҳам юқори юрадиган қон босимингизни янада ўйнатиб юборгандир. Дариғо, ҳарчанд уринмай, феълимдаги қусур битикларимда ҳам панд бераётганини сезаман. Шу боис сурбетлигу тўпорилигим, шошқалоқлигу маҳмадоналигим учун бир қошиқ қонимдан кечишингизни ўтиниб сўрайман. Ижодингизнинг бир умрлик шайдоси бўлган мендек бир ёш мухлисингизнинг ушбу камтарин машқини, иложи бўлса, дебочасига бир энлик шарҳ битиб, журналингизда чоп этсангиз, бошим осмонга етар эди.
Мендан – ғайрат, Сиздан – дуо, устоз! Дарвоқе, ушбу қиссамга мен “Қасд” деб сарлавҳа қўйишни ният қилганман…”
Профессор енгил тортди. Ёйилиб кулди. “Маҳмадона! – деди овозини чиқариб. – Оббо, маҳмадона-ей!..”
Кулимсираганча бир зум ўйланиб ўтиргач, қўнғироқ тугмачаси томон ўнг қўлини чўзди.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 10-сон.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!