Қулман Очилов. Новча – менинг дўстим (ҳикоя)

Автобуснинг энг охирги ўриндиғида жиққа терга ботиб ўтирган эдим. Кун ҳаддан ташқари иссиқ, дим. Ичкари нақд ҳаммомни, ҳаммом нимаси, темирчининг босқонини эслатарди. Сал нарида – сояда тамакисини бепарво тутатиб ўтирган ҳайдовчи ўрнидан турай демайди. Афтидан, автобуснинг йўловчилар билан тўлишини кутяпти.
Ўнг ёнимга жиккаккина бир йигит билан қиз ўтирди. Қиз чалпиллатиб сақич чайнар, йигит эса ўзини шу даражада катта тутардики, гўё Рустами достон. Менга иккиаласи ҳам ёқмади. Иккаласи ҳам рангпар, ориқ, сояда ўсган шивитдек нимжон эди.
Дастрўмолимни олиб, елпинишга тушдим.
Ниҳоят ҳайдовчи ўз жойини эгаллаб, машинасини жилдирмоққа шайланганида, варанглаган мусиқа, хонанданинг бўғиқ ҳайқириғи – ашула эшитилди. Магнитофон кўтарган новча йигит ўзини ичкарига урди. Ҳамма эшик томон ўгирилди ва лабида сигарет, енги калта кўйлагининг ёқалари белигача очиқ, сочи тап-тақир қирилган, хабашдек қоп-қора жонзодга кўзи тушди. Сездим, ўтирганлар у томонга қанчалик тез ўгирилган бўлса, нигоҳини худди шундай тез олиб қочди. Ўзини бепарволикка солди: баттар бўлмайдими, менга нима.
Новча тамакисини намойишкорона буруқситганича келиб менинг чап ёнимга чўкди. Магнитофондан «таралаётган» қўшиқ, мусиқа қулоқни қоматга келтира бошлади. Унинг эгаси эса атрофдагиларга: «Хўш, қалайсанлар?» деган сурбетона нигоҳини ташлашганча ҳузур қилаётир. Боядан бери ҳиринглашаётган “ошиқ-маъшуқлар” жим бўлиб қолишди. Автобус улкан шаҳарнинг қора мойи эриб ётган асфальт кўчасида базўр ўрмалайди.
Новчанинг қўлларига кўзим тушди. Ўнг билагига игна билан чизилган сув париси тирикка ўхшарди. Чап билагида қон томиб турган узун ханжар. Қўлининг юзи, бармоқлари – тирноғигача чиройли битиклару «нақшлар» билан тўлган. Нақшларки, кўрса, раҳматли уста Шириннинг ҳам ҳаваси келарди. Расмни баданга бунчалик маҳорат билан чизишни ўрганиш учун киши камида ўн йил қамоқда ўтириши керак. Тахминимча, бу «санъат» шинавандаси яна беш-ўн йил «у ёққа» бориб, маҳоратини ошириб келмоқ иштиёқида эди. Бу тахминимни унинг кейинги қилиғи ҳам тасдиқлади. Новча сигарет қолдиқларини оёқлари остига ташлаб, эзғилагач, устига яхшилаб тупурди ва магнитофонининг товушини янада кўтарди. Энди бизга кўчадан ўтган-кетганлар ҳам ажабланиб қарай бошладилар. Новча эса бундай улуғ эътиборга сазовор бўлаётганидан терисига сиғмай қувонар, атрофига тизгинсиз истеҳзо ва мамнунлик билан боқарди: «Қани, ким мен билан жанжаллашади? Кела қолсин!..»
Ким бўларди, «Рустами достон»да:
– Ҳў-ў! Овозини сал пастроқ қилсангиз-чи. Қулоқ керак!..
Новча талабгор топилганидан у томонга шундай қувониб, айни пайтда шундай масхараомуз назар ташладики, «Рустамвой»га раҳмим келиб кетди. Магнитофон шовқини бирдан пасайди.
– Пашшўл тий на… – Новча тарбияси бузуқ русийзабон болалар тили чиқиши биланоқ оғзига оладиган, хат танигач эса тўғри келган жойга ёзиб кетадиган ўша машҳур уч ҳарфли сўзни айтди. «У ёқда» нафақат «рассомлик»ни, «сўз санъати»ни ҳам дуруст ўргатишар экан, чамаси.
Қиз, табиийки, ўтакаси ёрилганча «ака»сининг нозиккина билагига ёпишди:
– Қўйинг, Рустам ака!..
Буни қаранг, ошиқ бечоранинг исми ростдан ҳам Рустам экан. Лекин шундай чиройли исм эгасининг дами ичига тушиб кетди. Нима қилсин, шаҳд туриб безорининг ёқасидан олай деса, кучи етмайди – сояда ўсган. Новча уни «икки ямлаб, бир ютади». Индамай ўтираверса, доғули уни гап билан сигарет қолдиғидек эзғилади-ю, устига яхшилаб тупурди. Тилига калима келмаяпти – ўғлини шунчалар пўпилаб ўстирган онажони ҳеч бўлмаса, муомалани ҳам дурустроқ ўргатмаган экан. Ўргатганида, гапни бунчалик қўпол, томдан тараша тушгандай бошламас эди. Хуллас, уят ўлимдан қаттиқ деган гап ёдга тушадиган бир ҳолат вужудга келдики, бунда Рустамвой тирик қолишни афзал кўрди.
Мен ноилож новчанинг «ёнини олдим».
– Қўйсангиз-чи! – дедим Рустамга норози оҳангда.
У менга ялт этиб қаради. Кўзимни қисдим.
– Ашуланинг ўғил боласи ўзи шунақа бўлади, –деб гапимда давом этдим.–Шахсан менга жуда ёқяпти. – Новча томонга ўгирилдим ва қўлимни унинг елкасига қўйдим. – Дўстим, фақат овозини сал пасайтиринг, сўзини тушуниш қийин бўляпти.
Новча менга синовчан тикилди ва гапимнинг самимийлигига ишонч ҳосил қилди, шекилли… савил қолгурнинг овозини кескин пасайтирди. Қолган йўлни шу тахлитда, осойишта босиб ўтдик.

“Оила ва жамият” газетаси, 1991 йил.