Қудрат Дўстмуҳаммад. Кимсасиз шаҳар (ҳикоя)

Ҳар кунги одатимга кўра, эрта тонгда кўчага чиқдим. Субҳидам сукунатидан дилим яйради. Негадир ҳеч ким кўринмасди. Рўпарадаги тўққиз қаватли уйдагиларни уйқу босганми, биронта деразада чироқ йўқ, одам шарпаси сезилмайди.
Автобус бекатига келсам, у ерда ҳам ҳеч зоғ йўқ, ит-мушуклар қувалашиб юрибди. Одатда, бундай пайтларда бекат тўла одам бўларди. Ким ишга, ким ўқишга, яна кимдир бозорга, дегандай… Қариялар масжиддан уй-уйига қайтиб бўлган, уйқуни келган жойидан давом эттирадиган вақт. Ошга кетганлар ё амри-маъруф тинглашаяпти, ё лаганни бўшатишаяпти. Хуллас, тирикчилик кўйида қимирлаган жон борки, ҳаёт деган қозон аввалига милтиллаб, сўнг биқирлаб қайнарди бунақа пайтда.
Ҳозир эса, ҳатто фаррошлар ҳам йўғ-а! Оғиз-бурнини рўмоли билан ўраб олиб, бекатда одамлар турибди, демай, супургисини ҳар сермаганда чанг-тўзон осмонга булутдек кўтарилиб турса ҳам, кўчада одам бўлсин экан.
Автобуслар кўринмаётганига ўрганиб қолганман, ҳозир бўлмаса, беш-ўн дақиқадан кейин келади, албатта. Бундай пайтда шошиб турган одамлардан пул ишлаб оладиган киракашлар ҳам қаёққадир ғойиб бўлган! Бирорта машина кўринмайди. Ҳатто нон дўкони олдида ҳеч ким йўқ. Дўконнинг ўзи берк. Икки қўлида оғир-оғир халталарни кўтариб ёки аравачасини судраб ўтадиган сутчиларнинг қораси кўринмайди. Нима бало, атроф қишлоқлардаги одамлар ҳам ухлаб қолганми бугун? Ҳеч ким кўринмагани-кўринмаган, тиқ этган овоз эшитилмайди-я! Тинмай гувиллаб ўтиб турадиган машиналар қаёқда қолди? Узоқ-узоқлардан келиб турадиган гурсиллаш, тақир-туқир овозлар, ҳар куни рўпарангдаги уйдан эшитиладиган, эр-хотиннинг бақир-чақири, болаларнинг биғиллаши ҳам бундай пайтда қулоққа ҳаётбахш оҳангдек эшитилиб кетади.
Кўчага бемаҳал чиқиб кетдимми, деб ўйласам, йўқ, соат одатдаги вақтни кўрсатяпти, осмон ёришиб кетган.
Боя кўчадаги сукунатдан руҳим ҳузур қилган бўлса, энди бутун вужудимни ваҳима боса бошлади. Бунақа манзарани ҳатто тушимда кўрмаганман. Каттакон шаҳарнинг катта бир мавзесида ит-мушуклару, яна… бир ўзимман! Битта мушук менга яқинлашиб, нимадир деди: «Ўзим ҳам ҳайронман», дедим гўё уни тушунгандек.
Мушук кетган томонга енгил шамол эсиб, ер юзини сийпалаб бироз чангитди, музқаймоқ қоғозини шитирлатиб сурди. Сувхалта ердан бир оз кўтарилиб, капалакка ўхшаб енгил қўнди. Шамолнинг кучи тамаки қутиларига етмади, шекилли.
Бундай даҳшатли сукунатга чидолмадим, юриб кетдим, йўқ, югуриб кетдим, елиб кетдим. Нарироқ, нарироқ! Одамлар бор жойларга! Ҳаёт қайнаб турган жойларга! Ҳа, бозор! Бозор яхши! У ерда доим одам бўлади. Ярим кечада келасанми, тонг саҳарда келасанми, доим одам бор. Ухламасдан савдо қилиб чиқадиганлар бор, молининг тепасида ухлайдиганлар бор. Савдога харидор топилмаса, бирор тирикчилик корини қиладиганлар бор. Нима бўлса ҳам, бозор яхши. Ёмонни яхши, дея сотса ҳам, арзонни қиммат, деса ҳам, тарозидан урадими, фириб ишлатадими, ўзингдан жирканса ҳам пулингдан айланиб-ўргиладиган бозор яхши! Чунки бу ерда доим одам бор!
Бозор томонга елиб кетаяпману йўл-йўлакай ўша-ўша бўм-бўшлик, сукунат. Қаватли уйлар, дўконлар, бекатлар жонсиз, кўчалар бўм-бўш. Итлар лўкиллаб ўтиб қолади, думини хода қилиб, хотиржам юрган мушуклар кўзга ташланади.
Не кўз билан кўрайки, бозор ҳам бўм-бўш, ит-мушукларнинг куни туғибди. Биттаям одам йўқ!
Одатда, тонг-саҳарда қишлоқлардан деҳқонлар мева-сабзавоту сут-қатиғини автобусларда, ўзларининг араваси ёки киракаш машиналарда ташиб келишарди. Бозорнинг пири бўлиб кетган олибсотарлар эса, уларни ичкарига қўймай, молини кўтарасига тортиб оладилар-да, ўзлари кун бўйи майдалаб сотадилар. Аввал молни саралайдилар, артиб-суртиб чиройини очадилар, сарасини бир нарх, ўртанчасини мундайроқ, пачоғини арзонроқ нархда сотадилар. Деҳқонлардан олаётганда тарозу ва саноқда сахий бўлиб кетадилар-да, сотаётганда бир мисқолини, бир донасини зое қилмайдилар.
Ҳа, бозорнинг ўзига яраша «илм»лари кўп. Билган одам бозор қилади, салгина адашсанг, ўзингдан кўр. Бозорнинг ҳамма ишини ана шу «салгина» ҳал қилади.
Бозор атрофи бўм-бўш бўлса, ичкарида одам бордир? Панжара девор орқали қарадим. Қовун-тарвузлар тўп-тўп бўлиб ётибди. Қай бирларининг устига мато ташланган, қай бирлари очиқ. Ҳар бирининг ёнида кароват, кўрпа-ёстиқ бор, ҳатто чойнак-пиёласи ёнбошида, лекин эгаси йўқ!
Гул дўконлар қаторасига очиқ, гулдасталар териб ташланган, гулчилар ҳам, харидорлар ҳам йўқ.
Каламушларга маза бўпти-да, дея хаёлимдан ўтди ва шу заҳоти бетон ариқ ичидан менга тикилиб турган мошдек-мошдек кўзларга нигоҳим тушди. Сесканиб кетдим. Буларнинг бир тўдаси ҳужум қилса борми, ухлаб ётган одамни еб ташлаши мумкин. Тағинам, бозорда одамларнинг ейишга арзигулик нарсалари бор, нима қилади ўзига ҳужум қилиб. Ундан кўра мева-сабзавотини, нон-пон, пишириғ-шишириғини, туршак-магизини еб тирикчилик қилган яхши эмасми? Каламушлар, баъзилар ўйлаганчалик, анойи эмас. Умуман, жами маҳлуқот борки, қандай тирикчилик қилишни ўзи билади, шунинг учун ҳам яшаб юради, насл қолдиради.
Лекин кечагина ҳамма ёқни чумолидек тўлдириб юрганлар қани? Бир кечада-я! Топган-тутган нарсалари жой-жойида қолгану, ўзи йўқ. Бозор атрофида автобуслар, енгил автомобиллар бор, ҳатто трамвай ҳам турибди, фақат одамларнинг қораси кўринмайди. Учар ликопчалар келиб бир кечада ҳаммасини ўғирлаб кетдимикин? Бошига урадими шунча одамни? Тажрибасига зарур бўлса, беш-ўнта дайди пиёнистани олади-да, кетади! Ҳаммасини обориб, қаёққаям сиғдирарди?
Ёки жисмини электрон-протон зарраларга парчалаб, ҳавога совуриб юборишдимикин? Ундай бўлса, энди эфирга одамзотнинг тасвири ва овозигина эмас, ўзи ҳам тарқалган бўлади-да? Қизиқ-ку!
Радио, телевизорлар эфирдаги тўлқинларни антеннаси билан ушлаб олиб, овозга, манзарага айлантириб берарди, энди одамнинг ўзини гавдалантирадими? Йў-ўқ, бунақаси менга ёқмаяпти. Одамнинг манзараси эмас, ўзи бўлганига нима етсин! Ҳақиқий, икки қўл, икки оёқли, боши, кўзи, бурни бор, ўша, ўзимиз ўрганган одам бўлгани яхши. Бир-бирининг кўзига қараб туриб алдаса ҳам, иккови алданаётганини била туриб, ким ўзарга алдаш мусобақасини авж олдирса ҳам, одамнинг ўзи бўлгани яхши… Атрофингда биронта одам бўлмаса, молингни, обрўйингни, мавқейингни, бола-чақангни ит-мушукларга мақтанасанми?!
Одамларнинг руҳини суғурволиб, жисмини ташлаб кетишган бўлса-чи? Этим жимирлаб кетди. Ундай десам, ҳамма ёқни одам жасади босиб кетган бўлиши керак эди.
Руҳи суғуриб олинган одам ўлармикин ёки ҳамма жониворлар каби яшаб юраверармикин? Ўлганда руҳи учиб кетади-ку, демак, ўлади-да… Йўқ, жисми ўлгани учун руҳи учиб кетади, ҳаётлик пайтида қандайдир йўл билан руҳи суғуриб олинса ёки уриб чиқарворилса-чи? Унда, яшайверади, шекилли? Ҳа, шундай! Қайтанга яхшироқ яшайди! Ҳеч нарсадан азоб чекмайди, кўпроқ еб-ичишга, кўпроқ мол орттиришга ҳаракат қилади. Қойил! Ҳар битта одам шуларга интилса, ҳамма бойиб кетади!
Кашфиётимдан дилим яйраб «Воҳ!», деб кўкрагимга уриб қўйдим. Ие! Ғалати-ю! Илгари шундай қилганимда ичим «гурс» этиб кетарди, энди… Қизиқ, қўл-оёқларимни кўрмаяпман. Кўкрак деган нарсанинг ўзи йўқ! Бошим! Йўқ қўлларим билан йўқ бошимни чангалладим.
Ҳеч нарсада камчилик сезмаяпману, лекин аъзоларимни кўрмаяпман. Ёки кўр бўлиб қолдимми? Ундай десам, теварак-атрофдаги нарсаларни бемалол кўраяпман, фақат одамларни эмас. Ёки одамлар илгаригидек уймалашиб юришибдию, мен кўрмаяпманми? Бўлиши мумкин эмас!
Енгил шамол эсиб, мени тортқилади, ғалати шивир-шивир эшитгандек бўлдим. Шамол кучайиб, куракларимга босим берди. (Куракларим бор бўлса!) Қаршилик қилмоқчи эдим, уддалай олмадим. Шамол эркимни ўзлаштириб олган эди, учириб кетди.
Электр симларига урилиб, ёниб кетаман деб қўрққан эдим, йўқ, ҳеч нима қилмади. Дарахтларнинг шохларига ҳам илиниб қолмадим. Илинадиган жисмим бўлмагандан кейин, нима билан илинардим? Дарахтлардан ҳам тепага кўтарилиб, осмону фалакка чиқиб кетдим. Бу ёқларда шамол кучлироқ, овози ҳам бошқача. Илгарилари шамол қулоғимга чийиллаб эшитиларди. Ҳозир, диққат қилсам, бояги ғалати шивир-шивирлар кучайиб эшитилаётган экан, лекин хилма-хил овозлар аралаш-қуралаш бўлиб кетганидан ҳеч нарсани англаб бўлмасди. Балки, секин-аста товушларни ажратиб олишни ўрганарман. Шамол мени қанча вақт учириб юради, билмайман. Эҳтимол, мангу давом этар? Шамол гоҳ бўрон бўлиб, гоҳ довул бўлиб, гоҳи одамлар алламбало исмлар билан атайдиган балойи офат бўлиб кезиб юраверади. Мен ва менга ўхшаганларни не кўйларга солар экан? Туғилиб ўсган шаҳримни яна кўраманми, йўқми?
Осмону фалакдан каттакон шаҳарни яхлит кўра бошладим. Ҳамма ёқда ҳаёт излари бору, одамларнинг қораси кўринмайди. Кўчаларда машиналар бор, лекин ҳаракатсиз. Каттакон анҳордаги сув илгари қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай: баъзи жойларда салмоқланиб оқса, бошқа жойларда айқириб оқади. Гўё атрофда ҳеч қандай ўзгариш бўлмагандек, одамлар борми, йўқми, унга бари бирдек!