Қўчқор Норқобил. Бир сават қизил атиргул (бадиа)

Ассалому алайкум, Низом ака!
Феъл-атворингизга ярашиқ чўрткесарлик билан, эҳтимол, шундай дейишингиз мумкин: “Бу… ғалати бола экан. Газета орқали мактуб йўлламай, гапини ўзимга айтиб қўя қолса бўлмасмиди?”.
Юзма-юз келганда кўп нарсаларни гаплашиб бўлмайди-да, ака. Айниқса, адабиёт ҳақида. Айниқса, қаршингдаги инсоннинг маҳоратига тан берсанг, уни яхши кўрсанг, ҳавас қилсанг. Бундай ҳолатда нимани ҳам гапиришинг мумкин. Низом ака, “камтар”лигинг замирида манманлигинг ётибди, деган шубҳага борманг. Юрагимдан чиқариб айтаяпман бу гапни.
Энди, ижозат этсангиз, Сиз билан бир йилда бир-икки бор учрашганимизда қисқа-юлуқ суҳбатларимиз чоғида айтолмаган гапларимни қоғозга туширсам. Баъзида дилдагини тилга чиқара олмасам, шундай, қоғоз-қалам ҳамроҳим бўлади.
Менинг яхши кўрган ёзувчиларим кўп. Уларнинг китобларини баҳолиқудрат мутолаа қилдим, ўқияпман. Имконим даражасида тушундим, англашга ҳаракат қилаяпман. Назаримда, ҳар бир китобхоннинг (эҳтимол, ёзувчининг ҳам) доимо ёнида олиб юрадиган, сафар халтасидан туширмай ардоқлайдиган, такрор-такрор ўқийдиган, маълум вақт ўтиб хумори тутиб тағин қўлга оладиган китоблари бўлади. Бу ҳар бир инсоннинг феъл-атвори, дунёқараши, ҳаётга муносабати билан боғлиқ одати.
Камина Борхес, Хемингуэй, Тургенев, Ремарк, Думбадзе сингари қалбимни забт этган ёзувчиларнинг дурдона асарларини ҳамиша ўзим билан бирга олиб юраман. Сафарда, дам олишда, уйда улар ҳамроҳим. Борхеснинг оғу аралаш ҳаёт шароби мавжларидан титраган инсон қалби туғёнларини моҳирона тасвирлаш санъати, Хемингуэйнинг зимистонлик ичра пориллаб, порлаб турган муҳаббат атиргулини кўрсата билиши, ҳодисотни эса шунчаки суҳбатдек туюлган диологлар замирига чўктириб юбориши, Тургенев китоблари саҳифасидан бепоён рус далалари, ёввойи ўт-ўланлар ҳидининг димоққа урилиши, Ремаркнинг уруш ва ўлим даҳшатларининг шафқатсиз чиғириғига киноя ва сирли табассум билан рўбарў келиши, Думбадзенинг Инсонни севинг, унга муҳаббат-меҳр беринг, уни ёлғиз қолдирманг, дея хокисорлик билан қилган илтижолари ўқувчини бу гўзал ҳаёт билан кўринмас, лекин узилмас ришта орқали маҳкам боғлаб туради. Улардан орттирган сабоғим шу: “Ҳаётни сев. Яшашни ўрган!..”. Қалбимдан жой олган бу китобларнинг айримларини ўзбек тилига таржима қилганингиз, уларни она тилимизда ҳам ўқиганим учун бир умр қарздорлик ҳисси билан Сизга миннатдорчилик билдираман.
Ҳа, ўзга бир адибнинг қалб ҳарорати ва оғриқларини ўз қалбимизга кўчиришимиз, уларни қалбимизда туйишимиз, ўзга адиб руҳиятидаги қарашларга руҳиятимиздан тантилик ва матонат билан жой беришимиз, алалоқибат, бағрикенглик билан уни ўзбекча гапиртиришимиз осон кечмайди, албатта.
Адиб ўз асарини юрагида пайдо қилади, улғайтиради. Асар қаҳрамонлари ҳаётдан олинади, деган қарашга эса қўшилмайман. Қаҳрамонлар кўкдан ёки ердан олинадими, билмадиму, лекин ёзувчи, ҳаётни кузатишлари эвазига, ўз қалбида уларга жон улашади. Хуллас, ёзувчи асарни воқелик ва ҳодисалар, зиддиятли ҳаёт манзаралари, турфа қаҳрамонлар ва персонажлар билан бирга яхлит ҳолда ўз юрагида вояга етказади. Таржимон эса, асар билан бирга ёзувчига ҳам, яъни ўзи таржима қилишга чоғланган асар муаллифига ҳам қалбидан жой беришга мажбур. Чунки ёзувчи асарига ўз қарашлари, истак ва хоҳиш-иродаси, интилишларини қаҳрамони орқали сингдириб юборади. Таржимон адиб характерини мукаммал билмай, руҳиятида унинг руҳи билан уйғунлик, руҳдошлик ва қалбдошликни ҳис қилмай туриб асарни юксак даражада таржима қилолмайди. Таржимон, биринчи галда, адибдаги барча эзгу фазилатларни илғай билиши, уни севиши, ҳурмат қилиши, дўст тутиниши, қалбан боғланиши лозим бўлади.
Достоевскийнинг “Телба”сидай мураккаб асарни таржима қилиб, фалсафий идрок орқали тилимизнинг жилваси ва жозибасини бадиият чўққисига олиб чиққан таржимон Иброҳим Ғафуровнинг заҳмати, хизмати эвазига Эрнест Хемингуэйнинг “Алвидо, қурол!”, “Чол ва денгиз”, “Қуёш барибир чиқаверади” асарларини ўқиб, мутаржимнинг, Хемингуэй билан бирга жанг қилганини Хемингуэй билан дўст тутиниб, Хемингуэй билан бирга нафас олганини ҳис этганман.
Жаҳон адабиётида урушнинг даҳшатли манзараларини ҳаётий акс эттирган, башарият тарихининг зулматли лаҳзаларида инсон қалби оғриқларни маҳорат билан тасвирлаган Ремарк асарларидаги юкни елкалаш ҳам осон эмас. “Уч оғайни”, “Эсизгина, ёшлигим” сингари асарларни ўзбек тилига ўгириш учун фақат таржимон маҳорати, билим ва тажрибаси камлик қилади. Назаримда, Ремакка йўлдош ва елкадош таржимоннинг ўзи, аввало, уруш даҳшатларини, қиёмат-қойим жангларни тасаввур этиши, бу фожиалар моҳияти, сабаб-у оқибатларини теран англай билиши лозим бўлади. Йўқса, Ремарк ҳам, унинг асарлари ҳам ўқувчига сингишмайди. Сиз маҳорат билан таржима қилган “Уч оғайни”, “Эсизгина, ёшлигим” асарлари орқали ўзбек китобхонлари буюк немис адиби Ремарк ижодини кашф этдилар.
Шу ўринда кўнгилда бир иштибоҳ туғилди. Кези келганда айтай: бугун айрим нашрларда жаҳон адабиёти дурдонаси саналган асарлар тилимизга таржима қилиниб, чоп этишга иштиёқ кучайганини сезиш мумкин. Бу яхши. Жаҳон адабиёти билан танишиш хайрли иш, албатта. Бироқ таржимоннинг нўноқлиги боис, айрим асарлар публицистик мақолалар даражасидан ҳам пастга тушиб қолаяпти. Бу кўкда порлаб турган юлдузни ердаги тилла қўнғизга менгзаш билан баробар эмасмикан? Айниқса, детектив руҳидаги таржима ҳикоялар шунчалар кўпайиб кетдики, уларни ўқиб қуруқ воқелик баёнидан ўзга бадиий меъёрни тополмайсиз. Наҳотки, ўз мамлакатидагина эмас, балки дунёга таниқли шундай машҳур ёзувчининг ҳикояси шу бўлса, деган ўйга борасиз. Нашрнинг саҳифасини тўлдириш ёки ўқувчининг вақтини ўғирлаб қалам ҳақи учун шўрлик ёзувчининг обрўсини тушириш шартмикин? Адабиёт билан ҳазиллашиб бўлмайди, адабиёт миллат, халқ маънавияти билан боғлиқ масала. Адабиёт инсонни англаш, инсонни тушуниш, инсон қисматига дахлдорлик туйғуси билан яшаш, дегани. Адабиётнинг йўли ҳам, борар манзили ҳам Инсон қалби. Агар жаҳон адабиётини эзгулик япроқлари шовуллаб барқ урган улкан дарахтга қиёс этсак, унинг замин қаърига сингиб кетган барча томирлари Инсонни севинг, қалбини ардоқланг, Инсонга гўзал ва сокин ҳаёт, муҳаббат улашинг, деган умрбоқий эзгу ақидалар булоғидан сув ичади. Шу туфайли ҳам, бу улкан дарахт мангулик тимсоли сифатида яшнаб туради. Ана шу яшнаб турган яхшилик дарахти меваларидан миллатимизни баҳраманд этиш учун Ваҳоб Рўзиметов, Озод Шарафиддинов, Қодир Мирмуҳаммедов, Холида Аҳророва, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Жамол Камол, Маҳкам Маҳмуд, Аҳмад Аъзам, Мирпўлат Мирзо, Файзи Шоҳисмоил, Аҳмад Отабой, Ойгул Суюндиқова, Алишер Отабоев сингари фидойи мутаржимларнинг сафи таржимани бадиий асар яратиш даражасида санъат иши деб қарайдиган иқтидор эгалари билан янада кенгайишини истардим.
Низом ака, узр. Вақтингизни олдим. Кўнгилдагини қоғозга тўкдим. Сизга мактуб йўллашимнинг яна бир сабаби, “Жаҳон адабиёти дурдоналари” сериясида чоп этилган Нодар Думбадзенинг “Эллада”, “Кўкарачи”, “Оқ байроқлар”, “Абадият қонуни” асарларини Сизнинг таржимангизда куни кеча яна бир бор ўқиб чиқдим. Бу асарларни мен ўн марта, эҳтимол, ундан ҳам кўпроқ маротаба ўқигандирман. Муҳими бу эмас. Муҳими, мен улар туфайли ҳеч бир замонда адабиёт елкалаган юк эскирмаслигига, адабиёт ўлмаслигига ишончим қатъийлашгандай бўлди. Одамлар бир-бирига меҳр кўрсатса, аяса, севса, бу ўткинчи дунёда бир-бирини эъзозласа инсонлар қалбида Нодар Думбадзе яхши кўрган қип-қизил атиргуллар очилади, одамлар қалбида Думбадзе талпинган меҳр офтоби порлайди, шунда одамлар юрагидан оғриқ маҳв этилади, одамнинг юраги ўзидан оғир юкни кўтариб қийналмайди, одамнинг юраги заминдан оғир юкни кўтариб толиқмайди. Сиз менга ака бўлсангиз, менга ҳам кимдир ука ёки дўст бўлсам, бир-биримизга хиёнат қилмасак, юрагимиз ўзимизга ҳеч қачон оғирлик қилмайди. Зотан, Инсоннинг юраги шу қадар оғирки, уни бир киши кўтаролмайди. Биз, одамлар токи тирик эканмиз, бир-биримизга ёрдам беришимиз, бир-биримизнинг юрагимизга мадад бўлишга ҳаракат қилишимиз керак…
Ёзувчи бу қонунни Абадият қонуни деб атайди. Қизиқ… Буни Адабиёт қонуни десак, ҳам бўларкан-а? Адабиёт қонуни — Инсон юрагини эъзозлаш қонуни! Барча халқлар, барча мамлакатларга бирдай тааллуқли қонун…
Айниқса… Луис Борхес қаҳрамони Фунеснинг хотираси ҳеч кимга, ҳатто ўзига ҳам кераксиз, икир-чикирлар, чиқиндилар сингари мутлақ аҳамиятсиз нималарсалар билан тўлиб-тошгани каби, ҳозирги замон кишилари қалбини ҳам XXI аср тўзонлари ларзага солиб, қалбимиз уммонида SMS айсберглари пайдо бўлаётган бир даврда инсонийликнинг меҳр-муҳаббат офтобига жой топилармикан, деган хавотирга тушмай иложимиз йўқ.
Нима бўлган тақдирда ҳам, “Дунёни гўзаллик қутқариши”ни Адабиёт башорат қилган эди. Буни қандай талқин қилиш ҳар қайсимизнинг ўзимизга боғлиқ. Хоҳлайлик муҳаббат қутқаради, дейлик, хоҳлайлик меҳр асрайди, дейлик, бироқ бу ибораларнинг мазмун-моҳияти битта ва у Инсоннинг энг улуғ, энг олийжаноб туйғуларига бориб тақалади, адабиёт маслагига, адабиётнинг муддаосига бориб тақалади. Яъни дунё адабиётининг муддаосига!
Шу муддаони англаб етишимиз учун таржимон сифатида халқимиз олдида Сизнинг ҳам хизматингиз ва масъулиятингиз беқиёс эканлигини таъкидламоқчи эдим.
Саломат бўлинг!
Сиздан янада гўзал ва буюк асарлар таржимасини кутиб, укангиз