Қамчибек Кенжа. Лафз (ҳикоя)

Кеч кузда оддий тумов баҳона ётиб қолган Деҳқонбой аканинг дарди секин-аста оғирлашиб, кўкламда баттар исканжага олди.
Отасига дори истаб туман марказига борган Одил журналист Карим Аҳадни Тошкентга кузатиш муносабати билан темир йўл бекати биқинидаги чойхонада уюштирилган зиёфатга тасодифан қўшилиб қолди. Улфатларга бозорда рўпара келиб, халталарини кўтаришиб юрди. Кўчага чиқишганда улар билан хайрлашмоқчи эди, юр, ўт-пўт ёқишарсан, деб, қўярда-қўймай бошлаб кетишди.
Ёронлар дастурхонни шундай ҳафсала билан тузашдиларки, бу ошхўрлик эмас, ҳақиқий базми жамшид эди. Карим Аҳаднинг дўстлари турли соҳа эгалари – савдогар, терговчи, солиқчи, қассоб, дўкондор, тадбиркор, хуллас, қўрли-шудли йигитлар эди. Айримлари Карим Аҳаддан бир-икки ёш катта ҳам эди. Улардан тўрт-беш ёш кичик, мўмингина Одил учун ана шундай сўзи ҳам, ўзи ҳам бутун, бообрў одамлар билан бир дастурхон атрофида ўтириш алланечук шараф эди. Ўт ёқиб, ул-бул ташиб, ўчоқ билан сўри оралиғида қатнаб юрган Одилнинг бир кўзи, бир қулоғи ўшаларда эди.
Карим Аҳад ким гапирса, ўшанинг оғзига қараб, боши билан тасдиқлаб, маъқуллаб ўтирарди. Пойтахтдай жойда ишлайдиган журналист ҳам шунақа камгап бўладими, дея таажжубланарди у. Айниқса, ҳаволаниш унинг табиатига тамоман бегонага ўхшарди. Ийиб, эриб кетди чоғи, ниҳоят унинг ҳам тили ечилди, уч-тўрт кун аввал бўлим мудирлигига лавозимига ўтказилгани, шунга… беш-ўнта кўнгил яқинларига бир чўқим ош қилиб бериш нияти борлигини ошкор этди. Ёронлар қутловни ёғдириб юборишдику:
— Агар хоҳласанг, дўст, биз бориб хизмат қиламиз ўтиришингга, — деди Ботир ҳаяжон билан Карим Аҳаднинг кифтига уриб.
— Овора бўласизлар-да, узоқ жой… — деди журналист ҳамнишинларининг бир унисига, бир бунисига оҳиста нигоҳ югуртириб.
— Шундай ювадиган иш бўладию, овораси борми! Ишхонангда обрўйинг янаям ошади, ўртоқ. — дўкондор ҳамтовоқларига юзланди.
— Жуда олижаноб таклиф, бунақа ақлли гап фақат сени каллангдан чиқиши мумкин, — деди тадбиркор Ҳусниддин.
— Борамиз! — дейишди қолганлар жўр овозда.
— Эркакча гап!
— Бормаган – номард!
Одил ҳаяжонланиб, завқ билан кузатиб ўтирган эди, Ботир қийқириб қолди:
— Ҳей, Одилвой, сен-чи? Нимага ўшшайиб турибсан, аммамнинг бўзоғига ўхшаб? Ҳамма боради дейилдими, ҳамманинг ичида сенам борсан. Ё, сен ўзга сайёраликмисан?
Бу гапни солиқчи Зуфар ҳам қувватлади:
— Бошқа қавмданмисан, дегин. Ўртоқлар, бу йигит мениям дидимга ўтирди, илгари гаплашмаганимиз учун яхши билмасаканман.
 Одил беихтиёр хижолат бўлиб, қизарди.
— Майли, ўйлаб кўрсин, — орага тушди Ҳусниддин.
— Нимасини ўйлайди! — кесди уни Рўзибой ва Одилга, — бошида дўпписи бор. Аммо дўппи кийишниям қонун-қоидаси бор, оғайничалиш. Даладаги қўриқчига қопқоқ қилиб қўйилади, — у Одилнинг бошидан тўрт гулли, одмироқ тепчилган дўппини шартта кўтарди-да, «поп» эткизиб, саросимадаги йигитнинг чап чаккаси томонга қийшайтириб қўндирди. — Ўғил бола дўппини манақа кияди! Аммо ўзиям узуқораси экан-да. Энди бошлаганда чеварни қўлига чипқон чиқиб қолганга ўхшайди.
— Ўзингда шуям йўғ-у, Қўзи!
— Бизики уйда.
— Ҳай, бўлди, биродарлар, ўтлаб кетдик, — Матисо қўлларини тепага кўтарди. — Пойиз жўнашига оз қоляпти. Одил ўзи билади, шароити кўтарса…
— Шароит-пароит кетмайди, — панжаларини ёзиб, икки томонга сермади Саттор. У ҳам анча қизишиб қолган эди. — Зуфар айтгандай, дасёрликка тузук экан, бизга асқотади, так, што, боради! — У Одилга тикилди. — Тўғрими, борасанми, ё…
— Боров-раман, — деди Одил иккиланиброқ. Бир ҳисобда уни ўз сафларига, одам қаторига қўшишаётганидан ичида суюнарди у, бироқ Тошкентга бориб келишнинг ўзи бўладими? Улфатчиликнинг ўзига яраша йўл-йўриғи бор — аравани баравар тортиш керак. Ёнингдагилар пул харжлайверсаю, сен кўзингни лўқ қилиб тураверсанг, бундан ўсал иш йўқ… Ўзининг ҳоли эса ўзига маълум. Отаси анча абжир одам, ҳовлига қайта-қайта ҳар хил зиравор, редиска экиб сотиб тирикчиликни юргизарди, у ётиб қолдию, рўзғордан барака қочди. Одил бу ишларни унча эплолмаяпти.
Алқисса, улфатлар икки ҳафтадан кейинги жумага тўхтадилар. Қуруқ қўл билан борилмайди албатта, демак, пул йиғилади, дея дилидан ўтказди Одил.
— Қанчадан тўплаймиз, — сўради у мум тишлаб ўтираверишни ўзига эп билмай.
— Сен, Одил, — деди Матисо илжайиб, — келиндан командировочнийга қўл қўйдириб олсанг бўлди, муҳрни ўзимиз босиб берамиз.
Кулги кўтарилди.
— Жа унчаликмас, терговчи ака, — деди Одил қизариб-бўзариб.
— Тегишяпти, сўтак, — елкасига шапатилади Ҳусниддин. — Сен, куёв тўра, янги рўзғорсан. Йўл-кирангга пул топсанг, бас. У ёғини ўйлама.
Карим Аҳадни поездга кузатиб, ҳар тарафга тарқалишди.

* * *
Белгиланган кун яқинлашган сари Одил дам ҳаяжонланиб, дам юраги пўкилларди. Шошиб қолмайин деб ишидан жавоб олди. Ҳар эҳтимолга қарши таниш-билишлардан қарз кўтаришни кўзлади. Лекин топишининг тайини йўқ одамга ким ҳам пул тутарди. Берсаям, уни узиш-чи?..
Отасининг ҳолати, кайфияти дурустроқ пайтини пойлаб, ийманибгина сўз очди. Кўнгли очиқ падари бузрукворнинг улфатбоз, одамохунлиги фарзандга аён эди, албатта. Фақат у ҳозирги вазиятда ўзининг қуюшқондан ташқари бу хоҳиши, бемор кишига оғир ботмасмикин, «Мен нима аҳволдаману, юрагингга ўйин-кулги сиққанини қара-я», деб қолмасмикин, деган ҳадикда эди. Демаган тақдирда ҳам ичида дили оғриса-чи?
Шу сабаб минг истиҳола билан гапига изоҳ бера бошлади:
— Бориш ниятим йўқ, шунчаки уларни гапини айтяпман, холос.
— Жуда-а яхши ўйлашибди, — деди шифтга қараб ётган Деҳқонбой ака бир лаҳзалик сукутдан сўнг. — Ошна-оғайни деган бир-бирини яхши-ёмон кунларида ёнида туради-да. Каримжон — қишлоғимизни обрўйи, отасига раҳмат. Ўзиям анча бамаъни йигит. Боравур, ўғлим. Каримжон, нима бўлсаям, мусофирдай гап. Мусофирни йўқлаш — катта савоб.
— Бир-икки кун туриб қолишимиз мумкин, дейишяпти. Сиз…
— Мендан ташвишланма, ўғлим, — Одилнинг гапини бўлди ота. — Тузукман, бир-икки кун нима деган гап. Сафарларинг бехатар бўлсин. — Ота бармоқлари ингичка тортган кафтларини ёзиб, юзига суртди.
Одил каловланди.
— Бўлмаса, — давом этди Деҳқонбой ака дадилланиб, — бугун аянг билан томорқадаги редисканинг етилганини юлиб, тайёрланглар, эртага сотиб келасан. Камига аянг Саломатхондан олиб берар…
Барчин опа ҳайратланди.
— Шу пайтда-я?!
— Мен рухсат бердим, лафз қип қўйипти, — деди ота сал овозини кўтариб ва бошини Одил томонга ўгирди. — Пул топиладиган нарса, йигитнинг лафзи қайтмасин…
Онаси айвонга чиқишгач уни қисди-бастига олди.
— Дадангни ҳолини билиб турибсану, Ташканда нима бор, болам? Унақа, пешиндан кейин бойиганларга нима қилардинг илашиб? Кўрпангга қараб оёқ узатмайсанми?!
— Кўрпамизга нима бўпти, ая, шу бўйи ўтиб кетмасмиз, бизгаям Худо бериб қолар…

* * *
Одил келишилган куни ўтган галги чойхонага ваъдалашилган муддатдан ярим соатча илгари етиб борди. Сўзининг устидан чиқётганидан боши осмонда эди. Ахир, отаси «қўй, ўғлим…» дейиши мумкин эди-да… Бир четдаги чорпояда дам-бадам девордаги ғижжак ғилофини эслатувчи мис ранг осма соатга назар ташлаб, чойдан хўплаб ўтирди. Белгиланган муҳлат — тўрт ҳам бўлди, ўтди ҳам. Карим Аҳаднинг қадрдонларидан эса дарак йўқ эди. Одилнинг икки кўзи йўлда, энди келиб қолишар, ҳозир келиб қолишар деб ўтирарди. Безовталаниб катта кўчага қараб келади, тағин ўтиради. Вақт ўтмайди, қўли беихтиёр чойнакка югуради. Аччиқ кўк чой ошқозонни шилиб юборди-ёв. Келишувга биноан шу ерда қоринни яхшилаб тўйғазиб кейин поездга чиқишмоқчи эди. Ажабки, ҳалигача бирортасининг қораси кўринай демасди. Диққати оша бошлади. Мени ташлаб жўнаворишган бўлса-я, ё у барибир бормайди, боролмайди деб ўйлашдимикин, деган шубҳа ичини кемирарди. Балки, балки… ана шу куни “борасанми?” деб, қайта-қайта сўрашганида ҳардамхаёллик билан жавоб берганди, шунга улар кейин кенгашиб, қийнамай қўя қолайлик, деган қарорга келишдимикин? Дадил «бўпти, бораман» деявермаган экан-да. Лекин олдиндан бир нарса дейиш ҳам қийин эди-да. Отасининг рози бўлиш-бўлмаслигини аниқ билмасди… Самолёт ё машинада кетишдимикин, деган хаёлга ҳам борарди у. Жўнайдиган вақт ё режа ўзгариб қолган бўлса, уни огоҳлантириб қўйиш ёдларидан кўтарилдимикин, йўқ лозим топишмаган!
Соат беш ярим бўлди — йўқ. Демак, кетишибди. Акс ҳолда шу чоққача икки-учтаси келарди-ку. Эҳтимол, бирон жойда маишат қилиб қолишгандир. Поезднинг жўнашига эса бор-йўғи ўттиз дақиқа вақт қолди. Бирдан эсига билет муаммоси тушиб, бекатга чопди. Ҳайҳотдай бинонинг бир бурчагидаги «касса» деган тирқишга бошини суқди.
— Тошкентга…
— Сиз учун топиб берамиз, яхши йигит, — деди паттачи қиз жилмайиб. У ҳам Одилнинг аҳволидан бохабардек туюлиб кетди. Бунга сайин, йигит асабийлашди. Билетни олди ҳамки, улфатлар келишмади. Биронтаси ҳам!.. «Демак кетишган!..»
Одилнинг тарвузи қўлтиғидан тушиб, орқага қарай-қарай вагонга чиқди. Бир кўнгли қайтиворай ҳам дедию, яна иккиланди. Шунча гап-сўз, оворагарчиликдан кейин уйга нима деб киради? Мени лақиллатишибди, дейдими?.. Тошкентга умрида бормаганди, шуни ўйлаб сал дилтанг бўлди, сўнг сўраб-сўраб Маккани топишган-ку, ҳозир ҳамма ерда киракаш машина тўлиб ётибди, айниқса пойтахтдай жойда бу нарса муаммо бўлмас, деб ўзига тасалли берди.
Кечаси билан хаёли қочиб, бунинг устига темир ғилдиракларнинг бесаранжом, ваҳимали тарақа-туруқидан ухлагандай ҳам бўлмади. «Э, қойил, ўғил бола…» дейишса керак… шу хаёл унга таскин берарди.
Айтганидай, поезддан тушиши билан киракашлар ўраб, қўлтиғидан кўтаргандай оёғини ерга теккизмай бекатга етказишди. Тамадди қилганиям имкон беришмади. Оқ-сариқдан келган, чапдаст йигитча «Дамас»ни кенг, аммо улов тиғиз кўчалардан ғизиллатиб ҳайдаб кетди. Одил икки тарафдаги бир-биридан пурвиқор биноларга, яп-янги кўприкларга, йўлларга анграйиб боқарди. Пойтахт – пойтахт-да…
Ҳаш-паш дегунча йигитча баланд, узундан-узун, деярли деразалардан иборатдек кўринувчи бино рўпарасида машина тўхтатди.
— Сиз айтган жой шўт ака, кираверишдаги мелисага учрасангиз, танишингиз қаердалигини айтиб беради, — тушунтирди у ва Одилнинг қўлидан пулни юлқиб олиб, яна шиддат билан машинани суриб кетди. Одамгарчилиги дуруст, лекин жуда шитоб экан занғар, кўнглидан ўтказди Одил шамолдай учиб бораётган «Дамас» ортидан бир зум қараб қоларкан, қоида-поида билан зиғирча иши йўғ-ей.
Одил у ёқ-бу ёққа аланглади, ошхонага ўхшаган жой кўзига чалинмади. Майли, Карим Аҳадни топсин-чи, эҳтимол ҳамма шу ердадир…
Бино йўлагидаги мелиса кўрсатмаси билан девордаги жадвалдан Карим Аҳаднинг телефон рақамини топди-да (катта рўйхатда ҳамқишлоғининг ҳам исм-шарифини кўриб, юраги яна бир ҳаприқиб олди), бурчакда осиғлиқ қора аппаратга чўзилди.
— Каримжон ака, мен келувдим, Одилман, Анжандан.
— Ий-ий… ҳозир, ҳозир тушаман.
Одил сал четга чиқиб, айланадиган темир тўсиқдан ёнбош билан қисилиб кириб-чиқаётган турли тоифадаги шошқин одамларни кузата бошлади. Улар бир-бирларини яхши танимайдигандай, бошларини хиёл қимирлатиб, фақат «яхшимисиз» деган бир калом билан сўрашиб ўтиб кетишарди.
Қисқа фурсатда йўлакда Карим Аҳад кўринди. Унинг йирик кўзлари янада кенгайиб чарақлади.
— Бошқалар қани? — сўради Каимжон қучоғини очаркан.
 — Энди келиб қолишар, мен улар билан хабарлашолмай, ўзим пойизга чиқувдим.
— Майли, хонада гаплашамиз, қани, юринг.
Меҳмоннинг эса қорни таталарди. Қўқон бекатида тоғора кўтариб чиққан жувондан олиб еган тўрттагина картошка сомса поезд ярим йўлга етмаёқ қориннии сидириб, бояқишнинг ичакларини шип-шийдам қилиб бўлган эди.
— Сизни ишдан қолдираман-да. Яхшиси, биронта шерик бўлса, бозор-ўчар қилиб, чойхонада ошга тарадди кўриб турардик. Девзира опкелгандим, уч килоча.
— Жуда яхши, етади.

* * *
Карим Аҳад Одилга Ёқубжон исмли ҳамкасбини қўшиб берди, тўғрироғи, Одилни унга тиркаб қўйди. Бўйдор, қошлари туташ, тўладан келган бу йигит ҳам андижонлик экан, гуручнинг дарагини эшитиб суюниб кетди, бир сиқим кафтига олиб, синчиклаб кўрди.
— Ўзиям қорақилтириқ шекилли, маладес. Шунга бошимиз қотиб турувди. Бойкечикникими ё Бўтақараникими?
— Бойкечикники. Мақташдию…
— Э, яшанг, ака, — Одилнинг елкасига қоқди Ёқубжон.
Улар бозорга киришди. Кўпроқ Ёқубжон пул харжлади, лекин Одил ҳам, шериги “ҳай-ҳай”ласа-да, қараб ўтирмади. Отасининг таъкиди қулоғида эди.
Юнусободнинг бир чеккасидаги «Шинам» чойхонаси у қадар ҳашаматли бўлмаса-да, файзли, энг муҳими, катта қатнов йўлидан бир мунча овлоқдаги, баҳаво маскан экан.
Одил Ёқубжоннинг суяги бузуқроқлигидан унинг қозонга эгилишини тасаввур қилолмаётганди. Миясида “ошни ўзингиз дамлайсиз”, деб қолса-я, ҳаяжонланиб, ўхшатолмасам-чи, деган фикр ғимирларди. Ҳамроҳининг сабзини шиппа-шиппа, қолипдан чиқаётгандай бир текис тўғрашиданоқ масала ойдинлашди-қўйди. У оғир бир юкдан халос бўлгандай, енгил тортди.
Карим Аҳад соат бирларда шериклари билан келди. Улар тўрт-беш киши бўлиб, асосан ёшлар, фақат битта-иккитасининггина сочига оқ оралаган эди.
Ёқубжон эса паловни қийворган эди. Меҳмонлар таомни таърифлаб, мақтай-мақтай ейишаркан, Ёқубжон гуруч Андижоннинг девзираси эканлигини, уни бугунги зиёфат муаллифи Карим Аҳаднинг мана шу шинаванда ҳамқишлоғи, қадрдон укахони Одилжон олиб келгани, унинг ўт ёқишга ҳам усталигини айтиб, ҳақиқатда ҳам шундай, дегандай унга жилмайиб қўярди. Ошхўрлар «Э, кам бўлманг, отангизга балли», дейишар, Одил эса… ўнғайсизланиб, ерга қарарди.
Меҳмондорчилик ҳаваскорона аския, ҳазил-ҳузил билан кўнгил очар ўтиришга айланди. Ҳамманинг кайфияти зўр, руҳи баланд эди. Карим Аҳад ҳам ўзида йўқ эди, фақат у ҳар замон-ҳар замонда йўл тарафга қараб-қараб ўтирар ва энгашиб Одилга «Келишмади, а?..» деб шивирлаб қўярди. У йўлакдаги мелисага чойхона манзилини ёзиб қолдирган эди.
Меҳмонлар кузатилгач, Карим Аҳад: «Ўша гап — гап, эртага бир Тошкентни айлантираман», деди. Одилнинг ҳам нияти шундай эди, илло отасини эслаб, дили ғаш тортиб қолди. Бир кеча-кундуз унга бир неча кундай туюла бошлаганди. Кейин, чўнтагининг ҳам қўри пасайди. Сафар, катта шаҳар, дарҳақиқат, анча-мунча ақчани кўрдим демайди. Бунинг устига, кечга яқин ҳаво айниб, осмон гезариб олди.
 
* * *
Эртасига эрталаб Одил туман марказида поезддан тушганида ҳаво очилиб кетган, аммо кечаси билан селдай ёққан ёмғирнинг заҳри баданни жунжиктирарди. Дадам совуқ емадимикин, деган ғам босди Одилни. Бир томондан, синчков падари бузрукворига нима деб бориш хижолатчилиги уни қийнарди. Ёлғон гапириш мумкинмас, ростини айтса, ўғлим бизга қоғоз дўппи кийдирган экан-да, деб ўйлаши аниқ.
Лекин отасига ҳисоб беришга тўғри келмади.
Каравот ёнида чўнқайиб, эрининг билагини уқалаб ўтирган Барчин опа уйқудан уйғонгандай бирдан жонланиб, «Дадаси, дадаси, Одилжон келди», деди. Деҳқонбой ака кўзларини оҳиста очиб, заиф нигоҳлари билан Одилни қидирди, уни топгач, паст, суст товушда пичирлаб, «Бориб келдингми, ўғлим, баракалла…» деди, кейин қўлини «Яқинроқ кел…» дегандай, мажолсизлик билан чўзди. Озғин бармоқлари титрарди. Одилнинг юраги «шув» этиб кетди, чўккалаб, ёноғини қиблагоҳининг сарғимтир тус олган сўлғин юзига авайлаб теккизди.
— Болам, йигит киши доим ўз лафзида туриши керак…
Отаси бошқа сўз айтмади.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 19-сон