Қамчибек Кенжа. Кўктой (ҳикоя)

Оқ-қорани ажратиш палласига қадам қўйган чоғлариданоқ шахсий “ҳаётий дастур” тузиб, унинг илк бандига “узоқ умр кўриш” моддасини киритган ва ҳануз ўз маслак-ғояларидан оғишмай, қинғаймай, жавлон уриб яшаб келаётган Фотиҳ Бурҳонович нафақа ёшидан аллақачон ошган бўлишига қарамай, нуфузли бир корхонанинг ҳайҳотдай биринчи хонасидаги ўзи чинордан махсус ясатиб, буқаламун териси қоплатган оғир, салобатли креслони барқарор, мустаҳкам эгаллаб ўтирар, атрофида яқин ходимлари, халқ ибораси билан айтганда шотирлари гирдикапалак эди. Қўлларини қаерга, қаёққа узатса етиб, яна ошиб ҳам қоларди. Серғайрат, соғлом ва бикир эди. Инсон умрининг чегараланганлиги тўғрисида авваллари деярли бош қотирмасди ҳам, илло жуфти билан муросасининг носозлиги гоҳи-гоҳида панд бериб, унинг ҳам оддий жонзот наслидан эканлигини ёдига тушириб қўярди. Ҳузурида мўйловига болта ўтмас не-не забардаст, баҳодир эркаклар қўл қовуштириб, ҳатто айрим ҳолларда титраб турадиган валломат шу бир пачоқ, “кесак қисган” ожизасига ҳукм ўтказолмаганидан қаттиқ изтироб чекарди. Завжаи дилозори унинг тамоман акси – пастаккина, жиккаккина эди, ҳа, шу борада Фотиҳ Бурҳонович ҳаётидаги мутаносибликка хийла жиддий путур етган эди. У аёлини камдан-кам тилга оларди, мабодо у ҳақда гапиришга тўғри келиб қолса, андак мунгли табассум билан “бизнинг читтак хоним…” деган сўзлардан бошларди. Хотин чиндан-да анойи “мўмина”лардан эмас эди: жаҳли қўзиганда жўжаларига туғилган хавф-хатарга қарши жон-жаҳди билан ҳурпайган она товуқ каби энига-ю бўйига “шохлаб”, ваҳимали тусга кирар, кип­рикларию қошлари, ҳатто пир-пир учаётган юбқа лаблари узра сабза уриб, икки чеккага қараб ёнбошлаган олтинранг, майин туклари ҳам хуружга келган тип­ратиконнинг найзаларидек тикка-тикка бўлиб кетарди. Бунақа пайтда муҳтарам Фотиҳ Бурҳонович, кўпинча, рақибидан енгилиб, думини чотига қисганича вангиллаб жуфтакни ростлаган кўппакдай, ичида ғудинглаб, кўча сари йўрғалаб қолишни маъқул кўрарди: оч қорним,тинч қулоғим. Фақат хоним билан ораларида кечадиган даҳанаки жангларнинг авж нуқтасида, сабр косаси тўлиб-тошиб, ғазаб отининг эгаридан учиб кетай, учиб кетай деяётган лаҳзаларда беихтиёр “Ҳаҳ, читтак!..” деб юборарди товушини бир неча парда кўтариб. Балки “беихтиёр” ибораси бу ўринда унча чак босмас, ахир Фотиҳ Бурҳонович бутун заҳрию норизолигини, аламию озурдалигини ўзи ўйлаб топган ва наздида жуда ёпишиб тушган лақаб қатига жойлаб отарди, лекин шу билан бироз хумордан чиқиб, енгил тортгандай бўларди. Бундан нордонроқ, бундан оғирроқ койишни минбаъд лозим кўрмасди (аслида ҳаддиям сиғмасди-я), зеро у ўзини анча маданиятли, зиёлинамо мардумлар сирасидан ҳисоблашларини хоҳларди. Нафсиламрини айтганда, у “дахшанда” билан ширгуручга сариёғ бўлиб кетиши қийинлигига аввал-бошданоқ ақли етган эди, бироқ қўшилгани билан ҳар қандай вазиятда (!) “қўша қариш” талаб этиладиган шўролар даврида ёстиқдош билан унинг инон-ихтиёрисиз ажрашмоқ раҳбар-кадр учун дурустроқ ҳаёт кечиришнинг асосий омили, гарови бўлмиш партия аъзолигидан, мансаб-лавозимидан қўлни ювиб қўлтиққа уриш, ўз келажаги пиллапоялари пойига арра солиш демак эди. Бунча қурбонга рози бўладиган амалдор саҳродаги соядай камдан-кам учрарди. Қолаверса, келинчак ҳам комсомол ходималардан, яъни партия ва ҳукумат жорий этган аёллик ҳақ-ҳуқуқини аъло биладиганлардан эди, бинобарин, ундан тирик қутулишни ўйлашнинг ўзи хомтамаликдан, калтафаҳмликдан ўзга нарса эмаслигини Фотиҳ Бурҳонович жуда яхши англарди. Ахир у эсини емаган-ку, ўз орзусидаги мартаба-мавқега эришгунча не-не қабулхоналарда сарғаймаган, қанчадан-қанча остоналарнинг тупроғини искамаган!
Аммо бот-бот юз берадиган давомли ва қизғин “муҳораба”лар, фикр ва дунёқарашларнинг мудом зид келиши билан боғлиқ эзилиш, руҳий зўриқишлар оқибатида унинг толмас, метин юраги ҳилвирай, ҳил-ҳил жигари эса бандидан узилган чинор япроғидек бужмая бошлаган эди. Омад ҳам, дард ҳам бир келса қўшалоқ келади, дегандай, орада “э” йўқ, “бе” йўқ, зиқнафаслик ҳам илашиб ўтирибди. Буниси касалларнинг ашаддийси, одамни ўлдирмай қийнайдигани экан. Катта ишхонада мажлис ўтказаётганда, баъзан каттаконлар, уятли меҳмонлар даврасида тутиб, авж оларди. Томоғи шағални босгандагидай ғижирлаб, чала бўғизланган хўроздай хириллаб қолганида ўзини ургани тешик тополмай, қизариб, шишиб кетган кўзлари аланг-жаланг қила бошларди. Хос шифокорлари тавсияси билан “Зомин” ва бошқа масканларда даволаниб турарди. Муолажа таъсири икки-уч ойга етиб борардию яна арзимаган бир сабаб билан қайталанаверарди. Бош гаранг – бир ёнда нағмагар “малак”, иккинчи томонда зир-зир юрак, ўртада ширин жон ҳалак. Тонг-саҳарлар кўкка нола учар: “Гуноҳим не эди, эй фалак?” Хулласи калом, жиддийроқ чора ахтармаса чатоқ аҳволи. Ахир ундан имдоду мадад умидворлар бисёр ҳали, ҳали режалар гала-гала – кичик ўғил-қизлари, куёвлари, неваралари, бўлажак невара куёвларининг ўқишлари, иш-амаллари, уй-жойлари чала… Қолаверса, қачонгача олти юз-етти юз чақиримли масофага қатнайди – бир дунё пул, вақт сарфлаб? Бошқа чораси йўқмикин?..
Яна ўзининг некбинлиги, топқирлиги, дангаллиги иш берди. Музофотнинг кун юриш тарафи этагидаги Яшил тоғни эслаб қолди. Ўша тоққа дала ҳовли тарзида кичикроқ бир нима солса қалай бўларкин? Бунинг учун аввал бориб айланиш, ҳавоси ёқадими, самара берадими, йўқми, синаб кўриш керак.
Ўзи ихлос қўйган тиббиёт профессорларига муддаосини айтди. Соғлиқни сақлаш бўйича мамлакатдаги қатор нуфузли комиссиялар, ҳайъатлар аъзоси, кекса невропатолог уни қўллаб-қувватлади:
– Яхши ўйлабсиз. Албатта, тоғларнинг табиати, хусусияти ҳар хил, ўсимликлар, дарахтларнинг тури, кислород миқдорига, тупроқ, ҳаво таркибига, умумий иқлимга ва бошқа омилларга кўп нарса боғлиқ, бундан ташқари мижоз масаласи ҳам бор. Аммо барибир фойда қилса қиладики, зиёни йўқ. Натижа дарров билинмаслиги мумкин, холос.
Демак, фикр тўғри: тоққа ҳижрат қилмоқ керак… Валлоҳи аълам, оиладан – ғавғо уясидан муайян муҳлатларга узоқлашиш “муолажаси”нинг зора барча иллатлар “дояси” бўлмиш дарди бедавога ҳам нафи тегса! Одатда айрилиқ, ҳижрон тош бағирларни юмшатиб, меҳрни кучайтиради-ку (аслида ботинида ақл тиши билан баробар ниш урган яна бир мараз бор эдию, уни ўзи пайқамас, тўғрироғи, аҳамият бермас, ўзига зарарсизлиги учун беғараз ва бехатар бир хасмол деб биларди. Одатда қотиб, қичишмай қўйган ярани ҳам анчагача хол билан адаштириб юрадилар).

* * *

Фотиҳ Бурҳонович ёру биродарларига, шунингдек жамоасига ҳам (торроқ дои­рада) ўз ниятини ошкора этди. Гарчи у ҳал этувчи қарорни ҳамиша ўзи чиқарса-да, баъзида арзимаган масалани ҳам кўпчилик эътиборига, ҳукмига ҳавола қилган бўлиб, уларнинг ёқловчи сўзларини баённомага киритиб қўяр, зеро, машварат хулосаси оиласи ва бошқа тегишли идораларга кўрсатиш учун асосий дас­так, кейинчалик юзага келиши эҳтимолли даъво, таҳдид, ихтилофларда пўлат совут рўлини ўйнайдиган муҳим ҳужжат вазифасини ўтарди. Унинг мансабдор сифатидаги асосий ақидаларидан бири ҳам узоқни кўзлаб иш тутиш, яна бир шиори – “эҳтиёткорлик ош талаб қилмас” эди.
Дам олиш куни у барвақт турди-да, Яшил тоғ сари йўл олди. Машриқдан мағрибга қараб ястаниб ётган тоғни ёнлаб ўтган ўнқир-чўнқир, бир ёни пахтазор илон изи сўқмоқдан юриб, анча ичкарига борди-да, машинадан тушиб, юқорига тикилди. Олисдан бир қадар пакана, одми кўринган ҳар қандай бўйдор нарсанинг салобати унга яқин борганда билинади-ку. Аксарият тоғлар каби тепа тарафи суйри Яшил тоғ ҳам жуда юксак, ваҳимали бўлмаса-да, ҳар ҳолда маҳобатли, энг аҳамиятлиси – шимол тоғлари каби қалин қор кўрпасига ўранмаган, жанубдаги жинсдош-қариндошлари сингари гиёҳ унмас тош қатламларидан иборат эмас эди. Аксинча, ҳарорат мўътадил (албатта, шаҳарга нисбатан бирмунча салқин ва шунинг учун ҳам оромбахш), қоятошлар бўртиб, туртиб чиққан анча-мунча яйдоқ жойларини инобатга олмаганда, арча, ёввойи жийда, дўлана, ирғай, юлғун ва бошқа дарахтлар, буталар, чимдай анвойи ўт-ўлан билан бурканган яшил ва кулранг омухта бир дунё эди. Пойиданоқ тоғ ҳавосининг тоза, енгил ва ҳузурбахшлиги сезилиб турарди. Қаҳрамонимиз инқиллаб-синқиллаб ўн-ўн беш қадам тепага чиқди, у ёқ-бу ёқни хийла кузатиб тургач, жой мўлжаллай бошлади, яна беш-ўн қадам баландроқдаги икки-уч сўтихча нисбатан текисроқ, ўнғайроқ ёнбағирни кўз остига олиб, қайтди. Таниш-билишлар, шотирларини ишга солиб, оғирроқ, мушкулроқ юмушларга мардикор ёллаб, бир ой деганда тоғ қўйнида мўъжазгина бошпана қурди. Узоқ йиллар катта лавозимларда ишлагани, масъул маҳкамалар билан алоқани ҳамон узмаганлиги туфайли мазкур жойда иморат кўтаришга ижозат олиш, кадастрдан ўтказиш масалалари оғзининг ели билан ҳал этилди.
Тўғриси, Фотиҳ Бурҳонович аввалига қурилишнинг боришидан наридан-бери хабар олиб турувди, ўша ерда жисман ва руҳан енгил тортаётганини туйгач, астойдил бўлиб қолди. Бошда ишонмаганиданми, унча парво қилмаган “читтак хоним” эса, ҳа, деса “тоққа кетдим” деган истеҳзо аралаш ғолибона оҳангдаги гапни эшитавергач, баттар ҳурпайиб юрди. Макон битгач, раҳбар хотини, фарзандлари, куёвлари иштирокида оилавий кенгаш чақирди ва кечки пайт бир сид­ра кўрпа-тўшакни машинага ортиб, ўн бир ёшли набираси Санжарбекни ёнига олиб, тоққа чиқиб кетди.

* * *

Дастлабки кечалар хийла ички безовталик билан ўтди. Гарчи, сир бой бермасликка уринишаётган набира билан бобонинг кўзлари бир-бирларининг оғзидаю, хаёллари, қулоқлари ташқарида эди: ҳализамон қандайдир увиллаш, ириллаш эшитилиб қоладигандай… Ахир нотаниш, бунинг устига тоғлик, хилват ерлар… Ҳар нарса бўлиши мумкин-да. Читтак хонимнинг заҳарханда-пичинглари: “Билганингизча дуо-пуо ўқиб ётинг, тағин, жин-пин чалиб, бу кунингиз ҳам ҳолва бўлиб қолмасин. Ўзингиз майли-ю, болага бир зиён етмасин-да…” Лекин уларнинг паноҳгоҳидан хийла нарида, тоғнинг тепароқ қисмларида милтиллаб кўринган яккам-дуккам чироқлар уларга таскин берди. Барибир, бирмунча муддат Фотиҳ Бурҳоновичнинг ўзига эриш кўриниб юрди бу тутуми. Одамлар нима деб ўйлашяптийкин? Аҳмад Яссавийга ўхшаб узлатга чекиниб, тарки дунё қилмоқчи шекилли, дейишмаяптимикин?
Лекин кун бўйи шовқин-сурондан, машина баллонлари, асфальт йўллардан, панароқ-чеккароқдаги уюм-уюм ахлатлардан буруқсаган димиқтирувчи ҳидлар, газ исларидан карахт димоғи, ачишган бурун катаклари, кўзлари, тани-жонининг яйраши олдида оғзига кучи етмаганларнинг “миш-миш”лари чикора! Зеро, томоғидаги ғижирлаш, ўпкасидаги “хир-хир”лар пасайиб, нафас олишининг хийла равонлашгани, кўкрагидаги санчиқларнинг пайсал топаётгани аниқ сезила бошлаган эди.
Фотиҳ Бурҳонович лўлаболишга ёнбошлаб, Санжарбек чўк тушганича шам, хитой қўл чироғи ёруғида дарс тайёрлашар, бир-бирига эртак, топишмоқлар айтиб, “шаҳар” олди-берди қилишар, сўнгра батареяли радиоприёмникни паст қўйишганча пинакка кетишарди. Кейин аккумулятор билан “элжи” телевизоридан олиб чиқишди. Раҳбарни-ку, куни бўйи қўшиқ, мусиқа сассиқкекиртак қилиб юборарди (ишхонасига тушган янги, икки қаватли “Элита” ошхонасининг замонавий ғарб эстрадаси ишқибози, қишда ҳам рангли кўзойнак тақиб, боғичи муштдай қизил ё сафсар галстугини доим оқ кўйлагига тўқноғич билан қистириб юрадиган тақа мўйлов, дароз шефи ундан ҳам зўрроқ чиқиб қолди), аммо мульт­фильмга муккасидан кетган боласи тушмагур тумтайиб, минғирлаб, қўймади.
Эрталаб хизмат машинасида уйга бориб нонушта қилишгач, бобо набирани мактабга ташлаб, ишга ўтиб кетар, кечки пайт барвақтроқ овқатланишарди-да, янги масканга – “Ором қасри”га жўнашар ва афсонавий, романтик ҳаёт оғушига шўнғишарди. Сўқмоқ ҳам кенгайтирилиб, шағал ётқизилиб, анча эпақага келтирилган – дўқир-дўқирдан безилламай бемалол юриш мумкин эди.
Чинакам роҳатга кириб қолган эди Фотиҳ Бурҳонович. Энди тоғ пойида машинадан тушиши биланоқ ўзини тетик, бардам ҳис қила бошлар, табиатнинг бутун ҳусну малоҳатини ўзида мужассам этган тоғ манзарасининг, яшил бахмал ўт-ўланларнинг беғубор ва ёқимлилиги кўзларини яшнатиб, баҳри-дилини очиб юборарди. Бу ернинг намозгар паллалари, айниқса, тунларининг латофати таърифига сўз топиш маҳол эди: ой яқин ва йирик, доғларининг шакли шамойилигача яққол кўзга ташланар, чанг, тутун пардаларидан ҳоли оловранг-пушти юлдузлар ниҳоятда тиниқ, равшан чарақларди. Бу ҳолат, бу нафосат, бу мусаффолик қаҳрамонимизнинг руҳиятини янада яйратиб, кучига-куч, шижоатига-шижоат қўшарди. Ёруғ оламнинг шунча гўзаллиги, нашъу намосидан бебаҳра юрган бир ғофил эканлигидан афсусланар, қанча оқшом, кечаларни “читтак” билан арзимаган (!), ўткинчи нарсаларни талашиб-тортишиб, бўғилиб, беҳуда сарф қилганига ачинарди. Ҳаммасидан ҳам уйдаги ғалва-ғишавалардан, Маликаи Турандотнинг юракни заҳарланган ўқ каби ўйиб, илжиратиб ўтадиган кесатма-қоқитмаларидан қулоғи тинчиб қолганига хурсанд эди. Бу борада ҳам жиддий ўзгаришлар юз бера бошлаганди. “Яна тоққа кетасизми?”, “Бугун биз билан қола қолмайсизми?” каби журъатсизлик, ишончсизлик ва андак илтижо йўсинида айтилган бу гаплар қулоғига эриш эшитилар, ҳатто иззат-нафси ором оларди.
Соф ҳаво билан тўла сокин маъвода Алпомишдай қотиб ухларди. Азон палласидаги саҳарҳез булбул, қорақуш, қорашақшақ ва бошқа нотаниш паррандаларнинг ранго-ранг дилрабо хонишлари дилнинг роҳати, хафақоннинг малҳами эди. Чигирткаларнинг чириллаши ҳам асабларни аллаларди гўё.
Кейин-кейин Фотиҳ Бурҳонович дам олиш кунлари шу ерда қолиб, тоғни айланиб юришни одат қилди. Ўз ҳужрасидан юқорироққа – тоғнинг тахминан қоқ белига кўтарилиб, дурбинда анча паст ва нари шаҳардаги ари уясини эслатувчи ҳаётни (тўғрироғи, вазиятларни) кузатаркан, кўнглида васвасанамо ҳиссиёту иштиёқ пайдо бўлди. Ҳамонки, тоғда мазгил қурар экансан, иложи борича юксакроқ ерни танлаш керак экан, деган фикр қулоғи ичига кириб олган суваракдай тинчини, оромини бузди ва у янги жой чамалашга тушди. Метин қоялар камлиги, юза қисмининг оддий қора, сариқ тупроқдан иборатлиги Яшил тоғнинг асосий фазилати эди. Майдароқ бўлса-да, дов-дарахт кўп, ўт-ўлан қалин, кун кам тушганидан улар узоқ яшарди ҳам. Энг муҳими, тоғнинг ёнини шилиб, кесиб, саҳн, майдон яратиш, хийла машаққат туғдирса-да, ҳар ҳолда мумкин эди. Лекин шунча баландга қурилиш ашёларини кўтариб чиқиш муаммоси-чи? Одам боласи елкасида ташиб удда қилишини тасаввур этиш қийин. Аввало, бу ергача зина – йўл солиш керак…

* * *

– Йўл солиш-ку “но проблем”, шеф, – деди қурилиш бўйича кўп йиллик малакага эга, анча уқувли ва шу боис норасмий маслаҳатчи рутбасини эгаллаган ходим мўлжалдаги паккани кўздан кечириб, азмойиш оларкан. У кўп жиҳатдан раҳбарнинг ишончини қозонган шотирлардан, фақат бир қусури бор эди – баъзи исм ва сўзларга тили келишмай, кўпинча ноқулай аҳволга тушиб қоларди. Масалан, “Фотиҳ”ни – “Фатҳ”, “Бурҳонович”даги “р” билан “х”нинг ўрнини нуқул алмаштириб – айрим ҳудудларда “тутлар” сўзини “тултар”, “йигитлар”ни “йигилтар” тарзида талаффуз этишгандай – қовун тушириб, ён-атрофдагиларнинг “пиқ-пиқ” кулгисига, шефнинг манглайи тиришишига сабабчи бўлар ва шоша-пиша узрхонлик қилиб, ялтоқлана бошларди. Лекин раҳнамонинг олижаноблиги, кечиримлилигини мудом суиистеъмол қилавериш ҳам инсофдан эмас-ку. Маслаҳатчи “хўжайин”, “шеф” дея мурожаат қилишга ўтди. Унга таассубан бошқалар ҳам… Дастлаб Фотиҳ Бурҳоновичнинг энсаси қотиб, ғаши келганнамо юрди, кейин-кейин мослашиб кетди. Мана энди ана шу атамалар қулоғига камроқ чалинса хавотирга тушадиган бўлиб қолган.
– Аммо, бу ерга ашёларни фақат эшакда олиб чиқиш мумкин, – давом этди мулозим хўжайиннинг ўзгара бошлаган авзойига эътибор бермай. – Мардикор, усталар ҳам хизмат ҳақини баландроқ сўрашади. Шунча юқорига тушиб-чиқиш осонмас. Нимжонроқ одамнинг бир кўтарилишда силласи қурийди.
– Эшакда? – сўради ифлос жойни босиб олгандай афти бужмайиб кетган шеф.
Эшак деган жонзотни унинг иқи суймасди. Номи ёқимсиз, афти-ангори ҳам келишимсиз бу ҳайвоннинг хусусан вақт-бевақт бор овозда фаросатсизларча ҳанграши, одам бор-йўқ демай, жартиллатиб “дам” қўйиб юбориши ва яна бошқа айрим шармсизликларини кўрса таъби тирриқ бўлиб, юзини шартта тес­кари ўгириб оларди.
– Ҳа, эшакда. Ҳам жуда арзонга тушади, – бошлиқнинг ўтидан кириб, кулидан чиқадиган маслаҳатчига унинг феъл-атворидаги айрича жиҳатлар беш қўлдай аён эди. – Унга ем берилса, бас. Иккита хонага кетадиган ашё-ю, ашқол-дашқоллар одам кучи ё бошқа йўл билан ташиладиган бўлса, хонумонингиз совурилади.
– Ҳмм… От-чи, от бўлмайдими? – сўради ҳамон энсаси юмшамаган Фотиҳ Бурҳонович.
– Йўқ, – иягини тебратди бош шотир. У ишхонада, шефнинг хонадони ва ўғил-қизлариникидаги қурилиш-таъмирлов ишларида, бошқа шахсий, рўзғор юмушларида ҳам фаол қатнашиб юрганидан хожасига фикри, эътирозини нисбатан очиқроқ, эркинроқ билдирар, раҳбар ҳам унинг жўяли маслаҳатларига қулоқ тутарди. – От дегани текис майдонда пойга ё улоқ чопишга, олифтагарчилик учун минишга яхши, лекин у икки дунёдаям эшакнинг вазифасини бажаролмайди, бу ерга юк билан икки марта чиқса, тили қанжиқ итникидай осилиб қолади. Хачир тузукроқ эдию, аммо у йўқ-да бизда.
Шеф столни маром билан чертиб, бир оз сукут сақлади, кейин ўмганини кўтарди.
– Ҳмм… Бўлмаса, ёшроқ, кўркамроғидан топинглар, – тайинлади у.
Фотиҳ Бурҳоновичнинг сохт-сумбати кишида тўпорироқдай тасаввур уйғотса-да, у ўзини нафис дид эгаси, назокатли шахс деб ҳисобларди. Ўрни келса-келмаса: “Итинг ҳам чиройли бўлсин”, деган мақолни бот-бот такрорлаб туришни канда этмасди. Гарчи чирой-ҳусндан бир марта панд еб, бир умрга куйган эса-да, сут билан кирган эътиқодидан чекинолмасди. Маслаҳатчига эса унинг ҳозирги иддаоси бўлакча нашъа қилди.
“Қошига ўсма қўйдириб, термилиб ўтирармикин, – ўйлади у. – Тавба, эшакнинг кўрками бўладими, иш берса ҳисоб-да”. Эсига латифанамо бир ҳангома тушди. Бозорда бир харидор сигирнинг елини пастда қолиб, бошқа аврат жойларини (албатта, бўғоз-қисирлигини аниқлаш мақсадида) астойдил, синчиклаб текшира бошлабди. Мол эгаси шоир одам экан, ғаши келганини сездирмай: “Тақсир, буни ўзи нима хизматга кўзлаяпсиз?” – деб сўрабди. Аскиянинг таг-заминидаги маънони уққан даллоллару оларманнинг ўзи ҳам роса мириқиб кулишган экан. Шотирнинг дилига ҳам шунга яқин бир ажаб савол келдию, юмор туйғуси чалароқ хўжайиннинг тутақиб, шайтонлаб қолишидан чўчиди. Аммо, аймоқи ҳазилкаши бўлганда жуда кетарди-да… У мийиғини бураб, шайтонини жиловлади.
Дарҳақиқат, ҳар қандай давра, мулоқотда Фотиҳ Бурҳоновичнинг юз-кўзини жиддийлик, тундлик асло тарк этмасди. Ўзига қолса, у ҳам очиқ чирой билан, ёзилиб гаплашишни (ўшандайларга жуда ҳаваси келарди) хоҳларди. Лекин қош-қовоғи тепадан бир нарса босаётгандай, беихтиёр осилиб кетаверарди. Орқаворотдан унга “сўхтаси совуқ”, “қовоғидан қор ёғилади” каби “таъриф”ларни ёпиштиришларини ўйлаб, диққати ҳам ошарди, аммо “муаллиф-мусаввирлари” унга шундай турқи-атворни раво кўришган бўлса, бояқишда не иложу не гуноҳ (Бунда, оббахолам, болалигида раҳматли катта бувисининг “кулаверма, бойўғли тишингни санаб қўяди”, деб берган “таълим”ининг ҳам ҳиссаси йўқ эмасдир)!

* * *

Фотиҳ Бурҳонович умрида эшакка иши тушмаганидан уни алимсинмаганди. Ўзининг-ку, икки дунёдаям ачима ҳайвон бозорида шалтоқ мол-қўйлардан авайланиб, якка кифт бўлиб юришини тасаввур қилолмасди, инчунин ўғиллари ҳам ижирғаниб, бош тортишди. Яна шотирларнинг ўзларига инсоф тилашдан ўзга чора қолмади (Шеф улгуржироқ пулли савдо-сотиқларга ходимларнинг фақат ўзларини юбормасди). Лекин одамзот шунча кенг ва жаннатнинг ёруғ дунё­даги нусхаси бўлмиш Заминга қаноат қилмай, минг даражали ҳароратда ҳам эримайдиган тош, қоришма жисмлардан иборат самовий сайёраларга учай-учай деб турган бир замонда хар зотининг озайиб, табаррук бўлиб кетганини (нимага эҳтиёж, ҳожат пасайса, ўша нарса ўз-ўзидан камайиб, йўқолиб бораверади-ку) унга зориққан кишигина билади. Бозорга аҳён-аҳёнда битта-иккита эшак чиқар, улар ҳам қариб, парти кетиб, шарти қолган эди. Бунақа дирдовларнинг тоғ тугул, оддий йўлда ҳам дадил юришига ишонч йўқ.
– Ҳмм… ажабо, битта эшак топиш шунча қийинми, а?! – дея ҳайрон ва жиғибийрон бўларди раҳбар. Тоғнинг ўзи чамалаб қўйган ерига тезроқ болои равоқ солиш иштиёқи, жаҳди унинг ичини қиздирарди. – Қайси депарада кўпроқ бўлади ўзи у қуриб кетгур?
– Афғонистонда, Австралияда…
– Майнавозчилик қилма!

* * *

Ниҳоят, “анқонинг уруғи” топилди: тўрт оёқли, тумшуғи тўмтоқ, қулоқлари елпиғичдай, калта дум, кўзлари мовий, бутун танаси кўкимтир… Бунақасини “кўк эшак” дейишарди. Фотиҳ Бурҳонович болалигида ўртоқлари билан қир-адирларда мол-қўй боққан даврларида тўп-тўп бўлиб, “қувди-қувди” қилиб юрадиган ҳангию мочахарларни кўз олдига келтирди. Кўк эшак уларнинг биронтасигаям ўхшамасди.
– Ҳмм… Жуда қанғил-ку бу, – деди “шеф ноёб топилма”нинг у ёқ-бу ёғини синчилардай назардан ўтказаркан.
– Булар ҳам одамлардақа – қотма, чайири меҳнаткаш, семизлари ишёқмас, тебса-тебранмас бўлади, – уқтирди шотир.
Ўзи ҳақидаги киноялардан ранжиган жонивор озғинлигидан хижолат чеккандай, бошини хам қилиб, рапидадай қулоқлари билан андак шилпиқлашган маъ­юс кўзларини тўсиб турарди.
– Ёшиям бир жойга бориб қолган-ов…
Кўк эшак “унчаликмас” дегандай, калласини журъатсизгина чайқади. Мулозим бу гал қиттак ҳазил гап қотишдан ўзини тиёлмади.
– Бир ҳисобда шунисиям тузук, – деди у маънодор томоқ қириб. – Ёш бўлса, кечалари мочағарини қўмсаб уйқуси қочади, ипини узиб кетиб қолади, ке­йин орқасидан тўрва кўтариб, кўчама-кўча, маҳаллама-маҳалла: “Бизнинг ёрни кўрган борми?” деб истаб юришга тўғри келади.
Жониворнинг ҳамиятига ранж етиб, бошини тиклади. Орият камарини ғилофидан озгина чиқарган ерида синалмаган янги хўжайиннинг жиғига тегиб қўйишдан ҳадиклангандай, тўхтади, камарни жойига қайтарди.
Фотиҳ Бурҳоновичга эса, ростдан ҳам мутойиба ҳайф эди. У одатича “ҳмм…” деб тўнғиллади-да, қўлига калтак олиб, эшакнинг айри ёғочдай туртиб чиққан думғазаси остидан – ичига ботган сағрисидан итариб кўраркан, унинг туёқларини ерга маҳкам тираб, гандиракламасликка ҳаракат қилаётганини пайқаб қолди.
– Хийла иш кўрганга ўхшайди. Ишқилиб, ялқов ё қайсариданмасмикин?
Кўк эшак бошини буларга терс буриб, бир-икки ер тепинди. У афтидан эъти­розини ифодаловчи жиддийроқ хатти-ҳаракатлар содир этишдан тийилиб, ўзини оғирликка солар, зангори қорачиқларидаги норозилик учқунларини ҳам кўрсатмаслик пайида эди.
– Шуниям аранг топдик, лекин ҳали яна анча иш беришига жавоб! Эшак билан итнинг жони савил бўлади, деб бекорга айтишмайди. Бу ҳақиқий тоғ эшаги экан. Ҳар қандай ғўраша ходим сизнинг қўлингизга тушганда ипакдай майин тортиб қолгандай, буям чаққон бўп кетади.
Шефнинг мижжалари, лаб бурчларига табассум инди.
– Ҳай, майли, – деди у тақдирга тан бергандай.
Бошқа истаб кўринглар, дейин деса, тағин вақт йўқотишни мулоҳаза қилди, ортиқ кутишни истамасди.

* * *

Иш бошланди. Эшак “ҳайт!” деса ҳуркиб, сапчиб тушар, кўзини юмиб, тайсаллаб, ортига тисариларди.
– Ана, айтмадимми?! – бўғилди шеф.
– Менимча бу жоҳилроқ одамнинг қўлида таёқ еб безиллаган, яхши гапириш керак.
Фотиҳ Бурҳонович ғижинди.
– Ҳмм… Сизлаймизми?.. “Эшакбой ака” дейликми?
– Эшак зотининг қорни яхши тўйса, бас, ишлайверади, – деди шотир нигоҳини шефдан олиб қочиб, кўк эшакнинг ёли деярли тўкилиб битган бўйнига шапатиларкан. – Ҳа, занғар, ишқилиб, бизни ўсал қилмагин-да! Шалпанг қулоқларингга қуйиб ол: “Яхши бўлсанг, ошингни ейсан, ёмон бўлсанг бошингни”, деган мақол сенларга айтилган.
Бош шотир ҳақ эди. Ростдан ҳам кўк эшак аслида жуда ройиш, итоатгўй экан. “Нафақа” ёшидан ўтиб кетган бўлишига қарамай, шефнинг ўзига ўхшаб, ҳаракатчанлигини айтмайсизми! Тоғ пойига уйилган арава-арава, тонна-тонна семонларни унинг елкасига ортиб ташишга киришдилар. Фотиҳ Бурҳоновичнинг омади чопган эди. Жонивор уқувли, қобил шогирддай, эсли-ҳушлигина экан. Наридан-бери эпланган зина-йўлакдан икки-уч марта етаклаб, ортидан халачўп билан енгил ниқтаб ҳайдаб чиқишгач, кейин қийин-қистовсиз ўзи ҳарсиллаб, тумшуғи ер пуркаб, тепага ўрлайверадиган бўлиб қолди. Пастга тушишда эса кўпинча уни шотир, ишчилардан икки-учтаси миниб олишарди.
Фотиҳ Бурҳоновичнинг юраги эса қувватланиб борарди. Дастлаб бир неча қадам кўтарилса ҳансираб, нафаси оғзига тиқилиб юрди, аммо у тоқатли, чидамли, машаққатларни мардонавор енгиш қобилиятига эга эди. Секин-аста камида юз метрга – янги қурилиш кетаётган жойга илиги, юраги, жигари қалтирамай, илдамроқ чиқа бошлади. Шундан кейин шефни эшак минишга ҳам ўргатишди…
Бир куни ишдан ҳориб, машқи пастроқ келган Фотиҳ Бурҳонович тараддудланиб, кафтини пешонасига соябон қилганича тепага тикилди. Ҳушёр, содиқ шотирлардан яна бири кўк эшакнинг чанг-чунгини қоқиб, тозароқ бир тўшакни икки буклаб тўқими устидан ёпди-да (эгар-жабдуғи йўқ эди): “Ўтиринг, хўжайин”, деди.
– Э, қўйсанг-чи, – қўл силтади раҳбар.
У фақат болалигида тенгқурлари билан эрмакка синашта эшакларни минган эди.
– Нима қипти, минволовринг, қийналмай, бир пасда чиқволасиз.
Бошқалар ҳам сидқидилдан даъват этишгач, азбарои толиқиб турганидан: “Ҳа, майли, буям бир эшак ўйин-да”, деб, шотирлари ариқчасифат ерда жиловидан тутиб туришган ҳанги ёнига иккиланиброқ, сал лапанглаб юриб борди. Қўли билан тиззаси тагидан кўтариб, ўнг болдирини эшак тепасидан қийинчилик билан ошира бошлади. Шотирлардан бири ҳар эҳтимолга қарши эшакнинг нўхтасини жағи остидан маҳкам қисиб турар, бошқалари шефнинг кифтидан суяб, думғазасидан, сонидан ҳимо беришарди. Фотиҳ Бурҳонович не замонлардан бери бирон нарса минмаган, оёғини бу қадар юқори кўтармаган эди. Хаёлида шимининг оғи чокидан сўкилиб кетадигандай туюларди. У йиқилиб-нетса бирон ери лат ейишидан эмас, шотирлари, бегона мардикорларга мазах бўлишдан хавотирланарди.
Хуллас, уни кўк эшак устига бир амаллаб, полиздаги қўриқчидай чўнқайтириб ўтқиздилар. Жафокаш жониворнинг бели сал эгилди.
– Мени кўтарадими ўзи бунинг? – деди Фотиҳ Бурҳонович ёнига жиндай ўгирилиб.
– Э, қўрқманг, бу махлуқ сиздақадан иккитасини кўрдим демайди.
Кўк эшакка гапнинг силтама оҳанги хуш келмадими, ё аксинча, керилдими, сўзловчига ер остидан кўзларини ғилайлатиб, думини ликиллатиб қўйди. Бу ишоратларда “сал оширвординг-ку, ошна…” деган мазмун ҳам йўқ эмас эди.
– Олдироққа жилволинг.
– Сал энгашиб ўтиринг, – дейишди ғамхўр мулозимлар нотавон харнинг димоғ-фироғига эътибор беришмай.
Ростданам, центнерлаб юк ташиётган чайир уловга бир давангирнинг тоши нима деган гап! Кўк эшак қулоқларини дингкайтириб, қуйруғини тебратиб, юқорига томон дадил ўрмалаб кетди ва хаш-паш дегунча манзилга етиб чиқди. Эгарсиз уловда ўтириш бир оз ноқулайлигини, бир-икки марта орқага сурилиб тушиб кетаёзганини ҳисобга олмаганда, жони қарийб озор чекмади. Фақат усталар бир-бирига им қоқиб, илжайиб қўйишди.

* * *

Энди кўк эшак кундузи бинокорлик ашёлари, анжомлари ҳамда шотирлар, уста, мардикорларни пастдан юқорига, юқоридан пастга ташир, эрталаб-кечда эса хўжайин билан неварани олиб тушиб, олиб чиқарди.
“Тавба, жудаям беғараз, бечиқим дастёр, тайёр лифт-а, шундай ажойиб нарсани менсимай, бурнимни жийириб юрибман-а”, деб қўярди раҳбар ўзича. Мана, ҳеч ким ҳеч нарса деб гапираётганиям йўқ (ўйлашса ўйлашаётгандир, хўп, нима бўпти?!), хонлигидан, Фотиҳ Бурҳоновичлигидан ҳам тушиб қолгани йўқ. Турган-битгани фойда экан бу баччағарнинг, худди тоза асалдай…
Шундан кейин шефнинг эшакка муносабати, муомаласи бутунлай ўзгариб, унга алоҳида эътибор билан қарай бошлади. Ёмғир-жалаларда (тоғда тез-тез ёғингарчилик бўлиб туради-ку) очиқда қолиб кетарди шумшайиб. Кичикроқ бўлса ҳам, охури билан махсус бостирма тиклатди. Ҳар куни эрталаб шотирларга ўт-емини вақтида бериб туришни тайинлайдиган бўлди. Уни эркалатиб, Кўктой деб номлади. Хожасининг бундай иззат-икроми, марҳаматидан терисига сиғмаган жонивор янада сидқидилдан хизмат қилишга киришди… Афсуски, бошқалар унга бунчалик меҳр-мурувват, илтифот кўрсатиш лозим деб ҳисоблашмасди. Уни ҳамма тушликка ўтирган пайтдагина сув ичиб, хашакланиб олиши учун тўхтатишар, бўлак маҳал тиндиришмасди. Икки ишчи унинг елкасига бир дунё тахта-ёғоч ё шиферни ортиб, маҳкам боғлаб жўнатиб юбориб, ўзлари то у қайтиб тушгунча ажриқда танбалларча олчайиб ётишларини кўрганда Оллоҳ суйиб яратган маҳлуқотнинг худбин, айёр ва раҳмсизлигидан дили оғрир, лекин буни асло сиртига чиқармасди. Илгари қурумсоқ, ночор эгалар қўлида очин-тўқин қолиб юргани, бу ерда меҳнат оғир бўлса-да, ҳар ҳолда емиши тайинлигини юз-хотир қилиб, дамини ичига ютарди. Фақат жуда ҳолдан тойиб, гандираклай бошлагандагина, йиқилиб тушиб кетига таёқ ейиш ё ҳайдалишдан қўрқиб, унга юк ортувчиларга илтижоли мўлтирар, буни пайқаган зийрак шотир унга дам беришни таклиф қиларди. Шунақа кезда Кўктой бориб ўша меҳрибон, олийҳиммат кимсанинг жағи, қулоқларидан ялаб олгиси келарди. Зеро, у сабрли, шукрли ва яхшиликни биладиган эшак эди.

* * *

Қурилиш битгач, Фотиҳ Бурҳонович Кўктойни ўзларига доимий уловликка тайин этди. Эрталаб набира билан пастга миниб тушиб, жиловини бўйнига ташлаб қўйса, бояқиш ўзи индамай тепага чиқиб кетар, кечки пайт Санжарбек бир ҳуштак урса, зинғиллаганича етиб тушарди. Жониворда қайсарликдан асар йўқ, жинсдошларига ўхшаб дайдиб ҳам юрмас, маслаҳатчи айтгандай, эҳтироси қўзиб, бесарамжон бўлмас, хунук ҳаракатлар ҳам қилмасди. Умуман, ҳар замонда ерга ағанаб, тупроқ чангитишини демаганда, ортиқча ножўя қилиғи йўқ эди. Эшакни бефаросат маҳлуқ деганлари унчалар тўғри эмас экан. Кўктойнинг фаҳм-фаросати, эслилиги шу миқёсда эдики, Фотиҳ Бурҳоновичнинг мажлис ё меҳмондорчилиги чўзилиб, кечикишса, тоғ пойида, шу яқин-атрофда ўт чимдиб айланиб юрар ё оёқ-“қўл”ларини узатиб, хўжайин ва хўжайинчани бедор кутиб ётарди.
Кўктой тунлари бамисоли яқин ҳамсоя, бинойидай далда ҳам эди, “қўрқмай, хотиржам ухлайверинглар, мен уйғоқман, ҳушёрман”, дегандай, тепиниб, калта пишқириб турарди. Ҳанграши валинеъматига унча ёқмаслигини сезиб қолганидан кейин азалий, қавмий амали-одатидан ҳам чекинган, кечаси бир-икки марта хуморбосдига астароқ ҳангиллаб қўяр, кундузи вазиятга қараб ҳанграб оларди. Хожаси минганда эса, унинг димоғини булғамаслик учун думини қаттиқ қимтиб юрарди.
Фотиҳ Бурҳонович милтиқ опчиқиб (у овчилар жамиятига, нафақат унга, балки музофотдаги бирон масалада асқотиши мумкин бўлган жамики жамият, уюшмаларга фахрий аъзо эди), эшик ёнидаги девор бурчагига осиб қўйгач, янада хотиржам тортди. У жиддий зарурат ва эҳтиёж туғилмагани боис, деярли ишлатилмаган, қайиш тасмаси ҳам яп-янги қўштиғига бот-бот фахр ва қониқиш билан назар ташлар экан, қичишадиган жойини олдиндан қашиб қўйиш тадбирини ишбилармонлик фаолиятининг асосий йўриғига айлантириб олгани учун ўзидан, ақли-заковатидан мамнун бўлиб (ҳозир бунақа танқис матоҳни қаердан топардию, қандай сотиб оларди?), жилмайди. Шунда (умуман, ҳар доим хурсандлигини ифода этганида) унинг хийла чўзиқ, чеккалари бужмайган лаб-лунжига тансиқ табассум ёйилиб, чилопчиндай тўгарак, кенг, қон ситилиб чиқаман деб турган бетлари баттар тарвайиб, янада тирсиллаб кетганга ўхшарди. Қурол унинг назарида тоғ тепасидаги ёлғиз, хилват уйга узукка кўз қўйгандек ярашиб, қандайдир кемтикни тўлдириб тургандай туюларди.
Энди раҳбар набирасининг орқа томири тортиб қолса, бир ўзи ҳам чиқиб келаверади. Қўрқадиган, хавфсирайдиган бир нарса сезилмасди. Бошида чиябўри, ёввойи чўчқа бормикин, деб ўйловди. Ҳозирча улардан дарак йўқ. Фотиҳ Бурҳонович илондан ўлгудай чўчирди, бу мудҳиш газандани телевизорда кўрса ҳам бир сесканиб тушар ва гўзал аёлларни шу турқи муз маҳлуққа қиёслайдиган японлардан ҳам, хитойлардан ҳам жуда хафа бўлиб кетарди (унинг “читтаги” тоифасидаги хотинлар менгзалса бошқа гап!). Тоғ ҳар хил илонларнинг конимасмикин деб ҳадикланувди, хайриятки, шу чоққача бирон марта уларга рўпара келмади. Нозиктаъб, мўътабар “меҳмон”нинг ўтакасини ёриб, балога қолмайлик, деб ўзларини тортиб юришибди чамаси. Шундай бўлса-да, бозордан туки ўскин йўғон арқондан бир боғламини опкелтириб, ҳужра атрофига айлантириб чуваб чиққан, унинг ёнидан бир сидра кигиз тўшаб қўйган. Якшанба кунлари йигитчалардай ихчам спорт либослари, бутси ё кроссовка кийиб, Санжарбек йўлдошлигида тоғ айланар, каклик, чуғурчиқ, тоғ чумчуғи отиб, қозонга босишар ё сихга тортишарди.

* * *

Бир куни Фотиҳ Бурҳонович боз юқорига – тоғнинг устига чиқди, бу ердан борлиқ-далалар, боғлар, шаҳар янада ғаройиб – ундан анча қуйида ястаниб ётгандай, фуқаро-бандалар чумолидай майда, шунчаки ивирсиб юришгандай кўринарди. Иттифоқо шеф юксакка кўтарилган сари ўзини аввалгидан-да соғ ва қудратлироқ, улуғвор ва устуворроқ, ҳар ишга, ҳар нарсага қодирдай ҳис этаётганини англади, шу жойда умри, амаллари тағин-да безавол, барқарор бўладигандай… Тубандагилар қўллари билан у томонни кўрсатиб, бир нималар дейишаётганга ўхшарди. Сирасини айтганда, олам ва одамларга тепадан энгашиб қарашнинг мароқли ва нашъали эканлиги аввалдан аён эди унга. Юрагининг бир четида замин пастлик қилиб қолаётгандай, ўз даражотидан қаноат ҳосил этмаётгандай бир ҳиссиёт осколка парчасидай аҳён-аҳёнда ғимирлаб қўяр, илло буни сезмаганга оларди. У табиатан ўз ҳис-туйғуларига ортиқча эрк бериб юборадиганлар тоифасидан эмаслиги билан бошқалардан фарқланиб турарди. Ҳар бир иш, тадбирнинг қулай мавриди келишига ишонар ва уни умид-бардош билан кута оларди. Аммо ўзининг бундай яшаш услубини зинҳор-базинҳор мослашувчанлиги ё бир оз шиддатсизлиги ҳосиласи деб билмасди, жилла қурса, ўзгаларда шундай тасаввур уйғотишни истамасди. Касалликлар жараённи тезлаштиришга ёрдам берган эди.
Шеф худди ана шу ерда – тоғнинг қоқ қиршовида қад ростлаяжак ҳужрани кўз олдига келтираркан, ширин энтикди. Магарам, тили мазкур атамага дудуқланиб, оғриниб айланар, бу сўз жўн, одми бир қурилмани – бечораҳоллар кулбасини ифодаламиш ғариб калимадай туюларди, фақат уни Бобурдек шоҳ, улуғ шоир, мутафаккир олим ўзи Барокўҳ тоғида бунёд эттирган меъморий обидасига нисбатанки қўллаганини эслаб, ўзига тасалли берарди.
Энди тажриба, малаканинг етарлилиги, арзон ишчи кучининг муҳайёлиги, энг муҳими, юк ташувчи бебилиска улов – Кўктойнинг борлиги унга қанот бағишламоқда, орзуларини шохлантирмоқда эди.

* * *

Табиийки, янги бино бурунгиларга қараганда қийинроқ ва узоқроқ муддатда битди, лекин шефнинг ичи янада ёришди. Энди Яшил тоғда унинг бир эмас, учта истиқоматгоҳи мавжуд эди, дарвоқе, уларни “хўтел” деса ҳам бўларкан, чарчаб ё эриниб қолган куни пастки “қават”ларда тунаб қолаверишади. Паноҳгоҳларга “Қуйи хўтел”, “Ўрта хўтел”, “Юқори хўтел” дея от қўйилди. Айвонлари, устунлари, пештоқу шифтлари ёғоч ўймакорлиги санъатининг нақш-гуллари билан ясантирилган ва у безаклар товланувчи зарлар ила оролантирилган мазкур иморатлар замон шевасида “мини қасрча” дейилса ҳам бировнинг ҳақи кетмасди. Хусусан, “Юқори хўтел” янада шинам ва кўркли чиққан эди. Айниқса, лойиҳаси ҳавас ва ҳайратга лойиқ эди. Мўъжазгина пешайвон остидан кириладиган бир жуфт хона, уларнинг иккала ёнбошида энсизроқ, аммо узун соябон бўлиб, бино гўё қанотларини кериб, ўлжани ё ўзининг ҳудудини бир айланиб келишни мўлжаллаб, учишга шайланган, қоядан кўтарилаётган улкан, қудратли бургутнинг тимсоли эди. Бу тарҳни Фотиҳ Бурҳонович қандайдир хорижий журналдан олганди. Ички деворлар тасвирий санъат асарлари билан жиҳозланди. Бир томонга маҳаллий рассомлардан бирининг мойбўёқда ишланган “Куз манзаралари” картинасини, иккинчи тарафга “Мона Лиза” портретидан кўчирилган нусхани илдирди. Сирасини олганда, кўримсизгина, ҳатто тайинли қоши ё алоҳида эътиборни тортадиган жиҳати ҳам йўқ оддий бир аёл тасвирланган бу суратнинг бағоят машҳурлиги сирининг тагига етолмай боши қотарди (бошқалардан сўрагани тортинарди – бунинг сабаби равшан, албатта). Лекин, “Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур” мақолига ҳам ўзича маъно берадиган Фотиҳ Бурҳонович учун муҳими билиш, моҳият эмас, балки эгалик, мавжудлик ва ўзгалар таассуроти эди.
“Юқори хўтел” анча салқин, ҳатто аёзроқ эди, кўрпа ё адёл ёпинишга тўғри келарди. Аммо дераза дарчасидан кираётган ажойиб шаббода хонани тоза ҳаво, муаттар бўйлар билан тўлдирар, улар орасида, айниқса, жийда гулининг хушбаҳра ифори уззукун техника асрининг хуш-нохуш, ёқимли-ёқимсиз ахборотлари, воқеалар, суҳбатлар тафсилотлари юки билан чўяндай оғирлашган мияга, юракка енгиллик, хушҳоллик бағишлар, янада яқин моҳи мунавварнинг шуъласи эса кишини завқу сурур уммонига ғарқ айларди. Фотиҳ Бурҳонович вужуд-вужудидаги танглик, тарангликларнинг обдан ёғланган теридек тобора юмшаб, бўшашаётгани, чакка ва бўйинларидаги тиришларнинг ёзилаётганини аниқ фаҳмлаб ётар, оёқ-қўлларини ёзиб, ёш боладек мириқиб ухларди. Эрталаб ва оқшомлари, фазо тиниқ, сарин еллар эсиб турган чоғларда “хўтел” саҳнига чиқиб, атрофни томоша қилиш, шаҳарни олисдан кузатиш дилни яшнатиб, танани яйратувчи ҳаловатбахш машғулотга айланди. Шаҳарда, хусусан, Фотиҳ Бурҳоновичлар ҳовлисида қуёш кўкўпар бинолар, дарахтлар панасида терак бўйи юксалгандагина, шунда ҳам чала-ярим, бир қадар рангсизланган, кичрайган тахлитда кўринади. Тоғда эса, тонг ёришгандан салгина фурсат ўтибоқ хуршиди оламнинг аввал оч қизил шафағи уфққа таралиб, сўнг ўзининг илк кўкламда замин бетини ёриб чиқаётган бойчечакдай нозланиб, дам сайин, оҳиста-оҳиста, сезилар-сезилмас кўтарилиб жамол кўрсатишини энтикиб, ҳаяжон билан қарши олиш, ё унинг шом аро самонинг ғарбий четида секин-аста пастлаб, каттариб, қонталаш тусда тоғлар ортига, уммонлар қаърига хомуш шўнғишини очиқ-ойдин, умрнинг бетакрор бир куни билан видолашгандай маҳзун алфозда узатиб қолиш таърифга сиғмас мазкур онлар қадр-қимматини юракдан туядиганлар учун табиатнинг энг гўзал, энг хуш ва энг изтиробли манзараси, илоҳий, ибратли мўъжизаларнинг энг равшани, энг буюгидир. Қаҳрамонимиз шаҳар чироқларининг тунда узоқдан ва хусусан, юқоридан юлдузлардай жозибали нур сочиши, товланишини ҳам шу ерда, дурбин ёрдамида кашф қилди. Куни билан унинг шаштини кесадиган диққинафас муҳит қиёфаси мутлақо ўзга жило касб этишини кўриб ҳайрон-ҳайрон қолди.
Хуллас, тани сиҳат, димоғ чоғ, кайфият соз эди. Ўзини дунёга қайта келгандек туярди. “Бор экан-ку ҳақиқат!”, “Бор экан-ку ҳаёт!”, дея ҳайқирарди болаларча завқ билан. Воажабо, дардларининг давоси, мушкулининг кушоди шундоққина тумшуғининг тагида экан-ку, аҳмоқларча бир дунё пул сарфлаб, қанча арз-дод, машаққатлар билан виза олиб, жонини баттар таҳликага қўйиб, Исроил деган мамлакатларда тентираб юрибди-я! Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деганлари шудир-да!
Илгарилари Фотиҳ Бурҳонович тоғу тошларда қўнқайган томларни кўрса, пастдан ер тегмадимикин, чироқсиз, телевизорсиз, ғафлатда қандай кун кечиришаркин, деб таажжубланарди. Ҳолбуки, бундай жойда умргузаронлик қилишнинг гашти бўлакча экан – тиниб ўлмас бандаи бебақо, бесарнинг пешанаси тиришавермай, аксинча, тарс ёрилган юраклар дарзи битар экан. Энди шеф одамзотнинг шундай шароит, имкониятлар туриб (сайёрамизда нима кўп, тоғ кўп!), нуқул диққинафас шаҳарга – шовқин-сурон, ола-ғовурга, чанг-тутунлар ичига ўзини уриши ҳақиқий ғофиллик, гумроҳлик эканига имон келтирган эди. Айни вақтда у мансаб-амалидан кўзи қиймайдиган қанчадан-қанча муҳтарам зотлару, қўли қисқа, ночор ё ношудларнинг умри уникига ўхшаган касалликлар сабаб, ўз жонига ачинмаганлари ё ачиниб удда қололмаганликлари туфайли бевақт завол топаётганини ўйлаб, ўкиниб қўярди. У ўзгаларга ачинишни инсон унвонлиқ мавжудотнинг онглилиги аломати, турдошлик туйғусининг инъикоси деган фикрда эди. Лекин, ўзининг ҳам зарурат бўлмаганда бу ерларга қадам босиш хаёлигаям келмаслигини ўйлашга гоҳ фурсати, гоҳ хоҳиши йўқ эди.
Тўғри, тоғда момақалдироқ даҳшатли қарсиллаганида осмон чок-чокидан ситилиб кетадигандай, чақмоқлар ер юзини ёндириб юборадигандай туюларди, бироқ бу ваҳимали жараённинг кечиши узоқ давом этмас, кейин дарахт япроқларию қат-қат майса-гиёҳларнинг қиёқ-баргларида нуқра томчилар жилоланиб, манзара шунақанги жозибали бўлиб кетар, фалак мовий кўлдай тиниқлашиб, хушҳидлар таралиб, шунақанги осойишта, хушбаҳра палла бошланардики, Фотиҳ Бурҳонович коинотнинг унга дохилу дахлсиз ғам-ташвишларини, ҳатто «читтак хоним»нинг оҳанжамаларини ҳам буткул унутар, оғзини балиқдай каппа-каппа очиб, тозарган ҳавони ҳирс билан, ютоқиб симирар ва кўнглининг қаъридан тилига беихтиёр: “Қани энди шу жойда минг йил яшасанг!” деган нидо отилиб чиқарди.
Мухтасар гап – ҳамма ишлар олий ва аъло эди. Аммо, “ҳар тўкисда бир қусур” мақоли бежиз тўқилмаган экан-да… “Эшакнинг юки енгил бўлса, ётоқ бўлади”, деган гап ҳам рост эканми, ё қарилик охир-оқибат ўзини кўрсатдими, ё номус кучи, жон ҳолатда ишлаш асносида ўзининг бор қувват-лаёқатини сарфлаб юборибмиди, Кўктойнинг шашти-шижоати секин-аста сусая бошлади. Бобо билан набира мингашиб чиқишаётганда, тушишаётганда жонивор ҳарсиллаб, оёқлари майишиб-чалишиб кетаётганга ўхшар, баъзан бир зум-бир зум тўхтаб оларди. Ногаҳонда чўккалаб ҳам қолар, яна, сир бермаслик учун дарҳол қаддини ростлаб, ўзини тетикликка соларди. Зеро, у ҳамон хожасининг ўзи ҳақидаги дастлабки фикрлари (қарилик, ялқовлик, қайсарлик борасида) асоссиз эканлигини исботлашга тиришарди.
“Бирда бўлмаса, бирда қалтис иш кўрсатади-ёв бу ҳароми”, деди Фотиҳ Бурҳонович ўзига ўзи.
Кўктой энди илгаригидай кечки пайт пастга тушиб турмас, ҳуштакка ҳам чопавермас ё уни эшитмасди. Хўжайин койиса, айб қилган боладай ерга қараб, туёқлари билан тупроқ титиб тураверар, авф этинг ожиз қулингизни, дегандай қошу қулоғини чимириб қўярди. Кундузлари у куч-қувват йиғиш мақсадида кўп-кўп ўт ер, дам олиб ётарди. Лекин бояқиш қанча чиранмасин, пушти паноҳининг ундан ихлоси қайтиб, ҳафсаласи совуб бораётганини сезиб эзилар, ўксик, маҳзун кўзларида ёш ғилтилларди.
Энди бу қирчанғини тезда йўқотиш керак, деган қарорга келган эди шеф (у масалани шу сафар истисно тариқасида муҳокамага қўймади, биронтаси фикридан қайтаришга уринишидан ҳадиксиради) – бу унинг биринчи марта яккахонликда, мустақил қарор қабул қилиши эди. Фақат янгисини кўзи кўрмай туриб, эскисидан воз кечса, бутунлай уловсиз қолишарди. Юқори равоққа пиёда чиқиб тушиш анча душвор ва хавфдан холи эмас эди. Баландлик ҳавосидан нафас олиш эса ҳаётий эҳтиёжга, улуғворликнинг янги, қудратли омилига айланган эди.
Фотиҳ Бурҳонович шотирларига зудлик билан ёшроқ, бақувватроқ эшак топиб келтиришни амр этди: “Уруғи қирилиб кетмагандир!”
Янги эшакни қўшни тумандан сотиб олиб келишди. У чиндан ҳам навқирон, тийрак, этликкина, тиззалари дўмбоқ, қорамтир бахмал каби силлиқ юнглари, қуюқ ёли кўркам эди. Хуллас, эшакка анча меҳри тушиб қолган шефга ғоятда маъқул келиб, беихтиёр бир қарсак урди, ҳатто ўйинга тушиб кетаёзди. Унинг ўша пайтдаги алфозини кўрган одам арзанда қизи бола кўрмай юриб-юриб, бир йўла Ҳасан-Ҳусан туғибди шекилли, деб гумонлаши турган гап эди. Азбаройи суюнганидан эшакни топишда жонбозлик кўрсатган икки шотирни ойлик маошларининг олти фоизи миқдоридаги мукофот билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруққа ҳам оғринмай имзо чекиб юборди. Бу билан у яхшиликка яхшилик қайтариш, садоқатни муносиб баҳолаш, фидойиликни қадрлаш тарафдори эканлигини амалда исботлади.
– Энди бу азаматга бир муносиб от қўйсак, – маслаҳат солди у шотирларига.
– Қора ғунон деб атасак-чи, ўзига мос, – таклиф киритди маслаҳатчи.
– Қора ғилмон?
– Қора ғунон…
– Қора ғулом, дегин… Ҳмм… Дуруст, дуруст, – калласини ликиллатди шеф. – Яхши…
Бош шотир яна қайта изоҳ беришдан ўзини тия қолди.
Эскисини, энди у бозорга ярамайди, деб, узоқ бир яйловга ташлаб қайтишди.
– Сен озодсан, Кўктой! Тўрт томонинг – қибла, айшингни суриб, туёғингни судраб юравер, – дейишди.
Машаққатли меҳнатда эзилган, мутеликдан безиллаган жонивор шаталоқ отиб, боши оққан ёққа кетади, балки ўз қавмларини топиб, уларга қўшилиб олар, деб ўйлашди. Энди ўз салафининг мансаби, оғилини, охурини эгаллаган Қора ғулом диконглаганича бобо-набираларни қуйига олиб тушар ва “Юқори хўтел”га олиб чиқарди.
Аммо икки кундан кейин Фотиҳ Бурҳонович ярим кечада эшак ҳанграшидан уйғониб кетди, бирмас, иккитаси “ҳанг-ҳанг” қилар, бирининг овози ўткир, чийилдоқ, иккинчисиники лойга ботиб қолган тракторникидек ғўриллаб, узилиб-узилиб чиқарди. Ғазаб билан ташқарига отилган шефнинг кўзи шам еган ойнинг ғира-шира ёруғида Қора ғуломни искалаётган Кўктойга тушди. Шаштидан қайтди чоғи, “ҳай, туриб тураверсин-чи…” деди. Лекин энди ортиқча бир емхўрни бекордан-бекорга боқишга оғринар, икковининг жўрликдаги “оратория”сидан безор эди. Емишдан қисиш керак, шунда ўзи безиб кетади, деган хулоса чиқарди шеф. Охурни ундан иҳоталашди. Аммо Кўктой беришса еб, беришмаса қаноат қилиб (хожасига ўхшаб сабрли-ку), жимгина ётарди. Яна бир неча бор уриб ҳайдадилар. Кўктой кундузлари кўринмай кетар, аммо кечаси оғилда пайдо бўлиб қоларди. Буни Фотиҳ Бурҳонович икковининг “ким ўзди”га ҳанграшидан яққол сезарди. Бу маҳлуқлардан биттасининг чинқиришига чидаш мумкин экану (шунда ҳам ноилож), илло, иккитасиникидан яратганнинг ўзи асрасин экан. “Уйқуни расво қилиб, кайфиятни бузгани бир нави-я, қулоқ пардани тешворадими”, деб безилларди шеф. Кўктой ўзи унча ҳангилламай қўйган эди-я, эшак эшакдан қолса, қулоғини кес, деб, анови мишиқи хўтик ўт-емни қизғонибми, ғашланибми ё ғўрлигиданми, айюҳаннос солса, буникиям тутади шекилли-да. Тағин шунақа дупуратишардики, нақ отлиқ ёв бостириб келаётганга ўхшарди.
– Ҳмм… Э, аттанг, сен нобакорга отлар қўйиб юрибман-а, мен нодон. Барибир эш-шак экансан-да, – дерди шеф куюкиб, бўғилиб ва қўлига кирган нарса билан Кўктойни саваларкан.
Овқатдан тортилганидан жисман ва хўжасининг назаридан қолганидан руҳан сиқилган Кўктой қулоғидан ой кўринадиган даражада озиб кетди. Бироқ ҳали мадори, ғайрати бор эди – бир неча марта ип узди (икковининг дупурлаши, тепишишидан зериккан шеф уни кечаси боғлаб қўярди), бир гал ўралашиб, йиқилиб тушган экан, бўғилиб ҳаром қотаёзганида арқонни кесиб ташлади (бадбахтнинг бўйнига пичоқ тортворай деб хезландию, зилдай жасадни бир ўзи судраб пастга улоқтириб юборишга кўзи етмай, шаштидан қайтди). Энди у таъвиянинг афти-ангори ҳам хунуклашгандай, юнглари қари итникидай ҳурпайиб, тўзиб кўринар, энг чатоғи – қурилиш чоғлари орттирган яғири вақт ўтган сари кенгайиб, чуқурлашиб, ундан сассиқ бўй анқий бошлаганди. Бу ҳид тоғнинг хуш ислари билан сираям келишмас, таъбни хира қиларди. Фотиҳ Бурҳонович асабийлаша бошлади. Унинг шунақа ёқимсиз нарсаларга ҳеч тоб-тоқати йўқ, қизиққонлик қилиш, тутақиш эса зинҳор мумкин эмас эди. Бироқ шефни ўта беҳис, бераҳм ва тошбағир деб бўлмасди. Кўктойнинг мўлтайишини, мижжаларига сизиб чиққан ёшни кўрганида шу жонивордай ювош-мўмин, итоатгўй ва ҳалимдай юмшоқ, боз устига калта бўй, бир қулоғи чиноқ падари бузруквори ёдига тушиб, кўнгли бўшашиб кетар ва эшакдан воз кечиш тўғрисидаги аҳдидан қайтиб қоларди. Бир куни ишхонада иттифоқо ғалати шивир-шивир қулоғига чалиниб, этлари жунжикиб кетди. Нима эмиш, тоғдаги оромгоҳлардан энг машаққатли иккитасининг барпо этилишида энг кўп хизмат қилган, энг катта матонат ва қаҳрамонлик кўрсатган Кўктой эмиш! Ўша иншоотлардан бирига унинг номини қўйиш керак эдиймиш. Ё, алҳазар, шу эшак-а? Мана шу қўтир махлуқ қаҳрамонлик кўрсатибдими? Фотиҳ Бурҳонович-чи, у ўйнабдими? Во, номаъқул бўзакнинг гўштини еганлар-ей. Шунчалигам фаросатсизлик, калтабинлик бўладими! Ҳа, ташаббус кўтарган ким ўзи? Кечалари уйқудан қолиб бош қотирган, югуриб-елган, соатлаб телефонбозлик қилиб қанча ишларни битирган ким? Лойиҳа топган, шунча маблағ сарфлаган, қурилишга ҳамиша бош-қош бўлган-чи? Ўроқда йўқ, машоқда йўқ бир бақироқ ўлимсанги, тиррақи ҳанги шундай ҳурмат-эъзозга лойиқ эмишми? Ҳе, итни боши мистовоққа чиқмай ўлсин. Ҳа, хизмат қилган бўлса ўтини еди, емини еди. Усти ёпиқ бостирмаларда ётди, таги кураб турилди… Бу ходимларга нима жин урган ўзи? Чиндан гапиришяптимикин ё майнавозчилик қилишяптимикин? Наҳотки асосий жонкуяр ташкилотчи шахс билан оддий ҳаммол, яна ҳайвон ҳаммолнинг фарқига боришмаса?! Ишонган тоғда кийик ётмас, деб, келиб-келиб, доим оёғининг остида ўралашиб юрадиган, кўзининг ёғини ялаганлардан шунақа, куракка илашмайдиган фикр чиқса-я?!
“Ҳмм… тушунарли”, деди шеф тишларини уларнинг олтинлиги эсида йўқ ғижирлатиб ва Кўк эшакдан кўз юмиш борасидаги иккиланишларга узил-кесил барҳам беришни дилига маҳкам тугди. Кимдан, нимадан, қандай алам олишни билмай юрувди, Кўктойнинг сўнгги хурмача қилиғи дард устига чипқон бўлди. Бир куни, ем-талашишганми ё аламиданми, навқирон рақибини, хожасининг янги эркатойини тепиб, жағини қийшайтириб юборибди (бояқиш неча кунгача ўт чайнашга қийналди).
– Во лаънати-ей! Во муттаҳам аблаҳ-ей!.. – хуноби ошди тажанг шефнинг. – Ҳа, яхшиликни билмаган, давлатига дам берган хунаса! Ҳайвон! Эш-шак!
Фотиҳ Бурҳонович, шунингдек, виқор, салобат касб этиш мақсадида (ҳар қанча жаҳли чиққан чоғда ҳам!) секин одим ташларди, бир қарашда оёғига ем тушганми, деб ўйлаш ҳам мумкин эди, ҳозирги лўкиллаши эса чўғни босиб олган дакан хўрознинг беўхшов питирлашини эслатарди.
У Кўктойни қуршовга олиб бориб, бир тепиб ағанатиб юборишга чоғландию, яна, ўлмай қолса (бу зорманданинг жони қаттиқ-ку!) ишкал бўлишини ўйлаб иккиланди ва бирдан мияси хитой движогидай ишлаб, тунд чеҳраси ёришиб кетди. Сарғиш мўйлови, калта кузалган кумушранг соқолига сачраган оқ кўпик аралаш тупургиларни артишни ҳам унутиб, ичкаридан қўштиғни кўтариб Санжарбек билан чиқди, қуролни унга тутқазиб, ўзи анча машаққат билан энкайганича пишиллаб-ғудраниб Кўктойни қозиқдан еча бошлади. Шефнинг хатти-ҳаракати, сўкиниши обрў-мартабасига, гавдаси ва ёшига нохос бўлса-да, вазиятга мос эди. Арқонни зарда билан силтаб-силтаб, шўринг қурғурни шоҳсупа чеккасига етак­лаб борди. Қулай йиқилишини чоғлаб, ёнбоши билан турғазди-да, бобосининг хатти-ҳаракатидан ҳайрон, ранги ўчиб турган набирани чорлади.
– Бу ёққа ке, манави бадбахтни ушлаб тур!
Санжарбек иккиланиб, секин қадам ташлади.
– Нима қилмоқчисиз, опоқи, отиб ташлайсизми?
– Ҳа, тез-тез юр.
– Ҳайдаворақолайлик, опоқи…
– Кўряпсану, ҳайдасак қайтиб келяпти. Қариди, барибир, бир куни қийналиб ўлади, кейин бизниям қийнайди. Ҳозир бир ўқ билан осонгина жон беради-қўяди, биз ҳам бу бедаводан қутуламиз. Ана, янгиси гижинглаб турибди.
– Қимирлама, хонассаллот, жилсанг, ўзингдан кўр… Ҳаром ўласан, – милтиқни боладан юлқиб олган Фотиҳ Бурҳонович нишонидан кўз узмай орқасига тисарила бошлади. Кўктой феъли айниган соҳибининг нима қилмоқчилигини англамай, бошини буриб, унга мўлтираб тикилди. Шефга эшакнинг айнан шу ҳолати зарур эди (ичида ундан жуда мамнун бўлди), қурол милини сийрак юнглари кечки шафақда ярқираётган дўнг, товоқдай пешонанинг қоқ ўртасига тўғрилади.
– Маҳкам тутиб тур, силжиб кетмасин, ўзинг орқароққа жилвол, – деб тайинлади шеф набирасига.
Шу пайт бирдан қалбида шафқатсимон бир туйғу ғимирлаб қолди, у иккинчи кўзини ҳам юмиб тепкини босди. Тоғ силкингандай, ўзи ҳам орқасига силтаниб кетгандай бўлди. Санжарбек чинқириб юборди, нимадир гупиллади, нимадир дўпирлади. “Бола қўрқиб кетди”, деб ўйлади Фотиҳ Бурҳонович ва кўзларини аста очди. Кўктой сал нарида оёқларини силтаб-силтаб кетиб борар, ерда эса… елкаси қип-қизил қонга бўялган бола типирчилаб ётарди. Шефнинг ёши ўтиб хира тортган, боз устига юмиб олган кўзлари унга панд берган эди. У шоша-пиша оғилга қаради. Арғамчини узиб қочган Қора ғулом анча нарида ит қувгандай, шаталоқ отганича тоғнинг орқа тарафига чопиб борарди.
Санжарбекни кўтариб, айвондаги кигизга ётқизди. Устунга илинган сочиқни йўлак четида турган кумушранг бидондаги сувга пишиб, неварасининг кифтига босиб кўйди-да, уйдан дори қути олиб чиқди. Бесўнақай бармоқлари қалтираб, боланинг жароҳатини дока билан боғлашга киришди. Юзлари бўғриқиб кетган, чаккаларидан тер қуйилар, пишиллаб-ҳарсилларди. Ярани уқувсизларча боғлагач, биқинидаги телефонга ёпишди. Ҳайдовчига, бош шотирга қўнғироқ қилди.
Боланинг инқиллаши, ҳартугул, пасая бошлади. Фотиҳ Бурҳонович кигизга ўтираркан, нимадир “тирс” этди. Шим чокидан кетган эди.
– Ҳа, лаънати-я!.. – сўкинди у ва оғилхона томонга юзланиб яна ғижинди. – Ҳа, номард!.. Аёлларниям ёши, келишгани вафосиз бўлади ўзи!..
Шефнинг ёдига тўсатдан эртага бу ерда эҳсон баҳонасида “уй кўрди” бўлажаги, шаҳардаги казо-казолардан териб (улар орасида катта идораларнинг чўнглари ҳам бор), қатъий рўйхат асосида элликта одам айтгани тушдию, эси оғиб кўзи олайди. Мияси лўқиллаб, чаноқни тешиб чиққудай нуқий бошлади. Так­лиф этилганларнинг ҳар бирига “аломат бир “лифт”им бор, ўшанда чиқасизлар (ахир кўпчилиги икки юз метр тугул, йигирма қадам ҳам кўтарилолмайдиганлар-да!), уни зангори духоба ёпинчиқлари билан ясантириб қўяман”, дея таъкидлаб, мақтанувди. Ўзи ҳам умрида бир мириқиб кулмоқни, кейин “ҳаммангизни ҳангимга миндирганман”, деб аския қилиб юрмоқни дилига туккан эди. Шунингдек, йиғинда ўзи каби ёши ўтиб, ора кунда поликлиникага чопиб, уйига “Тез ёрдам” чақирадиган, табиб, экстрасенс излаб, дуч келганга зорланиб юрадиган дарддошларига тажрибалари, ўзининг айни вақтдаги қирчиллама йигитлардай ҳолати ҳақида сўзлаб беришни, уларга ҳам шундай йўл тутишни тавсия этиб, қаторига чорламоқни ният қилувди, бу борада қандай маслаҳат ё кўмак зарур бўлса, гарданига олажагини билдирмоқчи эди, айримларга гапнинг учини чуваб ҳам қўювди.
У ҳамиша сўзининг устидан чиқиб келган, лафзсизликни ўз мавқеига гўр қазиш билан баробар деб биларди. Энди нима бўлади? Эртагача қаёқдан топишади уруғига ўт тушган бу байтолмонни? Мартабали меҳмонларни шунча баландга қандай олиб чиқишади? Энди унинг ўзи роса таъна-дашномга қоладиган бўлди-да. Таъна-дашном ҳам гапми, шармандаси чиқади, шармандаси!..
– Ҳа, ноинсоф, кўрнамак шайтон, шундай улуғ режани белига тепиб ўтирибди-я!.. Қарға-қузғунларга ем бўл…
Фотиҳ Бурҳоновичнинг бирдан тили тутилди, ўнг қўли билан оёғи увишаётгандай туюлди. Кўзлари бўзрайиб, оғзини хиёл очганича шаҳар ёққа қия тикилиб қолди.
Аксига олиб, бугун тоғда ҳам кун исиб кетган, қилт этган шабада йўқ эди.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 11-сон