Озод Мўъмин Хўжа. Паҳлавон Маҳмуднинг Ҳиндистон сафари (тарихий ҳикоя)

Ўз нафсига ғолиб бўлган – албатта марддир.
Асирликни ҳақир билган – албатта марддир.
Мағлубларни тепиш, уриш – номарднинг иши,
Нотовонга ёрдам қилган – албатта марддир.
Паҳлавон МАҲМУД

Инсоният тарихида ўтган ҳар бир даврнинг ўзига хос яшаш ва хордиқ чиқариш шакли бўлган. Жумладан, Паҳлавон Маҳмуд яшаган XIII асрдаги туркийлар ва форсийлар истиқомат қиладиган мамлакатлар чингизийлар ҳукмронлиги остида бўлсалар-да, у ердаги аҳоли истилодан аввалги ўз яшаш тарзини ўзгартирмаган. Мўғуллар фақат келишилган миқдордаги ўлпонни талаб қилганлар. Шунинг учун, бу ўлкаларда бир неча замонлардан одат бўлиб келган кураш мусобақалари халқаро даражада ҳам ўтказиб турилган. Бизнинг асримизда футбол беллашувлари ишқибозлар орасида қандай ҳиссиётларни жунбушга келтириб, катта баҳс ва мунозараларга сабаб бўлаётган бўлса, ўрта асрларда ўтказилиб туриладиган кураш мусобақалари ҳам худди шундай эҳтиросларга замин ясаганлар. Қадимий одатга кўра, айрим мамлакатларнинг ҳукмдорлари тез-тез турли юртлардан полвонларни чақириб, катта-катта совринлар ажратиб, халқаро беллашувлар уюштириб турганлар.
Паҳлавон Маҳмуднинг довруғи, охирги икки йил ичида, айниқса Мозандаронда барча полвонларни енггандан сўнг, туркий ва форсий тилли ўлкаларга ёйилиб кетди. У тирик афсонага айланди. У ўзига янги ном орттирди. Энди, уни барча мамлакатларда “Мозандарон йўлбарси” деб атай бошладилар. Кўпчилик уни эронлик деб ўйларди. Лекин, чин ишқибозлар билишарди: Паҳлавон Маҳмуд – хоразмлик.
“Ким ўзи у – Мозандарон йўлбарси? Наҳотки, уни ҳеч ким енголмайди? Чақиринг уни, бир маҳоратини кўрайлик. Лозим топсак, мукофотини берамиз!”, дейдиган фармонбардорлар пайдо бўлди.
Маҳмуд Эрон бўйлаб айланиб, узоқ сафардан қайтгач, Хивада икки йил яшади ва яна Мозандаронга кетишга шайланди. Бироқ, бирдан уни шаҳар ҳокими чорлаб қолди. У мўғуллар томонидан қўйилган туркий миллатли, хоразмлик киши эди.
Маҳкамага кириб келган полвонни ходимлар дарҳол қабулхонага олиб кирдилар. Ҳоким келбатли йигитга сўз қотди.
– Сени Ҳинд султони ўз юртига чақирмоқда. Махсус чопар юборибди. Улар туркий ва форсийда сўзлашар эканлар. Бемалол тиллашасан.
Маҳмуд сўради.
– Қандай мақсадда?
Ҳоким жилмайди.
– Сендек паҳлавонни нимага чақиришарди, кураш тушишга-да! Унинг саройида бир зўр полвони бор экан. У ўз йигитининг сендан кам эмаслигини бутун оламга кўрсатмоқчи эмиш. “Ким ўзи у – Мозандарон йўлбарси? Менинг йўлбарсим уни тилка-пора қилади! Чақиринглар, йўл ҳаражатларини тўлайман!”, дебди у.
Ҳоким шу сўзларни айтиб, мулозимига имо қилди. У дарҳол Маҳмудга яқинлашиб, паҳлавоннинг қўлига бир кичик халтачада тангалар тутқизди.
– Мана, унинг юборган пули! – деди у ва гапини давом этдирди. – Сен ўша полвонни албатта енгиб кел! Хоразмликларнинг қандай эканлигини оламга кўрсат! Юртимизнинг довруғини ёй! Эртагаёқ йўлга туш. Бирор одамни ҳамроҳ қилиб ол. Ёлғиз кетма. Истасанг, мен бир чаққон мулозимимни бераман. У йўлда хизматингни қилади. Розимисан?
– Ҳа! – қисқагина жавоб қилди Маҳмуд. – У эртага тонгда уйимга келсин. Савдогарлар карвонига қўшилиб, йўлга тушамиз. Фақат, айтиб қўяй, айтганларимни бекаму кўст бажармаса, жиғини эзиб қўяман. Яхши хизмат қилса, яхши ҳақ олади.
– Жуда соз! Ҳозир уни чақираман.
Ҳоким мулозимига буюрди.
– Бекжон! Бор, Ёқубни олиб кир!
Хонага кириб келган йигит Маҳмудга маъқул бўлди.
– Яхши! – деди у. – Ёқуб! Тонгда, бомдоддан сўнг, сени уйимда кутаман. Бугун сафар анжомларингни ҳозирла.
Ёқуб табассум қилди.
– Хўп бўлади, Паҳлавон Маҳмуд ака!
Маҳмуд ҳокимга юзланди.
– Энди, менга рухсат беринг! Йўл тадоригини кўраман.
Хива шаҳри бошқарувчиси бош ирғади.
– Ой бориб, омон кел, йигит!..
Маҳмуд маҳкамадан чиқиб, тўғри устози хонақоҳига борди. У полвон бўлиш билан бирга Кубровия тариқатида таълим олаётган мурид ҳам эди. Шунинг учун, пири – Ҳазрат Сайид Аълоуддиндан рухсат ва дуо олиб, сафарга тайёргарлик кўриш учун кетди.

***

XIII асрнинг бошларида Ҳиндистоннинг шимолида туркий давлат – Деҳли султонлиги пайдо бўлди. Бу мамлакатнинг вужудга келишига X – XI асрларда, аввалига, Бухорода ҳукмронлик қилган сомонийлар сулоласининг сўнгги вакили томонидан қадр этилмаган, натижада унинг хизматидан кетган моҳир туркий саркарда Алптегин, кейин унинг издоши Сабуктегин ва унинг ўғли Султон Маҳмуд Ғазнавийларнинг ҳиндлар мамлакатини мусулмонлаштириш учун олиб борган жанговар курашлари сабаб бўлган эди. XII асрда Ғазнавийларнинг улкан империяси парчалангандан сўнг, Деҳли султонлиги мустақил давлат сифатида фаолият юрита бошлаганди.

***

Ҳиндистон деб аталувчи Деҳли султонлиги Паҳлавон Маҳмудни ва Ёқубни қучоқ очиб кутиб олмади. Улар йўлда ҳориб-чарчаб, пойтахт шаҳарга кириб келишди. Ҳиндларнинг қурган уйлари, бинолари на Хоразм, на Мозандарондагига ўхшамас экан. Улар ўринлими, ўринли эмасми – фарқи йўқ, турли хил қайрилмаликларни, жимжималарни севишар экан. Полвон йигит чарчагани сабабми, биринчи учраган карвонсаройдан хона олди. Бу ер унча озода эмасди. Деворларда турли ҳашаротлар ўрмалаб юришарди. Хожатхонаси ҳам кўнглига хуш келмади. Аммо, начора!.. Шериклар амаллаб бир кун дам олишди. Кечки пайт овқатланишди. Ҳиндлар ўз таомларига турли, қўланса ва аччиқ зираворларни аямай қўшишар экан. Шу туфайли, қиммат бўлса-да, фақат гўшт танаввул қила қолишди. Лекин, уни ҳам бир амаллаб ейишди. “Ажабо, гўштга ҳам туз, ҳам шакар сепилар эканми?!”, ҳайрон бўлди Маҳмуд. Сўнг, қидириб-қидириб, ниҳоят топиб, ҳаммомга тушишди. Ҳиндларнинг кўпчилиги ҳаммомга бормас, улар одатда дарёга бориб, наридан бери чўмилиб кета беришар экан.
Эртаси кун, у ёрдамчиси Ёқубни олиб, султон саройи томон йўл олди. Аммо, ўзига хос шакл-шамойилга эга бўлган муҳташам бино қўриқчилари кийимлари ва кўринишларидан мусофирлиги билиниб турган одамларга шубҳа билан боқишди.
– Сизлар кимсизлар? Нима керак? – сўради форсий тилда ва дағал товушда уларнинг бири. Афтидан, у бош қўриқчи лавозимида эди.
– Биз сизнинг султонингиз таклифи билан келдик. Хоразмлик полвонлармиз.
Сўзлашаётган кимсанинг товуши мулойимлашди.
– Сиз бугун султонимиз билан учраша олмайсиз. Овга кетганлар. Бугунча кутиб туринг. Марказий гузарда яхши карвонсарой бор. Саранжом ва саришта жой. Одатда, у ерда у ерда бўш хоналар бўлмайди. Аммо, бир-иккитаси ҳамиша эҳтиёт шарт, ҳеч кимга берилмайди. Боринг-да, ноибга менинг номимни айтиб, жойлашинг. Рад этса, таъзирини бераман. Дам олиб, ювиниб-тараниб эртага тонг маҳал келинг. Ташрифингизни султонимизга билдириб қўяман.
Мусофирлар унинг айтганини бажо келтириб, хурсанд бўлиб, яхшироқ, озодароқ карвонсаройга кўчиб ўтишди.
Эртаси куни, Деҳли султони саройида Паҳлавон Маҳмуд ва Ёқуб жуда хуштавоъзелик билан кутиб олинди. Меҳмонлар ҳукмдорга таъзим бажо этиб салом беришди. Алик олгач, султон оҳиста сўз қотди.
– Паҳлавон Маҳмуд! Сизнинг номингиз бутун дунёга таралган. Таклифимга лаббай деб жавоб бериб, мамлакатимизга етиб келганингиз учун ташаккур! Сиз – зўр полвонсиз. Аммо, бизда ҳам ажойиб курашчилар бор. Фақат, улар Эрон ва Туронга бормаганликлари учун ўзга юртлардаги халқлар уларни яхши билишмайди. Буларнинг ичида бир азим полвонимиз борки, у дунёдаги барча курашчиларни мағлуб этишга қодир. Бир ҳафтадан сўнг, шаҳарнинг бош майдонида, тумонат одам гувоҳлигида катта кураш мусобақалари уюштирилади. Унгача, узоқ-яқиндаги барча элатларнинг манаман деган полвонлари етиб келишади. Ана шунда кўрамиз, кимнинг ҳақиқатда ким эканлигини. Унгача, ҳурматли меҳмонлар дам олинг, куч тўпланг, саройимизнинг ўзига хос зўрхонаси мавжуд, ана ўша ерда машқлар қилинг. Биз бу ҳақда вазиримизга айтамиз: у бир одам тайинлайди, у эса сизнинг барча истакларингиз бажо келтиради.
Паҳлавон Маҳмуд бу сўзларни эшитгач, қуллуқ қилди.
– Раҳмат, улуғ султон! Хизматингизга тайёрман!
– Биз сизни роппа-роса бир ҳафтадан сўнг кураш майдонимизда кутамиз! – деди султон.
Меҳмонлар бош эгиб, орқалари билан юриб, хонани тарк этдилар. Чиқаверишда бир сарой ходими уларга яқинлашиб, ўзини танитди.
– Жаноблар! Менинг исмим – Саодат. Сизларда қандай талаб ёки истак бўлса, менга айтаверинг. Ҳар куни шу ердаман. Келиб, сўрасангиз, дарҳол топиб беришади. Эртадан бошлаб, зўрхонамизга ташриф буюраверинг. У сарой орқасида жойлашган. Мен у ернинг мутассадисига сиз ҳақингизда тайинлаб қўяман. Номингизни айтиб кираверасиз!
– Раҳмат, муҳтарам Саодат! – миннатдорчилик билдирди Маҳмуд. – Албатта, келамиз.
Улар карвонсарой томон томон йўл олишди.
– Исми аёлча эканми? – ажабланди Ёқуб.
– Бу сарой ходими асли эронлик. Уларда эса бундай исмлар эркакларга ҳам қўйилаберади, – жавоб қилди Маҳмуд. – Кел, яхшиси, Деҳли бозорига бориб, айланамиз, томоша қиламиз.
– Майли, – розилик билдирди Ёқуб.

***

Паҳлавон Маҳмуд бир ҳафта тинимсиз машқ қилди. Йўл юриб, йўл юрса-да, мўл юриб, танасидаги куч мушаклари етарли зўриқмаганлиги учун анча бўшашиб қолган экан. Биринчи ва иккинчи кунлари қийналди. Оғир-оғир тошларни кўтариш, мураккаб жисмоний машқларни бажариш танасида оғриқ уйғотди. Учинчи, тўртинчи кунлари кўникма пайдо бўлди. Бешинчи кун эса унинг асл кучи қайтиб келди. Энди, у ҳар қандай курашга шай эди. У ўзида хаттоки, афсонавий дев билан ҳам курашиш ва енгиш қудратини ҳис этди.
Бу вақт ичида Эрондан, Самарқанду Бухородан, хаттоки Чин-Мочин томонлардан ҳам полвонлар келдилар. Улар бирин-сирин, кунма-кун Зўрхонага кириб келишарди. Ва Маҳмуд билан танишардилар. Полвонлар бир-бирларига, машқларига синовчан боқар эдилар. Бу мусобақага Мозандарондан ҳам икки полвон келиб, курашчилар сафига қўшилдилар. Маҳмудга кўзлари тушиб, бараварига жилмайдилар.
– Бекор келибмиз, – деди уларнинг бири. – Сенинг шу ерда эканлигини билганимда, овора бўлиб йўл юрмас эдим!
Маҳмуд уни яхши танир эди, кўп бор кураш тушганди. Бироз юпатди.
– Полвон доимо ўзига ишониши керак! Майдонга тушмасингдан илгари мағлубиятни бўйнингга олма! Ҳаракат қил, балки мутлоқ ғолиб бўларсан!
У жилмайиб, хоразмлик паҳлавоннинг сўзларига рози бўлди.
– Ҳа, гапинг рост! Ҳеч ким эртага нима бўлишини билмайди. Худо, “Ол қулим!”, деса бўлди-да!
Маҳмуд, ўз нуқтаи назаридан, шерик бўлиб келган Ёқубни ҳам қочирмади.
Уни ҳам машқларга жалб этди.
– Менга қара, Ёқуб! Сен ёш йигитсан, танангни эса юмшоқ хамирдан фарқи йўқ! Бунақада тез чол бўлиб қоласан-ку! Машқ қил! Мана, мендан ўрнак ол!
– Мен барибир, сиздек бўла олмайман! – хўрсинди у.
– Албатта, паҳлавон бўла олмайсан. Аммо, жисмонан чиниқасан. Кучли бўласан. Елкаларинг кенгаяди. Билакларинг таранглашади. Ўзингга ишончинг ортади. Аъзои баданинг бўшлигидан йўлда роса чарчаб қийналдинг. Чиниққан бўлганингда бунча азобланмасдинг! Машқ қил! Эркаксан-ку!
Бу гаплардан сўнг, у ҳам Зўрхонага борганда ўзига мос тошлар кўтара бошлади, турли жисмоний машқлар бажаришга кўникди.
Бир ҳафта шу тахлит ўтди. Ниҳоят, мусобақа бошланадиган кун етиб келди.
Деҳли шаҳрига бутун мусулмон дунёсидан қирқ нафар полвон йиғилибди.
Майдон турли рангдаги матолар, байроқлар билан безатилганди. Тўрт тарафда бир хил кийинган сипоҳийлар қурол ушлаб туришарди. Ҳар бир беллашув бошланиши олдидан ноғорачилар бу ҳақда ўз дўмбираларини дўриллатиб хабар беришар эди.
Бу, дабдабали уюштирилган мусобақа ҳам худди Мозандарондаги курашларда ғолибни аниқлаш усули орқали ўтказилди. Лекин, шошилинмади. Ҳар куни фақат беш мартагина беллашув бўларди. Тўртинчи кун икки полвонгина мусобақани мағлубиятсиз ўтказгани маълум бўлди.
Биринчиси, Паҳлавон Маҳмуд эди. Иккинчиси эса Деҳли султонининг авайлаб асраб юрган полвони эди.
Маҳмуд унинг маҳоратини ва кучини чамалади. Ҳақиқатдан, у жуда зўр эди. Лекин, холисанилло баҳо берилганда, барибир хоразмлик полвондан устун келиши жуда қийин эди. Маҳмуд ҳар қандай вазиятда уни йиқитиб, курагини ерга теккизиши муқаррарлигини ҳис этди. Бундан ташқари, рақибидан фарқли ўлароқ, у ҳолдан тойганди.
Бу ҳолатни, норасмий равишда бош ҳакам вазифасини бажараётган султон ҳам сезди. Ва унга икки кун кучларини йиғишга имкон беришга қарор қилди. У халойиққа ва ҳакамларга юзланди.
– Полвонлар мусобақаси жуда ажойиб ўтмоқда. Бир неча кун ичида муросасиз ва кескин курашлар бўлиб ўтди. Натижада, мана ман деган энг зўр полвонлардан фақат икки киши қолди. Энди, улар ким бу дунёда энг зўр деган саволга жавоб беришлари лозим. Улар бу мусобақа давомида озроқ толиқишди. Уларнинг жанггини тўла куч-қувватга тўлган холда ўтказсак, ҳам ҳалол, ҳам мазмунли ўтади. Шунинг учун, ҳал қилувчи беллашувни икки кундан сўнг томоша қиламиз. Бу вақт ичида улар яхши дам олишсин, зарур тайёргарлик кўришсин. Омин. Оллоҳу акбар!
Ҳалойиқ ҳам “Оллоҳу акбар!” деб жавоб қайтарди.

Маҳмуд биринчи дам олиш кунини тўлиқ ҳордиққа бағишлади. Фақат, енгил машқлар қилди. Иккинчи куни, пешингача ўзининг оғир машқларини бажарди ва кейин танасига дам беришга қарор қилди. Аммо, бекорчи бўлиб хонада ётишни истамади. Вақтдан унумли фойдаланиш лозим эди. Ёдига, пири Ҳазрат Сайид Аълоуддиннинг ўгити тушди: Азиз-авлиёларнинг мақбараларини зиёрат этиш ва улар даргоҳида Яратгандан мадад сўраш – жуда савобли ишдир.
Шунинг учун, у сарой ходими Саодат олдига бориб, сўради.
– Тақсир! Деҳлида мусулмонлар қабристони қаерда ва у ерда бирон валийнинг мақбараси борми?
– Ҳа, албатта бор! – деди у. – Истасангиз, олиб бораман!
– Қайси авлиё у ерда дафн этилган?
– Бу шаҳарга мусулмонлардан илк бор саркарда Алптегин, сомонийлар хизматидан кетгач, ислом динини ёйиш учун келган. Шаҳарни ишғол этишда Оллоҳнинг валийси Хожа Неъмат Марвий ўз маслаҳатлари билан унга маънавий ёрдам бериб турган. Алптегин қўшини ҳиндларникидан оз бўлса-да, чўчимай ҳужумга ўтишга ундаган. Натижада, бу шаҳар осонлик билан эгалланган. Ҳазрат бу ерда яшаб қолган илк мусулмонларга бош бўлиб, жуда кўп мажусийларни имонга киритган экан. Ўша табаррук авлиёнинг нафаси жуда ўткир бўлган дейишади. Вафотидан сўнг ўша қабристонга дафн этилган. Кимки, у зотнинг марқадини зиёрат этса, Оллоҳдан не тилаги бўлса, ижобат этилар эмиш.
– Раҳмат, муҳтарам Саодат! Ўзингиз овора бўлманг. Менга у ерга қандай боришни тушунтириб берсангиз кифоя. Зиёратни бир ўзим қилишни хуш кўраман.
Сарой ходими унга йўлни батафсил тушунтирди.
Паҳлавон Маҳмуд мусулмонлар қабристонига кириб, буюк валий Хожа Неъмат Марвийнинг мақбарасини топди. Мақбаранинг шакли шамойили мусулмон оламига хос бўлса-да, унда ҳиндча тархлар ҳам ишлатилганди. Унинг томи жимжималар ва қайрилма чизиқларга бой эди. Полвон ичкарига хатлади. Қабр усти мармар тахталар билан ёпилиб, улар нақшинкор арабий ёзувлар билан безатилган экан. Икки ёнга кўрпачалар тўшалган. Истаган томонга ўтириб, Қуръон сураларидан тиловат қилиб, зиёратни адо этиш мумкин. Маҳмуд кўрдики, бу ерда ёши эллик-эллик бешлар орасидаги бир аёл паст овозда тиловат қилмоқда. Унга халақит қилмаслик учун, бироз кутишга, аёл зиёратини адо этиб, чиқиб кетишини кутишга қарор қилди.
Аёл тиловат қилиб бўлгач, Яратганга ёлбора бошлади.
– Ё, Оллоҳ! Илтижо қилиб сўрайман! Эртанги бўладиган курашда ўғлимнинг қўлини баланд қилгин! Унга Ўзинг мадад бер, токи у хоразмлик полвонни енгсин! Акс холда, султонимиз уни жазолайди. “Агар, курагинг ерга тегса, сени зиндонга ташлатаман!”, дебди. Ё, Оллоҳ! Мен онаизорни қақшатма! Ўзинг биласан, эрим вафот этган. Бошқа фарзандларим ҳали ёш. Ўғлим енгилса, ҳолимиз не кечади?! Ё, парвардигор! Ўзинг раҳм қил! Ўзинг ёрдам бер!… Омин. Оллоҳу акбар!
Аёл ўз илтижоларини айтиб, мақбарага кириб ўтирган йигитга парво қилмади, индамай чиқиб кетди.
Паҳлавон Маҳмуд бу илтижодан ҳайрону лол бўлди. Наҳотки, Деҳли султони шундай қабиҳ ишга қарор қилган? Наҳотки, у ўз полвонини курашда ютқазгани учун зиндонга ташлатса? Ажабо, унда жавонмардликдан асар йўғ-а! Майли, номард султон шундай ишга қарор қилган бўлса, бечора онага ўзи ёрдам беради. Эртанги курашда ютди нима-ю, ютқазди нима? Гап олинадиган катта совриндами? Оллоҳ унга атаган ризқини бошқа йўл билан бераверади.
Маҳмуд зиёратни адо қилди-да, мақбарани тарк этди.
Эртаси куни кураш майдонига тумонат одам йиғилди. Атрофни ажабтовур кийинган, ҳайбатли қиличлар таққан, юпқа салла ўраган мўйловдор сипоҳийлар ўраб олишди. Бир қанча кишилик ноғорачилар гуруҳи ҳар кунгидек ўз санъатларини намойиш эта бошладилар. Барча султоннинг келиб, ўз жойига ўтиришини ва курашни бошлашга ишора қилишини кутарди.
Ниҳоят, Деҳли султони қўриқчилар қуршовида бу ерга ўрнатилган тахтга келиб ўтирди. У атрофга мамнуният билан бир қараб олгач, бош ҳакамга ишора қилди. Шу дамдаёқ ноғоралар даҳшатли дириллаб, кескин ва муросасиз жанг бошланишидан атрофни огоҳ этдилар. Майдон ўртасига икки чеккадан полвонлар тушиб келдилар. Халқ уларни олқишлади.
Кураш бошланди. Маҳмуд рақибининг кўзларига боқди. Уларда ҳадик ва ғулғула бор эди. Буни у яққол ҳис этди. Бундай курашчини осонлик билан енгиш мумкин. Лекин, бугун у ютқазиши керак. Нотовонларга ёрдам бериши лозим. Бу – ҳақиқий жавонмардликдир!
Маҳмуд ҳеч кимда шубҳа туғилмаслиги учун жараённи чўзишга қарор қилди. Шунда, у чарчагандек бўлади ва бехосдан рақиб усулига чап беролмай йиқилади. Ўрага сичқон тушди – гулдур гуп.
Узоқ давом этган икки томоннинг уринишларидан сўнг, деҳлилик полвон бир усул қўллаб, кутилмаганда “Мозандарон йўлбарси”нинг курагини ерга теккизди.
Ана қийқирувлару, ана олқишлар! Ана шодлигу, ана хурсандлик! Ана ҳаяжонлару, ана қувонч йиғилари! Таърифлашга сўз ожиз!
Катта соврин тантанали равишда, ноғора садолари остида ҳиндистонлик мусулмон полвонга топширилди. Султон унинг елкасига зарбоф тўн ташлатдирди. Хоразмлик курашчи ҳам эътибордан четда қолмади, унга алоҳида мукофот берилди.
Маҳмуднинг сохта мағлубиятини ҳеч ким сезмаса ҳам, буни мозандаронлик полвонларнинг бири ҳис қилди. У хоразмлик полвоннинг кучини жуда яхши билар эди. Барча тантаналар тугагандан сўнг, у оҳиста келиб сўради.
– Маҳмуд, нега ютқазиб бердинг?
– Ҳиндистонлик полвонни зиндондан асраш учун. Фақат, илтимос ҳеч кимга чурқ этма!
– Майли, – деди у. – тушунаман. Жавонмардсан! Қойилман сенга. Кўпчилик бундай ишга қодир эмас. Ҳақиқий ғолиб ўзингсан! Наинки ғолибсан, балки қаҳрамонсан!

***

Паҳлавон Маҳмуд кураш мусобақаси тугагач, ўз юртига дарҳол қайтиб кетишга шайланмади. У бу диёрда яна бир ҳафта қолиб, дам олишни ва теварак атрофга кичик саёҳатлар уюштиришни дилига тугди. Чунки, табиат гўзалликларидан завқланишни севарди. Деҳли атрофи эса ажабтовур манзараларга эга эди.
Эртаси куни, у тўйиб ухлашни мўлжаллагани учун, одатдагидек барвақт уйғонмади. Кеча кечқурун ётиш олдидан бу ниятини Ёқубга ҳам айтгани туфайли, шериги бундан қувониб, тонг отиши билан хизмат учун дик этиб турмади. У ҳам пишиллаб, уйқуни давом этдира берди.
Аммо, барибир улар узоқ ухлай олмадилар. Кун кўтарилмай улар жойлашган карвонсарой хонаси эшиги тақиллади.
Деҳли султони хоразмликларга мутассади бўлган Саодатни бу ерга юборибди. Икки меҳмон ташқарига чиқиб ювиниб келишгач, сарой ходими уларга мурожаат қилди.
– Сиз султонимизга бағоят ёқиб қолибсиз, муҳтарам Паҳлавон Маҳмуд жаноблари! – сўзини бошлади у, таклиф этилган жойга ўтиргач. – Олампаноҳимиз режангиз қандай эканлигини билмаганлари учун қошингизга мени лутфан жўнатдилар.
Маҳмуд жилмайди. Сарой полвонининг “Мозандарон йўлбарси”дан устун келгани учун султоннинг кўнгли хуш бўлса керак, ўйлади у.
– Бундай лутфдан жуда миннатдорман, муҳтарам Саодатхон! Мўлжалимиз мамлакатингизда яна бирор ҳафта туриш, шаҳар атрофига бироз саёҳат қилиш, қайтишга куч тўплаб, совғалар олиб, сўнг яхши карвонга қўшилиб юртимизга равона бўлишдир.
– О, айни муддао! – хитоб қилди сарой ходими. – Биз дарҳол жўнаб кетмадингизми деган хавотирда эдик. Султонимизнинг ўзингизга аталган алоҳида инъомлари бор. Уни сизга тантанали равишда топшириш ниятидалар!
– Бундан миннатдорман. Шарт эмас эди. Раҳмат!
– Муҳтарам Паҳлавон Маҳмуд жаноблари! Султонимиз инъомдан ташқари, сизни ўзлари иштирок этадиган йиртқич ҳайвонлар овига ҳам таклиф этадилар!
– О, қачон экан?
– Икки кундан сўнг. Иккалангиз бомдоддан сўнг султонимиз саройига дарҳол етиб келишингиз лозим! Овнинг эртасига эса, сиз билан хайрлашув зиёфати ҳам уюштирилади!
– Нечук, менга бундай эътибор? Мен ахир мамлакатим сарой вакили эмасман, оддий полвонман.
– Сиз жуда камтарсиз муҳтарам Паҳлавон Маҳмуд жаноблари! Сизнинг жавонмардлик мадҳ этилган рубоийларингиз Ҳиндистонга қадар етиб келган. Шоирлар ҳар қандай замонда эъзозланганлар. Ҳамда, бутун ислом оламига машҳур Шайх Нажмиддин Кубро издошларидан эканлигингиз ҳам бизларга маълум. Тариқат аҳли ҳам улкан ҳурматга лойиқ аҳллардандир. Доно ва қудратли султонимиз саройида сиз эъзозланмасангиз, ким эъзозланади?
Паҳлавон Маҳмуднинг бу сўзларга ғаши келди. “Доно ва қудратли султон жавонмардлик ҳақидаги рубоийларни севар экан, демак мағзини тушунади. Шундай бўлса, нега бечора сарой полвонига зуғум қилади?”, ўйлади у.
Маҳмуд бироз сукут сақлади-да, жавоб берди.
– Майли, доно ва қудратли султонингизга етказинг: албатта барча таклифларига розиман. Айтилган вақтда, саройингизга шеригим Ёқуб билан етиб борамиз.
Саодат жилмайди.
– Сизни кутамиз, жаноблар! – деди у ва хонани тарк этди.
Маҳмуд бу таклифни рад қилмаслигига икки сабаб бор эди. Биринчидан, у – ҳукмдор томонидан айтилди, иккинчидан, ўзининг мўлжалларига мос тушади.

Энди, орадаги икки кунни қандай ўтказиш ҳақида ўйлаш керак эди. Маҳмуд бу ҳақда Ёқубга маслаҳат қилди.
– Хўш, олдимиздаги икки кунни қандай ўтказамиз? Карвонсаройда ўтираберамизми?
Ёқуб ўз фикрини билдирди:
– Мен эшитиб қолдим, султоннинг саройида хоразмлик қуллар бор экан. Уларнинг баъзилари рухсат сўраб, сизнинг курашингизни томоша қилишга келишибди. Бир-иккитаси билан суҳбатлашдим ҳам.
Маҳмуд дарҳол сергаклашди. Ва сўради.
– Улар қанча эканлар?
– Роппа-роса йигирма беш киши.
– Аёллар борми?
– Йўқ! Барчаси эркаклар. Йигирма ёшдан қирқ ёшгача. Жангларда асир тушишган. Уларни қул қилиб, олиб келиб сотганлар. Саройбон харид қилган. Барча юртдошларимиз шу ердаги ходимларга хизмат қиладилар. Отларга қарайдилар. Ҳамма ёқни тозалайдилар. Юклар ташийдилар. Хуллас, барча қуллик меҳнати бўйниларида.
– Улар билан гаплашса бўладими?
– Саодатга айтсак, уюштириб берар?! Балки бирмунча пул берармиз…
– Унда, жуда соз! Кетдик! Ҳамюртларимизни кўриб, суҳбатлашиб келамиз. Улар ҳам ўз ватандошларини соғинишгандир.
– Бўпти, кетдик!
Саодат ҳақиқатдан ҳам ватандошларнинг учрашишига ёрдам берди. Узатилган тангаларни олмади.
– Сиз мени ким деб ўйлаяпсиз? – ажабланди у. – Бу ахир, савобли иш-ку! Менга яхши маош беришади.
Натижада Маҳмуд ва Ёқуб ўз ватандошлари билан анча гаплашишди. Уларнинг барчасининг кўзларида қандайдир мунг ва илинж билиниб турарди. Улар жуда уйларига қайтишни исташар эди. Лекин, улар банди эдилар. “Уларни Хоразмга олиб кетишнинг иложи бормикан?.. Куч ишлатиш ножоиз ва фалокатли. Яхшиси, сотиб олиш керак…”, ўйлади Маҳмуд. Бу ҳақда Саодатдан сўради.
– Уларни қайта сотиб олиш мумкинми?
У бош чайқади.
– Йўқ. Саройбонимиз уларнинг меҳнатини жуда қадрлайди. Хоразмликлар ҳар бир ишни сидқидилдан, пухта бажарадилар. Бундай кишиларни мунтазам уриб, калтаклаб туриш шарт эмас. Шунинг учун, сотиши даргумон.
Шундан сўнг, Маҳмуд хоразмлик қуллар билан хайрлашди. Уларнинг ҳар бири полвон йигит ва Ёқуб билан қучоқлашиб хайрлашди. Айримларининг кўзларидан хаттоки ёш ҳам оқди.

***

Тайинланган кун етиб келди. Маҳмуд ва Ёқуб одатдагидан барвақтроқ уйғонишди. Ювиниб, бомдод намозини ўқиб, тўғри Деҳли султони саройи томон йўл олишди. Боришгач, кўришдики тайёргарчилик зўр. Ҳукмдорнинг овга бориши ҳам дабдабали ташкил этилар экан. Қуролланган сипоҳийлар, соқчилар, камончилар ва озиқ-овқат ортилган аравалар беҳисоб эди.
Саодат уларни кутиб турган экан, дарҳол қарши олди.
– Хуш келибсиз, меҳмонлар! Сиз султон билан ёнма-ён кетувчи ҳамроҳлар сафида бўласиз!
Шу пайт икки соқчи ҳамроҳлигида, бир ажойиб от минган ҳолда султон ўз саройидан чиқиб келди. Ҳукмдорнинг кўзи Маҳмудга тушиб қолди ва у жилмайди. Полвон шу заҳотиёқ унга таъзим қилиб, салом берди:
– Ассаламу алайкум, онҳазрат!
– Ваалайкум ассалом, Мозандарон йўлбарси! Хуш келибсан, овимизга!
– Раҳмат, олампаноҳ!
– Сенга от беришдими?.. Саодат, қани полвонга аталган арғумоқ?
– Онҳазрат! Ана, олиб келишяпти!
Маҳмудга Саодат бир эгарланган арғумоқни рўпара қилди.
– Ушбу от султонимиздан сизга совға! Овдан кейин ҳам ўз ихтиёрингизда бўлади. Хоразмга олиб кетасиз!
Арғумоқ анча бақувват, уни танлашда полвонннинг ҳайбатини ҳисобга олинган эди. Маҳмуд отга миниб яхшилаб ўрнашиб олди.
– Муборак бўлсин! Муборак бўлсин! – атрофдан табриклар янгради.
– Раҳмат!.. Раҳмат! – жавоб берди полвон ҳаммага ва султонга юзланди. – Онҳазрат! Инъомингиз учун ташаккур!
Ҳукмдор яна жилмайди.
– Сендек полвонга мос келдими?
– Жуда яхши, олий ҳукмдор!
– Яхши, унда кетдик!.. – хитоб қилди султон ва таъкидлади. – Сен менинг чап томонимда кетасан, ўз полвоним эса ўнг томонимда юради.
Маҳмуд шу сўзлардан кейингина “ғолиб”га кўзи тушди. Ҳиндистонлик полвоннинг оғзи қулоғида эди. Лекин, Маҳмуд унга кўп эътибор бермади ва ҳукмдорга миннатдорчилик билдирди.
– Раҳмат, онҳазрат!
Маҳмуд Деҳли султонининг айтганини қилиб, унинг чап томонига ўтиб, ёнида кета бошлади.

Ҳиндистон ўрмонлари наинки ўрмон, балки чангалзордир. Юриш қийин. Беш-олти қадамдан сўнг сени нима кутиб турганини билмайсан. Бирор чуқурлик ё жарликка қулайсанми, йиртқич ҳайвон олдингдан чиқадими, беозор маймунга дуч келасанми ёки илон сенга чирмашадими – номаълум. Кўр-кўрона ботирлик қилиб, бир ўзинг ичкарига кириб кетсанг, адашиб қолиб, йўлбарсга ем бўлишинг ҳеч гап эмас. Шунинг учун, тажрибали одам бошчилигида ёки ҳамроҳлигида ўрмон ичига кириш даркор. Бу юртдаги ов ана шу хавфлилиги билан ҳам жозибалидир. Ахир эркак кишининг феъл-атвори қаерда ва қандай синалади? Албатта, ҳақиқий хатар ва муқаррар ўлим олдида ўзини тутишига қараб! Ана шундай вазиятда унинг қалбида шерми, тулкими ё қуён яширинганми – аниқ билинади! Ҳинд султони бу нарсани жуда яхши ҳис этарди, шунинг учун айрим одамларни атайлаб овга чорларди. Ўрмонда, очиқ ёввойи табиат қўйнида уларнинг юриш-туришини кузатарди, баҳо берарди ва саройдаги мавқеини белгиларди ёки қувиб соларди. Маҳмудни овга таклиф қилинишига ҳам асл сабаб шу эди. Султон бу хоразмлик девқомат йигитни ана шундай вазиятда кўришни истади.
Шикорчилар ўрмон орасидаги йўлга тушишгач, олдинги қаторда тўсатдан ғала-ғовур бошланди. Сабаб, кутилмаганда, одамларнинг қаршисидан йўлбарс чиқиб қолибди. У қандайдир сониялар давомида инсонларга боқиб турди-да, орқасига ўгирилиб қочишга шайланган эди ҳамки, камончилар уни ўққа тута кетишди. Бу учи ўткир кичик найзачалар ёмғирининг бири унинг юрагига санчилди ва у кўп кутдирмай, беш-олти қадам ҳам юролмай гуп этиб қулади. Камончилар қийқириб хурсанд бўлишди.
Овга чиққан сарой аҳли ҳам бундан хурсанд бўлдилар. Барча юришда давом этди. Бир қанча масофа босилгандан сўнг, одамлар олдида катта бир ўт- ўланлар ўсиб ётган яланглик пайдо бўлди. Бу ерда турли ўтхўр ҳайвонлар сероб экан. Султоннинг кўзи бир каттагина кийикка тушди.
– У менинг овим! – қичқирди у ва камонни қўлига олиб, мўлжалга олаётган эди, ҳуркак жонивор бир нарсани сезгандай ортига қараб қочди.
Султон беихтиёр отини ниқтади ва унинг кетидан қувиб кетди. Маҳмуд ҳам ҳукмдордан ортда қолмасликка интилиб, арғумоққа қамчи урди. Сарой полвони ҳам буни кўриб, зудликда улар изидан тушди. Лекин, у ва бошқа аёнлар анча орқада қолган эдилар. Яланглик катта бўлгани учун кийик бемалол югурарди. Ниҳоят, у тўхташга ҳозирланаётгандек бўлди, аммо бу сакрашга тайёргарлик экан. У олдидан чиққан жарликнинг нарига томонига шундай енгиллик ва чаққонлик билан ўтиб кетдики, Маҳмуд унга тан берди. Султон эса олдида жарлик мавжудлигини охирги сониялардагина сезиб қолди. От кийикдан фарқли ўлароқ бундай узоқ масофага сакрашга қодир эмас эди. Шунинг учун, султон дарҳол ўз жониворининг тизгинини тортди. Лекин, табиатда инерция деган куч бор. Ҳаракатланаётган объект ҳеч қачон бир нуқтада таққа тўхтай олмайди. У минг уринса-да, маълум муддатда қандайдир масофани барибир босиб ўтади. Натижада, султон оти билан жарликка сирғалиб туша бошлади ва бир қулочча пастда жар деворидан ўсиб чиққан дарахтнинг икки бақувват шохига илиниб қолди. Бу ўсимлик султоннинг ҳаётини асраб қолганди. Аммо, хали ҳам хавф бор эди. Агар, у юқорига тез тортиб олинмаса, тубсизликка қулаши ва ҳалок бўлиши тайин эди.
Паҳлавон Маҳмуд ортда келаётгани учун ўз арғумоқини берироқда тўхтата олди. Дарҳол ерга тушди ва жарга энгашди. Дарахтга илиниб қолган султонни ва отни кўрди. Ҳукмдор юқоридаги хоразмлик полвонга нажот сўраш ифодаланган кўзларини тикди. Маҳмуд зудликда белидаги камарни ечди, унинг бир учини қўлига чирмаб, нариги томонини султонга туширди.
– Маҳкам икки қўлингиз билан ушланг, онҳазрат!
Султон унинг айтганини қилди ва осонлик билан юқорига тортиб олинди.
– Раҳмат, Паҳлавон Маҳмуд! – деди у ва енгил торди. У нақд ўлимдан қутилганини чуқур ҳис этди. Яхшиям, бу йигит пайсалламай етиб келибди! Оллоҳга минг қатла шукур!
У ўзини ўнглаб, жарга энгашди. Икки шохга илиниб турган оти қимирлай олмай осилиб турарди.
– Онҳазрат! Рухсат этинг, мен отингизни ҳам тортиб оламан! – мурожаат қилди хоразмлик йигит. – Фақат, сал четроққа ўтинг.
Маҳмуд яна камарини бир учини қўлига чирмади ва жарга энгашиб, темир илгакли учини пастга тушириб, тинчий олмаётган отнинг юганига илинтиришга ҳаракат қилди. Биринчи, иккинчи уринишлар зое кетди, лекин учинчи уринишда юган илинди. Уни аста юқорига тортиб, иккинчи қўли билан маҳкам ушлади. Ва бир зўр билан отни ҳам тепага тортиб чиқарди.
Бу пайтда ортда қолган аёнлар етиб келиб, ўз султонлари омон қолгани учун Яратганга шукроналар айта бошлашди. Улар Маҳмуднинг отни ҳам қутқарганини кўриб, унга, унинг куч-қувватига ҳам тасаннолар ўқишди. Султон ҳаяжонланаётган, юганини ўз полвони ушлаб турган жониворига яқинлашиб, уни шапатилаб тинчитди ва эркалатди. Сўнг, ўз полвонига қаради.
– Сен Маҳмудни қандай енга олдинг?
Сарой курашчиси елка қисди. Шундан сўнг, ҳукмдор Хоразмлик паҳлавонга юзланди.
– Сен шундай кучли бўлатуриб, қандай қидиб шу бўш-баёвга ютқаздинг? Фақат тўғрисини айт!
Шунда Маҳмуд унга ҳамма бўлган воқеаларни рўйи-рост гапириб берди.
Унинг сўзларини диққат билан тинглаган султон хоразмлик йигитга боқди.
– Паҳлавон Маҳмуд! Сен мени ва отимни нақд ўлимдан қутқардинг! Сендан ўла ўлгунимча қарздорман. Истасанг, саройимда қол – яхши амал бераман –
еганинг олдингда, емаганинг орқангда бўлади. Агар, юртимга кетаман, десанг – бойлик ол! Нима берай? Олтинми, қимматбаҳо тошларми? Гўзал канизакларми? Ё бошқа нарсаларми? Тила тилагингни!
Аёнлар қизиқиб хоразмлик йигитга боқишди. Ҳозир у мол-дунё сўрайди, деб тахмин қилишди. Маҳмуд эса бир оз сукут сақлади-да, оҳиста жилмайди. Султонга сўз қотди.
– Онҳазрат! Менга саройингиздаги тинч-осуда ҳаёт ҳам, битмас-туганмас бойлик ҳам, канизаклар ҳам керак эмас…
Маҳмуд шу сўзларни айтгач, жим бўлиб қолди. Юз ифодасидан у ниманидир сўрамоқчи бўлаётгани, аммо иккиланаётганлиги сезилиб турарди.
– Сўра! Сўрайбер, Паҳлавон! Истиҳола қилма! Эшитаман! Оллоҳни гувоҳ қилиб айтаманки, сўраганингни бераман! – хитоб қилди султон.
Йигит ниҳоят ниятини баён этди.
– Онҳазрат! Саройингизда йигирма беш нафар ҳамюртим хизмат қилишар экан. Шу инсонларга озодлик бера оласизми? Агар, рухсат этсангиз, мен уларни Хоразмга олиб кетаман!
Султон жилмайди. Ўзининг азиз ҳаёти олдида йигирма беш нафар қулнинг баҳоси анча пастда эмасми?..
– Бор-йўғи шуми?! Жуда яхши, мен албатта уларга озодлик туҳфа қиламан. Ва уларнинг ўз юртларига эсон-омон етиб олишлари учун етарли озиқ-овқат, пул ҳам бераман. Ҳамда эртага мусобақада ғолиблик мукофоти тантанали равишда ўзингга берилади. Ва мардлигинг учун алоҳида туҳфа ҳам бераман. Розимисан?
Маҳмуд дарҳол бош эгди.
– Албатта, онҳазрат!

Шундай қилиб, Паҳлавон Маҳмуд юртига яна бир мамлакат – Ҳиндистон мамлакати ғолиблигини, асирликдан озод этилган юртдошларини ва мукофотларини олиб юртига қайтди.

Тошкент. 2017 йил, май-сентябрь.