Озод Мўъмин Хўжа. Пул ташувчи машина (фантастик ҳикоя)

Одамзот пайдо бўлибдики, тинимсиз ихтиролар қилиш билан банд.
 Илк инсонлар, айтишадики, ғорларда яшашган. Улар аввалига, ҳайвонларни овлаш учун сўйил, калтак, найзаларни, кейин гўшт пишириш учун оловни ихтиро қилишган. Шундан сўнг иш қуроллари, кийим-кечак ва бошпана қуришларни ўйлаб топишган. Ихтирочилар тинч ўтирмай ва ҳоказо, ва ҳоказо асбоб-ускуналару, қурилмаларни пайдо этаверганлар. Мана, ҳозирга келиб, атрофга қаранг: шундай замонга келдикки, уларнинг кўплигидан, кўчаларни, уйларни тўлдириб ташлаганликларидан вой-дод деб, тоғларга ёки далаларга қочиб кетгингиз келади.
 Сизда қандай ҳислар ҳукмрон, билмадиму, мен шахсан шундайман. Кўчага чиқинг: машиналар тирбанд, тиқилинч. Янги авлод ҳайдовчилари қонун-қоидаларни писанд қилишмайди. Асаб системангизнинг мустаҳкамлигини текширишни севадиганлар жуда мўл. Манзилингизга тинчгина яёв борганингиз дурустга ўхшаб қолади гоҳи-гоҳида.
 Ҳар кимнинг уйида албатта бир эмас, бир қанча юпқами, қалинми, бошқами, ишқилиб, телевизорлар бор. Уларни ёқинг, кўрасиз ва эшитасиз: Ер юзининг палон мамлакатида бир тажовузкор ўнта одамни отиб ташлади, жангарилар журналистни намойишкорона қатл этишди, пистон давлатда фуқаролар уруши давом этмоқда, ёш болалар ва аёлларни аямай портлатишмоқда ва ҳоказо, ва ҳоказо. Эсхонангиз чиқади. Бошқа канални ёқсангиз, икки ёш корейс қизи ва йигити муносабатлари Лайли-ю Мажнунни, Фарҳоду Ширинни мутлақо эсингиздан чиқартириб, юрагингизни эзади. Яна бошқа программага ўтасиз. Унда бир мексикалик она ўз фарзандларини ўзиники эканлигини ярим йилдан бери исботлай олмай, аёлларимизга уй юмушларини қилдирмаяпти. Бечорага ҳамма ачиниб, унинг нодон, эрка-тантиқ ва калтафаҳм болаларига қачон ақл кираркин деб, ҳар куни кечқурун миқ этмай зангори экран олдида ўтиришади. Табиат каналида эса йиртқич ҳайвонлар бечора оҳуларни ёки антилопаларни қувиб ўлдираётганларини ва оғзилари қон ҳолда уларни еяётганлари намойиш этилади. Концерт каналига ўтсангиз, барчаси деярли бир хил клиплар кўрсатилади. “Типратикон, типратикон – ўйинга туш дикон-дикон!”, дегандек.
 Хаттоки, энг янги ажойиб ихтироларнинг бири – интернет қаърига киринг. Биринчи ўриндаги хабарлар албатта зўравонликлар, жиноятлар, ўлимлар тўғрисида бўлади. Уларга истасангиз ҳам, истамасангиз ҳам кўзингиз тушади ва онгингиз яна салбий информацияга тўлади.
 Худди шунинг учун мен на ТВ, на интернет бўлган тоғларга ё далаларга чиқиб кетишни орзу қиламан. Лекин, тирикчилик ва бошқа вазифаларим бунга йўл қўймайди.
 Дарвоқе, гапимиз сал бошқа томонга бурилиб кетибди. Узр сўрайман. Мавзуимиз ихтиролар ҳақида эди. Биласизми, одамзотнинг энг муҳим кашфиёти нима? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Топинг-чи?..
 Ҳаёлингизга келган илк фикр ғирт нотўғри! Ўзим айтақолай: у – пул! Агар шу, кетаёганда тил чиқариб, “Мени ўзингда олиб қол!”, деб қичқирмайдиган олди-сотди воситаси бўлмаганда, Ер юзидаги ривожланиш ҳали феодализм даражасига ҳам етиб бормаган бўларди. Баъзилар пулни ёмонлик дейдилар. Асло ундай эмас. Ҳалол топилса, у фақат яхшилик олиб келади.
 Менинг бир танишим, балки оғайнимдир, балки дўстимдир, билмайман, чунки унинг қалбига ҳали кириб кўрмаганман, роса пул топишга уста. Ҳар куни банкка тонналаб пул топширади. Эътибор қилинг, почкалаб, бойламлаб эмас, тонналаб. Чунки ка-атта дўкони бор. Замонивийроқ номи супермаркет! Жарангдор-а?! Ўзбекчага таржима қилса, улкан бозор! Шунинг учун, топадиган пули ҳам улкан-да!
 Хуллас, бир куни мен унинг қабулхонасига кирдим ва сўрадим.
 – Дўстим, сенга хизмат кўрсатаётган банкнинг пул ташувчи мутассадилари роса қийналишаётгандир-а?
 – Ҳа, кунда бир неча бор қатнашади. Машина ичида ва атрофида қуролланган минисалар ҳамроҳ, уларнинг ҳам жонлари ҳалак, йўлда машиналар тирбанд, банкка етиб боргунларича хавотирга тўлалар.
 – Ўша банк бошлиқларига айт, мен бир машина ихтиро қилдим. Пул ташувчи машина. Бир кунлик тушган пулингни, у неча тонналигидан қатъи назар, бехавотир манзилга етказиб бера олади. Ишлатишса, фақат барака топишади.
 Дўстим, у балки шунчаки танишдир, яна билмадим, менга қараб жилмайди.
 – Қачондан бери машина ихтиро қиладиган бўлиб қолдинг?! Ҳазиллашяпсанми?
 – Нега энди? Жиддий гапиряпман. Истасанг, кўрсатаман.
 – Қачон?
 – Кечқурун уйимга кел, кўрасан.
 – Мен кеч соат ўндан кейин бўшайман.
 – Ўн иккигача келсанг, бўлди. Худди шу вақтда ухлашга ётаман.
 – Бўпти, келишдик. Фақат, ҳазиллашаётган бўлсанг, бир чойхона-палов қарз бўласан!
 – Жуда соз! Гапим жиддийлигига амин бўлсанг, чойхона-палов ўзингдан!

 Кечки пайт, соат ўн яримда кўча жинғироғи чалинди. Бориб эшикни очдим. Қарасам, дўстим, балки танишимдир, яна билмадим, жилмайиб турибди. Қўлида “Каптива”сининг калитини ўйнаяпти.
 – Хўш, қани ўша пул ташувчи машина? Кўрсатасанми? Ёки эртага чойхона- паловми? – деди у.
 – Ичкарига кир! – даъват қилдим мен ва ҳовли бурчаги томон йўл тутдим.
 У ерда менинг устахонам жойлашганди. Барча ихтироларим ана шу ерда туғилганди ва қурилганди. Биз устахонага кирдик. Чироқни ёқдим. Дўстим, балки танишимдир, яна билмадим, устахонамга синчиклаб назар солди.
 – Қани у? – сўради у.
 – Нима? – дедим мен.
 – Ўзинг айтган пул ташувчи машина-да! Устахонангга машина сиғмайди-ку!
 – Менга қара, дўстим! – дедим унга. – Машина деганда сен тўрт ғилдиракли, бензинни ёнишидан вужудга келадиган куч ёрдамида юрадиган қурилмани тушунасан. Мен эса, одам томонидан бошқариладиган, маълум бир фунцияни бажара оладиган механизмлар йиғиндисини англайман. Мана, ўша сенга айтган машинам!
 Унга катта стол устида турган каттагина, томонлари бир метрдан чиқадиган икки темир шкафни кўрсатдим. Унга ўтган куни хафсала билан кул ранг бўёқ пуркагандим, чиройли бўлиб, ярқираб турарди.
 – Шуми, машинанг?
 – Ҳа!
 – Бу қурилмангга менинг бир соатлик тушум пулим ҳам сиғмайди-ю!? Унинг ғилдираклари қани? Ёки булар юк машинасига ортиладими? Агар, шундай бўлса, бу нарсангнинг менга умуман кераги йўқ!
 – Сен – савдогарсан! Чайқовчисан! Сенинг каллангни фақат пулларнинг тасвири эгаллаган! Ўйлаганинг – қандай қилиб бўлса ҳам фойда олиш. Атрофингда пул билан боғлиқ бўлмаган қанча антиқа воқеалар рўй беряпти, қизиқмайсан ҳам. Сен ўз фикрлаш доирангдан ташқарига чиқ! Бу қўлингдан келмаса, сўра.
 У хижолат бўлгандек бошини қашиди ва сўз қотди.
 – Хўш, айтчи, ушбу шкафчаларинг қандай қилиб тонналаб пулларни банкка олиб бориб беришади?
 – Мана шу, сен “шкафчалар” деб номлаган машинанинг ишлаш принципи жуда оддий. Супермаркетингнинг кассири биринчи шкаф ичига саналган пулларни қўйиб тўлдиради. Кейин эшикчасини ёпади ва мана бу яшил тугмани босади. Зум ўтмай бу пуллар банкнинг махсус хазина хонасига ўрнатилган иккинчи шкафча ичида пайдо бўладилар. У ерда ўтирган бошқа кассиринг пулларни олиб банк ходимига топшираверади. Тушундингми?
 – Ҳа! – деди у. – Бироқ, шкафчангнинг ҳажми кичик-ку! Тонналаб пулларни сиғдиролмайди!
 – Дўстим! Ахир бу жараён бир марта эмас, ҳар ўн минутда амалга ошириб турилади. Саккиз иш соатида қирқ саккиз марта пул юбориш мумкин. Ҳар бир жўнатмани камида юз килограмм ҳисобласак, оқибатда бир кунда беш тонна атрофида пул узатиш мумкин. Бу сенга камми?
 – Йўқ, ўртача уч-тўрт тонна пул жўнатаман.
 – Ана кўрдингми? Сен буни ишлатиб тур. Кейинги пул ташувчи машинам ҳажми каттароқ бўлади. Бу ахир, биринчи тажрибавий қурилма.
 – Шкафчаларингни синаб кўриш мумкинми?
 – Албатта! Қани чўнтагингдаги барча пулларни чиқариб, биринчи шкафча ичига қўй! Бир сўми йўқолса, мен кафил!
 – Яхши, пулларим ғойиб бўлса, ҳаммасини тўлайсан!
 – Розиман. Агар шундоқлигича қолса, ярми меники! Келишдикми?
 – Бўпти. У ҳолда камроқ пул қўяман.
 Дўстим, балки у шунчаки танишимдир, яна билмадим, чўнтагидан бир бойлам беш минг сўмлик чиқарди-да, унинг ярмидан камроғини ажратиб, шкафча ичига қўйди. Эшикчасини ёпди. Кейин менга юзланди.
 – Мана шу тугмани босаманми?
 – Ҳа, қўрқма. Ҳозир натижани кўрасан.
 У оҳиста кўрсаткич бармоғи учини тугмага тақади-да, уч-тўрт сония ўйлаб тургач, шартта босди.
 – Энди, иккинчи шкафча эшигини оч, – дедим мен.
 У айтилган жойда турган пулларини кўриб, хурсанд бўлиб кетди.
 – Вой! Алдамабсан! Ҳақиқатдан ҳам машинанг пул ташир экан!
 – Кўрдингми? Энди пулларингни санаб кўр, камаймабдими?
 – Ахир, санамасдан қўйгандим-ку!
 – Барибир, сана! Ярмисини менга беришинг керак! – хитоб қилдим мен.
 У жилмайди.
 – Бу пул ташувчи машинангни қанчага сотасан?
 – Сенга сотмайман. Шундоқ бераман!
 – Нега? Ахир бунга қанча меҳнатинг сингган-ку!
 – Оғайни! – табассум қилдим мен. – Бу дунёда энг зўр муносабатлар пулга, таъмагирликка боғлиқ бўлмаган муносабатлардир. Сен ахир менинг дўстимсан. Лекин, буни аниқ билмайман, балки шунчаки танишимдирсан. Буни келажак кўрсатади.
 – Нега ундай дейсан, неча йиллик қадрдонмиз-ку!
 – Чунки, сен пулинг кўпайиб ўзгариб қолгансан. Улфатимиздаги ночорроқ дўстларимизни гоҳо-гоҳо менсимайсан. Бу нарса ўзингга билинмас, лекин ташқаридан яққол кўринади.
 – Йўғ-е, ростданми?
 – Ҳа. Лекин, яна бир нарсани билиб қўй. Қайнотанг катта амалдор бўлмаса, ўзинг супермаркет эмас, кичик дўкончани ҳам юргизолмасдинг, билдингми?
 – Жа, пастга урма, оғайни.
 – Сен атрофга кўзингни катта очиб қара. Агар нотўғри уйланганингда,
ка-атта дўконингни аллақачон олиб қўйишган бўлишарди.
 – Кел, дўстим, фалсафани йиғиштирайлик. Муддаони айт!
 – Ўтган ҳафта телевизорда россиялик, лекин миллати ўзбек бир миллиардер билан журналист суҳбатини намойиш этишди. Ўша улка-ан тижоратчи айтдики, олимларнинг ихтироларини тижоратчи олиб, ҳаётга татбиқ этмаса, у ихтиронинг қиймати бир пул. Шу ғоят доноларча фикрга асосланиб, сенга пул ташувчи машинани текинга бераман. Сен уни ҳаётга татбиқ эт!
 – Дўстим, раҳмат! Аммо, банк бу шкафчани унинг хонасига жойлаштиришимга рози бўлармикан?
 – Мен сенга айтдим-ку, кенгроқ мушоҳада қил деб! Ўша банкингнинг сендака тонналаб пул топширадиган мижози нечта? Ахир, у сенинг супермаркетингдан келган маблағлардан фоиз олиб, таралла-ялла қилиб юрибди. Бошқа банкга ўтаман, деб бир оғиз айт – типирчилаб қолади!
 – Ҳа, сенинг бошинг яхши ишлайди. Тўғри айтасан. Қани, ғиринг деб кўрсин-чи, менга ялиниб юрган банклар қанча! Бунинг устига, бу шкафчалар орқали банк инкассаторлар хизматидан, машина бензинидан, ёлланма миниса-қоравулларидан анча пул тежайди.
 – Ана, кўрдингми? Хуллас, келишдик-а!
 – Ҳа, келишдик! Эртадан иш бошлайман. Юк машинасини қайси пайт жўнатай?
 – Аввал, бухгалтериянгдаги хушёрроқ бир кассирингни жўнат. Мен унга машинада ишлаш йўлларини яхшилаб ўргатай. Дўконингда машинамни ҳар ким ўйнаб бузиб қўймасин. Ҳа, айтгандай, кассиринг чиройли бўлмасин. Хотиним ўлгундай рашкчи!
 Дўстим, у балки шунчаки танишдир, яна билмадим, менга синовчан тикилди.
 – Сенинг онгинг яхши ишлайди, шунинг учун ҳам ихтирочисан. Менга бир нарсани тушунтириб бер. Буни ҳеч ҳазм қила олмаяпман. Яъни, нега сен менга теп-текинга янги ихтироингни беряпсан? Бу совғангнинг тагида нимадир бор!
 – Сен ёмон тижоратчисан десам, хафа бўласан. Ўйлаб кўр. Бу машинани ишингга татбиқ қилсанг, нима бўлади? Овоза вужудга келади. Миш-миш тарқалади. Барча йирик “Бўри” ва “Анаконда” дўкондорлар сенга қўнғироқ қилишади. Сен машинани мендан олганингни айтасан. Мен эса уларга янги яратган пул ташувчи машиналаримни ка-атта пулга сотаман. Англадингми?!
 – Ҳа-а, бундай демайсанми? Жуда айёрсан! Бўпти, ўзим боплаб реклама қилиб бераман! Машиналарингни сотиб, маза қилиб юрасан!
 – Инсон маза қилиб юриш учун эмас, ишлаш учун, вазифасини бажариш учун яратилган.
 – Майли, у ёғига ихтиёр ўзингда. Айтгандай, мана бу иккинчи шкафга ўтган пулларнинг ярмисини эмас, ҳаммасини олақол. Розиман.
 – Жуда соз! Олавераман. Жугуддан жизза. Эртага ош қайси чойхонада?
 У ўйланқиради.
 – Ўша, одатдаги чойхонада бўлаверсин, кечки пайт. Ўрганган жойимиз.
 – Ош неча кишилик бўлади?
 – Кел, барча улфатлар йиғилиб қўя қолайлик. Баҳонада бир яйраймиз. Мендан хафа бўлганлардан узр сўрайман.
 – Бўпти, улфатларга ўзим маълум қиламан. Вақт алламаҳал бўлиб қолди. Мен энди ётишим керак. Тўйиб ухламасам, ихтиролар қила олмайман.
 – Майли, унда менга рухсат. Кетдим.
 Дўстимни, у балки шунчаки танишдир, яна билмадим, кўчагача кузатиб чиқдим. У “Каптива”сига ўтирди-да, ғизиллаб уйига жўнади.
 Қайтиб устахонамга кирдим. У ерда ҳақиқий, ҳар қандай шароитда ишонсам бўладиган, умуман пулли алоқам йўқ, ўзга сайёралик дўстим ўтирарди. Супермаркет эгаси билан суҳбатлашаётганимда у кўринмас бўлиб олганди. Одатдаги оч яшил рангига сал қизиллик кирибди. Гугурт қутисидек келадиган кўзлари чақноқ. Одатда осилиб турувчи қулоқлари дик. Шундоқ ҳам катта оғзи янада қулоқларигача чўзилиб турарди. Олти бармоқлик қўлларини чалиштириб олган.
 – Ҳа, нега хурсандсан? – сўрадим мен.
 – Нечун қувонмай, ишимиз деярли битди-ку! – деди у.
 – Ҳа, – унинг фикрига қўшилдим. – Деярли битди. Яқинда ҳаёт янада ўзгаради. Ушбу ихтиро натижасида.
 – Балки, бу воқеани нишонлармиз? – таклиф киритди у.
 – Сенга, нима, шарбат қуйиб берайми? Ароқ ичмайсан-ку!
 – Шарбатингнинг тўқсон фоизи кимёвий модда! – таъкидлади у. – Бундай “ихтиро шарбат”ни ичиш соғлиққа ўта зарар. Яхшиси, тоза, газсиз “Шаффоф” минерал суви бер. Шу сув узоқ сайёрамиздан келганларга жуда ёқади.
 – Яхши, дўстим. Ҳозир олиб чиқаман. Ўзимга ҳам ёқади.
 Мен шундай деб ошхонага йўналдим.
 Сувли пэт-бутилка ва икки пиёла кўтариб келганимда,унинг кўзлари янада чақнаб кетди.
 – Раҳмат! – деди у пиёладаги сувни ичиб олгач. – Энди, мен кетаман. Сен бу ерда қолиб, янги-янги телепортацион пул ташувчи машиналарни ишлаб чиқаравер. Корхона расмийлаштир. Солиқ тўла. Топадиган пулинг ҳалол бўлсин.
 – Хўп бўлади! – жавоб қилдим мен, сувни мириқиб ичиб.
 – Мен энди икки йилдан сўнг келаман. Сенга бошқа ихтиро олиб келаман. Уни ҳам ҳаётга татбиқ этамиз.
 – Кейинги ихтиро нимадан иборат бўлади?
 – Вақтни чўзиш машинаси!
 – Бу қурилма нимага керак? – таажжуб билан сўрадим.
 – Ўзинг ўйла! Бошқаларга гапирасан, каллангни ишлат деб. Билиб қўй, ҳар бир ихтиро инсоннинг ҳаётини яхшилаш, жамият ривожланишини тўғри томонга йўналтириш учун хизмат қилиши керак.
 – Бир саволим бор, берсам майлими?
 – Айтақол, дўстим!
 – Ҳозирги пайтда ҳаёт жадаллашиб, фан ва техника жуда ривожланиб кетди. Эллик йил аввал яшаган инсон давримизга келиб қолса, жуда ҳайрон қолса керак. Буларнинг ҳаммаси тинмай қилинаётган ихтиролар натижасидир. Ана шу ихтироларга сайёрангиз вакилларининг алоқаси борми?
 – Ҳа, бор! Ер юзига келиб янги ғоялар бераётган, инсонни ҳаракатга мажбур қилаётган фақат мен эмасман. Биз, онги тўғри ишлайдиган олим одамларни топиб, улар билан мулоқотга киришамиз ва янги чўққилар томон судраб чиқамиз.
 – Нима сабабдан? Сизга Ер юзидаги ҳаётнинг ривожланишидан нима наф бор?
 – Биз сизга дўстмиз. Беғараз, пулли муносабатларга асосланмаган дўстмиз. Тушундингми? Сизда ҳаёт ривожланса, қувонамиз. Ёки сенинг ҳам онгинг шундай дўстлик бўлишига ишонмайдими?
 – Ишонмайди!
 – Жавоб нотўғри. Шундай фикрласанг, бошқа олдингга келмайман.
 – Ҳазиллашдим, – дедим мен. – Албатта ишонаман. Мен сени кутаман.
 Ҳақиқий дўстим ҳовлига чиқди-да, юлдузли осмонга боқди. Олти бармоқли қўлларини юқорига кўтарди. Унинг танасини фазодан тушган ёруғлик қамради. У менга қараб қўл силкиди ва охирги сўзларини айтди.
 – Мен ўзимнинг биринчи вазифамни бажардим. Уни қиёмига етказиш сенинг қўлингда. Сенга ишонаман. Биз бир умрга дўстмиз. Хайр!
 Шундан сўнг, у фазога кўтарилиб, ёруғ нуқтага айланди-да, юлдузлар орасига сингиб кетди.
 
 Чах-чам қишлоғи. 08.01.2015. 14:56