Ўткир Ҳошимов. Нега? Нега-а-а?! (ҳикоя)

(Шўролар бошлаган бемақсад афғон уруши қурбонларига бағишланади.)

Троллейбус силкиниб қўзғалди.
— Кейингиси — Бешинчи мавзе! Патталарни чекичлашни унутманглар. Йўлда назоратчи бор.
Ҳамидулла ўрта қатордаги ўриндиқда ўтирибди. Дераза олдида.
«Қўрқади назоратчиларингдан! Студент анойи экан-да, тутқич берадиган. Ярми самбочи, ярми каратэчи! Шунақа дейди-ку, кейинги пайтда назоратчилар ҳам кооператив тузган. Паттасиз одамни ушласа нақд уч сўмни қуртдек санаб олади. Бир сўми давлатга, икки сўми ўзига. Бир гал ўзи ҳам қўлга тушди. Кап-катта одам. Уят-е! Палакат босиб, паттаси тугаган экан… Бир эмас, тўртта ҳирсдай йигит атрофингни ўраб тургандан кейин иложинг қанча! Тўлайсан! Уларниям билгани-билган. Бир кунда эллик кишини ушласа, чўнтагига юз сўм тушиб турибди. Ҳар биттасига йигирма беш сўмдан. Қорнини оғритадими?»
— Эслатаман, йўлда назоратчи бор.
«Қулоқ солади гапингга! Ичида сўкаётгандир ҳаммаси».
Бунақа пайтда марказ томонга одам кам бўлади.
Троллейбус тиқилинч эмас. Ҳар куни битта йўлдан юраверганингдан кейин ўрганиб кетаркансан. Саккиз йилдан бери шу. (Қамоқдан қайтганидан буён.) Қорақамиш «икки-бир»дан (топган номини қаранг: «икки-бир»миш, ўлсин агар, одамнинг тили келишса) секин йўлга тушади. Битта-битта юр-е-еб Студентлар шаҳарчасига келади. Троллейбусга ўтириб, (эрталаб жой бемалол-да) Ўрдагача боради. Ишига. Ошхонага. Кечқурун шу йўлдан орқага қайтади. Қорақамишга. Уйига. «Шеф» — инсофли одам, Охун ака. Ишга ундан олдин бориб туради. «Чаққон-чаққон қимирлайду, Ҳамидуллахон! Ҳали замон лағмонхўрлар клидў».
«Контролёр кўринмайдими? Даф бўлсин. Болаларга ачинади-да, одам. Студентга уч сўм кичкина пулми? Шунақа-ку, елкасига магнитофон осиб, чиройли-чиройли қизларни қўлтиқлаб юрадигани қанча. Магнитофонга етган пул паттага етмайдими? Йў-ўқ, олмайди. Юради отасининг сояи давлатида магнитофон варанглатиб! Ота шўрлик ўғлим Тошкентдек шаҳри азимда ўқияпти, олим бўлиб келади, дейди. Офтобда елкаси яғир бўлиб кетмон уради. Насибасидан қийиб жарақ-жарақ пул жўнатади. Булар бўлса… — Ўргилдим обберадиган шаҳарингдан! Худога шукр, Раҳматилласи яхши бола чиқди. Ичмайди, чекмайди, ёмон йўлга юрмайди. Уям шу ерда ўқирди. Биофакда. Биринчи курсни битириб армияга кетди. Насиб этса, келади эрта-индин». Оббо! Ёмғир бошланди-ку… Қамалишига ёмғир сабабчи бўлган. Ёғирмас-ку, хўжайини. «Волга» ҳайдарди. ТНО. Министрни олиб юрарди. Ўша кеча хўжайин идорада анча ўтириб қолди. Кейин тағин «бир жойга» борди. «Северо-Восток»даги тўққиз қаватли уй тагида Ҳамидулла моторни ўчириб, узоқ ўтирди. Ўрганиб қолган. Аввал ҳам кўп келишган, «Северо-Восток»ка… Кейин хўжайинини уйига обориб қўйди. Ярим кечадан ошган эди. Ёмғир ёғиб турувди. Ҳамидулла шошиларди. Раҳматилланинг туғилган куни эди. Ўн ёшга чиққан куни. Палакатни қаранг: плаш кийган одам кўчани кесиб ўтаётганини кеч пайқабди… Эртасига хўжайини уни юпатди… «Ўзи стовосьмой, пиёниста экан. Оёғи синибди. Балоям урмайди. Касалхонага обориб яхши қипсиз. Сизга ҳеч нима қилмайди. Мен борман. Фақат, битта илтимос, биров сўраса «анови ёққа» борганимизни айтмайсиз. Учта болам бор, тирикчилик экан, жиндай киракашлик қилаётгандим, деб қўяқоласиз». Ҳамидулла хўжайин айтганини қилди… Икки йилга кесишди. Бир бегуноҳ фуқарога оғир тан жароҳати етказгани учун, давлат машинасидан ўз шахсий манфаати йўлида фойдалангани учун. Ахлоқ тузатиш колониясига ҳукм қилишди. Ахлоқ тузатармиш! Начора, пешанада бор экан. Хотини қон-қон йиғлади, хўжайиннинг олдига борса, секретари киргизмабди. Бунақа пайтда одам чодирхаёл бўлиб қоларканми, суддан кейин хотинига айтди. «Ёшсан, мабодо кўнглинг бўлинса… бошқа бировга… майли…» (Керакмиди шу гап?) Хотинининг кўзи ғазабдан ёниб кетди. «Ундан кўра ўлдириб кетақолинг!» Кейин ўғли билан гаплашди. Раҳматилла учинчи синфда ўқирди. Эсини таниб қолганди. Бошига иш тушганда одам ақлли бўлиб кетарканми, Ҳамидулла хўп доно гаплар айтди. «Сен энди катта йигитсан, ўғлим. Оилада сендан бошқа эркак йўқ. Опангга ёрдам бер, сингилларингни бошини сила». Ўн яшар бола онасига қандай ёрдам беради-ю, сингилларини бошини силаш учун нима қилиши керак?.. Нима десин? Бир нима дейиш керакмиди, ахир? Ўйлаб турди-да, қўшиб қўйди. «Икки йил нима? Ғиз этади, ўтади-кетади. Сан ўғлим, хапа бўма». Ўғлининг йиғлаб юборишидан қўрқар эди. Агар Раҳматилла йиғласа ўзиям… Йўқ, ўғли йиғламадиям, гапирмадиям. Ерга қараб тураверди.
Сурхондарё томонда «ахлоқини тузатишди». Темир йўл яқинида. Қора пахталик кийган аристонлар… Кечалари оғир ғўнғиллаган самолётлар, муттасил тарақа-туруқ қилиб ўтадиган юк поездлари… Аввалига ярми очиқ вагонларга ортилган юкларнинг усти брезент билан ўраб қўйилгани учун ҳеч бало кўринмасди. Кейин брезент қопламасиз ташийдиган бўлишди. Танклар, замбараклар, БТРлар. Колонияда сиёсий ахборот бўлди. Империализм малайлари Афғонистон демократик республикасидаги Савр инқилобини бўғиб ташламоқчи бўпти. Шонли совет жангчилари ўзининг интернационал бурчини шараф билан бажаришга киришибди.
…Ўшанда Ҳамидулла ҳеч нимани ўйламади. Ўйлаб нима қилади? Шу падарингга қусур икки йилни омон-эсон ўтказса, уйига, хотинининг, иккита норасида қиза-лоғининг олдига борса, ўғлини кўрса бас. Машина деган палакатнинг рулини ушлаган номард! Дуч келган юмушни қилаверади. Зўр келса, Эски шаҳардаги мардикор бозорига бориб, ғишт қуяди, ҳаммолчилик қилади. Аммо лекин болаларини бировга зор қилиб қўймайди. Қаранг, бир нарса етти ухлаб тушига кирмабди. Ой ўтади, йил ўтади, пайти келиб сенинг ўғлинг ҳам Афғонистонга боради, интернационал бурчини бажаради…
«Боши тошдан бўлсин ишқилиб. Кўпи кетиб, ози қолди».
— Чекичламаганлар ўзидан кўрсин. Уч сўм жарима тўласа хотинига пайпоқ ололмайди, уйида жанжал бўлади.
«Оббо! Шанғиллавераркан-да, бу хотин, қўлимга микрофон тегди деб!»
«Ғунча». Номиниям топганми? Майли, буям болаларга бир эрмак-да. «Ну, погоди» деса, жонини беради. Бўрини айтмайсизми, бўрини! Вой, қисталоқ!»
Ота ҳовлиси шу ерда эди. Сув бўйида. Зилзиладан унчаям шикаст етмади. Болахонанинг синч деворидаги гувалалар тўкилганини айтмаса… Ҳамидулла ўшанда ҳали уйланмаганди. Шофёрлик курсини энди битирганди. Аслида-ку, тарихчи бўлмоқчийди. Университетга киришни орзу қиларди. «Китоб ўқигин, ҳа-а, ўқийвер, ёғи чиқади! Отангни бекитиб қўйган ғазнаси бор! Қайнаб чиқяпти. Сени уйлантиради, бола-чақанг билан қўшиб боқади! Тур ўрнингдан, қулупнайни чопиқ қил! Эртага бозорга опчиқиб сотсанг, кунингга шу ярайди!» (Отасининг асаби чатоқ эди.) Зилзила баҳонаси билан «бузди-бузди» бошланди. Бу ерда кўп қаватли муҳташам бинолар қад кўтарар эмиш. Осмонўпар қасрлар… Урушда бир оёғини ташлаб келган отаси қўлтиқтаёғини дўқиллатиб, э, югурди-я! Райком, райисполком, гор-исполком…
Ҳамидулла отасининг чўлтоқ оёғини кўп кўрган. Чап оёғини… Тиззадан юқориси сақланиб қолган оёқ аллақандай ингичка тортиб кетган. Учи тўмтоқ, кўкимтир қизғиш рангда. Шимининг почасини қайириб, оқариб кетган эски қайишига қистириб олади-да, ҳаккалаб бориб деворга тираб қўйилган қўлтиқтаёғига ёпишади. «Резинкаси ейилиб кетибди, — дейди тўнғиллаб. — Бу онангни… аптекада топилса экан!» Ҳассасини дўқиллатиб, ҳов-лига тушади. «Керак бўлса Москвагача бораман», — дейди аллакимга дағдаға қилиб. — Кўкча мозорида отам ётибди, онам ётибди! Ота-бувамдан қолган уйни бузадиганнииг боши ўнта. Ана, қўлидан келса ремонт қиб берсин! Ўлигим шу ердан чиқади. — Иккала ҳассатаёғини ерга баравар уради — шу ердан! Исполкомдаги жипириққа гапирсам, безраяди. «Майли, бузадиган ердан жой олинг, уч йилдан кейин шу маҳалладан дом берамиз», дейди. Уч йилгача онангни чорбоғида тураманми? «Бўлмаса, Қурбақаободдан участка олинг»миш. Қурбақаободи ернинг киндигида бўлса, тилладан тоғим борми, бир четидан ушатиб иморат қурадиган. Йўқ, Москвага бораман. Учинчи Украина фронтининг жангчиси, Ватан учун қон тўккан «Шуҳрат» ордени кавалери хор бўлди, дейман. Уйим босиб тушгани йўқ, ремонтиям бошида қолсин, бузмасин, дейман. Домини пишириб есин, дейман».
Отасининг елиб-югуришлари шу бўлдики, уйларида чироқ ўчиб қолди. Газ келмай қўйди. Маҳалладаги ўттиз икки хонадон «дом»га кўчишга рози бўпти. Йигирма битта оилага Қурбақаободдан ер берилибди. Саккиз хонадон «бузиладиган ер»га рози бўлиб, қариндошлариникига кўчиб кетибди. Уйларга бульдозер қўйилди.
— Ўлсин-ей! Мунча имиллайди бу! Аксига олади ўзи. Соатингиз неччи бўлди, амаки?
«Амаки-я! Ўзининг юзи тегирмончииинг маҳсисига ўхшайди-ку, амаки дейди. Упаниям беармон чаплабдими? Қариликни бўйнига олса ўлади бу хотинлар! Минг сўмлик пальто кийиб, гул кўтариб юргандан кўра икки сўмнинг баҳридан ўтсанг, жониқиб кутаётганингнинг олдига ўн минутда борасан. Ана, кўча тўла кооператив такси».
— Соатим йўқ, хола! Манда соат нима қилсин. Пўристой одам бўлсам.
«Э, ўл-а! Ўзинг ҳам жа тажангсан-да! Ёш бўлгиси келса нима қилсин бу шўрлик …Қўндоқда текканда. Гўринг нурга тўлгур отанг ҳам шунақа кажбаҳс эди… Қизиқ, бугун отанг тушингга кирибдими? Қамоқда ётганингда ўлиб кетган отанг? «Қўлтиқтаёғим қани, нега йўқотдинг», деб бақирибдими?»
Тавба, отаси майка-турсида эмиш. Кесилган чап оёғи нуқул дикиллармиш. «Топ! Ҳозир топасан таёғимни, бўлмаса ўртоқ Брежневга бораман, мен фронтовикман, дейман! Сен ҳам арзимга қулоқ солмасанг, лична Олий Бош қўмондоннинг ўзига арз қиламан, дермиш. «Э одамнинг тушига нималар кирмайди?»
«Ҳамза театрими? Афишани қаранг, афишани! «Халқлар жаллоди». «Эртага премьера!» Қойил! Эртага одамлар янги томоша кўради. Сталинни сўкиб-сўкиб чиқади. Яшавор, шоввоз. Тириклигида доҳий ясайсан, ўлганидан кейин гўрдан олиб, гўрга тиқасан…
Ана, телестудиядан ҳам ўтдик. Шу… телевизорни ўйлаб топганниям отасига минг раҳмат-е! Уйингда индийский чойни ичиб ёнбошлаб ёт-е-еб, дунёни томоша қиласан. Ойнаи жаҳон-да! «Оталар сўзи»ни айтинг. Дилингдаги гапни топади-я. Барака топинг-е, отахон! Ўртадан андиша кўтарилди, одамларда инсоф йўқ… Қаранг, телевизор деган нарсани Тошкентда ясашган экан-у, мушук ановисини бекитганидек шуниям овоза қилишмайди. Ҳа, энди, Тошкент қолоқ бўлган, саводсиз бўлган».
— Ўрдада тушмайсизми, синглим? «Кўрдингми, дарров чеҳраси ёришди. Нари борса ўзинг тенги хотин кишига «хола» демасанг асаканг кетармиди? Шунақа-ку, пардоз-андоз қилган хотинни кўрса… Ўзингнинг хотининг бошқача-да! Йигирма бир йил турмуш қилиб, бир марта лабига бўёқ сурмади-я. Икки гапнинг бирида: «Раҳматим келса, ҳафта ўтмай тўй қиламиз», дейди. Кўрпа-кўрпачалар тайёр, келин сарполар таппа-тахт. Шу кунларга етказсин. Майли, ҳафта, ўтибмас-ку, баҳорда… Умр савдосида бу. Келинниям таг-тахтини суриштириш керак. Ота-онаси ким, авлод-аждоди ким. Раҳматилла келишган бола. Ичмайди, чекмайди, ёмон йўлга юрмайди. Шундоқ бўлгандан кейин келин ҳам… чиройли бўлади, эсли-ҳушли, уйим-жойим дейдиган бўлади… Эрталаб ишга отланганида, «адажон, чойингиз тайёр, қуймоқ пишириб берайми», дейди. Э, умрингдан барака топ, болам! Қўшганинг билан қўша-қаригин, бахтли бўл, қизим! Кейин… Неварали бўлади. Тўнғич невараси ўғил бўлади. (Раҳматилла азамат йигит.) Ухлаб ётганида қўйнига кириб олади. Уйғонсаки… ҳалигидақа. «Ие, полвон биз томонга чоптириб юборибдилар-ку», деса, бувиси юпатади: «Неварангиз ҳалитдан буён тортқилайди, уйғонмаганингиздан кейин жаҳли чиқди-да, дадажониси!» Невараси «дадажониси»га қараб қиқир-қиқир кулади…
— Кечирасиз, синглим, ўтиб кетсам… Раҳмат… «Вой-бу-у! Атирга чўмилганми бу хотин, нима бало, димоғни ёради-я! Бола-чақадан вақт орттириб пардоз кўнглига сиққани… Э, бизни хотинларни бошидан сув ўгириб ичсанг арзийди. Уйим-жойим дейди, бола-чақам дейди… Худодан ҳам ўргилдим, яхши кўрган бандасидан дардини аямас экан-да! Бугун тағин нолиди: нафа-сим қисяпти, адаси, ёмғир ёғади шекилли. Ёққани яхши бўлди, шояд нафаси қисгани ўтиб кетса. Шошма, тағин нима деди? «Раҳматингиз тушимга кирибди, оёғим сов-қотиб кетяпти, адамга айтинг, менга этик олиб берсинлар, деяпти. Боламнинг жони соғмикан?» Хотин кишининг туши тескари бўлади. «Анави ёқда» юрганида «тушимда ўлиб қопсиз, ўзингизни эҳтиёт қилинг», деб саккиз марта хат ёзган. Раҳматиллага нима бўларди. Бақувват, эсли-ҳушли бола… Шунақа дейди-ку бу — Афғонистон…» Раҳматиллани аэропортда кузатаётганида қаттиқ тайинлаган. «Ўғлим, сен ақлли йигитсан, опангни ҳоли ўзингга маълум… Мабодо Афғонистонга тушиб қолсанг, хатни Термиздан деб ёзавер.
Мана, икки йилки, «Термиз»дан хат келади. Хотини хурсанд. Телевизорда Афғонистонни кўрсатса, тавалло қилади: «Адажониси, пешанамиз ярақлаган экан, яхшиям Раҳматиллангиз Термизда хизмат қиляпти»… Телевизорни шартта ўчириб қўйсанг, хотининг, қизларингни кўнглига гап келса… Кўраверай десанг… Хайрият, уч кун аввал хат келди. «Термиздан соғинчли салом. Адажон, опажон, ширин сингилларим — Маҳфуза, Феруза… Мен соғ-саломат юрибман, ҳеч нимадан камчилик йўқ. Хизматлар осон. Опа! Мендан хавотир олманг. Декабрнинг ўрталарида уйга бораман».
Бугун нечанчи? Ўн иккинчи ноябрми? Бундан чиқди, узоғи билан бир ойдан кейин.
— Келдинизмў, Ҳамидуллахон. Чаққон-чаққон қмирлайдў…
Халат қаёкда эди? Ҳа, мана… Э, ўл-а, пиёз ивиб қолибди-ку. Бу шогирд болалар ғирт аҳмоқ-да! Арзимаган тўртта қопни панароққа олиб қўйишга эринган. Пўконидан ел ўтмаган.
— Охун ака! Бу болалар…
— Ҳамидиллахон ука, буёққа қаранг, сизну бир одам чақрватидў. Ваенни одам…
Военнийси ким бўлди? Ие, майор-ку! Савлатидан арава хуркади. Нима гуноҳи бор экан? Қизиқ, қучоқлашга бало борми?
— Кечирасиз, ўртоқ начайник. Мен сизни…
— Ҳамид! Танимадинг-а!
«Ўргилдим! Шапка кийганларга кўзинг учиб турувди! Ахлоқ тузатиш колониясида кўп кўргансан!»
— Қарасанг-чи, яхшилаброқ, «тажанг!» «Нима, «тажанг» дедими? Ахир бу…»
— Мактаб эсингдами, тажанг? Мен — Муҳаммадминорман.
«Шошма, шошма… Ахир, бу…»
— Танидингми? Муҳаммадминор… Мен — Муҳаммадминорман.
— Ие, вой, сен-ей! Вой «военний-ей!» Шошма битта ўпий! Э, шапкангни ечиб тургин-да, мундоқ Минорка! Мана бу бошқа гап!
Ахир, бу Муҳаммадминор-ку. бурни товуқникига ўхшагани учун «Минорка» деган лақаб орттирган, мактабни битириб ҳарбий билим юртига кирган, энди сенлар билан йигирма беш йил дийдор кўришолмайман, деб йиғлаган Минор…
— Охун ака! Пиёзни болалар тўғрасин. Биз… бир пиёла чой…
— Шошма, дўстим, чой-пойинг керакмас. Юр бу ёққа! Вақт зиқ.
«Ўҳ-ҳў! Армиядаги старшинага ўхшаб приказ қилади-я, шоввоз! Погон бор — закон бор…»
— Гапимни диққат билан эшит. Сени зўрға топдим. Майли, гап бундамас. Диққат билан эшит. Ҳозир бир жойга борамиз. Ғинг деб овоз чиқармайсан. Ёмон бўлади, тушундингми, менга ёмон бўлади. Военврач сифатида.. Бўл тез!
«Нега ёмон бўлади? Қанақа военврач? Шошма, Минор… Муҳаммадминорнинг майорлик погонида илон расми борми? Бундан чиқди…»
— Вақт зиқ! Бугун госпитал бўйича мен дежурман. …Ғиштин девор. Панжара дарвоза. Девор четидаги
қўнғироқ. Муҳаммадминорга честь бериб, ғоз қотган сержант…
— Битта халат! Срочно!
Ҳамидулла халатни минг машаққат билан елкасига илди. Ёмғир ёғяпти. Сердарахт ҳовли. Дилни ғаш қилувчи пастак ғиштин бинолар… Минг лаънат, қарға мунча кўп! Мунча нолиш қилади, бу мараз махлуқлар!
— Минор! Муҳаммадминор! Жон дўстим! Нима гап? Нима бўлди?
— Жим! Ўн биринчи блокка борамиз. Келишдик, овозингни чиқармайсан. Қўрқма, ҳаммаси жойида. Ўғлинг…
«Ўғлим?» «Оёғи нега чалишади? Нега мадор йўқ?» «Тезроқ! Тезроқ!»
Баракка ўхшаш узун палата… Икки қатор темир каравотлар. Тўшаклар… Оқ чойшаблар… Кулранг адёллар. Бир-бирига ўхшаш қиёфалар… Ҳаммаси ёш, ҳамма-си рангпар… Дори иси… «Банниса» иси… Пастак деразадан тушаётган хира нур…
— Ана! Секин… Илтимос, шовқин солма…
— Ада!
Наҳот! Наҳот шу ўғли бўлса! Аэропортда хайрлашаётганида «мендан хавотир олманглар» деган, аввал онаси-ни, кейин уни қучоқлаган, қучоқлаганида белини қисирлатиб юборган… Ҳар сафар «Термиздан соғинчли салом» деб хат бошлаган, «опамга айтинг, хавотир олмасинлар» деган, уч кун илгари «узоғи билан бир ойдан кейин бораман», деб хати келган… Қани, қани ўша ўғли? Ўн яшарлигида «онангни эҳтиёт қил» деганида йиғламай ерга қараб турган, хизматга кетиш олдида девдек йигит бўлиб етилган… Тамом бўпти-ку! Ранги докадек оппоқ… Соқол-мўйлови ўсган…
— Ўғлим, жон болам!
Раҳматилла адёл тагидан қўлини чиқариб, унинг бошини силади.
— Йиғламанг, ада.
Қизиқ, нега соқол-мўйлови мунча дағал? Нега оқарган? Ё Худо! Ўғли ўзидан қариб кетибдими?
— Болам! Нима қилди? Нима бўлди сенга?
— Секин! — Ҳамидулла елкасига кимдир оҳиста қўл босганини ҳис этди. Аммо қайрилиб қарамади.
Ажаб, ўғлининг қўллари нега мунча ожиз? Нега қалтирайди?
— Опамга айтманг, ада! Опамга айтманг… Сизни кўрдим… Докторга раҳмат…
Ҳаяжонли ҳайқириқ янгради:
— Кордиамин! Сестра, кордиамин! Раҳматилланинг юзига қон югургандек бўлди. Ҳатто… ҳатто кулимсиради ҳам. Отаси буни кўрди. Аниқ кўрди!
— Сестра! Ўлиб қолдингми? Кордиамин!
— Ўғлим! Кўзингни оч! Ўғлим!
— Нари туринг, қочинг!
— Йўқ! Бермайман! Боламни сенларга бермайман! Раҳматилла!
У жинни бўлиб қолганга ўхшарди. (Балки чиндан қам эсдан оғгандир.) Шитоб билан адёлни юлқиб четга улоқтирди.
— Тур болам! Тур ўрнингдан! Кетамиз! Уйга кетамиз!
Шунда… Шунда, тўшакнинг ярми бўш эканини пайқади. Ўғлининг иккала оёғи йўқ эди. Тиззадан эмас, ундан ҳам юқорироқдан. Кўкрагидан буёғи дока билан ўраб ташланган. Ҳар жой-ҳар жойда қизғиштоб доғлар. Қотиб қолган қон доғлари.
— Қочинг, гражданин. Халақит беряпсиз.
— Ҳамид кет! Тушунсанг-чи, дўстим, менга гап тегади!
— Йўқ! — У аввал темир каравот қиррасини муштлади. — Йўқ! Йўқ! — Кейин ўғлининг соқоли тикандек ўсиб кетган юзларидан ўпа бошлади.
— Болам, кўзингни оч, Раҳмат!
Ўша заҳоти шилқ этиб ерга ўтириб қолди.
— Нега? — деди инграб. — Нега? Инсофларинг борми? Айтинглар, болам нима гуноҳ қилувди? — Ерга мук тушди-да, намиққан тахта полни қўшқўллаб ожиз муштлай бошлади.
— Нега? Нсга? Нега-а-а-а!!!
1989 йил.