Ўткир Ҳошимов. «Ўзбек иши» (ҳикоя)

Алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчи Корягин машинанинг орқа ўриндиғида ўтирар, толиққан эди. Эски «Жигули» икки бетида бақатераклар тизилган, онда-сонда пахта лахтаклари тўкилиб қолган йўлдан борар, машина эшиги, асабни қақшатиб, муттасил ғийқилларди.
Жуманов дегани, мана, тўрт ойдирки, айбини бўйнига олмайди. У ёкда группа бошлиғи Амбарцумян сиқувга олиб ётибди: «Биз сизни ёш, ғайратли мутахассис сифатида бу ишга жалб қилгандик. Бошқалар обком секретарларини ёнғоқдек чақиб ташлади. Сиз бўлсангиз, аллақандай совхоз директорини эплай олмайсиз».
Минг лаънат ҳаммасига! Пахтасигаям, Жумановигаям! Аввал ҳам «шуғулланишган» у билан. Бир эмас, иккита терговчи… Умуман, ўргимчак уясига ўхшайди булар. Ҳаммаси чатишиб кетган.
Шу топда машина ҳайдаб бораётган Бердиев ҳам кўзига шубҳали кўринди. Вилоят прокуратураси ходими. Пешка! Қаранг, шуниям тагида машина. «Ноль — олти». Ўзида-чи? Кичик адлия маслаҳатчиси-да! Мотоцикл ҳам йўқ… Мунча ғийқиллайди бу эшик?!
— Машинангизни мойласангиз бўлмайдими, Бердиев?
Бердиев ортига қараб жилмайди:
— Кечирасиз, Василий Степанович! — деди чап қўли билан руль ушлаганича, ўнг қўлини кўксига босиб. — Машина меники эмас…
«Қўлини кўксига қўйишга бало борми? Қуллик психологияси!»
— Нима, отангизникими?
— Йўқ, Василий Степанович! Қўшнимизники. Бир кунга сўраб олдим.
Корягин жилмайди.
— Тушунарли… Бундан чиқди, қўшнингиз Қаҳрамон…
— Қаҳрамон! — Бердиев фавқулодда янгиликни хабар қилаётгандек, самимий шанғиллади. — Қаҳрамон Она! Ўн иккита боласи бор.
«Хўп қаҳрамонлик қиптими? Каламушга ўхшаб болалаш жасорат бўлса… Аслида, мана қаерда ётибди ўғирликнинг илдизи! Чурвақалар туғилаверса, ейман-ичаман деб оғзини очиб тураверса…»
— Айтиб қўйинг, Бердиев. Кампир машинасининг эшигини мойлаб юрсин…
Бердиев кулди.
— Кампирнинг праваси йўқ, Василий Степанович. Машина ҳайдолмайди.
— Бундан чиқди, сизнинг исмингизга оформить қилган… «Қаҳрамон»га қандай қариндошчилигингиз бор?
«Новодяший» савол, — Корягин ўзининг соддалигидан мийиғида кулди. — Бордию, Бердиев машинасини «Қаҳрамон она» номи билан хаспўшлаган тақдирда ҳам оғзидан гуллармиди? Ҳарқалай юрист…»
— Айтдим-ку, қўшниси бўламан! — Бердиев орқага ўгирилиб тағин шанғиллади. — Машинани кампирнинг тўртинчи ўғли ҳайдайди. Педагог. Крупская мукофоти лауреати. Мактабда рус тилидан дарс беради.
«Лауреат эмиш! Рус тилидан дарс берармиш! Қани ўша лауреатнинг шогирдлари? Сўроқ пайтида кўзини лўқ қилиб туради. Рус тилини билмасмиш. Аслида-ку, совет ҳокимиятида олтмиш тўққиз йил яшаб рус тилини ўрганмаслик… Билади!!! Балони билади! Ўзини гўлликка солади. Кейин мажбур бўласан Бердиевга ўхшаган маҳаллий ҳуқуқшуносларни ёрдамга чақиришга…»
— Лауреатингизнинг машинаси тезроқ юра оладими, ё аравадан фарқи йўқми?
— Майли-ку, йўл тор, Василий Степанович! Тележка чиқиб қолиши мумкин…
— Тор бўлса, кўзингизга қаранг! Мени биринчи марта кўраётганингиз йўқ!
Мотор кучаниб ўкирди. Машина шиддат билан елиб кетди. Йўл четидаги бақатераклар ғойиб бўлди. На дарахт бор, на иморат. Ҳаммаёқ пахтазор. Уфққача, кўз илғагунча… тўқ яшил, қўнғиртоб далалар. Дилни ғаш қилувчи манзара…
Корягин бўғриқиб, машина ойнасини туширган эди, юзига чанг урилди. Баттар хуноб бўлди. «Қанақа худо қарғаган жой бу! Сентябрь ўрталаб қолди-ку, ҳалиям иссиққа чидаб бўлмайди…»
Орадан ҳеч фурсат ўтмай, димоғига аллақандай бўғувчи ҳид урилди. Хизматчилик! Юрист аралашмайдиган соҳа йўқ. Кейинги йилларда экологияга оид ишларни кўришга ҳам тўғри келган — Днепропетровск, Запорожье… Аммо бунақанги бадбўй ҳиддан баҳраманд бўлиш «насиб этмаган» эди…Атрофга аланглади. Нима бало, шу гадойтопмас жойда ҳам химзаводми? Йўқ, кўз илғагунча уфқда на бирон завод корпуси, на тутун бурқситган қувур кўринади.
— Нима бу, Бердиев? — деди ойнани шоша-пиша кўтариб.
— Дефолиант… — Бердиев йўлдан кўз узмай бораркан, тушунтирди. — Бутифос сепмаса, ғўзанинг барги тўкилмайди.
Корягин ҳорғинлик билан кўзларини юмди. Дафъатан соғинч бир туйғуни ҳис этди. Москва атрофи… Сокин куз… Тиниқ осмон… Кристаллдек беғубор ҳаво… Ҳозир энг яхши фасл. Пушкин айтганидек, «маъюс ва гўзал…» «Бабье лето» деган гап бор. Ҳар йили сентябрда эр-хотин отпуска олиб, Подмосковьега — қайнонасиникига боришарди. Ўрмон. Олтиндек сарғайган эманлар… Шамол эпкинида зириллаб турган оқ қайинлар… Ям-яшил арчазор… Кузги қўзиқоринлар…
Қайнонаси — Надежда Васильевна уларни жон-дили билан кутиб олади. Москвадаги олий категорияли ресторан ошпази ҳам борш билан чучвара пиширишда Надежда Васильевнанинг олдидан ўтаверсин! Ҳайрон қоласан: «Гўзаллик салони»нинг бош косметологи қаёқдаю, қозон-товоқ қаёқда! Ольгани айтмайсизми, хотинини! Эрта-индин докторлик диссертациясини ёқлай деб турган олима! Кибернетиканинг ман-ман деган «худо»лари тан беради унга. Ўша академиклар Оленьканинг қўзиқорин мариновка қилишини бир кўрсами! Сентябрь — эр-хотин орзиқиб кутадиган ой… Афсус, бу йилги таътил ҳам ҳаром бўлди…
Тўғри, айнан шу ойда таътилга чиқишининг битта ноқулайлиги бор. Наташеньканинг ўқиши бошланади. (Бу йил еттинчи синфда ўқияпти). Устига-устак мусиқа мактаби — виоланчело… Лекин Ольга (доно хотин — ярим давлат) буниям йўлини топган. «Ташвиш қилма, Васенька, Наташа ёш бола эмас». Тўғри айтади: подъезддаги қўшни кампирга йигирма беш сўм беришса бас — қизалоқ кечқурун иссиқсиз қолмайди. Эрталаб холодильникни очса, «сухой паёк» муҳайё. Пишлоқ, колбаса, сариёғ, тухум… тушликни мактабда қилади… Кейин мусиқа мактаби. Кофе бор, бутерброд…
…Шанба куни кечқурун саккиздан уч минут ўтганда эр-хотин Наташенькани станцияда кутиб олишади. Москвадан қайнонасиникигача электричкада қирқ икки минутли йўл.
«Папочка!» — дейди қизалоғи вагон зинасидан сакраб тушиб. Ўпишадилар. Кейин бабушкалариникига йўл оладилар. (Ажаб! Қизалоқ онасидан кўра уни кўпроқ яхши кўради).
Эртасига ота-бола қўзиқорин теришади. Оёғига крассовка, эгнига гамаш, оппоқ водолазка кийган, кўкраги бўртиб қолган Наташенька қўзиқоринлар ғуж бўлиб ўсган жойни кўрса, ёш боладек ирғишлайди: «Папочка, қарасанг-чи, папочка, кўрмаяпсанми?» Саватчасини саланглатиб ўша томон югуради… Кечқурун бувиси Наташеньканинг топқирлигини мақтайди…
Корягин ўша дилхуш дамларни равшан тасаввур қилдию, юраги орзиқиб кетди.
…Тормоз нолали ғийқиллаб, Корягиннинг ўзи ҳам, хаёллари ҳам тўзон ичида қолди. Пешанаси олдинги, ўриндиқ суянчиғига урилиб, бир зум гарангсиб турди-да, машина йўл четига чиқиб, кўндаланг тўхтаб қолганини пайқади. Тракторнинг тариллаши қулоғига кирди. Аланг-жаланг қараб, бир эмас, тўртта прицеп уланган трактор тариллаб, имиллаб, катта йўлни кесиб ўтаётганини кўрди.
— Ўлгани кетяпмизми, Бердиев?! — деди қўл дўлғаб. — Секинроқ юрсангиз бўлмайдими?
Бердиев унга қарамади. Чап эшикни очиб, овози борича бир нималар деб бақирди. Тракторчи узр сўраган бўлиб, қўлини кўксига қўйди-да, прицепларини шарақлатган кўйи катта кўчага бурилиб кетаверди. «Саводсиз! Аҳмоқ!».
Корягин моторни ўт олдиришга беҳуда уринаётган Бердиевга жаҳл билан қараб, эшик ойнасини туширди. Юзига чанг урилиб тупурди.
Мотор ҳамон думи босилган мушукдек биғиллар, аммо ҳадеганда ўт олмас эди. Чанг тарқалиб, кўз ўнгида ғалати манзара пайдо бўлди. Бийдек дала, пахтазор. Юз қадамча нарида, марза бошида прицеп турибди. (Ҳозир йўлни кесиб ўтган прицепга ўхшаган). Бошига оқ мато ўраган аёллар, дўппи кийган эркаклар икки букланган кўйи пахта тўла этак орқалаб, прицеп томонга турнақатор келяпти. Худди ўзидан катта буғдой бо-шоғини ортмоқлаган чумолидек. Бир хиллари ҳамон эгат оралаб ивирсиб юрибди. Бўйнига этак осган. Чотини кериб, ғайритабиий гандираклаган кўйи қадам ташлайди. Ҳар бир ғўза бошига эгилиб, икки қўллаб пахта теради, шоша-пиша этакка тиқади. Этак сония сайин шишиб боради.
…Телевизорда пахта теримини кўрган эди. «Время»да. Қорача юзи табассумдан порлаб турган механизатор қиз… бункерга қордек ёғилаётган лўппи пахталар…
У яна хийла тикилиб турди-ю, бир нарсани англади: булар рўмол танғиган хотинлар эмас, ёш қизалоқлар, дўппи кийганлар алп қоматли эркаклар эмас, ёш болалар… «Шошма, бунақа манзарани яна қаерда кўрувди?»
Бердиев ғудраниб капотни очди. Моторни титкилай бошлади.
Эслади! Бир вақтлар «Бошсиз чавандоз» фильмини кўрганди. Ўша кинода хабаш қуллар пахтани саватга тераётгани тасвирланган эди… «Бу ерда этакка теришяпти…»
Бердиев бир бало қилди, мотор ўт олди.
— Бир минут! — деди Корягин ҳамон пахта тераётганлардан кўз узмай. — Ким булар?
— Теримчилар… — Бердиев қўлини исқирт докага артиб, капотни қарсиллатиб ёпди.
— Машина-чи? — деди Корягин астойдил ажабланиб. — Нега машинада термайди?
— Пахта ялпи очилмагунча машина далага тушмай-ди, — Бердиев жойига ўтирди. — Бундан ташқари, қўл терими тоза бўлади.
«Жигули» секин ўнгланиб, юриб кетди. Корягин ортига қараб, ўзидан катта этакни ортмоқлаб кетаётган қизалоқларга яна кўзи тушди. Раҳми келди.
— Нега болалар ишлаяпти? Катталар қаёқда? Бердиев дарҳол жавоб бермади.
— Уларнинг ҳам ўз юмуши бор… — деди мужмал қилиб.
«Тушунарли… Боласини пахтага ҳайдайди, ўзи чайқовчилик қилади. Новосибирскка тарвуз обориб сотади… Аслида-ку ёшларни қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш ҳамма ерда бор. Москвада ҳам картошкага олиб чиқишади. Юқори синфларни. Тўққизинчига кўчса, Наташенькани ҳам чиқарадилар. Балки, музика мактабидан справка беришар — бармоқларини авайлаши керак… Ўзиям студентлигида картошка терган… Ёмғир ёғиб турганида… Лой чангаллаб… Бир сафар, ҳатто тўрт юз килога олиб чиққан. Пахта нима…»
— Қанчадан ҳақ олади?
Беридев яхши англамади шекилли, сўради:
— Ким?
— Болалар. Терган пахтасига?
— Килоси — беш тийин.
«Ёмонмас. Бир кунда беш юз кило терса, накд йигирма беш сўм! Бир оиладан бешта бола пахтага чиқса…»

* * *

«Жигули» ҳамон ғизиллаб борарди. Беридев бу ёқларни яхши билади: «Местний кадр», «XXV партсъезд» совхозининг собиқ директори Панжи Жуманов билан ҳамқишлоқ…
Машина совхоз марказига етиб келди чоғи, хийла обод манзара кўринади. Кўчанинг бир томони — гулзор. Уруш қурбонларига ўрнатилган дидсизгина ҳайкал. Бир ёкда икки қаватли бино. Совхоз идораси бўлса керак, мармар «шуба» билан сувалган. Ундан нарида тепасига «Чайка» деб ёзилган ёзги кинотеатр. Йўл четида рус ва ўзбек тилларида ҳар бири одамдек ҳарфлар билан ёзилган шиор: «Пахта — ўзбек халқининг интернационал бурчи!»
Зум ўтмай, марказ ортда қолди. Тупроғи ўйнаб ётган қишлоқ кўчасига кирдилар. Кўча четида замонавий бетон симёғочлар. Суви қуриган цемент ариқ. Аксариятининг девори оқланмаган уйлар. Баъзиларининг томи шифер билан ёпилган. Тепасида телевизор антеннаси. Баъзилари сувоқли том. Устига ғўзапоя бостириб қўйишибди. (Шунинг учунми, уйлар янаям пастқам кўринади). Деҳқон халқи тадбирли бўлади. Бу ёқларда ғўзапояни ўтин ўрнида ишлатишлари Корягиннинг қулоғига чалинган эди. Ҳолбуки, туман марказидан магистрал газ қувури ўтган. Нари борса, ўн беш чақирим… Начора, газдан кўра ғўзапояни афзал кўрса — ўзининг иши.
«Жигули» бўёғи униққан дарвоза олдида тўхтади.
— Келдик! — Бердиев машинадан тушиб, дарвозага борди. — Марҳамат! — деди худди ўз уйига таклиф қилаётгандек. Дарвозани тақиллатиб ўтирмади. Кафти билан итарган эди, бир тавақаси ғийқиллаб очилди. — Келаверинг, Василий Степанович.
Корягин дарвозадан кирибоқ тўхтаб қолди. Эҳ-эҳ, ҳовлимас, бутун бошли огород-ку 6у! Бемалол кўпқаватли иморат қурса бўлади! Ҳар ким шунчадан ерни эгаллаб олаверса… Разм солиб, бир нарсани англади. Ҳовли катта бўлгани билан бир қарич ҳам бўш жой йўқ эди. Бир томонда помидор, картошка, бодринг пушталари. Бир томон жўхоризор. Сўталари йиғиб олинган, аммо сарғайган поялари сўппайиб турибди. Нариёқ олмазор… Ўрик, олча дарахтлари…
Корягин беихтиёр Бердиевга эргашиб чап томондаги бостирма олдига борди. Бостирмада чанг ўтиравериб, рангини аниқлаб бўлмайдиган аҳволга келган АЗЛК «Москвич» машинаси турибди. («Тўғри, протоколда қайд этилган».) Машина ёнбошида битта занглаган канистр, иккита пачоқ фляга думалаб ётибди. Унга туташ яна бир бостирма. Қозиққа боғланган ола сигир эринчоқлик билан жўхорипоя кавшайди, устига қўнган хира пашшаларни думи билан ҳайдайди. Бир чеккада ёнбошига тезак ёпишган бузоқ ётибди. Корягин бостирманинг пастқам бурчагида боғлоғли турган эшакни дафъатан кўрмаган экан. Эшак узун қулоқларини диккайтириб, шу томонга ҳорғин қараб турди-да, бир-икки ҳирқиллади. Кейин, нола қилгандек ҳанграб юборди. Корягин ҳовлини яна бир карра кўздан кечириб чиқишга улгурди. Бурчакда тандир. Ёнида ошхона: қия эшигидан кўкимтир тутун чиқяпти. Этак томонда икки уй, олди айвон. Рўпарадаги токнинг ёғоч сўрилари том устига чиқариб юборилган. «Ҳамма гап — мана шу пастқам уйларда! Ўзини бечораҳол кўрсатади-ю, полини кўчирсангиз, тагидан бир хум олтин чиқади!» Дарвоқе, ёнбош тарафда яна бир уй қурила бошлаган. Хом ғиштдан девор кўтарилган-у, томи ёпилмай чала қолган. Кўнглида ҳайрат аралаш надоматга ўхшаш туйғу уйғонди. Аллақайси газетада ўқиган мақола эсига тушди. Қизиқ одамлар! Бир қарасанг, туриш-турмуши — ғирт қашшоқ! На одамлардек обстановка қилади, на курортга боради… Нуқул пул йиғади. Жиноят курсисига ўтиришдан ҳам қўрқмайди. Ўн йил, ўн беш йил тўплайди-да, бир кечада осмонга совуриб тўй қилади. Кейин яна йиғади. Биттаси — мана шу Жумановми? Ўқимишли, олий маълумотли… «Маданиятли»сининг аҳволи шу бўлса, бошқалардан ўпкаламаса ҳам бўлади… Миллионер — гадолар!
Ниҳоят эшак энтика-энтика жимиб қолди. Бердиев турган жойида уй эгаларини чақирди. Ошхонанинг қия очиқ эшигида бошига эски рўмол танғиган қоп-қора, озғин кампир кўринди. Рўмол тагидан оқарган сочлари тўзғиб чиққан, гулдор кўйлагининг енгини шимариб олган, қопдек кенг кўйлак беўхшов ҳалпираб турарди.
«Латта ўралган швабрага ўхшайди, — деб ўйлади Корягин. Ажаб, кўнглида армон эмас, қизиқиш, уйғонди. — Бунақа ҳаётга қандай чидайди шўрликлар… Кўникиб кетган-да! «Одамзоднинг энг катта бахти — кўника билиш. Одамзоднинг энг катта фожиаси — кўника билиш… Ким айтган эди?» Эслай олмади.
Кампир шошиб қолди. Билакларига бегона эркаклар назари тушиб «гуноҳга ботаётгандек», ҳовлиқиб енгини туширди. Рўмолини қайта ўраб, салом берди. Бердиев билан узоқ омонлашди. Корягинга ҳам алоҳида таъзим қилди. Бир нималарни гапириб, айвон томон йўл бош-лади.
Бердиев унинг кетидан эргашаркан, Корягинни ҳам таклиф этди:
— Келаверинг, Василий Степанович. Кампир шоша-пиша уйга кириб кетди. Корягин чор-ночор айвон пешига келди.
— Бердиев, — деди имкони борича осойишта гапиришга уриниб. — Жумановнинг онасига айтинг. Биз зарил иш билан келганмиз…
— Онасимас, хотини… — Бердиев хижолатли илжайди.
«Хотини?! Наҳот шу аёл…»
Ўша ондаёқ «кампир» ичкаридан янги кўрпачалар олиб чиқди. Хонтахта атрофига пойандоз тўшаб, оппоқ, озода дастурхон ёзди. Бир зумда тўртта каттакон патир, патнисда олтиндек товланиб турган узум олиб келди. Бердиевга қараб, бир нима деди.
— Дастурхонга таклиф қиляпти, — деди Бердиев аёлдан кўз узмай.
— Вақтимиз зиқ! — Корягин гоҳ Бердиевга, гоҳ «кампир»га қараб, бош чайқади. Шунда «кампир» унчалик ҳам қари эмаслигини, ҳаракатлари чаққон ва шиддатли эканини ҳис этди.
— Ноқулай бўлади, Василий Степанович! — Бердиев туфлисини ечиб, айвонга чиқди. — Одат шунақа.
Корягин истар-истамас хонтахта ёнига чўккаларкан, кўнглида нохушлик сезди.
«Бошланди! — деди инжиб. — Ўргилдим одатларингдан!» — Юзини ўгириб, бир нуқтага тикилиб ўтираверди. Бир маҳал Бердиев эмин-эркин шовқинлаб гапираётганини эшитиб, бошини кўтарди. Айвон олдида бўй-басти баб-баравар иккита бола турар, Бердиев кулимсираб, уларга бир нималарни тушунтирар (эҳтимол, ниманидир сўрар) эди. Болалар негадир илжайиб, жавоб қилади, папкасини муттасил саланглатади. Бирининг бўйнида галстук, иккинчиси галстугини ечиб, шимининг чўнтагига суққан, киссасидан бир учи чиқиб осилиб турибди. «Жумановнинг эгизаклари. Бешинчи синфда ўқийди. (Буям протоколда бор)».
Бердиев нимадир деган эди, болалар чуғур-чуғур қилиб уйга кириб кетди. Аёл пахта гулли чойнак, тўрта пиёла (қизиқ, нега тўртта?) келтириб хонтахтага қўйди. Корягин, беихтиёр тағин зеҳн солди. Йўқ, ҳарқалай хотини Жумановдан қари кўринади. Анча қари! Пешанасини ажин босган, кўзлари ҳорғин… Айниқса, бўйни тошбақанинг косасига ўхшайди. Қайнонасининг гапи лоп этиб эсига тушди. «Хотин киши бўйнидан қарийди. Хотинни ғам қаритмайди, эр қаритади». Нақадар доно аёл Надежда Васильевна! Уятсиз Жуманов! Ўзи пулни пул билан ўйнаган, суюқ аёллар билан ишрат қилган. Шўрлик хотини бу ёкда… Феодал!
Айвон зинасида тапир-тупир эшитилди. Мактаб формасини ечиб, оёғига этик кийиб олган эгизаклар бир нима деб ғужур-ғужур қила бошлади. Аёл ошхонага йўналди. Дастурхонда ётган нонга айнан ўхшаш битта патирни тенг иккига бўлиб, ярмини унисига, ярмини бунисига берди. Зипиллаб келиб айвон пешида осилиб ётган иккита этакни болаларига тутқазди. Эгизаклардан бири этакни қўлтиғига қистириб, нон кавшаганча, дарвоза томон кетди. Иккинчиси тўсатдан этакни ерга улоқтирди. Турган жойида тепиниб, бир балолар деб чинқирди. Кўзларида ғалати ўт ёниб кетгандай бўлди.
— Пахта тергиси келмаяпти, — деди Бердиев кулимсираб. Ниманидир тушунтирмоқчи бўлган эди, бола унга ёвқараш қилиб, ҳурпайди.
«Отасига тортган қайсар экан, — деб ўйлади Корягин ундан кўз узмай. — Генетика!»
Хотин ерда ётган этакни силкитиб, чангини қоқди. Тағин болага тутқазди. Алланима деб юпатди чоғи, бола истар-истамас эшик томон юрди. Аёл тағин ошхонага кириб кетди. Нохуш сукунат чўкди. Аллақаерда мусича кукулади. Бостирма томонда сигирнинг пишқиргани эшитилди.
— Марҳамат Василий Степанович! — Бердиев ярим пиёла чой узатди. Корягин чанқаган эди. Чой ҳўплади. — Узумдан олинг, — деди Бердиев қистаб.
— Бердиев! — Корягин астойдил ранжиб, чимирилди. — Биз меҳмондорчиликка келган эмасмиз. Чақиринг анави хотинни. Палови керакмас!
Бердиев унга алланечук хотиржамлик билан бир лаҳза тикилиб турди-да, қўлидаги пиёлани дастурхонга қўйди. Ошхона томон қараб овоз берди. «Анга» дедими, «янга»ми, Корягин яхши англамади. Хотин ошхонадан мўралади, сунъийроқ илжайиб жавоб қилди.
Худди шу пайт уй эшигида икки ёшлардаги қип яланғоч, дўмбоққина ўғил бола кўринди. Ўзича ғудраниб остонадан ошиб ўтмоқчи бўлди-ю, қоқилиб кетди. Юзтубан йиқилиб, овози борича йиғлаб юборди. Бердиев ўрнидан илдам туриб, ўша томон юрган эди, ошхонадан аёл отилиб чиқди. Йўл-йўлакай алланима деб жавради. Бердиев айвон пешига етиб бормасдан уй остонасида эгнига эски атлас кўйлак кийган, узун сочини иккита қилиб ўрган қиз пайдо бўлди. Ўнг биқинини чангаллаганича, энгашиб болага қўл чўзди.
Корягиннинг юраги орзиқиб кетди. «Наташенька билан тенг бўлиши керак». Қизнинг аллақаери чиндан ҳам Наташенькага ўхшаб кетарди. Бўй-бастими, оппоқ юзи-ми… Йў-ўқ! Наташа бунақа қилтириқмас, ранги ҳам заҳил эмас, соғлом, ўктам…
Аёл югуриб келиб болани қизнинг қўлидан олди. Бағрига босганча уйга кириб кетди. Атлас кўйлакли қиз айвон ўртасида тўхтаб қолган Бердиевга салом берди. Корягии унинг кўзларида катталарга хос алланечук чуқур маъно борлигини дафъатан идрок этди. Бердиев нимадир сўраган эди, қиз бир зум сўзсиз-садосиз тикилиб турди-да, биқинини чангаллаган кўйи уйга кириб кетаверди.
Ичкаридан аёлнинг эркаловчи овози эшитилар, бола ҳамон ғингшиб йиғлар эди. «Эри қамалмаса бу ҳам Қаҳрамон она бўлармиди… Бир эмас, бешта бола. Нима зарил? Ўнта нимжон болани бахтсиз қилгандан кўра битта соғлом болага бахт берган яхши эмасми?»
Корягинни яна хаёл олиб қочди. Наташенька кичкиналигида жуда йиғлоқи эди. Эр-хотин оқшомлари Сокольникига чиқиб, сайр қилишар, коляскани итариб бораётган Ольга, қизалоқ ҳадеб йиғлайверганидан хуноби ошиб бақириб берарди: «Мен буни ёлғиз ўзим учун туғдимми, ё ўйнашдан орттирдимми? Овут болангни!» Корягин бир қўллаб «лю-лю-лю» деб, коляскани беўхшов силкитар, иккинчи қўли билан хотинининг елкасидан қучиб, таскин берарди: «Сенга асабийлашиш мумкин эмас, жоним…» Охири Наташенька ухлаб қолар, эр-хотин араз-таразни унутиб, уйга қайтишар, (уйлари паркка яқин), лифт чақириб, ўн тўққизинчи қаватга кўтарилишар, шунда Ольга эркаланиб унинг бўйнига осиларди: «Бўлди, Васенька, энди ҳечам туғмайман».
…Ниҳоят, ичкарида бола йиғиси тинди. Аёл айвонга чиқиб, хонтахта ёнига тиз чўкди. Узум бошларини майдалаб, тановул қилишга ундади. Қизиқ, унинг нигоҳида на асабийлик, на жаҳл сезиларди. Гўё боласини коляскада сайр қилдириб, энди ухлатган бахтиёр онадек хотиржам ва осойишта эди.
Аёл Бердиевдан кўз узмай, алланималарни гапирди. Узоқ гапирди. Аввал вазмин, кейин безовталаниб… Бердиев қулоқ қоқмай тинглаб ўтирар, ора-чора бош ирғаб, маъқуллаб қўярди. Гўё терговчи эмас, туғишган укасидек.
— Нима деяпти? — Корягин хотиннинг гапини бўлиб, Бердиевдан сўради.
— Қизи иккинчи марта сариқ бўпти. Касалхонада жой йўқмиш…
— Нима, сиз врачмисиз? — Корягин гарчанд кўнглида қизга ачинса ҳам, хуноби ошди. Сигарет тутатди.
— Эрим қачон чиқади, деяпти, — Бердиев аёлнинг шунча гапини лўндагина таржима килди. — Кўргани боришса киритишмабди.
— Ўзингиз юристсиз-ку, Бердиев! Тушунтиринг. Тергов тугамагунча свидание берилмайди.
Бердиев сўзини тугатар-тугатмас, аёлнинг юз ифодасида ҳайрат пайдо бўлди. Бир нималарни тез-тез гапирди.
— Эрим «кома»га тушиб қолмайдими, деяпти. Жумановнинг сахар касали бормиш. Ҳоли нима кечади, деяпти… Ҳалигача кўмир олишмабди. Қиш келяпти, нима қиламиз, деяпти.
«Кўмир олмаганмиш, — деб ўйлади Корягин ижирғаниб. — Ишлатсин хумчага босиб қўйган олтинларини!»
— Айтиб қўйинг, Бердиев! — деди қовоғини солиб. — Албатта, қамоқ — санаторий эмас. Аммо қўрқмасин, эри очидан ўлмайди! — Сигаретни ерга ташлаш учун ёнбошига ўгирилган эди, беш-ўн қадам нарида тўдалашиб турган одамларга кўзи тушди. Олача матодан кўйлак кийган кампирлар, қора-қура ёш болалар… Яқин келишга ҳайиқиб, ғуж бўлиб туришибди. «Томошабин етишмаётувди ўзи!»
— Айтинг, — деди у гоҳ Бердиевга, гоҳ хотинга қараб. — Эрининг тезроқ чиқиши ва умуман, чиқиш-чиқмаслиги кўп жиҳатдан унга боғлиқ!
Таржима тугар-тугамас, аёлнинг кўзларида умид ярқ этди.
— Нима хизмат бўлса, тайёрман, деяпти.
— Мана бу бошқа гап! — Корягин хотиннинг кўзига синовчан тикилган кўйи таъкидлади. — Ҳар битта сўзимни аниқ-равшан таржима қилинг, Бердиев. Бунинг гапини ҳам сўзма-сўз таржима қиласиз. — Биз, Жуманова, сизни сўроқ қилмокчи эмасмиз. Сўроқ қилсак, чақиртириб олардик. Шунчаки, суҳбатлашгани келдик. Қанча очиқ гаплашсак, шунча яхши. Сиз эрингизнинг соғ-саломат чиқиб келишини истайсизми?
— Эримдан бошқа суянчиғим йўқ, — Бердиев қоидага биноан сўзма-сўз таржима қила бошлади. — Тепамда Худо турибди. Эрим бегуноҳ!
— Шошилманг, Жуманова. Бегуноҳ одам қамалмайди.
— Эримда гуноҳ йўқ! — деди хотин қайсарлик билан.
— Бешта болангизни ўйланг, — деди Корягин унинг кўзига қаттиқ тикилиб. — Қанча рост гапирсангиз, шунча яхши. Ўзингизга ҳам, болаларингизга ҳам.
Аёл узоқ жимиб қолди. Кўзига мунг чўкди. Ниҳоят, паст овозда алланима деди. Бердиев унинг сўзларини таржима қилди.
— Болаларни ўйласа эримни нега қамайди, деяпти.
— Қонун олдида ҳамма бир. Бешта боласи бўладими, ўнтами. Лекин биз ёрдам беришга тайёрмиз. Азбаройи болалари туфайли. Фақат… Жуманова ҳам бизга кўмаклашиши…
Бердиев таржимани тугатмасидан аёл чуқур хўрсиниб, анчайин қатъий оҳангда нимадир деди.
— Унақа бўлса қизимни касалхонага ётқизинглар, қизим пахтада ишлаб шу дардни орттирган, деяпти.
— Яхши… — биқинини чангаллаб турган қиз (Наташеньканинг тенгдоши) тағин Корягиннинг кўз ўнгига келди. — Қизалоқ масаласида ёрдам бериш мумкин.
У фикрни якунлаб улгурмай, хотин тағин гапга қўшилди.
— Эримни тезроқ чиқариб беринглар, деяпти. Корягиннинг энсаси қотди. «Мантиқни қаранг!»
— Жуманова, — деди ўзи хоҳлагандек кескинроқ оҳангда. — Мен бошида айтдим: эрингиз Жумановнинг қамоқдан чиқиш-чиқмаслиги кўп жиҳатдан сизга боғлиқ. Сиз, ҳақиқатни тиклаш йўлида терговга ёрдам беришингиз керак. Шунда ҳаммаси яхши бўлади. Тушунарлими?
Аёлнинг кўзларида яна умид уйғонди.
— Жуманова! — деди Корягин аниқ-равшан қилиб. — Биз сизга, болаларингизга ёмонлик тиламаймиз. Сиздан фақат бир нарсани сўрамоқчимиз. Эрингиз Жуманов Панжи ўз показаниесида айтган: межрайонний пахта пункти мудири Омонов билан тил бириктириб, йўқ пахтани бор қилиб ёзганлар. Эвазига Омонов ўттиз минг, эрингиз ўттиз мингни бўлашиб олган. Шундан йигирма беш мингни ўтган йил 23 октябрь сешанба куни кечаси эрингиз сизга кўрсатган. Пул асосан эллик сўмлик, йигирма беш сўмликлар бўлган. Бу фактни пахта пункти мудири Омонов ҳам ёзиб берган… Жуманов беш минг сўмни қаёққа сарфлаганининг ҳозирча аҳамияти йўқ. Лекин йигирма беш мингни сизга кўрсатгани аниқ. Илтимос, эслаб кўрсангиз, ўша пул қаёқда?
Корягин мулоҳазаларини дона-дона қилиб айтди. Бердиев ҳам худди шу оҳангда таржима қилди. Корягин аёлнинг кўзларига тикилиб, юзидаги ҳар бир ифодани кузатиб турди. Хотин аввалига ҳайрон бўлди. Гоҳ Бердиевга, гоҳ унга мўлтираб термилди, кейин кўзлари аламдан қисилиб, бидир-бидир қила бошлади.
— Тушунтиринг, Бердиев! — деди Корягин хотиннинг жавобини кутмай. — Эри ҳаммасини тан олган. Жуманова! Тушунсангиз-чи! Сабил қолмайдими ўша йигирма беш минг! Эрингиз арзимайдими йигирма беш мингга?!
Хотиннинг ранги гезариб, бўйни баттар тиришиб кетди. Кўзлари ғазабдан ёниб, ўрнидан сапчиб турди. Чинқириб, сонига шапатилай бошлади. Бармоғини бигиз қилиб ҳовлининг гоҳ у, гоҳ бу бурчини кўрсатди. Охири, гувала деворли пастак бостирмага имо қилганча, оғзидан кўпик сачратиб айюҳаннос солди.
— Бу қандоқ зулм! Қандоқ бўҳтон! — Бердиев хотиннинг гапларини шоша-пиша таржима қилишга киришди. — Икки марта тинтув қилдиларинг! Хоҳласанг яна юз марта текшир. Минг марта текшир! Ҳеч вақо йўқ бу хонадонда. Эрим болаларига ҳаром егизган эмас. Эримда гуноҳ йўқ! Йўқ! Жонимни олмоқчимисан? Ол! Отиб ташла! Ана, хоҳлаган жойингни титкилайвер. Текширмаганинг битта халажой қолди. Ковлаб кўр ўшаниям!
Корягин истеҳзоли кулимсиради. Ҳа, аввалги терговчилар икки марта тинтув қилган… Лозим бўлса Амбарцумяндан санкция олади-да, ковлатади ўша туалетни ҳам!
Хотин ҳамон оғзидан кўпик сачратиб қўшқўллаб тиз-засига шапатилар, аммо йиғламас эди. (Йиғласа яхши бўларди… Ҳарқалай кўнгли эрийди… Тилзабони очилади.) Хотин борган сайин авжга минар, ҳали-вери жағи тинадиганга ўхшамасди. Корягиннинг қулоғи шанғиллаб кетди.
— Нима дейди бу, Беридев?
— Менга отасиз бола керакмас, деяпти. Бешта боламни бағримга оламан-да, ўзимга-ўзим ўт қўяман, деяпти.
— Қўйса-қўяверсин! Одати шу буларнинг! Фанатичка! Одамга ўхшаб суҳбатлашай десанг… — Қорягин шаҳд билан ўрнидан турган эди, хотин кутилмаганда билагига чанг солди. Иккинчи қўли билан Бердиевнинг ёқасидан ушлаб, пастга судрай бошлади. Корягин эсанкираб қолди. Беш дақиқа аввал қўйдек ювош бўлиб дастурхонга таклиф қилаётган одам… Қўли мунча қаттиқ бу кампирнинг… Бир томонда Корягин, бир томонда Бердиев ҳарчанд юлқинишмасин, хотиннинг омбирдек қўлидан чиқиб кетолмас, аёл нуқул «юр, юр!» деб чинқирарди.
— Бердиев! — деди Корягин силтаниб. — Айтиб қўй бу шаллақига. Бугуноқ эрининг олдига обориб тиқиб қўяман!
Бердиев тарижмани тугатар-тугатмас хотин баттар жазавага тушди. Иккаласини баравар силкитиб, дод солди.
— Қамоққа олиб бор, деяпти… — Бердиев ранги ўчиб, аёлга алланима деди. Инсофга чақирди чоғи. Аммо хотин эсдан оғиб қолганга ўхшар, нуқул иккала рақибини айвондан ерга олиб тушишга уриниб, тортқилар эди. Умрида бундай хўрлик кўрмаган Корягин ғазабланиб кетди.
— Қўйвор, қанжиқ! — деди ҳайқириб.
Бола йиғиси эшитилди. Уй остонасида бояги рангсиз қиз яланғоч укасини кўтариб турар, бола шовқин-сурондан қўрқиб уйғонган шекилли, чириллаб йиғлар, рангсиз қизнинг кўзлари жиққа ёшга тўлган, аммо индамасди. Аёлнинг чангак қўллари дарҳол бўшашди. Гандирак-лагундек чайқалиб бориб, болани қўлига олди. Ҳўнграб йиғлаб юборди.
Бердиев шолчада тўнкарилиб ётган шляпасини олиб кийди. Корягин галстугини тўғрилади. «Истеричка!» — деб ўйлади нафрат билан.
Шу пайт ёнбош томондан ғўлдираган овоз келди.
— Нега аёл кишини ҳақорат қиласан, йигитча? Корягин жаҳл билан бурилиб қаради. Томошахўрлар кўпайиб кетган, бояги кампирлару болалар орасида энди салла ўраган чоллар, ёш аёллар, эркаклар ҳам кўринар, қирқ чоғли оломон ярим доира ясаб ўшшайиб турарди.
— Ким? Ким у гапирган? — деди Корягин хезланиб. Оғир сукунат чўкди. Русча гапирган одам қўрқди шекилли, миқ этмади. Оломон ҳам жим эди.
— Ким? — Корягин дағдаға билан таъкидлади. — Қани, чиқсин бу ёққа!
Жавоб бўлмади. Саллали чоллар, узун кўйлакли кампирлар минғир-минғир қилди.
— Хўп… мен… — Ниҳоят, орқароқда турган айиқсифат эркак иккиланиб даврадан чиқди. — Мен гапирдим, — деди айвон пешига келиб. Бошида яғири чиққан дўппи, эгнида униққан кўйлак, оёғида пошнаси қийшиқ этик…
— Нега хотин кишини ҳақорат қиласиз, йигитча? — деди соф рус тилида. Бироқ бу сафар сизлаб гапирди.
— Нима, акасимисиз, қудасимисиз? «Эҳ-ҳэ! Русча маталлниям билади бу!»
— Мен сизга йигитча эмасман! — Корягин унинг кўзига тикандек қадалди. — Мен алоҳида муҳим ишлар бўйича…
— Нега қийнайсизлар шўрликни! — «Айиқ» унинг гапини эшитмагандек қўл силтади. — Неча марта обиск қиласизлар?
— Хоҳлаганимизча! Тушунарлими? Хоҳлаганимизча! Ўзингиз кимсиз? Марҳамат қилиб кўрсатинг ҳужжатингизни! Ким сизга рухсат берди хизмат бурчини ўтаётган…
— Қўрқитмай қўяқолинг… — «Айиқ» сочи қиртишланган бошидан дўпписини ечиб, кафтига уриб қоқди. Қайта кийди. Лапанглаб бориб Жумановани елкасидан қучди. Юпатиб, алланима деди. Хотин баттар ҳўнграй бошлади. «Айиқ» йиғлаётган болани унинг қўлидан авайлаб олди. Бир қўллаб болани кўтарганча, рапидадек кафти билан аёлнинг бошини силади. Аёл ҳиқиллаб йиғлар, нуқул бир сўзни қайтарар эди. «Акажон! Акажон!»
Оломон орасида ғовур-ғовур бошланди. Косовдек қоп-қора, озғин чол қўлини пахса қилиб, бир нима деб чийиллади.
— Кетиш керак, Василий Степанович, — деди Бердиев руҳсиз оҳангда.

* * *

Машина секин юриб борар, Корягиннинг дили хуфтон эди. «Аслида «суҳбат»ни юмшоқроқ оҳангда қилиш керак эди. Ҳарқалай тергов эмас бу. Умуман олганда қонунга хилоф. Лекин ният яхши эди-ку! Кўрмайсизми бу фанатикларни!» Хотиннинг лўливозлиги, «айиқ»нинг дағдағаси қулоғидан кетмас, ғижинар эди. «Ярамас! Сенсираб гапирди-я! Ҳаммасининг илдизи бир! Ҳаммаси чатишиб кетган!»
— Бояги ким эди, Беридев?
— Қайси бири?
— Дағдаға қилган босмачи? Бердиев нохуш ғудранди.
— Босмачи эмас…
— Босмачи! — деди Корягин қатъият билан. — Ўзи бўлмаса, ота-бобоси босмачи ўтган. Башарасидан кўриниб турибди. Фамилияси нима? — Чўнтагидан қалам-дафтар чиқарди. — Аниқ адреси!
— Фамилияси — Жуманов.
— Демак, Жумановнинг акаси?
— Йўқ, амакиваччаси.
— Яъни, қайси маънода?
— Қандай тушунтирсам экан, Василий Степанович… Жумановнинг отаси бояги… сиз айтаётган «босмачи»нинг отаси билан ака-ука бўлган. «Босмачи»нинг отаси фронтдан инвалид бўлиб қайтган, мироблик қилган. Ҳозирги тилда айтсак — ирригатор. Жумановнинг отаси партия ходими бўлган… Ака-ука ўлиб кетганидан кейин…
Корягиннинг боши ғувиллаб кетди. «Акаси, укаси, амакиси… нима аҳамияти бор?»
— Ўзингизни қийнаманг, Бердиев. Шажараларни тушунтирмай қўяқолинг. Нимага шунчалик ҳимоя қилиб қолди порахўрнинг хотинини?
Бердиев йўлдан кўз узмай бораркан, чуқур сўлиш олди:
— Айтдим-ку, амакиваччаси деб. Бизнинг одатда, оталар ўлса, авлоддаги биринчи ўғил ҳаммага ота ўрнида ўтади.
— Ота эмиш! — Корягин истеҳзоли кулди. Нима иш қилади ўша «ота?» Мачитда мулла эмасми, ишқилиб?
— Самосвал ҳайдайди. ПМКда…
— Нечанчи ПМК?
— Ўн тўртинчи.
— Исми? — деди Корягин ёндафтарга ёзишда давом этиб.
— Қишлокда ҳамма уни Вали тоға дейди. Лекин асли оти — Валентин.
— Нима? — Корягин олдинги ўриндиқ томон эгилди. — Нима дедингиз?
— Валентин…
— Қанақасига?
Бердиев елкаси оша унга хотиржам қараб қўйди.
— Вали тоға Ленинград блокадасидан чиқиб келган экан… Қирқ учинчи йилда. Ўн бир ёшида… Жумановлар оиласи уни ўғил қилиб олган.

* * *

— Айбланувчи Жумановни сўроққа!
Корягин «Дело»ни ғижиниш аралаш ҳафсаласизлик билан варақлади. «Жуманов… Жуманов… Жонга тегди! Пора олиб, пора бергани факт! Қўшиб ёзгани, амалини суиистеъмол қилгани — факт! (149, 152, 149-прим моддалар.) Бўйнига олмайди, вассалом! У ёқда группа бошлиғининг дағдағаси. «Бир ҳафтада бўйнига қўясан, беш кунда показание оласан…» Айтишга осон! Одамга ўхшаб ишлайдиган алоҳида кабинетинг бўлмаса, айбдорни сўроққа шаҳарнинг нариги бошидан конвой олиб келса… Устига-устак мана бу дўзах жазирамаси!.. Ўмарилган қанча миллионлар давлатга қайтарилди. Ҳали яна қанчаси топиларкин! Битта кондиционер қўйиб берса ҳаққи кетади буларнинг!»
Жаҳл билан бориб, деразани очди. Юзига иссиқ ҳаво урилди.
Кунботар палласи. Қилт этган шамол йўқ. Рўпарада томи қуббали аллақандай кўҳна бино. Қалдирғочлар визиллаб учиб юрибди. Пастда тор ҳовли. Бешинчи қаватдан қараган одамга ҳовли янаям кичрайиб, каталакдек кўринади. Ўртада қирғоғи цементланган ҳовуз. Ҳовуз бўйида бир туп арча. Япроқларига чанг қўнавериб сарғайиб кетган. Қисматидан нолигандек, мунғайиб турибди.
«Қаёқдан келиб қолдинг бегона бу юртларга, биродар!» Василий Степановичнинг кўз ўнгида тағин Подмосковье ўрмонлари жонланди. Наташенькани соғинганини шу қадар чуқур ҳис этдики, кўксининг чап бурчи санчиб кетгандек бўлди. Қизиқ, аввал ҳам хизмат тақозоси билан узоқ сафарларда кўп бўлган. Лекин қизалоғини ҳеч қачон бунчалик соғинмаган эди. «Оля нима қилаётган экан?» Шу пайтгача хаёлига келиши билан ҳайдаб солишга уринган кўнгилсиз хотирот тўсатдан бутун тафсилоти билан ёпирилиб келди.
Ольга «бошқа туғмайман», деганига қарамай, тағин бир марта бўйида бўлиб қолди. (Эр-хотин ҳарчанд эҳтиётини қилишса ҳам.) Ўшанда Наташенька, чамаси уч ёшларда эди… Қорягиннинг ўзига қолса Оленьканинг туғишини хоҳларди. (Балки ўғил бўлар… Ҳар қандай эркакнинг кўнглида ўғил кўришдек эгоистик орзу бўлади.) Бир куни кечаси, (эсида, қаҳратон қиш эди) Наташенька ухлагач, эр-хотин ётишганида Корягин «яна битта туғсанг ҳеч нима қилмайди», деган маънода гапирди. Ольга талай фурсат жим ётди-да, тўсатдан «ёрилди». «Василий, — деди босиқлик билан. — Сен ҳалол одамсан. Шунинг учун алдашни хоҳламайман. Эсингдами, бировни севиб қолсам, сендан яширмайман, дегандим… Шундоқ бўлиб қолди. — Жавоб кутгандек бир лаҳза жимиб қолди. Эридан садо чиқмагач, чуқур сўлиш олди. Дона-дона қилиб тушунтирди. — Энди, билдимки, у севишга арзимас экан!.. Хотиржам бўл, эртага абортга бораман».
Корягин рўй берган воқеанинг бутун даҳшатини энди тушуниб етгандек, сапчиб турди. «Демак, сен… сен… — деди энтикиб. — Айт! Ким ўша иблис!?» «Бўкирма, Наташенькани қўрқитиб юборасан. — Ольга ниҳоятда хотиржам алпозда дашном берди. — Қизиқ одамсан, Вася, — деди деярли эркалаб. — Хўш, ўша «иблис» кимлигини айтсам, қўлингдан нима келарди? Дуэлга чақирасанми? Ё бориб сўйиб келасанми? — Яна чуқур сўлиш олди. — Ўзим аҳмоқман! — деди ўкинч билан. — Виждоним олдида пок бўлай деб… — Овозида қатъият билан таъкидлади. — Хотиринг жам бўлсин! Энди бунақа «иш» такрорланмайди… Ажрашамиз десанг, ҳозироқ развод бераман. Ахир биз замонавий одамлармиз-ку, Василий… Қизингдан кўнглинг тўқ бўлсин.
Наташенька ўзимга тан… Хоҳласанг ҳар ҳафта кўриб турасан».
Корягин пальтони елкасига илди-ю, телпак ҳам киймай, чиқиб кетди. Қор қиялаб урар, совуқ шамол увилларди. (Москва кўчаларида шамол шиддатли бўлади…) Тонготарга яқин қайтиб келди. Ольга эридан хавотирланиб ухламаган экан. «Совуқ қотиб кетгандирсан? — деди орадан ҳеч гап ўтмагандек. — Дамингни ол, ишга кечикасан».. Корягин индамай нариги хонага кирди. Каравотчасида ухлаб ётган қизининг юзидан ўпди. «Вася, — деди хотини ташвишли шивирлаб. — Болани шамоллатиб қўясан. Қара, ҳаммаёғинг қор-ку, жоним»… Корягин қизалоғи устида бош эгиб тураркан, энди мана шу жажжи вужуд дунёда ўзининг энг азиз одами бўлиб қолганини теран ҳис этди!..
У ҳамон дераза олдида тураркан, аллақачон унутилиб кетган нохуш хотира нега айнан шу паллада хаёлига келганини тушунмади. Кейин нима учундир икки кун илгари қишлоққа борганида Жумановнинг кампир-хотини юзи янаям хунуклашиб чинқирганини эслади. «Менга отасиз бола керакмас, болаларимни бағримга оламан-у, ўзимга ўт қўяман!» Дили баттар хуфтон бўлиб, хаёлан қўл силтади. «Билганини қилмайдими, ўша ёввойи!».
Деразадан нари кетаркан, яна бир карра осмонга қаради. Қуёш ҳали ботмаган, осмон ғуборли, ондасонда исқирт булут парчалари кўринар, ташқаридан дим ҳаво ёпирилиб кирарди. Шошилмай стол ёнига бориб ўтирди. Томоғи қақраб, тортмани очди. « Пепси-кола» шшпасига қўл чўзди. Шиша муздек эди: яқинда холодильникдан олиб чиқишган… Очқични стол устига қўйди. Тиқинни очмоқчи бўлди-ю, нафсини тийди. «Кейин». Шишани тағин тортмага солди.
Йўлакда қадам товушлари, соқчининг «тек тур!» деган буйруғи эшитилди. Эшик очилиб, ёш сержант кўринди.
— Ўртоқ терговчи…
— Сиз бўшсиз! — деди Корягин қуруққина қилиб. Жуманов эшик олдида тўхтади. Катак кўйлаги ғижимланган. Шимининг бир почасини негадир қайириб олган. Соқоли ўсиб кетган, юзи шишган…
Кейинги пайтда Корягин уни ҳар кўрганда беихтиёр асабийлашарди. Ҳозир ҳам шундай бўлди. Бироқ ўзини босди.
— Ўтиринг, Жуманов! — деди вазминлик билан. Жуманов оғир қадам босиб, рўпарадаги табуреткага ўтирди. Зўр бериб, билакларини силай бошлади. (Қўллари титрар эди).
«Кишан сиқдими? Шунақа! Кишан дегани — билакузук эмас».
— Хўш, Жуманов, бошлаймизми? — Корягин делони шошилмай варақлади. — Энг муҳим далилларни алоҳида диққат билан «қайта ўқиб чиқди…» Кейин айбланувчининг кўзига синовчан тикилди.
Жуманов ҳамон билакларини силаган кўйи ерга қараб ўтирарди. Кўзлари қизариб кетган, лаблари порс-порс ёрилган, оғир нафас олади.
— Шикоят йўқми, Жуманов? Соғлиқ яхшими? Расмиятчилик… Майли, буям керак-да… «Уч кундан бери уйқу йўқми? Камерадаги икки рецедивист итнинг боласидай дўппосладими? Дўппосласа-ку, майли… Кўнглига сиққанча хўрлагандир? Гапир! Саводинг жойида. Йўл-йўриқни биласан, Москвада ўқигансан… Айтавер! Қонунга хилоф иш қилишяпти, менга ҳам жисмоний, ҳам руҳий азоб беряптилар демайсанми? Демайсан! Негаки қонунни аввал боши ўзинг бузгансан! Нима, шунча қилғиликларинг эвазига биз сени бошимизга кўтаришимиз керакми?»
— Сиздан сўраяпман, Жуманов! Шикоят йўқми? Жуманов оғир бош кўтарди, гапирмоқчи эди, бўғзидан хириллаган овоз чиқди. Порсиллаган лабини ялаб қўйди.
«Э, ҳа-а! «Камерадош»ларинг бир суткадан бери сув ичгани қўймаяптими? Нафас олсанг ичингга олов киряптими? Чанқоқ азоби ёмон… Айниқса, сенга ўхшаган «қанд» касали борларга».
Корягин шошилмасдан тортмани очди. «Пепси-кола» шишасини стол устига қўйди. Тортмада турган стаканни излаган бўлиб, узоқ титкилади. Ниҳоят, стаканни ҳам шиша ёнига қўйди. Очқич излаб, гоҳ у чўнтагини, гоҳ бу чўнтагини кавлади.
— Қаёққа йўқолди, шайтон олгур!.. Иссиқни қаранг, Жуманов, — деди очиқ деразага аланглаб. — Умуман, бу томонларда ёмғир ёғадими ўзи? — Бу гапларни айтар экан, айбланувчига бирон марта қайрилиб қарамади. Ниҳоят очқич «топилди». «Дело» тагида ётган экан. Темир тиқинни очди. Шиша оғзи кўпириб, муздек ҳовур кўтарилди. Сувни шошилмасдан қиррадор стаканга қуйди. «Пепси-кола» тағин кўпирди. Салқин, ёқимли ис хонани тутиб кетгандек бўлди… Ниҳоятда хотиржамлик билан ҳўплади.
— Ў-ўу! — деди чуқур хўрсиниб. — Жоннинг роҳати-я, Жуманов… — стаканни столга қўймай, унга тешиб юборгудек тикилди.
Жумановнинг қизарган кўзлари ярқиллаб очилиб кетган, шишган лабларини муттасил яларди.
— Пепсига қалайсиз, Жуманов? — Корягин стаканга яна сув қуйди. Тағин салқин буғ кўтарилди.
Жуманов ғайритабиий чаққонлик билан ўрнидан турди. Бир-икки қадам босган эди, Корягин ниҳоятда хотиржам огоҳлантирди:
— Ўтирилсин! — «Дело»ни тағин ҳафсаласиз варақлашга тушди. Зимдан разм солиб турди. Жуманов жойига ўтирганича, бир нуқтага тикилган кўйи бошини хам қилганини назардан қочирмай, қоғозлардан бирини ажратиб олиб, (эҳтимол юзинчи мартадир) осойишта овозда ўқий бошлади. — «Мен собиқ обком секретари (исми-шарифини аниқ-равшан қилиб айтди) шуни тан олиб айтаманки, «XXV партсъезд» совхозининг директори Жуманов Панжи мазкур лавозимни сотиб олиш учун менга қирқ минг сўм пора берган. Пулни дипломатда обком дачасига (Корягин ўша йил, ўша кунни аниқ айтди) тунги соат йигирма учдан ўттиз минут ўтганда олиб борган».
Жуманов ҳамон ердан кўз узмай ўтирарди.
— «Дим-дим» ўйнаш етар энди? «Пепси» ичасизми? — Корягин ўтирган жойида стаканни узатди. — Марҳамат!
Жуманов яқин келиши билан стаканни бери тортди.
— Ёш болага ўхшайсиз! — деди самимият билан. — Наҳот бизни шунчалик гўл деб ўйласангиз? Ишонинг, бизга шахсан сизнинг керагингиз йўқ. Совет қонуни гуманний. Чин юракдан тавба қилганларни кечиради. Мана… — у бир варақ қоғозни «дело» орасидан олиб, стол қиррасига сурди. — Шунга қўл қўйсангиз бас…
Жуманов стол рўпарасида турар, қизарган кўзлари чўғдек ёниб, стаканга тикилиб қолган, сарғайган бодрингдек тилини чиқариб, ҳансираб нафас оларди.
— Марҳамат! — деди Корягин ручка узатиб. — Мана бу ерга.
Жумановнинг кўзида умид сўнди. Стакандаги сувга яна бир лаҳза термилиб турди-да, гандираклагудек қадам босган кўйи жойига бориб ўтирди.
Терговчи совуқ кўпириб турган сувни бамайлихотир ичди.
— Сиз, — деди беихтиёр кекириб (лаънати, гази мунча кўп!). — Ғалати одамсиз… Обком секретари показаниесида ҳаммасини ёзиб қўйган бўлса… — Узоқ сукут сақлади-да, осойишта оҳангда давом этди. — Секретарь ёлғиз сизнинг оёғингиздан тортяпти, деб ўйлайсизми? Адашасиз, у туллак кўплардан пора ундирган: райкомлар, раислар… пахта тозалаш заводлари… приёмшиклар… Энди эса сувдан қуруқ чиқиш учун айбни бошқаларга тўнкаяпти. Аслида ҳаммани пора беришга ўзи мажбур қилган. Жумладан сизни ҳам.
Айбланувчи алланима деб ғўлдиради.
— Нима?
Жуманов энтикиб-энтикиб нафас олди. Оғзидан чиққан сўз бўғзида қолиб кетаётганга ўхшарди.
— Аниқ гапиринг, Жуманов! — Корягин ёзишга шайланиб, қўлига ручка олди.
— Мажбур қилишди… — деди Жуманов ҳар сўзини бўлиб-бўлиб. — Директор бўласан… дейишди. Қолоқ совхозни кўтарасан… дейишди… — Нафаси қайтиб хириллаб қолди. — Шу… — деди ҳолсизланиб.
— Шошманг! — Корягин стаканга яна «пепси» қуйди. Жиндай… Икки қултум. — Ичинг! — деди қовоғини солиб.
Бу сафар Жуманов ўрнидан турмади.
— Нима, ўзим обориб беришим керакми? Корягин бу гапни шунақа самимий жаҳл билан айтдики, Жуманов илкис ўрнидан турди. Ғайритабиий чаққонлик билан яқин келди. Бироқ Корягиннинг ўзи узатмагунча стаканга қўл чўзмади. Кейин сувни ютоқиб ичди-ю, шиша тагида қолган «пепси»га илтижоли мўлтираб қаради.
«Яхши! Чанқаган одам бир қултум сув ичдими, баттар қийналади».
— Утиринг! — Корягин унинг иккиланиб турганини кўриб, секин, аммо қатъий оҳангда буюрди. — Стаканни жойига қўйинг!
Жуманов икки кўзини шишадан узмай, тисарилиб бориб, табуреткага чўкди.
— Мажбур қилишди, денг! Мана бу — бошқа гап! — деди терговчи деярли дўстона оҳангда. — Сиз бўлса ўргатилган тўтиқушдай бир гапни қайтарасиз. «Туҳмат!» Туҳмат!» Ахир сизни мажбур қилишган экан-ку! Шуни аввалроқ айтиш керак эди. Биламиз, қўрқитишган, директор бўлмасанг партиядан ўчасан, дейишган. Кейин обком пора талаб қилган. Сизнинг кўнишдан бошқа чорангиз қолмаган.
Жуманов бир нуқтадан кўз узмай ўтирарди.
— Тушунинг, Жуманов! — деди терговчи яна ҳам хайрихоҳроқ оҳангда. — Обком устингиздан мағзава ағдариб ётибди-ю, сиз уни ҳимоя қилмоқчи бўласиз. Бир гапни айтайми?.. Ўзаро гап. Уйингизга борувдим. Қизингиз бетоб экан.
Жуманов бошини кўтарди. Қизарган кўзларида хавотир, армон бор эди.
— Ҳаяжонланманг, — деди Корягин юпатиб. — Қизалоққа ёрдам берамиз. Ақлли қиз кўринади… Гап бундамас… Биласизми, порани ўз ихтиёри билан топшириш бошқа, мажбур бўлиб бериш бошқа… Обком сизни директорликни сотиб олган деяпти. Сиз бўлса, қўрққанингиздан, мажбур бўлиб пора бергансиз… Фарқни англаяпсизми?.. Дарвоқе эгизакларингиз шўх экан. Сизни соғинган кўринади. Табиий ҳол… Айтяпман-ку, бизга сизнинг керагингиз йўқ. Сиз, оддий килькасиз. Акулалар бошқа. Шахсан менга қолса сизни эртагаёқ чиқариб юборишга тайёрман. Албатта, ишни суд ҳал қилади. Лекин…
— Юзлаштиринг! — деди Жуманов совуқ қатъият билан. Энди овози ғўлдираб чиқмас, ҳарқалай, гапини англаса бўларди. — Мен бермаган порани бердим деёлмайман.
«Яна бошлади эски ашуласини!» — Корягин ғижинди.
— Демак, сиз обком секретарига ҳеч қандай пора бермагансиз? — деди тамомила лоқайд оҳангда.
Жуманов индамай бош ирғади.
— Яхши! Ундай бўлса, «Москвич»ни ким ҳадя қилди? Нима эвазига?
— Унга тўрт йил бўлган, — деди Жуманов юзини ўгириб. — Бўлим бошқарувчиси эдим.
Корягин кулди:
— Тўғри, бўлим бошқарувчиси эдингиз. Мажбуриятни областда биринчилар қатори бажаргансиз. Сизга «Москвич» совға қилганлар…
— Пулимга сотиб олганман.
— Аҳамияти йўқ! — деди Корягин баттар ижирғаниб. — Ҳамма бўлим бошқарувчилариям шахсий машинада кататса қилмайди. — Яна маъноли сукут сақлаб, Жумановга тикилиб ўтираверди. Дарвоқе «Москвич»ни гапириши билан тўрт йилми, беш йил аввал бўлган суҳбат эсига тушди. Ольганинг туғилган куни эди. Химкидан укаси Саша келди. Жиндек «отишгани»дан кейин ҳасрат қилди. «Бу — ўзбекларни тергайдиган қонун борми-йўқми, сен юристсан-ку! Улар бизнинг машинада кататса қилишни билади, эвазига пахта деб тупроқ аралаш хас-хашак жўнатади». Корягин ўшанда бу гапга унчалик эътибор бермаган эди…
— Биласизми, Жуманов? — деди дилкашлик билан. — Бир нарсага ҳеч ақлим етмаяпти. Марҳамат қилиб тушунтириб берсангиз. Демак, «XXV партсъезд» совхози қолоқ бўлган. Сизнинг бўлимингиз эса областда биринчилар қатори мажбуриятни бажарган. Қандай қилиб?
Жуманов энгак қоққандек, бошини ғалати сарак-сарак қилди.
— Аввал ҳам айтган эдим-ку…
— Нима қипти, яна қайтараверинг! — Корягин кинояли кулди. — Сиз гапираверинг, мен эшитавераман… У ёғини ўзим давом эттирайми? — деди гап оҳанги кескин ўзгариб. — Та-ак… Демак, «оқ олтин»ни яратувчи «олтин қўлли» Жуманов ўта жонбозлик кўрсатган…
— Ишонмасангиз ўша пайтда бўлимда ишлаганлардан сўранг.
— «Қаҳрамонона» меҳнат қилган, — деди Корягин истеҳзо билан. — «Оқ олтин»дан мисли кўрилмаган ҳосил олган. Шунинг учун унга машина совға қилганлар. Кейин директорликка кўтарганлар. Эвазига қирқ минг сўраганлар.
— Айтдим-ку, мажбур қилишди. — Жумановнинг овози тағин хириллай бошлади. — Совхоз ўтириб қолган эди…
— Жуда тўғри! Қайси аҳмоқ илғор совхозни қирқ мингга сотади! Яхши совхозларнинг таксаси эллик мингдан етмиш минггача бўлган. Бундайроғлари кирқ минг…
— Туҳмат! — Жуманов порсиллаган лабини ялаб қўйди. — Ҳеч кимга пора берган эмасман!
Корягиннинг тоқати тоқ бўла бошлади. «Аҳмоқ! Қайсар эшак!»
— Туҳмат денг-а? Энди мендан эшитинг, Жуманов! Сиз! — деди шиддат билан бармоғини бигиз қилиб. — Сиз порани ўз ихтиёрингиз билан бергансиз! Совхозни сотиб олиш учун! Аввал ҳам приписка билан шуғуллангансиз. Бўлимни бошқараётганингизда. Катталар кўрадики, қўшиб ёзишга устасиз. Тажриба бор. Шундан кейин…
— Тушунсангиз-чи! — Жуманов аянчли хириллади. — Бермаган нарсамни қандоқ қилиб бердим дей… Ахир мен бор-йўғи ярим йил директор…
— Ярим йил эмас, етти ой!
— Агар қўшиб ёзсам, совхоз планни бажармасмиди!
— Омоновнинг показаниеси-чи? — Корягин «дело»ни асабий варақлади. — Нега юз эллик тонна пахтани приписка қилганингизни, Омонов билан нега тил бириктирганингизни айтайми? Обкомга берган қирқ мингнинг ўрнини қоплаш керак эди!
— Ахир бу туҳмат-ку! Совхоз планни бажармаган, — деди Жуманов йиғламоқдан бери бўлиб. — Саксон етти процентда қолган. — Бошини баттар сарак-сарак қилди. — Пахтанинг ўзи йўқ эди. Йўқ нарсани қаёкдан олай?
— Буни мендан сўраяпсанми? — Корягин чин дилдан кулиб юборди. — Мендан-а! Ҳа, тан оламан, мен пахтани яхши билмайман. Аммо приписканинг кухнясини хўп ўргандим. Планни бажара олмаганингиз учун ҳам қўшиб ёзгансиз. Бажарай десангиз, пахта йўқ, бажармай десангиз, балога қоласиз. Биламан, сиз аҳмоқ эмассиз. Иқтисодчисиз, бу гапларнинг ҳаммаси абсурд эканини билгансиз. Фақат бир нарсани тушунмайман. Наҳотки сиз — олий маълумотли экономист, ўйламагансиз? Марказий районларга тола ўрнига хашак борган. Кейин ўша лаънати хашак ҳам бормай қўйган, вагонларда ҳаво борган. Ҳаво! — деди таъкидлаб. — Самолётларда эса дипломат тўла пул борган. Тола йўқ, план бор. Пахта йўқ, пора бор! Орден бор, медал бор…
Қизиқ, Жуманов ғалати илжайди. Шишган юзи бир томонга қийшайиб кетди. Хириллаб кулган эди, йўтал тутди. Узоқ, энтикиб йўталди.
— Нимаси кулгили? — деди Қорягин ижирғаниб.
— Ўзим…
— Жавоб беринг! Нимаси кулгили бу нопок ишнинг? Жуманов унинг кўзига ўқрайиб қаради.
— Бу ёқдан вагонда тола ўрнига ҳаво, самолётда пул борган экан, — деди ғўлдираб, — у ёқдагилар нега индамабди? Нега бизга пул керак эмас, толанинг ўзини беринглар демабди?
«О-о-о! Тилинг бурро-ку! — Укасининг гапи Корягиннинг эсига тушди. Укаси ким — оддий мастер. Додини кимга айтарди? Индамасам, айбни биз томонга ағдармоқчимисан?!»
— Горшогингизни билиб ўтиринг! — Корягин товушига тағин расмий тус берди. Ҳар сўзини чертиб-чертиб таъкидлади. — Гапни айлантирманг, Жуманов! Очиғини айтинг: нега ҳаммаларинг қўшиб ёзишга бунчалик ёпи-шиб олгансизлар? Бир кунмас бир кун бари бир сир очиларди-ку? Ақалли сиз — мутахассис сифатида билгансиз-ку буни! Нега бу ёғини ўйламагансиз? Саволимга аниқ жавоб беринг! Кўзимга қараб туриб!
Жуманов кўзини олиб қочмади. Баттар ўқрайди.
— Осмон баравар план юқоридан белгиланар экан, приписка бўлаверади! — Шундай деди-ю, боши тағин тебранишга тушди.
— Стоп! — Корягин унинг сўнгги гапини тез-тез қоғозга туширди. — Демак, сиз припискани маъқуллайсиз? Демак…
— Йўқ! Мен припискага қаршиман. Умуман бунақа ҳаром ишга…
— Омонов-чи?
— Яна Омонов! — деди айбланувчи ҳамон бош тебратиб. — Юзлаштирдинглар-ку! Туҳмат қилаётгани кўриниб турибди-ку! Ҳамма гапи пойма-пой… Пункт мудири ҳеч кимга пора бермайди…
«Тағин ўша ашула!» — Корягин тошиб келган ғазабини жиловлаш учун кулимсиради.
— Сизнингча ҳамма ёмон, битта ўзингиз яхши. Ҳамма қора, бир ўзингиз оппоқ… Бир нарсани айтайми? — деди сирли қилиб. — Эркакча гап… Биласизми, бунақа нозик нарсаларни хотин кишига айтмаслик керак эди. Сиз бўлса… — Қўлларини икки ёнга ташлаб, афсус-надомат билан бош чайқади. — Эҳ, Жуманов, Жуманов! Омоновдан олган пулни хотинга кўрсатиб нима қилар-дингиз! Жуманова Ҳанифа сизнинг хотинингизми, ахир? Ҳаммасини айтиб берди… Суҳбат пайтида. Дарвоқе, аёл кишини бундай хўрламаслик керак. Ахир сиз етарли даражада маданиятли одамсиз. Сочлари оқариб кетибди шўрликни. Сизга нокерак бўлса, болаларингизга керак ҳали… Майли, гап бундамас. Шундай қилиб, ўша кеча пулни хотинингизга кўрсатибсиз. Аввал пол тагига яширибсиз, кейин…
Жуманов бир муддат унга ҳайратланиб қаради. Кейин тўсатдан елкалари силкина бошлади. Корягин йиғлаяпти, деб ўйлаган эди. Йўқ, Жуманов куларди. Елкалари силкиниб хириллаб-хириллаб кулди. Хунук, жуда хунук кулди. Шишган башараси қийшайиб кетди. Тағин йўтал тутди.
— Пол тагига денг! — деди ҳансираб. — Пол тагига эмиш… — яна хириллади. — Менинг уйимда полнинг ўзи йўқ!
Корягиннинг ичида бир нима узилиб кетгандек бўлди. «Ярамас, Бердиев! Нега ўша куни уйга олиб кирмади? Айвонда гап сотиб ўтириш шартмиди? Атайлаб қилган. Уям шуларга ҳамтовоқ! Уям босмачи!» Ўзини қўлга олиш учун шиша тагида қолган пепсини шошилмай қуйди. Бамайлихотир ичди.
— Тушунарли, — деди осойишта қатъият билан. — Демак, хотининг Жуманова Ҳанифа нотўғри кўрсатма берган. Хоҳласам, эртагаёқ, йўқ, бугуноқ қамоққа тиқаман!
Жумановнинг кўзида бир лаҳза саросима кўринди. Хўрсинди.
Қўлингиздан келади… — деди анчайин вазмин оҳангда. — Майли… Мен Ҳанифага ишонаман. Ёлғон гапирмайди… Сочининг оқарганига келсак, уни мен эмас, сснлар оқартирдинг!
— Нима-нима?! — Корягин ижирғаниб лабини бурди. — Қилғиликни сен қилгин-да, кампир-хотининг олдида мен жавоб берайми? Феодал! Бола туғдиришдан бошқани билмайдиган баран!
— Ҳақорат қилма!
— Эҳ-ҳа! Ориятлари келдими? Эшитиб қўй! Ёлғон маълумот бергани учун хотинингни қамоққа тиқмасам… Менга деса болаларинг очидан ўлсин! Қизингнинг жигари эзилиб кетсин!
— Болада нима гуноҳ! — Жумановнинг боши соат капгиридай муттасил тебрана бошлади. Оёқ-қўллари титрар, ҳозир ағдарилиб кетадиган алпозда эди.
— Бас! — деди Корягин ҳайқириб. — Энди болаларингни ўйлайдиган бўлиб қолдингми? Пора олиб, пора бераётганингда, приписка қилаётганингда эсинг қаёқда эди? Катталарнинг буйруғини қулоқ қоқмай бажараётганда нега ўйламадинг болаларингни? — Корягин бутун пафратини бир сўзга жамлаб, жирканиш билан таъкидлади. — Плебей!
— Тўғри айтдинг, плебейман… — Жуманов ҳирқиради. — Қулман… Норасмий қул… Сен-чи? Сен қул эмасмисан?
— Ўчир! — Корягин столни муштлади.
— Қулсан! — Жумановнинг афти баттар қийшайди. — Бошлиқларинг олдида қулсан! Сендаям план бор. Йўқ гуноҳимни қанчалик тез бўйнимга қўйсанг, погонингдаги юлдуз шунча кўпаяди, ойлигинг ошади.
— Ўчир овозингни! — Корягин тағин столни муштлади. Бўш стакан зириллаб кетди. — Эртагаёқ Москвага, Бутиркага жўнатаман. Обкомингнинг ёнига!
— Жуда яхши! Виждони бўлса айтсин, қачон пора берибман унга?
— Обкоминг ким бўпти? Керак бўлса, республика раҳбарларингнинг ўзиям тиз чўкади ҳали…
— Қўлингдан келса, — Жуманов ҳамон тебранган кўйи бошини шаҳд билан кўтариб чақчайди. — Қўлингдан келса, Брежневни тирилтириб келгин-да, униям сўроқ қил! — деди вишиллаб. — Припискани ўша ўйлаб топган! Ҳамтовоқлари билан! Йўқ пахтани олти миллион тонна қиласан, деган ўша! — Жумановнинг қон қуйилган кўзлари косасидан чиқиб ҳайқирди. — Бизни эшак қилиб минган — ўша!
— Порахўр! — Корягин Жумановнинг олдига учиб боргиси, бир мушт билан ҳушини жойига келтириб қўйгиси келди-ю, ўзини тийди. — Порахўр! — деди ҳайқириб. — Ҳаромхўр! Ҳамманг ўғрисан! Ҳамманг порахўр! Аввал уйингга чақирасан, меҳмон қиласан, қўй сўясан, палов, шашлик… Миллий удумни рўкач қилиб, тўн кийгизасан. Юмшоққина бўлиб одамнинг пинжига кирасанлар-да, кейин… Мана! — У стол тортмасини шаҳд билан очиб, бир тўп газетани олди. Боши устида баланд кўтариб силкитди. — Ҳаммасида сенларнинг қилмишинг ёзилган! Республикада неча минг жиноятчи қамоққа олинганини ёзган! Ҳамманг эшшаксан! Бутун халқинг!.. — Бир зум сукут сақлади-да, Амбарцумян ўргатган энг охирги, энг қатъий зарбани урди. — Эшитиб қўй, — деди истеҳзоли кулиб. — Эртага, йўқ, бугун сенга ғалати томоша кўрсатаман! Кампир-хотинингни рецидевистлар ўтирган камерага тиқаман. Бир йўла учтаси баравар зўрлайди! Сен туйнукдан томоша қиласан!
— Туф! — Жуманов кўзлари ваҳшийлаб сапчиб турди. — Туф сенга! — деди ўкириб.
Ажаб, тупуги оғзидан чиқдию порсиллаб ёрилган лабига шилимшиқ елимдек ёпишиб қолди. Қутурган буқадек алпанг-талпанг бостириб кела бошлади.
— Конвой! — Корягин ваҳимага тушиб, хотинлардек чинқирди. — Конв-о-о-ой!
Йўқ, Жуманов Корягинга эмас, дераза томон интилди. Соқчи эшикдан киргунча бир ҳатлаб, дераза рахига чўккалаб олди. Шу алпозда бир сония, атиги бир сония Корягинга қаради. Ҳозиргина кўзларида ёниб турган ғазаб ифодаси ўрнида шу қадар чуқур, унсиз нафрат, ночорлик, изтироб… шу қадар теран ҳайрат бор эдики, Корягиннинг юраги орқага тортиб кетди.
— Жуманов! — Василий Степанович дераза томон талпинди. — Жуманов…
Гапини тугатмасдан деразада яна ғира-шира оқшом ёруғи кўринди.
Соқчи икковлари баравар югуриб боришди. Чуқурликдаги ҳовлида, ҳовуз четидаги симёғочда лампочка ёниб турар, Жуманов япроқларини чанг босган арча тагида ғайритабиий ёнбошлаб ётар эди: боши ҳовузнинг цемент қиррасида, гавдаси қирғоқда… Корягин унинг жон тас-лим қилаётиб, оёғини уч-тўрт силкитганини кўрди… Аниқ кўрди…
Ҳавони қалин булут ўраган, ёмғир ҳиди келарди. Юзига салқин эпкин урилди. Корягин тўрт ойдан бери кутган куз эпкини…
1990 йил.