Ўткир Ҳошимов. Янга (ҳикоя)

Акмал қўнғироқ тугмасини босиши билан ичкаридан овоз эшитилди:
— Ана, Акмалхон келдилар.
«Келинойим», деб ўйлади у янгасини овозидан таниб.
Янгаси негадир унинг исмига «хон» қўшиб гапирарди.
Акмал янгаси келганидан қувонди. Ҳар сафар уни кўрса онасини кўргандек бўларди.
Эшикни янгасининг ўзи очди. Акмалнинг елкасидан қучоқлаб кўришди. У яшил жемпер кийган, штапель дурра ўраб олган, қорача, озғин юзида ийманувчан табассум бор эди. Акмал унинг қўлидаги оддий хўжалик сумкасини кўриб, кетишга ҳозирланаётганини пайқади.
— Нега отланиб олдингиз? — деди астойдил ранжиб.
— Болалар ёлғиз, — деди янгаси туфлисини кияркан. — Қоронғи тушмасдан бора қолай.
— Акам бор-ку, — деди Акмал ҳамон унинг кетишини хоҳламай.
Янгаси яна ийманган қиёфада жилмайди:
— Чойхонага чиқадилар, биласиз-ку.
Ёнбош томондаги ошхонадан парча гулли халат кийган, олдига клеёнка фартук тутган Клара чикди.
— Овқатга туринг десам, кўнмаяптилар, — деди у гоҳ эрига, гоҳ овсинига қараб.
— Майли, ўзинглар боринглар, — янгаси эшик тутқичидан оҳиста тутиб, ташқари чиқди.
Акмал уни зинадан кузатиб қайтиб кирганида ошхонада жаз-буз эшитилар, уйни пиёздоғ ҳиди тутиб кетган эди.
— Келинойим қачон келувди? — сўради у гўшт қовураётган хотинидан.
Клара ачишган кўзини кафтининг орқаси билан артиб, унга юзланди.
— Яқинда.
— Бирон юмуши бор эканми?
— Нима юмуши бўларди, пул сўрайди-да…
Акмал хотинининг овозидаги пичингни пайқаб, кўнгли ранжиди.
— Неча марта пул сўради сиздан? — деди зарда билан.
Клара капгирни тарақлатиб столга ташлади.
— Сўрамаса, энди сўрайди. Бир марта берсангиз, келаверади. Нима, бизнинг пул заводимиз борми?!
Клара оиласида ёлғиз қизлиги учунми, келин бўлиб тушгандаёқ овсинини хуш кўрмаган эди. Квартира олиб бу ёққа кўчиб келишгунча анча майда-чуйда гаплар ўтган, уларнинг кўпига хотини сабабчи бўлганини Акмал биларди, аммо индамаган эди. Ҳозир ғаши келди. Бизнинг пулимизга зор қақшаб қолган жойи йўқдир, — деди овози бўғилиб. — Мухтож бўлгандир, бирон нарсага керак бўлиб қолгандирки, сўрагандир.
— Нега муҳтож бўлсин?! Эри ишлайди, ўзи ишлайди. Режаси билан ишлатсин! — Клара гап тамом, дегандек, индамай бурилиб қозонини кавлашга тушди.
Акмал хотинининг халат остидан тирсиллаб турган бўлиқ елкаларига, капгирни чаққон айлантираётган тилла узукли қўлига бирпас қараб турди-да, бурилиб, хонага кириб кетди. Ҳали уйга кирганида янгаси нимагадир ийманиб жилмайиб турганини, нима учун шошилиб кетиб қолганини энди тушунди. Хотинининг мих қоққандек қарсиллатиб муомала қилишидан, ўзи бўлса жиловини шунчалик бериб қўйганидан ғаши келди. «Бўйнини эгиб пул сўраб келиш осонми? Қиш келяпти. Болалардан биронтасига иссиқ кийим олмоқчидир. Топгани етмаётгандир. Бунинг устига акамнинг ичиши бор…» У диванга чалқанча ётганча шуларни ўйлар, ўйлаган сайин кўнгли ғаш бўларэди.
Ўртадаги эшик очилди. Акмал хотини ўзига қараб турганини пайқаб, индамай ётаверди.
— Яна қанча ётасиз, — деди Клара тағин ўша ўйиб олувчи оҳангда. — Лолани ким олиб келади?
— Билмайман, — деди Акмал каравот тепасига илинган арабий гилам гулларини томоша қилган бўлиб. — Боғчага ҳар куни мен боришим шарт эмас.
— Бўлмаса, овқат қилинг!
Акмал гилам томонга ўгирилиб олди.
— Масалан, мен овқат емайман, — деди совуққонлик билан.
— Қаранг-а, мен сизнинг тўйиб келишингизни билмабман. — Клара эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетди. Зум ўтмай ташқи эшикнинг калити шиқирлади.
Акмал ўша алфозда ётганича хотинини ҳам, қизини ҳам эмас, негадир янгасини ўйларди.
Адҳам акаси уйланганда Акмал учинчи курсга ўтган эди. Механика-математика факультетида фанлар оғир бўлгани учунми, ё ўзининг қобилияти сустроқмиди, хуллас, стпендияга илинмади. Онаси мактабда йигирма беш йил фаррошлик қилиб, пенсияга чиққан, унинг нафақа пули Акмалнинг жонига ора кириб турарди.
Янгаси келин бўлиб тушганида ҳам қоп-қора, озғин қиз эди. Акмал ўзидан нари борса икки ёш катта бу қизга аввалига унчалик кўниколмай юрди. Негадир ундан ўзини олиб қочар, янгаси пайпоғиними, майкасиними юваётганини кўриб қолса, ийманар, онасига «ўзингиз ювмабсиз-да», дерди. Аммо онасининг кун сайин нари кетаётганини, оёқ-қўллари шишиб, ётиб қолганини Акмал биларди. У ҳар куни ўқишга кетаётганида онаси ётган хонага кириб, ундан аҳвол сўраб ўтарди. Шунақа пайтларда ҳар доим онасининг тепасида янгаси ўтирганини кўрарди.
Худди шунақа эрта куз кунларидан бирида у ўқишдан қайтганида, эшик тагида тўпланиб турган одамларни кўриб ҳаммасига тушунди. У қачондир шу ҳодиса рўй бериши муқаррар эканини биларди. Аммо назарида бу нарса ҳеч кутилмаганда рўй бергандек, аллақандай адолатсизлик бўлгандек туюлди. У бир ҳовли хотинлар орасидан ўтиб, онаси ётган хонага отилиб кирди. Қизиқ, ўшанда у йиғламади. Йиғлай олмади. Фақат тонг саҳарда ўқишга кетаётганида онасининг қилган дуосини эслади: «Тупроқ олсанг, олтин бўлсин, болам. Умринг узоқ бўлсин…»
Ўша кундан бошлаб Акмал энг катта таянчи йўқолганини тушунди. Энди унинг ҳаёти чалкашиб кетгандек, алланима ўзгариши керакдек туюларди. Ўқишдан кўнгли совий бошлади. Стипендия олмаса, кап-катта йигит бировга тирик товон бўлиб ўтирса…
Уйдаги ҳаёт ўша-ўша давом этарди. Худди онаси бор вақтдагидай ҳар куни каравотининг бошидаги стул суянчиғида дазмолланган шим, оппоқ рўмолча, ёқаси қордек тоза кўйлак, чўнтагида ҳар кунги тушлик учун пул.
Акмал буларнинг ҳаммасини янгаси қилаётганини биларди. Акасининг топгани ўзидан ортмайди. Янгаси қурилишда ишлайди. Ўз эрининг ташвиши етмагандай, тонг-саҳарлаб туради. Акмалнинг кир-чирига қарайди.
Янгаси оғироёқ бўлганидан кейин таътилга чиқди. Ҳамон Акмалнинг ёнидан пул аримасди. Лекин ўзи энди бу аҳволда юриш мумкин эмаслигини тушунди. Ўқишдан бутунлай айниди. Бир куни акасига қатъий қарорини айтди:
— Мен ишга кираман.
Акаси тайинли бир гап айтмаса ҳам, Акмал унинг қарши эмаслигини билди. Эртасига у кеч уйғонди. Ўша қиш тонги асло эсидан чиқмайди. Акмал уйғонганида чўян печкада ўт гувиллаб ёнар, янгаси печка олдида чўнқайиб ўтирганча хаёлга толган, гўё ухлаб қолганга ўхшарди. Акмал печка ғирасидан тушаётган ёғдуда янгасининг доғ босган юзини кўриб, янаям озиб кетганини, чеҳраси ғамгин эканини сезди.
Каравот ғирчиллаганини эшитиб, янгаси ярқ этиб, унга қаради. Аммо ўрнидан жилмади.
— Акмалхон, мен эшитдим, — деди у паст товушда. Кейин бир зум жим қолди-да, уф тортди: — Майли, бизни ўйламай қўя қолинг. Ойимнинг арвоҳини чирқиллатгани қўрқмайсизми? Ойим сизни менга топшириб кетганлар.
Акмал янгасига қаради-ю, кўзларида ёш айланаётганини, бу гапларни юракдан эзилиб айтаётганини сезди. Сезди-ю, ўзининг ҳам юраги орзиқиб кетди. Шу тобда янгасининг кўксига бошини қўйгиси, доғ босган юзларини силагиси, нимадир деб узр сўрагиси келиб кетди. Ўшанда у мана шу янгаси ўз онасидай азиз бир одам эканини ҳис қилди. Мана, у ўқишни ҳам битирди. Бола-чақалик бўлиб, янгасидан кўпда хабар ҳам ололмайдиган бўлиб қолди…
Эшик калити шиқирлаганини эшитиб, Акмал қаддини ростлади. Йўлакда Кларанинг товуши эшитилди:
— Телевизор кўрасанми, Лола? Ҳозир мультик бўлади.
— Йўқ, дадамга бораман…
Эшик очилиб, жамалак сочига оппоқ лента тақиб олган Лола чопқиллаб кирди-да, Акмални қучоқлади. Ўша томондан яна Кларанинг овози келди:
— Қўй, Лола, дадангга тегма, чақиб оласан. Акмал қизини етаклаб йўлакка чиқди.
— Келинойим неча сўм сўради?
Ошхонага кириб кетаётган Клара, ҳалиям ўша гапми дегандек, бурилиб қаради.
— Нимайди?
Акмал индамай ётоққа кирди-да, Кларанинг пардоз қутисини очди. Уларнинг пули, одатда, шу қутида турарди. Пул ажратиб олаётганида ошхона томондан тағин Кларанинг овози эшитилди:
— У пулга тегманг. Лолага шуба олишим керак. Акмал индамай йўлакка чиқди. Туфлисининг боғичини боғлаётганида тепасига хотини келганини кўриб қаддини ростлади. Кларанинг ранги ўчиб кетган, нафис бўёқ юргизилган бежирим лаблари пирпираб турарди.
— Уларнинг боласи бола бўлганида меники бола эмас-ми, — деди у овози титраб. — Нега боланинг насибасини қиясиз, ё ўтқазиб қўйган жойи борми?
— Овозингни ўчирасанми, йўқми?! — деди Акмал бақириб.
Клара ҳайрон бўлганидан эрига тикилиб қотиб қолди. Улар лабораторияда бирга ишлашар, севишиб турмуш қуришган, тўрт йилдан буён бирон марта эри унга сан демаган, бақирмаган эди.
— Обора қолинг, — деди Клара йиғламсираб. — бор-йўғингизни обориб бера қолинг, ўша гадойваччаларга!
Акмал яна бир дам турса катта жанжал чиқишини билиб, эшикни қарс этиб ёпиб, чиқиб кетди.
…Акмал шаҳар чеккасидаги ҳовлиларининг темир дарвозасини тақиллатганда вақт алламаҳал бўлиб қолган, сутдай тўлин ой пастак уй рўпарасидаги олчаларнинг сарғая бошлаган япроқларини аллалар, майин шабада эсиб турарди.
Эшикни нимча кийиб олган янгаси очди.
— Тинчликми, Акмалхон? — деди хавотирли оҳангда. Чамаси, Акмалнинг важоҳатидан жаҳли чиқиб турганини пайқаган бўлса керак.
— Ўзим, — Акмал ичкари кириб, гапни атайлаб бошқа ёққа бурди. — Акам келдиларми?
— Э, ҳали келмайдилар. Болаларни энди ухлатувдим. Юринг.
— Сўрида ўтира қолайлик, — деди Акмал олма тагидаги темир панжарали сўрига имо қилиб.
Янгаси уйдан дарров кўрпача олиб чиқди. Акмал чиннидай қилиб супурилган ҳовлидан юриб бораркан, димоғига гуп этиб райҳон иси урилди. Бу ҳид унга алланечук қадрдон, аллаловчи туйғуларни эслатди. Онаси ҳар йили райҳон экар, «Райҳон файзли бўлади, болам», деб қайта-қайта такрорлар эди. Чиндан ҳам мана шу ҳид бутун ҳовлига қандайдир осойишталик бахш этгандай бўларди.
Акмал сўридаги кўрпачада ёнбошлаб атрофни кузатди. Лой том устидан шифер қопланганини айтмаса, ҳеч нима ўзгармаган эди. Ўша икки уй, бир айвон, устундаги узун михга бир тутам исириқ илиб қўйилибди. Ўша кафтдеккина, озода ҳовли, бўйра бўйи жойга экилган райҳон. Олма шохига илинган лампочка. Ўша сўри… Сўрининг шундоқ ёнига икки дона олма тушибди. Сап-сариқ…
Ошхона томондан янгасининг ўтин ёраётгани эшитилди.
Акмал ўгирилиб қаради. Янгаси ҳовли этагидаги ошхона эшиги олдида чўнқайиб ўтирганча ўтин ёрарди.
— Қўйинг, кеннойи, мен кетаман, — деди Акмал.
Янгаси ҳозир, деди-ю ишини қилаверди.
Қизиқ, ошхона ҳам, унинг ёнбошида деворга тираб тикланган тандир ҳам ўша-ўша, тандир остига худди ўша кезлардаги каби ўтин тахлаб қўйилган эди.
Бир маҳаллар, Акмал болалик чоғида, онаси шу тандирда зоғора нон ёпар эди. Тандирдан чиққан биринчи зоғоранинг ярмисини ушатиб, сопол пиёладаги сутга тўғраб берарди. Акмалга дунёда ивитилган зоғорадан лаззатлироқ таом йўқдек туюларди.
У ҳозир ҳам ўша нон таъмини сезгандай ютиниб қўйди-да, секин энтикди.
Эрта куз кечасига хос чуқур сукунат чўкди. Фақат онда-сонда бир шамол келиб, олма япроқларини дув тўкиб кетади. Кейин яна сукут қуйилади. Олисдан тепловоз товуши келди. Гулдираб ўтаётган поезднинг бир меъёрда гувиллаши эшитилди. Овоз пасая-пасая тиниб қолди. Бу товуш Акмалга яна болалик дамларини эслатди.
Бир вақтлар мана шу сўри ўрнида супа бўларди. Онаси ётар чоғида кўлоблатиб сув сепар, бутун ҳовлини райҳон ҳиди тутиб кетарди. Акмал онаси билан Адҳам акасининг ўртасида кўрпадан бошини чиқариб, осмонга тикилиб ётар, узоқ вақт ухлай олмай хаёл сурарди. У ишчи батальонига кетиб, ўша ерда вафот этган отасини эслай олмас, аммо онасининг бир гапи гўдак хотирасига ўрнашиб қолган эди.
«Ўлган одамнинг жони осмонга чиқиб, юлдузга айланиб қолармиш». Акмалнинг назарида осмондаги энг ёрқин юлдуз отасининг жони бўлиб туюлар, ўша юлдузга учиб кетгиси келарди. Ҳозир ҳам негадир ўша туйғу юрагини қамраб олди. Болалик дамларга бир зум қайтгиси келди. Лабораториядаги мураккаб тажрибалару Кларанинг инжиқликлари ҳам, бугунги дилсиёҳлик ҳам, ҳаммаси бачкана, майда нарсалар бўлиб кўринди. Қанийди онаси тирилиб келса-ю, бир кеча мана шу сўрида осмонга, юлдузларга, тўлин ойга тикилиб ётса.
Бир қўлида чойнак, бир қўлида тухум қовурдоқ кўтарган янгаси темир зиналардан чиқиб келди. Акмал қаддини ростлаб ўтирди. Янгаси нон ушатди, чой қуйди.
Акмал иштаҳасиз бир тарзда нон кавшаркан, гапни нимадан бошлашни билмай тараддудланарди. Тайин гап-ки, Клара пулимиз йўқ деган, энди нима дейди? Хотиним сизни алдаган экан, дейдими?
— Асқар катта бўпқолгандир, — деди у анчадан кейин. Янгасининг юзига табассум югурди.
— Ҳа, беш билан ўқийди. Дастёр бўпқолди. — У бир лаҳза жимиб қолди-да, яна жилмайди. — Бу йил Лайло ҳам мактабга боради.
Акмал баҳона топилганига суюниб кетди.
— Шунақами? Қаранг, дарров мактабга борадиган қиз бўлиб қолдими? — У ҳамон кулганча асосий мақсадга кўчди. — Лайлога биронта совға олмоқчи бўлиб юрувдим. Ҳали дурустроқ гаплаша олмадик. Кларанинг хабари йўқ, бугун мен ойлик олувдим. — У чўнтагидан пул чиқариб, дастурхон четига қўйди. — Ўзингиз биронта қишлик кийим олиб берарсиз, келинойи…
Акмал ёлғон гапираётганини, гаплари сунъий чиқаётганини билиб, тўхтаб қолди.
Янгаси ярқ этиб, унинг юзига қаради.
— Раҳмат, Акмалхон, — деди оҳиста товушда. Унинг овозида зарда ҳам, ўкинч ҳам йўқ эди. — Болаларнинг кийими етарли, — деди дастурхон попугини ўйнаб. — Бошқа нарсага зарур бўлиб қолувди… Биласиз, индинга ойим вафот этган кунларига ўн йил тўлади. Шунга узоқ-яқин қариндошларни чақирмоқчийдик. Озроқ етмайтурувди…
Акмал сесканиб янгасига қаради-ю, ҳайкалдай қотиб қолди. Янгаси ҳамон дастурхон попугини ўйнаб ўтирар, чамаси, ҳозир ҳамма нарсани унутиб, қайнонасининг хотирасини ўйлар эди.