Отаули. Рисола (ҳикоя)

Қадимшунослик (археология) институтининг янги директор ўринбосари эски илмий котибни ҳузурига чақириб, қўлига бир қўлёзма тутқазди:
– Вилоятда яшайдиган бир бошловчи олим шуни жўнатиб, биздан фикр сўрабди. Ўқиб, олдингизга келганида фикрингизни муаллифга айтарсиз.
Шу ҳам иш бўлибдими! Атиги юз бетгина қўлёзмани ўқиб чиқиб, фикр айтишдан осони бор эканми! Бунақасини энди кўриб тургани йўқ! Ўн олти йилдан буён инс­титутнинг ўчоғидан кириб-кулидан чиқиб, етти йилдан буён илмий котиб сифатида уззукун ишхонага танда қўйган эмасми, раҳбарлар билан муомалада ўзи ўрганиб қолган сўзларни айтди, албатта:
– Хўп бўлади, ака!
Қўлёзмани бир кундаёқ ўқиб туширди. “Йўқотилган ғов” деган думбул тадқиқот, хом-хатала нарса, чала илмий рисола! Қадимда ота-боболаримиз, гарчи Хитой деворичалик бўлмаса-да, ҳар қалай, ёвнинг келар йўлига ўзига хос тўсиқ, баррикада, ҳимоя қобиғи, хуллас, ғов тиклаган эмиш. Бу ғов девор эмас экан. Тупроққалъани бунёд этишдан аввалроқ ота-боболаримиз сой сувидан, қалин ўрмонзордан, яна бошқа тўсиқлардан ҳимоя воситаси сифатида фойдаланган эмишлар. Бундай ғовлар ке­йинчалик – тупроқдан девор тиклана бошлангач, вақти-соати билан йўқолиб кетган эмиш…
Бўлса бордир! Бир қарашда янгича илмий фикрга ўхшайди бу! Тарихимиз Тупроққалъадан ҳам қадимийроқ дейилмоқчи! Бу-ку яхши! Лекин… ҳар қандай илм аниқ далилларга, мустаҳкам асосларга эга бўлсагина илм! Ўша далил, асос бўлмаганидан кейин… ҳаммаси шунчаки ҳавойи гап-да! Қайси бир қадимий қалъа харобаларининг атрофида ҳалқа бўлиб оққан сой ўзани сақланиб қолган, хўш?! Бизнинг минтақамизда қайси шаҳарнинг атрофи қачон қуюқ ўрмон билан ўралган?! Қайси ёзма манбада шу ҳақда маълумот келтирилган? Аниқ далил, мустаҳкам асосга эга бўлмаган ҳар қандай фараз… чинакам илм эмас, шунчаки тахмин, тусмол, оддийгина хомхаёл бўлиб қолаверади-да! Илмий рисола эмас, фантастик асар бўлсаки, аравани қуруқ олиб қочаверсанг! Ҳолбуки чинакам фантастика ҳам далилию асоси бор илм ҳисобланади. Шунинг учун у илмий фантастика деб аталади!..
Кўпни кўрган қадимшунослик институтига кимлар келиб, кимлар кетмайди, иши игна билан қудуқ қазишдек дўзах азобига менгзагулик олимликни кимлар ўзича ҳавас қилмайди дейсиз! Бу оламда ким кўп – ҳаваскор тадқиқотчи, хонаки донишманд кўп! Ҳар бир ўқилган қўлёзма муаллифига, агар у шаҳри азимнинг қоқ марказида яшаган тақдирда ҳам, “Марҳамат, келиб фикримни эшитинг!” деб хабару таклиф қилиш кимга нима учун зарур? Туяга янтоқ керак бўлса бўйнини чўзади-да! Фикр кимга керак, фикр эгасигами ёки фикр сўраб турган ҳавасманд тадқиқотчигами?..
Кунлардан бир куни илмий котибнинг хонасига бир йигит кириб келди ва бундай деди: “Мен фалон вилоятда яшаб турган “Йўқотилган ғов” рисоласи муаллифининг жияни бўламан. Тоғамнинг мазалари йўқ эди, мен қўлёзмамни тезда қайтариб олиб борар эканман, нашр этадиган ҳимматли ҳомий топилибди”. Табиийки, илмий котиб масалани аниқлаштирди: “Мен овора бўлиб қўлёзмани ўқиб чиқдим. Энди фикримни кимга айтаман?..” Жиян қўшимча тушунтириш берди: “Фикрнинг кераги йўқ экан дедим-ку! Қўлёзманинг ўзини қайтариб берсангиз бўлди, ака! Тоғам бетоқатланиб кутиб ўтирибди!..”
У йигитни бошлаб ўринбосарнинг олдига кирди. Афсуски, раҳбар қандайдир йиғилишга кетибди. Бу ёқда йигит “Қўлёзмани бугун етказиб оборишим керак!” деб қисталанг қилиб турибди. “Фалон жойда яшовчи фалончининг фалон қўлёзмаси, мен у кишининг туғишган жияниман”, дея ўзи ўз оғзи билан аниқ-тиниқ айтиб турганидан кейин… ҳужжатига қараб, тилхат ёздириб ё бошқа расмиятчиликларга берилиб ўтирмади-да, қўлёзмани йигитчанинг қўлига тутқазди-юборди! Қўлёзма керак эканки, олаверсин, ана! Ўзи келар Лайлихон, ўзи кетар Лайлихон! Зоримиз бор, зўримиз йўқ! Ҳар қалай, институтнинг ҳам, ўзининг ҳам бунақанги бўш рисолага муҳтожлик жойи йўқлиги аниқ!..
Орадан озгина вақт ўтар-ўтмас шунақанги кутилмаган ғалвалар бошланиб кетдики!.. Аввалига Фанлар академияси президенти номига ёзилган шикоят хатини котиба қиз олиб кириб илмий котибнинг қўлига тутқазди. Шикоят хати билан танишиб унинг миясига қон тепди. Хатда Қадимшунослик илмий тадқиқот институтининг илмий котиби ўзининг “Йўқотилган ғов” илмий рисоласи қўлёзмасини еб қўйгани, ичиб қўйгани, ўзлаштириб олгани айтилган эди! Табиийки, янги директор ҳам, унинг янги ўринбосари ҳам эски илмий котибдан тушунтириш сўради. У оғзаки эмас, батафсил ёзма тушунтириш берди. Шу билан кўнгли хотиржам бўлди: ҳаётда бунақа англашилмовчиликлар бўлиб туради. Муҳими – уларга аниқлик киритилди-ку! Қўлёзмани етти ёт бегона эмас, туғишган жиян олиб кетди-ку ўшанда! Ана, муаллиф бегонадан эмас, ўз жиянидан сўраб-суриштираверсин-да!..
Орадан яна озгина вақт ўтиб-ўтмай котиба янги бир расмий хатни олиб кириб илмий котибнинг қўлига тутқазди. Энди Фанлар академияси эмас, бирйўла улкан мамлакат раҳбари номига ёзилган шикоят хатининг мазмун-моҳияти… даҳшат! Ноҳақликка барҳам бериб, адолатни қарор топтириш, нопок, қўли эгри, кўчирмачи, масъулиятсиз илмий котибга тегишли жазо бериш, ҳеч бўлмаганда Қадимшунослик институтидан бадарға қилиш сўралган эди ўша хатда! Ана халос, пишди гилос! Масаланинг бундай жиддий тус олишини ким ўйлабди дейсиз?! Негаям ғафлат босиб жиянга қўлёзмани ақалли бир жумла тилхатсиз оғзаки гапга ишониб шундоққина бериб юбора қолди ўзи ўшанда?! Қачон бу халқ ўзбекона ишонувчанлигу соддадилликдан қутулар экан-а?! Балки, аслида, жиян эмас, бутунлай бегонадир, бундан чиқди? Ўша муаллиф билан икки ўртага бир ғаламис қуюшқонга қистирилгандек қистирилиб, маккорона ишини битириб кетган бўлса-чи? У ёқда муаллиф ҳомий топиб китоб чиқараман деб турганда қўлёзмасини қайтари
б ололмай хуноб, бу ёқда қўлёзмани қўшқўллаб тутқазган илмий котиб!.. Энди нима қилиш мумкин?! Ҳозирги вақтда чекка бир вилоятга бориб, “масала”ни аниқлаштириб, ҳақиқатни қарор топтириб келиш осонми?! Қолаверса, бунинг оқибати қандай бўлишини ким олдиндан айта олади?! Институтдан аввалроқ ўша вилоятдан бадарға қилиниши эҳтимолдан ҳоли эмас!.. Ўйлай-ўйлай, қўлидан келгани – яна бир тушунтириш хати ёзиш бўлди. Ўринбосарга ёзма тушунтиришга қўшимча оғзаки тушунтиришларга ҳам зўр бериб анчагина зўриқди. Янги раҳбар унга тасалли-таскин берган бўлди: “Ҳай, майли, мана, яна бир марта батафсил ёзма тушунтириш берибсиз-ку, балки шу билан тинчиб кетар, ўзида қўлёзманинг бошқа нусхаси бордир, шунчаки ваҳима қилаётгандир, майли, кўп куйинаверманг энди, бу ёғи бир гап бўлар, соғлигингизни ўйланг-да!..”
Орадан яна озгина вақт ўтиб, институтнинг юқори маҳкамадаги масъул мутасаддиси бевосита уйига қўнғироқ қилиб айтдики: “Қўлимизда фалон вилоятда яшайдиган фалончи олимнинг устингиздан ёзилган янги шикоят хати турибди. У киши сизни судга бермоқчи экан! Марҳамат қилиб ҳузуримизга келиб, хат билан танишиб, масалани ҳал қилиб кетинг, ака!”
Яқиндагина олимликдан воз кечиб, арбоблик кўчасига муккасидан кетган бу “укаси”нинг инсоний феъл-атворини яхшигина билади у! “Лўлидан арбоб чиқса чодирига ўт қўяр” деганларидек, шахсий манфаати йўлида ўзи чиқиб келган не бир муқаддас жойларни ҳам булғалашга таппа-тайёр бир мансабпараст! Баланд жойларга кўтарилмасдан аввал ҳам унинг антиқа феъли-хўйини бир неча маротаба яхшигина кўрган-билган эди у! Шу боис ўта хушмуомалалик билан оғзаки тушунтириш берди: “Институт раҳбарларини хабардор қилмай тўппа-тўғри сизнинг ҳузурингизга чиқиб бораверишим қоидага ҳам, одобга ҳам тўғри келмайди, укажон. Шунинг учун мен билан эмас, раҳбарларимиз билан гаплашганингиз ҳар жиҳатдан маъқул бўлар деб ўйлайман, нима дедингиз?..”
Кутилмаган қўнғироқни раҳбарларга айтиб подадан олдин чанг чиқариш ҳам, ўйлаб қаралса, одобдан эмас. Чақимчиликми-шикоятга ўхшаб кетади-да! Қолаверса, асли дилхиралик бўлганидан кейин! Лекин айтмаслик… тағин қандай талқин қилинар экан?! Бу учинчи шикоят хатида, масъул ходимнинг айтишига қараганда, “нодир асарнинг ноёб қўлёзмаси ягона нусхада ёзилгани, уни ҳам институтнинг илмий котиби ўзлаштириб олгани” қайта-қайта уқтирилганмиш! Қўлёзма топилмаса, айбдорни судга берармиш! Энди нима қилиш мумкин?!.
Табиатан ўта таъсирчан эмасми, бошига бехос ёғилган ўт балосию сув балосидан даҳшатлироқ туҳмат балосини, ҳаттоки етти ухлаб тушида ҳам кўрмаган суд балосини ўйлайвериб-ўйлайвериб, ич этини еб, афсус-надомат чекавериб… ахийри касал бўлди. Шифокорлар бирор ҳафта уйда хотиржам ётиб даволанишни маслаҳат бердилар. Лекин бундай аҳвол-руҳияда қанақасига хотиржам ётиб даволанасан киши?! Айни эллик ёшда, эрта-индин докторлик ишини ҳимоя қиламанми, гарчи кечроқ бўлса-да, менинг ҳам елкам офтоб кўрадими, ўн олти йилдан буён шу илм даргоҳининг тупроғини ялашдан муродим ҳосил бўларми экан, мана, янги раҳбарлар келишди, улар, билишимча, табиатан яхши одамлар дея, не бир орзу-умидлар билан юрганида… энди бу балойи ногаҳонни қандай даф қилиш мумкин?! Оқибати нима бўлади бу бехос бошланган ғалванинг?!.
Шундай бири биридан машъумроқ ўйлар исканжасида изтироб чекиб, уйида тўлғаниб ётган кунлардан бирида котиба қиз қўнғироқ қилиб айтдики, “Сизни директор билан ўринбосар бетоқатланиб кутиб ўтирибди. Агар юра олсангиз, касал бўлсангиз ҳам, бирров идорага келиб кетар экансиз!”
Борса, директор билан ўринбосар иккаласи уни ростдан ҳам бетоқатланиб кутиб ўтиришган экан. Хонага кириши билан директор қайгадир қўнғироқ қилиб, гўшакни унга узатди. Тинглаб қараса, ўша мутасадди укахони! Касаллигига қарамай, ўзининг ёзган яна бир тушунтириш хатини ўзи олиб ҳузурига зудлик билан етиб боришини талаб қилиб турибди! Беихтиёр миясига қон тепди. Яна ўша гапми?! “Ҳангомталаб бўлсанг Маҳкамага йўрта кўр, Уч эчкини бир лўли Афсун билан ўйнатур”. Роппа-роса бир аср муқаддам бир юраги ўртанган ҳақгўй баайни юрак қони билан ёзиб қолдирган тўртлик-да бу! Хўш, ҳозир-чи? Маҳкамада ким кимни ўйнатмоқчи бўлиб турибди?! Анови укаси ўзини лўлидек авраб, айиқдек ўйнатмоқчими? Энди шу янги етишиб чиққан ҳаваскор ўйинчининг ноғорасига ўйнаши қолувди!.. Гапни қисқа қилди: “Истасангиз, яна бир тушунтириш хати ёзиб бераман, майли, агар давлат миқёсида жиноят қилган бўлсам жазолайверарсиз, лекин тушунтириш хатимни ўзим кўтариб касал ҳолимда сизнинг ҳ
узурингизга чиқолмайман, укажон! Ҳеч ким менга бунақа ваколат берган эмас, сизга ҳам!..”
Шу пайт симнинг нариги тарафидаги гўшакни кимдир олиб, унга ўшқира кетди: “Ўша тушунтириш хатларингизда ёзганингиздек, қўлёзмани директор ўринбосаридан эмас, бизнинг ҳузуримизга чиқиб, шахсан манови укамизнинг қўлидан олган эдингиз, эсингиздами? Ўшанда мен гувоҳ бўлиб турган эдим! Олганингизни марҳамат қилиб қайтаринг-да энди!..”
Бу укасининг феъл-атвори унга яна-да аёнроқ! Аслида, олим бўлиб олим эмас, ёзувчи бўлиб ёзувчи эмас, журналист бўлиб журналист эмас, нақ аросатда қолган бир бандаи ожиз! Фақат айни чоғда бутун олимлар-у илмий муассасалар мутасаддиларининг каттаси – юқори маҳкамадаги нуфузли бўлим мудири! “Савлатидан от ҳуркади” деганларидек, арбоблик шаҳду шижоатидан не бир донгдор олимлар ҳам чўчиб-ҳадиксираб туришади! Лекин қоқ тепангда ўтириб олиб, бунинг устига, қуюшқонга қистирилиб, ошкора балохўрлик қилиши!.. Бунисига қандай чидаб бўлади?! Ўзини имкон қадар совуққон тутиб, гапни қисқа қилди: “Кечирасиз, шу топда баланд идорада ўтириб менга очиқдан-очиқ туҳмат қиляпсиз! Мен сизнинг ҳузурингизга ҳеч қачон чиққан эмасман, ҳозир ҳам чиқмоқчи эмасман!”
Гўшакни директорга қайтариб берди-ю, беихтиёр бошини чангаллади: “Нима исташади ўзи булар мендан-а?! Икки марта тушунтириш хати ёзиб бердим, керак бўлса, учинчисини, тўртинчиси, бешинчисини ёзиб беришим мумкин! Ахир, қўлёзмани, мана, ўринбосардан олганиму жиянига берганим аниқ, демак, анови ўзингдан чиққан арбоб шундай обрўли маҳкамада ўтириб ошкора балохўрлик қилаётгани ҳам аниқ-равшан кўриниб турибди-ку! Очиғи, ўн олти йилдан буён шу даргоҳда бошимга қаёқдан қандай бало ёғилар экан деб, бор куч-қувватимнинг ярмидан кўпини балогардон қидиришга сарфлайвериб адои тамом бўлдим, яшамай қаридим!..”
Чин юракдан бўзлаб айтилган сўз ҳар икки раҳбарнинг қалб торларини қаттиқ чертиб ўтди, шекилли, улар ўзаро бир кўз уриштириб, бараварига овута бошладилар:
– Аслида, бизнинг ҳолимиз ҳам шунга яқин, ука!
– Қўйинг, кўп куйинаверманг, соғлигингизга қаранг!..
Бир пайт ўринбосар ўрнидан сапчиб туриб, унга кўрсатма берди:
– Майли, ука, сиз кўп қизишмай, хонангизга чиқинг-да, яна бир тушунтириш хати ёзиб беринг! Уни сиз эмас, мана, мен олиб чиққаним бўлсин юқорига! Хатни менга беринг-да, ўзингиз уйингизга қайтиб, хотиржам даволанаверинг!..
…Орадан бирор ой ўтиб, илмий котиб соғайиб ишга чиқди. Ўринбосар, ҳай­товур, ҳеч нима бўлмагандек, очиқ чеҳра билан кўришиб, ҳол сўраб, “Соғайиб ишга чиқдингизми?” дея навбатдаги топшириғини берди. Шундай қилиб, хайрият, у ҳадиксираб кутганидек ҳеч бир ортиқча гап-сўзсиз ўз ишини давом эттирди. Орадан тағин бирор ҳафтача ўтиб хонасига бир киши кириб келди-да, ўзини таништирди: “Мен ўша “Йўқотилган ғов” рисоласининг муаллифи бўламан!” Сўнгра қўлини кўксига қўйган кўйи ундан узр сўрай кетди: “Ўша сизни касал қилган шикоят хатларини ёзишга мажбур бўлганим учун сиздан кечирим сўраб келдим, ука! Иложи бўлса, мени кечиринг, қаттиқ пушаймонман! Очиғини айтсам, мени алдашди, укажон!..”
Зимистон кўнгли дафъатан ёришди. Ўтган ўтди, ўтган ишга салавот деганлар! Ҳар қалай, мана, ҳақиқат бор экан-ку! Мана, рисоласи хомроқ бўлса ҳам, ўзи рисоладаги ОДАМ экан, кўз олдида ўтирибди! Кўксида виждони тинчлик бермаган эканки, ўз қилмишига пушаймон бўлиб, атайин келиб узрини айтиб турибди! Лекин бу соддадилни алдаб, унинг қўли билан яна бир соддадилни қон қақшатиб, икки ўртада ўз ишини битирмоқчи бўлган ғаламис балохўрлар… уларда ҳам виждон борми экан? Уларнинг виждони ҳам қачонлардир қийналарми экан?! “Қозончида ихтиёр, қайдан қулоқ чиқарса” деб, қозон бошида ўтириб олиб, билган номаъқулчилигини қилишдан тап тортмаган ғаламислар, “Эрта бир кун шу жойга келгунимизга қадар анови ғовни икки ўртадан кўтариб ташласак-да, буткул кўздан йўқотсак-чи?” дея ўзича маккорона режа тузиб, тил бириктирган ғаюрлар… Улар ҳам қачонлардир инсофга келармиканлар? Уларнинг виждони қачон уйғонар экан-а?! Қачондан бошланган эди ўзи бундай ўз виждонини арзимас баҳога
сотишлар?! Ўзига ғов деб билган одамни ҳар боб билан босиб-янчиб, исканжага олиб, ёппа талаб, буткул кўздан йўқотишга уринишлар! Тупроққалъанинг кули кўкка совурилган даврларданми? Изсиз йўқолган Шумер давлатиданми? Ё Нуҳ тўфонидан ҳам аввалроқми?!. Бугунги кунда яна бир тўфон қўпмаслиги учун виждонсизларда қандай қилиб виждонни қайта бунёд этиш мумкин экан-а?! Мумкинми экан ўзи шу иш?! Букрини-ку қабр тўғрилар, лекин виждонсизни қаерда нима тўғрилай олади ўзи?!.