Отабек Йўлдошев. Шермат монтёрнинг “насибаси” (ҳажвия)

Қишлоқдаги тўй айни авжига чиққан маҳалда электр ўчиб қолди-ю, қий-чув бошланди. Биров бўралатиб сўкинган, биров чуқур уф тортган.Кимдир норози охангда хуштак чалиб қойди.Бугун Бадриддин ака ўғлини уйлантираётганлиги ети маҳаллага маълум эди-ку. Жумладан Шермат монтёрга ҳам…
Ичкари ховлида гурунглашиб ўтирган чоллардан бири вазиятга ойдинлик киритди:
– Шермат монтёрнинг насибасини обориб берганмисизлар ишқилиб?- деди у ингичка овозда.
Ҳаммаси тушунарли.Дарҳақиқат, чолнинг гапларида жон бор эди. Шермат монтёрнинг қишлоқда ягоналигини, ундан бошқаларнинг электрга “тиши ўтмаслиги”ни пеш қилиб гапиришига мен ҳам бир неча бор гувоҳ бўлганман. Бир ҳафта аввал туш пайти ёнбошлаб телевизорда футбол кўраётсам электр “чиқ” этиб ўчди-қолди. Ўшанда ҳам қишлоқда тўй бўлаётган эди.
– Хойнаҳой боришимизни кутиб ўтирган бўлса керак,-дея куёвнинг тоғаси Абдували қўлтиғига “яримта” ва бошқа егуликлар тугилган тугунчани қистирдию, кўчага отланди.
Бадриддин ака мехмонлардан истиҳола қилганча:
– Ундан кўра тўйга келса бўлмайдими, кўп қатори мехмоним бўларди. Иззатини жойига қўярдим-ку!- одамлар орасида овоз етар жойда маҳалла оқсоқолини пайқаб “гап эгасини топади” қабилида яна қўшимча қилди – Шунга “ҳой” дейдиган киши топлимаяпти-да ўзи!
Ой ёруғида одамларнинг сийраклашиб қолганлиги сезилиб турар, Бадриддин ака эса тўхтовсиз жаврарди:
– Ҳозир ёнади,одам жўнатдим. Тўй тонггача бўлади!
Кўп ўтмай электр ёнди ва одамларда жонланиш сезилди. Чеккада тўпланиб турган куёвжўралар ҳатто қарсак чалиб юборишди. Отарчилар ҳам “Тўйлар муборак”ни бошлаб, даврани очишди. Чамаси бир соатлардан сўнг дарвозадан гандираклаб Шермат монтёр кириб келганида, унга ҳеч ким эътибор бергани ҳам йўқ.У оёғида базўр турар, қўлида яримлаб қолган шишани тутган кўйи нуқул:
– Қққуттлуғ бббўлссин, Бббадр акккка… – дерди.