Отабек Йўлдошев. Қуён бўлиш воқеаси (ҳажвия)

Остонақуловнинг факултетга декан бўлиб кўтарилганлигига бор-йўғи бир ой бўлган эса-да, барчанинг “додини беришга” улгурди. Кеча унинг даккисидан беш дақиқагина кеч қолган каминаи камтарин ҳам бебаҳра қолмадим.
Олийгоҳ домласи ҳам шунақа масъулиятсиз бўладими, ўртоқ? Ўқитувчи бўлатуриб сиз кечикибсизки, талабалардан хафа бўлмасак ҳам бўлавераркан!- деди у қошларини чимириб.- Бошқа қайтарилмасин. Акс ҳолда маошингиздан ушлаб қоламан.
Эрталаб Остонақуловнинг қаҳрли қиёфаси кўз ўнгимда намоён бўлдию, кўйлагимни дазмоллаётган хотинимга ўшқирдим:
Ўв, имилламасдан тезроқ бўл. Остонақулов нақ остонадан киритмайдия.
Трамвайга бир амаллаб илиндим. Бугун кечикмаслигим керак. Эх, шундай пайтларда аввалги деканимиз Сотволдиевнинг қадри билинди. Қандай тилла одам эди-да. Одамни тушунарди. Баъзи пайтлар шахсан Сотволдиевнинг ташаббуси билан кечқурунлари пиво барида йиғилишиб, тонг сахарга қадар муздай пиводан симирганча футбол кўрардик. Гап-гаштакларнику айтмасам ҳам бўлар. Айтганча, бугун футбол бўладику. Сотволдиев бўлганидаку стадионга боришга рухсат берибгина қолмасдан, ўзи ҳам бирга борарди. Лекин Остонақулов…
Кафедрага кириб келганимда Шарипов домла ва қишин-ёзин бошидан шляпа тушмайдиган Валиев домлалар ҳам декандан қандай рухсат олишни маслахат қилиб туришган экан. Иккиси ҳам хох стадион, хох телевизордаги футбол ўйинларини қолдирмасдан кўришарди. Ёшлари элликдан ошиб қолган бўлса ҳам факултет майдончасида талабалар билан тўп тепиб туришни канда қилишмасди.
-Нима қиламиз, ўртоқлар?- деди Валиев домла бизга термулиб.- Бугун “Қурувчи” араблар билан ўйнаркан. Зўр ўйин бўлади-да.
– Остонақуловдан рухсат олиш ёзда қор ёғишидан умид қилишдай гап, – деди Шарипов.
Нима қилишга ҳам ҳайронмиз. Тушга яқин уччовлашиб деканнинг хузурига киришга келишиб олдик. “Рухсат бермайдиёв”, ўйладим ичимда. Шу пайт яна Сотволдиевни қўмсадим. Ҳозир Сотволдиев бўлганидами, ҳеч бир ҳадиксирашсиз дарс ўтмасдан, талабаларга жавоб бериб юборган бўлардим. Афсуски, ҳозир бундай қилолмайман. Сотволдиев деканлик қилган пайтларда факултет эшиги олдида кеч қолган талабаларни рўйҳатга олиб ўтирадиган навбатчи бўларди. Остонақулов келгач, кеч қолган ўқитувчилар ҳам рўйҳатга тушадиган бўлди.
Тушдан сўнг уччовлон деканатга кирдик. Котиба бизни кулимсираб қарши олди:
-Сизлар ҳам футболга бормоқчимисизлар?-деди у биз гап бошламасданоқ.
-Қандай билдингиз?- дедим мен ҳайратланиб.
-Бугун эрталабдан буён қоровул Мамат акадан тортиб, дотсент Пўлат акагача келишди. Ҳаммаси футболга боргиси келиб турибдию, деканга бир нималарни бахона қилишади…- шундай дея у янада баландроқ кулди.
-Декан ўзларидамилар?-сўради Шарипов домла.
-Декан қаёққадир кетдилар!
Биз тарвузимиз қўлтиғимиздан тушиб кафедрага қайтдик. Нима қилсак бўлади? Яна ўн беш дақиқадан кейин футбол бошланади.
-Декан йўқми, демак, бугун келмайди. Индамасдан кетвормаймизми?-деди Валиев.
-Дарс нима бўлади?-дедим кайфиятим тушиб.- Менинг яна икки пара дарсим бор.
-Хавотирланманг. Декан бирма-бир кириб текширармиди.
Шундай қилиб ҳеч кимга ҳеч нима демасдан кўчага чиқдигу, таксига ўтириб стадионга йўл олдик.  
Ўйингоҳ дошқозондаги сумалакдай қайнаяпти. Ҳамма аллақачон жойини эгаллаб бўлган. Биз ҳам сурина-сурина ўзимизга ўриндиқ қидира бошладик. Сал орқароқда бўлса ҳам ўтирдик. Ичимда “Эртага декандан гап эшитмасмикнман”, деган иккиланиш бўлса ҳам ўйин бошланиши билан ҳаммасини унутдим. Футболчиларимиз бургут мисоли олдинга ташланиб биринчи уринишдаёқ тўпни рақиб дарвозасига тушириб қўйишди. Бутун ўйингоҳ оёққа қалқди. Биз ҳам ўрнимиздан туриб олқишларга қўшилдик. Шу пайт кўзим биздан пастроқда ўтирган Остонақуловга тушди. У қўлларини силкитиб қичқирарди. Ёнимдаги Шарипов домлани аста туртиб, Остонақулов томонга ишора қилдим. Биз бир зум жим қолдик. Чунки Остонақулов ҳам бизни кўриб, қотиб қолган эди.